+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Сўнгги қўнғироқ

Қадам босгандингиз илмга чанқоқ,

Вужудингиз босиб ҳаяжон, титроқ,

Энди сиз кетасиз ёнимдан йироқ,

Жаранглар сиз учун сўнгги қўнғироқ.

 

Сиз билан ҳамиша бўлгандим сирдош,

Ҳали айрилмасдан келар кўзга ёш.

Етармикан унга мендаги бардош,

Жаранглар сиз учун сўнгги қўнғироқ.

 

Чеҳрангиз кўзимнинг олдида ҳар дам,

Қизларим - сулувлар, йигитлар ўктам,

Келажакка дадил ташлайсиз қадам,

Жаранглар сиз учун сўнгги қўнғироқ.

 

Бўлингиз доимо касбнинг устаси,

Моҳир қўл, ширинсўз, уйнинг бекаси.

Келажак эгаси, юртнинг эгаси,

Жаранглар сиз учун сўнгги қўнғироқ.

 

Эсласам сиз томон талпинар юрак,

Ҳамиша халқ учун посбон - сиз керак.

Юрт учун, халқ учун бўлингиз тиргак, 

Жаранглар сиз учун сўнгги қўнғироқ.

 

Гулнорахон МАҲКАМОВА

 

Хайр мактаб, салом мустақил ҳаёт!

Мана бу йил ҳам ўқув йили якунига етди. Ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам ҳаяжонли дамлар. Айниқса, битирувчиларнинг кўзларида қувонч билан бирга, мустақил ҳаётга қадам қўяётгани боис ҳадик ҳам бор. Албатта бу туйғу мактабни тамомлаётган ҳар бир ёшнинг қалбидан ўтиши табиий. 25 май - сўнгги қўнғироқ шуниси билан завқли.

Кечагина ўқув йили бошланиши учун биринчи қўнғироқ чалингандек. Бир пасда мактаб якунига етиб, ўғил-қизлар яна бир ёшга улғайгандек.

25 май куни вилоятимизнинг барча умумтаълим мактабларида "Сўнгги қўнғироқ" жаранглади. Завққа тўлган ўқувчи-ёшлар устозларига миннатдорлик билдирган бўлса, уларни ўз фарзандидек кўрувчи ўқитувчиларнинг кўзларида ёш қалқиди. Уларнинг улғайганидан, меҳридан қувонч туйди. Ўқувчилар эса беозоргина танбеҳ берадиган, ота-онадек меҳридарё устозларининг ёнидан кетгиси келмайди.

Ана шундай ширин туйғулар оғушида жорий йилда вилоятимиз умумтаълим мактабларининг 11- синфини  29 минг 815 нафар  ўқувчи тамомлаб, мустақил ҳаёт сари илк қадамларини ташлади. Улар олий ўқув юртларида ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш, ҳаётнинг турли жабҳаларида  ишлаш учун бел боғладилар.

 

Улкан орзу-мақсадлар остонасида турган битирувчиларга оқ йўл тилаймиз!

ҚУЛУПНАЙ ФОЙДАЛИМИ...?

Билиб қўйган яхши

Қулупнай - баҳорнинг мазали неъматларидан бири бўлиб,  жуда ширин ва фойдали ҳисобланади.

Юртимизда қулупнайнинг Кульвер, Шредер хотираси, Рошчинская, Ўзбекистон, Елизавета II, Гигантелла, Кардинал, Альбион, Хоней, Пушти фламинго, Маршал каби навлари етиштирилади. Шунингдек, қизилдан бошқа рангдаги қулупнайлар ҳам бўлади. Табиатда бу      ажойиб меванинг оқ, сиёҳ, қора, сариқ ва кўк рангдаги турлари ҳам бор экан. Қизилдан бошқа рангдаги қулупнай навларининг ўзига хос номлари бор. Масалан, сариқ рангдаги қулупнай "Сариқ мўъжиза", қора рангдаги қулупнай эса "Қора шаҳзода", оқ     рангдаги қулупнайлар эса кўпинча "ананас қулупнай" деб номланади.

 

Таркиби:

Қулупнайда 5-12 фоиз углевод (глюкоза, фруктоза, сахароза), лимон ва олма кислотаси, турли модда ва феноль бирикмалар бор. Витаминлардан эса А, С, В  ва минераллардан: темир, асал, кобальт, марганец, молибден ва фтор мавжуд.

Биламизки, деярли барча витаминлар жуда нозик бўлади ва қайта ишлаш жараёнида улар йўқ бўлиб кетади. Аммо қулупнай таркибидаги витаминлар қайта ишлаш жараёнида ҳам йўқ бўлиб кетмайди ва киши организмига фойдаси тегади.

 

Танлаш

Аввало, унинг рангига аҳамият беринг. Қулупнай тўқ қизил рангда, устки қисми лой, қора доғлар ва чангдан ҳоли, қуруқ, қўлингиз билан кичкинагина бандини ушлаганингизда қўлингизга игнаси кирмаслиги (бу унинг ёввойилашиб кетганини билдиради), таъми ширин, ҳиди хушбўй бўлиши лозим.

                                    

Сақлаш

Қулупнай ҳарид қилингач, имкони бўлса бир неча соат ичида истеъмол қилиниши лозим. Чунки, у тургани сайин ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотиб боради. Агар қулупнайни харид қилган бўлсангизу, истеъмол қилишга маврид бўлмаган бўлса, уни бир кунга асраб қўйишнинг ажойиб усули бор. Бунинг учун қулупнайни бандидан ажратасиз. Агар усти чанг бўлса чайиб олишингиз ҳам мумкин. Шундай қилиб сиз қулупнайларни шиша банкага 8-10 донадан солиб устига 2 ош қошиқдан шакар сепасиз. Шиша банка тўлгач, энг устки қисмига ҳам шакар сепасиз ва музлаткичга қўясиз. Сиз истеъмол қилгунга қадар унинг    ажойиб таъмга эга суви ажралиб чиқади, мазаси эса ўзгармайди.

                               

  Нимаси билан фойдали?

Агар вазн ошиб кетишидан чўчимасангиз, унда қулупнайни қаймоқ, сметана ёки творог билан бирга истеъмол қилсангиз бўлади. Сут маҳсулотларидаги ёғлар ичак деворларига бирикади ва қулупнайнинг безовта қилувчи ҳолатларининг олдини олади. Агар кишида ичак безовталаниши бўлмаса, қулупнайни янги сут билан истеъмол қилса ҳам бўлади.

Ушбу мевани бошқа таомлар билан аралаштирмай,  овқатдан сўнгина истеъмол қилинг, чунки у ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга. Кимда-ким ўз иммунитетини кучайтиришни истаса, бунга қулупнай ёрдам беради. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қулупнай кашанда ва бошқа зарарли одати бор кишиларнинг турли касалликларга чалиниш хавфини пасайтирар экан.

Бундан ташқари, қулупнай кам калорияли мева ҳисобланади. 100 грамм қулупнайда 30 ккал калория мавжуд. Бу мевада сахароза кўп, аммо фруктоза анчайин етарли. Ёғ умуман йўқ, оқсиллар кўп. Бу парҳезга амал қилувчилар учун жуда яхши.

Қулупнайнинг косметика соҳасида фойдалилиги анча олдин айтиб ўтилган. Янги қулупнай ёки унинг шарбати теридаги ажинларни йўқотишда ва терининг озуқа олишида юқори самара беради. Шу билан бирга юздаги доғлар ва сепкилларга қарши кураша олади. Ундан юз учун ишлатиладиган ниқобни оддий уй шароитида ҳам тайёрлаб олса бўлади.

Қулупнай ичакларни тозалашда, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, қабзият ва анемияга қарши, шунингдек, бўқоқнинг олдини олишда фойдалидир.

 

Зарарли хусусиятлари

Қулупнай жуда "инжиқ" мева бўлиб, барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги кислота сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун зарарли ҳисобланади. У айрим кишиларда аллергияни қўзғатиши мумкин. Қон босими юқори кишиларга ҳам уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Ёдда сақланг: қулупнайни меъёридан ортиқ ейиш инсон организми учун хавфлидир.

Бир кунда кўпи билан ярим килоча қулупнайни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Организм айнан шунча миқдордаги қулупнайни ҳазм қила олади.

Эҳтиёт бўлинг: қулупнайнинг эрта навлари жуда тез айниб қолади. Шу сабаб айрим ишлаб чиқарувчилар қулупнайларни тез ҳосилга кириши учун уларга азот ва шунга ўхшаш зарарли нарсаларни қўшишади.

7 ёшдан кичик болаларга қулупнайларни бериш тавсия этилмайди. Кечпишар қулупнайни берса бўлади, фақат кунига бериладиган миқдори 100 граммдан ошмаслиги керак.

 

Вилоят ФВ бошқармаси ходими Аслиддин ЎСАРОВ тайёрлади.

КЎНГИЛЛАР ШОД БЎЛДИ

Тадбир

Андижон шаҳридаги "Саховат" уйида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Юртимизда ўтказилаётган меҳр-оқибат, саховатга йўғрилган бу каби тадбирлар айниқса, Саховат уйида яшаётган отахон ва онахонларга қувонч улашди. Тадбирда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Х. Матисаев, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм командири, подполковник Э. Тўрабоев, CWK ўқув маркази раҳбари М. Асқарова бошчилигидаги жамоа вакиллари, шунингдек, М. Усмоналиева бошчилигида бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, Андижон тиббиёт коллежи ўқитувчилари М. Эргашева, Д. Қаюмова раҳбарлигидаги коллеж ўқувчилари, Андижон туманидаги ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактаб-интернатининг А. Ҳошимов раҳбарлигидаги оркестр жамоаси иштирок этди.

Меҳмонлар барчани байрам билан муборакбод этдилар. Интернатда истиқомат қилаётган отахон ва онахонларга вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамда ҳарбий    қисмнинг совға-саломлари улашилди.

Коллеж талабалари томонидан намойиш этилган бадиий дастур, оркестр жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

 

Ҳафизахон ЮЛДАШЕВА.   

АЁЛНИНГ ЖОНИ ҚИРҚТА

(ҳикоя)

 

У болалигидан шу гапни эшитиб  улғайди: "Аёлнинг қирқта жони бор, биттаси тамом бўлса, қолгани билан яшайди..." Онаси ҳам, опалари ҳам шу гапга амал қилишарди. Тонг саҳардан туриб сигир соғар, хамир қориб, нон ёпган. Ҳовлию кўчани супуриб - сидирган, болаларнинг уст-бошини ювган, меҳмон кутган, эрнинг иддаоларию, қайнонанинг зуғумларини кўтарган, ҳар йилига туғаверган... Онаси шундай яшади, опалари ҳам худди шу тарзда умр кечиришди. У ҳам онасию, сингилларидан ўзгача яшай олмасди. Шундай яшашга мажбур эди, тўғрироғи, мажбур қилишарди.

Эсида, еттинчими, саккизинчи синфда ўқиб юрган кезлари эди. Отаси бир машина ўтин келтирди. Уйда ундан    бошқа ҳеч ким йўқ эди, акалари ўт ўргани кетишган. "Кечгача ўтинни ташиб,  бостириб қўй" деб тайинлаб кетди отаси. У қуёш ботгунча ўтин ташиди. Қўл-оёғи оғриб, чарчаб қолса-да, ташийверди. Кечқурун белида қаттиқ оғриқ туриб, вой-войлаб қолди.

- Нима бўлди? - сўради онаси. 

- Белим... зирқираб оғрияпти, -       инқиллади қиз. 

- Жим бўл, овозингни биров эшитмасин, - атрофга аланглади она. - Қиз бола "белим оғрияпти", демаслиги керак, уят бўлади. Бир ухлаб турсанг, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасан. Аёлнинг жони қирқта, биттаси тугаса, қолганини ишлатаверади...

 Онаси айтганидай, ухлаб тургандан кейин оғриқ пасайгандек бўлди, аммо асорати қолди барибир.

Йиллар ўтди. У ҳам тенгқурлари қатори ойдай қиз бўлиб вояга етди, уни кўз остига олганлар кўп бўлди. Тақдир экан, қишлоқдаги йигитлардан бирига узатишди. Тўйнинг эртасигаёқ қайнона эшикдан бош суқди: «Келинпошша, тўйдан кейин кир тўпланиб қолибди, ювиб ташланг»! "Хўп" деди у овози ўзига ҳам эшитилмай. Аммо, ҳайрон қолди. Ахир, янги келин, чилла деган гаплар бор. Бир жойда ўқиганди, бу пайтда янги келинчакнинг вужудида ўзгаришлар рўй берармиш, оғир иш бажаришдан сақланиш керакмиш. Ҳеч нарса дея олмай, бир уюм кирни кечгача ювди. Ҳатто тушлик қилишга ҳам вақтини қизғанди. Кечга бориб яна ўша қурғур бел оғриғи қўзғади. Куёвбола эркаламоқ учун сочларига қўл чўзганида келинчак унинг қўлларидан ўзини бўшатди. 

- Бирам белим оғрияптики...

- Э - э, намунча нозикниҳол бўлмасанг, бир кир ювганингга шунчами? Ҳеч нима қилмайди, ўтиб кетади, аёлнинг жони қирқта. Биттаси тугаса, қолганини ишлатади...

Келинчак жим қолди. Нима ҳам десин?  Бир йилдан кейин хонадонда қўчқордай ўғил туғилди. Қишнинг аёзли-қаҳратон кунлари эмасми, чақалоқ совқотиб қолмаслиги учун уйни иситиш керак. Қолаверса, бир уй одам унга кўз тикиб турибди: бу хонадонда ош-овқат, кир-чирга ундан бошқа ким ҳам қарарди. Боласини ухлатиб қўйиб, ташқарига чиқди. Гупиллаб ёғаётган қор юз-кўзга урилади. На эри, на қайнотаси ўтин ёриб қўйишмаган экан. Келинчак катта болтани олиб, бир амаллаб ўтин ёрди, печкани ёқди. Чарчаганиданми, иссиққина печка олдида ўтириб, кўзи илинибди. Бир пайт тарақлаган овоздан уйғониб кетди. Қайнонаси қовоғини солиб ўтирарди. Келинчак шошиб соатга қаради. Тушлик пайти бўлиб қолибди-ку! Ўрнидан туриб, ҳовли четидаги совуқ ошхонага кириб, ўчоқ ёқди, овқат бошлади. Бир амаллаб тушлик тайёрлаб, дастурхон ёзди. Дастурхонда битта нон қолган экан. "Кўпчиликмиз, бу нон ҳаммага етмайди. Қўшнидан олиб турамиз, тушликдан кейин хамир қориб ташланг, кечгача нон ёпиб олинг. Қишнинг куни калта, қоронғига қолиб кетасиз..." Келинчак индамайгина бош ирғади. Боя ўтин ёрганида белидаги оғриқ кучайганди, хамир қорса нима бўларкан энди? Кечки пайт хонадон аъзолари иссиққина нонга сариёғ суртиб маза қилиб ейишаётганида, келинчак ўз хонасида инқиллаб ётарди. Бу ёқда чақалоғи биғиллаб йиғлайди. Аёлидан хабар олиш учун кирган эри унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетди, онасини чақирди:

- Она, келинингизни мазаси йўққа ўхшайди...

Қайнона келинни кўриб, қошлари чимирилди: "Ҳозиргиларнинг жони азиз. Ўлмаган бизнинг жонимиз. Туғиб келиб, дам олиб ётиш нималигини билмабмиз. Бугун туғиб, эртаси куни далага ўт ўришга чиқиб кетардик. Хотинингга бало ҳам ургани йўқ, эркалик қилмоқчи. Аёлнинг жони қирқта, биттаси тугаса, қолгани билан яшайверади... "

Йиллар шу тариқа ўтаверди. Кетма-кет фарзандлар кўришди, аммо, бирор марта туғруқдан кейин дам олиб ётмади. Беш фарзандни ўстириш, эрнинг овқатини тайёрлаш, кир ювиш, нон ёпиб, ўтин ташиш, ҳовли чеккасига иккитагина хона солганда эрига қўшилиб лой тепиш, ғишт қуйишдан тортиб қайнона, қайин-бўйинларнинг хизматини қилиш ҳам унинг зиммасида эди. Эрига ҳар замонда "дўхтирга кўринсаммикан, бел қурғур оғрияпти" деса, эшитадигани бир гап бўларди: "Ўлмайсан, аёлнинг жони     қирқта..." 

Аёл тишини тишига босиб чидади. Касал бўлишга унинг ҳаққи йўқ, ахир, аёлнинг жони қирқта.  Кутилмаганда ётиб қолди. Қишлоқдаги табибнинг гиёҳлари ҳам ёрдам бермади. Уни вилоят марказидаги шифохонага олиб боришди. Кун сайин аҳволи оғирлашаверди. Шифокорлар эрини чақириб, уйга олиб кетиш кераклигини айтишди: "Жуда кеч олиб келгансизлар, касаллик танани емириб бўлган..."

"Тез ёрдам" машинасида хотинининг бошини тиззасига қўйиб кетаётган эркак кўзлари ич-ичига ботиб кетган аёлга қараб йиғлаб юборди:

- Онаси, кўзингни оч, сен бизга кераксан. Ҳали кўп яшашинг керак, болаларни катта қилиш, уларни уйли-жойли қилиш керак. Кўзингни оч, онаси, ахир, сен аёлсан, аёлнинг жони қирқта...

Ҳаёт шами тобора сўниб бораётган аёл кўзларини базўр очди. Қалтироқ бармоқлари эрининг кучли қўлларидан тутди. Синиқ жилмайди. 

- Дадаси, болаларни сизга, сизни худонинг паноҳига топширдим. Қизларимга бир гапни тайин ва тайин айтинг: ўзларини асрашсин. Айтинг- аёлнинг жони қирқта эмас экан. Унинг ҳам биргина жони бор экан. Шу жонни авайлаб-асраш керак экан. Бўлмаса...

У сўзини тугатолмади. Қирқинчи жони уйига етишга бир неча қадам қолганда тугаб қолганди...

 

Дилфуза ЗАРИПОВА

ҲАЁ - ҚАЛБИМГА ЛИБОС

Кечинма

Майин ва шўх шамоллар эсиб, орзулар фасли - баҳор кириб келди. Қалбимни яна ўша ҳаяжон, ўша туйғу қоплаб олади. Нега ана шу ҳаяжонни буткул унута олмаяпман? Нега майин шаббода, гўзал баҳор менга уни эслатаверади? Худди у қаршимда тургандек ҳаяжон ва қўрқувдаман.

Йўқ, мен уни асло кўра олмайман. Чунки унинг аниқ манзили йўқ. У фақат қалбларда яшайди. У инсонга бўлган   туйғуларим ҳам фақат қалбимда бор. Уни кўрмасам, унинг ёнида бўлмасам ҳам борлигидан қувонаман, хаёлларимда у билан суҳбатлашаман, қалбимда гўзал туйғулар жўш уради. Менга мана шунинг ўзи кифоя. Мана шундай туйғулардан бахтни, муҳаббат кучини, қадрини, залворини ҳис қиламан.

Олийжаноб инсонни севдим, унга кўнгил бердим. Лекин ҳеч қачон ошкора айта олмайман, севгимни изҳор эта олмайман. Кулиб тургувчи кўзларини соғинсам ҳам, унинг суҳбатига муштоқ бўлсам, бундан қалбим озор чекса-да, ҳузурига бора олмайман. Муҳаббатнинг ана шу ширин озори қалбга таскин беради.

Тилларим қалбимни койийди - аҳмоқсан. Сени эсламаган, ҳатто билмайдиган инсонни қандай қилиб севиш мумкин? Лоақал у сенга биргина қиё боқса ҳам майли эди.

Қалбим бундай таъна-дашномларга парво қилмайди. Барибир севаверади, қўмсайверади. Қайсар кўнгилга буйруқ бериб бўлмас экан. Назаримда у урушдан тўхтасагина севишдан ҳам тўхтайди. Севгимни изҳор эта олмасам ҳам бундан асло афсусланмайман.

... Ичимдаги кўринмас куч "айт унга, муҳаббатинг қадрига етсин" дейди. Йўқ, айта олмайман, ҳеч қачон айта олмасам керак. Чунки бунга ҳаё, ибо деб аталмиш туйғулар йўл қўймайди. Қалбимда севгим билан бирга, ана шу туйғулар борлигидан, вужудим хаёдан либос кийганлигидан асло афсусланмайман.

 

Наргиза МУҲАММАДСОДИҚОВА

Фаришта

Турмуш чорраҳаларида

Ўшанда олийгоҳ талабаси эдим. Хўжаободлик Санобар исмли қиз билан бирга ўқийман. Дарслардан сўнг, уйга бирга қайтамиз. Дарсдан эрта қайтган кунларимиз Санобар мени уйига етаклар, бирга дарс қилишга ундарди. Уларникига тез-тез келиб турганим сабабли, ота-онаси ҳам мени ёқтириб қолишган. Ўз қизларидай кутиб олишарди. Ёши етмишлардан ошган оппоқ соқолли Раҳмон ота - Санобарнинг дадаси, олтмиш ёшлар атрофидаги, сочлари қировдек оқарган,  оппоқ юзли Зулфия ая - онаси. Раҳмон ота учамакда доим узум хомток қилаётган бўларди. Ҳовлини тўлдириб, олтиндек товланиб пишган узумлардан албатта, дастурхонга қўйишарди.

Санобар уларнинг ёлғиз фарзанди. Шу сабаб, ота-онаси уни еру кўкка ишонишмайди. Мен дугонам билан бирга юрганимдан ўзларида йўқ хурсанд эдилар.

Бугун ҳам одатдагидек, дарс тугаши билан Санобарнинг қистовига кўра, уларникига йўл олдик. Ўқишдан чиққанмиз, қорнимиз жуда оч. Уйга кирибоқ, Зулфия ая тайёрлаб қўйган дастурхондаги ноз-неъматга ўзимизни урдик.

- Қани олинглар, чойни иссиқ-иссиқ ичинглар, - Зулфия ая шундай деб, бир четда ўзи чой қуйиб узатиб ўтирди.

Зулфия аянинг ҳеч нима тотинмаётгани доим эътиборимни тортарди. Қизиқ, бу аёл ўзи овқат ермикин? Бирон марта бир тишлам нон егани ёки бир пиёла чой ичганини кўрмаганман. У  юмуш билан ташқарига чиққанда, Санобарни дарров саволга тутдим:

- Аянг нега биз билан овқатланмайди? Лоақал, бир пиёла чой ичса бўлади-ку!

Санобар бир менга, бир   ташқарига қаради-да, аста тушунтирди:

- Аям кўп фарзандлар кўрган, ака-опаларим кўп бўлган мени. Бироқ ҳаммалари ёшга етиб-етмай, нобуд бўлаверган. Аям менга ҳомиладорлик вақтида ота-онаси, яъни бобом ва бувим уни кўпни кўрган, бир донишманд ҳузурига олиб боришган. У киши табибмиди ё дуогўй азайимхонми, билмайману, хуллас, аямга болаларининг нобуд бўлавериши сабабини аниқ айтолмаса-да, бу боланг бир ёшга етгунига қадар йил давомида рўза тутиб, Оллоҳдан фарзандингга умр тилагин, дея маслаҳат берган. Зора, шу йўл билан болангни сақлаб қоларсан, деган. Аям шундай қилди. Аммо, у бир йил эмас, доим рўзадор.

- Нима, бундан чиқди аянг йил - ўн икки ой рўза тутиб юрадими?

- Ҳа. Кундузлари овқатланмайди, рўза тутади. Мен улғайдим. Онам севиниб, Оллоҳга шукр келтириб, умр бўйи рўза тутишга аҳд қилган.

Еяётган луқмамни ютолмай, дугонамга термилиб қолдим. Умр бўйи рўза тутиш...

Шу вақт Зулфия ая қўлида узум, мева-чева солинган товоқ билан уйга кирди.

- Қани олинглар, ҳозир боғдан узиб чиқдим.

Мен аяга қарадим. Юзларидан нур ёғилиб турган бу аёл ҳақиқатан ҳам фариштага ўхшарди.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА

КИТОБ ЎҚИШ ТУФАЙЛИ ПАЙДО БЎЛАДИГАН 5 ФОЙДАЛИ ОДАТ

тавсия

Агар китобни тўғри баҳолаш, танлаш ва сотиб олишни ўргансангиз, ўқиш бебаҳо одатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Ақлли бўласиз

Китоблар - ақлий фаолиятни ривожлантириш, хотирани яхшилаш ва ўрганиш қобилиятини оширишга мўлжалланган дориларнинг энг яхши ўрин босувчи ҳисобланади. Дорилар вақт ўтиши билан ҳеч қандай фойда бермай қўйиши мумкин, лекин китоб ўқиш ҳар доим ақлингизни чархлаб боради.

Ҳар доим ўз билимларингизни янгилаб борасиз

Ёзувчи асарни ёзишда, унга ўзининг донишмандлигини    сингдиради. Ўқувчи бу сўзларни ўқиётганда ёзувчининг ўша донишмандлик оламига кириб қолгандек бўлади. Асарни бироз вақт ўқиганингиздан кейин, ўзингизни худди ақлингиз янгилангандек ҳис қиласиз. Бундай янгиланишдан кейин сизга суҳбатларда ўзингизни кўрсатиш осонроқ бўлади.

Ёлғизликка ўрганасиз

Китоб ўқишда фикрлаш учун тўхтаб олиш ва ҳамиша ўзимизни яхшилаб бориш билан биз хонада ёлғиз ўзимиз хотиржам ўтиришга ўрганиш имкониятига эга бўламиз. Француз математиги Блез Паскал айтган инсониятнинг асосий муаммоларидан бирини шу йўл билан енгиш мумкин: "Одамларнинг ҳамма бахтсизликлари уларнинг ўз хонасида хотиржам ўтира олмасликлари натижасида юз беради".

Тўғридан-тўғри тажрибага эга бўласиз

Донишмандликка бўлган ташналик - ҳаддан ташқари берилиб кетишдан қўрқмасдан, муаммосиз қондириш мумкин бўлган бирдан-бир истак ҳисобланади. Етарлича ўқиб бўлганимиздан кейин, биз яхши ғоялар ва жасурлик билан тўлиб-тошамиз, шунинг учун дунёни текширишга тайёр бўламиз.

Медитация қилишни ўрганасиз

Қанча кўпроқ ўқисак ва вақтимизни китоблар билан ўтказсак, шунча кўпроқ консентрация тўплаймиз ва шунча кўпроқ медитация қилишни хоҳлаймиз.

Ўқиш туфайли биз хотиржамроқ ва чидамлироқ бўламиз, узоқ вақт оралиғида битта нарсага диққатимизни қаратишни ўрганамиз. Шундай экан, китоб ўқинг. У сизнинг доимий ҳамроҳингиз бўлсин!

Марҳамат туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Маъмурахон ҚЎЛДОШЕВА тайёрлади.

«ҚОРАБОШ ОТА» ЗИЁРАТГОҲИ

Вилоятимизнинг муқаддас зиёратгоҳлари

Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида жойлашган ушбу муқаддас даргоҳ ХVI - ХVII аср бошларида яшаб ўтган улуғ аллома, пиру устоз, сўфийлик, тариқат, тасаввуф билимдони Офоқ Хожа ҳазратларининг муридларидан бири Қорабош ота номи билан боғлиқ.

Қорабош ота ҳазратлари авлиё, кароматгўй, тақводор, сўфийлик таълимоти, нақшбандия тариқати соҳиби бўлган. Қашқарлик қутби олам хожаси, валилуллоҳ Офоқ Хожадан тариқат илмини эгаллаб етуклик мақомига етгач, оқ фотиҳа олиб ҳидоят йўлида сафарга чиққан. Аллоҳнинг иродаси ва илми хосияти билан Пиру комилнинг Қашқардан туриб "Бўтам қара" дея фикран билдирган мурожаатидан сўнг шу қишлоқдаги муқаддас булоқлар бўйини ўзига макон қилади. Ривоятларга кўра, Аллоҳнинг инояти билан унинг изидан ариқ пайдо бўлган.

Қишлоқда икки минг йиллик тарихга эга қабристон, унинг пойидаги зиёратгоҳ ва асрлар давомида қишлоқни обиҳаёт билан таъминлаб келган ариқ Қорабош ота номи билан юритилади. Зиёратгоҳда қадимдан одамлар томонидан диний,   дунёвий тилаклар ижобатини, саломатликни сўраб, турли маросимлар ўтказиб келишган,  хушҳаво, хушманзара ва сўлим жой сифатида эъзозланган.

Зиёратгоҳда бир жуфт шифобахш булоқ бор. Бири "Катта булоқ", иккинчиси "Қизбулоқ" деб номланади. Булоқлар ва улар атрофидаги улуғвор кўҳна дарахтлар сояси билан бу табаррук масканда мўътадил иқлим ҳосил қилади.

Булоқдан жануброқда, қабристон четида ўтган аср охирлари қайта тикланган уй ва уйнинг ёнида эски қабр ўрнида ковланган ертўла - "қорча" бор. Уй атрофидан 1960 йилларда шу маскан хизматчиси Қорашбой бува томонидан ХIV асрга оид бир қабртош ("Қайроқ тош") топилган ва "қорча"да сақланган. Ҳозирда қабртош вилоят ўлкашунослик музейининг нодир осори атиқасидир. Қабртошда юксак хаттотлик санъати билан сулс хатида битилган ёзув бўлиб, мазмуни қуйидагича: "Ушбу мунаввар қабру муаттар жойга хижрийда етти юз йигирма уч бўлганда (мелодий 1323) сафар ойининг ўн тўққизида етмиш беш ёшда вафот этган Саййид Ҳусайн бинни Муҳаммад бинни Муҳаммад ал-Бухорий қўйилдиким, бу шахс шаръиат соҳасида донишманд, ҳаким, қатор илму-фанларни Маккада бўлган чоқларида ўзлаштириб эгаллаган. Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в), халифа Али авлодидан, ҳақиқий дин учун курашиб ҳаёти ва фаолияти давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, ислом аҳли ичида забардастлиги билан танилган (Аллоҳ унга ёр бўлсин)".

Қорабош отанинг ҳақиқий исми каби унинг жисми қўйилган қабри ҳам номаълум. Бу зоти муборак номида мақбара, сағана тиклангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Зиёратгоҳ ёз мавсумида узоқ-яқиндан келган дам олувчилар, шифо истаб келувчилар билан доимо гавжум.

Қорабош ота зиёратгоҳи диққатга сазовор жой, маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Дилшодбек ЮСУПОВ,

санъатшунос.

ИЖТИМОИЙ СЎРОВ: БУГУН ЖАМИЯТДА ОИЛАНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

Бугун оиланинг ўрни қандай, унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ўзгармоқдами, оилавий қадриятлар қайта тикланаяптими?

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган тадқиқотда шу каби саволларга жавоб сўралди.

Ўзбекистонликлар оилани жамият ва давлат асоси, деб ҳисоблайди. 66,3 фоиз сўровнома иштирокчисининг фикрича, жамият ва давлатда яхлитликни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратиш, мамлакатда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш оиланинг асосий мақсади ва ижтимоий вазифасидир.

Оила қуриш учун энг мақбул ёш тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри қандай?

Сўров қатнашчиларининг 49,8 фоизи эркаклар 24-25 ёшда оила қуриши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Ҳар учинчи иштирокчи эса эркаклар 26-27 ёшида оила қуриши керак, деган фикрни билдирган. 58,8 фоиз қатнашчи аёлларнинг оила қуриши учун 21-23 ёшни маъқул ҳисоблайди.

Эркаклар 26-27 ёшида оила қургани яхши, деган фикр асосан юқори даромадга эга, олий маълумотли, нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар ёки хорижий фирмаларда хизмат қиладиганлар орасида кўп айтилган.

Оилавий ҳаёт бўйича тажрибага эга, жумладан, ажрашганлар, асосан турли ижтимоий гуруҳ вакиллари эркаклар ақлан етук ёшда оила қургани маъқул, деб ҳисоблайди.

Юртдошларимиз оила қуришдан олдин ёшлар ҳаётий тажрибага эга бўлиши, илм ва касб-ҳунар эгаллаши зарур, деган қатъий фикрда.

Сўровда иштирок этганларнинг 79,9 фоизи ёшларни никоҳга, оталик ва оналикка тайёрлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Иштирокчилар фикрича, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш нафақат оилаларда, шунингдек, ўқув муассасаларида ҳам амалга оширилиши керак. Ана шундай машғулотлар орқали навқирон авлод вакиллари онгида никоҳ институти, никоҳ шартномаси, эр-хотин ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, оилани режалаштириш, хўжалик ва бюджет юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида низоларни бартараф этиш усуллари, оилада мулоқот маданияти тўғрисидаги тасаввурлар шакллантирилиши керак.

Аксарият сўров қатнашчилари (97,1 фоиз) никоҳ қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий, деб ҳисоблайди. Зеро, оила қураётган йигит-қизларнинг саломатлиги келгуси авлод саломатлиги кафолатидир.

Сўров давомида фуқароларнинг никоҳ шартномасига бўлган муносабати ҳам ўрганилди. Унда қатнашган ҳамюртларимизнинг 42,4 фоизи мажбурий тартибда никоҳ шартномасини тузиш керак, чунки у оилавий муносабатларга учинчи шахсларнинг аралашувини, ажримдан сўнг эр-хотиннинг бирини, фарзандларни уй-жой ва маблағ билан таъминлашдан маҳрум бўлишини бартараф этади, деган фикр билдирган. 29,1 фоиз қатнашчи никоҳ    шартномаси томонларнинг шу ҳақдаги истагига кўра тузилиши мумкин, деб қайд этишган.

Аксарият фуқаролар (98,4 фоиз) никоҳ қуришда ФҲДЁ бўлимларида рўйхатдан ўтиш мажбурий, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, никоҳнинг расмий рўйхатдан ўтказилиши эр-хотин ва фарзандлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Сўров шуни кўрсатдики, 95,5 фоиз ўзбекистонликлар шаръий никоҳ ҳам мажбурий бўлиши керак, деган фикрда.

Дунёвий ҳаёт кечираётган фуқаролар ҳам, диний қарашлар тарафдорлари ҳам никоҳ ўқитиш мажбурий, деган фикрни қўллаб-қувватлаган. Улар шунда оила янада мустаҳкам, бахтли ва фаровон бўлишига ишонади.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, фарзанд бахтли оила асосидир, зеро, улар оилавий ҳаётга мазмун бағишлайди, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайди. Ҳамюртларимиз молиявий жиҳатдан фаровонлик ва моддий тўкинлик барқарор оилавий ҳаётнинг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблашган.

Тадқиқот Ўзбекистонда оила жамият учун ўзининг ижтимоий ва ахлоқий аҳамиятини сақлаб қолганини тасдиқлади. Сўров иштирокчиларининг 78,8 фоизи никоҳда эканини қайд этган. Ўзбекистон оилаларининг ҳар иккинчиси эр-хотин ва уларнинг фарзандларидан ташкил топган. 29,1 фоиз иштирокчи ўзларининг оилалари эр-хотин, фарзандлари ва кекса ёшдаги авлод вакилларидан иборат, деб жавоб беришди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимизнинг аксарият оилаларида эркак киши устун ҳисобланади. У оила бюджетига асосий ҳисса қўшади, унинг моддий ресурсларини бошқаради ҳамда оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этади.

Оилавий вазифалар ва мажбуриятларининг тақсимоти ҳам анъанавий оила турига мос келади: эркак киши оилани моддий жиҳатдан таъминлайди, аёл фарзандлар тарбияси, оиланинг барча аъзолари учун қулай ҳаётий шароитлар яратиш билан машғул бўлади.

Айни пайтда, сўров натижаларидан мамлакатимизда оилавий муносабатларни демократлаштириш жараёни ҳам юз бераётгани аён бўлди. Мониторинг эр-хотин тенглигига асосланган оилалар сони ошаётганини кўрсатди.

Бунда эр-хотин оила учун бир хил масъул бўлади, оила ва унинг аъзолари ҳаётига тааллуқли муҳим қарорларни биргаликда қабул қилади, оила бюджетига уларнинг ҳар иккиси ўз ҳиссасини қўшади, унинг тақсимоти билан ҳам бирга шуғулланади.

Жамиятда маиший зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслик тўғрисида фикр шаклланган. Бироқ айни дамда, оилани сақлаш учун турмушдаги зўравонликларга бардош бериши ҳали ҳам кузатилмоқда. Бу маиший зўравонликнинг пайдо бўлиши учун замин яратади.

Сўров жамоатчилик онгида мустаҳкам оила қуриш ҳамда унинг аъзолари ўртасида узоқ муддатли, ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ўрнатиш лозим, деган қатъий фикр борлигини кўрсатди. Аҳолининг аксарият қисми ажрашишларга салбий муносабат билан қарайди. Айни дамда сўнгги йилларда оилалар у қадар мустаҳкам ва барқарор бўлмаётганини қайд этган иштирокчилар сони ошган.

Фуқаролар ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда ҳаётий тажриба, масъулиятнинг етишмаслиги, муроса қилишни билмаслик ёки буни истамаслик, низоларда ён босиш, вақтинчалик моддий      қийинчиликлар, эр-хотиннинг руҳий жиҳатдан бир-бирига мос эмаслигини оиланинг барбод бўлиш омилларидан, деб ҳисоблашади.

Умуман олганда, жамоатчилик фикри шуни кўрсатдики, оила Ўзбекистон фуқароларининг энг асосий ҳаётий бойлиги, жамиятнинг ахлоқий асоси, маънавият, миллий анъаналар ўчоғи ҳамда муносиб авлодни тарбияловчи ва ижтимоий тажрибани етказиб берувчи муҳим ижтимоий институт ҳисобланади.

ЎзА материаллари асосида тайёрланди.