+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Фуқароларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича кўникмалари бойимоқда

З. М. Бобур номли боғда Ўзбекистонда Кизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларнинг  фавқулодда вазиятларга тайёргарлик, ана шундай ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида амалий семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти  ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан бу борада кўплаб тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Ана шу тадбирларни ўтказишда ташкилот қошида ташкил этилган талабалардан иборат Тезкор гуруҳ ҳамда кўнгиллиларнинг алоҳида хизматлари бор.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ташкилот кўнгиллилари, тезкор гуруҳ аъзолари томонидан табиий офатдан жабр кўрган аҳоли учун вақтинчалик яшаш жойлари - палаткалар тикилди. Фуқароларга биринчи ва психологик ёрдам кўрсатиш тадбирлари амалий машғулотлар    орқали намойиш этилди.

- Бу каби тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад,  фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларини самарали ташкил этиш кўникмасини    шакллантиришдан иборат, - дейди Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Х. Мирзараҳимова. - Қолаверса, кўнгиллиларнинг биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ ва тезкор иш олиб бориш борасидаги малакаларини бойитишга қаратилган.

Икки кунлик семинар-тренинг якунлари бўйича  амалий машғулотларда фаол иштирок этган кўнгиллиларга сертификатлар топширилди.

*   *   *

Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ҳамда унинг шаҳар ва туман ташкилотлари томонидан хомийлар кўмагида қатор мурувват тадбирлари ҳам ўтказиб келинмоқда. Жумладан, муқаддас Рамазон ойида 124 нафар якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳамда 24 нафар эҳтиёжманд кишилар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилди.

 

Насибахон РАҲИМОВА,

Ильмира  САДОВНИКОВА,

Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти

 

мутахассислари.

ДАРАХТЛАР...

Қатра

Дарахтлар шамолда ҳам, бўронда ҳам ҳатто, осмондан бошларига тош ёғса-да, ҳеч қаёққа кетмайдилар. Улар илк бор қуёш нурига чўмилган, биринчи марта навниҳол шоҳчалари куртак ёзган, ғунча тугган хотиралари ила азиз билган Ватанини ҳеч қачон тарк этмайдилар. Сабаби, уларнинг одамлар каби икки оёғи, қушлар каби қанотлари бўлмаганлиги учун эмас, балки улар инсонлардан-да садоқат ва вафо туйғуларини яхшироқ англаганлари учундир.

Гарчи фарзандидек азиз билган меваларига тош отсангиз ҳам, ҳеч бир қилмаган гуноҳи учун калтак билан саваласангиз ҳам, у ўз вақтида қайта куртак ёзишда, умид билан ғунча тугишда ва яна бахтиёр одамлардек кулиб-очилишда давом этади. Гарчи жаннатий меваларини, саратонда соя-салқинини бизларга илинса-да, дарахтнинг бу яхшиликлари ўрнига бизнинг қотил қўлларимиз уларнинг илдизларини ҳам қуритмоқчи бўлади.

Энди кексалик гаштини сурарман, деб ўйлаганида бошини кундага қаратиб ёнида ойболтани чархлаймиз. Белидан мадор кетганида, қуриб-қақшаб, бутун баданига ажин тушганида ўчоқ ёнига судраб келамиз. Лекин улар шунда ҳам биз - инсонларга хизмат қилганидан мамнун бўлади!..

 

Хосият НИГОР

Дунёда ҳамма бахтга интилади...

Тафаккур уйFонганда

Бахт ва бахтсизлик нима? Нима учун инсон ҳаёти мана шу икки мезон билан ўлчанади? Балки бу саволим кимларгадир ғалати туйилар. Бахт ва бахтсизлик оқ билан қорани ажратишдай оддий бир нарса эканлигини айтиб устимдан кулар.

Киши ҳамиша бахтга интилиб яшаса-да, доим ҳам ўзи хоҳлаганидай бахтга эриша олмас экан. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлгани каби ҳаётимиз ҳам яхши ва ёмон, қувончли ва ғамгин кунлардан иборат бўлишини ана шу ҳолатларни бошимиздан ўтказганимиздагина англаб етар эканмиз. Қувончли кунларимизда бахтдан масрур бўлсак, бошимизга турфа ташвишлар тушган пайтларда ўзимизни ночор ва бахтсиз ҳис этамиз. Бу ҳаёт қонуни олдида ҳамиша ожизмиз. Шу боис ҳаётда бахтлиман ёки бахтсизман дейишга ҳақли эмасмиз. Зотан, яхши кунлар, эзгуликлар умиди билан яшашни, қийинчиликларга сабр қилишни ўрганиш ҳаётимизга мазмун беришини асло унутмайлик.

Яна тақдир деган атама ҳам борки, уни қандай эканлигини ҳеч қачон била олмаймиз.    Дардлар гирдобида қолганимизда тақдиримиздан нолиймиз, азоблар тортамиз. Тўғри, тақдири азал бу - Яратганнинг инъоми. Бироқ бошимизга тушган қатор ҳаёт синовларидан  англаймизки, тақдиримизни қандай бўлишига ўзимиз ҳам қайсидир маънода сабабчи       бўламиз.

Дардларимизни эшитиб, кўриб туриб ёрдам қўлини чўзмаган яқинларимизнинг бепарволиги, билиб-билмасдан  тубанлик ботқоғига ботиш, бажармаган амалларимиз қурбони бўлиш бизни янада сабрли ва бардошли бўлишга ўргатади. Лекин ҳеч қачон қисматим шу экан, дея ўзимизни тақдир ҳукмига ташлаб қўймаслигимиз керак. Яхшиликка интилиб, ақл-идрок ва умид билан яшай олсак, ҳаётимиз, албатта, чиройли, ўзимиз эса бахт суруридан сармаст бўламиз.

Инсон ўз ҳаётида сукут, сабр, меҳр, муҳаббат, умид туйғуларини асраб-авайлаши, улардан қувват олиб яшашни билиши жуда муҳим экан.

Сукут ва сабр кишига кўп нарсалар бера олади. Инсонлар турфа хил бўлади, лекин кўпинча бир хил дард уларнинг ич-этини емиради. Ақлли инсонлар дардларини сукут ортига яширади, сабр билан енгади. Агар сукут ва сабр бўлмаганида эди, уларнинг оҳу нолалари, дардларини жажжи жисмлари кўтара олмас эди.

Меҳр ва муҳаббат бор экан, ҳаёт бардавомдир. Лекин назаримда бугун бу туйғулар кама-йиб, гўё сохталашиб бораётгандай. Кимлардир уни аллақачон оёқ ости қилишга улгурган. Кимлардир унга муҳтож, меҳрнинг, муҳаббатнинг тафтига зор.

Умид бор экан, дунёда ҳамма бахтга интилади. Умид туфайли қалбларда яхши кунларга етишиш иштиёқи бор. Умид борлиги учун ҳар қандай нарсага сукут ва сабр қиламиз, қалбимиздан меҳр-муҳаббат тафти ўчмайди.

Азиз замондош! Бахт ва   бахтсизлик, қувонч ва дард-алам орасида қурилган ҳаётимизни чиройли қилиш, тақдиримиз бахт ва қувончга ҳамиша ҳамроҳ бўлиш учун курашайлик, фақат эзгу амалларни бажаришга интилиб яшайлик.

Фарҳодбек АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон ИИВ Андижон академик лицейи ўқитувчиси.

ОИЛА БАХТИНИ АСРАБ ҚОЛИШ КЎП ЖИҲАТДАН КЕЛИНЛАРГА БОFЛИҚ

Қизлар ва келинларга маслаҳатлар

"Ойнаи жаҳон" орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказаётганликлари ҳақида гапирди. Ҳақли равишда шундай савол туғилади: "Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не умидлар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қилдинг?Ахир келинчаклик даври кўникиш, меҳр қозониш. Уйнинг оғирини енгил қилиб, муҳаббатга сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми?

Оила бахтини ушлаб, асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё "ҳуқуқ" талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора "ҳақиқат" излашга тушадилар.

Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, яхшиси қизларимиз, келинларимиз қуйидаги ўгит ва маслаҳатлар билан танишиб олсин. Уларга амал қилсангиз, ишончим комилки, оилавий ҳаётингизда дуч келишингиз мумкин бўлган турли муаммо ва қийинчиликларни осон енгиб ўтасиз.

1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари      бисёр. Бир киши Абу Дардонинг (р.а.) ҳузурига келиб: "Онам хотинимни талоқ этишимни талаб этяпти", деди. Абу Дардо унга  бундай жавоб қилди: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Она - жаннатнинг ўртасидаги  бир эшик. Хоҳласанг, ўша эшикни бой бер, хоҳласанг, сақлаб қол", деб айтганлар".

2. Рўзғорнинг  бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳарлари Ойша онамизнинг гапларини эсланг: "Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони     ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди".

3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқчилик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай", дейди. Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Чақимчи жаннатга кирмайди", деганлар.

4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг. Маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.

5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!" деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга   ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.

6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор тадбир, маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.

7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда "Эгилган бошни қилич кесмас", деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.

8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу "қилди-қилмади"лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан "Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?" деб сўраганида, Расулуллоҳ: "Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос", деган эканлар.

9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, "Болам иккита бўлди", деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг сабабчиси бўлган ўғлини "оғдириб олган" келинини ёқтирмай қолади.

10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикинсиз? Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари бор: "Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқдир". "Қизига жони ачиган келинини қарғайди" деган мақол ҳам бор.

Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панд-у насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шуълаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло қайнона ва келин-икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

Муқаддасхон СОЛИЕВА,

 

Шаҳрихон тумани бош отинойиси.

Офтоб урмасин десангиз...

Мутахассис тавсияси

Мутахассисларнинг қайд этишича, чарақлаган офтоб остида сайр қилиш одам организми учун фойдалидир. Қуёшнинг ультрабинафша нурлари боис теримиз D витамини ишлаб чиқаради. Шунингдек, офтобли кунлар руҳиятимизнинг яхшиланишига, тушкунликдан халос бўлиб, кайфиятимиз кўтарилишига сабаб бўлар экан. Маълумки, организмда D витамини камайиб кетиши остеопороз (суяклар мўртлиги), мушакларда бўшашиш, танада сурункали оғриқ, қандли диабетнинг 1 ва 2-турини келтириб чиқаради.

Аммо, қуёш нури остида сайр қилиш фойдали ҳисобланса-да, меъёрга амал қилмаслик оқибатида киши офтоб уриши хасталигига дучор бўлиши мумкин.

Жазирама иссиқ кунлари инсон танасининг ҳарорати "қуёш уриши" натижасида 37,1 дан 38,8 даражага кўтарилиши мумкин. Тананинг қизариши, кучли чанқаш, оғизнинг қақраб кетиши, иссиқ уриши ҳолатининг аломатлари ҳисобланади. Кейинчалик юрак фаолиятининг тўхтаб қолиши, ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам юзага келиши мумкин. Шунингдек, иссиқ кунларда чекиш ҳамда спиртли ичимлик ичишдан тийилиш лозим. Ёғли, калорияси кучли таомлар тановул қилмаслик, жисмоний ҳаракатни камайтириш тавсия этилади. Шунда соғлиғимиз борасида муаммо пайдо бўлишидан ўзимизни ҳимоя қилган бўламиз.

Ҳаво ҳарорати кўтарилганда терлаймиз, организмимиздан кўп миқдорда  натрий ажралади. Шунинг учун ҳам яхна таомлар ҳамда кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш фойдали саналади. Жазирама кунларда синтетик материалдан эмас, балки табиий пахта толасидан тайёрланган кийимлар кийиш мақсадга мувофиқ. Иссиқ уриши асосан бошнинг қизиб кетиши оқибатида юзага келади. Шу сабабли кўчага бош кийимсиз чиқмаганингиз маъқул. Қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниб қайт қилиш, баъзан ҳушдан кетиш ҳолати офтоб уриш аломатларидир. Оғир ҳолларда одам бесаранжомланади, кўзига йўқ нарсалар кўриниши мумкин. Шундай ҳол юз берса, беморни дарҳол тоза ҳавога олиб чиқиш, сояга ётқизиб елпиш, баданини совутиш, бошини совуқ сув билан       намлаш лозим. Муолажа олиши учун тез тиббий ёрдам шифокорларини чақириш шарт.

Кузатишларга кўра, асосан кичик ва ўсмир ёшдаги болалар, қариялар ҳамда маст ҳолдаги инсонлар иссиқ уриши ҳолатига тушишмоқда экан.

Ёз фаслининг иссиқ кунларида кўпчилик сув ҳавзаларида чўмилиб, қуёшда тобланишни хуш кўришади. Бироқ қуёшда тобланиш давомийлигига ҳам эътибор бериш керак. Сув бўйида қуёшда тобланиш 15-20 дақиқани ташкил этиши, аста-секинлик билан амалга оширилган ҳолда икки соатдан ошмаслиги зарур.Эрталабки ва кечки вақт қуёшда тобланиш учун энг мақбул муддат саналади. Бу муолажани овқатлангандан сўнг камида бир соатдан кейин, ётган ҳолатда эмас, балки ҳаракатланиш жараёнида амалга ошириш лозим. Бу пайтда кўп овқат истеъмол қилмаслик, асосан сут-қатиқ маҳсулотлари ва сабзавотлар тановул қилиш яхши наф беради.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, ҳаддан ортиқ қуёш тиғида бўлиш тери саратонига учраш эҳтимолини оширади. Ультрабинафша нурларининг зарари терига нисбатан кўзларимизга тезроқ таъсир кучини кўрсатади. Ушбу нурлар остида узоқ муддат бўлиш катарактанинг келиб чиқишига, оқибатда кўз нурининг бутунлай йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун кўзларни қуёшдан сақловчи кўзойнак ёрдамида муҳофаза қилиш тавсия этилади.

Сардорбек БОЗОРОВ,

 

вилоят ФВБ ходими.

ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИНИ ЎЛДИРГАН АКА-УКАЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Жиноят ва жазо

Хаддан ташқари кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиш инсонни манқуртга айлантиради, деган гап бежиз айтилмаган.

Зотан, Избоскан тумани Чувама маҳалласида яшовчи фуқаро Абдусамат Жололов ҳам ичкилик туфайли бир неча дақиқа ичида жуда кўп нарсадан маҳрум бўлди, ҳаёти заҳар-заққумга айланди. Янада аянчлиси, унинг ичкилик оқибатида ўйламай қилган хатти-ҳаракати натижасида укаси Санъатбек ва жияни Зухробиддин ҳам ҳаётининг маълум даврини қамоқда ўтказадиган бўлди.

Эндигина 31 ёшини қаршилаган, икки  фарзанднинг отаси А.Жололов синфдошлари билан бир дўстининг уйида тўйиб ароқ ичишади. Зиёфат тунги соат бирга қадар давом этди. Улфатлар ярим тунда бақир-чақир билан кўчага чиқишди. Уйларига тарқалиш учун маҳалла гузарига келишди.

Шу пайт жамоат тартибини сақлаш мақсадида хизмат вазифасини бажариб юрган Избоскан туман ички ишлар бўлими тезкор вакиллари С.Якубов ва И.Хайдаров келиб қолади. Улар шовқин кўтариб, гаплашиб турган йигитлар олдига келиб, кеч бўлиб қолганлиги, уй-уйларига тарқалишлари кераклигини айтганларида, ўта маст бўлган А.Жололов ички ишлар бўлими ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қилади, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмайди.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, орада жанжал бошланган. Ички ишлар ходимлари телефон орқали ҳудуд профилактика инспекторини, А. Жололов эса шеригининг телафони орқали укасини тезда маҳалла марказига етиб келишини сўрайди.

Нотаниш телефон рақамидан акасининг чақирганини эшитиб укаси Санъатбек, жияни Зухробиддинни чақириб, маҳалла гузарига етиб келишади. Улар акасининг бир киши билан жанжаллашаётганлигини кўриб, ёрдамга шошишади. Уруш, жанжал оқибатида ички ишлар ходими С. Яқубов тан жароҳати олади, И.Хайдаров эса вафот этади.

Ўтган йилнинг кеч кузида бўлиб ўтган бу даҳшатли воқеа одамларнинг қалбини ларзага солган эди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида атрофлича ўрганиб чиқилган юқоридаги жиноий иш бўйича ҳукм чиқарилди.

Суд ҳукмига кўра, А. Жололов айбдор деб топилиб, унга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.         Шунингдек, ушбу жиноятнинг содир этилишида иштирок этгани учун укаси йигирма тўққиз ёшли С. Жололовга 15 йилу 9 ой, эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган жияни З. Қобуловга 15 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинланди. Энди улар умрининг энг гўзал дамларини қамоқда ўтказишга мажбур.

 Ота-онасининг дуосини олиб, фарзандларини тарбиялайдиган бир    пайтда ичкилик, ожизлик, манманлик туфайли жиноятчига айланган бу инсонларнинг қилмиши, умуман, ана шу мудҳиш воқеа барчамизга ибрат бўлиши керак.

 

Улуғбек КАРИМОВ,

Носиржон РАСУЛОВ,

 

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари.

ТАМАКИ ЧЕКИШ - ОРГАНИЗМ УЧУН ЭҲТИЁЖ ЭМАС Ёхуд аёллар нима учун сигарета чекмоқда?

Муносабат

Бир куни ишдан уйга пиёда қайтгим келди. Қоронғу тушиб бўлгани боис, пиёдалар йўлакчасида одам кўринмайди. Онда-сонда ўтиб қоладиган велосипедли битта-яримта йўловчини айтмаса, деярли ҳеч ким йўқ. Ҳув нарироғда, арчанинг панасида уч киши турволиб сигарета чекаяпти. Ёнларидан ўтиб кетаётиб пайқаб қолдим. Йигитчалар деб ўйлаганларим қизлар экан.  Тор блузка ва жинси шимларда, сочлари елкалари узра ёйилган, эътиборлиси, ўзбек тилида чуғурлашаётган қизлар (балким аёллардир!) бемалол сигарет чекишарди.

Анчадан буён бунақа ҳолатга дуч келмагандим. Ахир, ўзбекчилик, андиша деган нарсалар бор. Нима бўлганда ҳам, бизнинг ўзбек менталитетига бундай хунук одатлар тўғри келмайди ахир. Бироқ, ҳозирги кунда эркаклар билан аёллар хатти-ҳаракатлари, юриш-туришларининг ўхшаб бораётгани кишини таажжублантиради. Бу ҳам етмагандек, камдан-кам бўлса-да, баъзи аёлларнинг ичиши ёки чекиши оддий ҳолга айланмоқда.

Чекиш назаримда аёл киши учун энг хунук ҳолатлардан бири. Тамаки чекаётган аёллардан "Нима учун чекасиз?", - деб  сўраганимизда, уларнинг аксарияти: "Ёшликда кимларгадир тақлид қилиб чекканман, энди эса ташлай олмаяпман", - деб жавоб беришади.

Тамаки чекиш - организм учун эҳтиёж эмас. Одам ичкилик ичишга қандай ўрганиб қолса, чекишга ҳам худди шундай ўрганиб қолади. Баъзи одамлар бир чекиб олсам ёки ичсам ҳаётдаги муаммоларимни, ишдаги кўнгилсизликларни бир қадар унутгандек бўламан, деб ўйлайди.

Шифокор сифатида, аниқроғи, онколог сифатида яхши биламанки, чекаётган аёллар чекмайдиган аёлларга нисбатан стенокардия билан 13 марта, миокард инфаркти билан бир неча марта ва ошқозон яраси билан 10 марта кўпроқ азият чекади. Шунинг учун ҳам кашанда аёлларнинг 96 фоизи ўпка раки билан касалланади.

Демак, кўпчилик ўйлаганидек, сигарет "тинчлантирувчи" эмас, аксинча, танада дардларни кучайтирувчи омил ҳисобланади.

Эркаклар бу иллатни ўзларига нима сабабдан одат қилиб олишганига турли баҳоналарни рўкач қилишади. Биз учун бу аллақачон оддий ҳолга айланган. Кўзимиз ҳам ўрганиб қолган. Аммо чекаётган аёлларчи?.. Сўнгги  йилларда аёлларимиз орасида сигаретга ружу қўяётганлар сони ортиб бораётгани ачинарли ҳолдир.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда чекувчи аёллар сони умумий чекувчилар сонининг 1,4 фоизини ташкил қилган. Шу билан бирга, республикада 25,2 фоиз эркак тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади. Умуман олганда, мамлакатдаги чекувчилар сони 13,1 фоизни ташкил қилади.

Ҳамма чекиш зарарли эканини яхши билади. Бироқ, унинг фожиасини ҳаммамиз ҳам тасаввур қила олмаймиз. ХХ асрда чекиш туфайли юз миллиондан ортиқ киши вафот этди. Сўнгги 50 йил мобайнида чекиш туфайли 62 миллион киши ҳаёт билан видолашди. Бу Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлардан анча кўпдир. Таҳлилчиларнинг фикрича, ХXI асрда чекиш туфайли 1 миллиард киши ҳалок бўлиши мумкин.

Бугунги кунда ривожланиш йўлига кирган мамлакатлар эркакларининг 60 фоизи, аёлларининг 10 фоизи чекар экан. Бундан 40 йил аввал Осиё ва Африка мамлакатларида чекувчи аёллар деярли йўқ эди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, агар қўшимча зарур чоралар кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда, 2030 йилга бориб ҳар йили сигарет 8 миллион кишининг ёстиғини қуритади.

Хотин-қизларнинг чекиши уларнинг тухум ҳужайрасига ҳалокатли таъсир этади. Бу эса ўз навбатида бепуштликка сабаб бўлади. Чунки, тамаки тутуни билан аёл организмига кирадиган водород сульфид заҳарли моддаси тухум ҳужайрасининг етилиш жараёнини кечиктиради. Ўз навбатида эса бу ҳолат ҳайз циклининг бузилишига олиб келади. Натижада эса овуляция жараёни секинлашади. Аёл организми барвақт қарийди, яъни климакс эрта бошланади.

Ҳомиладорликда чекиш туғилажак гўдак миясига салбий таъсир этади. Бу ўз навбатида боланинг келажакда хулқ-атвори ва ўзлаштириши (интеллекти)да акс этади. Лаборатория ҳайвонлари устида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, чекувчи онанинг қорнидаёқ гўдак мияси кашандаликка мойил бўлар экан. Ўсмирлик чоғида чекувчи оналардан туғилган болалар бир-иккита сигарет чекишидаёқ ашаддий кашандага айланиши ҳеч гап эмас экан.

Юқорида баён қилинган барча статистик маълумотлар кишини қувонтирмасада, огоҳликка чорлайди. Айниқса, «болам соғлом дунёга келсин, келажаги порлоқ бўлсин» деган ҳар қандай ота-она қўлига сигарет олишидан аввал чуқурроқ мулоҳаза қилишини истар эдик.

Аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандларни оналар дунёга келтиради. Улар бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни, биринчи навбатда, ўз оналаридан ўрганади. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши бугунги кун аёлларига боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

Гулноза НАБИЕВА,

Муроджон ЎСАРОВ,

 

онколог шифокорлар.

Тарбиячи кўзгудир

Мутахассис минбари

Фарзанд - инсонга ато этилган энг олий неъмат. Жажжигина чақалоқнинг оилага ташрифи хонадонларга нур, оилага бахт, келажакка ишонч ва умид олиб келади. "Фарзанд билан олам мунаввар", деб бежиз айтилмаган. Чунки, фарзанд - ҳаётимиз гултожи, у наслимиз давомчисидир.

Боланинг ривожланиши ва ўсиши - узлуксиз давом этадиган жараён. Бу жараёнда у мустақилликка ўргатиб борилади. Эндигина тетапоя қилиб қадам қўйишни, юришни ўрганган бола қўлини қўйиб юборишни хоҳлайди. Тили чиқиб гапиришни ўрганиши билан "Мен каттаман" дейди. Боланинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган эркинликнинг чегараланиши ўз   навбатида ота-оналар учун ҳам маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳаётнинг ҳар бир даври ривожланиш хусусиятлари ва эҳтиёжларига кўра ўзига хос босқичларга эга. Боланинг ўсиб-улғайишида мактабгача бўлган даврни  шулар сирасига киритиш мумкин. Фарзанд тарбиясида айнан шу палла айниқса, аҳамиятлидир.

Мактабгача даврда ахлоқий тушунчалар борган сари қатъийлаша боради. Ахлоқий тушунчалар манбаи сифатида, уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланаётган катталар, шунингдек, тенгдошлари ҳам бўлиши мумкин. Ахлоқий тажрибалар асосан мулоқот, кузатиш, тақлид қилиш жараёнида, шунингдек, катталарнинг айниқса, оналарнинг мақтови ва танқидлари таъсирида ўтади ва мустаҳкамланади. Бола доимо баҳо, айниқса, мақтов олишга ҳаракат қилади. Бу баҳо ва мақтовлар боланинг муваффақиятга эришишга бўлган ҳаракатларининг ривожланишида, шунингдек, унинг шахсий ҳаёти, касб танлашида муҳим аҳамиятга эга.

Бу ёшда болаларда мулоқотнинг янги - шахсий ва ишбилармонлик мотивлари  шаклланади. Шахсий мулоқот мотивлари бу болани ташвишга солаётган ички муаммолари билан боғлиқ, ишбилармонлик мотивлари эса у ёки бу ишни бажариш билан боғлиқ бўлган мотивлардир. Бу мотивларга аста-секинлик билан билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш билан боғлиқ - ўқиш мотивлари қўшилади. Ўзини кўрсатиш мотивлари ҳам шу ёшда яққол намоён бўлади.

Мактабгача ёш даври болалари учун катталар берадиган баҳолар жуда муҳим. Болалар биринчи навбатда, маънавий-ахлоқий меъёр ва қоидаларини, ўз мажбуриятларига муносабат, кун тартибига риоя этиш, уй ҳайвонлари ёки бошқа жониворлар билан муомала қилиш меъёрини эгаллайдилар. Боғча ёшининг охирларига келиб, кўпчилик болаларда аниқ бир ахлоқий қарашлар таркиб топади, шунингдек, одамларга муносабат билан боғлиқ бўлган шахсий сифатлар ҳам шаклланади.

Боғча ёшидаги болаларнинг онги турли-туман ўйинлар орқали ўсиб боради, бироқ, шу нарса диққатга сазоворки, агар боғча ёшидаги болаларда фикрлаш қобилияти бўлмаганда эди, уларнинг таассуротлари бой, тафаккури ранг-баранг бўлмас эди.

Боғча ёшидаги болалар тафаккурининг ривожланишига фаол таъсир қилувчи омиллардан яна бири - эртаклардир. Болалар ҳайвонлар ҳақидаги турли эртакларни эшитганларида шу эртаклардаги образларни тасаввур қиладилар, уларга нисбатан маълум муносабатлари юзага келади,

Боғча ёшидаги болаларда ёқимли ва ёқимсиз ҳис-туйғулар алмашиб туради. Бу беқарорлик бола органик эҳтиёжларининг қондирилиши ва қондирилмаслиги билан боғлиқ. Бу эҳтиёжларнинг қондирилмаслиги сабабли болада нохушлик (ёқимсиз), норозилик, изтиробланиш туйғулари юзага келади.

Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, шу билан бирга мактабга тайёрлаган ҳолда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Таълим-тарбия қанчалик эрта бошланса, унинг  самараси шунчалик эрта намоён бўлади ва инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир тарбиячи етук мутахассис, ҳар томонлама юксак маҳорат эгаси бўлиши лозим. Тарбиячи  кўзгудир,  унинг берган тарбияси ёш авлод хатти-ҳаракатида акс этади. Ҳар томонлама ривожланаётган мурғак инсон ўзи ишонган, яхши кўрган ва ўхшашни истаган кишисига тақлид қилади. Унинг юришидан бошлаб, гапириш оҳангги, ҳатто кўз қарашларигача ўхшатишга уринади. Биз тарбиячилар ўзимизга танқидий баҳо бериб ўз-ўзимизни тарбиялаб ибрат кўзгусига айлана олсак, биз тарбиялаётган ёш авлод ҳам етук инсонлар бўлиб камол топади.

Гулшаной МИРЗАМАМЕДОВА,

Асака туманидаги 33-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси.

ЯНГИ КИТОБЛАР

Қизим, сенга айтаман...

Ҳар бир инсон учун оила - умрнинг бошланиши, барча эзгуликларнинг муқаддимасидир. Зеро, инсонлар ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Яъни, ўз уйи, оиласида бахт топган инсонгина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис этади. Оилани муқаддас билиш, уни кўз қорачиғидек асраш, эъзозлаш, мустаҳкамлигини таъминлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бебаҳо қадриятдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида амалга оширилган "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" лойиҳаси доирасида "Иқбол" таҳририяти томонидан тайёрланиб, "Андижон     нашриёт-матбаа" масъулияти чекланган жамиятида чоп этилган "Қизим, сенга айтаман..." номли адабий-бадиий нашрда оилани мустаҳкамлаш, орамизда яшаётган намунали оилаларнинг ибратли ҳаёт йўллари, оила муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, қайнона-келин муносабатлари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш, шаръий ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, одам савдоси, гиёҳвандлик иллатларининг салбий оқибатлари ҳақидаги, асосан, "Иқбол" газетаси саҳифаларида чоп этилган мақола, суҳбат, мулоҳаза, муносабат, ҳикоя ва лавҳалар ўрин олган.

Фикр-мулоҳазалар, қизиқарли ҳаётий воқеалар мисолида тайёрланиб, тўпламдан жой олган материаллар катта тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан  китобхонларга манзур бўлади, деб умид қиламиз.

 

Ҳаёт давом этади

Булоқбошилик Умида Эгамбердиеванинг касби педагог бўлсада,  ижод билан ҳамнафас яшаб келмоқда. Туман мактабларида она тили ва адабиётидан сабоқ бериш билан бирга, газета таҳририятлари, ижодий тўгараклардан қадами узилмайди. Кўнгил боғидан узилган шингил ҳикоялар, мулоҳазага чорловчи мақолалари билан вилоят, республика матбуотлари орқали мухлисларни тез-тез йўқлаб туради. Ижодий фаолияти давомида "Истиқлол умидлари", "Меҳр", "Муборак лаҳзалар" адабий альманахларида ижодидан намуналар чоп этилди. "Дийдор", "Менинг университетим" каби тўпламлари нашрдан чиққан.

Умида Эгамбердиева республика "Ижодкор ўқитувчи" кўкрак нишони соҳибаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати.

Муаллифнинг "Ҳаёт давом этади" китоби бугунги ёшлар муаммолари, қувончу изтироблари ҳақида ҳикоя қилади. Ўйлаймизки, мазкур китобга киритилган қисса ва ҳикоялар ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

"Иқбол" таҳририяти

 

СОFЛИГИМИЗГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК

Мулоҳаза

Инсон ҳар лаҳзада ўз сиҳат-саломатлиги ҳақида ўйлаши, тан дурустлиги даражасига қулоқ тутиб ва ҳаёт тарзини ўзгартириб, соғломлаштириб боришни одатга айлантириб олмоғи зарур.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ота-она, айниқса, ёш оила вакиллари фақат ўз соғлиги ҳақидагина ўйлаб қолмасдан, балки фарзандининг соғлиги, бахт-саодати ҳақида қайғуриб, масъулликни унутмасдан яшашлари керак. Ваҳоланки, жоҳиллик, ҳасадгўйлик, бировларга зулм қилиш, ҳаётга раҳна соладиган қусурлар: масалан, эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар, дардмандликда бола туғиш, кетма-кет ҳомиладорлик, контрацептив воситалардан фойдаланмаслик, гўдакни она сути билан тўйдирмаслик, нотўғри овқатланиш ва ҳоказолар   соғлом оилани заифлаштиради.

Адолат, меҳр-муҳаббат ва саховат эса ҳар қандай дарднинг олдини олади ёки уни енгил қилади. Мана шундай фазилатли одамлар дардга кам чалинадилар, иқтисодий, маънавий ва руҳий жиҳатдан бақувват ва соғлом яшайдилар.

Бинобарин, жамиятимизга, энг аввало, соғлом фарзандлар керак. Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Боланинг носоғлом туғилишига аксарият ҳолларда қуйидаги "хатарлар" сабаб бўлади.

Кўпчилик инсонлар, жумладан, туғиш ёшидаги хотин-қизлар бирор дардга чалинсалар, то ётиб қолгунларича бепарво юраверадилар. Вақтида даволанмай, саломатликка беписанд бўлиб юриш оқибатида эса танада мадор, куч - қувват қолмайди. Дардманд онадан, аниқки, нуқсонли, касалванд ёки туғма ногирон бола туғилади.

Худди шундай аянчли аҳволга тушиб қолишга кўпинча лоқайдлик ҳам сабаб бўлади. Ваҳоланки, ҳар қандай касалликнинг олдини олса ёки даволаса бўлади. Бунга фақат инсон руҳан ва жисман тайёр туриши лозим.

Хуллас, ҳар бир оила, ота-она ва ёш келин - куёвлар   соғлом турмуш тарзи асосида ҳаёт кечиришлари зарурдир. Шу асосдаги ҳаёт орқали    соғлом оила шаклланади ва соғлом бола туғилиши таъминланади.

Замирахон ИНОҚОВА,

 Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари.