+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Мақсадим элнинг дуосини олиш,

- дейди олий тоифали шифокор Наргиза Тўрабоева.

Наргиза Тўрабоева  мактабни муваффақиятли тамомлагач, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Назарий ва амалий билимларни қунт билан эгаллашга ҳаракат қилган ёш шифокор олий даргоҳни аъло баҳоларга тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги врачлик пунктига ишга келди. Бу ерда илк иш фаолиятини устозлари Абдуллажон ака Усмонов ҳамда Адҳамжон ака Юлдашевлар кўмагида бошлади.

- Устозларимдан беҳад миннатдорман, - дейди Наргиза Тўрабоева. - Мен улардан кўп нарсаларни ўргандим. Касбимни пухта эгаллашимда улар беғараз ёрдамларини аямадилар. Ҳамиша уларга ўхшаган фидойи шифокор бўлишга интиламан.

Наргиза Тўрабоева хотин-қизлар дардига малҳам бўлиш учун айнан аёллар шифокори йўналишини танлади. Ўзи ҳам шу қишлоқда туғилиб вояга етгани боис, бу ердаги хотин-қизларнинг юмушлари, улар дуч келадиган муаммолар Наргизага бегона эмас. У гинеколог сифатида ҳузурига келган қўшни аёлнинг нима сабабдан касалликка чалингани ёки нима учун қишлоқ келинлари камқонликка чалиниши сабабларини яхши тушунади.

- Институтни тамомлаб мен чекка қишлоқда, малакали шифокорга мухтож одамлар орасида ишлашни афзал билдим, - дейди Наргиза. - Чунки асли шу ният билан шифокорликка қадам қўйганман. Мақсадим, қишлоқ аёлларига имкон қадар кўмак бериш, Бугун юртимизда, айниқса, қишлоқларда тиббий хизмат сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ шифокорларига яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб, инсон қаерда, қандай шароитда ишлашидан қатъи назар фидойилик билан, сидқидилдан меҳнат қилса, албатта самарасиз кетмаслигини тушуниб етаяпман. Энг муҳими, мен қишлоғимда жуда керакли инсонман.

Ёнига даво излаб келган ҳар бир бемор дардини тинглаб, худди онаси Нина опа каби ширин сўзи, олган малакаси билан уларни қийнаётган дардларга шифо топишга интилувчи Наргизани қишлоқ аҳли ҳурмат қилади.

Наргиза турмуш ўртоғи Латифжон билан тинч-фаровон ҳаёт кечириб келмоқда.Уларнинг бир-бирларига бўлган самимий муносабатлари барча ёш оилаларга ибрат.Латифжон - тадбиркор.Уларнинг уч нафар фарзандлари бўлиб, тўнғич қизи Фарангиз ҳам онаси изидан бориб, тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.Ўғли Жамшид  тиббиёт коллежи толиби. Кенжатой ўғли Нортой эса ўқувчи.

Йигирма йилдан буён  қишлоқ врачлик пунктида фаолият кўрсатиб келаётган олий тоифали шифокор Наргиза Тўрабоева эл соғлиги учун қайғуришдан, беморларнинг дардига шифо улашишдан чарчамайди. Шу боис ҳам у маҳалладошлари орасида севимли ва қадрлидир.

 

Гулнора МАҲКАМОВА, Избоскан тумани.

Омад сенга, Севара!

Спорт - саломатлик гарови. Спорт билан мунтазам шуғулланган ҳар қандай инсон соғлом бўлади. Шу боис, мамлакатимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Ана шундай эътибор самараси ўлароқ, Қўрғонтепа туманидаги 18-давлат ихтисослаштирилган мактабининг 10-синфида таҳсил олаётган Севара Мансурова каратэ бўйича туман, вилоят, республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

Анча нозик кўринишига қарамай, спортда суяги қотган Севара Қўрғонтепа туманидаги сўлим Дардоқ қишлоғида туғилган. Болалигидан ойнаи жаҳон орқали бериладиган каратэ ҳақидаги кўрсатувларни севиб томоша қиладиган, спортнинг ушбу турига ўзгача ҳавас билан боқадиган Севарани ота-онаси уни туман марказидаги "Анъанавий каратэ-до" спорт тўгарагига олиб борди. Шундан сўнг Севара устозлари Давлатбек Мамедов, Дилфуза Мелибоевалар қўл остида каратэ сирларини пухта ўргана бошлади. Қатъияти, интилувчанлиги билан кўплаб ютуқларни қўлга кирита бошлади. У кейинги йилларда вилоятимизда, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мамлакат чемпионатларида ғолибликни қўлга киритди.

Севара давримизнинг фаол ва ташаббускор ёшларидан бири. У нафақат спортда, балки, ўқишда, фан олимпиадаларида ҳам фаоллиги билан тенгдошларига ибрат бўлиб келади. Айниқса, у  расм чизишни, шеър ёзишни ёқтиради. Мана икки йилдирки, Севара спортда эришган ютуқлари, қолаверса, ўзининг ижодий ишлари билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг республика босқичида иштирок этмоқда.

- Мақсадим - спортда юқори чўққиларни забт этиш орқали юртимиз шуҳратини юксакларга кўтариш, - дейди Севара Мансурова. - Шу ўринда мен юртимизда мен каби ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етади. Мана шу эътибор учун юртимга муносиб фарозанд бўлишга бор имкониятимни ишга соламан. 

Ҳа, спортимизнинг умидли юлдузларидан бири Севаранинг мақсадлари улкан, режалари бисёр. У нафақат спортда улкан натижаларни кўлга куиритишни, балки келажакда олий маълумотли мутахассис бўлиб, эл- юрт равнақига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб камол топишни орзу қилади. Унинг ана шу орзу ва ниятлари ижобат бўлишига тилакдошмиз.

Нигорахон ШОКИРОВА,

Қўрғонтепа туманидаги  18 -ДИМ  ўқитувчиси.

Тадбиркорлар учун кўргазмали семинар

Вилоят Давлат солиқ   бошқармасида кўргазмали семинар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида ташкил этилган семинарда туман, шаҳар солиқ қўмиталари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари  вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар. Семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эркин Жумаев Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 29 декабрда "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прог-нози ва Давлат бюджети  параметрлари тўғрисида"ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  қонуни юзасидан солиқ қонунчилигида амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мазкур ҳужжат асосида солиққа оид қонунларга, жумладан Солиқ кодексининг 47  моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Бу ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имконини беради.

Кўргазмали семинарга таклиф қилинган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан ўртага ташланган барча муаммоли саволларга вилоят Давлат солиқ бошқармасининг малакали мутахассислари томонидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, семинар қатнашчиларига солиқ қонунчилигига оид буклетлар, қўлланмалар   тарқатилди. Тадбирда шунингдек, намуна кўрсатиб, фаолияти давомида солиқларни вақтида тўлаб келаётган, қонунга итоаткор бир гуруҳ жисмоний ва юридик шахсларга Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик  совғалари топширилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Танловнинг республика босқичи якунланди

З.М.Бобур номли вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Маданият вазирликлари ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ўтказилган "Энг намунали "Ёш қутқарувчи" кўнгиллилар клуби" Республика  кўрик танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Андижон вилояти ҳокимлигининг масъул вакиллари иштирок этди.  

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги 208-сонли қарори ҳамда 2017 йилда "Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар" Дастури ижросини таъминлаш мақсадида, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида юқори савияда ташкил этилди.

- Бундай танловлар ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, малакасини, кўникмаларни шакллантириш, қутқарувчи касбига меҳр уйғотишга, шунингдек, юртимизда оқилона амалга оширилаётган Ёшларга оид давлат сиёсатининг яққол намунаси бўлиб, ўқувчи-ёшларни комил инсон руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дейди ўзбекистон Республикаси ФВВ қутқарув кучлари бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник ҳусанбой Абдураҳмонов.

Қутқарувчилик шарафли ва машаққатли касб. Қутқарувчи ўзи билан бир қаторда  ўзгаларга ҳам ёрдам бериши, ҳаётини фалокатлардан асраб қолмоғи керак. Шунинг учун ҳам у нафақат жисмонан, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам етук бўлиши талаб этилади. Чунки фавқулодда вазиятлар вақт ҳам, шароит ҳам танламайди.

Шу ўринда, нуфузли танловларнинг саралаш бос-қичларида иштирок этган 768 клублар орасидан фақат 24 клуб аъзоларига бундай юксак бахт насиб этгани мазкур беллашувларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганидан далолат беради.

Танловнинг умумтаълим мактаблари ўртасида биринчи ўринни Қўрғонтепа туманидаги 3-умумтаълим  мактабининг "Лочинлар" жамоаси, ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида эса  Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг "Бобурийлар" жамоаси қўлга киритди.

Тадбир сўнгида ғолибларга диплом ва эсдалик  совғалари топширилди.

 

Назирахон ДАДАБОЕВА, вилоят ФВБ ходими.

МЕҲР ВА СОFИНЧГА ЙЎFРИЛГАН ИНШОЛАР

Андижон педагогика коллежида биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда биринчи Президентимизнинг адолатли сиёсати, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширган ислоҳотлари, машаққатли меҳнати, ёшлар учун яратиб берган имкониятлари мавзусида маърузалар, асарларидан намуналар  ўқилди.  Коллежда билим олаётган ўқувчилар ўртасида "Менинг биринчи Президентим" мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Танловда фаол иштирок этган ва иншолари намунали деб топилган ўқувчилар коллеж маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

- Юрт раҳнамоси, беқиёс инсон И.Каримов бугун орамизда йўқ бўлсада, у кишининг руҳи, порлоқ хотираси ўзбек халқи, авлодлар қалбида мангу яшайверади,  - дейди коллеж она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Турғуной  Казиева. - Буни ўқувчиларнинг иншоларидаги меҳр, соғинчдан ҳам ҳис қилиш мумкин. Танловдаги иншоларни баҳолашда очиғи, жуда қийналдик. Чунки, уларнинг барчаси самимият, эҳтиром, муҳаббат билан ёзилган. Агар у киши бугун ҳаёт бўлганларида ёшларнинг, фарзандларининг бу меҳрини кўриб жуда қувонган бўлардилар.

Тадбирда шунингдек, "Қизларжон" клуби аъзолари ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз ўзининг ҳар бир маърузасида ёшларимизга юксак ишонч билдирар эди. Тадбир якунида ўқувчилар унинг ёшларга билдирган ишончини оқ-лашга, Ватанга содиқ, аждодларга муносиб фарзанд-лар бўлишга сўз бердилар.

Моҳигул БОТИРОВА, коллеж ўқитувчиси.

СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ОАВ ДА ЁРИТИЛИШИ

Республика журналистларни қайта тайёрлаш маркази "Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари масалаларининг Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ёритилиши" мавзуида янги лойиҳани амалга оширмоқда. Канада маҳаллий ташаббуслар фонди билан ҳамкорликдаги лойиҳадан кўзланган мақсад журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлардан хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари кафолатларини, одил судлов олдида барчанинг тенглигини таъминлаш бўйича ОАВ, ННТ ва давлат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Куни кеча лойиҳа доирасида вилоятимиздаги босма нашрлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари учун "Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги: ОАВ ресурсларидан фойдаланиш" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетининг доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова ҳамда "Нуроний" газетаси бош муҳаррири, юридик фанлар номзоди Олимжон Ўсаровлар машғулотлар ўтдилар.

Семинар давомида "Қонун устуворлигини ва суд ҳокимияти мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича Ҳаракатлар стратегияси", "Суд ишлари бўйича ҳуқуқий масалаларнинг ОАВ да ёритилишининг ўзига хослиги, ахборот олишнинг ахлоқий қоидалари" мавзуларида маърузалар тингланди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, "Таҳририятга фуқаро мурожаат қилди" рукни остида журналистик суриштирув амалиётини ўтадилар.

 

Ўз муХбиримиз

Шунчалар оташин, сеҳрли аёл

Биламиз, ҳеч нарса абадий эмас,

Лек бир нарса борки, асло туганмас.

Бу меҳр. Аёллар меҳри муқаддас,

Шунчалар азиздир, меҳрли Аёл.

 

Разолат ошёнин кул қилур ҳатто,

Сўлиган новдани гул қилур ҳатто.

Баъзан шохларни ҳам қул қилур ҳатто,

Шунчалар оташин, сеҳрли Аёл.

Тўмарис сиймосин танийди олам,

Юртга ёв келса гар, туради шаҳдам.

"Олға элим", - дейди, - "қўрқма сира ҳам",

Шунчалар довюрак, қаҳрли Аёл.

 

Турмуш ўртоғига ёр, соҳибжамол,

Қувонар фарзанди топганда камол.

Муҳаббат куйчиси Зулфия мисол,

Шунчалар мунисдир, фахрли Аёл.

 

 

Нодирабегим СОБИРОВА

СЕНИ ЖУДА ЯХШИ КЎРАМАН

- Дадаси, мени яхши кўрасизми?

- Ҳа, албатта. Биласанми, баъзи пайтларда сени жуда-жуда яхши кўриб кетаман.

- Наҳотки?! Қайси маҳалда?

- Ўзинг топиб кўр-чи!

- Ҳм, янги кўйлак кийганимдами?

- Йўқ.

- Балки, чиройли пардоз-андоз қилиб, сизни кутиб олганимдадир?

- Йўқ.

- Ҳа бўлди топдим, мазали таом тайёрлаб, олдингизга олиб келганимда.

- Унда ҳам эмас.

 - Ие, унда қачон экан, ҳа-я эсим қурсин, менимча болаларимизга тарбия бераётганимни, улар билан дарс тайёрлаётганимни, уст-бошларини ювиб тараб, мактабга жўнатаётганимни кўриб, мени яхши кўриб кетасиз, шундайми?

- Йўқ, ундай эмас. Булар учун ҳам сендан миннатдорман албатта, балки ўзинг сезмасдирсан, лекин яна бир жиҳатинг борки, мен уни кўриб, сени жуда-жуда яхши кўриб кетаман ва сени менга рўпара қилган Аллоҳга шукроналар келтираман.

- Ростанми?!

- Рост!

- Ўзингиз айтинг, қайси жиҳатим борки, мени шунчалар яхши кўриб кетасиз?

- Онамга қилаётган хуш муомаланг, онамга бўлган меҳринг ва унинг кўнглини олишларингни кўрганимда.

 

Нигора тайёрлади.

 

Йўл устида ётган тош

Кечинма

Мен йўл устида узоқ ётдим. Ёнгинамда эса бекат бор эди.  Шу ерда мен жуда кўп воқеаларга гувоҳ бўлдим. Кўплаб инсонларнинг феъл-атворини ўргандим. Ҳаммаси қаергадир шошади, нимадандир қуруқ қолаётгандай югуришади.

Бир куни бир кампир келди, бекатдаги ўриндиққа ўтирди. Расмга қараб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Кампирнинг бу ҳолатини кўриб, болаларидан айрилган ёки болалари узоқда бўлса керак, деган хулосага келдим. Энг ажабланарлиси, кампирга ҳеч қайси инсон эътибор бермади.  Кампир йиғидан тўхтади, расм-ни ўпиб, ўрнидан турди, йўлида давом этди.

Ундан сўнг, ёшгина келинчак келиб ўтирди. Бир нуқтага тикилганча, узоқ тикилиб қолди. Сал нарироқдан бир-бирига жуда ҳам муносиб ёш эр-хотинлар ўтиб қолди. Улар қандайдир қизиқ нарса ҳақида кулишиб, гаплашиб кетишаётганди. Келинчак улар кўздан ғойиб бўлгунларича кузатиб ўтирди, бир оз ўтгач, йиғлаб юборди. Унинг бу ҳолатидан, бахтли бўлишни орзу қилгани, лекин орзусига ета олмаганини сездим. У ўрнидан туриб, йўлида давом этди.

 Бироздан сўнг, йиғлайвериб кўзлари қизариб кетган ёшгина қизча келди. У  осмонга қаради ва Худога нола қилди: "Эй худо, ота-онамни топишимга ёрдам бер." Қизча жуда ҳам ширин эди. Ўйлаб қолдим, наҳотки, шундай ширин қиздан ота-онаси воз кечган бўлса? У қизчадан кейин ёши қирқлардан ошган, усти-боши кир, бир киши келди. Унинг оёқ босишидан маст эканлиги билиниб турарди. У бир оз турди-да, келиб мени ариққа тепиб юборди. Ариқ четига, лойга ботиб қолдим. Ҳаммаёғим лой билан булғанди. Анча ўтгач, ёмғир ёғди. Ёмғир юз-кўзларимдаги лойларни ювиб кетди.

Қанийди, ёғаётган ёмғир инсонлардаги турли ёмон иллатларни, уларнинг ғам-аламларини ювиб кета олса.

 

 

Мафтуна ЖАЛОЛИДДИНОВА, АДУ талабаси.

ҚУРУҚ ТУҲМАТГА ҚОЛДИК

(Ҳикоя)

Кексаларимиз фарзанд-ларини дуо қилишаркан, "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин" дейишади. Бу гапнинг нечоғлик тўғри айтилганлигига яқин дўстим билан бошимиздан ўтган ҳодисадан сўнг яна бир бор амин  бўлдим. ,

 

Биз Бобуржон билан болаликдан дўст тутиндик. Бирга ўйнардик, бирга мактабга борардик. Уйимизда нуроний бобом бор эди. У киши бизнинг мактабдан қайтишимизни кутиб ўтирар, тушликдан сўнг ёнларига чақириб, панд-насиҳат қиларди. Улар ўзларининг турмушларидан мисол келтириб, бизнинг келажакда ақлли, ишбилармон, имонли одам бўлишимиз кераклигини қайта-қайта таъкидларди. У пайтларда қарияларнинг бу гапларини сабр билан тинглардик, холос. Боболаримизнинг қошидан бир амаллаб қочиб қолдикми, тамом, иложини топсак, қайта рўбарў келмасликка уринардик. Наинки биз, балки ҳамма болалар шундай қиларди. Ахир гўдакликда бир қулоқдан кирган насиҳат бошқа-сидан чиқиб кетарди-да. Ўйинқароқлик инсонларда бўладиган "тушуниш" деган туйғуни ҳали тўла англаб етишга йўл қўймасди. Шу сабаб улар нима десалар ҳам, "Хўп!" дердик-да, билганимиздан қолмасдик.

 Одатий кунларнинг бирида мактабдан қайтдик. Аниқ эслайман, бешинчи синфда таҳсил олардик. Бобур билан мен бир девор қўшнимиз. Уйдагиларимиз ўша куни қаергадир кетишган эди. Айни мевалар ғарқ пишган пайт. Иккимиз уст-бошимизни алмаштириб, бизникида тушлик қилиб, кейин дарахтларнинг соясида бироз дам олмоқчи бўлдик. Бир маҳал дўстим у ёқ-бу ёққа аланглади-да, менга қараб:

- Ҳой, қара қўшнининг олмаси пишганини, юр, териб келамиз, - деди. Индамадим, хаёлимдан "Эгасидан сўрамадик-ку", деган гап ўтди. Дилимдагини тилимга чиқаргунимча, у яна гапини давом эттирди:

- Менга қара, роса ҳам олма егим келаяпти, юр, бир-икки донага камайиб қолмайди. Билиб ўтирибдими? - деди нафсини жиловлай олмай.

Мен имкони борича олмалар томонга қарамасликка интилардим. Негаки, ўзимнинг ҳам нафсим ҳакалак отаётганди. Орамиздаги озроқ сукутдан кейин шахт билан ўрнимдан турдим.

  - Рост, озгина олсак, камайиб қолмас, - дедим Бобурга қараб.

 - Яхши, кетдик, - деди у менинг шерик бўлаётганимдан қувониб.

Қўшнимизнинг ҳовлисига ўтдик. Тўрт томондан очиқ, на бир девор, на бир ҳимояловчи восита бор мўъжазгина ҳовли. Унинг биз томондаги четида икки туп дарахтдаги ўтдай ёниб турган, қип-қизил олмалар кишининг иштаҳасини қитиқлаб, кўзини оларди. Гапнинг нафсиламрини айтганда, биз озгина оламиз, деб қилаётган ишимиз ўғрилик ҳисобланарди. Бундай ишларни қилмаслик учун боболаримиздан, ўқитувчиларимиздан ҳар куни панд эшитардик. Лекин томоқ ўлгур "бер" деб тургандан ке-йин онг ва кўнгилни ҳам шайтон йўлдан ураркан. Дўстим иккимиз аввал тўйиб-тўйиб меваларга қараб олдик. Дарахтларнинг таги тоза, супирилганлигидан бирорта барг кўринмасди. "Шу қўшнимиз жуда озода-да", деган ўй ўтди миямдан. Бир муддатдан сўнг Бобур:

- Тез бўл, тағин эгаси келиб қолмасин, - деди. Биз тўкилган олмаларни шоша-пиша териб, эгнимиздаги футболкамизнинг пастини қайириб, сола бошладик. Дарахт тагидан кетаётганимизда, узилган барглар ер билан битта бўлиб ётарди. Лекин қорин дардидаги болаларнинг бу билан нима иши бор дейсиз? Дўстим билан бизникига ўтиб, ўғирланган олмаларни маза қилиб ея бошладик. Бир маҳал танамни чақмоқ ургандек бўлди.

- Шошма, - дедим Бобурга қараб, - ҳали биз ўтганимизда, дарахтнинг таги супурилган, топ-тоза эди.

- Нима бўпти? - деди у бамайлихотир.

 - Ахир тўкилган барглар ҳовлига кимдир ўғриликка кирганлигини сотиб қўяди-ку.

      У бир фурсат жим турди.

- Юр, тозалаб келамиз, - деди сўнг худди хаёлимдан ўтаётган ўйларни ўқигандай. Иккимиз ўша ерга қайтиб бордик. Кўз ўнгимизда ўзимиз қилиб кетган иш жуда хунук манзара кашф этиб турарди. Ҳалигина қилган ишимдан пушаймон бўлдим. "Яхши бўлмади-да", дедим ичимда. Оҳиста Бобурга термилдим. Менимча, унинг кўнглидан ҳам шу ўйлар ўтаётганди. Ҳар қалай, юз ифодаси менга шундай туюлганди ўшанда. Мен уйимиздан иккита супурги олиб келдим. Ўша куни бир-биримизга «лом-мим» демасдан, дарахтларнинг тагини супуриб, тозаладик. Атрофни аввалги ҳолига келтириб, кўнглимиз равшан тортди. Ке-йин шомгача тенгдошларимизга қўшилиб, роса шаталоқ отиб ўйнадик. Оқшомда уйга қайтдим. Бўсағадан киришим ҳамоно бобом ҳассаси билан олдимга чиқди.

- Болам, сенга берган шунча тарбиямиз қаерда қолди? - деди у.

Мен бобомнинг нима ҳақда гапираётганликларини дарров фаҳмлаб, мунғайиб туравердим. Дадам ва ойим менга олазарак қаради-да, худди "Таъзирингни буванг берсин", дегандек индашмади. Аслини олганда, бувам койиётган пайти улардан ёнимни олишини кутгандим. Чунки доим бирор хато қилсам, дадам: "Қўйинглар энди, ҳали бола-да. Катта бўлиб, эси кириб қолар", дерди ёки бобом ёнимни оларди. Лекин бу гал бобом уришаркан, дадамдан мадад кутганимда, у кишининг ёвқараш қилганидан хафа бўлдим. Лекин айб ўзимда эканлигини жуда яхши ҳис этиб турардим. Бобом мендан астойдил ранжиб:

- Болам, бизнинг авлоддан ҳали ўғри чиқмаган, ўғрининг икки дунёси куяди. Ахир, мана, даданг билан аянг нима десанг, олиб беряпти-ку. Нега ўғирлик қилдинг, болам?.. Бу ишинг жиноят. Катта бўлиб, шу ишни қилсанг, қамоққа тушасан. Бир умр "ўғри" деган тавқи лаънат билан яшайсан, - деди.

- Бува, ахир биз бор-йўғи тўрт-беш дона олма олдик, - дедим ўзимни оқлашга уриниб. Кейин ойим:

- Қўшнининг уйидаги банкалар-чи, уларни ким олди? - деди гапга қўшилиб.

- Ҳеч қанақа банкани кўрганимиз йўқ, - жавоб қайтардим тўнғиллаб.

- Ҳовлисига ювиб қўйган экан. Қишга мевалардан "банка ёпаман" деб юрувди, бечора, - деди аям дадамга қараб. Бироз жим туриб, яна менга термулиб деди: - Кўрганимиз йўқ дейсан, ёнингда ким бор эди?

- Бобур!

Эртаси куни дарсга ҳам чиқмадим. Бобурнинг аяси бизникига келди. Қўшни аёл ҳам чиқди. Аям мени, аяси Бобурни роса койиди. Бу камлик қилгандай, бир-икки шапалоқ ҳам тушиб қолса, денг. Қўшни аёл аямга:

- Қўйинг, опа, бола-да, билишмаган. Садқаи сар ўша банкалар. Топиладиган нарса-ку, - деди.

Зотан, биз банкаларни кўрмаганимизни минг карра эътироф этмайлик, биров зиғирча бўлсин, гапимизни инобатга олмади. Музокаралар тугаб, биз Бобур билан кўчага чиқдик. Иккимиз ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб ўтирибмиз.

- Эҳ, ўртоқ, яхши бўлмади, - деди Бобур қўлини елкамга қўйиб, худди катталардек хўрсинаркан. Мен ҳам киноларда эшитган гапимни такрорладим:

- Тўрт дона олма деб, қуруқ туҳматга қолдик.

- Ҳеч ким кўрмаганди-ку, ким чақимчилик қилди экан? - деди дўстим астойдил чақимчининг кимлигини билишга қизиқиб.

Мен елка қисдим. Кейин хаёлимга бобомнинг ҳар доим бизни дуо қилаётганида, айтадиган гапи келди: "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин". Кўнглим тўлиб, йиғлаб юбордим. Бобур йиғлаётганимни кўриб, чин дилдан ачиниб, мени оҳиста қучди. Биз бир-биримизга далда бердик.

Кунлар ўтди. Уларни қувлаб ойлар, йиллар... Лекин мен ҳам, Бобур ҳам бир нарсага ачинамиз: ўшанда қўшнимизнинг банкаларини олган одам топилмади. Бизни ким сотганини ҳам билолмадик.

Шу кундан бошлаб у ҳам, мен ҳам бировнинг нарсасини сўрамасдан олишга ҳаракат қилмадик. Агар иложи бўлса, берса ҳам олмасликка уринардик.

 Кунларнинг бирида бобом бизни ёнига чақириб, шундай деди: "Болаларим, биламан, ўша зорманда нарсаларни сизлар олмагансиз. Бироқ шу ҳовлига кирганингизни кимдир кўрган. "Олма еймиз" деб ўғрига чиқдиларинг. Бундан буён бировнинг ҳовлисига, эгасиз жойга кира кўрманглар. Аллоҳ ҳам "ўзини асраганни асрайман", деган. Сизлар ўзларингни асрамадиларинг. Натижаси эса мана..."

Ҳозир ёшимиз улғайиб, йигит бўлдик. Ўйинқароқлик ортда қолди. Лекин мени бир нарса қийнайди. Ўқишдан қишлоққа борсак, ҳалиги қўшни аёл доимо: "Қалайсизлар, қачон энди ўғирлаган банкангиз ўрнига янгисидан олиб берасизлар?" деб одамни уялтиради. Тўғри, у киши бу гапни шунчаки ҳазил учун айтади. Топилмаган ўғрининг тамғаси бизнинг маҳримизга тушгани кишига алам қиларкан.

 Шундай чоғларда яна бувамнинг гапларини, дуоларини эслайман: "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин".

 

Шавкат ОДИЛЖОН