+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Олийжанобликбарча нарсадан устун

 (ҳикоя)

Муҳаррирнинг илғор фермерлардан бири ҳақида очерк ёзиш ҳақидаги топшириғига биноан, йўлга чиққанман. Айтилган манзилдан фермерни тополмагач, дараклашиб, қайта келишни режалаштириб, ортга қайтдим. Узун, чанг дала йўлларидан боряпман. Аксига олиб, машина тугул биронта  зоғ ҳам кўринмайди.  Бийдай дала. Шу вақт узоқдан эски, оқ рангли "Москвич" автомашинаси шарақлаб келиб қолди. Дарров тўхтатдим. Қирқ-қирқ беш ёшлардаги озғин, новча, уст-бошларини чанг қоплаган йигит машинадан тушиб, одоб билан салом берди.

- Опа, далада бировни қидиряпсизми? - сўради у ҳар ҳолда дала одами эмаслигимни пайқаб.

- Катта трассага олиб чиқиб қўёлмайсизми? - сўрадим унинг саволига жавоб бергим келмай.

- Ўтиринг, ташлаб қўяман.

Йигит машинани шитоб билан ҳайдаб кетди. Йўл-йўлакай мақсадимни айтиб, ўзимни таништирдим. Йигит кулимсираб:

- Мен ҳам фермерман. Бироқ, сиз мақола ёзишга арзийдиган зўр фермер эмасман-да, - деб қўйди.

Мен қизиқсиниб, уни суҳбатга тортдим. Йигит ўзи ҳақидаги саволларимга жавоб берди:

- Исмим Оллоберди. Ота-онамнинг якка фарзандиман. Мени тилаб олишган. Гард юқтирмай, катта қилишди. Отам - деҳқон, фермер. Бир қанча гектар ерга қора экин экарди, боғимиз бор. Ўқишга унча тобим бўлмаган, отамнинг дала ишларига ёрдамлашиб юриб,  деҳқон-фермер хўжалигини ўзим бошқарадиган бўлдим. Вояга етиб, уйландим. Икки фарзандим бор. Аввал отам, сал ўтмай онам, бирин-кетин қазо қилишди.

Отамнинг опа, ака-укалари бор. Опаси - Ҳамрохон аммамнинг фарзанди йўқ эди. Бепуштликдан сиқилган аммам бетоб бўлиб қолди. Қўл-оёқлари яхши ишламай, қийналди. Эрининг яқинлари уни ота эшигига ташлаб кетишди. Бироқ, аммам ўзи катта бўлган ҳовлига сиғмади. Уни тоғаларим, хотинлари турткилайдиган, малол оладиган бўлиб қолишди. Ҳамрохон аммам - яхши аёл. Кичкиналигимда уникига тез-тез борар, аммам нақшдор вазалардан конфетлар олиб берар, бир оз ўйнаб, уйга қайтардим. Аммамнинг касал бўлиб, эрининг уйидан қувилганини эшитгач, ундан хабар олиш учун катта ҳовлига бориб турдим.

Ҳовлига кираверишдаги йўлак четида бир уйча бўлиб, аммам шу уйчада яшар, эрта-ю кеч йиғилмаган ўринга ёнбошлар, ўзидан хабар олиш учун келган яқинларни шу ердан кузатар эди. Ҳар қачонгидан юзлари сўлғин, тушкун ҳолатдаги аммам бу сафар мени кўз ёшлари билан кутиб олди.

Қўлимдаги майда-чуйдани ёстиғи ёнига қўйиб, аммамни қучоқладим. У елкамга бош қўйиб, узоқ йиғлади.

- Тузукмисиз? Нима бўлди? Бирон нарса керакмас-ми, амма? - сўрадим.

- Олиб кет. Мени олиб кет. Болаларингни елкамга миндириб, катта қиламан. Юролмасам-да, соғ қўлим билан аёлингга кўмаклашай, фақат олиб кет, жон болам!, - аммам Худонинг зорини қилиб ёлворди. - Жуда зерикдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Каттадан-кичиги мени назар-писанд қилмайди. Ширин гапга, далдаларга зорман, болам. Ўпкаси тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган аммамнинг хира кўзлари йиғидан қизарди.

- Хўп-хўп, амма. Фақат, бўлди, йиғламанг. Ҳозироқ олиб кетаман.

Аммамни кўтариб, дала йўлларига қатнайвериб, шалоғи чиққан эски "Москвич"га жойлаштирдим. Уйдагиларга овоз бериб, аммамни олиб кетаётганим хабарини айтиб қўймоқчи бўлдим. Қизиқ, ҳеч ким менга қарши чиқмади.

Аммам бизникида яшай бошлади. Аёлим - Муниса бошида бунга эътироз билдиргандек бўлди.

- Агар мени десанг, аммамни малол олмайсан, овқатлантирасан, ҳожатига қарайсан, егиси келган таомни пиширасан, шунда сендан рози бўламан, - деб уқтирдим Мунисага.

Болаларим икки, тўрт ёшли Камол билан Севинч ҳам аммамга ўрганиб қолишди. Аммам уларга эртаклар айтиб берар, овқатларини едириб, ухлатар, болаларга деярли ўзи қарарди.

- Аммамнинг бизникидалиги яхши бўлди, болаларга ўзи қараяпти, бемалол ишларимни қиляпман. Илоҳим, соғайиб кетсин, - дейдиган бўлди Муниса.

Баъзан тоғаларим, келинойилар аммамдан хабар олгани келиб қолардилар. Аммам уларни ҳеч нима бўлмагандай хурсанд, кайфияти чоғ ҳолда қарши олар, бундан эса уларнинг энсалари қотгандай туюларди. Аммамни ўзлари билан олиб кетишни эса хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Бир куни шу ҳақда катта тоғам - Саттор ака гап очганди, аммам:

- Оллоберди, Мунисахон менга яхши қарашяпти, хавотир олманг, ака, - деди.

- Оммалекин, қара, "сенлар менга қарамадинг", деб кейин даъво-дастор қилиб юрма, - деди тоғам қовоқ уйиб. - "Уйда ҳеч қандай ҳаққим йўқ", деб ёзиб бер.

Тоғамнинг бу гапидан титраб кетдим.

- Хотиржам бўлинглар, аммам ҳеч қаёққа бормайди, даъво қилмайди, биз билан қолади, - шартта жавоб бердим. Тоғам ўз гапидан уялиш ўрнига, икки қўлини дуога очиб, наридан-бери фотиҳа қилди-да, кўчага отланди. Индамай, ортидан кузатиб чиқдим.

- Тоғажон, овқатим пишиб қолди, бир оз ўтиринг, - ошхонадан югуриб чиққан Муниса дарвоза томон бораётган тоғамга деди.

Тоғам шу кетганича, қайтиб қорасини кўрсатмади. Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки, у келиб-кетгач, бу аммамга қаттиқ таъсир қилар, аҳволи ёмонлашиб, ўзини ёмон ҳис қила бошларди.

Аммамни қайта-қайта шифокорлар кўригига олиб бордим. Муолажалар ола бошлагач, унинг соғлиги тиклана бошлади. Илгари қўли гул чевар бўлган аммам аста-секин қўлига чок ишларини оладиган бўлди. Муниса унинг илтимосига кўра, чок машинасини келтириб берди.  Энди аммам ўз қўллари билан болалар учун бежирим кўйлакчалар тика бошлади.

Бир куни аммам "мени суя-чи", деб қолди. Уни ўрнидан туришига кўмаклашдим. Бир-икки қадам босди. Эртасига яна уч-тўрт қадам ташлади. Кунда-кунора қадамлаб машқ қилиб, ваниҳоят юриб кетди.

- Худойимга шукр, тузаляпман. Оллоберди, болаларингни энди ўзим мактабга олиб бораман, - деди.

- Бўлмасам-чи, ахир улар сизнинг ҳам болаларингиз-ку, - дедим. Ҳаммасидан ҳам Муниса жуда қувонди, чунки, мен кўп вақт дала, боғ ишлари билан банд бўлиб, эрта кетиб - кеч қайтар, аммамнинг оёққа туришида сабр билан унга қараган, инжиқликларини кўтарган аслида у эди.

- Раҳмат, Муниса, - дедим аёлимга.

- Энг муҳими, аммамиз соғайди, - жилмайиб жавоб берди Муниса.

Оллобердининг гапларини тинглар эканман, ёзишим керак бўлган, мен излаган фермер шу эканлигини кўнглим сезди, бироқ энди, унинг фермерлик фаолияти ҳақида эмас, олийжаноб, инсоний фазилатлари, аёлининг иродаси, матонати ҳақида ёзишга қарор қилдим.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА