+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОИЛА - ТАРБИЯ ЎЧОFИ

(24 - сон) Мутахассис минбари

Дунёда ўзбек халқидай болажон халқ бўлмаса керак. Ёши улуғларимиз фарзандни "кўзимизнинг оқу-қораси", дея алқашади. "Болалик - подшолик" деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадаки, болани калтаклаш билан уни ёмон ишлардан қайтариб бўлмайди. Бу чора маълум муддат қайсидир даражада самара бериши мумкин. Бироқ тарбияда калтаклаш, турли жазоларни қўллаш болада қилган ишидан афсусланиш ўрнига ота-онасидан аччиқланиш, уларга нисбатан нафрат туйғуларини юзага келтиради.

Баъзи оилаларда тарбияда отанг қаттиққўлликни асосий қурол қилиб олганига гувоҳ бўламиз. Бундай оталар фарзанд билан ҳисоблашиб, унинг қизиқишларини тинглагандан кўра, қўрқитишдан фойдаланишни маъқул кўрадилар. Буни ўзларича самарали тарбия усули, деб ўйлайдилар. Афсуски, ўта талабчанлик, бўлар-бўлмас тақиқлар болани иккиланадиган, қўрқоқ бўлиб қолишига олиб келади.

Болани уриш ёки жазолашдан олдин ота-она аввало ўзини тутишни билиши, оилада чиройли муҳитни шакллантиришга эътибор қаратиши лозим. Бола йиғлаётган вақтда уни бирдан жим бўлишга ундаманг. Бола ўзидаги турли ҳислардан йиғи орқали озод бўлгиси келади. Бола йиғламас экан, демак у нафратни ичида сақлайди. Нафрат эса кейинчалик унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Руҳшунослар бола учун йиғи ўз эҳтиёжларини ифодалашнинг ягона йўли, деб ҳисоблайдилар. Шундай экан, биз йиғининг сабабини ўрганишимиз керак. Ана шунда мавжуд муаммога ечим топамиз. Айрим тадқиқотчиларининг огоҳлантиришича, ёш болани, ҳатто силкитиш унинг ақлий ва жисмоний ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. 

"Инсон инсондай яшаши, инсондай қилиқ кўрсатиши учун унинг яшаётган муҳити инсоний бўлиши керак", деб ёзган эди олим Fайбуллоҳ Ас-салом. Шундай экан, фарзандимизнинг тошбағир бўлиб бораётганидан шикоят қилиш ўрнига аввало, оиламиздаги муҳитни ўзгартиришга уриниб кўрайлик.

Эътибор қилсангиз, ота-она ҳам меҳрлироқ боласига суянади, унга бошқа фарзандларига нисбатан кўпроқ умид ва ишонч билан қарайди. Фарзандларнинг маьнан камол топиши эса аввало, оиладаги муҳит, уларнинг  дунёқараши шаклланишига қандай эътибор берилганлигига, ота-оналик масъулияти қай даражада адо этилганига боғлиқ. Бинобарин, ўсмир-ёшларнинг хатти-ҳаракатлари, вақтини нималарга сарфлаётганлиги, қизиқишлари оиладаги катталарнинг назаридан четда қолмаслиги жоиз. Акс ҳолда бу эътиборсизлик боланинг оила ва унинг азалий инсоний анъаналаридан, ота-онадан маънан бегоналашувига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, келажагимиз, жамиятимиз равнақи ёшларимизга қай даражада тарбия бераётганимизга боғлиқ. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин. Энг аввало, биз ҳаётимизнинг давомчилари - ўғил-қизларимиз тарбиясига, уларни ҳар жиҳатдан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳаёт-мамот масаласи, деб қарашимиз лозим.

Зулхумор РАҲМАТОВА,

 

АДТИ тиллар, педагогика ва психология кафедраси ўқитувчиси.

"КУМУШ ТОЛА" ХИРМОНИ ЮКСАЛМОҚДА

(24 - сон) "Пилла-2017"

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил, 29 мартдаги "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан руҳланиб меҳнат қилаётган вилоятимиз пиллакорлари томонидан шу кунларда етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари  қизғин олиб борилмоқда.

Пахтаобод тумани, Озод массивидаги Абдумўмин Нуралиев раҳбарлик қилаётган кўп тармоқли "Зебунисо пиллачи" тутчилик йўналишидаги фермер хўжалиги аъзолари бу йил 34 қути хориж     навли ипак қуртини белгиланган агротехника қоидалари асосида парваришладилар. Самарали меҳнат ўз натижасини бериб,  мўл ҳосил яратилди.

Хўжалик раҳбари ўз хонадонида турмуш ўртоғи Зуҳрахон Нуралиева билан 20 қути ипак қурти парваришлаб, кўпчиликка ибрат кўрсатди. Қолган 14 қути ипак қурти Дўнгқишлоқ маҳалласининг илғор пиллакорларига тарқатиб берилди. Хўжалик тассаруфидаги 5,4 гектар майдондаги тутзор эса ипак қуртига тўйимли озуқа манбаи бўлди.

- Ипак қуртини боқишнинг ўзига яраша машшаққатлари бўлади, - дейди уста  пиллакор Зуҳрахон Нуралиева.  - Энг муҳими, белгиланган ишларни ўз вақтида бажариш, қуртни тўйдиришдир. Тут баргларига тўйинган ипак қуртлари бўлиқ пилла ўрайди, кутилган даражада ҳосил олинади.

 Шу кунга қадар фермер хўжалиги аъзолари томонидан териб олинган пилла миқдори 1 тоннадан ошиб кетди. Пилла териш ишлари давом этмоқда.

Юртбошимизнинг қароридан келиб чиқиб, Зуҳрахонга мададкор бўлган маҳалла пиллакорлари Дурдонахон Худойбердиева, Гулнорахон ва Ойдиной Араббоевалар, Муҳаррамхон ҳамда Гулнорахон Собировалар ҳамда Зилолахон Тожибоевага меҳнат дафтарчаси очилди. Оддий пиллакор меҳнатига бўлган рағбат, берилган бу каби  имконият шу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир кишини беҳад қувонтирмоқда.

Кўп тармоқли фермер хўжалигида нафақат пиллачилик, балки асаларичилик, балиқчилик йўналишларида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда 40 қути асалари оиласи, 0,3 сотих майдондаги ҳовузда балиқлари парваришланмоқда. Тут қатор ораларига экилган буғдой пишиб етилди, яқин кунларда эса тарвуз, помидор, карам, булғор қалампири пишади.

Айни кунларда тумандаги барча хўжаликлар, пиллакорлар етиштирилган чилги ҳосил - пиллани териб олиш  белгиланган давлат режасини бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг тинимсиз изланишлари, интилишлари албатта, ўз самарасини беради, "Кумуш тола" хирмони бундан-да баланд бўлишига асло шубҳа йўқ. 

 

Нафиса ЮСУПОВА

ИЛМ ФАНГА БАХШИДА УМР

(24 - сон) тадбир

Андижон давлат университетида "Пўлат Хабибуллаев йирик олим, улкан давлат ва  жамоат арбоби" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда университетет профессор-ўқитувчилари, физика-математика факультети талабалари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда илм-фан тараққиётини юқори  босқичга кўтариш, унинг ривожи йўлида самарали фаолият юритган олимлар, фан арбоблари ҳаёти, фаолияти, хусусан, Ўзбекистон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган олим Пўлат Хабибуллаев илмий меросини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотининг соҳиби, физика-математика фанлари доктори, профессор Сирожиддин Зайнобиддиновнинг "Пўлат Хабибуллаев йирик олим, улкан давлат ва  жамоат арбоби" мавзусидаги маърузаси тингланди. Маъруза юзасидан, умуман, олимнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

- Ушбу тадбирда академик  Пўлат Хабибуллаевнинг ҳаёти ва бой илмий мероси  ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдик, - дейди Андижон давлат университети физика факультети талабаси Моҳларой Абдусаматова. - Айниқса, олимнинг илмий салоҳияти халқаро миқиёсда эътироф этилганлиги ва юксак баҳоланганлиги қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Халқимизнинг бу каби йирик олимлари, фан арбоблари илмий ишларини давом эттирадиган юртимизнинг муносиб фарзанди бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.   

Физика-математика факультети декани Мадаминжон Маҳкамов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Андижон вилояти    шарҳловчиси Фахриддин Ибайдуллаев ёшларни фаол бўлишга, фақат аъло баҳоларга ўқишга, юртимиз тараққиёти, илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топишга чақирди.

Тадбир доирасида талаба ёшларга Пўлат Хабибуллаев ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.

 Нигора РаззоқоВА

ЮРТБОШИМИЗ ТАШРИФИ БИЗЛАРГА ҚАНОТ БЎЛДИ

(24 - сон)

Кўнгилдаги гаплар

Ўтган ҳафта бутун андижонликлар, айниқса, бизнинг маҳалла аҳли ҳаётида тарихий воқеа юз берди. Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида маҳалламизда бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишди, одамлар билан суҳбатлашди.

Маҳалламизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, барпо этилаётган маҳалла гузарининг қурилиши бўйича таклиф ва тавсияларини берди. Кўп қаватли уйлар орасида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари, шунингдек, аҳолини дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши, сифатли савдо, маиший хизматлардан фойдаланиши учун кутубхона, минимаркет, қариялар дам олиш жойи, болалар майдончаси, фаввора, тренажёр майдони, сартарошхона, "Гўзаллик салони", новвойхона сингари қатор иншоотларни тез кунларда қуриб фойдаланишга топширилиши    режалаширилган. Бу маҳалламиз аҳолиси, айниқса, хотин-қизларимиз, болалар ва кексаларимиз учун кенг имкониятлар, янада қулай турмуш шароитларини яратиб беради.

Юртбошимиз маҳалла аҳли билан мулоқотда мамлакатимизда ҳукм суриб турган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, келажагимиз ворислари бўлган ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш ва турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолганлар, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида гапириб, бу йўналишларда нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

Ёшлар таълим-тарбияси хусусида фикр билдириб, уларни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялаш лозимлиги, оилада, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг маънавиятини юксалтириш орқали юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига  садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш зарурлигини айтиб ўтди.

Маҳалламизда 60 дан ортиқ кўп қаватли уйда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улардан 3441 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Қизларимизни турмушга тайёрлаш, миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатишни кўзлаган "Ораста қизлар давраси" тўгараги самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида маҳалламиз қизлари, келинлари иштирокида турли тадбирлар, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. Шу кунларда қизларимиз "Маҳалламиз маликаси" кўрик-танловида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўтказилаётган мана шундай тадбирлар ёшларимиз тафаккурини бойитишга ва ўзаро аҳилликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ушбу ишларни ташкил этишда маслаҳатчи Махфузахон Эргашева, котиб Махфиратхон Шокаримова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Зулфия Алибоева, посбон Fайрат Қамбаров, фаолларимиздан Fофиржон Қамбаров, Насибахон Раҳимова, Нозимахон Аҳмедовалар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Президентимиз маҳалла профилактика инспектори Фаррухбек Fаниев хонадонида бўлиб, унинг оиласига яратилган шароитлар билан танишди. Профилактика инспекторини маҳаллада хизмат уйи билан таъминлангани бизнинг катта ютуғимиз бўлди. Энг аввало, фуқароларимиз хавфсизликни тўлиқ ҳис этиб яшайдилар, қолаверса, маҳаллага бегона одам ўйлаб қадам босади.

Муқаддам бемаҳалда бирор кўнгилсизлик бўлса, профилактика инспектори уйидан етиб келгунига қадар анча вақт ўтар эди. Мана энди у маҳалла аҳли билан ёнма-ён яшаб, хизмат қилмоқда. Турмуш ўртоғи Гуландон Fаниева Андижон педегогика коллежида руҳшунос бўлиб ишлайди. Келинимиз маҳалламизда ёшларимиз руҳиятини ўрганиш, айниқса, қизларимизнинг оилавий ҳаётга руҳий-психологик жиҳатдан тайёрлаш борасидаги ишларда яқиндан ёрдам беради. 

Бизнинг тинчлигимиз, фаровон ҳаётимизни ўйлаб амалга оширилаётган мана шундай хайрли ишлар замирида қанча меҳнат ва инсонпарварлик мужассам эканлигини барчамиз чин дилидан ҳис этамиз. Ана шу ғамхўрлик ва эътиборга жавобан ҳар биримиз ўз хонадонимизни, маҳалламизни обод қилиб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ривожланишига, фарзандларимизни Ватанга муносиб ўғил-қизлар қилиб тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. Юртбошимиз билан бўлиб ўтган учрашув бизни ана шу эзгу мақсадлар йўлида оғишмай ҳаракат қилишимиз учун улкан қанот бўлди.

 

Жамилахон ОТАБОЕВА,

 

Андижон шаҳридаги «Ёйилма» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 2 июнь куни аҳолининг дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этиш, экспортни кенгайтириш   лойиҳалари билан танишди, янги намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашди. Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат  дастурида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Президентимиз 3 июнь куни Андижон шаҳридаги "Ёйилма" маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғида маҳалла ҳаёти билан танишди, одамлар билан мулоқот қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини гузари қурилиши лойиҳаси, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, кутубхона, минимаркет, қариялар дам олиш жойи, болалар майдончаси, фаввора, тренажёр майдони, сартарошхона, "Гўзаллик салони", новвойхона қурилмоқда.

Маҳалла аҳли билан мулоқотда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб   тарбиялаш ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришда нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш масалалариҳақида сўз юритилди.

Фарзандларимизни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президентимиз. Бунинг учун муносиб шароит яратишимиз керак. Улар чиройли, обод жойларда яшаса, кўп китоб ўқиса, маънавий олами бой, ватанпарвар бўлиб вояга етади.

Ёйилма маҳалласидаги 60 дан ортиқ кўп қаватли уйда 5 минг 800 нафардан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Ҳудудда 8 болалар майдончаси, мини-футбол, баскетбол, футбол майдонлари бор. 1 коллеж, 1 умумтаълим мактаби, 2 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз маҳалладаги кўп қаватли уйлар, коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Маҳалла профилактика инспектори Фаррух Fаниев хонадонида бўлди.

Профилактика инспекторларини маҳаллалар марказида хизмат уйлари билан таъминлаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Профилактика инспектори маҳаллада яшаб, фаоллар билан бамаслаҳат иш олиб борса, ҳудудда маънавий муҳит яхшиланади, жиноят содир этилмайди. Бу аҳолининг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини оширади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил, 22 ноябрдаги қарорига мувофиқ Андижон шаҳрида кўп қаватли 37 замонавий уй-жой бунёд этилиши белгиланган. Бугунги кунда Султон Жўра номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 294 хонадонга мўлжалланган еттита кўп қаватли турар жой бунёд этилмоқда.

Бу турар жойлар биринчи галда уйга муҳтож одамларга берилади. Ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши, мустақил, эмин-эркин яшаши учун шароит яратади.

Андижон шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Андижон шаҳрининг бош режасига мувофиқ шаҳар ҳудудини кенгайтириш режалаштирилган. Кўп қаватли уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари қурилиши мўлжалланган.

Универсал спорт мажмуаси улардан бири. Мажмуа лойиҳасини такомиллаштириш, фаолиятини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Мажмуа кўп тармоқли, кўплаб спорт турларига ихтисослашган бўлади. Спорт федерациялари шу ерга жойлашади. Мажмуада халқаро мусобақалар, оммавий-маданий тадбирлар ўтказиш учун зарур шароит яратилади.

Президентимиз ташаббуси билан Андижон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони ва мактаби ташкил этилмоқда. Бу борадаги режалар билан танишув чоғида хиёбонда Муҳаммад Юсуф ҳайкалини ўрнатиш, мактаб фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.

Андижон шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кардиология ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларини ташкил этиш, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш режалаштирилган.

Бу шифохоналар ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида ўтказиш, касалликларни самарали даволаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳоли ҳаёти, саломатлиги билан боғлиқ бу шифохоналарни тезроқ ишга тушириш, вилоят туманларида уларнинг субфилиалларини ташкил этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, профилактика ишларини кучайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари эски "Андижонмаш" акциядорлик жамиятида бўлди. Бу ерда ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зонаси     лойиҳаси билан танишди.

Бўш турган ер майдони 19,16 гектар бўлган мазкур ҳудудда ташкил қилинадиган саноат зонасида енгил саноат, электрокабель, чарм-пойабзал маҳсулотлари, эшик-ром, мебель, дори-дармон, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари қайта ишланади. 2 минг янги иш ўрни очилади.

Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан 127 миллиард сўмлик 15 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

"Engelberg Group" МЧЖнинг янги фабрикаси ана шу лойиҳалардан бири. Алюмин профилли ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Туркия ва Германиядан келтириладиган замонавий технологиялар билан жиҳозланади. "Роҳат савдо сервис" МЧЖ томонидан суспензиялар, тиббий мазлар, ампулалар, сироп ва таблеткалар ишлаб чиқарилади.

Президентимизнинг 2017 йил, 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан вилоятда изчил ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятдаги хусусийлаштирилган ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Бу борада шаҳар ва туманларда қўшимча хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 5 минг 697 бино-иншоот хатловдан ўтказилиб, уларнинг 283 таси бўш турганлиги аниқланган. Шулардан 210 тасида янги лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган.

Президентимизга тақдим қилинган лойиҳалар кичик ва йирик ГЭСлар қуриш, газ таъминоти тизимини такомиллаштириш, цемент ва оҳак ишлаб чиқариш каби йўналишларга мўлжалланган.

Булоқбоши туманида Хитой технологияси асосида йилига 21 минг тонна кимёвий чўктирилган бўр маҳсулоти ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашё - оҳактошдан олинади. Корхона ишга тушгач, чет элдан сотиб олинаётган шу турдаги маҳсулотга бўлган талаб қондирилади, уни экспорт қилиш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

"Ўзфармсаноат" компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

"Трастбанк" томонидан Андижон туманида "Zamin Bio Health" жамиятида йиллик қуввати 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа амалга оширилгач, 100 киши иш билан таъминланади.

"Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси ва тижорат   банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган мазкур соҳани ривожлантириш дастури лойиҳаси яратиладиган иш ўринларининг кўплиги билан эътиборни тортди.

Президентимиз "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси Андижон вилоятида амалга оширишни режалаштирган лойиҳалар билан танишди. Янги автомобиль русуми - "Chevrolet tracker"ни ишлаб чиқариш бўйича маълумот берилди.

Бунда енгил автомобилларнинг ускуна ва жиҳозларини модернизация қилиш, енгил автомобиллар қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, янги моделдаги автомобиллар учун интерьер, штампланган, пайвандланган панеллар, радиатор, кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, овоз сўндиргич тизими қисмлари, газ чиқариш тизимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Андижон шаҳри Миллий тикланиш кўчаси, 24-уйда жойлашган мазкур қабулхонада халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи - одамлар билан самимий мулоқотлар, сафар давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

ЎзА

БАРДОШ

(23-сон) Ҳикоя

 

-      Бақирсаммикан?

Бақирса дарахтларда сийрак қолган баргларни юлқиб кетаётган куз шамоли овозини қишлоқ бўйлаб ёйиб юборади.

Овозини эшитган қишлоқ аҳли бири ишини қўйиб, бири чопонига ўраниб кўчага чиқади. Сўнг катта-кичик овоз чиққан жойга тўпланади.

Бақирмади тишини-тишига қўлларини бошига қўйиб деворга ёпишгудай бўлиб, оғриққа дош берди.

Бақирса бошқаларнинг эшитишидан эмас, ота-онаси, акалари эшитишидан қўрқди. Эшитса онаси-ку йиғлар, отаси-чи, отаси ғазабланади, акалари қахрланади. Кейин ўзи бир умр бу уйнинг эшиги тупроғига зор бўлиб ўтади.

Бошига яна қамчи келиб тушди. Оғриқ... жонни зирқиратадиган оғриқ...

Хирсдай гавдали Чавандоз ғазабдан кўкариб, ҳансираганча қамчига зўр берарди. Ойсулув янга совуқ қотган мусичадек қунишиб, навбатдаги қамчидан бошини қўллари билан пана қиларди.

Оғзидан ароқ ҳиди келаётган, оёғида зўрға турган эридан Ойсулув янга икки қадам ташласа қочиб қутулади. Ана оғилхона эшиги очиқ, ташқарига чиқиб олса бўлди. Лекин янга қочмайди.

- Додламайман, ҳозир ўзи урушдан тўхтайди, яхшиям оғил ичидалигимда келиб қолди. Ҳеч ким эшитмайдиям, кўрмайдиям.

- Ойсулув янга қўллари орасидан, жаҳлдан кўзлари пиёладай катталашиб кетган, ташланиб қамчи солаётган эрига қарар экан, нимадир эсига тушди.

***

- Кетайлик, Ойсулув. Отанг совчиларимни қайтарса ким деган одам бўламан?

-      Ота-онам... дуоси-чи, Чавандоз ака?

- Сени, бой отанг мен етимга қиз бермайди. Агар совчиларим қайтса, бу қишлоқда қандай бош кўтариб юраман? Сени узоқларга олиб қочиб кетай, Ойсулув...

Ой нурида дарахтлар орасида ер тепинаётган от жиловини қўйиб, йигит қизнинг қўлларидан маҳкам ушлади. Шунда қизнинг кўзлари ер чизди. Бир дамлик ойдин тун сукути. Сўнг қиз нимадандир  чўчигандай, оғиз жуфтлади:

-      Менинг беш акам-чи? Улар       кейин қандай бош кўтариб юради, Чавандоз ака?

***

Совчилар... совчилар кулиб-кулиб қайтишди.

Тўй бўлди, катта тўй.

***

- Жоним, Ойсулувим!

Тўйдан сўнг бир йил ўтди.

***

- Йиғлама, жоним!

Икки йил ўтди.

***

Кутамиз Ойсулув, кутамиз.

Уч йил ўтди.

***

-      Энди сен... боргин, Ойсулув.

-      Йўқ, Чавандоз ака, яна дўхтирларга борамиз. Яхши дўхтирлар бор.

-      Дўхтирларга бордик-ку?!

-      Дўхтир бўлмаса табиблар бор!

-      Эйй..! уларниям қанчасига бордик Ойсулув.

-      Дўхтир бўлмаса, табиб бўлмаса, Худо бор Чавандоз ака.

Тўрт йил ўтди.

***

- Ойсулув ҳали этак-этак бола кўрасан. Боргин энди.

- Йўқ, Чавандоз ака, ҳайдаманг.

Беш йил ўтди.

***

- Ичдингизми?

- Ичдим!

- Олти йил ўтди.

***

-      Ҳадеб ичаверманг, Чавандоз ака. Худойимниям бизга атагани бордур...

Етти йил ўтди.

***

- Ассалому алайкум! Турдингизми? Кеча сал кўпроқ ичган экансиз.

- Ҳалиям кетмадингми? Нима дегандим сенга?

Саккиз йил ўтди.

***

- Келинг, эна уйга киринг.

- Келдим, болам. Яхши ўтирибсизларми? Вой ўлай, менга қара, кўзинг кўкарганми? Нима қилди? Илоё, урган қўлларинг синиб тушсин! Бепушт!

- Қарғаманг, эна, қарғаманг.

- Отангга бориб айтаман. Бу уйда бир кун ҳам яшамайсан. Акаларинг келсин бу зўрнинг олдига.

- Айтманг энажон.

- Йўлимни тўсма! Ойдай адо бўлдинг-ку, қизим! Қўй энди, шу хўкизни! Олиб кетай, жон болам.

- Бир йил кутайлик, энажон бир йил.

- Тўққиз йил ўтди.

***

Ўнинчи йил ҳам келди. Туш маҳал Ойсулув янга ғарамдан панхаша билан емиш олиб оғилхонадаги сигирга бераётганида, ҳовлидан овоз келди:

- Ҳов, қаердасан? Нима ўлиб  қолдингми?

Ойсулув янга билди, Чавандоз яна ичиб келибди. "Ҳозир уради". Ойсулув янга қўлидаги паншахани нари отиб, жимгина девор ёнида тураверди.

"Оғилхонадан чиқмайман, дўст кўзидан ҳам, душман кўзидан ҳам пана", ичидан ўтказди Ойсулув янга.

Оғилхона эшигидан тушаётган нурни тўсиб, чавандоз кўринди. Қўлида қамчи.

- Кет демаганмидим сенга? - Чавандоз ичкари кирди. Ойсулув янга баттар деворга ёпишди. - Кетасанми-йўқми?

Биринчи қамчи тушди, сўнг яна... яна...

"Пича чидасам урушдан тўхтайди".

Ичиб келган Чавандоз хотинини уриб-уриб уйга кирарди-ю, дуч келган ерга ағанаб ҳуррак отишга тушарди. Ойсулув янга орқасидан борарди. Чавандоз кўрпа устида ётган бўлса яхши, бўлмаса унинг оғир гавдасини зўрға бир ён ағдариб, тагига кўрпа солиб, устини ёпади. Оёғидан қишин-ёзин ечмайдиган этигини торта-торта суғуриб олади.    Кейин эри тургунича овқат тайёрлаб қўяди. Уйқудан уйғонган Чавандознинг биринчи гапи шу бўлади:

- Кетмадингми? Кет дегандим-ку, сенга.

Лекин бу сафар Чавандоз уришдан тўхтайдиганга ўхшамас, баттар қутурарди. Ойсулув янга эрига бир қараб қўяркан, эрининг белбоғидаги пичоққа кўзи тушди. Ўлса-ю, ўзига урса. Йўқ, ўзи ўлиб қутулса, Чавандозни ҳоли нима кечади. Чавандозни ўйлаганда Ойсулув янга ўлгиси ҳам, ундан ажралиб кетгиси ҳам келмайди. "Менсиз қандай яшайди", деган саволни ўзига берган янгани яна бир нарса қийнайди: "Менчи..."

Бошига қамчи кетидан қамчи тушаётган Ойсулув янганинг кўзида бир томчи ёш кўринмайди, ҳатто эрини бир оғиз қарғамайди. Ойсулув янга учун эр - пайғамбар. Пайғамбарни ҳам қарғаб бўладими?!

Қўллари орасидан эрига яна бир қараган янга Чавандозни орқасига бир қадам ташлаганини кўрди. "Ана кетяпти", - деб ўйлади Ойсулув янга. Лекин бирдан белида пайдо бўлган кучли оғриқдан дод солиб юборди:

-      А-а-а...

Нарида ётган паншахани иккинчи марта хотинига урган чавандоз бироздан сўнг ўзига келди.

-      Ойсулу-у-у-у-в!!! У-у-в.

 

Азамат ХАЙРУЛЛАЕВ

ҚУЛУПНАЙ - САРАТОНГА ҚАРШИ

(23-сон) Табиат неъматлари

Қулупнай инсон организми учун минералларнинг асосий манбааларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибида C ва    Б 5 витаминлари, темир, магний, калий, калций, рух, марганец, фосфор, кремний, мис моддалари мавжуд. Шунингдек, у овқат ҳазм қилиш тизимига яхши таъсир қилади, иштаҳани яхшилайди, пешоб ҳайдаш хусусиятига эга.

Қулупнай организмни тозалайди, шунингдек, унинг таркибидаги антиоксидантлар организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради. Халқ табобатида қулупнай камқонлик, гипертония, атеросклероз, бачадондан қон кетишида қўлланилади. Бу мева турли ичак инфекцияларини, грипп вируси қўзғатувчиларини енгишга қодир. У моддалар алмашинуви жараёнларини кучайтиради, семиришга ёрдам беради.

Қулупнай организмдаги қанд моддасини камайтириш хусусиятига эга. Янги тайёрланган қулупнай шарбати эрталаб оч қоринга ичилганда ўт-тош касаллигини бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, у ажойиб парҳез ҳисобланади, организмдаги ортиқча сувни чиқариб ташлашга кўмаклашади. Унинг барглари ва мевасидан тайёрланган дамлама артериал қон босимини ва организмдаги моддалар алмашинувини меъёрга келтиради. Қулупнай уйқусизликда ҳам яхши ёрдам беради, уни анемияга чалинган беморлар рационига қўшиш ҳам тавсия этилади.

Ошқозон яраси ва гастритдан азоб чекаётганлар қулупнай истеъмол қилишда эҳтиёт бўлишлари лозим. Чунки қулупнай уруғлари ошқозоннинг шиллиқ пардасига салбий таъсир қилади. Бўғим хасталигидан азият чекаётганлар ҳам қулупнайни кўп истеъмол қилмасликлари керак.

 

ХОСИЯТХОН тайёрлади.

СОFЛИFИНГИЗ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

(23-сон) Халқаро кашандаликка қарши кураш куни

Айни пайтда ер юзи аҳолиси ўртасида кўп тарқалган зарарли одатларнинг хавфлиларидан бири ҳисобланган тамаки чекиш инсон соғлиғи, фаол ҳаёти ва умрига завол бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Муаммонинг долзарблиги ҳисобга олиниб, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан 1980 йилдан бошлаб, 31 май жаҳонда тамаки чекишга қарши курашиш халқаро куни, деб эълон қилинган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотига қараганда ер юзида бир йилда 5 миллиондан ортиқ киши тамаки асоратларидан вафот этмоқда. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг учдан бир қисми тамаки истеъмол қилади ёки чекувчилар сони 1 миллиард 300 миллион нафарни ташкил қилади. Агар бу зарарли иллатнинг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, 2020 йилга бориб чекувчилар сони 2 баробар ошиши мумкин.

Ҳозирда Ўзбекистонда қарийб 2 миллион нафарга яқин одам тамаки чекади. Ҳар йили чекиш асоратларидан 30 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Афсуски, ёшлар ўртасида тамаки чекишга ружу қўяётганлар сони ортиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, саломатлик ва тиббий статистика институти, унинг ҳудудий филиаллари, даволаш-профилактика муассасалари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари, унинг олдини олиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тамаки ва унинг тутуни таркибида киши танасига таъсир этувчи моддалар мавжуд бўлиб, улар юрак қон-томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, ички секреция безлари аъзоларига зарар кўрсатади. Оқибатда, миокард инфаркти хавфи 6-8 марта, мияга қон қуйилиши хавфи 4-6 марта, ошқозон яраси касаллиги ва раки 12 марта, ўпка раки 25 марта, ўпканинг сурункали яллиғланиши 10-15 марта ортади, шунингдек, кўкрак бези ва жинсий аъзолар касалликларига чалиниш ҳам ортади.

Чекишнинг бошланғич даврларидан бошлаб организмда заҳарланиш давом этса-да, унинг аломатлари узоқ вақтгача юзага чиқмайди. Вақт ўтиши билан оғир заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади. Агар киши бирданига кўп тамаки чекса, тезда заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Ҳомиладор аёлларнинг чекиши бўлажак ҳомила (бола) ривожини кечиктиради, муддатдан олдин туғиш, боланинг ўлик туғилишига олиб келади. Тамаки чекилгандан кейин 20 дақиқа ўтгач, эмизувчи ёки ҳомиладор аёл қонидаги никотин бола организмига сут ёки йўлдош орқали ўтади. Тамаки чекиш наслга ҳам салбий таъсир қилиб, фарзандсизлик, боланинг заиф, ногирон, жисмоний нуқсонлар билан туғилишига олиб келади.

Чекиш туфайли тишлар сар-ғайиб, сочлар тўкилади. Тамаки таркибидаги заҳарли бирикмалар таъсирида танада модда алмашинуви бузилади. Хусусан, витаминлар етишмовчилиги натижасида чекувчи ўсмир ривожланишдан орқада қолади. Хулоса қилиб айтганда, тамаки таркибидаги заҳарли кимёвий бирикмалар инсон танасининг барча аъзоларига салбий таъсир кўрсатади.

Афсуски, чекувчилар ўз соғлиқлари қадрига кеч, яъни оғир дардга чалинганларидан кейин етадилар. Агар чекишга ружу қўйган бўлсангиз, юқоридаги фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, тамаки чекишдан воз кечинг. Бу билан бебаҳо соғлигингиз мустаҳкамланиши, ҳаётда фаоллигингиз ошиши, умрингизга умр қўшилиши, оилангиз тинчлиги ва атроф-муҳит мусаффолигига катта ҳисса ҳўшган бўласиз.

 

Соҳибахон РАСУЛОВА, Саломатлик ва тиббий

 

статистика институти Андижон вилоят филиали шифокори.

МУҚАДДАС ОЙДА ФАЗИЛАТЛИ БЕКА БЎЛИНГ

(23-сон)

Муқаддас Моҳи Рамазон ойининг шарофатли кунлари ҳам бир-бир ўтиб бормоқда. Бугун файзли хонадонларида рўзадорлар ибодат билан машғул бўлган бегойим қизу келинларга айрим маслаҳат ва тавсияларимиз бор. Муборак ойнинг фазилатлари сизнинг ҳам покиза қалбингизга нур индирсин ва гўзал феълингиздан юзингиз ёруғ бўлишини истаймиз.

Рўзадорга хизмат қилиш ҳам ибодат

Саҳарлик учун зарур юмушларни тунда бажарганингиз яхши. Бунда саҳарликда шошиб қолмайсиз, ҳар бир ишни мукаммал ва ораста адо этиш имконингиз етарли бўлади. Эсингизда бўлсин, рўзадорга хизмат қилиш ҳам  ибодат. Шунинг учун астойдил, иймон ва ихлос, гўзал ният билан рўзадорларга хизмат қилинг. Ҳар бир амалингиз учун савоби хайр сўрашни унутманг. Чунки мўминнинг нияти амалидан афзалдир. Саҳарлик ва ифторлик дастурхонини тайёрлашда қуйидагиларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Рўзадор учун энг фойдали озуқалардан бири бу - қатиқ. Уй шароитида ўзингиз қатиқ ивитганингиз яхши. Саҳарлик учун тунда қатиқ ивитиб қўйишни унутманг. Мева шарбатлари, компотларни ҳам тунда тайёрлаб, саҳарлик  дастурхонига мўлжалланганларини имкони борича музлаткичда эмас, салқинроқ жойда сақлаганингиз маъқул. Табиий мева шарбатларига шакар аралаштирманг, ширинлик рўзадорни чанқатади.

Саҳарлик дастурхонига ҳўл мевалар билан бирга, қуруқ мевалар ҳам қўйишни унутманг. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик дастурхонида албатта араб хурмоси бўлсин. Саҳарликка ёғли, қовурилган таомлардан воз кечиб, дуккакли маҳсулотлардан фойдаланинг. Юмшоққина ширгуруч, мастава, гречка шўрва қилсангиз ҳам ҳазми енгил, ҳам озуқавий қиймати кучли бўлади. Энг муҳими, рўзадорни чанқатмайди.

Ифторлик дастурхонига ҳам алоҳида тараддуд кўринг. Рўзадан мақсад - тақво, Аллоҳнинг розилигига эришиш. Шунинг учун исрофдан сақланинг. Рўзадор кўп овқат тановвул қила олмайди. Айниқса, ҳазми оғир, қовурилган, ёғли    овқатлар рўзадор ошқозонига оғирлик қилади. Буғда пиширилган таомлар, мева-сабзавот шарбатлари, салатлар, кўкатлар билан дастурхон тузанг.

Рўзадорларга хизмат қилаётганингизда яхши ният билан, оғринмасдан, малол олмасдан хизмат қилингки, савобингиз ажри Аллоҳ ва яқинларингиз олдида даражангизни зиёда қилсин!

 

Ҳар бир амални холис ва эзгу ният билан бажаринг

Рамазонда уй бекалари рўзадорлар учун ифторлик дастурхони ёзиб, савоб олишни истайдилар. Албатта, рўзадорни тўйдириш билан киши катта савоб ва ажрга  муяссар бўлишлиги мазмунида ҳадислар ривоят қилинади. Аммо ният савоб олишдир, исрофдан сақланиш лозим.

Муқаддас битикларда "Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади", дейилади.

Таассуфки, инкор этилмайдиган бир ҳақиқат мавжуд  - аксарият бидъат ва исрофлар бошида аёллар туради. Эркаклар кўп ҳолда аёлларнинг такаббур, мақтанчоқлиги учун қурбон бўладилар. Келинпошша, агар сизда шундай хусусият бўлса, феълингизни ислоҳ қилиш учун Рамазондан фойдаланиб қолинг. Ифторлик дастурхонини манманлик учун эмас, савоб учун ёзинг. Рўзғорингизга барака, фарзандларингизга умр, офият ва улуғликни ният қилинг. Ниятда гап кўп. Ҳар бир амални холис ва эзгу ният билан, Аллоҳ розилиги учун бажаришга ўрганинг.

Дастурхонни турли неъматлар билан тўлдириб ташлаш, қолаверса, фарзандларингизнинг ризқидан қийиб қилган ифторлигингиздан савобга умидвор бўлишлик оқил инсоннинг иши эмас.

 

Савобдан бебаҳра қолманг

Рамазон меҳр-мурувват, солиҳ амаллар учун савоблар кўпайтириб бериладиган ой. Нажот ва барака ойининг ёғдуларидан бебаҳра қолмаслик учун яхши амалларни кўпайтиринг. Рўзадор ота-онангиз, қайнона-қайнотангизга оғринмай хизмат қилишингиз - солиҳ амал. Кечки овқатдан бир коса сузиб рўзадор қўшнингизга чиқаришингиз ҳам солиҳ амал. Бемор маҳалладошингиз, камхарж ҳамкасбингизнинг эҳтиёжига ёрдам беришингиз ҳам хайрли иш. Яқинларингиз, жигарларингиз холидан хабар олишингиз, дуоларингизда уларнинг исмини тилга олишингиз яхшилик. Фарзандларингизга жилмайиб, табассум билан насиҳатлар қилишингиз билан ҳам савоб оласиз. Шошилинг, ғафлатда қолманг. Савобингизни кўпайтиринг,  яхшиликда комил бўлишга эришинг. Fанимат дамларни бой берманг....

 

Хосиятхон Мамажонова,

 

Андижон шаҳар бош отинойиси.

ТИЛИМИЗНИНГ СОФЛИГИНИ САҚЛАЙЛИК

 (23-сон) Мулоҳаза

Бугунги кунда баъзи бир тенгдошларимиз нафақат кийиниш, ўзини тутиш, муомалада, балки сўзлашишда ҳам ўзларини замонавий қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади.

Айрим қизларнинг гаплашаётганларида русча, инглизча сўзларни қўшиб гапиришлари  ярашмаса-да, улар ўзларича бундан мамнун бўлишлари очиғи, кулгилидир. 

Кузатишларимдан шунга гувоҳ бўлдимки, "замонавий" сўзлашишга интилаётганлар энг кўп ишлатадиган сўзлар "обезательно", "конечьно" сўзлари экан. Уларга савол билан мурожаат қилсангиз, "Ҳа, албатта" деган жавоб ўрнига ,,Албатта, конечьно" қабилидаги жавоб беришларини нафақат мантиқсизлик, балки билимсизликнинг бир кўриниши десак асло муболаға бўлмайди. Аслида бу сўзнинг таржимаси "албатта" сўзидир. Аммо, гаплашишда айнан бир маънодаги сўзни икки тилда қўллаётганига эътибор бермасликнинг ўзи савиясизликдир.

Афсуски бу каби айрим ёшлар ўз нутқларида русча сўзлардан фойдаланиб, замонавий бўлиб кўринмоқчи бўлишади. Аммо бу замонавийлик эмас, аксинча  нуқсон эканлигини улар англаб етишмаяпти. Муомала маданиятдаги бу нуқсон инсоннинг тарбияси, одоб-аҳлоқи қай даражада эканлигини кўрсатади.

  Албатта, чет тилларини билиш, ўрганиш яхши, лекин бир сўзни икки тилда ишлатиб гаплашиш она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Қолаверса, ўша шахснинг тилга бўлган ҳурмати суст, муомала ва нутқи маданияти паст эканлигиниг белгисидир.

Ота-боболаримиз, авлод-аждодларимиз асрлар давомида қанча қийинчиликни бошидан кечириб, она тилимизнинг софлигини, бойлиги ва жозибасини сақлаб, бизгача етказган. Бугунги ёшлар ота-боболаримизнинг ана шу анъаналарини муносиб давомчиси бўлиши, тилимизни асраб-авайлашлари зарур. Энг муҳими, биз тилимизни ҳурмат қила билсак, жаҳон майдонида ҳурмат топа олишимизни англаб етишимиз керак.

Ҳидоят ЗУҲРИДДИНОВА,

АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси.