+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

СЎЗИ ВА ИШИ МУШТАРАК МУКАРРАМА ОПА

(26- сон) 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан

Ижод кишиси бўлиш, журналистика соҳасида қалам тебратиш, етук журналист сифатида одамлар эътирофига сазовор бўлиш осон эмас. Журналист зиммасида катта масъулият ётади. Эл-юрт нигоҳида бўлиш, ўқиш, изланиш, интилиш, айтар сўзни ўрнида ўринли айта олиш, ҳар бир ишда одамларга намуна бўлиш... Бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин.

 

Зиммасидаги ана шу вазифаларни бекаму кўст адо этиш, ўткир қаламига, жамиятда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди.

Устоз журналистлар ҳақида гап кетганда юқорида айтилган сифатлари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган жонкуяр, касбининг фидойилари бўлган Раҳбархон Файзибоева, Заҳриддин Муҳитдинов, Муқумжон Ниёзов, Маҳмуджон Норхўжаев, Тошпўлат Тешабоев, Мўминжон Маъмуров, Муҳаммаджон Абдукаримов, Илҳомжон Эгамназаров, Тўйчибой Мамасолиев сингари марҳум устозларни эсламаслик, ҳозирда Андижон журналистлари фахрига айланган Махпиратхон Тожихалилова, Назиржон Саидов, Комилжон Нишонов, Мукаррама Холматова, Адҳамжон Комилов, Абдулла Комилов, Узоқбой Саксонбоев, Тўлқин Сиддиқов, Маҳмуджон Ибаев сингари фидойи инсонларни алоҳида эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу инсонлар ўткир қалами, юксак инсоний сифатлари билан барча ижодкорларга ибрат бўлиб келмоқда. Уларнинг маслаҳат, панд-насихатлари биз учун ҳамиша қимматли ва қадрлидир. Бу инсонларнинг ҳар бири ҳақида жуда кўп илиқ гапларни айтиш мумкин.

Мен устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мукаррама опа билан тез-тез суҳбатлашиб тураман. Очиғи, опадаги сахийлик, касбга фидойилик, меҳр-оқибатни, бағрикенгликни кўриб қойил қоламан. Опа сахийлик бобида ўрни келганда таниган, танимаган одамларга яхшилик қилишига, қўлидан келганича кўмак беришига ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман. Энг асосийси, у қилган яхшилигини одамларга овоза қилмайди. Ўзаро суҳбатларимизда "Ўнг қўлинг билан берган нарсангни чап қўлинг билмасин" деган иборани кўп гапиради.

Касбига фидойилик дедик. Бу борада ҳам опадан жуда кўп жиҳатларни ўргансак арзийди. Сўзи ва иши муштарак инсонгина ҳақиқий ижодкор бўла олади. Шу маънода Мукаррама опа ўз сўзига муносиб, ҳалол ва фидойилик билан қалам тебратган журналистлардан десам асло муболаға бўлмайди. Яна опа ижодда ҳалолликни ўзига қурол қилиб олган эди. Меҳнат фаолияти давомида ҳалол ишлади, ҳамиша тўғри сўзни айтди.  Хатто ёнида бирор сўм пули қолмаган пайтларда ҳам бировдан бирор нарса таъма қилиб мақола ёзмади. Балки шундандир унинг ёзганлари барчага бирдек маъқул ва манзур бўлди.

Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш керакки, опанинг мақолалари нафақат, бирор бир муаммони кўтариши, инсон қалбининг нозик кечинмаларининг баён этилиши, балки содда тили, ўқилиши равон, ўзига хос услубда ёзилиши билан ҳам  кўпчиликнинг эътирофини қозона олган.

Мукаррама опа фаолияти давомида ҳеч қачон мансаб, мартабага, турли танловларда ғолиб бўлишга интилмади. Кўнглини пок тутди. "Мен аёлман, аёл оддий бўлиши керак" деган ақидага амал қилиб, ҳамиша оддийликка интилди.  Қарангки, кўнгли пок инсонни яратганни ўзи ҳам қўллар экан. Самарали меҳнатлари, фидойилиги ҳисобга олиниб, опа Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирланди.

Устозлик мақоми - энг улуғ мақомлардан бири. Мукаррама опа кўплаб ёшларга устозлик қилиб, уларни ижодкор сифатида камолга етказди. Ҳозир ҳам таҳририятларга келиб, биз шогирдларига қимматли маслаҳатларини беришдан чарчамайди.

Яқинлашиб келаётган касб байрамимиз олдидан Мукаррама опа ва у сингари журналистика соҳасининг барча фахрийларини ана шу қутлуғ айём, қолаверса, рамазон хайити билан муборакбод этамиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Суратда: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист М. Холматова.

БОЛАЖОНЛАР МАРОҚЛИ ДАМ ОЛМОҚДА

(26- сон)

Булоқбоши туманидаги 1-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган "Камалак" кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни кунда 130 нафар бола дам олмоқда.

Оромгоҳда ўтказилаётган тадбирлар, спорт турлари бўйича ташкил этилган тўгарак машғулотлари,  мусобақалар ва беллашувлар болажонларнинг мароқли дам олишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мактабнинг маънавий ва марифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Қодирова, бош етакчи Ўктамхон Исломова ҳамда Бекзодбек Қувватовлар ташаббуси билан "Салом, оромгоҳ", "Салом янги дўстлар", "Биз - буюк аждодлар давомчисимиз", "Қувноқ стартлар" каби мавзуларда тадбирлар, мусобақалар ташкил этилиши болажонларнинг мароқли хордиқ чиқаришларига хизмат қилмоқда.

 

Шухрат КЕЛДИЕВ

"БИЛИМЛАР БЕЛЛАШУВИ" FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

(26- сон) тадбир

Вилоят "Баркамол авлод" болалар марказида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Билимлар беллашуви" вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Беллашувда фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчилар, уларнинг устоз ва ота-оналари иштирокида ўтган тадбирда юртимизда ёш авлоднинг пухта билим олиши, ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги таъкидланди.

Якунда беллашув ғолибларидан энг юқори натижаларни қўлга киритган 28 нафар ўқувчига Тошкент вилоятидаги "Қуёшли" болалар оромгоҳида дам олиш учун йўлланмалар топширилди.

 

Хосият СИДДИҚОВА

Жаннатим – онам

Соддадил онам-а, қалбигул онам,

Хокисор бўлмаса, бунча кўнглингиз.

Хавотирсиз ўтган кунингиз борми,

Борми... беҳаловат бирор тунингиз.

 

Қадоқ қўлларингиз тафти бўлакча,

Бугун ҳам шу тафтни соғиндим бирам.

Борсам-да - бормасам менга илиниб,

Дастурхон четида тузу насибам.

 

Бошимга иш тушса, бораман йиғлаб,

"Болалатиб" минг бор армонингизни.

Йилда бир янгилаб беролмайман гоҳ,

Тандир куя теккан рўмолингизни.

 

Қадрдон ижара уй шифтига боқиб,

Зангори орзулар сўзлаб боламга.

"Шоирлик - шўрлилик" унвонин тақиб,

Нима қилиб бердим, сиздек онамга....

 

Кўз ёш кемасига айланди кўзим,

Кўнглим бамисоли дардли ғамхона.

Қалтирар бўғзимда ягона сўзим,

Сизни йўқотишдан қўрқаман ... Она!

 

Соддадил онам-а, қалби гул онам.....

 

Нилуфар ДАВИДОВА

ВАҚТ ҚИЙМАТИ

(25- сон) Жаҳон адабиётидан намуналар

О.  ГЕНРИ, Америка адиби.

Ота одатдагидай ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, гавдасини аранг судраб остона хатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган беш яшар ўғли қаршилади.

-      Салом, дада! - деди у қувончдан кўзлари порлаб.

-      Салом, бўталоғим, ҳалиям ухламадингми?

- Йўқ. - дея жавоб берди бола ва   сабрсизлик билан сўради. - Дада, майлими сизга савол берсам?

- Майли. Қани эшитайликчи,   оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сени йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?

- Бир соатда қанча пул топасиз? - кўзларини пирпиратиб болаларга хос содда самимият ила сўради болакай.

Беш яшар боланинг фавқулотда берилган антиқа саволи отани хайрон қолдирди ва жаҳлини чиқарди.

- Бемаҳалда бошқа бўлмағур савол ўйлаб тополмадингми? Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, зумраша.

- Дада, илтимос, мен шунчаки билмоқчи эдим, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? - оёқ тираб туриб олди болакай.

       Боланинг ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасми, ота қараса, жавоб бермаса бўлмайдиган, жовдираб тикилаётган покиза кўзлар билан нигоҳи бақамти келганидан кўнгли ийди ва:

- Бир соатда 20 доллар ишлайман қўзим, - дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.

- Яшасин! - қичқириб юборди кичкинтой. - Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?

Буниси ҳаммасидан ўтиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр-косаси тўлиб, ортиқ жаҳлини яширолмади:

- Ие, тағин яна нима ўйлаб топдинг. Қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишинг учун дадам 10 доллар беради, деб ўйласанг чучварани хом санабсан. Қани ҳозироқ жойингга бориб ёт ва охирги пайтларда қанчалар худбин бола бўлиб ўсаётганинг ҳақида ўйла! Мен ҳар кун бетиним меҳнат қиламан ва жоним халқумимга келиб аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва инжиқликларингни кўтаришга тобим йўқ!

Мўлтираб турган кўзларга ёш қалқиди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгани ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча хориган, жисмонан эзилган бўлмасин ҳадеганда кўзларига уйқу инай демасди. Асаблари дош бермай, боласига бақиргани учун кўнгли бузилди. "Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ, 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?". Шу йўсинда орадан бир соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари юмилмади. Бу туришда саҳаргача ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: "Чиндан ҳам болам шу 10 долларга муҳтож бўлса, мен жигаргўшамнинг гапини эшитмай туриб, кутганини ҳам рўйхотир қилмай уришиб бердим", дея кўнгли хижил бўлди.

У ўғлининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:

- Ухлаяпсанми, болажоним? - деб сўради.

-      Йўқ, уйғоқман, дада.

- Сенга нисбатан ноҳақлик қилганимни тушундим. Шунинг учун бўлса керакки, мижжа қоқмадим. Мендан ранжимадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.

Бола пулни қўлига ҳам олмай, ёстиғининг остидан бир даста ғижимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳаракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.

- Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси, бўталоғим?

- Пулим борликка бор эди-ку-я, аммо етмасди-да! Мана... 20 доллар бўлди. Дада, энди менга бир соат вақт ажратинг!

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси.

 

Пак Ин СУК,  корейс адиби.

Дадам берган гул

Якшанба кунлари дадам сигир ёки чўчқа етаклаб бозорга йўл олади.

- Бугун эртароқ келинг, илтимос. Фақат ароқ ичманг, - ойим ҳар доим дадам кетишидан олдин шундай илтимос қилади, бироқ дадам бу гапларни эшитмагандек ўз билганича иш тутади.

- Эрта келишим кераклигини ўзим ҳам биламан, кўп гапирасан-да, - дейди дадам норози оҳангда.

Ҳар доим ахвол шу. Ойимнинг гаплари беҳуда кетади. Дадам бозордан қайтишда чайқала-чайқала қўшиқ хиргойи қилиб келади. Онам бечора... ярим тунгача сават тўқиб дадамни кутиб ўтирадиган онам... оёқда зўрға юриб келган дадамнинг қўлида қора халта бўлади. Дадам қўпол бўлса-да, менга у-бу нарса кўтариб келиши у кишининг одатига айланиб қолган. Халта ичида эзилиб кетган хурмо, бурдаланиб ётган ширинликлар, совиб қолган нон ҳамма егуликлар билан аралашиб ётарди. Ўша вақтда сигирни сотган пулдан қанча қолганини билмасдим-у, онамнинг норози қиёфасини ҳеч эсимдан чиқара олмайман.

Кунлар шундай ўтаверди, отамнинг сочларига қиров қўнди, мен эса турмушга чиқиб, бир уйнинг бекасига айландим. Фарзандларини улғайтириш учун жони оғриса-да, даволанишга вақт топа олмаган онам ётиб қолдилар. Онамнинг бетоблиги боис ҳатто лағмон қайнатишни билмайдиган дадам умуман ўзгариб қолдилар. Доим борсам, ошхона чиннидай ялтираб турарди, егуликнинг тур-туридан топса бўларди. Ишониш қийин бўлса-да, дадам ҳеч ўзига ўхшамасди. Бир неча йил олдин қишлоққа - уйимизга келгандим. Онамни кўриш учун хонага киришим билан стол устида вазага солиб қўйилган бир дона атиргулга кўзим тушди.

- Ойи, атиргул қаердан келди? Жуда чиройли экан, - дедим ундан кўзимни узмай.

- Ҳа, даданг томоша қилиб,  завқланиб ўтирасан, дея олиб келганди, - деди онам кўзларида ўзгача меҳр порлаб.

Яна бир неча ойдан сўнг борсам, ҳамон ўша атиргул стол устида турарди. Ойим бу қовжираб қолган атиргулдан кўз узмай ўтирарди.

 - Ойи, қуриб қолган атиргулни асраб ўтирибсизми, ташлаб юборинг, - дедим атиргулга қўл чўзиб. Ойим бўлса, гулга меҳр билан қараб шундай деди:

-      Бу ахир, дадангнинг юраги-ку, уни қандай ташлаб юбораман.

Бир муддат қалбимда хаяжон турди. Дадам ёшлигида қалбда асраб келган муҳаббатини онамга энди қариб қолганда ўз ишлари ва мана шу гул орқали намоён этаётган эди. Дадам ва ойимнинг қайноқ меҳрининг нишонаси бўлмиш мана шу бир дона қуриб қолган атиргул кўзимга гўзаллик ва муҳаббат тимсоли бўлиб кўринди. Беихтиёр кўзимда ёш қалқди-ю, лабимга табассум югурди.

 

Малохат FАФФОРОВА

 

таржимаси.

ЁНИМДАГИ ФАРИШТА!

(25- сон)

Эрталаб уйғонганимда ҳар доим у ҳовли супураётган бўлади. Бугун ҳам ҳар кунгидек ҳовлида супургининг овози эшитиларди. Бунча сахарлаб туриб олмаса? Ўйланиб қолдим. Нозимага севиб уйланмаганман. Унда нимагадир кўнглим йўқ. Феруза бошқача эди-да. Насиб этмаган экан, онам унга уйланишимга рози бўлмадилар. Лекин хаёлларим барибир Ферузага кетаверади.

Ишдан бўшаб қолсам, Ферузанинг  ўқиши  олдига  бораман. Узоқдан унга  тикиламан,  нақадар гўзал қиз. Лекин афсус,ёнига бора олмайман. Хаёлларимни бўлиб соат олти бўлганини огоҳлантириб, жиринглайди. Эринибгина тураман. У ҳалиям ҳовлида куймаланиб юрибди. Унга норози қараб қўйдим. Эшик олдида ҳар доимгидек иссиқ сув тайёр. Ювиниб олиб, ошхонага кирдим. Стол устида нонушта ҳам тайёрланган. Нозима югуриб келганча, жилмайиб чой куйиб берди. Қовоғимни уйганча чой ичдим. Жуда мазали бўлса ҳам ширинликдан озгина едим. "Мазали бўлибдими?" сўрайди у. "Яхши" қўлимни оппоқ сочиққа артиб туриб кетдим. Кўйлак, шимларим аллақачон дазмоллаб қўйилган. Галстукни кўтариб югуриб келади. "Ўзим боғлаб қўяман" "Йўқ ўзим" бепарво жавоб бераман.

Феруза бўлганда қандай бахтли инсон бўлардим. Яна онамдан ўзимча ҳафа бўламан. Феруза ҳақида ўйласам Нозима кўзимга ёмон кўриниб кетади.

Нозима ҳар доим табассум билан ишга кузатиб қолади. Кўнглимда ғашлик тарқамаган, университет олдида машинамни тўхтатиб, қараб қолдим. Феруза оппоқ, ўзига жуда ярашган либосда охиста юриб келмоқда. Олдига тушиб бирор-бир сўз айта олмайман. Бўлмаса ёмон кайфиятда ишга йўл оламан.

Иш пайтида Нозима телефон қилди. "Уйга бориб келсам майлими, онамнинг тоблари йўқ экан". "Ҳайрият-ей", дейман ичимда, "Ҳа, майли бора қол" дедим овозимни баландлатиб. "Шу кунларда ёлғиз қолгим келиб турганди. Ишдан сўнг кеч уйга бордим. Хонамга кирдим, бирам совуқ, ошхонага ўтаман қозонда овқат бор-у лекин совиб қолган. Гугуртни қидира бошлайман. Қаерда туради бу лаънати? Қўшиқ хиргойи қилиб, овқатни исита бошлайман, шу пайт телефон   жиринглаб қолди. Яқин дўстим экан анча гаплашдик. Ошхонадан ғалати ҳид кела бошлади. Югуриб чиқсам, овқат куйиб ётибди.  Начора қорним оч ухладим.

Эрталаб ҳар дойимгидек соат олтида туриб ҳовлига чиқаман, куз фасли бўлгани учун дарахтлар барг тўкиб атрофни бефайз қилиб турибди. Хижил кайфиятда ювинмоқчи эдим сув йўқ! Муздек бўлсаям  майли эди. Хотиним қачон сувни иситиб улгирар экан, шу хаёлимга келди. Очиғи, эрталабдан барча ишларга улгирадиган хотинимга ачиниш ҳисси қалбимни чўлғаб олди. Чой қўйдим, ошхона ҳам тартибсиз эди. Эрталабда иссиққина бир нима егим келиб, тухум қовурдим. Лекин нимагадир Нозима тайёрлаб берганидай мазали эмас, дамлаган чойим ҳам ғалатироқ. Шу пайт қўй-молларга қараш кераклиги эсимга тушди. Нозима келин бўлиб тушгандан бери бу ишларни бирор бир иддаосиз бажарарди.

Томга чиқиб хашак тушириб, уларнинг олдига ташладим. Шошилганча кийиниб, ишга отландим. Ҳамма негадир менга ғалати қарагандай туйиларди. Ҳайрон бўлиб ойнага қарадим кўйлакларим ғижим эди.

Ишдан сўнг хоҳламайгина уйга бордим, очиғи тартибсизликларни кўргим келмасди. Уйга борсам эшик очиқ. Нозима келибди шекилли. Шошилиб кираман ҳовли топ-тоза, ошхонада бир нима пишираяпти. Хурсанд бўлиб кетдим. Аста бориб сўрашдим.

...Қанчалар гумроҳман, ёнимдаги фариштани сезмай юрган эканман!

 

Фаррух АБДУЛЛАЕВ

СУЮНЧИ

(25- сон) турмуш чорраҳаларида

Қўшни қишлоқда яшайдиган бир оилани яқиндан танийман. Бахтиёр ва Нилуфар бир-бирини севишиб, турмуш қуришган. Кўрганларнинг уларга ҳаваси келар эди.

Улар бирин-кетин бир қиз, бир ўғил фарзандли бўлдилар. Иккаласи ҳам ўқимаган, қўлларида бирор ҳунарлари ҳам йўқ эди. Рўзғор ташвиши Бахтиёр ва Нилуфарнинг анча эрта сочларига оқ, юзларига ажин туширди. Шундай пайтларда ўқимаганликлари, бирор ҳунарнинг этагини тутмаганликлари учун афсусланишарди. Уйлари бозорга яқин бўлганлиги боис Бахтиёр аравакашлик қилиб рўзғор тебратарди.

Вақтлар ўтди, катта фарзандлари Гулноза ҳадемай коллежни битиради. Ўзлари ўқимаганига яраша, фарзандларининг ўқишига алоҳида эътибор қаратдилар. Қизлари коллежни аъло баҳоларга тамомлади, лекин иститутга  кира олмади. Қийинчилик билан ўсган Гулноза одоб-ахлоқли, гўзал қиз бўлиб вояга етди. Унга совчилар кела бошлади. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган ота-онаси фарзандини яхши яшашини истар эдилар. Шунинг учун қизларини ўзига тўқ узоқроқ қариндошларига узатишни маъқул кўришди. Минг машаққатлар билан қизга сарпо-суруғ қилишди, маҳаллага ош бериб, чиройли тўй ўтказишди. Бунинг учун қарз ҳам кўтаришди. Тўйдан сўнг қарзни узиш учун Бахтиёр анча кўп меҳнат қилди.

"Орадан ойлар ўтиб, қизи она бўлди. Бундан чексиз қувонса-да, отанинг боши яна ташвишда қолди. Таниш-билишлари қизи ўғил фарзанд кўрганлиги учун куёвболага суюнчи учун юз доллар бериши кераклигини тинмай уқтиришарди. Эндигина қарздан қутулган ота учун бу катта муаммо эди. Емай, ичмай, бозорда 10-12 соатлаб ишлади. Бу орада чақалоқ боқишди. Қизи, набираси ва куёвига сарполар, бешик ва бола учун зарур нарсалар сотиб олишди. Чақалоқнинг чилласи чиққунча тирикчилигидан ошириб йиққан пуллари аранг 50 доллар бўлди. Ота кўп ишлагани боис соғлигини ҳам йўқотганди.

Набирасининг чилласи чиқадиган куни уларни олиб кетгани куёви келди. Суюнчисига эллик долларни унинг қўлига тутқазди. Кеч қолгани учун узр сўради, елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ота-она қизи ва куёвини чиройли меҳмон қилиб кузатдилар, ортидан: "Тиниб-тинчиб, бахтли яшанглар" дея дуо қилиб қолдилар.

Афсуски,  эртаси кун қизи чақалоғини кўтариб, кўзда ёш билан кириб келди. Бетобланиб ётган ота ҳайрон бўлиб, қизига пешвоз чиқди. Уй юмушлари билан банд онаси ҳам минг хавотир билан уларнинг ёнига югурди.

Қизи: "Қайнонам ота-онанг суюнчига эллик эмас, юз доллар бериши керак эди. Агар суюнчини юз доллар қилиб олиб келмасанг, уйга келмагин, деб ҳайдаб юборди" дея йиғларди.

Буни эшитган хаста ота юрагини чангаллаб, хушини йўқотди. "Тез ёрдам"ни чақиришди. Докторлар етиб келганида у ҳаёт билан видолашган эди. Бундай жудоликни кўтара олмаган она эса руҳий касалликка чалинди.

Чақалоғи билан аро йўлда қолган қиз эса армон ва азоб дардига кўмилиб қолди.

Азиз газетхон! Ушбу ҳаётий воқедан хулосани ўзингиз чиқариб олинг.

Хулкарой АСАТУЛЛАЕВА

 

Булоқбоши саноат касб- ҳунар коллежи ўқитувчиси.

ЯХШИ МУОМАЛА КИШИНИНГ КЎРКИ

(25- сон) ҳаёт - ибрат мактаби

Бир донишманд: "Таълим олувчи киши инсонлар билан чиройли муомалада бўлиши ва ўзига тегишли бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслиги лозим", дея эътироф этган экан. Ҳақиқатан ҳам, атрофдаги одамлар билан яхши суҳбатдош бўлиш қалбга сурур бағишлайди, ҳамда кишига маърифат эгаллашда ёрдам беради. Яна шу жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак-ки, яхши муомаланинг асоси ёши улуғ кишиларни ҳурмат қилиш билан намоён бўлади.

Бир киши шу хусусда сўз очиб шундай дейди: "Мазам бўлмасдан ҳудудимиздаги тиббий муассасага боргандим. Ногоҳ навбатда турганлар орасидаги бир нуроний онахонга кўзим тушди. Беморлар кўп эди. Шу пайт шифокор қабулига   навбат кутиб турганлар орасидаги бир йигит зийраклик қилди: кўринишидан анчайин соғлиги кетган, беҳол турган онахонга ўз навбатини бериб, шифокор ҳузурига киритиб юбораркан, унга чиройли муомалада бўлди. Олдинроқ эса кекса аёлга самимий муносабат кўрсатиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаганди. Кейин эса бояги йигитнинг эзгу йўлдаги хатти-ҳаракатидан атрофдагиларда ҳавас уйғонди. Шунингдек, яхши муомалали бўлиш учун кишидан юксак фаросат, хушёрлик талаб этилиши лозимлигини англаганлари одамларнинг юз-кўзидан яққол кўриниб турарди..."

Дарҳақиқат, инсон ҳаётини яхши сўз, ўринли гап, гўзал хулқ яна-да, зийнатлантиради. Хушмуомалалик ҳақиқий инсонларга хос гўзал бир фазилат бўлса, қўполлик, аччиқ сўзлилик барча ёмонликларнинг аслидир. Киши самимийлиги, зукколиги, ширинзабонлиги билан жамиятда иззат-икромга муносиб, халқ эътиборига эса мушарраф бўлади, шундай эмасми?

 

Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ,

 

Андижон шаҳри.

ОТА - ОИЛАНИНГ ҚЎРFОНИДИР

(25- сон) Ҳидоят нури

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг устуни ота ҳисобланади. Оилада унинг ўрни ва роли беқиёс албатта. Фарзандлар, бутун оила аъзолари у кишининг    соялари остида паноҳ топадилар. Мана шу паноҳгоҳнинг елкаларига барча рўзғор ташвишлари билан бирга, фарзандларни тарбиялашдек улкан ва масъулиятли вазифа ҳам юкланган.

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни нечоғлик муҳим бўлса, отаники ундан ҳам юқорироқдир. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир оиланинг равнақ топишида, маҳаллада, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун энг кўп қайғурадиган инсон отадир. Оталар оиласи тинчлиги учун бор куч-шижоатини, ғайрати ва ақл-заковатини ишга солади, фарзандлари учун жонини фидо қилади.

Бу мукаррам зотнинг қадрига етиш, доимо эъзозлаш ҳамда уларга итоатда бўлиш фарзанднинг бурчидир. Албатта кун келиб, ота кексайган чоғида унга олдингидан-да хушмуомила бўлиш керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Афсуски, ўз оталарига нисбатан қўпол муомала қиладиган ёшлар ҳам йўқ эмас. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақида шундай марҳамат қиладилар: "Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилади". Ваҳоланки, фарзанд ота-она учун қанчалик яхшилик қилмасин, уларнинг ҳақларини тўла адо қилолмайди.

Абу Хурайра (р.а.) бу хусусида: "Бола отасининг ҳаққини қайтара олмайди" деб айтганлар. Динимизда, халқимизда ота-онани ҳурматлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш баробаридан жуда кўп ҳикматли битиклар, ибратли воқеалар борки, улар бизга бу борада сабоқдир. Жумладан, Умар ибн Зарр айтадики: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси юрсам менга бироз озор етишдан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун мен турган уй томига ҳам чиқмас эди".

ҳар бир фарзанд ҳамиша отанинг кўнглини хушнуд қилиши,  дуоларини олиши, доим хизматларига шай бўлиб туришлари лозим. Абдураҳмон ибн Муҳаммад Абдулқодирийдан шундай ривоят келтирилади: "Умар ибн Абдулазиз отамнинг ёнида кетаётганимни кўриб, "Отанг ёнида юрма, сен отангни орқасидан юришинг керак" деди. Шунда отам: Мен уни қўлига таяниб кетябман" деди. У киши: "Ундай бўлса, майли" деб айтдилар". Демак, отани қанчалик даражада ҳурмат қилиш кераклигини ушбу ривоятдан ҳам  англаб етиш мумкин.

Агар ота ўтиб кетган бўлса-ю у отаси учун яхшилик қилмоқчи бўлса, у кишининг яқин кишиларига ва ўз ака-укаларига яхшилик қилиш буюрилади. Яхши фарзандлар ота-оналари ўтгандан кейин ҳам уларнинг ҳаққига дуо ва истиғфорда бўлиб, номини улуғлайдилар. Отадан кейин уларнинг ака-укалари ва яқин дўстларини йўқлаб турадилар. Муқаддас китобларимиздан бирида шундай ривоят келтирилган: "Умар ибн Хаттоб: "Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин". Агар фарзанд отасининг ака-укаларига ният билан яхшилик қилса, худди отасига яхшилик қилган билан баробар бўлади.

 

Абдурашид НОЗИРОВ,

Жасурбек СУЛТОНОВ,

 

Избоскан тумани, Чувама қишлоғи.  

МЕН ҲАМ ШИФОКОР БЎЛАМАН

(25- сон) дилнома

Яқинда қаттиқ оғриб қолдим. Уйда онам ва бувимнинг қилган дори-дармонлари наф бермади. Сўнг мени шифохонага олиб боришди. У ерда болалар шифокори Манзура Яхшибоева мени текширувдан ўтказиб, ичишим керак бўлган зарур дориларни ёзиб берди ва бир-икки кун ичида тузалиб кетишимни айтди.

Аввалига доктор опадан қаттиқ қўрқдим. Уни хушламай саволларига жавоб бергим келмади. Улар аста-секинлик ва ширин сўзлар билан мени овутди. Хушмуомилалик билан ўзини қизиқтирган саволларига мен қайсар қиздан жавоб олди. Мен шу қисқа суҳбат давомида у кишини ширин сўзларига, хушрўй чеҳраларига маҳлиё бўлиб қолгандим. Манзура опани гўё юзидан нур ёғилаётгандек, оппоқ халатлари ҳам ўзига ярашган эди. У ердан уйимга ўзгача ҳавас билан қайтдим.

Шифокор опанинг тавсиялари билан мен тезда соғайиб кетдим. Яна аввалгидек бемалол ўйнаб, чопқиллаб юра бошладим. Бундан жудаям хурсандман, айниқса, Манзура опадан беҳад миннатдорман. Улар сабаб митти қалбимда орзу ва мақсад уйғонди. Мен ҳам катта бўлсам албатта, Манзура опа сингари болалар шифокори бўламан. Улар сингари, ширинсухан, малакали бўлиш учун яхши ўқишни, кўп билимга эга бўлишни олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Орамизда Манзура опа сингари шифокорлар кўпаяверсин. 

Дилбарой ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси/