+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

04 Апр 2019

Кимгадир фойдам тегса - шунинг ўзи бахт менга

Ҳакимахон опа Нишоновани яхши биламан, у салкам 35 йил телевидение соҳасида ишлаган. Дастлаб вилоят телевидениесида, кейин "Водий садоси" телерадиокомпаниясида кадрлар бўлими бошлиғи, касаба уюшма қўмитаси раиси бўлиб самарали фаолият юритган.

Пенсияга чиққач, Ҳакима опа фарзандлари, набиралари ардоғида уй юмушларига, рўзғор ташвишларига шўнғиди. Ҳамиша кўпчилик орасида, ижодий жамоа қуршовида юрган инсон уйда зерикиб қолди, ишни, ташкилотчиликни қўмсади. Маҳалладошлари унга маҳалла фуқаролар йиғинида ишлашни тавсия этдилар. Шу тариқа, ҳамиша фаол ва ташкилотчи бўлган Ҳакимахон опа Андижон шаҳридаги "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисига айланди.

- Фуқаролар йиғинида 7260 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярми хотин-қизлардан иборат, - дея гап бошлайди Ҳакима опа. -  Биз мавжуд 850 та  хонадон муҳити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммолари,  оила аъзоларининг ўзаро муносабатларини ўрганиб, оилаларни мустаҳкамлашга, ажримлар, эрта ва ноқонуний никоҳларнинг олдини олишга, қизларни турмушга тайёрлашга, хотин-қизларимизнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб боришга ҳаракат қилаяпмиз.  Қутлуғ Наврўз байрами кунлари якка-ёлғиз, бемор қариялар, кам таъминланган хонадонлардан хабар олдик. Йиғинимиздаги яраштирув комиссияси саъй-ҳаракати, фаол аёллар, оқсоқоллар маслаҳати билан аразлашиб юрган 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлдик. Ёшлар орасида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Турмуш қуриш арафасидаги қизлар, шунингдек, ёш келинлар, ҳомиладор аёлларнинг саломатлиги, туғруқлар оралиғига, шаръий никоҳларни расмийлаштиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуддаги 6-оилавий поликлиника билан яхши ҳамкорлик ўрнатган. Тез-тез тиббий кўрик, шифокорлар билан аҳоли ўртасида учрашувлар, давра суҳбатлари, ўсмир ёшдаги қизлар иштирокида мулоқотлар ўтказиб турилади. Наврўз байрами кунлари ҳудуддаги оилавий ётоқхонада тиббий кўрик ташкил қилингани, туғиш ёшидаги хотин-қизларнинг барчаси кўрикдан ўтказилгани бунга мисолдир.

- Ҳудудимизда 2 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим муассасаси жойлашган, - давом этади мутахассис. - Бошланғич хотин-қизлар қўмиталари билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз.  "Қизларжон" клубига уюшмаган ёшларни қамраб олиб, уларни касбу ҳунарга йўналтиришга, эпли қилишга, оила, рўзғор илмини ўргатишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳалламизда йигитлар учун ҳам қандайдир клуб ташкил этишни режалаштириб турибмиз. Мақсадимиз, йигитларниям оилага тайёрласак, эркак кишининг оиладаги вазифалари, масъулиятларини болаликдан, ўсмир ёшдан онгига сингдириб борсак, жуда яхши бўларди.

Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, иш бошлаш ниятидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият бериляпти. Яқинда тадбиркор Севинч Содиқова "Талабаликка қадам" деб номланган ўқув марказини очди. Бу ерда абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш, тил ўргатиш курслари ишлаб турибди. Тадбиркор Дилоромхон эса мактабгача таълим муассасаси очиш ниятида. Маҳалла мутасаддилари уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, фаолиятини йўлга қўйиб олишида ёрдам кўрсатмоқда.

Ҳакима опа турмуш ўртоғи Умаржон Баҳромов билан 3 фарзандни тарбиялаб вояга етказди, элга қўшди. Катта ўғли Саидкамол тадбиркор, кичик ўғли Саиджалол "УзКорамКо" қўшма корхонасида назоратчи, қизи  Ҳамида эса фармацевт. 3 набиранинг суюкли бувижониси Ҳакима опанинг оиласи ҳавас қилса арзигудек.

- Аслида пенсияга    чиққанингдан кейин ишлагинг келмайди. Чунки, фарзандларинг улғайган, истаганингни муҳайё қилади, ишлашга ҳожат йўқ, аммо, аёлларнинг кўз ёшини кўрсам, жим қараб туролмайман, - дейди Ҳ.Нишонова. - Ҳаётда қийналган аёлларга ёрдам бергим келаверади, кўнглим жуда бўш, табиатан раҳмдилман. Бир кишининг оғирини енгил қилиб, дардига малҳам бўлиш, кўнглини кўтариш ҳам катта савоб, ахир. Маҳалла фуқаролар йиғинига шунинг учун ишга кирганман. Кимгадир фойдам тегса, озгина бўлсада, ёрдам бера олсам, ҳаётга бўлган қизиқишини ошириб, ишончини, қувончини қайтара олсам, шунинг ўзи бахт менга. 

Маҳалла мутахассислиги ғоят масъулиятли, машаққатли лавозим. Тақдирлар эса турфа, феъл-атворлар турлича. Кимгадир панд-насиҳат ёқмайди, кимдир "оилавий ишимга аралашяпти", деб ёмон кўриши мумкин. Бироқ, кимдир тўғри йўлга тушяпти, кимнидир оиласи тикланяпти, бировнинг рўзғорига ёрдам бўляпти, яна бировнинг кўнгли обод, хуллас, машаққатли меҳнатнинг самараси кўринмоқда. Ҳакимахон Нишонова назарда тутган бахт ана шу бўлса керак.

Муаззам ИБРОҲИМОВА