+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Онажон

 

Сиз менинг қуёшим, ойим эдингиз,   

Меҳру муҳаббатга бойим эдингиз,     

Юрагим интиққан жойим эдингиз,

Сизни излай, юрагим тилим, онажон?

 

Машъум уруш йилларини кўрдингиз,

Йиғлаб-йиғлаб дадажоним кутдингиз,  

Ҳеч келмагач, қону зардоб  ютдингиз,

Сабрлигим,  бардошлигим, онажон!

 

Қадоқ қўл-ла  кетмонларни чопдингиз, 

Фарзандларга ҳалол луқма топдингиз,      

Тандир-тандир бизга нонлар ёпдингиз,

Меҳнаткашим, беғуборим, онажон! 

    

Учта қизни етказдингиз вояга,  

Ўзни офтоб, бизни қўйиб сояга,    

Бизлар учун айландингиз қояга,

Сабрлигим, чўнг виқорим, онажон!

 

Ҳеч нимага зориқтирмай, кулдириб,

Уйимизни бахтга, гулга тўлдириб,

Яшатдингиз армонларни ўлдириб,

Тоза виждон, номус орим, онажон!

 

Ўтган куни сизни тушда кўрибман,  

Иссиқ бағрингизга бошим қўйибман, 

Меҳрингизни бир он тушда туйибман,

Сиз эдингиз йўғу борим, онажон!

 

Энди сизни қаерлардан излайин,   

Кимга дардим айтиб, кимга бўзлайин,

Мадҳингизни ашъорларда сўзлайин,

Мангу армонимсиз, жоним онажон!

 

Мунисхон МАҲМУДОВА,

Андижон шаҳри.

 

Ватан

Номинг жаҳон бўйлаб танилди бугун,

Дилимда қувонч, чексиз фахр-ифтихор. 

Сенга шеърлар битай, достонлар битай,

Она юртим, муҳаббатим қилмагин инкор.

 

Сенинг қучоғинг бўстон, ажиб бир даргоҳ,

Иссиқ меҳрингга мен асло тўймайман.

Ташвиш, шодликда сендан топаман паноҳ,

Ўгитларинг, ор-шаънинг дурдек асрайман.

 

Ўтмишда не кунларни ўтказдинг бошдан,

Халқни нурли манзилга етказдинг омон.

Ҳеч сўнмас машъаласан, ёруғ юлдузсан,

Жаҳонаро қадди юксак ҳур, Ўзбекистон!

 

Моҳинур АБДУВОҲИДОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби

8-синф ўқувчиси.

 

 Қайтар дунё

 

Ногоҳ узсанг бир дона баргни,

Танласанг гар ҳар доим хақни,

Ҳадя қилсанг ёр-дўстга дардни,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Не балолар келса бошингга,

Гард юқтирма ғурур тошингга.

Бефарқ бўлма келгин ҳушингга,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Ширин сўзни аямасдан соч,

Ёмон йўлдан юрма, доим қоч.

Яхшиларга ҳар дам бағринг оч,

Қайтар дунё қайтар экан.

 

Гулибону ЮНУСОВА,

АДУ 1-босқич талабаси.

 

Аёл

Аёлга гул тутинг, кўнглини олинг,

Унингсиз бемаъно туюлар ҳаёт.

Бир умр ёрингиз ёнида қолинг,

У ҳақда ёзилар энг гўзал баёт.

 

Кўп нарса керакмас аслида унга,

Бир оғиз ширин сўз, меҳру оқибат.

Кифоя, овуниб юради шунга,

Фахрлансин фақат сиздан тоабад.

 

Севимли ёр ўша, меҳрибон она,

Аёлнинг кераксиз, хунуги бўлмас.

Улар йўқ қоронғу, ғарибдир хона,

Йўқлиги мотамдир, кўнгиллар тўлмас.

 

Аёлни эъзозланг, қадрига етинг,

Кўзида ёш эмас, порласин қуёш.

Корига яранг сиз, мудом шод этинг,

Шунда тотли ўтар, ҳар луқма-ю ош.

 

Донохон ИБРАГИМОВА,

 Андижон шаҳри.

 

Она

Она, кўзларингнинг нурини олдим,

Мени деб ўтди-я тунларинг бедор.

Мен ношуд сочларинг қорасин олдим,

Мени деб ёғди-я бошларингга қор.

 

Бошингга ташвишлар солганимда эҳ,

Fамлардан юзингни ажинлар босди.

Тик қаддим, жамики ҳуснингни олдим,

Қошинг қаролиги қолмабди рости.

 

Гўдакликдан токи шу ёшимгача.

Мени ўйлаб она, ҳолинг толибди.

Кулгингни, умрингни, барин олибман,

Фақат олмаганим кўнглинг қолибди.

 

Бир бора кўнглингни олмабман, она...

 

Ҳурматой АЗИМШЕР қизи,

Асака тумани.

 

Изларингиз қаерда?

Юртни чақирдим бугун,

Ёзиб катта дастурхон.

Аммо йўқсиз отажон,

 Изларингиз қаерда?

 

Келди қанча халойиқ,

Айтди, таҳсинга лойиқ.

Юрагим тирнар оғриқ,

Изларингиз қаерда?

 

Суйган набирангизни,

Бўлмоқда қаранг тўйи.

Сиз йўқ бошим қуйи,

Изларингиз қаерда?

 

Қани, энди ўполсам,

Қўлларингизни отам.

Кетар барча ғам, алам,

Изларингиз қаерда?

 

Дўсту-ёр, биродорлар,

Чойхонада бўлсалар.

Кўзларимга ёш келар,

Изларингиз қаерда?

 

Соғинсам сизни эслаб,

Борай қайга сўроқлаб?

Юрайми дарё бўйлаб,

Изларингиз қаерда?

 

Эшитсангиз ноламни,

Барча дарду аламни.

Қўлланг доим боламни,

Изларингиз қаерда?

 

Гулнора  МАҲКАМОВА,

Избоскан тумани.

 

ДАДА

Анча бўлди, сўролмадим  ҳол,

Дадажоним,тинчми руҳингиз?

Биз соғ-омон  юрибмиз, алҳол

Яратганга етган оҳингиз?

 

Истагингиз ижобатидир - 

Изингиздан бормоқда  илдам,

Сўзи билан ниятлари бир,

Илм излар набиралар ҳам. 

 

Онам кирди сиз кирган ёшга,

Мен ғофил ва беғамман ҳамон,

У  ошнодир  сабр-бардошга,

Мен бандман "зўр ғоя"лар билан. 

 

Сизни ҳали кўп яшайди деб,

Қўйган эдим бирдан йўқотиб...

Сўнг оламни тутди фарёдим,

Сўнг ўзимни  қўйдим  йўқотиб!..

                                                                                                                                                                             

Соғинч ҳисси ўртаган они,

Унсизгина кўзим ёшлайман,

Кекса авлод юртдошларимга

Меҳр билан назар ташлайман.

 

Онам анча кексайиб қолди,

Сизни эслаб сўзлар хотира.

Мен-чи фоний дунёси ичра

Майда ташвишларга  асира.

 

Руҳингиз тинч бўлсин, дадажон, 

Иймон ҳамроҳ авлодингизга.

Илм излар набиралар ҳам,

Доғ туширмас пок ёдингизга.   

 

 Хуршида ВАҲОБЖОН қизи

 

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ!

Синовга бой бўлган сеҳрли ҳаёт,

Сенга битмишлар қимматли баёт.

Отамсиз муздек қалб, ёлғиздир хайҳот,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Ёрдам керак пайти ёнимда турсин,

Ютуққа эришсам, қувониб кулсин.

Онам билан узоқ давронлар сурсин,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Орзу-ҳавас ила қасрлар қуриб,

Бағрига бош қўяй, қувончдан кулиб.

Отамни қидириб, тиконла юриб,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Отам ҳам кўрсинлар менинг тўйимни,

Кўкларга чўзилган узун бўйимни.

Отамсиз кўринглар менинг кўйимни,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Бойлигим, давлатим бу - менинг отам,

Азизим, жаннатим бу - менинг онам.

Улар бўлмаса-чи, олам бир мотам,

Отамни ўзимга қайтаргин, Оллоҳ.

 

Сарвиноз РАҲИМБЕРДИЕВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби 10-синф ўқувчиси.

 

               Бир кам дунё

Менга Сиздай ҳеч ким меҳр бермади, она

Сиз кўргандай биров яхши кўрмади, ота!

Кўнглингизни олмай, дедим болам-чақам,

Окибатсиз ўтдим-а шуниси биркам...

 

Мени жондай кўрган, жонажон акам,

Бор-йўғимга куйган, меҳрибон акам.

Йиллар ўтди энди, жон нисор акам,

Ҳар замонда келар, шуниси биркам...

 

Рўзғорим бекаму-кўст эмас дедим,

Сизни кўп ранжитиб, озорлар бердим.

Жонимга жон бўлган умр йўлдошим,

Қадрингизга етмадим, шуниси биркам...

 

Аллоҳ берган неъмат - фарзандларим,

Қизим, ўғилларим, жигарбандларим,

Баъзан истаган нарсангиз бера олмадим,

Армонда яшайман, шуниси биркам,,,,

 

Минг шукр дунёнинг камларига ҳам,

Берган қувончлари, ғамларига ҳам.

Не бўлса ёнимда сиз - синглим-опам

Мени соғинмайсиз, шуниси биркам...

 

Дилфуза РЕЖАВАЛИЕВА,

Булоқбоши тумани.

 

 

СоFинч

Туш кўрибман тонг арафаси,

Юрганмишман шодон, қувона.

Ҳовлимизни шодон кезардим,

Уй тўрида муштипар она.

"Онажоним, соғиндим" дея,

Ошиқардим у томон шошиб.

Боқар эдим нигоҳларига,

Юзларидан ўпардим қучиб.

Узоқларда меҳрингиз қўмсаб,

Онажоним келдим соғиниб.

"Қизим мени соғинмадингми?,

Келмадинг-а" - деди оғриниб.

Нима қилай онажонгинам,

Қиз болангиз палахмон тоши.

Яратганнинг қисмати экан,

Қайда ризқи, қайда нон оши.

Чидолмадим соғинч зарбига,

Йил ўтди-я сизни кўрмадим.

Ширин сўз-у, меҳри дарёйим,

Беозорим, сизни қўмсадим.

Тўйиб олай дийдорингизга,

Меҳрингиздан топайин паноҳ.

Лек туш экан, уйғондим чўчиб,

Сизни яна йўқотдим, э воҳ.

Яратганим, бу қисмат экан,

Ҳаётимдан нолимам ҳаргиз.

Аммо сендан ягона ўтинч,

Онажонимни жаннатга киргиз...

 

Маъмура МЕҲМОНОВА,

Андижон шаҳридаги

13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

                 Ёшлик

Шамол эсиб, япроқ шитирлаганда,

Абадий қолишинг тилардим сенинг.

Ойдин кечаларда шеърлар ёздирган,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Орзулар рўёби бир сенга боғлиқ,

Муҳаббат, ютуқлар, бойлигу соғлиқ.

Орзу-умидларга юраклар тўлиқ,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Кун келар бир куни ортга қарайман,

Беғубор дамларим бир  хотирлайман.

Ўтган ҳар бир кунимни мен қадрлайман,

Эй беғамлик даврим, ёшлигим менинг.

 

Акмалжон АБДУРАҲМОНОВ,

Андижон туманидаги 54-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 Ҳижрон

Кўзларимда куларди шодлик,

Армон дилга бермасди халал.

Қўлларимдан тутолмай ҳижрон,

Ортда қолиб кетарди ҳар гал.

 

Тотиб кўрдим дунё мазасин,

Кўз ёшимдек тахир-ку таъми.

Бизлар айро бўлган ўша кун,

Тўлдимикан дунёнинг ками.

 

Армон мени бахт кемасида,

Ташлаб кетди ҳижрон қаърига.

Энди дунё камин тўлдириб,

Яшайманда кўниб барига.

 

Махсума РЎЗИБОЕВА,

Муҳаммад Юсуф ижод  мактаби ўқувчиси.

 

Дўст танлашда адашманг

Нега менга шунча азоб,

Бир бошимга шунча ғам?

Наҳот хиёнат қилса,

Дўст деб ўйлаган одам?

 

Ютуғимдан қувонар,

Дардимга шерик дебман.

Унга сирларим айтиб,

Беҳуда фириб ебман.

 

Ҳасадини ҳавас деб,

Қўйнимга тиқдим илон.

Кейин билсам узганим,

Гул эмас, чиқди тикон.

 

Номардга қўл узатиб,

Беҳуда гап талашманг.

Азизлар, дўст танлашда,

Хато қилманг адашманг.

 

Мадина ШОДМОНОВА,

Андижон тумани, Храбек қишлоғи.

 

Таскин

Деразадан боқаман шовқин шаҳарга,

Аммо шовқинлари қулоққа кирмас.

Майда-майда ёққан ёмғирлар ҳатто,

Ожиз юрагимга малҳам бўлолмас.

 

Қидираман борлиқдан турфа хил ранглар,

Лекин кўринмайди бирор нишона.

Ўзим ўйлаб топган хаёллар билан,

Сайр қилиб юраман аста пинҳона.

 

Билмам нима бўлди экан ўзимга?,

Хувиллаб қолди-ку гавжум юрагим.

Балки қалбимдаги яширин ҳислар,

Амалга ошмаган армон, тилагим.

 

Гарчи ўчган бўлса-да юракда олов,

Учқунлари қолган, буни сезаман.

Балки ҳозир сўниқ бўлсада, аммо,

Бир куни ёнишин яхши биламан.

 

Гулбаҳор ЁҚУБОВА,

 

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби 10-синф ўқувчиси.