+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"ЯШИЛ ЧИРОҚ" МУСОБАҚАСИДА МАРҲАМАТ ТУМАНИ ЖАМОАСИ FОЛИБ БЎЛДИ

(25- сон) Танлов

 

Андижон шаҳридаги Болалар шаҳарчасида умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида "Яшил чироқ" мусобақасининг вилоят босқичи  бўлиб ўтди. 

Мусобақанинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашдилар. Тадбир доирасида Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Марҳамат туманидаги 30-умумтаълим мактаби жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Булоқбоши туманидаги 13-умумтаълим мактаби жамоасига 2-ўрин, Андижон шаҳридаги 35-ДИМИ жамоасига 3-ўрин насиб этди.

Fолиб ва совриндорлар ҳамда фаол қатнашган ўқувчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Исроилжон ХУДОЙҚУЛОВ

МУҲАББАТ – ҲАЛАСКОР

(24 - сон) Ҳикоя

Сардор бир неча кундан буён пештоқига "Наркология диспанcери" деб ёзилган бино атрофида айланиб юрди. Бироқ, нимагадир у ерга киришга юраги бетламасди. Анчадан буён "бугун албатта, кираман, даволанишим керак", деб аҳд қилади-ю...

Сардор ўзи яхши бола, лекин ёмон касалга чалинган. Уч-тўртта безори йигитлар билан танишиб қолиб, шу кўчага кирди. Заҳри қотилни бир татиб кўриш учун оғзига олди-ю, унга боғланиб қолди. Бу дарддан қандай қутулишни билмасди. Фақат юрагида биргина умид бор. Бу ҳам бўлса унинг муҳаббатидир. Бор куч-мадорини тўплаб, у касалликни енгишга, даволанишга ахд қилди. Севгилиси Дилдора бу ҳақида билмайди. Билса қай аҳволга тушиши маълум. Улар бир-бирларига ишонишади. Дилдора Сардорни меҳнаткаш, содда йигит деб билади. У оила қуришга тайёр. "Ўлимдан бошқа ҳеч нарса бизни айиролмайди", деб бир-бирларига ваъда беришган.

Бундан бир йил олдин Сардор Дилдорани биринчи бор китоб дўконида учратганди. Тасодифий танишув, янги китоблар борасидаги суҳбат уларни бир-бирига яқинлаштирди. Аввалига дўст бўлишди. Сардор автокорхоналардан бирида ишлар, Дилдора олийгоҳ талабаси эди. Қиз яқинда ўқишни тамомлайди. Бу орада улар тез-тез учрашиб турадиган бўлишди. Вақтлар ўтиб, Сардор қизникига совчи жўнатди. Қиз тараф розилик билдиргач, ҳар икки томон келаси баҳорда тўй қилишга келишишди. Улар учрашганларида Дилдора ҳар гал келажак ва орзулар ҳақида сўзлаб, Сардорнинг ҳаётга бўлган ишончини алангалатарди. Гиёҳванд модда таъсирида юрган Сардор қизнинг гапларини индамай тинглар, унинг бахт ҳақидаги хаёлларини эшитиб, ўзини албатта, ўзгариши зарурлигини ҳис қиларди.

Сардор суюклисининг хаёли билан "Наркология диспансери" ёнига бориб қолганини сезмай қолди. Тўғри эшикдан ўтиб, ичкарига кирди. Қабулхонадан қаерга учраши кераклигини сўради. Унга йўлак охиридаги хонани кўрсатишди. Хадик билан эшикни тақиллатди. Ичкаридан "кираверинг" деган овоз унга мулойим бўлиб туюлди. Шифокор аёл уни илиқ кутиб олди. Сардор ўриндиққа ўтиргач, барини сўзлаб берди.

- Ҳар бир дарднинг давоси бор. Фақат бардошли бўлишингиз керак, шунда албатта, бу дардни енгасиз. Бунга аввало ўзингизда ишонч бўлсин, - деди шифокор унга мулойимлик билан.

Сардорга бу гаплар таскин бағишлади. Шу куниёқ касалхонага жойлашди. Гарчи доктор маслаҳатларига амал қилиш қийин бўлса ҳам у ўз хатосини тўғрилаш ҳамда муҳаббатига етишиш учун соғайиши кераклигини яхши англарди. Қанча машаққатлар билан кунлар ўта бошлади. Орадан анча вақт ўтиб, Сардорга уйга қайтишга рухсат беришди. У энди ўзини соғлом ҳис қиларди. Эски оғайнилари улфатчилик қилгани чақиришганида уларга қатъий "йўқ" деб жавоб қайтарди. Бу кўчадан энди сира ўтмасликка, захри қотилни иккинчи оғзига олмасликка аҳд қилди. Агар кайф-у сафога берилса, ўз оиласидан, муҳаббатидан айрилиб қолишини яхши биларди. Шунинг учун неча-неча инсонларни ширин ҳаётини зулматга айлантирган, яқинларидан йироқлаштирган бу оғудан йироқ бўлди, янги ҳаёт, янги-янги орзулар ҳақида ўйлай бошлади.

Яна аввалгидек ишга бориши, севгилиси билан ширин-ширин суҳбат қуриши ҳақида ўйлаб юраги хапқирди. Қизга қўнғироқ қилиб учрашадиган бўлишди. Ўзини олиб қочадиган, кўп нарсаларга беписанд бўлиб қарайдиган бўлиб қолган Сардор бугун бутунлай ўзгача. Тартиб билан кийинган, ҳатто қўлларида суюклиси ёқтирган оқ атиргуллар ҳам бор. У учрашув жойига - анҳор бўйига яқинлашгач, қизни интиқиб кутди. Бир оздан кейин қиз ҳам етиб келди. Бироқ унинг кўзлари йиғидан қизариб кетганди.

- Қаерларда эдингиз, қўнғироқларимга ҳам жавоб бермай қўйгандингиз? - деди қиз кўзларидаги томчини яширмоқчи бўлиб. Йигит эса бунга парво қилмай унинг қўлига атиргулларни тутқазаркан:

- Хизмат сафарида эдим, - дея олди. Дилдора Сардорга разм солди. Унинг кўзларидаги ишонч ва қувонч худди аввалгидек порлаб турарди. Буни кўриб жилмайди. Ахир у сўнгги пайтларда бутунлай беписанд бўлиб қолганди. Қиз йигитнинг бошидан кечирганларидан хабардор эди. Қиз бунга сукут билан жавоб берди. Агар муҳаббати кучли бўлса, дардни енгиб, ёнига қайтишини интиқлик билан кутганди. Мана ниҳоят, ўша кун келди. Унга қаттиқ ишонганидан бир сўз демади. Муҳаббати учун уни кутганди.

Машҳура РАҲМОНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

 

ҚУВВАТБАХШ ИЧИМЛИКЛАР: фойдалими ёки зарарли?

(24 - сон) билиб қўйган яхши!

Бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам одамларнинг қувватбахш (қувват берувчи) ичимликлар ичиши одатга айланмоқда. Тетиклаштирувчи бундай ичимликларни ичиш авваллари ёшлар орасида урф бўлган бўлса, ҳозирда уларни турли ёшдаги кишиларнинг истеъмол қилаётганлигини кузатиш мумкин. Ҳатто, бунга муккасидан кетган, кунига бир неча литрлаб ичадиган одамлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда савол туғилади: бундай ичимликларни ҳаддан ортиқ ичиш фойдалими ёки зарарли?

Албатта, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг хавфсиз экани ҳақида гапиришлари табиий хол.   Аслида ҳам шундайми? Келинг, яхшиси бу ҳақда мутахассисларнинг фикр-мулоҳаза ва хулосалари билан танишиб кўрайлик.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, асосан икки турдаги ичимликлар мавжуд. Биринчисининг таркиби кофеиндан иборат бўлиб, у ишга кўмилган одамлар, доим кеч қолувчи талабалар учун фойдали бўлса, иккинчиси углевод ва витаминларга бой ичимликлардир. Бундай ичимликлар кўп жисмоний ҳаракат қилувчи кишиларга мўлжалланган.

Маълумки, кофеин мия фаолиятини кучайтиради ва юракнинг чидамлилигини оширади. Бироқ чарчоқ нималигини сезмаслик учун организм камида 3 та идишдаги қувватбахш ичимлик ичишни талаб қилади. Кучли стимуляторли бу турдаги ичимликларни кўп миқдорда ичиш эса, зарар ҳисобланади.

Ичимлик таркибида гуаран моддаси мавжуд бўлиб, кучли жисмоний зўриқиш чоғида оғриқларни камайтиради, жигарни тозалайди, атеросклерознинг олдини олади. Қолаверса, бу турдаги ичимликларда женьшень мавжуд ва у чарчоқни, тушкунликни камайтиради, бутун организмнинг ишлашга бўлган иштиёқини оширади.

Бундан ташқари, ичимликлар таркибида таурин, карнитин, матеин ва мелатонин каби компонентлар ҳам бор. Биринчиси юракнинг ишчанлигини оширади, холестеринни озайтиради, қувват беради. Иккинчиси инсон организми тўқималаридаги ёғли кислоталар парчаланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди. Матеин очликка қарши курашади.  Бошқача айтганда, тўқ тутади. Мелатонин инсоннинг кунлик ритмини мўътадиллаштиради.

Хўш, қувватбахш ичимликларнинг қандай плюс ва минус томонлари бор.

 Ижобий томонлари:

- кайфиятни кўтаради;

- ақлий фаолиятни кучайтиради.

Салбий жиҳатлари:

- кўп миқдорда ичиш организмга салбий таъсир кўрсатади. Яъни кунига 2 банкадан ортиқ ичилса, артериаль босим ва қондаги қанд миқдорини оширади, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори;

- гипертоник ва гипотоник касалига чалинганларга қувватбахш ичимликлар ичиш тавсия қилинмайди;

- асаб тизимининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин;

- доимий равишда ичиб юриш юрак урушининг меъёрини бузади;

- қаттиқ жисмоний ҳаракат, спорт машғулотидан кейиноқ қувватбахш ичимликларни ичмаслик лозим. Чунки у организмдаги суюқликни чиқариб юборади.

Хулоса

Кўпинча қувватбахш ичимликлар инсон организмига қувват беради, дейишади. Аслида эса у организмнинг ички қувват манбасини очиб юборади. Тана ичимликнинг эмас, балки ўзининг энергия захирасидан фойдаланади. Шуни унутмаслик керакки, бугунги кучли ишчанлик иштиёқи эртага организм учун уйқусизлик, чарчоқ ва депрессияни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, қувватбахш ичимликларга кўп ҳам ружу қўйманг. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши.  Халқимиз бу борада топиб айтган: "Асалнинг ҳам ози ширин".

 

 

Муслим МИРЗАЖОНОВ тайёрлади.

ОНА ДУОСИ

(24 - сон) турмуш чорраҳаларида

Талабалик йилларим эди. Ўқишдан уйга қайтаётган эдим. Кун қизигандан қизирди. Шоҳбекат ҳар кунгидан-да, одамлар билан гавжум, сабаби бугун якшанба. Асосан, аёллар оғир сумкаларни кўтариб юришар, кўнгиллари тўлгунича қилган ҳаридлари гўё бу юкларининг оғирлигини сездирмагандай эди.

Эҳ аёллар-аёллар, дунёнинг бор шодлигию аламлари сизнинг сумкангизга жойлашиб олганми дейман. Ёнма-ён ўриндиғдаги ҳамроҳимнинг сумкасини жойлашишига ёрдамлашдим. Ҳа, сумкаси ҳақиқатдан ҳам анчагина оғир экан.

У раҳмат айтиб,  самимий жилмайди. "Шукур" дея ёнимга жойлашди.

Шу пайт ҳайдовчи йўловчиларга яна бир карра огоҳлантириш берди.

Бу овоз шунчалик таниш бўлиб кетганки, доим ўқишга қатнайдиган баъзи талабалар бир-бирларига унинг сўзларини айтишиб кулишарди.

"Паспортингизни, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингизни олишни унутманг. Йўлда постдан ўтамиз!"

Автобус оғиргина жойидан қўзғалиб, йўлга тушди.

 Очиқ ойналардан кираётган майин шаббода, машина ичидаги иссиқ ҳароратни бироз мўътадиллаштирди. Радио орқали янграётган ажойиб мусиқани   тинглаб, ширин хаёллар оғушида борар эканман, қандайдир илҳом парилари мени ўз қуршовига олгандай эди гўё.

"Марҳаматга қиз узатган эдим, набиралик бўлдим. Ўғил кўрди, қизим ўғил кўрди!"

Ёнимдаги аёлнинг шодлигига шерик бўлиб, уни табрикладим.

"Муборак бўлсин, умри, ризқ-насибаси билан берган бўлсин!"

Суҳбатдошим йўл бўйи ўғли йўқлигини, уч қизни вояга етгазиб, муносиб жойларга узатганини гапириб кетди. 

- Сиздайларни "Жаннати"дейишади, онажон, - дейман кўнглини кўтариш учун.

Биз постга келиб қолганимизни, паспортларимизни тайёрлаб туришимизни ҳайдовчи яна бир бор эслатди.

Ниҳоят, текширув навбати бизга етиб келди. Очиқ турган эшикдан чиқиб келган бўйдоргина аскар йигит салом бериб,  синчковлик билан паспортларни текшира бошлади.

Ўз ҳужжатини кўрсатиб бўлган ҳамроҳим сумкасини ковлай бошлади.

Мен ажабланганча уни кузатиб турардим. Ўз ишини тугатиб, автобусдан тушмоқчи бўлиб турган йигитни бир дақиқа тўхташини сўраган ёнимдаги онахоннинг овози ҳаммани ҳайратлантириб, ўзига қаратди.

Айниқса, ҳайдовчининг капалаги учиб кетди. Сергаклик билан қараган аскар йигитга қўлидаги оппоқ дуррани узатар экан, онахон шундай деди:

- Болажоним, мана бу сомсаларни ўз қўлларим билан ёпганман, ўртоқларинг билан енглар. Дуо қилинглар, янги туғилган набирам улғайганда сизлардай аскар бўлсин.

Кўзлари ифтихор билан самимий кулиб турган аскар, сомсаларни олар экан, соддадил онахонга:

 - Раҳмат, онажон, ниятингиз улуғ экан, набирангиз албатта, аскар бўлади. Сиз ҳам бизни дуо қилинг, хизматимизни чиройли ўташлик насиб этсин, деди.

Она қўлларини юзига яқинлаштириб, "Азиз болажонларим, иллоё бўй-бастингизга кўз тегмасин, тану жонингиз соғ, бошингиз омон бўлсин, юртимиз тинч, юртбошимиз омон бўлсин", дея узундан узоқ дуо қилди. Онахоннинг истарали, нурли сиймоси қалбимга бир умрга муҳрланиб қолди.

... Орадан йигирма йиллар ўтди. Ҳаёт тасодифини қарангки, туман марказидаги  боғ ичига қўйилган ўриндиғда ўша онахон бир аёл билан суҳбатлашиб ўтирар эди.  Бир кўришда талабалик давримдаги ўша воқеани эсладим.

... Кун исигандан исирди. Онахон ва аёл билан сўрашиб, уларнинг ёнига ўтирдим. Бироз суҳбатлашгач, онахонга ўша воқеани эслатдим. Онахон ҳам қийналмай ўша воқеани эслади. Билганим шу бўлдики, онанинг чин дилдан қилган нияти, дуоси албатта, ижобат бўларкан. Бугун унинг набираси ҳарбий билим юртида ўқиётган экан.

 

Саида ЗИЁ

Ожиз юрак

(24 - сон) Дил туFёни

Бу йўлнинг боши ёдимда йўқ. Аммо йўлга тушганим аниқ. Йўл четидаги анвойи гулларни термоқчи бўлдим, узма сўлиб қолади, дейишди.

Мурғак, аммо важоҳати дунёни тутадиган вужудимни кўтаришдан фахрланаётган жажжи оёқларим, остона ҳатлашга улгурмай фурсат билан қувлашмачоқ ўйнай бошлайди. "Ҳали сенга эрта" дедилар. Қувончдан бошқа нарсани англамайдиган қорачиғимга ҳамма нарса сукунатдек туюлди. У ўз уммонининг сатҳига чиқмоқчи бўлди. Аммо бу уммоннинг сатҳида унга жой йўқ эканлигини айтдилар.

Ўша важоҳатли вужудимни ўз измига солаётган, яна унинг бағрига яширинган юракчи... У муҳаббат бўстони сари илдам қадамлар ташлади. Ҳеч ким йўлини тўсмади. Энг чуқур    жойига экиб қўйилган орзу гулларини юлиб олишди. Ҳеч ким сўлиб қолиши ҳақида ўйламади, ҳеч ким бу бўстонга киришинга ҳали эрта демади.

Эй, юрак, сен шундай кучлисан-ки, ҳеч ким йўлингни тўса олмади. Вужудимни аро йўлларда қолдирганинг эса бу энг ожиз эканлигингдан даракдир. 

Наима ТУРДИЕВА, Андижон тумани.

ШОН-ШУҲРАТНИНГ ОFИР ЮКИ

(24 - сон) Ҳидоят нури

Ривоят қилинадики, Ҳазрати Довуд (а.с.) вафот этганидан сўнг подшоҳлик ва пайғамбарлик ҳазрати Сулаймон (а.с.)га қолди. Аллоҳ Таоло уни ер юзининг подшоҳи этиб тайинлади, шу билан бирга, инс-жинслар, парранда-ю қушлар, қурт-қумурсқалар ва барча ҳайвонларни унга тобеъ қилиб берди. Шу боис ҳазрат Сулаймон (а.с.) барча жонзотларнинг тилини тушунар эдилар.

Кунларнинг бирида ҳазрат йўлга отланиб, лашкарлари билан кетиб борар эди. Йўлда бир чумоли фарёд уриб дедики: "Эй, менинг тобеъимдаги мурчалар ер остига қочинглар, акс ҳолда ҳазрат Сулаймон лашкарининг оёғи остида қолиб нобуд бўлурсизлар".

Пайғамбар бу сўзни эшитиб лашкари билан тўхтади. Унинг ёнига бир оқсоқ чумоли келиб салом қилди. Ҳазрат Сулаймон: "Нима сабабдан уларни қочирдинг?" деб сўрадилар.

Чумоли деди: "Сиз ҳаммага подшоҳ бўлганингиздай мен ҳам ўз тоифамга подшоҳдурман. Улар сизнинг лашкарларингиз оёғи остида поймол бўлса, уволи менга бўлур".

Ҳазрат Сулаймоннинг "сен ўзинг нега қочмадинг?" деган сўроғига чумоли жавоб берибди: "Мен аларнинг каттасидирмун. Катталар балоларга ўзларини рўбаро қилиб, кичикларни халос қилса яхшидур".

Шундан сўнг чумоли у кишидан бир неча савол сўрашга рухсат сўради. Ҳазрат рози бўлдилар. Чумоли сўради: "Ҳақ таолодан нима талаб қилдингиз?" Ҳазрат Сулаймон дедилар: "Бир мамлакат сўрадимки, ҳеч кишига анингдек давлат бермаган бўлсанг деб".

Чумоли деди: "Бахил экансиз. Мендан бўлак султон бўлмасин, дебсиз. Ҳақ Таоло агар юз ҳисса давлатини бир кишига берса ҳам асло давлати кам бўлмас. Шунча талабингизга нима берди?

Дедилар: Шамолни мутеъ қилиб берди. Мени аркони давлат, аёни мамлакатим билан шамол кўтариб юрадур.

Деди: "Буни маъниси шулдирки, бу дунёнинг ишлари елдек ўтар-кетар. Ани барчаси елга ўхшаб кўзга кўринмас, қўлда тўхтамас. Андоғ елни мингунча, маҳфират отини минсангиз, кўз очиб юмгунча арши аълога етардингиз. "Яна нима берди?

Дедилар: Бу узукни берди. Уни тақсам, барча истагим дарҳол бажо бўлади.

Деди: Бир бандаси минг йил ибодат қилса, хоҳласа маъқул бўлур, бўлмаса йўқ. Агар минг йил умрни фисқу-фасод, гуноҳ билан ўтқазиб, бир маротаба чин кўнгилдан оҳ тортса-ю, тавба қилса жаъми гуноҳлари ўша тортган оҳида куйиб кул бўлгай. Сизга бутун оламни тобеъ қилиб берибдур. Аллоҳ Таолонинг наздида унинг баҳоси бир тошдекдур. Бас, шундай экан, Унга таманно бўлманг.

- Яна нима берди?

Дедики: Инс-жинс, дев-париларни асир қилиб берди.

Деди: Сабр қилсангиз фаришталар келиб сизни тавоф қилур эдилар.

Дедилар: "Эй, чумоли, мунча илм ва ақлни қайдан олдинг?"

Деди: Барча илмни мен биламан дермидингиз? Ҳамма нарсани билдиргувчи Аллоҳдур. Сиз қўл остингиздаги халқ ҳолидан хабардормисиз? Мен шу заиф ҳолим билан ҳар кеча ухламай халқимдан хабар оламан. Касал бўлса, Аллоҳ Таолодан шифо тилайман.

Аллоҳ Таоло менга осмондан жой бериб, машҳур қилишлигини айтди. Мен айтдимки, мендек мавжудотга катталик ярашмас. Шуҳрат юкини кўтаролмасман, деб жавоб бердим.

Ҳазрат Сулаймон заиф ва оқсоқ бир мурчадан бу сўзларни эшитиб: "Мен ўзимни доно билиб юрган эдим. Менинг илмим чумолининг илми олдида дарёдан бир томчи экан" деб тавба тазарру қилдилар.

Дарҳақиқат, бандага катталик ярашмас. Улуғлик фақат Аллоҳга хосдур. Ҳар қандай меҳнат ёки яхшилик ортидан шуҳрат келиши мумкин. Шон-шуҳратга эришганда ўзгаларни, ҳатто ўзини унутиш мумкин. Шуҳрат инсон учун нафсоний озуқадур. Мақтов туфайли шуҳрат шохсупасига чиқиб олганлар кибр балосига дучор бўлурлар.

Шунниг учун Пайғамбаримз (с.а.в) огоҳлантириб дебдурлар:: "Шуҳрат - офатдур". Шуҳрат юки оғир бўлади, шунинг учун киши шон-шуҳратга эришганида аввалги ҳолига ҳам  назар солмоғи, фикр қилмоғи дурустдир.

Халқимизда: "Эй, аёз ўтган кунингни унутма, ҳар чориғингни қуритма" деган нақл бежиз айтилмаган.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА хожи қизи тайёрлади.

ҚИЗ

(24 - сон) қатра

Эҳ, ёмғир-а! Шу топда ҳам ёғадими? Аксига олиб юпун  кийиниб чиқибди. Ижара уйга етгунча, роса ивиб кетадиган бўлди.

Қиз кўчада шошиб кетаркан, устози Насиба опанинг уйи яқинлигини эслади. Ёмғир тингунча ўша ерга борса-чи? Баҳонада кўриб келади, анчадан буён факультетга келмай қўйганди. Шошилганича қўлидаги сумкасини бошига пана қилиб югуриб кетди. Эшик қўнғироғини аста босди. Ичкаридан "Ким?" деган сас эшитилди. Бир дақиқага иккиланди, қайтиб кетсамми, деган ўй яшиндек чақнади миясида. Лекин совуқ баданини жунжиктирар, тезроқ исиниш майли устунлик қиларди.

"Устоз, бу мен, Гулнозаман". "Ширқ" этиб очилган эшикдан кўзлари шишинқираган, юзи сарғайган аёл - устози кўринди. Аввалига таний олмади. Сўнг устозининг бошига тушган мусибатнинг нечоғли оғирлигини туйди. Ичкарида синиққина суҳбат бошланди. Қизгина нима дейишини билмас, бир онанинг дардларини тинглаб музтар бўлиб ўтирарди. "Қандай аёл эди-я?! Бутун факультет соясига салом берарди. Майиздеккина бўлиб қолибди-ку?!"

Шу пайт кўз олдига онаси келди. Қишлоғидан келаётганда рўмолининг учини тишлаб, кўзларига келган ёшни зўр-базўр тийиб хайрлашганди онаизори. "Она она экан-да..." кўз олдига келтирди-ю, бир нима эсига лоп этиб тушди. Устозига дилидаги барча хамдардликни билдириб, хайрлашди-да,  лифтни ҳам кутмай югуриб туша кетди. Бирдан тўхтади, сумкасидан телефонини олиб, шошганча рақамларни тера бошлади. Узун-узун чақирувдан сўнг нариги томондан овоз эшитилди. Қизнинг нафаси тиқилиб, тутила-тутила гапирарди. "Ало, ало... Онажон... онажон, сизни яхши кўраман!" 

Шоҳиста НИЁЗМУҲАМММАД

Дўстлик узилмас ришта

(24 - сон) қатра

Дугонам Гўзал билан  қадрдон дўст эдик. Мактабда бирга ўқиб, бирга улғайдик. Энг    қувончли дамларни ҳам, қайғуларимизни ҳам бирга баҳам кўрдик. Мактабни тамомлаётганимизда орамизга Мафтуна      исмли синфдошимиз қўшилди. У бадавлат оиланинг қизи бўлгани учун қиммат кийимлар кияр, пулни истаганча сарфлар ва бизга ҳам тушлик олиб берарди. Хуллас қаерда бўлмасин уччаламиз бирга юрадиган бўлдик.

Шундай кунларнинг бирида Гўзалнинг дадаси чет элга кетиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Ишлари юришиб уйга яхши пул жўнатадиган бўлди. Гўзал, Мафтуна билан бирга юрганимизда улар бамайлихотир оналари берган пулларни сарфлашар, мен эса бундай ҳолларда нима қилишни билмай қолардим. Уларга бу ёқмади шекилли иккиси мендан узоқлашиб кетишди. Гўзал ҳам, Мафтуна ҳам мағрурланиб, кетишганди. Содда,  беғубор Гўзалдан асар ҳам қолмаганди.

Мактабни битириб, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Улар билан учрашиб қолсам шунчаки саломлашиб қўярдим. Бир куни синфдошим Наргизани кўриб қолдим. У Гўзалдан гап очди. Айтишича, дадасининг ишлари юришмай чет элдан уйга қайтиб келган эмиш. Оиласи катта қарзга ботиб, Гўзал иш қидириб юрганмиш. Кўнглимда Гўзалга нисбатан ачиниш ҳиссини туйдим. Чунки мен хали ҳам уни дўстим деб билардим. Йўл-йўлакай уйига кирдим. У мени яхши кутиб олди, қилган хатоларидан пушаймон эканлигини айтди. Гўзал билан анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбатимиз сўнгида мени кузатиб қўяр экан, у билан олдингидек қадрдонликни ҳис қилдим.

 

Озода МАМАЖОНОВА,

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар

 

коллежи ўқувчиси.

МАШҲУРА УМИДЛИ ИЖОДКОР

(24 - сон) Янги китоб

Пахтаобод тумани кўплаб таниқли ижодкорлар камол топган маскан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам тумандан кўплаб иқтидорли ижодкор ёшлар етишиб чиқмоқда. Айниқса, адабиёт йўналишида ижод қилувчи ёшлар талайгина. Ана шу ёшлардан бири Машҳура Ботировадир. У Кўктўнлик қишлоғида таваллуд топган, тумандаги 37-давлат ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олади. Ёш бўлишига қарамай, Ватан, ота-она, оила, табиат ва дўстлик мавзуларида ўзига хос шеърлар ёзмоқда.

Яқинда Тошкентдаги "Машҳур-пресс" нашриётида унинг "Ватан меҳри" номли илк шеърий тўплами чоп этилди. Шеърият ихлосмандларига тақдим этилган ушбу мўъжаз тўпламга киритилган шеърларда болаликнинг беғубор онлари, самимийлик, меҳр-оқибат, дўстлик, эртанги кунга интилиш каби юксак инсоний туйғулар тараннум этилган. Айниқса, ёш ижодкорнинг "Ватан меҳри", "Юксалиш шиоримиз", "Ниҳол", "Райхон", "Анҳор" деб номланган шеърларидаги мазмун, фикр ва ўзига хос ташбеҳлар уйғунлигини алоҳида эътироф этиш мумкин. Хусусан,

Ниҳол бўй чўзади кундан-кун ўсиб,

Серсоя дарахтга айланар бир кун.

Шохлари атрофга виқор-ла боқиб,

Кўпларнинг корига ярайди кун-тун.

 

Машҳура ушбу мисраларда фикрнинг тиниқлигига, сўзларнинг бир-бирига уйғунлигига эътибор қаратган. Бошқа қатор битикларида ҳам у ана шу жиҳатларга амал қилишга ҳаракат қилади. Бундан ёш ижодкор қизимизда интилиш, шеъриятга меҳр, унинг қонун-қоидаларини ўрганишга иштиёқ кучли эканлигини пайқаш мумкин. Машҳура ўқишдан, изланишдан тўхтамай, ўзидаги ана шу истеъдодни ўстириб борса, у келажакда яхши ижодкор бўлиб етишишига ишонамиз. Унга янги-янги ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

 

 

ТАҲРИРИЯТ

ЭРТА ТУРМУШ КЕЛТИРГАН ТАШВИШ

(24 - сон) бугуннинг гапи

Ёхуд фарзандлар тақдирига бефарқ қараш уларга

бахтсизлик олиб келишини унутмайлик

- Йигитнинг топиш-тутиши жойида экан. Отаси ҳам обрўли, яхши жойда ишлармиш. Уй-жойлари ҳам данғиллама, бунинг устига орзу-ҳавасли оила экан, берсак шундай жойга берамиз-да, дадаси.

- Сенга маъқул келган бўлса майли, онаси. Бироқ қизимиз нима деркин?...

- У ҳали ёш, нима десак кўнаверади. Айниқса, сиз рози бўлсангиз бунга қаршилик қилмайди. 

Эндигина ўн етти ёшга кираётган қизининг эпчиллиги, чеварлиги, пазандалигию саришталигини кўриб ғурурланган,  "Қизимиз  бир хонадонни гуллатади-да, бахтли бўлгур" дея қувониб юрган ота-онанинг ўртасида кунда, кунора шундай суҳбатлар бўлиб турарди. Қадди-қомати келишган, одоб-ахлоқи ҳам рисоладагидек Маҳбубани ҳавас қилганлар қишлоқда кўп эди. Тез орада совчиларнинг кети узилмай, қиз томонни шошириб қўйди. Тожиддин ака ҳам, Муҳаррам опа ҳам қизларини тезроқ узатиб, қуда бўлиб тўрларда ўтириш, тўплаган сарпо-суруғларини кўз-кўз қилиб, элнинг оғзига тушишдан бошқа нарсани ўйламас эдилар. Шундай қилиб, Маҳбуба ҳар куни эшик қоқиб келаётган бадавлат оилалардан бирининг ўғлига унаштирилди.

Орзу қилинган данғиллама тўй ҳам бўлиб ўтди. Қизнинг мақсадлари, келажаги, лоақал соғлиги билан ҳеч ким қизиқмади. Энг ёмони, яхши ният билан бошланган иш хайрли якун топмади. Куёв томон ҳали чилласи чиқмаган келиндан айб топа бошлади. Нима эмиш, эрига яхши гапиришни, меҳмонлар билан муомалани билмасмиш. Меҳнатни кўчадан келган хизматкор ҳам қилаверади-да. Икки ой ўтиб-ўтмай, яна гап чиқди, келин касалванд эмиш, эртадан кечгача ёстиқдан бош кўтармасмиш...

Маҳбуба куёвнинг уйига умуман сиғмай қолди. Бояқишнинг ҳомиласи тушди-ю, шу баҳонада "Қиз тарбиялашни билмаган ота-онаси энди  ҳолини бир кўрсин" деган дашномлар билан уни ота уйига ташлаб кетишди. Шу тариқа келинга куёвдан "жавоб" бўлди. Ҳайратдан ёқа ушлаб сабабини сўровчилар "Келин бизнинг оилага муносиб эмас экан..." деган жавобни олишди. Аслида куёвнинг кўнгли бошқада бўлиб, у ҳам ота-онасининг қистови билан уйланган экан.

Ёш оилани тиклаш йўлида ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, бирор наф чиқмади. Шунда  ўз орзу-ҳаваслари қурбонига айланган, фарзандлари ҳали болалик билан хайрлашмаган, жисмонан, маънан, руҳан балоғатга етмаган, шу сабаб турмушнинг зарбалари олдида эсанкираб қолганини жуда кеч англаган ота-онанинг афсус-надоматлари кўкка етди...

Оила-муқаддас даргоҳ. У жамиятнинг асосий бўғини ҳамда давлат муҳофазасидадир. Ўзбекистонда ота-она ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга узатиш ёки уйлантиришни таъқиқловчи қонунлар бор. Бироқ уларга ҳамма бирдек амал қиляптими? Айрим ота-оналар орзу-ҳавас деб қилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларга маҳалла, қариндош-уруғ, кенг жамоатчилик нега томошабин бўлиб қараб турибди.  Ахир ундай кишиларга таъсир кўрсатиш, тўғри йўлни танлашларига ёрдам бериш у қадар қийин эмас-ку!? Бу борада бизнинг энг катта оғриқли нуқтамиз бефарқ ва лоқайдлигимиз, ""менга нима" қабилида иш тутишимиздир.

Ўйлаб кўрайлик, Маҳбубанинг бахтсиз бўлишида ким айбдор? Орзу-ҳавасларга берилиб, фарзандининг кўнгли билан қизиқмаган ота-онами ёки ҳали турмуш нималигини билмай туриб ўзга хонадонга қадам қўйган қизми? Ёки бу ишларга эътиборсиз қараб турган қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўйми? Энди ўн гулидан бир гули очилмай туриб сўла бошлаган қизнинг келажаги, тақдири нима бўлади?  Бу билан жамиятимизда бахтсиз инсонлар сафи кўпаймайдими? Бу каби ҳолатлар фақат бир оиланинг ташвиши эмас, бутун бир жамиятнинг ташвиши эканлигини қачон ангаб етамиз!?

Азиз юртдошлар, опа-сингиллар фарзандларимиз тақдири, уларни уйлаш, турмушга бериш масаласига жиддий эътибор қаратайлик. Бу ҳақда эртароқ ўйласак, кенгроқ мушоҳада қилсак, юқоридаги каби юракка оғриқ берувчи саволлар туғилмасди. 

Зуҳрахон РАҳМОНОВА,

 

Балиқчи туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.