+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТИЛ - МИЛЛАТ ҚАЛБИ

(44-соН) Эътироф

"Тил - чаманнинг очилган лоласи бўлса, сўз дурлари унга қўнган  шабнамдир".

А. Навоий

Азиз юртдош! Биз жаннатмонанд юрт - Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан  ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Негаки, бу юрт жаҳонга соҳибқирон Амир Темурни, сўз мулкининг султони Алишер Навоийни, Бобур Мирзодек шердил ўғлонни, шоира Нодираи давронни, исёнкор Дукчи Эшонни, ҳур фикрли шоир Чўлпонни, шоира Саидадек  булбул-забонни, Муҳаммад Юсуфдек шоир ўғлонни туҳфа этган қутлуғ заминдир.

 

Хон Саидлар босган тупроқ,

Бунча ширин бўйинг сенинг.

Ҳасад билан боққанларга,

Кўзингга тош, дегим келур. 

 

"Ватанни севмоқ иймондандир", дейилади ҳадиси шарифда. Ватан бу-қутлуғ сўз, дилларимизга доимо дармон бўлгувчи, йўлларимизни нурафшон этгувчи нур, зиёдир. Биз ўзимиз учун энг азиз бўлган калом - она сўзини доимо Ватан сўзи билан баробар қўллаб: "она-Ватан" дея ардоқлаймиз. Шунингдек, онамиз алласи билан жонимизга, вужудимизга сингган тилимизга ҳам она сўзини қўшиб, она тил деб улуғлаймиз:

 

Она тил бор экан, она эл яшар,

Шоҳларни ҳам шоир айлар бу забон.

Билимлар булоғи бағрингда қайнар,

Илм-ла, ижод-ла  дил шод-у  хандон.

 

Тил инсон учун Яратган инъом этган улуғ неъматлардан биридир. Йигирма тўққиз-ўттиз товушдангина иборат сўзлар, сўзлардан мисралар, мисралардан байтлар, байтлардан улкан асарлар ижод қилинади...

Бу борада ёзувчи шоирларни  уста меъморларга ўхшатиш мумкин. Дарҳақиқат, инсоният ақлу тафаккури, кўнгил оламининг таржимони бўлган тилни замонларни-замонларга, кўнгилларни кўнгилларга боғловчи олам ва одам  орасидаги  олтин кўприкка  қиёс қилсак арзийди. Тил - маънавият бешиги, илмлар нарвони, ақл таржимони, миллатнинг қалбидир.

Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум бир меъёрига  келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил". Навоий "Хамса"нинг "Ҳайрат-ул аброр" достонида бутун бир бобни сўз таърифига бағиш-лайди:

 

Сўз гуҳарига эрур онча шараф,

Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.

Тўрт садаф гавҳарининг дуржи-ул,

Етти фалак ахтарининг буржи -ул.

Донаи дур сўзини  афсона бил,

Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.

 

Миллатимизнинг жаҳонда борлигини, ўзига хос қадриятларини, олим-у, шоирлар  томонидан  яратилган маънавий меъросимизни  авлодларга  етказувчи тилимиз ХХI асрда ўзига хос жозиба билан  яшамоқда. Бугун биз Алишер Навоий "Хамса"сини, Бобурнинг "Бобурнома"сини, Юсуф хос ҳожибнинг "Туркий шоҳнома"сини, Яссавий "Ҳикмат"ларини,  Имом Ал Бухорий "Ҳадис"ларини, Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино  каби алломаларимизнинг илм-у ҳикматларини, шунингдек, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Fафур Fулом, Зулфияхоним сингари улуғ адибларимизнинг гўзал асарлари, ўтли  сатрларини  бизга етказиб келган она тилимиздан миннатдормиз.

Тонгдек оромбахш, қуёшдек  нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржи-мони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

           

Сайёра СОЛИЕВА,

Избоскан туманидаги 31-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.