+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Нега оилаларда ажримлар кўпаймоқда?

Балоғат ёшига етган ҳар бир ўғил-қиз эртами-кеч турмуш қуради. Аммо оила ўз-ўзидан шаклланмайди. Оилада эса ҳар бир шахснинг ўз ўрни, қатор бурч ва масъулиятлари бор. Оилавий ҳаётда ана шулар ҳисобга олинса, ўша оилада ўзаро ишонч руҳи ҳукм суради, унинг соҳибу соҳибаси тинч ва саодатли ҳаёт кечиради.

Шарқона фазилатлар, анъана, урф-одат ва қадриятлар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Халқимизда оила ҳамиша муқаддас саналган. Ҳар бир миллатдошимиз биринчи нав-батда ўзини эмас, боласини, оиласини ўйлаб яшайди. Ҳар бир ота-она қиз узатар экан, "илоҳим борган ерингда тош бўлиб қотгин", дея дуо қилади, фақат бахтли яшашини ният қилади. Яхши ният билан келин туширганлар ҳам "келин эмас, қизимдек бўлсин, қадами қутлуғ келсин", деб дуо қилишади. Топган-тутганини дастурхонга тўкиб, тўй қилади. Шундай бўлса-да, нима учундир бугунги кунда оилалар ўртасида ажрашишлар кўп учрамоқда? Бунинг сабаби нима, нима учун бунга йўл қўйилмоқда? Қуйида ана шулар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтишни жоиз топдим.

Сир эмаски, кўпчилик қизларимиз олий маълумотли бўлишга интилишади. Албатта, ёшларнинг бу ҳаракати қувонарли, уларнинг бу интилишларини қўллаб-қувватлаш керак. Аммо шу ўринда оналаримиз қизларининг ўқиши билан бирга, уй юмушларини бажариш, саранжомлик, пазандалик ҳамда умр йўлдошига бўладиган муомала, эътиборни ҳам ўргатишса нур устига нур бўлар эди. Айниқса, бўйи етган қизга ошхона ишларини, мазали таомлар тайёрлашни ўргатиш жуда муҳим. Минг афсуски, айрим ота-оналар қизларини ўқишдан чалғитмаслик учун уй ва ошхона ишларидан озод қилиб қўяди. Менимча бу тўғри эмас. Шуни унутмаслик керакки, қиз бола бировнинг хасми. У эртага ота-она бағридан бошқа жойга боради. Ўшанда қизнинг янги хонадонидагилар талаба эмас, келин сифатида қабул қилади. Энди тасаввур қилинг, бегона хонадонга борган қиз қайнонаси айтган таомни пишира олмай мулзам бўлиб бош эгиб ўтирса, бу ҳолатдан қизнинг онаси уялмайдими? Ёшларга қолса, ҳамма нарсани кейинга сураверади. Турмушга чиқишдан тортиб, рўзғор ишларини ўрганишгача. Уларни катта ҳаётга, айниқса, оилавий ҳаётга тайёрлашга оналаримиз масъул эканликларини асло унутмасликлари керак.

Ўқиётган қизлар театр, концертларга боришга вақт топаяптими, ошхона юмушларини ўрганишга ҳам албатта, вақт ажрата олишлари керак. Унутмайлик, қиз боланинг рўзғорга уқувсизлиги оилани дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирда айрим ота-оналар оиланинг шаъни, ори ҳисобланган қизларнинг тарбияси билан кам шуғулланиб, уларни қаерда, кимлар билан юргани, агар ўқиётган бўлсалар, ўқишга борган ёки бормаганликлари билан ҳам у қадар қизиқмаяптилар. Шу боис бўлса керак, кўча ва хиёбонларда баъзи қизлар ўзларини кўча-кўйда, хиёбонларда  ниҳоятда ардоқлаб, сир сақланадиган ҳаё, уялиш, андиша сингари туйғуларни унутиб, одамлардан уялмай ўзларини кўз-кўз қилиб юрганликлари ачинарлидир.

Бу тоифадаги қизлар кўпинча бетгачопар, андишасиз бўлиб ўсмоқдалар, ҳаётга енгил-елпи қарамоқда, оилани "қаноат қўрғони"эканини билмаятилар. Бу ҳол ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Оилада фақат ҳурмат, эътиқод, унинг синовларига сабру бардош билан чидаш орқали инсон бахту саодатга эришади, эл-юрт олдида иззат-ҳурматга сазовор бўлади.

Халқимизнинг эъзозли санъаткорларидан бири Саида Раметова суҳбатларининг бирида: "Эрга тегиш осон, этагини тортиш қийин. Ҳаёт бир текис эмас, оилада бўладиган икир-чикир дарвоза ошиб кўчага чиқмаслиги керак. Агар турмушнинг муштини кўтара олмасак, ҳаммамиз ҳам ажрашган бўлардик. Ҳаммада яхши-ёмон кунлар бор. Оиланинг мустаҳкамлиги эса кўп жиҳатдан биз аёлларга боғлиқ. Аёлнинг чеҳраси ёришса, бутун хонадон ёришади. Аёл қовоқ уйса, уй ғамга тўлади", деган эди.

Кўпни кўрган кекса онахонлар "турмуш тўрт мушт экан, эр уйининг уч девори заҳар, фақат бир девори асал экан, аввал заҳарни ютиб, сўнг сабр билан асалга муносиб кўриларкансан", деганларида минг бора ҳақдирлар.

Ажримларнинг яна бир муҳим сабаби  қуда-андачилик муносабатларининг дарз кетишидир. Айрим қудалар меҳр-оқибат ва андишани унутиб қўймоқда, оила бахтни арзимас матоҳларга алишмоқда. Айрим аёлларнинг кераксиз матоҳ, мол-дунёга бўлган орзу-ҳаваслари ҳам ёш оила бузилишига олиб келмоқда. "Ҳа, нима, емай-ичмай, дам олмай топганимизни тўйга йиққанмиз, қарзга ботганмиз. Тўй-тўйдек ўтиши керакда", деймиз. Бироқ, ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши.

Ҳозирда келин-куёвга қилинаётган сеплар ҳаддан зиёд кўп. Қудалар ўзаро келишиб, тўйни ихчам ўтказаётган оилалар ҳам бор. Улардан ибрат олайлик. Ўринсиз ҳаражатларга чек қўяйлик. Келиннинг сепидан кўра, унинг эпли бўлишига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.  Эркак бош бўлса, аёл унинг бўйни. Бўйин қайси томонга бурилса, бош ҳам ўша томонга эргашади. Демак, тўй ва маъракаларни камҳарж қилиб ўтказишда биз аёллар кўпроқ жон куйдиришимиз керак.

Ҳар кимнинг фарзанди ўзига азиз. Инсон ўз боласига фақат яхшиликни илинади. Бу дегани миллион-миллион      сарфлаб, емай-ичмай сарпо-сидирға йиғиш дегани эмас. Фарзанднинг тарбияси, сиҳат-саломатлиги, касб-ҳунарли бўлишини таъминлашнинг ўзи улкан ютуқдир. Инсон қадри мол-дунё билан ўлчанмайди. Аксинча, уни ўз қўли билан яратишга қодир инсонларгина қадрлидирлар.

Оиланинг мустаҳкам бўлмаслиги айрим ҳолларда қайнсингилларга ҳам боғлиқ. Айниқса, оилада турмушдан ажраб келган қайнсингил бўлса. Уларнинг айримлари келинни ака ёки ука билан иноқ яшаётганлигига ҳасад қилиб, улар орасида низо уйғотаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Оила дарз кетишини яна бир муҳим сабабларидан бири  балоғат ёшига етмаган, турмушга тайёр бўлмаган қизларни турмушга чиқаришдир. Турмуш қуришга руҳан ва жисмонан тайёр бўлмаган ёш келиннинг фарзанд тарбиясида уқувсизлиги, соғлигининг заифлиги уни бошқалар кўз ўнгида тажрибасиз қилиб кўрсатади. Бола парваришида, уй ишларида эр-хотин, қайнота-қайнона ва бошқа оила аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо қилади. Шунингдек, оила қуриш олдидан тиббий кўрикдан хуфёна ўтиб, бу ўта жиддий ишга панжа орасидан қараб, кейин афсусланиб қолиш ҳолатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Соғлом инсон билан соғлом оила қуриш, хотиржамликда яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Кўпни кўрган кексаларимиз бот-бот таъкидлайдиган нақл бор: "Иморатни мустаҳкам бўлишини истасанг, пойдеворни мустаҳкам қил!"

Дарҳақиқат, бизнинг асосий мақсадимиз мустаҳкам оилалар барпо этиш ва етук фарзандлар тарбиялашдир. Оила деб аталмиш қўрғоннинг бўлажак бунёдкорлари юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, оила қуришда ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозим эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

 

Муяссархон САЛОҲИДДИНОВА, олий тоифали шифокор.

МАСЛАҲАТЧИ МАҲАЛЛАНИНГ ТАРБИЯЧИСИ ДЕМАКДИР,

- дейди шаҳрихонлик маслаҳатчи Юлдузхон Далибоева.

Юлдузхон Балиқчидан Шаҳрихоннинг Дўлан қишлоғига келин бўлиб тушганида аввалига "бу ерга кўникиб кета олармиканман", деб қўрққанди. Чунки бу қишлоқда асосан уйғур миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб, шеваси, тутумлари ҳам ўзгача эди. Бироқ қишлоқ аҳолисининг сахий, бағрикенг, меҳнаткашлиги, ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаши уни мана шу қишлоқ фарзандига айлантирди. Ўтган йиллар давомида Юлдузхон турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқ ҳаёт кечирди, палак ёзди,  3  фарзанднинг меҳрибон онаси бўлди. Бу орада "Дўлан" қишлоғи кенгайиб иккига ажради. "Янги маҳалла" фуқаролар йиғини бун-ёдга келди. Қишлоқдошлари бу содда, самимий, куюнчак аёлни янги маҳаллага маслаҳатчи этиб сайладилар.

     -Маҳалламизда 3060 нафар аҳоли яшайди, - дейди Юлдузхон Далибоева - 782  оила билан ишлайман. Уларнинг 425 нафари ёш оилалар. Ёш оилалар билан ишлаш бирмунча қийинчилик туғдиради. Чунки ҳар икки ёш ҳаётий тажрибага эга эмас, қизиққон, турмушнинг пасту баландидан ўтмаган. Бироқ, маҳалла фаоллари, жамоатчилик комиссиялари билан ҳамкорликда ишлаш қийинчиликларни енгиб ўтишда, маҳалламдаги муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижа беряпти. Жамоатчилик ишчи гуруҳларимиз, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, Ота-оналар университети мактаби ишлари самарали йўлга қўйилган. Ҳамкорликда жуда кўп тадбирлар ташкиллаштирамиз. Ҳаётий саҳна кўринишлари, суҳбатлар, турли соҳа мутахассислари, кўпни кўрган, тажрибали онахонлар, диний уламолар билан ўтказиладиган учрашувларда асосан оилаларни мустаҳкамлаш, тўй-маърака, маосимларни камчиқим ўтказишга эътиборни қаратамиз. Тўйлардаги дабдабабозликлар, маъзар беришларга барҳам беришга уринамиз. Никоҳ ҳутбаси ўқишдан олдин имом-хатибларимиз куёв болаларга шундай шарт қўяяпти:: "Келин томондан 3 кундан сўнг ҳеч қандай маъзар олинмайди!" Бу борадаги ишларимиз самараси ўлароқ, тўй ва азалардаги ортиқча харажатлар барҳам топди. Оиладаги низолар камайди. Ўтган 2017 йилда 16 ажримнинг олдини олишга эришдик. Фақат фарзандсизлик туфайли ажрашган битта ажрим рўйхатга олинган, холос.

     Маҳалла фуқаролар йиғинида бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқда ишсиз аҳоли деярли кузатилмайди. Томорқадан унумли фойдаланиш, деҳқончилик ҳисобига аксарият аҳоли ўз-ўзини иш билан таъминлаган. Хонадонлардаги иссиқхоналарда қиш чилласи ҳам помидор-бодринг, лимонлар пишиб ётибди. 10 га яқин уста чеварлар "Уста-шогирд" анъанаси бўйича қиз-жувонларга чеварлик сирларини ўргатмоқда. Коллеж битирувчиларини ўз йўналишлари бўйича ишга жойлаштириш, қизларни ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маслаҳатчининг доимий иш режасидан ўрин олган. У барча бемаънигарчиликлар бекорчиликдан келиб чиқишини таъкидлайди. Маҳалладошлари орасида бекорчилар йўқлиги, шу сабаб ёшлар ва аёллар орасида жиноятчилик, турли диний-экстремистик оқимларга мансуб фуқаролар йўқлигидан ғурурланади.

     -Мен 2 мутахассисликка эгаман, лекин шу тарбиячилик соҳасини танладим. Ҳа, мен маслаҳатчини тарбиячи деб биламан. Чунки, хонадонларга кириб, оилавий муҳитни ўрганиб, тиббий, маънавий, керак бўлса сиёсий билимларни ҳам берамиз оилаларга. Бизнинг маслаҳатларимизга муҳтож оилалар кўп, деб ўйлайман. Шунинг учун мен маслаҳатчиларни маҳалла тарбиячилари деб ҳисоблаган бўлардим.

     Юлдузхон Далибоева уйғурлар билан киришиб кетиш, уларнинг тилини топиш, қишлоқ аҳли билан самарали ишлаш учун уйғурча анъана, урф-одатлар, рўзғор тутумларини пухта ўрганди. Уйғурча таомларни ўзлаштирди.

     -Элга кирсанг элингча, юртга кирсанг юртингча бўл! - деган мақол бор. Шу сабаб мен ҳам ўзбек, ҳам уйғур бўлиб яшаяпман, ишлаяпман. Балки шунинг учундир, маҳаллам аҳли мени ҳурмат қилади, йўриғимга юради. Одамларни ортимдан эргаштира оламан. Насиб қилса, 21 март Наврўз байрамига йиғинимиз янги бинога кўчиб ўтади. Шу муносабат билан "Онамдан эшитган қадим аллалар" деган мавзуда танлов ўтказишни режалаштираяпмиз.Ҳозир шу тадбир режасини ишлаб чиқаяпман. Бундан мақсад - ёш келинларимизга қадимий аллаларимизни ўргатиш, алла айтиш санъатини оммалаштириш.

Тиниб-тинчимас, маҳалланинг қадрдони, меҳрибон тарбиячиси бўлишга интилиб яшайдиган маслаҳатчи Юлдузхонга куч-қувват, бошлаган    хайрли ишларида барокат     тилаймиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Аёллар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади

«Саломатлик поезди»  Пахтаободда

 "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди,  "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўрсатилган  вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, яъни чекка туманларда яшовчи аҳолига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун республикамизнинг қатор чекка ҳудудларига  "Саломатлик поезди" юборилмоқда.

Куни кеча "Саломатлик поези" Пахтаобод туманига келди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари ва юқори малакали шифокорлари ҳамда "Соғлом авлод учун" хал-қаро жамоат фондининг Андижон вилояти кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан 5 кун мобайнида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

"Саломатлик поезди"ни кутиб олишга бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш,  ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ана шундай хайрли ишлар кўлами йилдан йилга ортиб бораётганлиги таъкидланди.

- Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантиришга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Турсунбой Бердираҳматов. - Тадбир доирасида 21 йўналишдаги мутахассислар энг замонавий тиббиёт аппарат ва  жиҳозлари ёрдамида фуқароларни, айниқса, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

Тиббий кўрик билан бир қаторда, вилоятдаги қатор тиббий ва ижтимоий муассасаларга, шунингдек, ижтимоий ҳимоя-га муҳтож оилаларга  умумий қиймати 1 млрд. 312 млн. сўм бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармонлар, тиббиёт анжом ва жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамлари кўрсатилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева иштирок этди ва сўзга чиқди.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги тикув цехи иш бошлади

Андижон вилояти Пахтаобод тумани марказида асосан ногиронлар фаолият кўрсатадиган "Нафосат" тикув цехи иш бошлади.Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган цех очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари хусусан, имконияти чекланган, ногирон фуқаролар, шунингдек, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

  Дарҳақиқат, вилоятда ўтган 2017 йилда 34 нафар ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга янги уй-жойлар берилди. "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти "Андижонпахтасаноат ҳудудий филиали" масъулияти чекланган жамияти томонидан 628 миллион сўм миқдорда бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлаш орқали 134 нафар ногирон ва имконияти чекланган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Уларга замонавий тикув машиналари берилиб, касаначи сифатида меҳнат дафтарчалари очилди. Ўз хонадонларида  фаолиятларини бошлаш, этак, автомобиль ёпқичлари, бўз қоп тикишлари учун 330 минг метрдан зиёд зарур матолар, иш ҳақига 173 миллион 56 минг сўм маблағ ажратилди.

"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўрсатилган  вазифалар қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Пахтаобод туманидаги  "З. М. Бобур" номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган "Нафосат" тикув цехида 40 нафар имконияти чекланган, ногирон хотин-қизлар фаолият юритади. Маҳалла ҳудудида фойдаланилмай турган бино тадбиркор Иномжон Даминов томонидан таъмирланиб, қайта жиҳозланди, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти "Андижонпахтасаноат ҳудудий филиали" масъулияти чекланган жамияти ҳамда пахта тозалаш корхоналари томонидан 40 замонавий тикув машиналари билан таъминланди. 

- Мен ўз уйимда эскириб қолган тикув машинасидан фойдаланиб, чеварлик қилар эдим, - дейди "Зокиржон ҳабибий" маҳалласида яшовчи  3-гуруҳ ногирони Ойдиной Османова. - Муҳтарам Юртбошимиз эътибори ва ғамхўрлиги, яхши инсонлар саъйи ҳаракати билан ташкил этилган замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган, кенг, ёруғ мана шундай тикув цехида иш бошладим. Мен каби кўнгли ўксик инсонларга кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.

 

Ногиронлар ишлайдиган бу каби корхоналар жорий йил давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилади.

Хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилмоқда

O'zLiDeP вилоят кенгаши томонидан чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Улуғнор туманининг қатор маҳаллаларида мулоқотлар ўтказилмоқда

2 минг 130 нафар хотин-қиз истиқомат қилаётган Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган  мулоқотда опа-сингилларимизни қийнаётган муаммолар ўрганилди, муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди, шунингдек, мутахассислар томонидан хотин-қизларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлиб, маҳалла марказидаги бўш турган бинони "ноль" қийматда олмоқчи бўлган ҳамда имтиёзли кредит олишда қатор тўсиқларга учраган Феруза Охиновага тегишли ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи  Лазокат ўрмонова, ҳулкарой Пўлатова сингари хотин-қизларнинг кредит олиш борасидаги муаммолари ҳам ижобий ҳал этилди.

 

Умида ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари.

Қарор ижросига бағишланди

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиё-евнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва  тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, нашриётлар, маънавият тарғибот маркази туман бўлимлари раҳбарлари, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар, туман, шаҳар газеталари муҳаррирлари иштирок этган тадбирда ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятининг ўрни беқиёс эканлиги, бу соҳада ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этиш боғлиқ қатор масалалар хусусида сўз юритилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, аҳоли орасида китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, жойларда янги китоб дўконлари очиш, кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, китоб нашр этиш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятларига оид муаммолар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мутасаддиларга галдаги вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Барча юртлар сендан олсин андоза

Қўйнинг бунча иссиқ, ёқимли бағринг,

Бағрингда ўзимни гўдак сезаман.

Бир кун узоқ бўлсам ўтади қадринг,

Ватан, ҳаммадан кўп сени севаман.

 

Ҳар майсанг аллалар бошимни силаб,

Тоғларинг дуода бахтимни тилаб,

Юрибсан сен ўзинг доимо қўллаб,

Ватан, ҳаммадан кўп сени севаман.

 

Осмонинг мусаффо, ҳавоинг тоза,

Ҳурликда иқболинг кучайди роса.

Барча юртлар сендан олсин андоза,

Ватан, ҳаммадан кўп сени севаман.

 

Қувончга тўламан боқиб бўйингга,

Кунда тўй қўшилар байрам, тўйингга.

Мен ҳам жўровозман қўшиқ, куйингга,

Ватан, ҳаммадан кўп сени севаман.

 

 

Бахтиёр ТУРСУНОВ

Қишда асал истеъмол қилиш - фойдали

Тавсия

Асал - нафақат ширинлик, балки саломатлигимиз билан боғлиқ қатор муаммоларни бартараф этишга ёрдам берадиган шифобахш неъматдир. Унутмаслик керакки, асални 1 ёшгача бўлган болаларга бериб бўлмайди, шунингдек, аллергиядан азият чекувчилар ҳам уни  истеъмол қилмаганлари маъқул.  Асал даволанишдаги ёрдамчи восита ҳисобланади. Аммо, уни мунтазам истеъмол қилиш кўплаб касалликларнинг олдини олади. Айниқса қиш мавсумида кундалик таомлар ичида албатта, асал бўлиши керак. Қуйида асалнинг айрим фойдали томонлари ҳақида маълумот берамиз.

Оғизда яра пайдо бўлганда

Пахтани сув билан хўллаб, уни оғиздаги яраларга теккизинг. Сўнгра қуруқ пахтали чўп ёрдамида оз миқдорда асал суртинг. Мазкур муолажани кунига бир неча марта такрорланг.

Йўтални даволашда

200 грамм илиқ сувда ярим чой қошиқ қаҳва ва 2,5 чой қошиқ асални аралаштиринг. Кунига уч маҳал қабул қилинг. Асал томоқни юмшатади ва уни дағалликдан халос этади. Кофеин эса бронхларни кенгайтириб, нафас олишни енгиллаштиради.

Тумовни даволашда

Асал шунингдек, тумов белгиларини енгиллаштиришга ҳам ёрдам беради. Агар тумовга йўлиққан бўлсангиз, ҳар уч соатда 1 ош қошиқдан асал енг. Асал чой эса вируслар билан курашда ёрдам бериб, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Уйқусизликда

1 ош қошиқ асални бир пиёла сутга солиб аралаштиринг. Таъм бериш учун унга ваниль ёки долчин қўшиш мумкин. Сут таркибида мелатонин ва триптофан мавжуд - улар тинчлантирувчи хусусиятларга эга бўлиб, уйқуни нормаллаштиради. Асал эса триптофаннинг мияга тезроқ етиб боришига ёрдам берувчи инсулин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.

Турли жароҳатларда

Кесилган ёки тирналган жойга асалли боғлама қўйинг. Бу унга вирус тушишининг олдини олади. Асал антибактериал хусусиятга эгадир. Ушбу оқсил асаларилар иммун тизимининг бир қисми ҳисобланади. Шунинг учун асал бактерияларни қуритиб, йўқ қилади.

Учуқни даволашда

Лаб атрофидаги учуқни даволаш учун кунига тўрт марта асалга ботирилган боғлама қўйинг.

Дағаллашган лабларни

даволашда

Асалдан лаб учун скраб сифатида фойдаланинг. У юмшатувчи ва намлантирувчи таъсирга эга.

 

 

Шифокор Минурахон БОЗОРОВА тайёрлади.

Қор ёққанди ўша кун...

(Ҳикоя)

Уйқудан эринибгина кўзини очди. Болалари совуқдан онасининг пинжида паноҳ истаган мушук болачаларидек букчайиб ёпинчиққа ўралганча пишиллаб ухлашарди. Устига халатини илиб ювиниш хонасига ўтди. Уй совуб қолибди. Электр печкани улади. Чой қўйиш учун ошхонага ўтганди, дераза оша кўзи атрофни буркаган қорга тушди. Борлиқ оқ чойшаб ёпинган кекса кишидек сукунат ичида ўйчан хаёл сурмоқда. Дераза табақасини очган эди хонага муздек мусаффо ҳаво тўлди. Юраги ҳапқириб кетиб, телефонидан шоша-пиша хабар ёза бошлади: "Ассалому алайкум! Хайрли тонг! Уйғондингизми? Ташқарига бир қаранг, атроф шунчалик гўзал-ки..." Хабарни юборди. Ошхона бўйлаб айланган тиниқ қор ҳавоси болалари ётган хонага ҳам кирди чоғи, қизининг ғингшиб йиғлагани эшитилди. 

"Бу қорли изғиринда болалар билан қандай қилиб ишга етиб оларкинман?.."  Миясини ўқдай ялаб ўтган бу ўй бояги кайфиятини бир зумда йўқ қилди.

- Болалар, қани, уйғондик! Бўлинглар, кеч қоляпмиз, қани, Ситора, Анваржон, туринглар!..

Болалар иссиқ ўриндан қўзғалгиси келмай инжиқлана-инжиқлана туришди.

- Ойижон, бугун шанба-ку, мактабга бормайлик... - Ўғлининг илтижоли нигоҳларига раҳми келдию, гапни қисқа қилди:

- Эсинг жойидами?! Кўп гапирмагин-да, қўл-юзингни ювиб чиқ. Ҳозир нонушта қиламиз. Болалари ювиниб чиққунича дастурхонга сариёқ, бўтқа, қайнатилган тухум қўйиб, чой дамлаб келди.

- Яхшилаб қоринларингни тўйдиринглар, кун совуқ, қор ёғаяпти, қорнингиз оч бўлса тез совқотасиз....

- Қор ёғяптими, ойижон? Яшасин!!! Нега айтмайсиз? - Ўғли осмонга сакрагудай бўлиб қийқирди.

- Ойи, қорбўрон ўйнаймиз-а бугун? - Акасининг қувонганини кўриб қизалоқ ҳам уйқусираган овозда ўзини қувонгандек қилиб кўрсатди.

Ширин сўзлар билан болаларини эркалатиб овқатлантирди. Кийинтирди. Енгил пардоз қилиб, ўзи ҳам кийинди ва кўчага чиқди.

Қор яхшигина ёққан экан. Бунинг устига изғирин бурунни ачитиб, кўзни ёшлантиради. Бекатга етмасларидан қизчаси совқотиб йиғлай бошлади:

- Ойижон, таксида борайлик, совқотиб кетдим...

- Таксида бориш учун пулимиз йўқ қизим, ҳозир маршрут такси келади, бир пасда етиб борамиз.

Анча ўтиб, йўналишли такси келиб тўхтади. Болалар билан амаллаб чиқиб олди-ю, томоғини алам ва хўрлик ғиппа бўғиб олди.

....Севишиб турмуш қурганди. Ёш эди, гўзал эди, ғўр эди. Аслида ундаги туйғуни муҳаббат деб бўлмасди. "Ўлдим-куйдим"ига маҳлиё бўлди. "Ҳей, кўзингни оч, у сенга лойиқ эмас!" деганлар кўзига душман кўринди. "Онаси суюқоёқ эди, боласи ким бўларди?!" деганлар унга ҳасад қилгандек бўлди. Дунёни остин-устин қилди, дод-вой қилди, севганига тегди. Тўйнинг эртаси куниёқ гапирганлар ҳақлигини-ю, ўзининг гўллигини англади. Аммо энди кеч эди. Отаси "Ҳатто ўлимингни ҳам уйимга қабул қилмайман!" деб узатганди уни. Онаси "Бизни тенгсизга тенг қилдингми, қон ютсанг ҳам ўшанинг билан бўласан!" деб уқтирганди. Биргина чора - ҳаммасига кўз юмиб, чидаб яшаш эди холос.

Эри неча йиллаб топган-тутганларини жамлаб, етмаганига таниш-билишдан қарз-ҳавола қилиб шаҳардан бир хонали уй сотиб олди-ю, кўчиб келишди. Ўн йилдан бери бир хонали уйни икки-уч хоналига алмаштириш тугул, кўчган деворини таъмирлашга ҳам пул орттиришолмайди. Шундан буён "Мана, уй қилдим-ку!" деган иддао билан топган-тутганини онаси, укаларидан орттирмайди. Ўзининг ўқитувчилик қилиб топадиган маоши болаларнинг сарф-харажати, рўзғор, уй тўловларидан ортиб орзу-ҳавасга ярамайди. Бунинг устига эри хорижда ишлаш баҳонаси билан жонининг ҳузурини топган. Қулоғи тинч. Йўқчилик, етишмовчилик важидан жанжаллар, болаларнинг ташвишидан узоқ, яйраб юрибди. Телефонда гап талашиб қолишса:

- Нима қилай, ишлаяпман-ку! Иссиқда, совуқда сенларни деб юрибман-ку шу ерларда, - деб миннату иддао қилади, лекин тайинли пул юбормайди. Балки... У билан танишишига эрининг эътиборсизлиги, дағаллиги сабаб бўлгандир?..

... Болаликдаги ўртоғининг туғилган кунида у билан танишиб қолди. Гап-сўзлари     маъқул  келди, дўстлашиб қолишди. Дўстлашишди-ю, аслида уни эркак сифатида ҳурмат қиларди. Оиласини қадрлаши, фарзандларини яхши кўриши... Бу ҳурмат ва ҳавас замирида аламли туйғу ётарди. Бир туй-ғуки, иқрор бўлишликдан ҳатто ўзи ҳам уяларди. У ҳақида ўйлаш, унинг қўнғироқларини, хабарларини кутиш ширин изтироб ва шармандалик қоришиқ азобли ҳиссиётлар гирдобига ташларди уни. Уят ва хижолатдан юзлари ловуллаганда "Мен ёмон иш қилмаяпман-ку! У билан хуфя учрашмасам, зино қилмасам..." Аммо босаётган қадами, уни соғиниш, ундан хабар кутиш, қўнғироқ қилганида юраги ҳапқириб, қафасдан чиқишга уринаётган қушдай тепишининг ўзи зино сари чорлаётган йўл эканини ўйлаганида... ҳамма айбни эрига тўнкашга уринарди: "Шу номард ҳам бошқа эркаклардай уйим-жойим деганида, болаларини ўйлаганида, хотинимга меҳр берай, эътиборли бўлай, буям аёл, ўзига яраша ҳусни, гўзаллиги бор, қизғонай, деганида мен бегона эркакнинг лутфига парвона бўлмасдим.

Мактабга нақ бир соатда етиб келдилар. Биринчи дарсга кириш қўнғироғи чалинган экан. Болаларини синф хонасига кузатиб, дарсга кирадиган синфининг журналини олиш учун ўқитувчилар хонасига югурди. Хонада ўқув ишлари бўйича директор ўринбосаридан бошқа ҳеч ким кўринмасди.

- Йўқлигингизни билинтирмай деб, ўқувчиларни чақириб журнални бериб юборгандим,- деди ўринбосар.- Болалар билан қийналмай келдингизми?.. Жавоб бермоқчи эди, овози чиқмади.

- Раҳмат, опа,- деган овози инграган товушга ўхшаб чиқди. Кўзларидан тирқираб чиққан ёшни билинтирмаслик учун хонадан тезгина чиқди. Нега ҳамма унга чорасиз одамга қарагандай ачиниб, раҳми келиб қарайди? Нега ҳар доим нотавон, имконсиз одамга  шафқат қилгандай уни аяшади? Нега? Ҳозир унинг ўрнида   бошқа ўқитувчи бўлганида ўринбосардан эшитадиганини эшитар, камига директор бир неча мажлисда унга таъна-маломатлар қиларди. У қишнинг қорли-қировли кунлари кеч борса ҳам, ҳатто ишга чиқолмай қолса ҳам раҳбарлар индамайди. "Эри бетайин, рўзғор, болаларнинг ташвиши ўзининг бўйнида, яна бирор муаммога ўралашгандир-да" деб ўйлагани учун ҳам унга бошқа ҳамкасбларига қилган муомалани қилишмайди. Бу ҳолат уни юрак-бағрини ўртайди, эзади.

Кун бўйи эзғин кайфиятда дарс ўтди. Дарси тугаган болалари онасининг иш вақти тугагунича мактабда оч-наҳор, изиллаб ўтиришади. Бошқа чораси ҳам йўқ-да. Қизчасининг овози хириллаб, бурни оқаверганидан юраги увишди. Шамоллаб қолибди. Қишнинг бир тутам куни ишдан қайтаверишда дўкону дорихоналарга кириб-чиқиб уйга келгунларича қоронғу тушди. Апил-тапил болаларининг кийимини алмаштириб иссиқ чой ичириш учун ошхонага кирган эди, қувур ёрилиб, сув томаётганини кўриб, алам ва хўрликдан дод солиб йиғлади.

Уйига яқин хўжалик моллари дўконидан қувур олиб келиб, ёрилган қувурларни қўшни подъездда яшайдиган сантехникни чақириб чиқиб, алмаштирди. Икки соатлардан кейин овқатга уннаб қозон осди...

"Баъзи эркаклар эплолмайдиган ишни ҳам уддалайдиган бўлибман, истеҳзо билан кулди. - Аёл киши эпламайдиган иш йўқ экан бу дунёда. Ҳар қандай иш аёлнинг қўлидан келар экан. Фақат бунинг учун номард эркак ва омадсиз турмуш бўлса бўлди!" Алам билан ўзига ўзи гапирар, кўз ёшларини бармоқлари билан сидириб картошка-пиёз арчарди...

"... Кунингиз қандай ўтди?" Болаларини овқатлантириб, ухлатиб, телевизорга кўз тикиб хаёлга берилиб қолган экан, телефонининг СМС хабари келганини билдириб жиринглаганидан бир чўчиб тушди. Энди жавоб ёзмоқчи бўлиб турган эди яна бир хабар келди "Уйғоқмисиз? Қўнғироқ қилайми?"  "Ҳа..." Қўнғироқ бўлди. Болаларини уйғотиб юбормаслик учун балконга чиқди. Узоқ гаплашдилар. Суҳбатлари севги-муҳаббат мавзуида бўлмаса-да негадир у билан гаплашаётгани учун ўзини айбдор ҳис этарди. Ҳар гал у билан гаплашганидан сўнг юрагида оғриқ ҳис қиларди. Ўзидан, виждонидан, болаларидан, Аллоҳдан уяларди... Аммо барибир "Мен хиёнат қилмаяпман-ку! Ёмон иш қилмаяпман-ку!" деб ўзини овутишга, виждонидан юзини яширишга уринарди.  Ҳал гал виждони билан савол-жавобдан қийналиб кетганида у билан муносабатларига чек қўйишга, гаплашмасликка аҳд қиларди. Бироқ... иродаси ожизлик қилармиди ёки эътиборга муҳтожлигиданми ундан хабар келса аҳди хаёлидан буткул кўтарилар эди...

- Яхши дам олинг. Хайрли тун...

- Сиз ҳам яхши дам олинг. Тунингиз хайрли бўлсин. Алоқа узилди. Суҳбат давомийлигига қаради, 48 дақиқа гаплашишибди. Кундузи иккови ҳам ишда бўлади. Кечаси уйида хотини, болалари бўлади... Дарвоқе, хотини... Аёл киши жуда сезгир бўлади, айниқса, эридаги ўзгаришни дарров сезади, дейишади. Хотини сезиб қолган бўлсачи!?

Унинг кўз олди хиралашиб кетди. Хаёлида унинг хотини мактабига жанжал қилиб боргани, ҳамкасблари, ўқувчилари олдида уни шарманда қилган тасвирлар жонланди. Йўқ. Эси борида этагини йиғиштириши керак. Вақтида бундай суҳбатларни тўхтатмаса охири вой бўлади. Аёлнинг айбланиши, айниқса, эри узоқда бўлган аёлнинг номига доғ тушиши осон. Шармандалик юкини осонгина кўтаради. Хотинининг ўрнида ўзи бўлганида нима қиларди? Эри бегона аёл билан соатлаб гаплашса... Ўзи чидаёлмаган тиғни бошқанинг кўксига санчадими?! Шунчалик иродасиз, тийиқсиз аёлга айланиб қолдими? Аллоҳ қайси бандасига гуноҳни тақдир қилса, ўша гуноҳга борадиган йўлни осонлаштириб қўяр экан. Наҳотки тақдирида гуноҳ қилиш битилган бўлса? Йўқ, бундай бўлишидан Аллоҳ асрасин. Эртагаёқ телефон рақамини алмаштиради. Унга ҳаётидан ҳам, хаёлидан ҳам жой бермайди. Шахд билан телефонини очиб сим картани олди-да синдириб ахлат челакка ташлаб юборди. Сўнг елкалари силкиниб-силкиниб, хўрсиниб-хўрсиниб узоқ йиғлади. Кўзларидан оқаётган тавба ёшлари қалбидаги хираликни ювгани сари руҳи енгил тортиб йиғлайверарди. Ташқари эса изғирин, осмондан қор учқунлари учиб тушар, заминга бир-бир бош қўярди.

 

Умида АДИЗОВА

ЎЗБЕКИСТОНДА ИНТЕРНЕТ ЖУРНАЛИСТИКАСИНИНГ АҲВОЛИ ҚАНДАЙ?

бугуннинг гапи

- Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ веб-сайт фаолият юритмоқда…ми?

- Текширилмаган фактлар

- Интернет-нашрлардаги ўғирликлар

- Сохта обрў кетидан қувиб...

- Гапирсанг бети, урсанг эти қотади...ми?

- Таҳлил ортига яширинган реклама

- Муаммонинг ечими қаерда?

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам интернет-нашрлар ахборот етказувчи асосий майдон вазифасини ўтамоқда. Одамларнинг қисқа, лўнда, тезкор ва эксклюзив ахборотларга бўлган талаби кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан у ёки бу нашрнинг оммалашувига сабаб бўлмоқда.

UZ доменидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 12 253 тадан ортиқ веб-сайт фаолият юритаётган бўлса, улардан 450 дан ортиғи Ўзбекистон матбуот ва ахборот    агентлигидан ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган. Мазкур сайтларнинг кучли бешталигини "DARYO.UZ", "KUN.UZ", "QALAMPIR.UZ", "GAZETA.UZ", "PODROBNO.UZ" сайтлари банд этмоқда. Гап сайтларнинг рейтинги масаласига бориб тақалар экан, бу рейтинг улар бераётган шов-шувли, эксклюзив, одамларнинг эътиборини тортадиган ҳар қандай кўринишдаги материалларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айни шу борада сўз кетганда, интернет-журналистикада этика масалалари не чоғлик оғир аҳволга тушиб қолганини кўриш мумкин. Бу эса сунъий рейтингнинг ортидан қувиш оқибатидир.

Журналист этикаси тамо-йиллари, унинг ахлоқ-одоби меъёрлари илк бор 1954 йил 25-28 апрелда Бордо шаҳрида ўтган Халқаро журналистлар федерациясининг II Жаҳон Конгрессида қабул қилинган "Журналист фаолияти принциплари Декларацияси"да қайд қилинган. Бу ҳужжатга Халқаро журналистлар федерациясининг 1986 йил 2-6 июнда Хельсинкида ўтган XVIII Умумжаҳон Конференциясида бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Унда қуйидаги бош тамойиллар (принциплар) баён этилади: "Ҳақиқатни барча ҳурмат қилиши лозим, жамиятнинг ана шу ҳақиқатни билишга бўлган ҳуқуқи - муқаддасдир, ахборотни холисона тўплаш ва уни ОАВда чоп этишда эркинлик принциплари қўлланилиши даркор. Журналистнинг холисона шарҳ қилиш ҳуқуқи, танқид қилиш ҳуқуқи, касбий сирини сақлаш ҳуқуқи, ахборот манбаини ошкор қилмаслик ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлари мавжуддир".

Ҳужжатда келтирилган қоидаларнинг айримлари Ўзбекистонда қабул қилинган ОАВга доир қонунларда ҳам ўз ифодасини топган.

Интернет-нашрлар Ўзбе-кистон анъанавий журналистикасида янги даврни бошлаб берди. Платформалар журналистларига қўйилаётган талаблар газета ва журналлар, радио ва телевидение талабларидан юқори. Боиси, ходим бир вақтнинг ўзида ҳам журналист, ҳам фотомухбир, ҳам сайт администратори вазифаларини бажариши керак. Шу сабаб ҳам Ўзбекистонда кенг қамровли, кўп қиррали, тезкор журналист   кадрларга эҳтиёж катта.

Соҳада профессионал бўлмаган, журналистика амалиётидан хабардор, аммо назариясини ўрганмаганлар жуда кўп. Ачинарлиси шундаки, интернетда ишлаётган ҳамма - блогер, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар администратори, таржимон, "фрилансер", репортёр, "копирайтер"лар бир ном билан аталади - журналист! Шу сабабдан ҳам фан назариясини ўрганиш, журналистиканинг моҳиятини тушуниш, унинг мақсад ва вазифаларини тўлиқ англаб етиш унчалик муҳим бўлмай қолган. Асосий ғоя - хабар етказиш, танқид ва таҳлил қилиш. Бунинг учун керак бўладиган билим, савия, маҳорат, ҳаётий тажриба кўпинча иккинчи даражага тушиб қоляптики, баъзан берилаётган хабарлар на умуминсоний, на миллий қадриятларга мос келади.

Шу ўринда Ўзбекистондаги интернет-нашрларда учраётган журналистик этикага зид бўлган асосий ҳолатларга тўхталсак:

Биринчидан, журналистларнинг бир ахборот манбасига таяниб хулоса чиқариши, ахборот манбасини, хабарда келтирилган факт ва маълумотларни текширмай уни ўз нашрида эълон қилиши кузатилмоқда.

Бунга мисол тариқасида "KUN.UZ" нашрида узатилган хабарни келтириш мумкин. Нашр 22 ноябрь куни соат 17:35 да "Таниқли актёр ва режиссёр Шуҳрат Нуралиев вафот этди" номли хабарни чоп этди. Ахборот яшин тезлигида маҳаллий ҳамда хорижий ОАВларга тар-қалди. "QALAMPIR.UZ"да чоп этилган "Шуҳрат Нуралиев тирик, у шифохонанинг жонлантириш бўлимида" номли мақоладаги кескин танқиддан сўнг, шу куни соат 18:43 да "KUN.UZ"да "Тузатиш. Шуҳрат Нуралиев ҳаёт, лекин чуқур кома ҳолатида" номли мақола чоп этилди. Бироқ бир соатдан ошиқ вақт давомида Шуҳрат Нуралиевнинг вафот этгани ҳақидаги ёлғон хабар бутун республикага тарқаб улгурган эди.

Иккинчидан, айрим интернет-нашрлар, жумладан уларда фаолият юритаётган таржимонлар, "копирайтер"лар муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаслиги ҳам учрамоқда. Хусусан, "UZNEWS.UZ" интернет-нашрида 14:45 да чоп этилган "Водитель маршрутки, чуть не сбивший детей, отштрафован" номли мақола ҳеч қандай манба кўрсатилмасдан "QALAMPIR.UZ"нинг 2017 йил 29 ноябрь куни соат 17:35 да сайтга жойлаштирилган "Видео: Ойбек ва Нигора болаларни уриб юборай деган маршрут ортидан тушди" ва 2017 йил 2 декабрь куни соат 15:55 да чоп этилган "Ойбек ва Нигора аниқлаган қоидабузар ҳайдовчи ЙҲХБ томонидан топилиб, жаримага тортилди" номли мақоласидан плагиат қилинган. Ушбу мақола "QALAMPIR.UZ"-нинг муаллифлик материали бўлиб, ҳатто, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси "QALAMPIR.UZ" келтирган    фактлар орқали ЙТҲ келиб чиқишига сабаб бўлган йўналишли таксини топишга муваффақ бўлганини расмий сайтида ёзган.

2006 йилда "Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлса-да, интернет-нашрларда фаолият юритаётган кўплаб "муаллифлар" бу каби ОАВга оид қонунчиликдан бехабар ва уни мунтазам бузиб келяпти.

Учинчидан, фаолиятдан шахсий мақсадда фойдаланиш, сохта обрў орттиришга мойиллик кўзга ташланмоқда. Мисолларга мурожаат этсак: яқиндагина "KUN.UZ" интернет нашрида "Шаҳрихондаги оила бошлиғи пахтага кетганида уй ёниб кетди. Энди унга кўмак керак" номли мақола чоп этилди. Шу ўринда савол туғилади: уйнинг ёниб кетишига оила бошлиғи пахтага кетишининг нима алоқаси бор? Пахта теримини бу йўсинда жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга сабабчи, айбдор сифатида кўрсатиб, дастак қилиб олиш журналист этикаси бузилишининг яққол исботи эмасми? Боиси агар ўша уйнинг электр тизимида ёнғин чиқиши мумкин бўлган носозлик ёки ёнғинни келтириб чиқарадиган бошқа сабаблар бўлса, оила бошлиғи пахта ёки бозорга кетадими уй барибир ёнади. Демакки, шундоқ ҳам камчилик сифатида кўрилаётган ҳолатларга бу йўсинда яна бир бор эътибор қаратиб, одамларда нафрат туйғусини уйғотиш журналистнинг нопрофессионаллигидан далолат.

Тўртинчидан, қонунларда ёзилмаган миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одатларга беписанд қараш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Халқимизда "гапирсанг бети, урсанг эти қотади" деган гап бор. Жамиятда шундай иллатлар учраб турадики, баъзан булар ҳақида гапириб, халқнинг асрлар оша улуғланиб келган маънавиятини бузгандан, гапирмай сукут сақлаган маъқул. Сўнгги вақтларда ОАВда, айниқса, интернет-нашрларда фоҳишахоналар ва фоҳишаларнинг қўлга олинаётгани билан боғлиқ хабарлар кенг тарқалмоқда. Ҳар куни у ёки бу интернет-нашрида шундай хабарга кўзингиз тушади. Биргина "QALAMPIR.UZ" сайтида фоҳишахона сақлашга оид 29 та материал чоп этилган бўлиб, бу ҳақдаги илк хабар 2017 йилнинг 3 март куни сайтга жойлаштирилган. Илк хабарни 21 мингдан ортиқ фойдаланувчи ўқиган. Шу мазмундаги охирги хабар 2017 йил 9 декабрь куни жойлаштирилди. Уни 4500 дан ортиқ фойдаланувчи ўқиган. Ўртадаги тафовутга эътибор қаратилса, шу мавзудаги биринчи ва охирги хабар ўртасида 17 мингга яқин фойдаланувчи бор. Демак, 17 минг киши учун бу мазмундаги хабарлар қизиқ бўлмай қолди, бошқача қилиб айтганда, бу мазмундаги ахборотлар кишиларнинг меъдасига тегди. Омманинг бети қотди. ОАВлар эса фоҳишахоналар ва фоҳишалар қўлга олингани билан боғлиқ ўзбек миллати, унинг қадриятларига зид бўлган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни кунора ўқувчига етказиш билан банд.

Бу ҳам етмагандек, "UZNEWS.UZ" сайтида бесоқолбозлар ҳақида мақола чоп этилди. Исмини ва хабар манбасини ошкор этмаган муаллиф Тошкентда икки бесоқолбоз қўлга олингани, уларнинг суд тиббий экспертизадан ўтказилгани ва хулосаларга кўра, улар мунтазам жинсий алоқада бўлганини очиқ-ойдин ёзади. Ушбу хабар "DIYDOR AZIZ", "SOF.UZ" каби маҳаллий интернет-нашрларда ва халқаро "Sputnik" нашрида, "Озодлик" радиосининг интернет саҳифасида чоп этилди. Хабарларда "UZNEWS.UZ" ахборот манбаси сифатида кўрсатилди. Бир мавзу ва мазмундаги, турли сайтларда, турли сарлавҳа остида чоп этилган хабар 60 мингдан ортиқ интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди. Яна 60 минг киши учун бу мазмундаги хабар ҳеч нарса бўлмай қолди. Улар яна шу мавзудаги хабарларни ўқиса сесканмайди, бора-бора буни оддий ҳолдек тушунишни бошлайди. ОАВлар эса бунга замин ҳозирламоқда.

Бешинчидан, танқид ва таҳлил ортидан яширин реклама тарғиботига ҳисса қўшиш кузатилмоқда.

Мисол учун, тунги клублар, интернет-кафеларнинг туни билан фаолият юритиши, унда ўтказилган рейдларда ёш-яланг қўлга олинаётганини ёзаётган нашрлар "Бу масканларга ёшлар келмасдан, кексалар келиши керакми?" деган саволни ўзига бериб кўрмаяпти. Нега бу кафеларни ташкил этганлар, тунги клубларнинг фаолиятига йўл қўйиб, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар савдосига жим қараб турганлар эмас, ўша кафеларга борганлар қораланяпти? Журналистнинг позицияси қаерда? Аслида масаланинг туб моҳиятига етиб, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ўз таклифини бериш журналистнинг вазифаси эмасми?

Олтинчидан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабар, аудио ва видеоёзувларни ўзлаштириш, манбаси ва ахборот холислигини текширмай  тарқатиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Ўзбекистон Республикасида ОАВга оид қонунларнинг аксарияти қабул қилинганига 15-20 йил тўлди. Қонунлар қабул қилинган даврда Ўзбекистонда интернет ОАВлар ҳали ривожланмаган эди. Айни даврдаги қонунлар эса интернетдаги ахборот алмашинувини рад этмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда бирор шахс ёки давлат ва жамоат ташкилотининг раҳбарига тегишли саҳифадан ёзиб қолдирилган постлардан интернет сайтлари учун катта мақола тайёрлаш амалиёти хориждан бизгача етиб келди. Бироқ, ўша ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган ёзишмалар, видео ва аудиоёзувлар ўчириб юборилса, саҳифа эгаси ҳам ижтимоий тармоқни тарк этсаю ёзганларини рад этса, журналистни ким ёки нима муҳофазалайди. Ҳеч нима! Шу боис журналист ўз касбий этика меъёрларини унутмаслиги, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар, аудиовизуал материалларни ўзлаштиришдан аввал уларнинг ишончли ва холислигини таъминлаши, воқеа иштирокчиларининг рухсатисиз (судда исбот ўрнида ўтувчи расмий рухсатномасиз) уларни чоп этмаслиги керак.

Еттинчидан, тил ва имло қоидалари қўпол ва мунтазам бузилмоқда.

Бунда айнан бирор сайтни мисол тариқасида келтириш жоиз эмас. Боиси бу ҳолат барча сайтларда сурункали равишда учраб туради. Сайтларда ишлаётган аксарият журналист-лар етарли билим ва салоҳиятга эга эмас, тил қоидаларини тўлиқ ўзлаштирмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, журналистнинг сўзи, ёзаётган мақоласи, тайёрлаётган кўрсатув ва эшиттириши жамиятда ҳал қилувчи кучга эга. У давлат ва халқнинг айни давр-даги кайфиятини ўзида акс эттиради. Шундай экан, журналист ўз позициясига эга бўлиши, жамият манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйиши, саводли, кузатувчан бўлиши лозим.

Журналистиканинг ривожини назариясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, интернет-журналистика соҳада янги даврни бошлаб берди. Мамлакатда интернет ОАВлар сони кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради. Бироқ, бу соҳада кадрлар тан-қислиги сезилаётгани, журна-листика факультетларида онлайн-журналистика бўйича мутахассислар тайёрлашга эътиборнинг сустлиги, ЎзМУ Журналистика факультетида Интернет журналистикаси кафедраси фаолиятининг тугатилганлиги, назарий ва амалий билимга эга бўлган педагогларнинг етишмаслиги, ўзбек тилидаги ўқув қўлланмалар, соҳага оид адабиётларнинг озлиги соҳада қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу боис:

- журналистика факультетларида онлайн-журналистика кафедраларини тиклаб, назарий ва амалий билим ҳамда тажрибага эга мутахассисларни дарс жараёнларига жалб этиш, дарсларни сайтлар таҳририятларида ташкил этиш;

- интернет ОАВларида тарқалаётган хабарларнинг чек-чегараси йўқлиги, қамрови кенг-лиги, ёлғон ахборотлар ҳам яшин тезлигида дунёнинг нариги чеккасига етиб бораётганини инобатга олиб, бундай ахборотларнинг тарқалишига нисбатан вакцина сифатида ҳар бир интернет ОАВ таъсис ҳайъати ёки таҳририят кенгашига журналист дипломига эга бўлган битта бўлса ҳам профессионал журналистни киритиш;

- Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ОАВларда мухбир, "копирайтер", таржимон репортёрлар базасини яратиш, оммавий ахборот воситалари учун профессионал журналистлар тақсимотини йўлга қўйиш;

- журналистика факультетларини тугатган, аммо иш билан таъминланмаган кадрлар учун алоҳида алоқа маркази ёки портал ташкил этиш;

- мавжуд ОАВга доир миллий қонунчиликка интернет ОАВга дахлдор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

- миллий профессионал журналистлар этикаси қоидаларини ишлаб чиқиш;

- интернет журналистикага доир ўқув қўлланма ва дарсликлар чоп этиш кабиларга кенг аҳамият қаратиш жоиз.

Қамариддин ШАЙХОВ,

"QALAMPIR.UZ" интернет-нашри раҳбари.

UzA.uz сайтидан олинди.