+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОИЛА БАХТИНИ АСРАБ ҚОЛИШ КЎП ЖИҲАТДАН КЕЛИНЛАРГА БОFЛИҚ

Қизлар ва келинларга маслаҳатлар

"Ойнаи жаҳон" орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказаётганликлари ҳақида гапирди. Ҳақли равишда шундай савол туғилади: "Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не умидлар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қилдинг?Ахир келинчаклик даври кўникиш, меҳр қозониш. Уйнинг оғирини енгил қилиб, муҳаббатга сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми?

Оила бахтини ушлаб, асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё "ҳуқуқ" талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора "ҳақиқат" излашга тушадилар.

Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, яхшиси қизларимиз, келинларимиз қуйидаги ўгит ва маслаҳатлар билан танишиб олсин. Уларга амал қилсангиз, ишончим комилки, оилавий ҳаётингизда дуч келишингиз мумкин бўлган турли муаммо ва қийинчиликларни осон енгиб ўтасиз.

1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари      бисёр. Бир киши Абу Дардонинг (р.а.) ҳузурига келиб: "Онам хотинимни талоқ этишимни талаб этяпти", деди. Абу Дардо унга  бундай жавоб қилди: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Она - жаннатнинг ўртасидаги  бир эшик. Хоҳласанг, ўша эшикни бой бер, хоҳласанг, сақлаб қол", деб айтганлар".

2. Рўзғорнинг  бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳарлари Ойша онамизнинг гапларини эсланг: "Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони     ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди".

3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқчилик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай", дейди. Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Чақимчи жаннатга кирмайди", деганлар.

4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг. Маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.

5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!" деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга   ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.

6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор тадбир, маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.

7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда "Эгилган бошни қилич кесмас", деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.

8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу "қилди-қилмади"лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан "Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?" деб сўраганида, Расулуллоҳ: "Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос", деган эканлар.

9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, "Болам иккита бўлди", деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг сабабчиси бўлган ўғлини "оғдириб олган" келинини ёқтирмай қолади.

10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикинсиз? Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари бор: "Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқдир". "Қизига жони ачиган келинини қарғайди" деган мақол ҳам бор.

Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панд-у насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шуълаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло қайнона ва келин-икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

Муқаддасхон СОЛИЕВА,

 

Шаҳрихон тумани бош отинойиси.