+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

16 Май 2019

СИНГИЛЛАР - ЮРАКЛАРНИНГ ПАРЧАСИ

Мулоҳаза

Ҳар сафар қишлоққа борсам, бувижоним менга қизиқ-қизиқ воқеалар, ҳикоялардан гапириб беради. Бувимнинг ибратли ҳикояларидан, ҳикматга тўла ривоятларидан ғоят таъсирланаман. Уларда меҳр ва қаҳрнинг, эзгулик ва ёмонликнинг, садоқат ва хиёнатнинг,  саховату қабоҳатнинг кураши акс этиши, якунда ёмонлик жазосиз қолмаслиги, эзгу иш эса ажру  мукофотланиши юрагимни тўлқинлантиради.

- Бувижон, шунча илмни қаердан олгансиз?, - дея сўрайман.

- Китоблардан, болам, - дейдида бувижоним пешонамдан ўпиб, сочларимни силаб қўяди.  - Мен китоб ўқишни яхши кўрардим. Дадам ўта жиддий, қаттиққўл инсон бўлгани билан, менинг илм олишимга, китоб ўқишимга қаршилик қилмасди. Аксинча, қаердан бўлса ҳам  китоблар олиб келиб берарди. Мен кўп нарсаларни китобдан ўқиб-ўрганганман.

Бир куни яна бувимникида ётиб қолдим. Эрталаб нонуштадан сўнг ойимнинг холалари, яъни бувимнинг сингиллари келишди. Бироз гаплашиб ўтиришди, болаликларини эслашди, нималарнидир маслаҳатлашишди. Улар кетишгач, бувимнинг олдига кирсам, кўзлари қизарган, йиғлаб ўтирибди.

- Бувижон нима бўлди?, - дея сўрадим.

- Сингилларимни кўриб, отам билан онамни кўргандай бўлдим. Бирининг кўзи онамникига, бошқасиники отамникига ўхшайди. Катта синглим онамдек мулойим, кичик синглим отамдек сержаҳл. Иккалалари ҳам ёши ўтиб кексая бошлагани сари, худди отам ва онамнинг кўриниши, феъл-атворини олаётгандек. Бахтимга соғ бўлишсин, илойим.

Бувимнинг гапларидан кўнглим алланечук бўлиб кетди. Наҳотки сингиллар инсонга шунчалик қадрли бўлса?!

Кўз олдимга синглим билан уришганларимиз, ота-онамни доим ундан қизғанишим, синглимга худди рақобатчимдай қарашларим келди. Кўнглимдан ўтганларни сезгандай, бувим яна ривоятдан мисол келтириб,  гап бошлади:

- Ривоятларда айтилишича, бир йигит оламдан ўтибди. Қилган гуноҳ ишлари, ёмонликлари кўп экан, дўзахга тушибди. Бутун аъзойи бадани олову оташда ёнармишу, бир қўли ва юзига ҳеч нарса бўлмасмиш. "Нега бу одамнинг ўнг юзи ва қўли жаҳаннам оловида куймаяпти", деб сўрасалар, йигит бир маҳалладан ўтиб кетаётганда, "ҳув анави кўчада менинг синглим яшайди" деб, ўнг юзини буриб, ўнг қўли билан синглисининг уйини кўрсатган экан. Кўрдингми болам, сингилни эслагани, унинг уйини  кўрсатгани учун унинг юзи ва қўли жаҳаннам оташидан омон қолди. Агар бу йигит синглисини тез-тез йўқлаб, меҳр кўрсатганида эди, балким, дўзах оловидан бутунлай қутулган бўлармиди.

Сингил - яхши-ёмон кунингда елкадош, оғрисанг дарддош, ҳеч кимга айтолмаган сирларингга сирдош, энг асосийси, ота-онангдан қолган ёдгордир. Сингил - қиз бола учун энг яқин дугона ҳисобланади. Менинг гапларимни йиллар ўтиб тушунасан. Бир кун турмуш қурсанг, ота-онанг, синглингнинг қадрига етасан. Билиб қўй, бола топилар, эр топилар, уй-жой, мол-мулк топилар, аммо онанг сенга бошқа сингил туғиб беролмайди. Синглингни кўп ранжитмагин, хўпми? 

Ҳа, ўйлаб қарасам, синглиси бор кишилар энг бахтли инсонлар экан.

Тан олинг, синглингиз уйга келганингизда қаршингизга пешвоз чиқмайдими?

Онангиз иш буюрса, сиз кўзингиз билан дарҳол синглингизни қидириб қоласиз. Майда-чуйда, югур- югур ишларингизга тайёр дастёр у, жаҳлингиз чиққанда алам оладиган, оғрисангиз оёқ-қўлингизни уқалайдиган ҳам шу сингил!

Уйга кеч қолганингизда онангиздан аввал хавотир оладиган, кирларингизни отиб берсангиз ғудраниб бўлсада ювиб, дазмоллаб берадиган ҳам сингилдир.

Сингилларни мадҳ этиб кўплаб шоирлар шеър ёзган, хофизлар қўшиқ куйлаган. Бу ҳам сингилларга бўлган меҳр, узилмас ришта, муҳаббат.

Бувимнинг гапларидан сўнг ўйлаб қолдим: синглим билан ҳар қанча уришиб-талашмайлик, тезда ярашиб кетамиз. Биргалашиб хонамизда дарс тайёрлаймиз, келажакка орзулар қиламиз. Агар уни кимдир ноҳақ хафа қилса, ўша заҳоти мендан таъзирини ейди. Демак...

У менинг бир қориндан талашиб тушган жигарим, юрагимнинг парчаси. Шунинг учун уни жуда яхши кўраман.

Синглингиз борми, қадрдонлар? Бор бўлса, уни яхши кўринг, қадрланг, меҳр кўрсатинг, тез-тез йўқлаб туринг. Зеро, сингил - нафақат бу дунёда тиргагингиз, балки, у дунёда жаҳаннам оловидан асрагувчи малҳамингиз ҳамдир.

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА,

Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси.