+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Май 2019

ИЛМ ДУНЁДА АЗИЗЛИК, ОХИРАТДА ЭСА ШАРАФДИР

Орамиздаги аёллар

Бир ҳакимдан: "Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?" деб сўрашган экан. Шунда у: "Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!" деб жавоб қилибди. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора "ранж ила ҳарф ўргатган", тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини яхши кўрмоғи, ҳурматини ўрнига қўйиб, йўқлаб турмоғи лозим.

 Маҳлиёхон Қодирова ҳам ўзи устоз бўлса-да, мактабда, олий таълим даргоҳида билим берган, уни муаллимлик даражасига етиштирган устозларини йўқлаб туради, улар ҳақида гапирганда фахр билан, тўлқинланиб гапиради. Фарзандларига устозларини ҳамиша ҳурмат қилишларини уқтиради.

Аввал Андижон педагогика билим юртини, кейин Андижон давлат университетининг махсус сиртқи бўлимини тамомлаган муаллима мана 20 йилдирки, Пахтаобод туманидаги 31-умумтаълим мактабида ўқитувчилик касбини улуғлаб келмоқда.

Маҳлиёхон жажжи қўлчаларни ёзишга ўргатади, алифбони танитиб, саводини чиқаради, мурғак қалбларга ҳаёт сабоқларидан дарс беради.

- Ота-она вужуд меъмори бўлса, ўқитувчи қалб меъморидир, - дея бежиз айтилмаган, - дейди М.Қодирова. - Айниқса, бошланғич синфларга дарс бериш, ҳали ҳеч нарсани билмайдиган мурғак қалб кўзини очиш, уни илм-маърифат зиёси билан тўлдириш анча масъулиятли ва машаққатлидир. Аммо, вақт ўтиб ана шу меҳнат ўз маҳсулини бера бошлаганида, таърифлаб бўлмас ҳузурни ҳис этасан. Ўқитувчи учун энг катта мукофот бу - ўқувчисининг  ютуғи, муваффақиятидир.

Маҳлиёхон Қодирова раҳбарлик қилаётган 2-Б синфда  30 нафар ўқувчи таҳсил олади. Муаллима ўқувчиларининг таълим-тарбиясига ҳар бирининг табиати, қизиқишлари, салоҳиятларидан келиб чиқиб индивидуал ёндашишга, ҳар бири билан астойдил ишлашга ҳаракат қилади.

- Ўқувчиларим ўз фарзандимдай бўлиб қолишган. Тўғрида, ахир уларга ҳам оилам, болаларимга ажратган вақтдан кам вақт ажратмайман. Кунимнинг деярли ярми мактабда, шулар билан ўтади. Демак, мактабим  иккинчи оилам, ўқувчиларим эса болаларимдир. Болаларингизга эса фақат эзгуликни, дунёдаги жамики яхши нарсаларни илинасиз.

М. Қодирова фаолияти давомида доимий изланишда. Ўз устида ишлаб, таълим соҳасидаги янгиликлардан бохабар бўлиб боради. Соҳага оид танлов, семинарларда мунтазам қатнашади, тадбирлар ташкиллаштириб туради. "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловининг туман босқичи совриндори бўлган. Мактабда услубий бирлашмани бошқаради.

Муаллима оилада ҳам намунали уй бекаси, меҳрибон она, маънавиятли тарбиячи, қайнота-қайнонасининг дуосини олаётган оқила келиндир. Турмуш ўртоғи Абдулхошим билан 3 фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Фарзандлари ва ўқувчиларини элу-юрт хизматига камарбаста, оқил ва фозил инсонлар қилиб қаторга қўшишни орзу қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Илм дунёда азизлик, охиратда эса шарафдир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва маърифати билан фарзандларимизга ўрнак бўлаётган Маҳлиёхон Қодирова каби устозларни ҳар қанча шарафласак арзийди.

Шоирахон АҲМЕДОВА,

 

жамоатчи мухбир.