Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Соғлом бўлиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Фақат унинг ҳам маълум қоидалари ва сирлари мавжудлигини унутмасак ва унга амал қилсак бас.
АҚЛ
Соғлик ва касалликнинг асоси ақлимизга жойлашган. Аввало, биз ақлимиз билан соғлом ва бахтли эканлигимизни англашимиз, ўзимизни ва ҳаётни севишга интилишимиз керак. Бунинг учун қатор жиҳатлар борки, уларга қатъий амал қилсак, ўзимиз истаган натижаларга эриша оламиз.
НАФАС ОЛИШ
Тўғри нафас олиш касалликни енгиш ва саломатликни сақлашда муҳим ҳисобланади. Бу қон айланиши, лимфа тугунларини бир маромда ишлашини таъминлайди, асаб тизимини тинчлантиради. Танани озиқлантиради, тозалайди ва ақлни тинчлантиради. Шунинг учун ҳам тўғри нафас олишни ўрганайлик.
ЖИСМОНИЙ МАШҚЛАР
Жисмоний фаолият жисмимизга куч бағишлайди. Қон айланишни яхшилаб, ўпка ва юрак фаолиятини мустаҳкамлайди. Шу боис ҳам бадантарбия қилиш учун кунига ҳеч бўлмаганда ярим соат вақт ажратинг.
ТЎFРИ ОВҚАТЛАНИШ
Овқатни яхши чайнанг, фақат тинч ҳолатда овқатланинг. Сиз тановул қилаётган озиқ маҳсулотлар 70 фоизи асосан, сувдан ташкил топган бўлиши керак. Ҳужайраларни емирувчи қанд, туз, кофе ва алкоголь маҳсулотларни камроқ истеъмол қилинг.
КУЛГУ
Кулгу нафас олиш тизимини яхшилайди, юрак ва ўпканинг нормал ишлаши учун ажойиб машғулот ҳисобланади. Қориндаги аъзоларни уқалаб, ичаклар фаолиятини яхшилайди. Кулги инсоннинг иммун тизимини кучайтиради. Шунингдек, қобилиятини ривожлантиради ва руҳий толиқишни йўқотади.
ДАМ ОЛИШ
Дам олиш тана, ақлий ва руҳий саломатлик учун муҳимдир. Вужудимизнинг кислородга бўлган талабини 50 фоизга пасайтиради. Юрак юкини 30 фоизга камайтиради. Қон босимини туширади, хотирани яхшилайди. Шунинг учун ҳафтанинг бир кунини дам олишга ажратинг.
ҚОМАТНИ ТЎFРИ ТУТИШ
Ёмон қомат қоннинг эркин айланишига халақит беради, асаб йўлларини зарарлайди ва касалланишга олиб келади. Қоматимиз кайфиятимиз ва ҳиссиётларимизга худди жисмоний ҳолатимизга бўлганидек таъсир кўрсатади. Шунинг учун қоматингиз ҳар жиҳатдан чиройли бўлишига алоҳида эътибор қаратинг.
ИШОНЧ
Ишонч - бу руҳий куч, унинг шарофати билан имкони йўқ ишларни амалга ошириш мумкин. Ишонч инсон руҳиятига улкан куч беради. Инсон саломат бўлиши учун нафақат жисмоний, балки руҳий озиқланишга муҳтождир. Шу боис, аввало, ўзингизга ва кучингизга ишонинг, бунинг натижаси яхши бўлади.
ТАШҚИ МУҲИТ
Тоза ҳаво ва қуёш нури-саломатликнинг негизидир. Агар ўз ишингизни табиатга олиб чиқолмасангиз, табиат манзарасини иш ўрнингизга олиб келинг-хонангиздаги гул ва ўсимликларни кўпайтиринг.
МУҲАББАТ
Муҳаббат - инсонга, кўплаб ҳасталикларга шифо берувчи куч. Муҳаббатга эришиш учун эса муҳаббатни туҳфа этиш даркор.
Кўриб турганингиздек, саломатликка олиб борадиган йўл жуда оддий. Ундан оғишмай юра олсангиз, соғлом бўласиз, ҳаётингиз эса ҳаловат билан ўтади.
25 май куни вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактабида ҳам "Менинг мактабим - менинг уйим" шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди.
Эрта тонгданоқ мазкур билим масканига ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари, халқ таълими фахрийлари таклиф этилди.
Тадбир очилишида мактаб директори М. Ҳусанова, Мангуберди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қ. Ортиқов, "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев, меҳнат фахрийси Р. Қодировалар ўқувчилар ва битирувчиларни ўқув йилини муваффақиятли якунлаганликлари билан табриклаб, мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олишлари, маънавиятини юксалтириш, таълим сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида гапирдилар.
Президентимиз томонидан ёшларга пухта билим бериш, улар маънавиятини юксалтиришга оид илгари сурилган бешта ташаббус мазкур мактабда ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Бу ерда ўқув, бадиий ижодиёт, спорт, касбларга оид тўгараклар мунтазам фаолият кўрсатмоқда. Мактаб ўқувчилари турли ижодий танловлар, маърифий лойиҳалар, фан олимпиадалари, билимлар беллашувларида, спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этмоқда. "Фарзандимга китоб совға қиламан!" маърифий акцияси доирасида мактаб қошидаги кутубхонага ота-оналар томонидан уч юзга яқин бадиий, маърифий китоблар совға қилинди.
Тадбирда йил давомида фаоллик кўрсатган, самарали меҳнат қилган педагоглар, психолог, тўгарак раҳбарлари, шунингдек, турли танловлар, мусобақалар, ўқишда, жамоат ишларида фаол иштирок этган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалар топширилди. Шунингдек, тадбирда "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан мактабнинг бир гуруҳ фидойи ўқитувчилари, фаол ва ижодкор ўқувчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Маълумки, мазкур мактабда фаол ва иқтидорли ўқувчилардан бири Мадинахон Хабибуллаева ташаббуси билан "Уста Ҳабибуллоҳ ота" жамғармаси ташкил этилган бўлиб, жамғарма томонидан ўқув йили давомида 1-синфдан 10-синфгача бир нафардан энг аълочи ўқувчиларга ойлик стипендия бериб келинади, йил якуни бўйича энг юқори натижага эришган ўқувчига гран при соврини - ноутбук совға қилиниши йўлга қўйилган.
Тадбирда меҳнат фахрийси Абдулҳамид Абдумажидов маҳалланинг фидойи, меҳнатсевар инсони уста Ҳабибуллоҳ ота ҳақидаги хотираларини гапириб берди. Ана шу инсон номи билан ташкил этилган фонд ташаббуси билан жорий этилган стипендия ўқувчиларнинг фанларни чуқур ўзлаштириши, билим олишга бўлган қизиқиш ва интилишини оширишга, аълочи ва ташаббускор ўқувчилар сафи кенгайишига, мактаб ўқувчиларининг туман ва вилоят миқёсидаги турли кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритишларига ёрдам бераётганлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида жорий йил май ойи ва йил якунлари бўйича бир гуруҳ аълочи ўқувчиларга стипендиялар, шунингдек, 2018-2019 ўқув йилида мактабнинг энг аълочи ўқувчиси, деб топилган 7-синф ўқувчиси Дурдона Йўлдошбоевага гран при соврини - Ноутбук топширилди.
Жорий ўқув йилида ушбу мактабнинг 11-синфини тамомлаган ёшларнинг кўпчилиги олий ўқув юртларига кириб ўқишни мақсад қилган.
- Мактабда меҳрибон устозларимиздан наинки билимлар, балки одамийлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, фидойилик сабоғини ҳам ўргандик, - дейди 11-синф битирувчиси Зулайҳо Абдуваҳобова. - Бу ерда олган билимларимиз катта ҳаёт йўлида бизни камолот сари етаклайди. Шу сабабли ўқитувчиларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак оз!
Болалигимда алласиз ухлолмас эдим. Олам-олам меҳр, фидойилик, дарду армон, орзу-умид ва қувонч, шукроналик мужассам бўлган алла қўшиғи шунчалар оромбахш эдики, ҳали-хануз унинг сеҳрли оҳангги қулоқларим остида жаранглаб туради.
Алла болам алла-ё, алла,
Жоним болам алла-ё, алла.
Алла жоннинг роҳати-ё, алла.
Уйқулар кўзнинг қуввати-ё, алла.
Полвоним болам, алла-ё, алла.
У пайтлар алланинг қудрати, мазмун-моҳиятига тўла тушуниб етмасдим. Йиллар ўтиб ўзим она бўлгач, онам алласининг қадрига етаётгандекман.
Бундан анча йиллар муқаддам бир воқеанинг гувоҳи бўлганман. Ўшанда ҳам рамазон ойи эди. Маҳаллий телевидениеда муҳаррир бўлиб ишлардим. Инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, инсофу диёнат, қадр-қиммат ва мурувват ҳақида кўрсатув тайёрлаш мақсадида "Саҳоват уйи"га йўл олдим. Мен сизларга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоямнинг қаҳрамони - Ихтиёр акани айнан ўша ерда учратдим.
Ихтиёр ака кекса ҳам, якка-ёлғиз қария ҳам эмас, нари борса 35-40 ёшлар атрофидаги киши эди. Бироқ унинг иккала кўзлари кўрмас, қўллари тинмай қалтирарди.
- Одатда бу ерда яшовчиларнинг аксарияти боқувчиси йўқ кишилар. Менинг эса аксинча, онам, опаларим бор. Бироқ, мени бу ерга улар олиб келиб ташлагани йўқ. Бу ерга келиб қолишимга ўзим сабабчи бўлганман, - деб гап бошлади у маҳзун қиёфада. - Ёлғиз ўғил бўлганлигим учун арзанда ўсдим. Катта бўлгач ҳам, ота-онамнинг корига ярамадим. Аксинча, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиб қўйгандан сўнг ҳам, улар мени таъминлаб турардилар. Мен уларнинг меҳр-муҳаббатларини суиистеъмол қилдим. Ўтган ҳаёт йўлим, қилган разилликларимни айтиб берсам, илон пўст ташлайди. Буларни сўзлаш тугул, эслашнинг ўзи мен учун жуда оғир. Ароқ ичдим, наша чекдим, ёмон аёлларга юрдим, қимор ўйнадим, ўғирлик қилдим, энг аянчлиси, ўз отамнинг умрига зомин бўлдим. Қайтар дунё деганлари рост экан. Мен қилмишларим учун бу дунёдаёқ жазо олаяпман.
Бир куни қиморда ўтириб, даврадагилар билан гап талашиб қолдик. Fирромчиликни сира кўтаролмасдим. Ёнимда турган ароқ шишасини олиб қарта сузаётган шеригимнинг башарасига туширдим. Бироқ бу ҳаракатим ўзимга зиён бўлишини, бир умрга ёруғ дунёни кўриш бахтидан маҳрум бўлиб қолишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим. У ўрнидан турдида, печкада қайнаб турган сувни кўзларимга сепиб юборди. Оғриқ ва кўзларимнинг ачишишидан хушимдан кетибман... Ҳартугул улфатлар мени касалхонага жойладилар. Айб ўзимдан ўтганлиги учун ҳеч кимга бўлган воқеани айтмадим. Бироқ, тақдирнинг ишими, онамнинг қарғишими, билмадим, кўзларим нуридан маҳрум бўлдим. Мана энди ҳеч кимга кераксиз сўқир, ишга яроқсиз нотавонман. Онам ва опаларим мендан аллақачон юз ўгиришган. Бахтимга бу ердагиларнинг ҳаммаси меҳрибон, яхши инсонлар. Илтимос, кўрсатувингизда "Саховат уйи" ходимларига атаб битта яхши қўшиқ қўйиб берсангиз! Менинг гапларимни эса албатта чиқаринг, ёшларга сабоқ бўлсин.
Орадан бир неча кун ўтди. "Саховат уйи"дан тайёрлаган кўрсатувим тайёр, негадир уни ҳамон эфирга узатгим келмас, кўнглим ғаш эди. Бир куни ишхонага келсам ҳамкасбларим мени "Саховат уйи"дан йўқлашганини айтишди.
У ерга борганимда Ихтиёр аканинг аҳволи оғир эди. Шифокорлар унинг юрак касали хуруж қилганини айтишди.
Ихтиёр ака овозимни эшитиб, қўли билан мени ёнига имлади.
-Узр, синглим, сизни мен чақиртиргандим. Йўқ демасангиз, бир илтимосим бор эди. Ҳарқалай аёл қалбини аёл тушунади. Онамга тушунтирсангиз. 3-4 кунлик умрим қолдими-йўқми, ўлимим олдидан онамдан рози-ризолик сўраб олсам дегандим. Мени кечирсалар бас, бир бора онамнинг овозини эшитиб ўлсам, армоним йўқ эди. Қанийди умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлса, ҳеч бўлмаса болаликка қайтиб бўлсайди! Онамнинг эркалашлари, аллаларини жуда соғиндим.
"Ихтиёржон 5 қиздан сўнг туғилган якка-ю ёлғиз ўғил эди. Шунинг учун ҳам дадаси оғзидан чиққанини муҳайё қилиб, жуда бино қўйиб, эркалатиб ўстирди. Ўғлимизни юртнинг олди боласи бўлишини орзу қилардик. Емай едириб, полапондай авайлаб, аллалар айтиб катта қилгандим уни.
Тескари дунё экан. Кўзимизнинг оқу қорасини биз орзу қилгандай эмас, аксинча, кўчабезори, ахлоқсиз, маишатпараст ва худбин бўлиб ўсишини ким ўйлабди, дейсиз?! Мактабни зўрға битирди. Битиргач ҳам тайинли ишнинг бошини тутмади. Бекорчи болаларга қўшилиб ёмон йўлларга кириб кетди. Ароқ ичди, гиёҳвандликка берилди, оёқда туролмайдиган даражада маст бўлиб келадиган одат чиқарди. Ихтиёрни орқасидан кўрмаган куним, эшитмаган маломатим қолмади. Тартибга чақирган отасига қўл кўтарганда эса, бола тарбиясида хатога йўл қўйганимизни тушундим.
Кейин-кейин қиморда бой бериб бор-будимизни обчиқиб сотадиган бўлди. Отасининг тез-тез қон босими ошиб турарди. Бир куни...
Дадаси касал ётганди. Ихтиёр яна маст-аласт келиб дадасидан пул сўради. Пул ололмагач эса, уйдаги бузоқни етаклашга тушди. Буни не-не умидлар билан, "Ихтиёрни уйласак тўйига ишлатамиз", деб боқаётгандик. Мен бузоқнинг арқонига ёпишдим, ялиндим, ёлвордим. Йўқ, кор қилмади. Ўғлим касал ётган жойидан туриб келиб, қўлига ёпишган дадасини итариб юбориб, бузоқни етаклаганча чиқиб кетди. Йиқилганда дадасининг миясига қон қуйилган экан, ўша заҳоти оламдан ўтди. Ишонасизми қизим, якка-ю ёлғиз ўғил ўз отасини сўнгги йўлга кузатишга келмади. Қаерларда учиб ётган ўша пайтда билмадим, аммо отасининг қабрига ўз боласининг эмас, бегоналарнинг қўлидан тупроқ тушди. Бунга қандай чидайман, жон қизим?
Ҳа, мен боламни уйдан ҳайдаб юборганман. Берган оқ сутимга рози эмасман, деб қарғаганман ҳам. Ўз отасининг қотилига айланган нобакор ўғилни қандай кечираман? Бориб айтинг, ўшанда ҳам айтгандим, ҳозир ҳам айтаман, мени ундай болам йўқ! Ўлса, Оллоҳнинг иродаси. Мен бормайман, умидвор бўлмасин!"
Онахонга гап топиб беролмадим. Нима ҳам дердим? Бу ерда таскин ҳам, илтимос ҳам ортиқча эди.
Ихтиёр акага онасининг гапларини айтмадим. Мазаси йўқ экан, "озгина тузалгач, албатта бораман", деди, деб қўяқолдим.
Орадан бир ҳафта ўтди. Арафа куни бозорда "Саховат уйи" ходимасини учратдим. У бундан 3 кун аввал онахон келганини ва Ихтиёр ака онасининг алласини тинглаб ётиб, бағрида жон берганини айтиб қолди.
Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Бошим оғриётганини баҳона қилиб онамдан алла айтиб беришини сўрадим. Бу биринчи марта эмасди, шу боис онам ҳам ҳайрон бўлмадилар. Бошимни кўксига олганча алла бошладилар:
Алла болам алла-ё, алла.
Жоним болам алла-ё, алла!..
Аммо...Эвоҳ, онам алласи бу сафар мени ухлатмади. Онам алласи мени йиғлатди. Онамнинг бағрида, унинг чексиз меҳрини туйганча узо-о-о-қ йиғладим.
Аҳолини рўйҳатга олиш жараёни асрлар давомида такомиллашиб борди. Мазкур жараённинг тарихи ҳақида тўхталадиган бўлсак, аҳолини дастлаб рўйхатга олиш қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган.
Солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун аҳоли сонини аниқлаш муҳим бўлгани сабабли ҳам айни ишлар қилинган. Эркакларнинг иқтисодий ўрни юқори бўлгани, солиқ тўлашда фақат эркаклар, яъни оила бошлиқлари қатнашгани боис, асосан эркаклар рўйхатга олинган.
Илк бор аҳолини расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо рўйхатга олиш жуда оддий шаклда бўлиб, узоқ муддатга чўзилган. АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллашди. 1945-1954 йилларда - 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда - 179 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган.
Ҳозирги пайтда дунёдаги деярли барча давлатда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.
XX аср бошларида жаҳоннинг 54 фоиз аҳолиси рўйҳатдан ўтказилган
Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. XIX аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, XX аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тарихи
Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари XIX аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.
Ўзбекистонда Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қонун қабул қилинмаган бўлсада, Президентимизнинг жорий йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган босқичлар белгиланган. Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Аҳолини рўйҳатга олиш нима учун керак?
Маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади. Аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда ишлатилади, аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади.
Бир ҳакимдан: "Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?" деб сўрашган экан. Шунда у: "Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!" деб жавоб қилибди. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора "ранж ила ҳарф ўргатган", тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини яхши кўрмоғи, ҳурматини ўрнига қўйиб, йўқлаб турмоғи лозим.
Маҳлиёхон Қодирова ҳам ўзи устоз бўлса-да, мактабда, олий таълим даргоҳида билим берган, уни муаллимлик даражасига етиштирган устозларини йўқлаб туради, улар ҳақида гапирганда фахр билан, тўлқинланиб гапиради. Фарзандларига устозларини ҳамиша ҳурмат қилишларини уқтиради.
Аввал Андижон педагогика билим юртини, кейин Андижон давлат университетининг махсус сиртқи бўлимини тамомлаган муаллима мана 20 йилдирки, Пахтаобод туманидаги 31-умумтаълим мактабида ўқитувчилик касбини улуғлаб келмоқда.
Маҳлиёхон жажжи қўлчаларни ёзишга ўргатади, алифбони танитиб, саводини чиқаради, мурғак қалбларга ҳаёт сабоқларидан дарс беради.
- Ота-она вужуд меъмори бўлса, ўқитувчи қалб меъморидир, - дея бежиз айтилмаган, - дейди М.Қодирова. - Айниқса, бошланғич синфларга дарс бериш, ҳали ҳеч нарсани билмайдиган мурғак қалб кўзини очиш, уни илм-маърифат зиёси билан тўлдириш анча масъулиятли ва машаққатлидир. Аммо, вақт ўтиб ана шу меҳнат ўз маҳсулини бера бошлаганида, таърифлаб бўлмас ҳузурни ҳис этасан. Ўқитувчи учун энг катта мукофот бу - ўқувчисининг ютуғи, муваффақиятидир.
Маҳлиёхон Қодирова раҳбарлик қилаётган 2-Б синфда 30 нафар ўқувчи таҳсил олади. Муаллима ўқувчиларининг таълим-тарбиясига ҳар бирининг табиати, қизиқишлари, салоҳиятларидан келиб чиқиб индивидуал ёндашишга, ҳар бири билан астойдил ишлашга ҳаракат қилади.
- Ўқувчиларим ўз фарзандимдай бўлиб қолишган. Тўғрида, ахир уларга ҳам оилам, болаларимга ажратган вақтдан кам вақт ажратмайман. Кунимнинг деярли ярми мактабда, шулар билан ўтади. Демак, мактабим иккинчи оилам, ўқувчиларим эса болаларимдир. Болаларингизга эса фақат эзгуликни, дунёдаги жамики яхши нарсаларни илинасиз.
М. Қодирова фаолияти давомида доимий изланишда. Ўз устида ишлаб, таълим соҳасидаги янгиликлардан бохабар бўлиб боради. Соҳага оид танлов, семинарларда мунтазам қатнашади, тадбирлар ташкиллаштириб туради. "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловининг туман босқичи совриндори бўлган. Мактабда услубий бирлашмани бошқаради.
Муаллима оилада ҳам намунали уй бекаси, меҳрибон она, маънавиятли тарбиячи, қайнота-қайнонасининг дуосини олаётган оқила келиндир. Турмуш ўртоғи Абдулхошим билан 3 фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Фарзандлари ва ўқувчиларини элу-юрт хизматига камарбаста, оқил ва фозил инсонлар қилиб қаторга қўшишни орзу қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Илм дунёда азизлик, охиратда эса шарафдир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва маърифати билан фарзандларимизга ўрнак бўлаётган Маҳлиёхон Қодирова каби устозларни ҳар қанча шарафласак арзийди.
Ўзбекистон Республикаси Бош Қомусининг 36- моддасида "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли" деб белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг "Мулк ҳуқуқи тушунчаси" деб номланган 164- моддасида: "Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир" дейилади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон фуқароларининг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари доирасида кафолатланган.
Агар мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки бўлса, Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда нотариуслар томонидан эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида уларга гувоҳномалар бериш тартиби жорий этилган.
Унга кўра, эр ёки хотин умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома олиш учун нотариал идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси "Фуқаролик" кодексининг 1135- моддаси, "Оила" кодексининг 27-, 28- моддаларига асосан уларнинг умумий мулкидаги улуши аниқланиб, тегишли тартибда гувоҳнома берилади.
Ана шу мулкларни улар эркин тасарруф этадилар. Бошқача қилиб айтганда, шахс ўз мулкини ўзи истаган тарзда ишлатади, ундан ўзи хоҳлагандай фойдаланади, истаган шахсга мерос қилиб қолдириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра, унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
"Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 231-бандига кўра меросхўр шахсан ўзи мерос очилган жойдаги давлат нотариал идорага келиб, аризани тақдим этади. Унинг имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолда, нотариус меросхўрнинг шахсини аниқлайди ва имзоси ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томондан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади. Агарда ариза почта орқали келиб тушган бўлса, меросхўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаҳодатланмаган бўлса ҳам ариза нотариус томонидан қабул қилинади, меросхўрга эса аризани нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда юбориш ёки давлат нотариал идорасига шахсан келиши ҳақида хабарнома юборилади.
Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади, агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин, меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Ўтказилаётган мулоқотлар ҳамда қатор тадбирлар доирасида умумий мулк, уни мерос қилиб қолдириш тартиблари тўғрисида фуқароларга тушунтиришлар берилаётганлиги уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билим ва саводхонлигини бойитишга ёрдам бермоқда.
Муроджон КАРИМОВ,
Асака туманидаги 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси.
- Ҳаё қандай ҳолатларда намоён бўлади, нималарда кўринади? Унинг қандай мезонлари бор?
Сиз, муҳтарама қизларжон, ҳаё ҳақидаги юқоридаги саволларга жавобни яқиндагина "Ҳилол нашр" нашриётида чоп этилган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қизи Одинахон Муҳаммад Содиқ қаламига мансуб "Қизларжон" деб номланган китобдан тўкис маълумотлар олишингиз мумкин.
Китобни қўлингизга олиб ўқир экансиз, ҳар қандай ишингиз бўлса ҳам, ўқишдан тўхтагингиз келмайди. Чунки, китоб жуда ширали, тушунарли услуб ва равон тилда ёзилган. Китоб мўъжазгина бўлса-да, бир қанча долзарб мавзуларни ўз ичига олган. Ушбу китобни нафақат қизлар, балки оналар, қайноналар, қайноталар ва куёвлар ҳам мутолаа қилса фойдадан холи бўлмайди.
Китоб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси билан бошланади.
Ҳадисда Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Кишининг учта қизи бўлса ва уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади" (Имом Бухорий, "Адабул муфрада").
Китобда сўзбошидан бошлаб ҳар бир мавзу алоҳида, ўзига хос мисоллар орқали ёритилади.
Китобдан жуда кўп қизиқарли мавзулар ўрин олган. Масалан, "Қизингиз балоғат ёшида" номли бўлимида қизларнинг балоғат ёки ўсмирлик босқичида танадаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда руҳий ва шахсий ўзгаришлар юз бериши, хусусан, қиз боланинг ўзини кўрсатишга бўлган рағбати атроф - оламга, жамиятга, оиладаги кишилардан бошқаларга интилиши, баъзи интизомларга бўйсунмаслик, ўзга жисмга мойиллик, улар билан билвосита ёки бевосита алоқалар ўрнатишга бўлган рағбат ва ҳоказолар пайдо бўлиши билан боғлиқ жараёнлар қаламга олинади.
Бу хусусиятларни жамлаган қиз ўзининг мазкур хатти-ҳаракатлари билан онасига: "Мен энди аёлман. Мен мустақил табиатга эгаман. Шу пайтгача сиз ёш боладек муомала қилиб келган қизча эмасман, деб мактуб йўллагандек бўлади. Мана шу эркин хавф-хатар пистирма қуриб ётади".
Fўрлик, ёшлик, тажрибасизлик ва руҳий бўшлиқ қиз болани айнан шу босқичда, яъни асосан ўсмирлик даврида ҳар нарсага ишонувчан қилиб қўяди. Агар ана шу даврда унга етарли даражада эътибор қилинмаса, жўш уриб турган туйғулар, ўзга жинсга бўлган мойиллик унинг тўғри йўлдан тойилишига сабаб бўлиши мумкин...
"Қизларжонга ҳам қалб нидоларим бор", "Ўзлигингизга қайтинг, бегойимлар" деб номланган сарлавҳалар остида ёритилган мавзуларда асосан, ҳаё ҳақида сўз боради. Муаллиф ўзининг ҳаётий кузатишларини келиб чиқиб, ҳаё ҳақида тўла маълумотлар беришга ҳаракат қилади. Хусусан, китобда шундай сатрлар бор:
Расулуллоҳ (с.а.в) ҳаё ҳақида: "Ҳар бир диннинг хулқи бор, Исломнинг хулқи эса ҳаёдир" деб марҳамат қилганлар.
Умар (Р.А): "Кимнинг ҳаёси кам бўлса, тақвоси камаяди, кимнинг тақвоси камайса, қалби ўлади" деганлар ва қалб тириклигини бошқа ҳусн хулқларга эмас, айнан ҳаёга боғлаганлар.
Ойша розияллоҳу анҳу ҳам кўпинча "Яхши хулқларнинг боши ҳаёдир" деб айтар эдилар.
Муаллиф ҳаёни таърифлашда Абдулла Қодирий асарида ўзбек аёллари учун ибрат даражасида тасвирлаган Кумушбибини бир эсга олишни тавсия этади.
Ҳаёси қанчалар олий, хулқи қанчалар гўзал эди! Юсуфбек ҳожини эсланг, ҳайбати ва ҳурмати қанчалар юксак эди. Уларнинг илк бор кўришиши ёритилган саҳналар ёдингиздами? "Кумуш уялиб, зўрғагина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқинига келиб, бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб қўйди ва Кумушнинг манглайига тегизиб олган ўз қўлини ўпти..."
Муҳтарам китобхон! Юқорида китоб ҳақида қисқагина, унда қамраб олинган баъзи мавзулар хусусида тўхталдим холос. Ушбу китобни мутолаа қилиб англаганим шу бўлдики, ушбу китобни ўқиган ўзбек қизлари ундан фақат ибрат олади, яхшиликни ўрганади. Тарбия, одоб-ахлоқ, ҳаё, ибо ҳақида жуда кўп нарсаларни билиб олади. Юртдошларимиз, айниқса, қизларимиз, оналаримиз уни олиб ўқисалар ўзлари учун тегишли хулоса чиқарадилар. Битиклар кимларнидир яхши йўлга солса, улардан кимлардир сабоқ олса, китоб муаллифаси ўзининг камтарона меҳнатидан шод бўлади.
Қирғизистон Бирлашган ёшлар ташкилоти вакиллари вилоятимизда бўлди
Дўстлик ришталари
Андижон шаҳридаги вилоят "Ёшлар маркази"да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Қирғизистон Республикаси бирлашган ёшлар ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни имзолашга бағишланган тадбирда икки қардош халқ ёшлари қўшничилик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги келишув ҳар икки томон учун фойдали эканлиги таъкидланди.
- Асрлар давомида бир ариқдан сув ичган, тили, дини бир бўлган Марказий Осиё давлатлари ёшларининг жипслашиши, айниқса, бугунги глобаллашув даврида жуда муҳимдир, - дейди Қирғизистон Республикаси бирлашган ёшлар ташкилоти президенти Аскар Шайкидинов. - Минтақада ёшларни қийнаётган умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, қолаверса, маданият, адабиёт, санъат, таълим, спорт соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик шубҳасиз, уларнинг дўстлигини мустаҳкамлайди, фаоллигини, интеллектуал салоҳиятини янада юксалишига ёрдам беради.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар Ёшлар маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Қирғизистон ёшлар делегацияси Андижон давлат университетида бўлиб, университет тарихи, айни пайтда талабалар учун яратилган шароитлар, таълим жараёнларини кузатдилар. Хусусан, Андижон давлат университети Қирғиз филологияси бўлимида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашиб, уларга қирғиз адибларининг китобларини совға қилдилар. Шунингдек, университетда ташкил этилган "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи билан ҳам танишдилар.
Меҳмонлар "Жоме" меъморий мажмуси, "Ўзбегим" савдо маркази, Боғишамол дам олиш маскани сингари Андижон шаҳрининг қатор диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар.
Икки қўшни давлат ёшлар ташкилотининг ҳамкорлиги ўзбек ва қирғиз ёшлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш юзасидан Хўжаобод туманидаги 24-умумтаълим мактабида "Илм-фан - келажак пойдевори" шиори остида "Қизларжон" ўқувчи-қизлар саммитининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Туман халқ таълими бўлими, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган саммитда тумандаги мактабларнинг иқтидорли ўқувчи қизлари иштирок этиб, ўз истеъдод ва салоҳиятларини намойиш этдилар.
Саммит доирасида ташкил этилган "Қиз боланинг ҳунари - унинг бахти" деб номланган кўргазмада қизлар қўл меҳнати, тикувчилик, дизайнерлик, зардўзлик, каштачилик, ахборот технологиялари, карвин санъати йўналишлари бўйича ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар билан иштирок этишди. Айниқса, 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси Асалой Турдиалиева, 8-мактабдан Шаҳноза Сиддиқова, 24-мактабдан Дурдона Толибжонова, 1-мактабдан Дилшода Рустамбекова, 16-мактабдан Муслима Салоҳиддинова, Феруза Ҳакимова ва яна кўплаб ўқувчиларнинг зардўзлик, каштачилик, ахборот технологиялари, карвин санъати бўйича намойиш этган ишлари барчада катта таассурот қолдирди.
- 2018 йилда республика ўқувчи-қизлар инновацион саммитида фаол иштирок этиб, сертификат билан тақдирланганман, - дейди биз билан сухбатда 28-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Озодахон Иброҳимова. - Бундан ташқари, "Ташаббус - 2019" кўрик-танловининг туман босқичида "Ёш тадбиркор" номинацияси бўйича иштирок этиб, 3-даражали диплом билан тақдирландим. Ҳозирда мактабда "Мўъжиза" деб номланган тўгарак очиб, ўттиз нафардан ортиқ қизларга зардўзлик сирларини ўргатяпман.
Саммитда қатнашган ҳар бир ўқувчи ўзига хос истеъдод соҳибаси эканликларини намойиш этдилар.
- Мен болалигимдан карвин (сабзавот, мева, полиз маҳсулотларига нақш солиш) санъатига қизиқаман, - дейди 20-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Мадина Маттиева. - 2018 йилда "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказида бўлиб ўтган "Тўгараклар иши" танловида фахрли ўринни қўлга киритдим. Мактабимизда "Оқила қизлар" клуби ташкил этилгач, клубнинг етакчиларидан бири сифатида карвин санъати бўйича билганларимни тенгдошларимга ўргатяпман. Билганларим билан чекланиб қолмай, ўзим ҳам ушбу санъатни янада пухта ўрганишга ҳаракат қиляпман.
Тадбир доирасида қоғозлардан ясалган табиат манзаралари, газламалардан юмшоқ ўйинчоқлар, қўғирчоқ театрлари учун эртак қаҳрамонлари, шунингдек, зардўзлик, каштачилик, карвин санъати бўйича намойиш этилган маҳсулотлар ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабларда ташкил этилган ижодий тўгараклар машғулотларида ўрганган маҳоратлари самарасидир.
Саммит якунида ўзларининг ижодий ишлари билан ғолиб деб топилган ҳамда фаол иштирок этган ўқувчи қизлар тадбир ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Махбубахон АБИДОВА,
Хўжаобод туман халқ таълими бўлимининг рус тили ва адабиёт фани услубчиси, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.