+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Онажон

 

Сиз менинг қуёшим, ойим эдингиз,   

Меҳру муҳаббатга бойим эдингиз,     

Юрагим интиққан жойим эдингиз,

Сизни излай, юрагим тилим, онажон?

 

Машъум уруш йилларини кўрдингиз,

Йиғлаб-йиғлаб дадажоним кутдингиз,  

Ҳеч келмагач, қону зардоб  ютдингиз,

Сабрлигим,  бардошлигим, онажон!

 

Қадоқ қўл-ла  кетмонларни чопдингиз, 

Фарзандларга ҳалол луқма топдингиз,      

Тандир-тандир бизга нонлар ёпдингиз,

Меҳнаткашим, беғуборим, онажон! 

    

Учта қизни етказдингиз вояга,  

Ўзни офтоб, бизни қўйиб сояга,    

Бизлар учун айландингиз қояга,

Сабрлигим, чўнг виқорим, онажон!

 

Ҳеч нимага зориқтирмай, кулдириб,

Уйимизни бахтга, гулга тўлдириб,

Яшатдингиз армонларни ўлдириб,

Тоза виждон, номус орим, онажон!

 

Ўтган куни сизни тушда кўрибман,  

Иссиқ бағрингизга бошим қўйибман, 

Меҳрингизни бир он тушда туйибман,

Сиз эдингиз йўғу борим, онажон!

 

Энди сизни қаерлардан излайин,   

Кимга дардим айтиб, кимга бўзлайин,

Мадҳингизни ашъорларда сўзлайин,

Мангу армонимсиз, жоним онажон!

 

Мунисхон МАҲМУДОВА,

Андижон шаҳри.

 

Ватан

Номинг жаҳон бўйлаб танилди бугун,

Дилимда қувонч, чексиз фахр-ифтихор. 

Сенга шеърлар битай, достонлар битай,

Она юртим, муҳаббатим қилмагин инкор.

 

Сенинг қучоғинг бўстон, ажиб бир даргоҳ,

Иссиқ меҳрингга мен асло тўймайман.

Ташвиш, шодликда сендан топаман паноҳ,

Ўгитларинг, ор-шаънинг дурдек асрайман.

 

Ўтмишда не кунларни ўтказдинг бошдан,

Халқни нурли манзилга етказдинг омон.

Ҳеч сўнмас машъаласан, ёруғ юлдузсан,

Жаҳонаро қадди юксак ҳур, Ўзбекистон!

 

Моҳинур АБДУВОҲИДОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби

8-синф ўқувчиси.

 

 Қайтар дунё

 

Ногоҳ узсанг бир дона баргни,

Танласанг гар ҳар доим хақни,

Ҳадя қилсанг ёр-дўстга дардни,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Не балолар келса бошингга,

Гард юқтирма ғурур тошингга.

Бефарқ бўлма келгин ҳушингга,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Ширин сўзни аямасдан соч,

Ёмон йўлдан юрма, доим қоч.

Яхшиларга ҳар дам бағринг оч,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Гулибону ЮНУСОВА,

АДУ 1-босқич талабаси.

 

Аёл

Аёлга гул тутинг, кўнглини олинг,

Унингсиз бемаъно туюлар ҳаёт.

Бир умр ёрингиз ёнида қолинг,

У ҳақда ёзилар энг гўзал баёт.

 

Кўп нарса керакмас аслида унга,

Бир оғиз ширин сўз, меҳру оқибат.

Кифоя, овуниб юради шунга,

Фахрлансин фақат сиздан тоабад.

 

Севимли ёр ўша, меҳрибон она,

Аёлнинг кераксиз, хунуги бўлмас.

Улар йўқ қоронғу, ғарибдир хона,

Йўқлиги мотамдир, кўнгиллар тўлмас.

 

Аёлни эъзозланг, қадрига етинг,

Кўзида ёш эмас, порласин қуёш.

Корига яранг сиз, мудом шод этинг,

Шунда тотли ўтар, ҳар луқма-ю ош.

 

Донохон ИБРАГИМОВА,

 Андижон шаҳри.

 

Она

Она, кўзларингнинг нурини олдим,

Мени деб ўтди-я тунларинг бедор.

Мен ношуд сочларинг қорасин олдим,

Мени деб ёғди-я бошларингга қор.

 

Бошингга ташвишлар солганимда эҳ,

Fамлардан юзингни ажинлар босди.

Тик қаддим, жамики ҳуснингни олдим,

Қошинг қаролиги қолмабди рости.

 

Гўдакликдан токи шу ёшимгача.

Мени ўйлаб она, ҳолинг толибди.

Кулгингни, умрингни, барин олибман,

Фақат олмаганим кўнглинг қолибди.

 

Бир бора кўнглингни олмабман, она...

 

Ҳурматой АЗИМШЕР қизи,

Асака тумани.

 

Изларингиз қаерда?

Юртни чақирдим бугун,

Ёзиб катта дастурхон.

Аммо йўқсиз отажон,

 Изларингиз қаерда?

 

Келди қанча халойиқ,

Айтди, таҳсинга лойиқ.

Юрагим тирнар оғриқ,

Изларингиз қаерда?

 

Суйган набирангизни,

Бўлмоқда қаранг тўйи.

Сиз йўқ бошим қуйи,

Изларингиз қаерда?

 

Қани, энди ўполсам,

Қўлларингизни отам.

Кетар барча ғам, алам,

Изларингиз қаерда?

 

Дўсту-ёр, биродорлар,

Чойхонада бўлсалар.

Кўзларимга ёш келар,

Изларингиз қаерда?

 

Соғинсам сизни эслаб,

Борай қайга сўроқлаб?

Юрайми дарё бўйлаб,

Изларингиз қаерда?

 

Эшитсангиз ноламни,

Барча дарду аламни.

Қўлланг доим боламни,

Изларингиз қаерда?

 

Гулнора  МАҲКАМОВА,

Избоскан тумани.

 

ДАДА

Анча бўлди, сўролмадим  ҳол,

Дадажоним,тинчми руҳингиз?

Биз соғ-омон  юрибмиз, алҳол

Яратганга етган оҳингиз?

 

Истагингиз ижобатидир - 

Изингиздан бормоқда  илдам,

Сўзи билан ниятлари бир,

Илм излар набиралар ҳам. 

 

Онам кирди сиз кирган ёшга,

Мен ғофил ва беғамман ҳамон,

У  ошнодир  сабр-бардошга,

Мен бандман "зўр ғоя"лар билан. 

 

Сизни ҳали кўп яшайди деб,

Қўйган эдим бирдан йўқотиб...

Сўнг оламни тутди фарёдим,

Сўнг ўзимни  қўйдим  йўқотиб!..

                                                                                                                                                                             

Соғинч ҳисси ўртаган они,

Унсизгина кўзим ёшлайман,

Кекса авлод юртдошларимга

Меҳр билан назар ташлайман.

 

Онам анча кексайиб қолди,

Сизни эслаб сўзлар хотира.

Мен-чи фоний дунёси ичра

Майда ташвишларга  асира.

 

Руҳингиз тинч бўлсин, дадажон, 

Иймон ҳамроҳ авлодингизга.

Илм излар набиралар ҳам,

Доғ туширмас пок ёдингизга.   

 

 Хуршида ВАҲОБЖОН қизи

 

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ!

Синовга бой бўлган сеҳрли ҳаёт,

Сенга битмишлар қимматли баёт.

Отамсиз муздек қалб, ёлғиздир хайҳот,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Ёрдам керак пайти ёнимда турсин,

Ютуққа эришсам, қувониб кулсин.

Онам билан узоқ давронлар сурсин,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Орзу-ҳавас ила қасрлар қуриб,

Бағрига бош қўяй, қувончдан кулиб.

Отамни қидириб, тиконла юриб,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Отам ҳам кўрсинлар менинг тўйимни,

Кўкларга чўзилган узун бўйимни.

Отамсиз кўринглар менинг кўйимни,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Бойлигим, давлатим бу - менинг отам,

Азизим, жаннатим бу - менинг онам.

Улар бўлмаса-чи, олам бир мотам,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Сарвиноз РАҲИМБЕРДИЕВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби 10-синф ўқувчиси.

 

               Бир кам дунё

Менга Сиздай ҳеч ким меҳр бермади, она

Сиз кўргандай биров яхши кўрмади, ота!

Кўнглингизни олмай, дедим болам-чақам,

Окибатсиз ўтдим-а шуниси биркам...

 

Мени жондай кўрган, жонажон акам,

Бор-йўғимга куйган, меҳрибон акам.

Йиллар ўтди энди, жон нисор акам,

Ҳар замонда келар, шуниси биркам...

 

Рўзғорим бекаму-кўст эмас дедим,

Сизни кўп ранжитиб, озорлар бердим.

Жонимга жон бўлган умр йўлдошим,

Қадрингизга етмадим, шуниси биркам...

 

Аллоҳ берган неъмат - фарзандларим,

Қизим, ўғилларим, жигарбандларим,

Баъзан истаган нарсангиз бера олмадим,

Армонда яшайман, шуниси биркам,,,,

 

Минг шукр дунёнинг камларига ҳам,

Берган қувончлари, ғамларига ҳам.

Не бўлса ёнимда сиз - синглим-опам

Мени соғинмайсиз, шуниси биркам...

 

Дилфуза РЕЖАВАЛИЕВА,

Булоқбоши тумани.

 

 

СоFинч

Туш кўрибман тонг арафаси,

Юрганмишман шодон, қувона.

Ҳовлимизни шодон кезардим,

Уй тўрида муштипар она.

"Онажоним, соғиндим" дея,

Ошиқардим у томон шошиб.

Боқар эдим нигоҳларига,

Юзларидан ўпардим қучиб.

Узоқларда меҳрингиз қўмсаб,

Онажоним келдим соғиниб.

"Қизим мени соғинмадингми?,

Келмадинг-а" - деди оғриниб.

Нима қилай онажонгинам,

Қиз болангиз палахмон тоши.

Яратганнинг қисмати экан,

Қайда ризқи, қайда нон оши.

Чидолмадим соғинч зарбига,

Йил ўтди-я сизни кўрмадим.

Ширин сўз-у, меҳри дарёйим,

Беозорим, сизни қўмсадим.

Тўйиб олай дийдорингизга,

Меҳрингиздан топайин паноҳ.

Лек туш экан, уйғондим чўчиб,

Сизни яна йўқотдим, э воҳ.

Яратганим, бу қисмат экан,

Ҳаётимдан нолимам ҳаргиз.

Аммо сендан ягона ўтинч,

Онажонимни жаннатга киргиз...

 

Маъмура МЕҲМОНОВА,

Андижон шаҳридаги

13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

                 Ёшлик

Шамол эсиб, япроқ шитирлаганда,

Абадий қолишинг тилардим сенинг.

Ойдин кечаларда шеърлар ёздирган,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Орзулар рўёби бир сенга боғлиқ,

Муҳаббат, ютуқлар, бойлигу соғлиқ.

Орзу-умидларга юраклар тўлиқ,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Кун келар бир куни ортга қарайман,

Беғубор дамларим бир  хотирлайман.

Ўтган ҳар бир кунимни мен қадрлайман,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Акмалжон АБДУРАҲМОНОВ,

Андижон туманидаги 54-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 Ҳижрон

Кўзларимда куларди шодлик,

Армон дилга бермасди халал.

Қўлларимдан тутолмай ҳижрон,

Ортда қолиб кетарди ҳар гал.

 

Тотиб кўрдим дунё мазасин,

Кўз ёшимдек тахир-ку таъми.

Бизлар айро бўлган ўша кун,

Тўлдимикан дунёнинг ками.

 

Армон мени бахт кемасида,

Ташлаб кетди ҳижрон қаърига.

Энди дунё камин тўлдириб,

Яшайманда кўниб барига.

 

Махсума РЎЗИБОЕВА,

Муҳаммад Юсуф ижод  мактаби ўқувчиси.

 

Дўст танлашда адашманг

Нега менга шунча азоб,

Бир бошимга шунча ғам?

Наҳот хиёнат қилса,

Дўст деб ўйлаган одам?

 

Ютуғимдан қувонар,

Дардимга шерик дебман.

Унга сирларим айтиб,

Беҳуда фириб ебман.

 

Ҳасадини ҳавас деб,

Қўйнимга тиқдим илон.

Кейин билсам узганим,

Гул эмас, чиқди тикон.

 

Номардга қўл узатиб,

Беҳуда гап талашманг.

Азизлар, дўст танлашда,

Хато қилманг адашманг.

 

Мадина ШОДМОНОВА,

Андижон тумани, Храбек қишлоғи.

 

Таскин

Деразадан боқаман шовқин шаҳарга,

Аммо шовқинлари қулоққа кирмас.

Майда-майда ёққан ёмғирлар ҳатто,

Ожиз юрагимга малҳам бўлолмас.

 

Қидираман борлиқдан турфа хил ранглар,

Лекин кўринмайди бирор нишона.

Ўзим ўйлаб топган хаёллар билан,

Сайр қилиб юраман аста пинҳона.

 

Билмам нима бўлди экан ўзимга?,

Хувиллаб қолди-ку гавжум юрагим.

Балки қалбимдаги яширин ҳислар,

Амалга ошмаган армон, тилагим.

 

Гарчи ўчган бўлса-да юракда олов,

Учқунлари қолган, буни сезаман.

Балки ҳозир сўниқ бўлсада, аммо,

Бир куни ёнишин яхши биламан.

 

Гулбаҳор ЁҚУБОВА,

 

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби 10-синф ўқувчиси.

СИНГИЛЛАР - ЮРАКЛАРНИНГ ПАРЧАСИ

Мулоҳаза

Ҳар сафар қишлоққа борсам, бувижоним менга қизиқ-қизиқ воқеалар, ҳикоялардан гапириб беради. Бувимнинг ибратли ҳикояларидан, ҳикматга тўла ривоятларидан ғоят таъсирланаман. Уларда меҳр ва қаҳрнинг, эзгулик ва ёмонликнинг, садоқат ва хиёнатнинг,  саховату қабоҳатнинг кураши акс этиши, якунда ёмонлик жазосиз қолмаслиги, эзгу иш эса ажру  мукофотланиши юрагимни тўлқинлантиради.

- Бувижон, шунча илмни қаердан олгансиз?, - дея сўрайман.

- Китоблардан, болам, - дейдида бувижоним пешонамдан ўпиб, сочларимни силаб қўяди.  - Мен китоб ўқишни яхши кўрардим. Дадам ўта жиддий, қаттиққўл инсон бўлгани билан, менинг илм олишимга, китоб ўқишимга қаршилик қилмасди. Аксинча, қаердан бўлса ҳам  китоблар олиб келиб берарди. Мен кўп нарсаларни китобдан ўқиб-ўрганганман.

Бир куни яна бувимникида ётиб қолдим. Эрталаб нонуштадан сўнг ойимнинг холалари, яъни бувимнинг сингиллари келишди. Бироз гаплашиб ўтиришди, болаликларини эслашди, нималарнидир маслаҳатлашишди. Улар кетишгач, бувимнинг олдига кирсам, кўзлари қизарган, йиғлаб ўтирибди.

- Бувижон нима бўлди?, - дея сўрадим.

- Сингилларимни кўриб, отам билан онамни кўргандай бўлдим. Бирининг кўзи онамникига, бошқасиники отамникига ўхшайди. Катта синглим онамдек мулойим, кичик синглим отамдек сержаҳл. Иккалалари ҳам ёши ўтиб кексая бошлагани сари, худди отам ва онамнинг кўриниши, феъл-атворини олаётгандек. Бахтимга соғ бўлишсин, илойим.

Бувимнинг гапларидан кўнглим алланечук бўлиб кетди. Наҳотки сингиллар инсонга шунчалик қадрли бўлса?!

Кўз олдимга синглим билан уришганларимиз, ота-онамни доим ундан қизғанишим, синглимга худди рақобатчимдай қарашларим келди. Кўнглимдан ўтганларни сезгандай, бувим яна ривоятдан мисол келтириб,  гап бошлади:

- Ривоятларда айтилишича, бир йигит оламдан ўтибди. Қилган гуноҳ ишлари, ёмонликлари кўп экан, дўзахга тушибди. Бутун аъзойи бадани олову оташда ёнармишу, бир қўли ва юзига ҳеч нарса бўлмасмиш. "Нега бу одамнинг ўнг юзи ва қўли жаҳаннам оловида куймаяпти", деб сўрасалар, йигит бир маҳалладан ўтиб кетаётганда, "ҳув анави кўчада менинг синглим яшайди" деб, ўнг юзини буриб, ўнг қўли билан синглисининг уйини кўрсатган экан. Кўрдингми болам, сингилни эслагани, унинг уйини  кўрсатгани учун унинг юзи ва қўли жаҳаннам оташидан омон қолди. Агар бу йигит синглисини тез-тез йўқлаб, меҳр кўрсатганида эди, балким, дўзах оловидан бутунлай қутулган бўлармиди.

Сингил - яхши-ёмон кунингда елкадош, оғрисанг дарддош, ҳеч кимга айтолмаган сирларингга сирдош, энг асосийси, ота-онангдан қолган ёдгордир. Сингил - қиз бола учун энг яқин дугона ҳисобланади. Менинг гапларимни йиллар ўтиб тушунасан. Бир кун турмуш қурсанг, ота-онанг, синглингнинг қадрига етасан. Билиб қўй, бола топилар, эр топилар, уй-жой, мол-мулк топилар, аммо онанг сенга бошқа сингил туғиб беролмайди. Синглингни кўп ранжитмагин, хўпми? 

Ҳа, ўйлаб қарасам, синглиси бор кишилар энг бахтли инсонлар экан.

Тан олинг, синглингиз уйга келганингизда қаршингизга пешвоз чиқмайдими?

Онангиз иш буюрса, сиз кўзингиз билан дарҳол синглингизни қидириб қоласиз. Майда-чуйда, югур- югур ишларингизга тайёр дастёр у, жаҳлингиз чиққанда алам оладиган, оғрисангиз оёқ-қўлингизни уқалайдиган ҳам шу сингил!

Уйга кеч қолганингизда онангиздан аввал хавотир оладиган, кирларингизни отиб берсангиз ғудраниб бўлсада ювиб, дазмоллаб берадиган ҳам сингилдир.

Сингилларни мадҳ этиб кўплаб шоирлар шеър ёзган, хофизлар қўшиқ куйлаган. Бу ҳам сингилларга бўлган меҳр, узилмас ришта, муҳаббат.

Бувимнинг гапларидан сўнг ўйлаб қолдим: синглим билан ҳар қанча уришиб-талашмайлик, тезда ярашиб кетамиз. Биргалашиб хонамизда дарс тайёрлаймиз, келажакка орзулар қиламиз. Агар уни кимдир ноҳақ хафа қилса, ўша заҳоти мендан таъзирини ейди. Демак...

У менинг бир қориндан талашиб тушган жигарим, юрагимнинг парчаси. Шунинг учун уни жуда яхши кўраман.

Синглингиз борми, қадрдонлар? Бор бўлса, уни яхши кўринг, қадрланг, меҳр кўрсатинг, тез-тез йўқлаб туринг. Зеро, сингил - нафақат бу дунёда тиргагингиз, балки, у дунёда жаҳаннам оловидан асрагувчи малҳамингиз ҳамдир.

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА,

Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси.

Саҳарликда барака бор

Ҳидоят нури

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор", - дея марҳамат қилган эканлар. Дарҳақиқат, саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар", - деганлар.

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб сув ичиб олиб, кейин саҳарликка таёргарлик кўрилса, 10-15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутуламиз.

Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирдаям имкон қадар фақат кўк чой ва албатта, уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.

Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизни тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:

- ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;

- меъёридан ортиқ аччиқ чой ичиш;

- дудланган гўшт маҳсулотлари;

- тузи кўп маҳсулотлар;

- тузлама маҳсулотлар;

- кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;

- шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш (табиий ширинлик ейиш керак);

- барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;

- лавр япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи маҳсулотлар.

Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.

Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, сутнинг ўзи жуда ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.

Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.

Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.

Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг    дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва  бошқа касалликлардан бирваракайига халос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.

Сайфиддин ЮЛДАШЕВ,

 

Андижон шаҳри.

Бобомнинг хотираси халқимиз қалбидан ўчмайди

Ёднома

Султон Жўра 1915 йил 1 январда Бухоронинг       Шофиркон туманидаги Қоғолтом қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди.  Уч-тўрт   ёшлигидаёқ   ота-онасидан   жудо   бўлиб, қариндош-уруғлари   тарбиясида   бўлади.   Сўнгра     Шўро мактабларида бошланғич таълимни олиб, 1930 йилда Бухородаги Эрлар билим юртини тамомлагандан сўнг, мактабда ва билим юртида ўқитувчилик қилади. 1936-1939 йилларда у Андижон педагогика институтида ўқийди. Институтни тамомлагач, ана шу илм даргоҳида талабаларга дарс беради.

У бор-йўғи  33 йил умр кечирди. Бироқ ана шу қисқа ҳаёти давомида юртимизнинг забардаст зиёлиси, иқтидорли ижодкор,  Ватан ҳимоячиси сифатида ном қолдирган инсон эди.

Унинг биринчи   шеъри 1927   йилда "Меҳнат   қўйнида"  номи билан "Янги йўл" ойномасида чоп этилади. Султон Жўра Андижонда ўқиган, яшаган даврида самарали меҳнат қилди, шу билан бирга, унинг ижоди юксак чўққига кўтарилди. шу ерда дарс берган; Иккинчи жаҳон урушида қатнашган; урушда ҳалок бўлган. Ана шу йилларда унинг "Фидокор", "Шодлигим", "Очиқ чеҳралар", "Москва" шеърий тўпламлари эълон қилинди. Айниқса, 1939 йил шоир ижодининг энг самарали палласи бўлди. "Парвознома" балладаси, халқ ривоятлари асосида "Зангори гилам", "Қалдирғоч" шунингдек, "Карим ва Қундуз" достонларини ёзди. Шоирнинг 1938 йилда машҳур итальян астрономига бағишланган "Бруно" достони 30-йилларда яратилган ўзбек достонларининг яхши намуналаридан ҳисобланади.

Бадиий соддалик, самимийлик, оғзаки ижодга яқинлик Султон Жўра шеъриятининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади. Султон Жўранинг адабий меросида болалар ҳаётидан олинган асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг сўнгги асари  - "Ирода" драмаси Андижон вилоят театрида саҳналаштирилган.

Султон Жўра 1939 йилда педагогик ва адабий фаолияти учун "Ҳурмат белгиси" ордени билан тақдирланганда эндигина йигирма тўққиз ёшга тўлган эди. У Александр Фадеев, Михаил Шолохов, Янка Купала, Петрусь Бровка, Сергей Михалков, Валентин Катаев, Fафур Fулом, Абдулла Қаҳҳор сингари ўша даврларнинг улуғ адиблари қатори ана шу мукофот соҳиби бўлган.

Султон Жўра 1942 йилда кўплар қатори кўнгилли бўлиб фронтга кетади. Унга ҳарбий газеталардан бирида ишлаш таклиф этилади, лекин у таклифни рад этиб, ҳаракатдаги армия сафида фашистларга қарши жанг қилишни маъқул топади.

Шоир душманга қарши ҳам қурол, ҳам қалам билан жанг қилди. У Белоруссия фронтида 2-гвардия дивизия пулемётчиси бўлиб хизмат қилди. Юртдошларимизни Ватанни ҳимоя қилишга чорловчи, душманни тор-мор қилишга бағишланган жуда кўп шеърлари  ҳарбий газеталарда чoп этилди.

1943 йил 14 ноябрь куни Белоруссиянинг Гомель вилояти, Лоевск туманидаги Борцовка қишлоғини озод этишдаги шиддатли жангларда шоир қаттиқ ярадор бўлади ва Пустая Гряда қишлоғининг тиббиёт-санитария батальонига етказилади. Бироқ, уни қутқаришга шифокорлар ожизлик қилди. У аввалига, шу қишлоққа дафн этилди, кейинроқ, унинг қабри Козероги қишлоғидаги қабристонга кўчирилади.

Султон Жўра билим доираси кенг инсон эди.  Ўзбек, рус, тожик, татар, қозоқ тилларида бемалол ўқир ва мулоқот қила оларди. Шунингдек, рубоб, гармон, скрипка, пианино сингари мусиқа чолғуларини  моҳирона чалар эди. У қисқа умр кўрса-да, ўзидан ёрқин хотира қолдирди. Жанглардаги мардлиги, Ватан учун фидойилиги, бетакрор ижоди билан халқимиз хотирасига муҳрланди.

Шоирнинг турмуш ўртоғи Моҳира Жўраева 2007 йилда 92 ёшга кириб оламдан ўтган. Ўғли Ботиржон ҳам ўзи сингари ижодкор бўлиб камол топган. Унинг - фарзанд ва набиралари бугун юртимизнинг турли гўшаларида истиқомат қилмоқда.

Шоир ҳақида мамлакатимизнинг таниқли киноижодкорлари Малик Қаюмов, Файзулла Хўжаев кинофильм яратган. Бундан ташқари, турли матбуот нашрларида кўплаб мақолалар, очерклар чоп этилган.

Ҳозирда Андижон шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида шоирнинг ҳайкали ўрнатилган.  Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида, Белорусь давлати Гомель шаҳридаги Ўлкашунослик ва тарих     музейида шоир ҳаёти ва ижоди акс эттирилган фотосуратлар, адабиётлар билан тўлдирилган бурчаклар ташкил этилган. Вилоятимиз марказидаги Хотира майдонидаги Хотира ёдгорлигида унинг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Мамлакатимизда Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган эътибор, улуғ зотларни ёд этиш, номларини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ишонамизки, кейинги йилларда бироз унутилгандек бўлган Султон Жўра номи ҳам янада қадр топади. Султон Жўра номи билан аталган кўчага унинг номи яна қайтади.

Жангчи шоирнинг порлоқ хотираси қалбларимиздан асло ўчмайди. 

Эльмира МУСТАФОБОЕВА, жангчи шоирнинг набираси.

Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси Одил судловни қарор топтириш, судьяларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилади

Мутахассис минбари

Судьялар одоб-ахлоқ кодекси Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши томонидан  2018 йил 29 январда тасдиқланган.

Судьяларнинг ахлоқ-одоб кодекси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов мустақиллигини, беғаразлиги ва лаёқатлилигини таъминлаш билан боғлиқ қатор меъёрларни ўз ичига олади.  Ҳар бир судьянинг конституция нормаларига, қонунларга ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси нормаларига қатъий риоя қилишини, фаолиятларини адолат ва холислик принциплари асосида олиб боришларини назарда тутади.

Судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори бўлиши одил судловга эришиш, яъни қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишининг муҳим омиллари ҳисобланади.

Судьялар фаолиятлари давомида Кодекс қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини, умуман, судларнинг нуфузини, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси 4 боб, 21 моддадан иборат бўлиб, биринчи бобда - умумий қоидалар; иккинчи бобда - судьянинг касбий фаолиятини амалга оширишдаги одоб-ахлоқ принциплари ва қоидалари; учинчи бобда - судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидалари; тўртинчи бобда эса якуний қоидалар ўз ифодасини топган.

Кодексда том маънода     судьянинг холислиги, беғаразлиги, адолатлилиги, ҳалоллиги, лаёқатлилиги, ҳамкасблари ва қўл остидаги ходимлари билан муносабатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги, суд процесси иштирокчилари билан ўзаро муносабати, илмий, педагогик ва бошқа йўналишларда фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар белгилаб берилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Кодекс Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Судлар тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Судьялар Олий кенгаши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Бир сўз билан айтганда,  Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси судьялар фаолияти қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, адолат принципларини қарор топишига, жамиятда     судьялар мавқеи ва нуфузини янада юксалишига хизмат қилувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

 Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси.

Носиржон ЗАЙНОБИДДИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди раиси. 

Инсонпарварлик тамойиллари тарғиб этилмоқда

8 май - Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳаракати ташкил топган кун

Ҳар йили 8 май бутун дунёда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. Мазкур ҳаракатнинг вужудга келиши тарихи  швейцариялик тадбиркор-филантроп, тинчлик бўйича халқаро Нобель мукофоти лауреати Жан Анри Дюнан номи билан боғлиқ.

Анри Дюнан 1828 йил 8 майда Женевада туғилган. 1859 йил 24 июнда Сольферино қишлоғи яқинида бўлиб ўтган жангнинг гувоҳи бўлди, жангда азобланиб ётган ярадор аскарларни кўрганлиги Дюнаннинг қалбини ларзага солди. Дюнан атрофдаги қишлоқлар аҳолисига жангда ярадор бўлган аскарларнинг қайси армияга, қайси миллатга мансублиги, қайси тилда гапиришидан қатъи назар уларга ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилади. "Барча одамлар - оға-инилардир" чақириғи бевосита унинг номи билан боғлиқ.

Бугун Дюнан асос солган Ҳаракат 200га яқин Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой миллий жамиятларини ўз ичига олади. Айни пайтда Ҳаракат таркибига 300 минг нафардан ортиқ ходим, шунингдек, 150 миллион нафардан ортиқ аъзо бирлашган. Улар томонидан  дунёдаги 400 миллион нафардан ортиқ кишига ёрдам кўрсатилмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамияти вилоят ташкилоти ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан Ҳаракатнинг инсонпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, Жамият Низомида белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар вилоят хотин-қизлар қўмитаси,  Фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш,  халқ ва ўрта махсус таълими бошқармалари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси  вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда вилоятдаги олий ўқув юртлари ўртасида  имзоланган ҳамкорлик меморандумлари орқали ижтимоий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.   Жорий йилнинг ўтган даврида улар билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ўтказилди.    

Жамият вилоят ташкилоти аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ва биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, турли  фавқулодда ҳолатлар туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш, ёшлар билан ишлаш каби қатор  йўналишларида фаолият олиб бормоқда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда "Фуқаро муҳофазаси ойлиги" доирасида вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртларида фавқулодда вазиятларда  "Биринчи ёрдам кўрсатиш асослари" бўйича қатор тадбирлар ўтказди.

Жамият  вилоят ташкилоти инсонпарварлик ташкилоти бўлиб,  жамият карамоғидаги якка-ёлғиз кексалар, ижтимоий химояга, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар ва ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида ҳам самарали ишлар олиб бормоқда.

Ташкилотнинг  "Меҳр-шафқат" хизмати томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга ижтимоий-маиший ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, жамият ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида инсоний фазилатларни кенг      тарғиб этиш, уларнинг қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, хайру саховат, бағрикенглик каби юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд вакилларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамият аъзоларини беғараз донорликка жалб этиш, фавқулодда вазият, табиий ва техноген хусусиятли офатлардан жарбланганларга ёрдам кўрсатишда иштирок этиш, аҳолини биринчи ёрдам кўникмаларига ўқитиш ҳамда соғлом турмуш тарзи, санитария-гигиеник билимларни бойитиш бўйича ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

 "Меҳр - шафқат" хизмати бўлими ҳамширалари томонидан 250 нафардан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз, ногиронлиги бор ва нафақадаги кекса кишиларга малакали тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Муҳим саналар, байрамлар арафасида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, хайрия ва мурувват ёрдамлари кўрсатиб келинмоқда.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Жамият қарамоғидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларининг уйларига бориб, уларга хайрия ва инсонпарварлик ёрдамлари  кўрсатилди.

Юқоридаги каби олиб борилаётган ишлар юртдошларимизнинг ана шу йўналишлардаги билим, тушунча ва кўникмаларини бойитишга, аҳоли ўртасида инсоний фазилатларни кенг ёйишга хизмат қилмоқда.

 

Холидахон МИРЗАРАҲИМОВА,

Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамияти вилоят ташкилоти раиси.

ҚЎШНИМ ТИНЧ-МЕН ТИНЧ, МАҲАЛЛАМ ОСОЙИШТА-ОИЛАМ ХОТИРЖАМ

Мутахассислар фаолиятидан

Асли касби педагог бўлган Муяссархон Умарова қарийб 25 йил халқ таълими соҳасида самарали меҳнат қилди. Бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш осон эмас. Бу муаллимдан кучли ирода, сабр-бардош, масъулиятни талаб этади. Муяссархон опа мурғак қалбларга маърифат олиб кирди, қўлларидан тутиб савод ўргатди, зиё улашди. 

Мактаб ишидан нафақага чиққач, уни маҳалла ишига таклиф қилдилар. Шу тариқа Муяссархон Умарова Андижон туманидаги Жаҳонобод маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисига айланди.

- Маҳалламизда 4300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди мутахассис. - Шундан деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади.

Маҳалламиз Боғишамолда жойлашгани учун бизда бандлик масаласи деярли муаммо эмас. Ушбу дам олиш масканида эрта баҳордан кеч кузгача дам олиш мавсуми бўлади. 100-150 нафар фуқаро савдо, хизмат кўрсатиш ишлари билан банд бўлади.

Хонадонларга кирсангиз, томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги ибратли ишларни кўриб завқланасиз. 

Йиғинимиз қошидаги Яраштириш комиссияси, кенг  жамоатчилик ҳаракати билан турли муаммолар туфайли аразлашиб юрган оилалар яраштирилмоқда. Муяссархон опанинг фикрича, ажралишларнинг олдини олишда маҳалла аҳлининг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этади.

- "Сен менга, мен сенга тегмай" қабилида яшайверсак, қўшнимизнинг турмушга чиққан қизи аразлаб уйига келиб ойлаб ўтирса,  билмасак. Маҳалламиздаги ҳомиладор келинчак жанжал сабаб ота уйига кетса индамасак, ажралиш, етим болалар қайдан камайсин?, - дейди М. Умарова. - Биз бугун "қўшним тинч - мен тинч, маҳаллам    осойишта - оилам хотиржам" иборасини шиор қилиб яшашимиз керак. Шундагина биронта оилада парокандалик бўлмайди.

Жорий йилнинг ўтган даврида аразлашиб юрган 3 оила яраштирилди. Шаръий никоҳ билан яшаётган 6 оиланинг никоҳи расмийлаштирилди. 3 нафар ота уйига келиб қолган маҳалла қизларини уйига олиб бориб яраштирдик. 2 нафар кетиб қолган келинларни эса қайтариб олиб келдик.

Маҳаллада оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудимизда жойлашган 39-умумтаълим мактабида ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида "Огоҳликка даъват!", "Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак!", "Ўз уйингни ўзинг асра" каби мавзуларда давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

- Маҳалламда маънавиятли, китобхон ёшлар кўпайишини истайман, - дейди мутахассис. - Биринчи пенсия пулимни олганимда 23- ва 39- умумтаълим мактаблари кутубхонасига  китоблар олиб берганман. Тадбиркорлар М. Султонов, А. Жўраев, Т. Азимов, У. Бозоров, В. Сирожиддиновлар ҳам маҳаллага ёрдамлашади. Улар ҳам ҳудудимиздаги мактабларга китоблар совға қилишди. Умуман, маҳалламизда кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда   

Қаҳрамонимиз бахтли оиланинг бахтли бекасидир. У турмуш ўртоғи билан фарзандлар тарбиялаб, қаторга қўшди. Халқимиз тинчлиги,  юрт ободлиги ва равнақи йўлида меҳнат қилаётган Муяссархон Умарова сингари фаол аёлларимиз сафи кенгаяверсин.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Хонободда ёшлар фестивали

Хонобод шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

 Қизиқарли ва тадбирларга бой ўтган мазкур фестиваль нафақат хонободликлар, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, қўшни Наманган,   Фарғона вилоятлари, пойтахтдан келган меҳмонлар, айниқса, ёшларга кўтаринкилик улашди.

Халқ сайли тарзида ўтган фестиваль вилоятдаги умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида ҳаваскорлар ўртасидаги велопойга мусобақаси билан бошланди. Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари эса барчага манзур бўлди.

Шаҳардаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Халқ артисти, кулгу дарғаси Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланиб ўтказилган аскиячи ва қизиқчилар танлови қатнашчиларининг ичакузди чиқишлари барчага хушнудлик бахш этди. Халқимизнинг суюкли хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

- Озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади, - дейди пахтаободлик меҳнат фахрийси Шаҳноза Сиддиқова. - Бугунги байрамга фарзандим билан ташриф буюрдик. Кулгу ва аския кечаси, санъаткорларнинг чиқишларини кўриб мириқиб дам олдик, улкан маънавий озуқа олдик. Бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Пойтахтимиздан ташриф буюрган Муқимий номидаги республика драма театри артистларининг чиқишлари, шунингдек, Булоқбоши туманидаги Юсуфжон Исломов раҳбарлигидаги оилавий дорбозлар гуруҳининг томошаларини иштирокчилар олқишлар билан кутиб олди.

 Хонобод шаҳри қурилишига тамал тошини қўйган, юксалиши учун беқиёс ҳисса қўшган шаҳарнинг биринчи раҳбари Солижон Меҳмонов хотирасига бағишланган тадбир хайрли ва эзгу ишлари билан эл-юрт равнақи йўлида фидойи бўлган инсонлар ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг хотираси одамлар қалбида ҳамиша барҳаёт эканлигига  бир мисол бўлди.

Фестиваль доирасида "Дўппи сайли", "Дўппи - миллийлигимиз рамзи" мавзусида ўтказилган анжуман халқимизнинг миллий либослари, қадрият ва анъаналарини кенг тарғиб этишга қаратилди. 

Шунингдек, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича намойиш этилган саҳна кўринишлари, кўргазмали чиқишлар, савол-жавоб, мушоира кечаси, рассом ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари, болалар боғчалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг бадиий чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Якунда ўтказилган турли танлов ва спорт мусобақалари, кўргазмаларнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

 

Дилафрўз Ўринова,

 

Избоскан тумани, 30-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. 

Оқибат ва тотувлик бор юртда қут-барака бўлади

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Туманимизда 319 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шундан 52 фоизини қиз-аёллар ташкил этади. Уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар тадбиркорлиги учун банклар томонидан 155 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу орқали 7 нафар аёлнинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан иш сўраб мурожаат қилган хотин-қизларнинг 272 нафари иш билан таъминланди.

Маҳаллаларда фаолият юритаётган кўплаб ҳунарманд аёлларимиз ҳунар ўрганиш истагидаги ёшларга "устоз-шогирд" анъанаси асосида ўз ҳунарларини ўргатиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Мазкур анъанага асосан 51 нафар қиз-жувон ҳунар ўрганишга жалб этилди.

Оқибат ва тотувлик бор   юртда қут-барака бўлади, дейди кўпни кўрганлар. Зеро, юртимизда 9 май "Хотира ва     қадрлаш куни" сифатида нишонланишида ўзига хос рамзий маъно бор. Ушбу кун юрт тинчлиги, Ватан озодлиги йўлида жонларини фидо қилган, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган минглаб инсонларни хотирлаш, ҳақларига дуо қилиш, шу билан бирга, кексалар, меҳр ва мурувватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг доимо эътиборда эканлигини ҳис этишлари баробарида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Туманимизда айни кунда 7 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда 300 га яқин фронт орти меҳнат фахрийлари истиқомат қилади. Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.  Бундан   ташқари, касал бўлиб ётган, қаровга муҳтож кексалар, якка-ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди. 9 нафар юз ёшдан ошган табаррук онахонларни ҳам  совға-саломлар билан йўқладик. 48 нафар пенсионер ва ногиронларга дам олиб, даволаниб келишлари учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди.

Маҳалла оиламиздек қадрдон маскандир. Унда яхши-ёмон кунларимизда елкадош бўлган қўни-қўшнилар, турли масалаларда маслаҳатгўй    қадрдонларимиз истиқомат қилишади. Маҳалланинг        ободлиги, унда яшовчиларнинг аҳиллиги ва бирдамлиги бевосита унга раҳбарлик қилаётган раиснинг бошқарувчилик қобилияти, уддабуронлиги, ташаббускорлигига боғлиқ. Шу маънода маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови ҳар бир юртдошимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Туманимизда ҳам ушбу муҳим жараён юқори савияда ўтказилмоқда.

Айни кунларда сайлов жараёнлари қизғин паллага кирган. Фуқаролар ўзларига лозим деб билган, маҳалла-кўй, халқ дарду ташвиши билан яшай оладиган номзодларга овоз беришда фаоллик кўрсатишмоқда. Маҳалла раислигига номзодларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этаётгани, қувонарлидир.  Шу кунга қадар 53 та маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловлар ўтказилган бўлса, 18 нафар аёл маҳалла раислигига сайланди.

Қўмитамизнинг маҳаллалардаги бошланғич ташкилотлари фаоллари аёлларнинг шарт-шароитларини ўрганиш, тўй ва маросимларни тартибга солиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасидан маънавий-маърифий ишларни, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, "Камолот", "Қовоқ тўпи", "Беруний", "Оқбўйра", "Мирзаобод"  "Ахтачи", "Обод" каби маҳалла бошланғич хотин-қизлар қўмиталари намунали фаолият юритмоқда.

Қўмитамиз жамоатчилик тузилмалари вакиллари, мутахассислар, фаоллар, отинойилар билан ҳамкорликда маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бормоқда. Оилалардаги муаммолар ўрганилиб,  уларни бартараф этиш бўйича  тадбирлар, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Фуқароларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатиляпти. Шу кунгача ажрим ёқасига келиб қолган 92 оила яраштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббусига муносиб жавоб тариқасида ҳудудимизда ёш қизлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, китобга бўлган меҳрини уйғотиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга маслаҳатлар бериш, ишсизларини иш билан таъминлаш, спортга жалб этиш борасида ҳам кўплаб тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун "Қизларжон" клубларига 5 мингдан ортиқ қизлар жалб этилган бўлиб, клуб фаолияти орқали фаол ва иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, уларни халқимизнинг одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятларимиз ҳамда истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Аёл - энг аввало, билимли, маданиятли, оқила ва фаҳму-фаросатли бўлмоғи лозим. Бундан ташқари, меҳнатсевар, интилувчан, оиласи, яқинлари учун фидойи бўлиши керак. Бундан-да муҳими, опа-сингилларимиз кун бўйи ойнаи жаҳон орқали турли сериалларни томоша қилиш билан вақт ўтказмасдан газета, китоб ўқисин, фойдали иш билан шуғуллансин. Шундагина, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва      мавқеи  юксак бўлади.

Муқаддасхон ҚУРБОНОВА,

Асака тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Хонобод шаҳрида "Модернизация шароитида хотин-қизларнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантиришда дунёвийлик ва динийлик уйғунлашуви масалалари" мавзусида минтақавий илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуманда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, олий ўқув юртлари, "Олима" уюшмаси раҳбарлари, бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раислари, халқ таълими бўлими мудирларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, шаҳарлар, туманлар бош отинойилари, Маънавият тарғибот маркази раҳбарлари, "Қизларжон" ўқувчи-қизлар республика саммити иштирокчилари ҳамда сардорлари иштирок этди.

- Айни кунда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида хотин-қизлар фаоллиги ортиб бормоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Бироқ, опа-сингилларимизнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжуд. Илмий-амалий конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ана шу муаммоларга ижобий ечим топиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Анжуманда "Модернизация шароитида хотин-қизларнинг фаол ҳаётий позициясини    шакллантириш муаммолари", "Миллий қадриятлар ва маросимлар - маънавият кўзгуси",  "Исм - тақдир. Фарзандларимизга қўйиладиган исмлар миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги сифатида", "Хотин-қизларнинг турли қатламлари билан иш ташкил этишда            отинойиларнинг вазифалари. Диний адабиётларни танлаш ва улардан тўғри фойдаланиш",  "Ислом - маърифатпарвар дин", "Хотин-қизлар ва ёшларни диний тарбиясида оила ва маҳалланинг роли" сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар,  хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, ана шу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, сифат ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда Фарғона, Наманган вилоятларида ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашдилар.

- Анжуманда фаолиятимиз самарадорлигини ошириш, айниқса, хотин-қизларнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича кўп нарса ўргандик, - дейди  Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасар Хошимова. - Олган билим, малака ва тажрибаларимиз келгусида албатта, асқотади. 

 Конференцияда мавзу доирасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ