+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Қопқон

Ибратли ҳикоятлар

Кунларнинг бирида сичқон ферма хўжайини қўйган қопқонни кўриб қолди. У бу ҳақда қўйга, товуққа ҳамда сигирга айтиб берди. Аммо улар: "Қопқон бизнинг муаммоимиз эмас. Биз унинг нимасидан қўрқамиз? Унинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ", деб жавоб қайтаришди.

Кунлардан бир кун қопқонга илон тушиб қолди ва хўжайиннинг хотинини чақиб олди. Хотинининг танасидан илоннинг заҳрини чиқариб ташлаш ва унга қувват бўлади, деган умидда фермер товуқни сўйди-да, ундан хотинига товуқ шўрва тайёрлаб берди. Касалманд хотинини кўришга келаётганлар олдида уялиб қолмаслиги учун қўйни сўйди ҳамда унинг гўштидан турли таомлар тайёрлаб, меҳмонларни кутиб олди. Аммо, афсуски, хотини вафот этди. Маъракани ўтказиш учун фермер сигирни ҳам сўйишга мажбур бўлди.

Бу ўтган вақт мобайнида вазиятни ўз уясидан кузатиб турган сичқон бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида фикр юритарди...

Қиссадан ҳисса: Бу ҳаётда ҳеч ким ҳеч нарсадан ҳимояланмаган, шу сабабли бошқанинг муаммосига бефарқ бўлмаслик керак.

Олий мақсад

Уч киши тош ташиётган эди. Уларнинг биридан сўрашди:

-  Умуман олганда, бу ерда нима қилаяпсан?

У пешонасидаги терни артиб ташлади-да, жавоб берди:

- Мана шу меҳнатим туфайли қаддим букилиб, оғир кунларга қолиб кетдим.

Иккинчисининг олдига бориб ундан сўрашди:

- Сен нима қилаяпсан?

У енгларини шимарди-да, тумшуғини кўтариб, ғурур ила жавоб берди:

- Пул ишлаяпман. Бу ерда бошқа нима ҳам қилардим?

Кейин учинчи кишидан сўрадилар:

- Сен нима иш қилаяпсан?

У жилмайди-да, жавоб берди:

- Одамлар яшаши учун уй қураяпман.

Қиссадан ҳисса: Қачонки олдингга олий мақсад қўяркансан, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётингда маъно бўлади.

 

 

Муҳайё тайёрлади.

ИРИМ ХУРОФОТДИР

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, инсонларни нотўғри ақидалардан қайтарганлари барчамизга маълум. Аммо шу кунгача мусулмон халқи ўртасида динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар учраб туришлиги ҳам бор гап.

Қазо-ю қадарга имон келтириш Ислом дини асосларидан биридир. Шундай экан, инсон ўз бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан, деб билиши энг тўғри йўлдир. Бу тўғрисида Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда: "(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки имон келтирса, У унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир", деб марҳамат қилган (Тағобун сураси, 11-оят).

Бугун ҳам халқимиз орасида турли бемаъни фикр ва ирим-сиримларга ишонувчилар учраб туради. Масалан: йўлда кетаётган одам олдидан тўсатдан қора мушук ўтиб қолгудай бўлса, бирор нохушлик юз беришига йўйилиши бор гап. Сарвари коинот (с.а.в.) бу каби иллат ва нотўғри фикрларнинг ҳар қандай кўринишини рад этганлар. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уч нарсадан умматим ҳануз қутила олмайдилар. Бу - ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулумга ўтманг. Гумону  шуб-ҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ Таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!" деганлар (Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда: "Эътиқод юзасидан бир касалликнинг иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ Таоло хоҳласагина ўтади. Ислом шариатида ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда ҳудди ана шу ерларда бўлади.

Мўмин банда Парвардигорга эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкам сақлаши лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳга таваккал этиши зарур. Зеро, меҳрибон Роббимиз: "... Кимки Аллоҳга таваккал қилса бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир",(Талоқ сураси, 3-оят) деб марҳамат қилинган.

Сўзимни мухтасар қилиб, шуни таъкидлардимки, орамиздаги бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, ўзларини ҳам, ўзгаларнинг ҳам фикрини  чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган оят ва ҳадислардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва ҳурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, ўзи рози бўладиган солиҳ ва яхши амалларда бардавом бўлишлигимизни насиб этсин!

 

 Нурилло БОЙМАТОВ,

 

Андижон туманидаги "Файзибой ҳожи" жомеъ масжиди имоми.

Қиш орзуси

Қатра   

Қишнинг ярми ўтиб бўлган бўлса-да, қордан дарак йўқ. Янги йил байрамини ҳам қорсиз кутиб олдик. Осмон музқаймоқсиз қолган боладек қовоғини уйиб олган. Қуруқ совуқ юзларни ялаб ўтади. Сумалакларни соғиниб қолган том бўғотларнинг тунукалари шамол изғиринида ожиз тарақлайди.

Болажонлар қор ёғмаётганлигидан хафа. Улар ҳали-хануз томдан туширишга эҳтиёж бўлмаган чаналарини қўмсайдилар. Нима ўйин ўйнашни билмай бош қашийдилар. Мўридан хира тутун кўтарилади. Иссиққина уйчада зерикиб ўтирган болакай ўзи билганича расм чизишни бошлади. У суратда паға-паға ёғаётган қорни, музда сирпанаётган болаларни, Қорбобо ясаётган қизалоқларни тасвирлади.Суратнинг тагига эса "Қиш орзуси" дея имзо қўйди.

Моҳидил ЮЛДАШЕВА,

 

Олтинкўл туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ОСМОН

  ТуйFу

Сокин осмон ҳамиша кўм-кўк, ҳамиша кўркам. Тўрт фаслда тўрт хил кийим кийса ҳам гўзалликда унга тенг келадиган манзара йўқ. Одамлар тинмай осмонга термулишади. Осмондан завқланиб яшашади…

Кўпинча осмонни  меҳрибон онага ўхшатишади. У фарзандига боққан она сингари ҳамиша ерга термулади. Саҳий қуёш унинг ҳуснига ҳусн беради. Чарақлаб чиқади, борлиқни ёритади. Қуёш ва осмон қадим қариндошлар...

Осмон узра тез-тез оқ булутлар кезиб қолади. Улар шу қадар чиройлики, гўё ёш келинчак бошига рўмол ўрагандек... Лекин бу гўзаллик ҳам боқий эмас. Фақат бетакрор. Орсиз шамол уларни бир зумда қайларгадир учиради...

Осмон узра турналарнинг парвози гўзалликнинг яна бир тимсоли. Улар бир текис қаторлашиб учишади, гўё кўзмунчоқ ипга терилгандек кўринади. "Турналарнинг  паст  учиши  арзончиликдан нишона" дейишади одамлар.

 Осмон узра баъзан қоп-қора булутлар сузиб қолади. Улар ўзи билан шамол, бўронларни етаклаб келади. Ер юзини қоронғилик  қоплайди. Совуқ бўлади. шариллаб ёмғир ёғади. Қор ёғади, ерни  оқлик  қоплайди...

Момоқалдироқ гулдираб, чақмоқлар чаққанда осмон ҳам қийналиб кетади, азобда қолади. Гўзаллигидан асар ҳам қолмайди. Ерни осмонга раҳми келади шу дамлар...

Тун осмонда ажойиб бир гўзалликни намоён қилади. Шарқ томондан келинчак ой мўралайди. Гоҳо-гоҳо юзидаги қора доғи кўриниб қолса ҳам ошиқлар унга ўз сирларини айтишаверади... Атрофда юлдузлар  ўзлигин намоён қилишади...

Осмон доимо мусаффо бўлсин. Остида одамлар тинч-тотув яшасин...

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

Китоб билан келажак сари

Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида "Китоб билан келажак сари" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Улуғбек Неъматов, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мушарраф Маҳмудова, ўқитувчи, халқ маорифи аълочиси Дилбар Мамажонова ва бошқалар сўз олиб, китоб эзгуликка етакловчи, билимларни бойитувчи, маънавиятни юксалтирувчи манба, инсоннинг садоқатли дўсти эканлиги, китобга ошно ўқувчи орзу-мақсадларига албатта етажаги ҳақида гапирдилар. Бундай тадбирлар китобхон ўқувчилар сафининг кенга-йишига, иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

- Биз аксарият ёшлар қўлидан тушмаётган телефон, гаджетларни китобга алмаштиришимиз лозим, - дейди Улуғбек Неъматов. - Уларни виртуал оламдан реал ҳаётга қайтаришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бунга фарзандларимизга етарлича эътибор қаратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, тарғибот тадбирлари орқали эришишимиз мумкин. Ўқувчиларнинг маданиятини юксалтириш, пировардида китобсевар ёшлар сафини кенгайтириш биз ўқитувчиларнинг масъулиятли вазифамиздир.

Тадбир доирасида "Коллеж ахборот-ресурс марказининг энг фаол аъзоси" танлови ҳам ўтказилди. Танловда марказнинг фаол аъзоси бўлган 5 нафар иқтидорли ўқувчи қиз белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро беллашдилар. Якунда "Энг зукко китобхон", "Энг иқтидорли ўқувчи" сингари қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, коллеж маъмуриятининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Гулбаҳор ДАМИНОВА, коллеж ўқувчиси.

БИТИРУВЧИ ТАЛАБАЛАР ШИФОКОРЛИК ҚАСАМЁДИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Андижон давлат тиббиёт институтининг бакалавр ва  клиник ординатура йўналиши битирувчи талабалари шифокорлик қасамёдини қабул қилди. 

Институт профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлалакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасалари, хусусан, тиббий йўналишдаги олий ва ўрта махсус ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. 

- Айни кунда институтимизда йигирмадан ортиқ тиббий ихтисослик йўналиши бўйича 3 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори М. Мадазимов. - Институтда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, талабаларнинг пухта билим олиши, ўз мутахассисликларини мукаммал эгаллашлари  учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундан таш-қари, институтда иқтидорли талабалар ҳамда ёш олимларнинг хорижий давлатларда малака оширишларига кўмаклашувчи илмий маслаҳат маркази, Ёш ихтирочилар клуби самарали фаолият кўрсатмоқда.

Тадбирда институтнинг 348 нафар бакалавр, 77 нафар клиник ординатура йўналиши бўйича битирувчиси шифокорликка қасамёд қабул қилди.

- Ушбу тадбир юртимизда биз ёшларга кўрсатилаётган эътиборнинг бир намунасидир, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти бакалавр йўналиши битирувчиси Моҳинур Аҳмаджонова. - Ана шундай эътибор ва ғамғўрлик туфайли бугун олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаб, катта ҳаётга йўл оляпмиз. Келгусида бизга кенг имкониятлар яратиб берган юртимизга муносиб фарзанд бўлишга, соҳанинг етук мутахассиси сифатида халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга сўз берамиз.

Тадбир якунида намойиш этилган бадиий дастур иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

 

Раъно ХАЙИТБОЕВА

ЖАСУР ЎFЛОНЛАР НОМИ УНУТИЛМАЙДИ

Она Ватанимиз сарҳадлари хавфсизлигини таъминлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни барпо этиш, истиқлолимизни мустаҳкамлаш, озод ва обод диёримиз тинчлигини сақлаш йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасини ҳар қанча эъзозласак камлик қилади. Чунки улар ўзларининг мардлиги, фидойилиги билан Ватанимиз тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшган.

 Булоқбоши туманининг Сарвонтепа қишлоғида туғилиб ўсган, мархум капитан Режаббой Рўзибоев ҳам халқимизнинг мард ўғлонларидан бири эди. Ватани ва халқи тинчлиги йўлида жон фидо қилган Режаббой қисқа, лекин мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.

- Режаббой ниҳоятда камтар, лекин қатъиятли, мард ва бир сўзли йигит эди, - дейди унинг акаси Тўланбой Рўзибоев.  -  Зиммасидаги ҳар бир ишга масъулият билан қарарди. Шу боис ҳам нафақат оилада, балки дўстлари, маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат қозонган. Айниқса, унинг ҳарбий сифатида эришган ютуқларидан барчамиз фахрланар эдик.

Ҳа, Режаббой болалигидан тиришқоқ, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил борадиган бўлиб ўсди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди, спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланди. Спортнинг ушбу тури техникасини пухта ўрганди, ўз маҳоратини доимий ошириб борди. Бунинг самараси ўлароқ, у туман, вилот, республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

Булоқбоши туманидаги 22- ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлагач, Тошкент политехника институтида таҳсил олди. 1994 йилдан ҳарбий хизматга кирди. Турли йилларда Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Андижон вилоятларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди. У қаерда бўлмасин, ҳарбий бурчни намунали адо этди. Қўл остидаги аскарларга ҳам талабчан бўлди. Ҳарбий хизмати давомида топширилган ҳар қандай вазифани аъло даражада адо этиши, бурчига садоқати ва фидойилиги  билан ўзининг юксак салоҳиятини намоён эта олди. Ўз ишининг етук мутахассиси бўлган моҳир, билимдон ва тажрибали офицер сифатида хизматдошлари орасида ҳурмат-эътибор топди.

 2005 йил, 13 май. Баҳорнинг сокин тунларидан бири. Ўша куни капитан Режаббой Рўзибоев ўзи хизмат қилаётган Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда навбатчи эди. Тонгга яқин бир гуруҳ диний ақидапарастлар ҳарбий қисмга қуролли хужум бошлади. Тинч-осойишта кунларда тўсатдан қилинган хужум кўпчиликни саросимага солган эди. Бироқ қисм офицерларининг тезкор саъйи ҳаракатлари билан ҳарбийлар дарҳол мудофаага сафарбар этилди. Ўртада шиддатли жанг бошланди. Минг афсуски, бу жангда капитан Рўзибоевнинг кўксига душман ўқларидан бири қадалди. У жангда мардларча ҳалок бўлди.

Кўп ўтмай ёвуз душман тўла тор-мор этилди. Ўшанда эндигина қирқ ёшини нишонлаган Режаббойнинг вафоти ҳақидаги мудҳиш хабар унинг оиласи, азиз фарзандлари, ака-укаларини қонқақшатди.

- Турмуш ўртоғимнинг мард ва жасурлиги, Ватанга, ҳарбий бурчга садоқати фарзандларим учун ҳамиша ибрат, - дейди турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева. - У инсон ҳақиқатдан ҳам  бошқача, ота-онасига, оиласига, ака-укаларига меҳрибон, ширинсўз ва сахий эди. Афсуски, ҳаётдан эрта кетди, юртимиз, мен каби оналарнинг тинчлиги учун жон фидо қилди.

Капитан Режаббой Рўзибоев кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг соҳиби эди. Унинг ортидан уч фарзанди - қизлари Шахноза ва Сабина, ўғли Шоҳруҳбек қолди. Турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева фарзандларини ҳам она, ҳам ота бўлиб, вояга етказди. Мард ва жасур оталари каби фарзадлари ҳам юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб камол топдилар. Тўнғич фарзанд Шахноза ҳарбий қисмда алоқачи бўлиб ишлайди, Сабина Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси, кичиги Шоҳруҳбек эса Тошкент ахборот технологиялари институтининг махсус факультетида таҳсил олмоқда. У ҳам келажакда отасидек офицер, Ватан ҳимоячиси бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бугун юртимизда Ватанимизнинг мард ва жасур ўғлонлари ёрқин хотираси ёд этилиб, оилаларига ҳурмат-эҳтиром, маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Ватан ҳимоячилари куни олдидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари вакиллари иштирокида марҳум капитан Р. Рўзибоевнинг оиласига Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул ва совға-саломлар топширилди.

Режаббой Рўзибоев сингари жасур Ватан ҳимоячилари номи, уларнинг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди. 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Суратда: Р. Рўзибоевнинг турмуш ўртоғи ва қизи Сабина.

ЮРТНИ МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАР

Ватан - онамиздек мунис ва ягона, отамиз пойидек саждагоҳ табаррук макон. Унинг ҳар бир қарич ери азиздир. Инсон учун ўзи туғилиб ўсган юртни ҳимоя қилишдек шарафли касб бўлмаса керак. Шундай касб эгалари бўлган Ватан ҳимоячилари нафақат Ватаннинг, балки оиласининг, маҳалласининг дўсти, ёру биродарларининг, хуллас, жамики инсониятнинг тинчлигини ўйлайдилар.

Дунёда шундай юртлар борки, одамлар мудом қўрқувда яшайдилар. Уларга на байрам, на бирор тантана ва маросим татийди. Қўрқув ва таҳликада эшикларини қулфлаб ухлайдилар. Бизнинг юртда эса ҳамиша тинчлик ҳукм сурмоқда. Байрамларимиз-байрамларга уланмоқда. Буларнинг барчасига юртбошимизнинг олиб бораётган одилона ва доно сиёсати ҳамда Ватанимизнинг сарҳадларида фидойилик билан хизмат қилаётган Ватан посбонларининг доимо сергак ва хушёрлиги сабабдир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари 1992 йил 14 январда ташкил топди ва ҳар йили ушбу сана Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. Ушбу байрамни ҳар биримиз ғурур ва ифтихор билан нишонлаймиз. Зеро, бу юртимиздаги тинчлик ва осойишталик тантанасидир.

Мард ўғлон, жасур ўғлон,

Ватанни севиб асрар.

Унутмайди ҳеч қачон,

Юртни мардлар қўриқлар.

 

Ҳар ҳовуч тупроқ азиз,

Мустаҳкамдир сарҳадлар.

Шиори бўлар ёлғиз,

Юртни мардлар қўриқлар.

 

Мард бўлгину жасур бўл,

Ташлаб шахдам қадамлар.

Қасамёдга содиқ бўл,

Юртни мардлар қўриқлар.

Мафтуна ТЎЛАНБОЕВА,

Булоқбоши тумани.

Ўзбекистон армияси Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи

globalfirepower.com сайтида жойлаштирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг энг кучли армиялари рейтингида 48-ўринни эгаллаб турибди. Марказий Осиё давлатлари орасида эса Ўзбекистон Қуролли Кучлари энг кучли деб топилган.

Тадқиқотда дунёнинг 126 мамлакати армияси таққосланиб, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россия (рейтингда 2-ўрин) ва Украина (30-ўрин)дан кейин келмоқда.

Ўзбекистон армияси ушбу рейтингга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. Қозоғистон - 53-ўрин, Туркманистон - 86, Қирғизистон - 110 ва Тожикистон - 112-ўринга муносиб кўрилган.

Рейтингни тузишда, 50 яқин турли кўрсаткичлар эътиборга олинган. Ҳарбийлар ва ҳарбий хизматга лойиқ эркаклар сони, қуруқликда, ҳавода ва сувда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш имкониятини берувчи жанговар техникалар сони шулар жумласидан. Шу билан бирга, мамлакатларнинг қурол-яроғ харидига сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий заҳираси ҳамда рейтинг қатнашчиларининг географик жойлашуви инобатга олинган.

 

Муаззам тайёрлади.

МАТОНАТ ВА ЖАСОРАТ МАКТАБИ

Бугунги тинч ва хотиржам ҳаётимиз ҳимоячилари - Қуролли кучларимиз сафларида ўз бурчларини сидқидилдан адо этаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак арзийди.

 Она юртимиз ўзининг мард, жасур йигитлари билан ҳамиша фахрланади. Айниқса, Ватан ҳимоячилари кунининг кенг нишонланиши халқимизнинг ўз армиясига бўлган ҳурмати, ифтихорининг намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейида Ватан ҳимоячилари куни катта  тантана билан нишонланди. Ушбу санага бағишланиб таълим масканида таҳсил олаётган ёшларни шижоатли, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғоялари ва   касбга содиқлик руҳида тарбиялаш мақсадида "Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!" шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда сўз олган Академик лицей директори, подполковник З. Нурматов ва бошқалар барчани байрам билан муборакбод этиб, Ватанимиз тараққиётида Қуролли кучларимизнинг тутган ўрни, Ватан ҳимоячиси бўлиш ғоят шарафли ва масъулиятли эканлиги, Ўзбекистон армиясининг салоҳияти, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар хусусида гапирдилар.

Андижон гарнизонининг "Ватан" ансамбли аъзолари ижросидаги Ватанни, ҳарбийларни шарафловчи куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди. Тадбирда ҳарбий қисм аскар ва зобитлари томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиш этилди, ҳарбийлар ва спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари эса барчада катта таассурот қолдирди.

 

Нилуфар САЙФУТДИНОВА,

 

Академик лицей ўқитувчиси.