+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ШЕЪРИЯТ БАЙРАМИ

Халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан  вилоятдаги умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида адабий анжуман, хотира ва шеърият кечалари бўлиб ўтди. Айниқса, шоир таваллуд топган кун ўтказилган тадбирлар адабиёт байрамига айланиб кетди.

Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф ҳиёбонида давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ижодкор ёшлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари, республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистондан келган меҳмонлар иштирок этган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Усмон Азим ва бошқалар шоир хотирасини  қадрлаш, шеъриятининг ўзига хос қирралари, ҳаёти, ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш хусусида гапирдилар.

- Ўзбекистон Халқ шоири, мархум Муҳаммад Юсуф ўзининг бетакрор шеърлари билан халқнинг қалбидан чуқур жой олган ижодкор эди, - дейди Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим. - Эл-юрт муҳаббатига, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш ҳар бир ижодкорга ҳам насиб этавермайди.  Муҳаммад Юсуф ана шундай эҳтиром ва эътирофга эриша олган адабиётимизнинг забардаст вакилларидан биридир.

Тадбирда Муҳаммад Юсуф, Намангандаги Ибрат, Марғилондаги Эркин Воҳидов номли ижод мактаблари ўқувчилари томонидан шоир шеърлари ўқилди.

Шундан сўнг хотира тадбирлари шоир туғилиб ўсган   Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида давом этди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар, меҳнат фахрийлари, оқсоқоллар иштирокида эрта тонг эҳсон ўтказилди. Қишлоқдаги "Fиштмозор" қабристони, шоир қабри зиёрат қилиниб, қуръон тиловат қилинди.

 Шоирнинг таваллуд куни ҳақиқий халқ, адабиёт сайлига айланиб кетди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, республикамизнинг турли вилоятларидан устозлари ҳамроҳлигида ташриф буюрган минглаб ўқувчи ёшлар, адабиёт ихлосмандлари томонидан шоир қабрига гулдасталар қўйилди. Шоир хонадонида шеърият кечаси, мушоиралар ўтказилди. Шоир шеърларидан ҳамда унга атаб ёзилган шеърлар ўқилди.

- Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилиш, унинг хотирасини ёд этиш учун бутун синфимиз билан келдик, - дейди Фарғонадаги Эркин Воҳидов ижод мактаби ўқувчиси Муаттар Маматкаримова. - Чунки биз - ёшларнинг шоирга бўлган ҳурматимиз жуда баланд, унинг шеърларини ҳамиша севиб ўқиймиз. 

Тадбирларда қирғизистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам иштирок этиб, ўтаётган тадбирлар, Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини изҳор этди.

- Биз бир гуруҳ қирғизистонлик ижодкорлар Андижон вилояти ёзувчилар уюшмаси билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Андижонга келган эдик, - дейди Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси Жалалобод область бўлими раиси Самиддин Стамбеков.  - Қаранг-ки, ташрифимиз ўзбек халқининг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд санасига тўғри келиб қолибди. Муҳаммад Юсуф ижодини ўқиганман, у ҳақда кўп эшитган. Лекин бугунги тадбирларда иштирок этиб, очиғи жуда ҳам хайратландим. Ўзбек халқи ўз шоирини шу қадар ардоқлашига ҳавасим келди.

Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган тадбирлар Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида "Улуғимсан, Ватаним" деб номланган катта концерт дастури билан якунига етди.

Умиджон Нозимжонов,

 

жамоатчи мухбир.

Рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими?

Рўза тутиш    соғлиқ учун фойдалими? Тиббиёт мутахассислари томонидан рўза тутиш саломатлик учун фойдали эканлиги ҳақида кўп маълумотлар келтирилган. Рўза даврида кишининг танаси очликка мослаша бориши керак. Бу жараён кимдадир осон, яна кимдадир қийинроқ кечади.

Энг қийини - илк икки кун

Узоқ вақт овқатсиз юриш туфайли озиқ моддалар сўрилиб, танамиз жигар ва мушакларда тўпланган глюкозадан қувват олишга ҳаракат қилади.

Куннинг ифторга яқин вақтига бориб, глюкоза тугагандан сўнг, танада йиғилган ёғ қувватнинг навбатдаги манбаи бўлиб хизмат қилади.Тана ёғ билан озиқлана бошлаганда вазн ва холестерин миқдори камаяди, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли пасаяди Аммо, қонда шакар миқдорининг тушиб кетиши ҳолсизлик ва ланжликка сабаб бўлади.

Рўза тутаётган пайтингиз бош оғриғи ва айланиши, кўнгил айнишини ҳис қилишингиз, нафасингиз сиқиши мумкин.

Сувсизланишдан эҳтиёт бўлинг - 3-7-кун

Танангиз рўза тутишга мослаша борган сари ёғлар чўкиб, қондаги шакарга айланади. Рўза тутиш давомида йўқотилган суюқлик миқдори ифторлик ва оғиз ёпиш орасида қайта тўлдирилиши лозим. Акс ҳолда терлаш ҳисобига тана сувсизланиб қолади.

Истеъмол қилинаётган таомларда углевод ва ёғлар каби қувват берувчи моддалар етарли даражада бўлиши зарур. Шунингдек, озиқ моддалар, жумладан, оқсиллар, тузлар ва сувнинг истеъмол қилинаётган таомдаги миқдори ўзаро мувозанатда бўлиши ҳам муҳим.

Рўза тутишга ўргана бошлайсиз - 8-15-кун

Учинчи босқичга келиб, танангиз рўза тутишга тўла ўрганиб қолгандан сўнг кайфиятингизда ҳам яхши ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди.

Ични тозалаш - 16-30-кун

Рамазоннинг сўнгги қисмида танангиз рўза тутишга бутунлай кўникиб бўлади. Бу вақтга келиб йўғон ичак, жигар, буйрак ва териларда тозаланиш жараёни бошланиб кетади.

Рўза тутиш орқали ўз-ўзини тозалаб олган органлар ўзининг фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Хотирангиз ва диққатни жамлаш қобилиятингиз яхшиланиб, ўзингизни бардам сеза бошлайсиз.

Таомномага жиддий эътибор қаратинг

Шундай қилиб, рўза тутиш соғлиқ учун фойдали. Аммо, баъзи нарсаларни эътиборга олиб қўймоқ зарур. Биз тановвул қилаётган таомларимизга эътиборни оширсак, рўза тутиш соғлиқ учун жуда фойдали бўлади.

Рамазон рўзасида ҳар куни қувватга бой озуқа истеъмол қилишга эътибор бериш зарур. Шундагина танангиз ҳаёт учун муҳим бўлган мушак тўқималарини еб юбормайди.

 

Матлуба

МАМАЖАНОВА тайёрлади 

КИМЛАРГА РЎЗА ТУТМАСЛИККА ИЖОЗАТ БЕРИЛАДИ?

Рўза Исломдаги фарз амаллардан саналади. Лекин Исломда инсонни имкониятидан ортиқ ёки ихтиёрисиз бирор ишга мажбур қилинмайди. Жумладан, рўза тутишликда ҳам. Динимиз уламолари томонидан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тоифа кишиларига рўза тутмасликларига рухсат берилади.

Яъни, ўта қари кишилар, ҳомиладор аёллар, эмизикли аёллар, мусофирлар, беморлар, очлик ва чанқоқ туфайли ҳолдан тойганлар.

Ўта қаттиқ очлик ёки чан-қоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиши хавфи туғилган кишиларнинг ҳам рўза тутмасликлари узрли ҳисобланади.

Бундай кишилар рўза тутишга монелик қилувчи сабаблар тугагандан сўнг қолдирилган кунлар қазосини тутиб беради.

Қариб ҳолдан қолган кишилар ва тузалмайдиган оғир беморлар рўза тута олмасалар, ҳар кунги рўза учун камбағалларга белгиланган миқдорида буғдой, яъни фитя беришлари керак. Борди-ю кейин қувватга кириб ёки тузалиб кетсалар, қазо тутиб беришлари лозим бўлади.

Рамазон шарифда жиннилик ҳолатида бўлган кишидан рўза соқит қилинади. Агар ана шу даврда бехуш бўлса, унга қазо лозимдир. Ҳайз ва нифосдаги аёллар ҳам рўза тутмайдилар. Бу ҳолатдан фориғ бўлганларидан сўнг қазосини тутиб берадилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга муқаддас рамазон   ойини чиройли тарзда ўтказишликни насиб этсин.

Абдуҳалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Ат-Термизий" жоме масжиди имоми.

Рамазон - сабр ойи, унинг мукофоти жаннатдир

Ойларнинг ичида энг улуғи ва фазилатларга бой бўлган Рамазон ойи кириб келмоқда.

Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган: "Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам рўза фарз қилинди" ("Бақара" сураси, 183-оят).

Салмони Форсий (р.а.) шундай дедилар. Яъни: "Шаъбон  ойининг охирги куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга хутба ўқиб, шундай дедилар: "Эй, одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда-ким бирор нафлга амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда-ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади.

Рамазон - сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса - жаннатдир. У - хайр-эҳсон улашадиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади ва кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч ҳам кам бўлмаган савоб берилади". Шунда биз: "Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку?" - дедик. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ таоло Қиёматда унга ҳавзи Кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то Жаннатга киргунича чанқамайди", - дедилар.

Рамазони шариф - тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шу билан бирга, муборак ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтадилар: "Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади" (Бухорий ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Бу ой шундай ойки, аввали-биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир".

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилдилар: "Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиги ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиги очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: "Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!" деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур", дея таъкидланган.

Демак, Рамазони шариф дўзах азобидан қутулишнинг имконини беради ва ҳар бир банда учун савобли ва хайрли амалларни бажаришга ундайди. Яна Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейди: "Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг гуноҳлари мағфират қилинур".

Пайғамбаримиз (с.а.в)    марҳамат қиладилар: "Аллоҳ Таоло одам боласининг ҳаммма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман, деди. Рўза - сақловчидир. Қачон биронтаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай".

Яна бир ривоятда: "Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: "Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим берурман", дейди. Барча ибодатлар каби рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади.

Аллоҳ Таоло Рамазони шарифни барчаларимиз учун қутлуғ ва муборак қилсин. Бу улуғ ойда барчаларимизнинг ибодатларимиз қабул бўлиб, дуоларимизни ижобат айласин. Бу ойнинг шарофати билан дастурхонимиз тўкин-сочин ва хонадонларимизда тинчлик-омонлик ҳукм сурсин. Барчаларимизга Рамазон ойи муборак бўлсин!

Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги

 

"Мирзо Шариф" жомеъ масжиди имоми.

"КИТОБ КАРВОНИ" АКЦИЯСИ

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан вилоятимизда "Китоб карвони" акцияси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтказилган "Китоб карвони" акцияси ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Китоб тарғиботига оид кўргазмалар билан жиҳозланган "Дамас" автомашиналарига ортилган  барча туман ва шаҳарлар, чекка-чекка ҳудудлардаги умумтаълим мактабларига белгиланган рўйхат бўйича етказиб берилди.

- Акция доирасида мактабимизга ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари саналган кўплаб китоблар совға қилинганлигидан ўқувчиларимиз беҳад хурсанд бўлди, - дейди Марҳамат туманидаги таббий фанлар чуқурлаштириб  ўқитишга ихтисослашган 47-умумтаълим мактаби директори Жумагул Шербоева. - Китоб совға қилишдек хайрли иш ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китоб ўқишга, китоб мутолласига бўлган қизиқишларини янада оширишга ёрадам беради.

 Вилоятда китоб тарғиботига қаратилган бу каби тадбирлар доимий равишда ўтказилмоқда.

 

 

Ҳадятилло Собирхўжаев

Бирорта оила эътиборимиздан четда эмас

Мутахассис фаолиятидан

 

Маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг алоҳида ўрни бор.

Муяссархон Қурбонова Жалақудуқ туманидаги "Fайрат" маҳалла фуқаролар йиғинига мутахассисликка тайинланганидаёқ маҳалла аҳлини қийнаётган муаммо ва камчиликларини ўрганишга, ижобий ҳал этишга ҳаракат қилди. Маҳалладаги оилавий жанжаллар, ажралишларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар билан тарбиявий ишлар олиб боришни йўлга қўйди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг бартараф этиш, тўй, маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча олди-бердиларни камайтиришда бош бўлди. Бу борада мутахассисга профилактика инспектори, майор Элёрбек Зоҳидов, отинойи Султонхон Абдураҳмонова, Яраштириш комиссияси раиси  Минавархон Маҳаммедова, фаоллар Солижон Мўминов, Йўлдошвой Алижонов, Мавлудахон Обидова, устози, депутат Арофатхон Икромовалар  ҳамиша маслакдош бўлмоқдалар.

- Маҳалламизда 2 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1607 нафари хотин-қизлардан иборат, - дейди Муяссархон опа Қурбонова. -  Маҳалламизда энг аввало, оилаларни мустаҳкамлаш, шаръий никоҳ билан яшаётган оилалар никоҳини расмийлаштириш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ҳудудимизда жорий йилнинг ўтган даврида оилавий низолар билан боғлиқ 5 та мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Ажрашиш арафасида турган оилаларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни яраштиришга, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпмиз. Турмуш қуриш арафасидаги қизлар, шунингдек, ёш келинлар, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Шифокорлар билан ҳамкорлик  соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида учрашувлар, давра суҳбати ва мулоқотлар ўтказиб борилмоқда.

Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш ниятидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Яқинда хотин-қизлар учун  кўргазмали семинар ташкил этилди. Ўз хонадонида иссиқхона барпо этиб, томорқадан самарали фойдаланаётган оилалар фаолияти мисолида иштирокчиларга иссиқхонанинг афзалликлари, деҳқончилик орқасидан даромад топиш йўллари ҳақида амалий тавсиялар берилди.

Бугун маҳалламизда эътибордан четда қолган бирорта ҳам оила йўқ. Мавжуд 642 та оиланинг яшаш шароитлари, имкониятлари  тўлиқ ўрганиб чиқилган. Уларнинг эҳтиёж ва талабларидан келиб чиқиб, зарур ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 6 нафар оғир шароитда яшаётган аёлларга моддий ва маънавий, психологик ёрдамлар кўрсатилди. Улардан 2 нафарига имтиёзли кредит асосида 10 бош қўй, 1 нафарига эса қорамол берилди.

- Маҳалламиз аҳолиси асосан, деҳқончилик билан шуғулланади, - гапида давом этади мутахассис. - Сабзавот ва полиз экинлари етиштириб сотиш уларнинг даромад манбаи. Шоличиликни яхши ҳадисини олган. Ҳалол меҳнат орқали маҳалладошларимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бормоқда.

Оиласида бахт топган аёл жамиятда ҳам ўз ўрни, ҳурматига эга бўлади. Муяссархон Қурбонова ҳам оиласида бахти кулган аёллардан. Турмуш ўртоғи Жумабой Қодиров билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, камолга етказдилар. Бугун фарзандлари, набиралари билан бахтнинг чинакам қўрғонини барпо эта олди, десак асло муболаға бўлмайди. Юртдошлари меҳрини, ҳурматини қозониб, маҳалла ишида жонкуярлик билан меҳнат қилаётган фидойи мутахассисга  куч-қувват тилаб қоламиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ФАОЛ ҚИЗЛАРИМИЗ САФИ КЕНГАЙМОҚДА

БошланFич ташкилотлар етакчилари

Лицейимизда 80 га яқин ўқитувчи аёллар ва ишчи ходималар меҳнат қилса, 400 нафардан ортиқ ўқувчи қизлар таҳсил олади.

Бошланғич ташкилотимиз лицей маъмурияти билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, ўқувчи қизларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, ватанга бўлган муҳаббат ва фидойилик ҳиссини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Айниқса, бошланғич ташкилотимиз қошида ташкил этилган "Қизларжон" клуби фаолияти алоҳида эътирофга сазовор. Клуб томонидан ўқувчи қизларнинг пухта билим олиши, ҳар томонлама камол топиши, фаоллигини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Клуб     машғулотларига лицейнинг барча қизлари жалб этилган. Клуб сардори, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши ўқувчиси Гулзода Саидазимова бошчилигида ўнга яқин фаол қизлар турли йўналишларга етакчилик қилиб келади.

Ўқувчи қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, пазандалик, орасталик, оилавий ҳаёт ҳақидаги билимларини кенгайтириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Натижада "Қизларжон" клубининг билимдон, заковатли, интилувчан аъзолари сафи тобора  кенгайиб бормоқда.

Шунингдек,  бошланғич ташкилотимиз томонидан шифокорлар, ҳуқуқшунослар, ота-оналар, қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари  иштирокида ўқувчи қизларнинг ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Тадбирларда ўқувчи қизларнинг сўзлашув ва кийиниш маданиятини ошириш, турли диний оқимлар ҳамда гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолмасликлари, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда.

Бундан ташқари, қатор иқтидорли ўқувчи қизларимиз вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танлов ҳамда спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, Зулфия номидаги давлат мукофоти танловининг вилоят босқичида 6 нафар ўқувчимиз иштирок этган бўлса, хорижий филология йўналиши 3-босқич ўқувчиси Холидахон Ҳасанова "Адабиёт" йўналишида танловнинг республика босқичида қатнашди. Ижтимоий-гуманитар йўналишида таҳсил олаётган 2-босқич ўқувчиси Ҳилолахон        Нажмиддинова Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган "Коррупция - тараққиёт кушандаси" мавзусидаги иншолар танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди.

Лицейимизда ўқувчи қизлар ўртасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, уларнинг китобга бўлган муҳаббатини кучайтириш, шахсий кутубхоналар ташкил этиш ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида "Китобхонлик ва мутолаа маданияти" мавзусида давра суҳбатлари, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти.

Бир сўз билан айтганда, илм масканимизда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, уларни ҳар томонлама мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.

Дилбархон ҚОСИМОВА,

 

АДУ академик лицейи бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси.

ТИНЧЛИГИМИЗГА, ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗГА КЎЗ ТЕГМАСИН, - ДЕЙДИ ШАҲРИХОНЛИК ТАБАРРУК ОНАХОН ИБОДАТХОН ЙЎЛДОШЕВА

Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Хотира ва қадрлаш куни олдидан Шаҳрихон туманидаги Бувайдо маҳалласида ўзининг қутлуғ 91 ёшини қаршилаётган Ибодатхон ҳожи она Йўлдошевани йўқлаб, унинг хонадонига бордик.

 Юзларидан нур таралиб турган онахон бугун эл-юрт эъзозида яшамоқда. Табаррук онахон нафақат фарзандлари, оиласи, балки бутун маҳалланинг кўрки. Каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади.

Онахон ҳаёти давомида кўп қувончу ташвишларни бошидан ўтказганлиги, айниқса, болалик, ёшлик даврлари Иккинчи жаҳон урушининг оғир, ғоят машаққатли даврларига тўғри келганлиги, у даврларни эслашнинг ўзи оғир эканлигини набира, чевараларига, ёшларга кўп гапириб беради.

Онахоннинг содда ва самимий сўзларини тинглаб ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари - ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни  муродга, эъзозу эҳтиромга етказишига яна бир бор амин бўласиз.

- Болалик, ёшлик даврларим жуда оғир кечган, - дейди Ибодатхон она ёшлик йилларини эслаб. - Чунки, у пайтлар ниҳоятда оғир эди. Уруш бошланганда ўн икки, ўн уч ёшли бола бўлсак-да, катталар билан бир қаторда нима иш бўлса, бажарар эдик. Чунки ўша давр шуни тақозо этарди.

 Уруш қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритди. Ўша даврларни эсласам, кўзимга беихтиёр ёш келади. Одамлар қанчалар хор-сарсон бўлган, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашарди. Урушга отасини ёки ака-укасини юбормаган оила деярли қолмаган. Қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди. Уруш келтирган кулфатлардан азият чеккан одамлар фарёдини таърифлашга сўз ожиз эди.

Уруш ва урушдан кейинги йилларда кундузлари буғдой ўриб, тунда машоқ терардик. Катта қозонда атала қилиниб, ҳаммага бир косадан бериларди. Ўша пайтларда қанча-қанча одамлар очликдан нобуд бўлди. У даврларни эсласам, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтираман.

Ибодатхон она раҳматли турмуш ўртоғи Деҳқонбой Йўлдошев билан бирга 9 нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказди. Бугун у 33 нафар набира, 50 дан ортиқ чеваранинг бувижониси бўлиб умргузаронлик қилмоқда. Онахонни йўқлаб келгувчи қариндош-уруғларнинг, маҳалла аҳли, момони биладиган одамларнинг қадами унинг хонадонидан узилмайди.

- Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин. Шундай тинч, дориломон кунларда яшаяпмиз, - дейди онахон. - Бу кунларни қадрига етиш керак, эсимни таниганимдан буён ҳозирдагидек фаровонликни кўрмаганман. 

 Колхозда ишладим, умрим меҳнат билан ўтди. Ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади.

Қувонч-ташвишларга тўла ҳаёт йўллари, пурмаъно сўзлари билан юртдошларимизга ибрат бўлиб, бугунги фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, юртга тинчлик, тўкинлик тилаб, ҳамиша дуода яшаётган Ибодатхон она сингари табаррук оналаримиз бор экан, ҳаётимиз ҳамиша файзлидир. Бахтимизга улар ҳамиша соғ бўлсин.

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Хўжаободда 51 боланинг суннат тўйи ўтказилди

Хўжаобод тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида туманда истиқомат қилаётган оилаларнинг 51 нафар фарзандига суннат тўйи ўтказиб берилди.

Меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, дўстлари иштирокида ўтказилган тўй тантанасида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

Кам таъминланган оилалар   фарзандлари бўлган болажонларнинг суннат тўйлари ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги кенг жамоатчилик, айниқса, тўйболалар ва уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди.

- Туманимизда аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Хўжаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳидилхон Нишонова. - Қолаверса, ушбу тўй    халқимизга хос саховат, меҳр-оқибатнинг, кўмакка муҳтож оилалар вакилларининг кўнглини обод қилишдек хайрли ишларнинг ёрқин намунасидир. 

Ўтказилган тўй тадбири қўли юпқалиги учун фарзандига тўй қилишга имкон тополмаётган оилалар вакиллари кўнглини тоғдай кўтарди.

- Иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди Кўприкбоши маҳалласида яшовчи Санамхон Усмонова. - Фарзандимиз Исломбекнинг хатна тўйини ўтказишга ҳеч имкон қилолмаётган эдик.     Шукрки, яхши инсонлар кўмаги билан ўғлимнинг суннат тўйи ўтказилди.  Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ишлар, биз каби имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди.

Хомий ташкилотлар томонидан тўй болаларга уст-бош қилиб берилди, велосипедлар, эсдалик совғалари топширилди. Вилоят ҳокими тўй болаларнинг ҳар бирининг онасига 1 миллион сўмдан тўёна берди.

- Ёшим етмишга яқинлашиб қолди, - дейди Нишоббўйи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Саодатхон Мадраҳимова. -  Шу ёшга кириб, ўзим ёки ёши улуғлардан давлат шунча болага тўй қилиб берганлигини ҳатто эшитмаганман. Бугунги тантанада бир эмас, икки  набирамнинг тўйи бўлди. Бирига қилса, яна нимагадир етказа олмай амаллаб тирикчилик ўтказаётган  оилага кўрсатилган эътибордан ўша оила вакиллари қанчалар хурсанд бўлишини ҳамма ҳам ҳис эта олмайди. Оддий бир қишлоқ аёли, оддий бир инсон сифатида ўзимнинг, оила аъзоларимнинг қувончини сўз билан таърифлай олмайман. Давлатимиз раҳбарига, мана шундай хайрли ишлар ташкилотчиларига барча оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг эртанги кунга, давлатимизга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Минаввархон МИРСАЕВА,

Хўжаобод тумани хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси.

Опа-сингилларимиз турли муаммолар гирдобига тушиб қолмасин

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Ватан равнақи, юрт келажаги ҳақида сўз борганда, мазкур жараёнда хотин-қизларимиз фаол иштирок этаётганликларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса, ёш авлод тарбияси, оилалар барқарорлигини таъминлаш, кишилар ўртасида меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамлашда муҳтарама аёлларимизнинг ўрни ва роли беқиёс.

Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан йил дастури, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мавжуд 56 та маҳаллаларда "Аёл жамиятнинг фаоли,  бунёдкор кучи", "Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажримларнинг олдини олишда отинойиларнинг вазифалари", "Тадбиркорлик, ҳунармандчиликка хотин-қизларни жалб этиш" сингари ўнлаб мавзуларда тадбир ва мулоқотлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида "Хотин-қизлар қўмитасининг жамоатчилик кенгаши" шакллантирилди. Улар кўмагида жойлардаги муаммолар аниқланиб, ечимини топишга ҳаракат қилинмоқда. Ёш ва низоли оилаларга ибратли оилалар вакиллари бириктирилди. Бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида ажрим ёқасидаги 47 оила яраштирилди. "Ўрта",  "Темирхўжа", "Кўтармачек" маҳалла фуқаролар йиғинларида ўндан зиёд шаръий никоҳлар расмийлаштирилди.

Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман бош имоми, ФҲДЁ бўлими, Оила маркази, Ёшлар иттифоқи раҳбарлари маъмурий суд судьяси, ИИБ бўлими ходимлари, туман бош           отинойиси, оила психологияси фани ўқитувчиси таркибидаги ишчи гуруҳ томонидан "Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби" ўқув      курслари ўтказилиб келинмоқда. Бу ерда ёшлар оиланинг муқаддаслиги, арзимаган муаммолар туфайли оилани барбод қилиш нотўғри эканлиги, оилавий муносабатлар ҳақида зарур билимлар олмоқда.  Оила қуриш арафасидаги ёшлар ушбу курсни тамомлаганларидан сўнг уларнинг қонуний никоҳдан ўтишлари йўлга қўйилди. 

Маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари бизнинг асосий таянчимиздир. Уларнинг, қолаверса, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари етакчилари ҳамда фаолларимиз саъй-ҳаракатлари билан хотин-қизлар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва оилавий бизнесни ривожлантириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, тиббий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, шунингдек, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб  борилмоқда.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида "Ҳасан-Ҳусан", "Марказ", "Топтиқ", "Ўрта", "Узункўча", "Чаққон-2", "Қашқар" маҳалла фуқаролар йиғинларида тикув цехлари ташкил этилди, 200 нафар хотин-қизнинг  бандлиги таъминланди.

Опа-сингилларимизнинг турли муаммолар гирдобига тушиб қолмаслиги, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳам изчил олиб борилмоқда.  Маҳаллаларда жиноятга мойил хотин-қизлар аниқланиб, улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилмоқда. Уларга ҳуқуқий, психологик, маънавий ёрдам кўрсатилиб, руҳиятида, ҳаётида ўзгариш ясашга, ўзини жамиятга керакли инсон эканлигини ҳис этишларига кўмаклашилмоқда.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида, маҳаллаларда "Қизларжон" клублари фаолиятини кучайтириш, қизларимизнинг маънавиятини, кийиниш маданиятини юксалтириш, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг бахтли яшашларини таъминлашдир.

 

Зилола ТОШТЕМИРОВА,

Олтинкўл тумани ҳокимининг ўринбосари,

хотин-қизлар қўмитаси раиси.