+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

УНУТИЛАЁТГАН ҚАДРИЯТЛАР

Марҳамат туманидаги Ойбек маҳалла фуқаролар йиғинида "Унутилаётган қадриятлар" деб номланган маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси,  "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси ҳамда "Меҳримиз сизга" маркази мутахассислари, таълим муассасаларининг хотин-қизлар қўмитаси    бошланғич ташкилоти раислари, психологлари, "Ибратли оила "  кўрик-танлови ғолиблари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, отинойилар иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова тадбирни очиб, бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бири ажримларнинг олдини олиш, шунингдек, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қизлар тарбияси, уларнинг одоб-ахлоқи,   кийиниш маданияти борасида муҳим вазифалар, ёшларни оилага тайёрлашда миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ўрни хусусида гапирди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан оилавий муаммоларни ҳал этиш, ажрим ёқасидаги оилаларни тиклаш, миллий қадрият ва анаъаналаримизни асраб-авайлиш, ёшлар тарбиясида улардан кенг фойдаланиш, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси тизимидаги таълим муассасаларида меҳнат қилиб, ёшлар тарбияси йўлида самарали иш олиб бораётганбир гуруҳ фаол хотин-қизлар, иқтидорли ўқувчи қизлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Кечада миллий урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари, бадиий дастур намойиш этилди.

 

Мадинахон МАМАЖОНОВА,

 

вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бош мутахассиси.

Китоб тафаккурнинг толмас канотларидир

Мулоҳаза

Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Дарҳақиқат,   донишмандлардан бири: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан бир умр миннатдорман", деган эди. Ушбу фикр нечоғли тўғри эканлигини маънавиятли ҳар бир инсон чин қалбдан ҳис этади.

Китоб - инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради.

Кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, кейинги йилларда китобга, китоб ўқишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида сусайиб кетган эди.

Президентимиз ташаббуси билан бундай ҳолатга барҳам берилди.

Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас.

Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.  Тўғри, юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу - ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари етти ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у    даврларда ҳозирги ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.

Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради.

Бугун ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш - китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кўра яхшироқ дўст ва маслакдош йўқ.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб - тафаккурнинг толмас қанотларидир.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Китоб абадий яшайверади

Ҳаёт - ибрат мактаби

Китоб ҳақида гап кетганда, болалигим, оддийгина уйимиз, меҳмонхона тўридаги китоб жавонимиз кўз олдимга келади. Мен зиёли оилада туғилганман. Дадам тил ва адабиёт ўқитувчиси эди, бир умр ёшларга таълим-тарбия берган. Уйимизда ўша давр учун каттагина бўлган кутубхонамиз бор эди.

Дадам китобни жудаям яхши кўрадиган инсон эди. Бой яшамасак-да, лекин имкон топиши билан кутубхонамизни янги        китоблар билан бойитар эди. Оиламизда китобхонлик муҳити яратилишида дадамнинг ҳиссаси катта. Болалигимдан менинг энг есвимли машғулотим китоб мутолааси эди. Қани энди ҳеч ким ҳалақит бермасаю, туну кун китоб ўқиб ўтираверсам, деб орзу қилардим. Аммо оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун ҳар доим ҳам китоб ўқишга вақт ажрата олмас эдим.

Балоғатга ета бошлаганимизда аям бизга сеп йиғиш ташвишини қилиб қолди. Бир куни гапдан гап чиқиб: "Аяжон, менга сеп йиғиб ўтирманг, яхшиси бир сандиқ китоб олиб беринг, дегадим. Фаришталар омин деганми ёки пешонамга битилган тақдири азалми, секин-секин сепларнинг ўрнини китоблар эгаллай бошлади. Мен ёшлик давримни барча хою ҳаваслардан холи бир олам китоблар ичида ўқиш, ўрганиш билан ўткизганим рост. Мен дадамнинг мутолаа қилаётган ҳолатини яхши эслаб қолганман. Улар китобни завқ билан ўқир эди. Ҳар замонда бошини хиёл кўтариб, кўзларини юмиб "воҳ", деб қўяр эди. Китобдан таралаётган зиё дадамнинг юз-кўзларида акс этарди. Менимча, мана шу ҳолат мутолаа завқи, китоб соғинчи бўлса керак.

Кейинчалик хаётимда китобга янада меҳр уйғотишга кўмак берган олижаноб инсонлар Ҳамиджон ака Қодиров, Акрамжон ака Отахоновларни алоҳида меҳр ва ҳурмат билан эслайман, улардан ҳамиша миннатдорман.

Ёшман, фарзандларим кичкина, ўзим масъулиятли вазифадаман. Шу даврда Алишер Навоийнинг асарлари тўплами нашр этилди,  тўрт жилдлик луғати ҳам бор эди. Акрамжон ака астойдил луғатдан фойдаланишни  менга тушунтирган. Ҳамиджон ака эса янги чиққан китобларни илиниб турар ва уларни ўқишга қизиқтирар эди. Бугун шу улуғ инсонларга минг бор таъзим киламан, уларнинг охиратлари обод бўлсин.

Кўп китоб ўқиб, яна бир муҳим жаҳатни англадимки, китобларни тўғри танлаб мутолаа қилсак, уқиб ўқисак, у бизни алдамайди, ҳамиша ёнимизда турадиган, ҳеч қачон сотмайдиган, ҳиёнат килмайдиган, умримизнинг охиригача садоқатли дўст бўлиб қолади.

Ҳозирда менинг уйимда ҳам йиллар давомида тўпланган китоблар - шахсий кутубхонам бор. Мана шундай кутубхонам борлигидан фахрланаман. Ундан  фарзандларим, набираларим  фойдаланаётганлигидан хурсанд бўламан.

Бугун китобга бўлаётган эътибор ва муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги нафақат мени, балки барча катта авлод вакилларини қувонтиради. Миллатимизнинг улуғ фарзандларидан бири Озод Шарофуддинов айтганларидек китобнинг жанозасини ўқишга ҳали эрта. Зеро,  инсон бор экан, китоб ҳам яшайверади, шундоқ экан, бу мўъжизадан баҳраманд бўлиб яшашдан тўхтамайлик.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида китоб мутолааси ва китоб тарғиботига қаратилган эътибор халқимиз, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг тафаккурини бойитишга хизмат қилади. 

Китоб - илм чироғи, ушбу чироқни ёқмасдан тараққиётга, юксалишга эриша олмаймиз. Демак, юртимиз равнақи, буюк давлат, миллат бўлишимиз ёшларга, уларнинг билимдонлигига, китобга боғлиқ эканлигини асло унутмайлик.

 

Махбубахон МУЗАФФАРОВА,

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

"Чўлобод"да маҳалла кутубхонаси очилди

Янги зиё маскани

Улуғнор тумани вилоятнинг энг чекка ва олис туманларидан бири ҳисобланади. Туманимизда куни кеча Муҳтарам президентимиз томонидан Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида қатор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, бизнинг маҳалламизда "Маҳалла кутубхонаси"нинг очилиш маросими  бўлиб ўтди. Вилоят прокурори F. Фозилов ташаббуси ҳамда туман ҳокими Д. Мақсудов, 2-сектор бошлиғи - туман прокурори В. Одилов, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Жабборовнинг саъйи-ҳаракатлари билан ҳудудимизда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан кутубхона учун янги бино қуриб берилди.

- Туманимизда бу каби  маҳалла кутубхоналари сони тобора ортиб бормоқда, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигорахон Жабборова. - Мазкур кутубхоналар китоб тарғиботи, ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга ёрдам беради.

Китоб мутолааси учун зарур барча шароитлар мавжуд ушбу кутубхона иш бошлаганидан ёшу кекса бирдек мамнун. Айни кунда 750 дан ортиқ китоб фондига эга кутубхона маҳалла аҳли, айниқса, ёшларнинг энг севимли масканига айланди.

 

Зоҳидахон ҲАСАНОВА,

 

Улуғнор туманидаги "Чўлобод" МФЙ раиси.

Азиз юртдош, албатта, оилавий кутубхонангиз бўлсин!

Фарзанд тарбияси, оилани муқаддас билиш, оила анъаналарининг бардавомлиги, умуман, оиланинг тўлақонли бўлишида китобнинг ўрни ниҳоятда катта. Қайси оилада китоб ўқилмаса, ўша оила маънан тўлақонли оила бўла олмайди. Буни билган, яхши англаган инсонлар албатта, ўзининг оилавий кутубхонаси бўлишини истайди.  Фарзандларим ўқимишли бўлсин, деб оилавий кутубхона ташкил этишга ҳаракат қилади.

Ўз хонадонингизда кутубхона бўлса қандай яхши. Биламизки, китоб ўқиш тўхтаган жойда теран фикр юритилмайди, нима яхши, нима ёмон эканлигига эътибор сусаяди. Бефарқлик, совуққонлик, эзгу ишларга интилиш, меҳр-оқибатли бўлиш қайсидир маънода четга сурилади.  Бу фарзандларимиз келажагига, тақдирига шубҳасиз, салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, ҳар бир оила ўз кутубхонасига эга бўлсинки, ўша оилада униб-ўсаётган фарзандлар китоб ўқиб, оқилу доно инсонлар бўлиб камол топсин.

Зотан, кутубхона хоҳлаган фикрларни тотиб кўриш, тафаккур гулшанидан баҳраманд қила оладиган очил дастурхондир. Илм булоғининг зилол сувларидан ичишни хоҳласак, имкон қадар китоб ўқийлик, мўъжазгина бўлса ҳам оилавий кутубхона яратишга ҳаракат қилайлик. Бу фарзандингизни нафақат илмли, китобхон бўлишга, балки сиздан ибрат олишга, сиздан фахрланишга, мулоҳазали бўлишга, ҳаётда учрайдиган турли қийинчиликларни енгиб ўтишга ўргатади.

Шу ўринда оилавий кутубхонангиздаги китобларни чиройли сақлаш, асраб-авайлашга ҳам алоҳида эътибор беринг. Мавжуд китобларингиз рўйхатини қилиб боринг, бирортасига китоб берсангиз, эсингиздан чиқиб қолмаслиги учун ёзиб қўйинг. Китобларни тозалаб туриш, китоблар сақланадиган хонани хароратига эътибор бериш уларнинг умрини узайтиришини унутманг.

Китоб оилангизнинг, фарзандларингизнинг ҳамроҳига айланса, хонадонингиздан қут-барака аримайди, бу оилада ёмонликка ўрин қолмайди.

 

Муборакхон Каримова,

Избоскан туманидаги «Иттифоқ» МФЙ

 

мутахассиси.

Яхши китоб руҳимизга енгиллик беради

Мулоҳаза

Китоб - одамзод яратган мўъжизалар ичида энг буюги, деб эътироф этилган. Бундан  2500 йил аввал ижод қилган Арасту ўзининг "Метофизика" асарини "Инсон билимга интилади" деган сўзлари билан бошлаган.

Инсоният тарихида яратилган тафаккур дурдоналари эса сеҳрли сандиқ бўлмиш             китобларда сақланади. Китоблар бир авлоднинг келгуси авлодга қолдирган маънавий меросидир. Чунки йиллар, асрлар ўтиб, одамлар, давлатлар йўқ бўлиб кетади, лекин китоблар қолаверади. Тарихдан маълумки, ҳар бир халқ, давлатнинг тараққиёти, жаҳон айвонидаги ўрни ва нуфузи энг аввало ўша жамиятдаги илм-фан ривожига, одамларнинг тафаккур даражасига боғлиқ бўлган. Бунда албатта, китоб, ёзма манбалар роли ниҳоятда катта аҳамият касб этган.

Китоб фикрлаш қобилятимизни ҳаракатга келтирувчи қурол, энг асосийси, у қалбимизни ёритади, ақлимизни чархлайди, юрагимизни юмшатади, мустақил фикрлашга ўргатади. Табиатда ҳар бир нарсанинг фарзанди бўлганидек, назаримда китобнинг фарзанди ақлдир. Яхши китобни ўқисанг, руҳингда енгиллик ҳис этасан, оламга, ҳаётга ўзгача кўз билан боқасан.  

Ҳудо инсонга ўзига хос бўлган хусусиятларни берган: яратиш, кечириш, мурувват қилиш, эзгулик улашиш. Яхши китоб ана шу фазилатларни тоблайди, қалбни тарбиялайди. Китобсиз ҳаёт бўшликка ўхшайди, у фақат дўстимизгина эмас, умрбодлик ҳамроҳимиздир, чунки астойдил ўқилган китоб бир умр хотирамизда сақланиб қолади.

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

 

Қўрғонтепа тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ВИЛОЯТ ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ ФАОЛ НУРОНИЙ АЁЛЛАРИНИ ВИЛОЯТИМИЗНИНГ БАРЧА НУРОНИЙ ОНАХОНЛАРИГА М У Р О Ж А А Т И

Азиз опа-сингиллар! Умр сўқмоқларида улкан ҳаётий тажриба тўплаган қадрли онахонлар!

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлодга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги билан бугун ёшларимизнинг билимли, юксак маънавиятли, салоҳиятли, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган беш муҳим ташаббус ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ана шу ташаббуснинг тўртинчи йўналишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш белгиланган.  Юртбошимиз бежизга мазкур масалага алоҳида эътибор қаратмади. Чунки китоб - илм чироғи, тараққиёт маёғидир.  Илм, тафаккур бўлмас экан, инсон камолотга эриша олмайди, жамиятда эса тараққиёт, юксалиш бўлмайди. Демак, юрт равнақи, буюк давлат, миллат бўлишимиз кўп жиҳатдан бугунги ёшларга, уларнинг билимдонлигига, тафаккурига, маънавиятига боғлиқ. Ёшларимиз қачон билимли, юксак тафаккур ва маънавият эгаси бўлади, қачонки китоб ўқиса, мутолаа қилса.

 Ёшлар умид билан яшайди, кексалар эса хотира билан. Шундай экан, келинг, ўз ҳаётимизнинг ёрқин хотиралари билан ёшларимизнинг умидларига қанот бағишлайлик. Шу маънода биз кексалар оилаларимизнинг тинч-тотувлиги, ундаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш нечоғли муҳим эканлигини бошқалардан кўра теранроқ англаймиз. Биз фарзандларимиз, набираларимизга оилада ўзимиз тамал тошини қўйган таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ борасида ибрат бўлайлик.

 Ахборот асри деб эътироф этилаётган айни даврда замонавий ахборот технологиялари, интернет ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда.  Бу жараён қатор қулайликлар яратиш билан бирга, ёшларни ўз домига тортиб олмоқда. Ёзма манбаалар, газета, китобни четга суриб қўймоқда. Маънавиятимиз, миллий қадриятларимиз илдизига болта ураётган ана шу жараёнда биз хушёр бўлишимиз, фарзандларимиз ва набираларимизнинг китобга муҳаббатни кучайтиришга, мутолаа завқини ҳис этишларига астойдил кўмаклашишимиз муҳимдир. Ўзимиз ёшлигимизда ўқиган китоблар, бизга бир умр дўст, ҳамроҳ бўлиб қолган адабий қаҳрамонларимиз ҳақида уларга кўпроқ сўзлаб берайлик. 

Азизлар! Инсон олтмиш ёшдан кейин чинакамига пишиб етилади, бошқаларга сабоқ бўладиган ҳикматлар, ишларни тушунади, англаб етади. Биз ўзимизнинг бой ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, китоб мутолааси нечоғли фойдали ва зарур эканини ёшларимизга тушунтирайлик. Зеро, улар бизнинг эътиборсизлигимиз учун тўғри йўлдан адашмасин, вақтлар келиб азият чекмасин.

 Кексалик илм ахли учун ҳосил давридир. Ана шу яратган ҳосилимиз, билимимиз    дастурхонига ёшларни таклиф қилайлик. Улар сизнинг мўъжазгина, баҳоли қудрат тўплаган кутубхонангиз           китобларидан баҳраманд бўлсин. Сиз сўзлаб берган хотиралар уларда китоб ўқишга бўлган иштиёқни кучайтирсин. 

Келинг, биргалашиб ёшларнинг ёнига кирайлик, қўлимиздан келганича уларнинг қалбларида маърифат чироғини ёқайлик. Инсон фақат билим олиш, китоб ўқиш билангина юксак марраларни забт этиши мумкинлигини тушунтирайлик.

 Унутмайликки, меҳнат, ижод, хайрли ишлар кексайишни секинлаштиради, жисм ва руҳимизга ҳузур бағишлайди.  Шундай экан,  умуммиллий ғоядан руҳ олган, эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган     хайрли ишлар - бизнинг ҳамроҳимиз, доимий машғулотимизга айлансин. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда белгиланган вазифаларни  амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Ёшларимизнинг маънавиятини ошириш, уларнинг китобга муҳаббатини, китоб ўқишга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини бойитиш, бебаҳо дур бўлмиш китобни асраб-авайлашга ўргатайлик.

Умр қисқа, ўткинчи. Лекин инсон ўз фарзандлари, набиралари тимсолида асрлар оша яшайверади. Шундай экан, биз уларни қандай инсонлар бўлишига бефарқ бўлмаслигимиз, имкон қадар уларнинг илмли, маънавиятли бўлишларига бош-қош бўлайлик.

 

Манзурахон Эгамова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ

хўжалиги ходими.

 

Махбубахон

 Музаффарова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият

ходими.

 

Замирахон Тиллаева,

«Дўстлик ордени» соҳибаси.

Тожибархон ЮлдаШева,

сенатор.

 

Шохидахон Юсупова,

вилоят «Олима» уюшмаси раиси.

 

Муҳаббат Отамирзаева,

 

фахрий журналист.

Андижонликлар китобни ўзига дўст деб билади

Манзурахон ЮНУСОВА,

вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги кунда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис, президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этади.

Беш ташаббус доирасида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, ташаббуснинг тўртинчи йўналиши - ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича вилоятимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда вилоятда жами 917 та ахборот кутубхона муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Ана шу муассасаларнинг умумий китоб фонди - 4 миллион 447 минг нусхани ташкил этади. Ушбу китоб-лар вилоятимизнинг 3 миллион 77 минг нафардан зиёд аҳолисига тақсимланадиган бўлса, ҳар бир кишига 1,4 тадан китоб тўғри келади.

Ташаббус доирасидаги вазифаларни амалга ошириш баробарида вилоятимиздаги ахборот кутубхона муассасаларининг китоб фондини 5 миллион 585 минг нусхага  етказиш режалаштирилган. Келгусида 1 миллион 200 минг донага яқин янги китоблар харид              қилинади.

Кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, китоб фондини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан,   "Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан" шиори остида вилоятдаги 2 минг нафардан зиёд раҳбарлар томонидан ўзлари таҳсил олган мактабларга 60 минг донадан зиёд турли мавзулардаги китоблар тақдим этилди. Ушбу хайрли ҳаракат ҳар йили 1 июнь - "Халқаро болалар куни" ҳамда 1 сентябрь - "Билимлар куни"да  анъанавий тарзда ўтказиб борилишига келишиб олинди.

Шунингдек, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари китоб фондини бойитиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 250 миллион сўмга тенг бўлган 10 минг дона ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари бўлган китоблар харид қилиниб, умумтаълим мактабларига етказиб берилди.

Жорий йил якунига қадар маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган маблағлари ҳисобидан 1 миллион дона янги китоблар харид қилиниши кўзда тутилган.

Аҳоли ва ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Андижон вилояти намунаси сифатида аҳоли гавжум бўлган 512 та масканда "Китоб жавонлари" ўрнатилди. Улар 30 минг донадан ортиқ турли мавзулардаги китоблар билан тўлдирилиб, аҳолининг, ёшларнинг ушбу китоблардан бепул фойдаланишлари, яъни ўқиб-ўрганишлари йўлга қўйилди. Жорий йил охирига қадар ана шундай "Китоб жавонлари" сонини 1200 тага, улардаги китоб фондини эса 100 минг нусхадан ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, вилоятдаги таъмирга муҳтож 125 та кутубхонада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар бир туман, шаҳар маказларида камида биттадан, жами 17 та намунали китоб дўконлари ташкил қилиниши, ушбу мақсадлар учун 5 миллиард сўм  маблағ йўналтирилиши белгиланган. Андижон шаҳри, Бўз ва Қўрғонтепа туманларида биттадан намунали китоб дўконлари ташкил этилиб, шу кунларда уларни жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Шунингдек, вилоятимиздаги маҳаллаларда "Маҳалла кутубхонаси" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасидаги ишлар натижасида вилоятдаги мавжуд 880 та маҳалладан 524 тасида «Маҳалла кутубхонаси» ташкил этилди. Улар 42 минг донадан ортиқ китоблар билан таъминланди.

Вилоят ҳудудидаги автобус бекатлари ва сайилгоҳларда "Маънавият бурчаклари" маънавий-маърифий ахборот доскалари ташкил этилганлиги китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Вилоятда оила қураётган ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида, хотин-қизлар қўмиталари томонидан  "Энг муносиб туҳфа" сифатида уларга бадиий             китоблар жамланмасини тақдим этиш анъанаси жорий қилинди.  Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада, таълим муассасаларида "Энг яхши китобхон", "Энг яхши китобхон оила", "Энг намунали китобхон маҳалла" сингари кўрик-танловлар ўтказилиши ҳам анъанага айланди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда китобхонликни    тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган ишлар кўлами кундан-кунга ортиб бормоқда. Ишонч билан айта оламанки, яқин йиллар ичида андижонлик ёшларнинг аксарияти китобни ўзига энг яқин дўст билиб, адабиёт билан ошино бўлиб қолади. Китобхон оилалар, маҳаллалар сафи эса бир неча баробарга ортади.

 

Бу борадаги ишларни амалга оширишда хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, зиёлилар маҳалла мутахассислари фаоллик кўрсатадилар

Китобга ошно айланг

Ҳали эрта деманглар,

Бола гўдаклигидан.

Китоб ўқиб беринглар,

Жажжи мурғаклигидан.

 

Чўпчак, эмас эртакка,

Қалби тўлсин ҳикматга,

Ҳизмат қилсин десангиз,

Шу қоракўз миллатга.

 

Кўксига зиё жойланг,

Китобга ошно айланг.

 

Олим, доно бўлсин деб,

Ҳам уламо бўлсин деб,

Ниятни баланд олинг

Болам даҳо бўлсин деб.

 

Бахтни кўрай десангиз,

Тахтни кўрай десангиз,

Данғиллама уй қуриб,

Тўйлар қилай десангиз.

 

Ҳиммат камарин бойланг,

Китобга ошно айланг.

 

Сўкманг қургур, ўлгун деб,

Айтинг имом бўлгур деб,

Тергаб қўйинг, уйингга

Арпа, буғдой тўлгур деб.

 

Илми билан беллашсин,

Дунёларни бўйлашсин,

Аждодлардек бемалол

Етти тилда тиллашсин.

 

Қалбин пок чашма айланг,

Китобга ошно айланг.

 

Сенсор телефон ҳам керак,

Айпат, айвон ҳам керак,

Аммо, уйғотинг ҳавас,

Китобни завқи бўлак.

 

Кўрмайди ҳеч каму кўст,

Олисга тиксангиз кўз,

Узоқни яқин қилар

Китоб бўлар содиқ дўст.

 

Эртани бугун ўйланг,

Китобга ошно айланг.

 

Расмлар чизиб беринг,

Дарс жадвал тузиб беринг,

Тандирдан иссиқ, ширин

Кулчалар узиб беринг.

 

Ўзингиздан шахд керак,

Болага ибрат керак,

Завқи ошар албатта

Мукофот рағбат керак.

 

Пул аяманг хўп сийланг,

Китобга ошно айланг.

 

Туйғулари соф бўлсин,

Бошида офтоб кулсин,

Туғилган кунида ҳам,

Зўр совға - китоб бўлсин.

 

Жавонга дурдай теринг,

Расталар ошиб юринг,

Қизларнинг сепига,

Китоблар қўшиб беринг,

 

Сеҳрли "Ўтган кунлар",

Сирли "Юлдузли тунлар",

Нодир асарлар билан

Тўлсин сандиқ тугунлар.

 

Кўзга тўтиё айланг,

Китобга ошно айланг.

 

Нечун, буюк боболар?

Кўкси куюк боболар,

Неча аср ўтса ҳам

Ҳамон суюк боболар.

 

Улар аввал саломни,

Аллоҳ берган каломни.

Ўқишган ўрганишган

Ҳадисга эҳтиромни.

 

Юксак парвозга шайланг,

Китобга ошно айланг.

 

Нажмиддин Қуброларни,

Беруний, Синоларни,

Сўзлаб беринг, аллалаб

Тўмарис, Дадхоларни.

 

Ўқитинг, уч ёшдан матн,

Алифбо - ҳусниҳатин,

Очсин, тарихлар қатин -

Боболарнинг ҳикатин.

 

Юрагига жо айланг,

Китобга ошно айланг.

 

 

Бобурдай шер ўғлонлар,

Ойни қучган Чўлпонлар,

Улғаймоқда бугун ҳам

Нодираи Давронлар.

 

Ҳуш райҳон исларингиз,

Оппоқ тонг ҳисларингиз,

Саида Зуннунларга

Ўхшасин қизларингиз.

 

Булбулдай сайрарди,

Тилин сўзла қайрарди,

Турсунойим сўзласа

Томирлар ҳам яйрарди.

 

Тоғлар тиргак булутга,

Қоя керак бургутга,

Битта Муҳаммад Юсуф

Камлик қилар бу юртга.

 

Кўпроқ тарихдан сўйланг

Китобга ошно айланг.

 

Ўн тўрт туман-битта шох,

Шаҳар, қишлоқлар япроқ,

Қадим чинор Андижон

Юксалавер Иншаааллоҳ!

 

Гўзал шева, тилимиз,

Андижонча феълимиз,

Ҳақпарвар, илмпарвар

Ботир танти элимиз.

 

Уни асраб авайланг,

Китобга ошно айланг.

 

Қизлар - юзи моҳтоблар,

Келинпошшо - офтоблар,

Андижонлик Оналардан

Сизгадур бу ҳитоблар!

 

Ўғил, қиз фарзандингиз,

Ширин, жон пайвандингиз,

Ўқиб, ўсиб асқотсин

Эл юртга дилбандингиз.

 

Ҳиммат камарин бойланг,

Эртани бугун ўйланг,

Кўксига зиё жойланг,

Китобга ошно айланг!

 

 

Шарофиддин БОЛТАБОЕВ

ТАОМИНГИЗ ҲАМИША МАЗАЛИ БЎЛСИН

Уй бекаларига маслаҳатлар

Таомга нафақат туз ва зираворларни қўшиб мазалироқ қилиш мумкин, балки, биз ҳатто борлигини билмаган баъзи кичик нарсалар ҳам уни янада мазалироқ чиқишига ёрдам беради. Ана шу хусусда қуйидаги ўнта маслаҳатни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ушбу маслаҳатлар ҳаётда сизга асқотишига ишонамиз.

Саримсоқ ва пиёзни олдиндан тўғраманг

Тўғралган пиёз ва саримсоқ ўзидан ёқимсиз ҳид тарқатиши мумкин. Яхшиси уларни бевосита таомга солишдан олдин тўғраган ёки содали сувда (бир стакан сувга бир чой қошиқ нисбатда) ушлаб турган маъқул. Содали сув уларнинг ўткир таъмини камайтиради. Асосийси, уларни таомга солишдан олдин чайиб олинг.

Помидорнинг юмшоқ қисмини ташлаб юборманг

Помидорнинг юмшоқ қисмида жойлашган уруғлари ва унинг атрофидаги эт энг кучли таъм ва ҳидга эга. Шунинг учун, агар таомни тайёрлашда уларни ташлаб юбориш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган бўлса, ундай қилманг.

Ишлатаётган ёғларимиз янги бўлсин

Сариёғ ва сабзавот ёғлари қандайдир вақтдан кейин аччиқлашиб, таомнинг таъмини бузади. Бу жараённи секинлаштириш учун уларга кислород тушишини чеклаш керак. Бунинг учун сариёғни музлатгичга, ёнғоқ мойини совитгичга, ўсимлик мойини эса қоронғи ва салқин жойга қўйиш кифоя қилади.   

Масаллиқларни фақат қизиб турган товага солинг

Таом тайёрланаётган идиш сиртининг ҳарорати унга масаллиқлар тушиши билан пасаяди. Шунинг учун, агар сиз сабзавотларни қовурмоқчи бўлсангиз, товадаги ёғ бироз кўпиришни бошлашини кутинг, агар таомни тайёрлашда ёғ ишлатмаётган бўлсангиз, унда товадан буғ чиқишини кутинг.

Таомга шакар қўшинг

Шакарга қаршилигингиз бўлмаса, унда қовурилган гўшт, денгиз маҳсулотлари ва сабзавотларга шакар қўшишингиз мумкин. Шакар таомга ўткирроқ таъм беради.

Зираворларнинг таъмини яхшилаймиз

Зиравор ва қуритилган ўтларнинг таъмини кучайтириш учун уларни таомга қўшишдан олдин бир-икки дақиқа сариёғ ёки ўсимлик ёғида қовуриб олиш керак. Агар рецепт бўйича зираворлар охирида қўшилиши керак бўлса, унда уларни таом тайёр бўлишига 1-2 дақиқа қолганда қўшинг.

Қовуришда това тагига ёпишиб қолган бўлакларни ташлаб юборманг

Това тагида ёпишиб қолган тагига олган бўлаклар соус, шўрва ёки рагуга яхшигина қўшимча бўлиб хизмат қилиши мумкин. Иссиқ товага суюқлик (вино, шарбат, бульон) қуйиб, уларни ёғоч қошиқ билан қириб олинг.

Пишириқни муддатидан олдин олманг

Нон, пирог ва бошқа пишириқларнинг идеал ранги сарғиш-жигарранг бўлади. Деярли ҳамма духовкалар кўриш ойнасига эга, шунинг учун пишириқларни керакли маромга етишини улар орқали кузатсангиз бўлади.

Озгина соя соуси ёки

анчоусдан қўшинг

Соя соуси ва анчоуслар ўзида таомга тўйинган гўшт таъмини берадиган глутомат моддасини кўп миқдорда сақлайди. Чили қалампири ёки бошқа зираворларга соя соусидан 1-2 чой қошиқ, агар сабзавотлар тайёрлаётган бўлсангиз, уларга оз миқдорда янчилган анчоусдан қўшиб юборинг.   

Барра ўтларни

вақтида қўшинг

Зира, розмарин, салбия (шалфей), жамбил каби қаттиқ ўтларни таом тайёрлашнинг бошида қўшиш керак. Шундай қилинса, улар кўпроқ хушбўй ҳид берадилар ҳамда бироз юмшайдилар. Райхон, петрушка, кашнич ва кўк пиёз каби юмшоқ ўтларни эса яхшиси таом тайёр бўлишининг охирги дақиқаларида қўшган маъқул, йўқса улар ўз ҳиди ва ёрқин рангини йўқотади.

 

НИГОРАХОН тайёрлади.