+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"БИЗ ЁШЛАР - ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ, СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ"

(27-сон) 26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни

Маълумки, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 1987 йилда 26 июнь - Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг барча мамлакатларида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.

Вилоятимизда ҳам ушбу кун муносабати билан мана шундай тадбирлар ташкил этилди.

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эьтиборини қаратиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг   гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билимларини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ана шу тадбирлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам берди.

 Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги "Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги" доирасида маҳаллаларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган "Биз ёшлар - гиёҳвандликка қаршимиз,      соғлом турмуш тарафдоримиз" мавзусидаги тадбирлар ҳам қизиқарли ва ранг-баранглиги билан иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Тадбирда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчилар гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатларини акс эттирувчи расмлари, ижодий ишлари ва қўл меҳнати намуналари кўргазмалари, шунингдек, иқтидорли ёш спортчилар спортда эришаётган ютуқлари намойиши билан фаол қатнашдилар. Ёшлар бадиий жамоалари томонидан гиёҳвандлик иллатнинг жирканч қиёфасини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбирда тиббиёт ходимлари иштирок этиб, гиёҳванд-лик оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар. 

- Бугунги тадбирлар давомида гиёҳвандлик ва унинг оқибатлари ҳақидаги 3 мингга яқин буклет ва эслатмалар тарқатилди, - дейди Саломатлик ва тиббий статистика   институти Андижон вилоят филиали оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими мудири Набижон Назаров. - Тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида йўл бўйларига баннерлар ўрнатилди. Ижтимоий кўрсатув, ролик ҳамда фильмлар маҳаллий телеканаллар орқали бериб борилмоқда. Қолаверса, фуқаролар билан учрашувлар, суҳбатлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчалари янада бойитилмоқда. 

Тадбир якунида бадиий жамоалар, хушовоз хонандаларнинг ёшлик, она Ватан, мустақиллик, муҳаббатни, соғлом турмуш тарзини  мадҳ этувчи рақс, куй ва кўшиқлари иштирокчиларга хуш кайфият улашди. 

Мазкур тадбир ёшларни фидойи, фаол ва огоҳ бўлишга, гиёҳвандлик, шу билан бирга, диний экстремизм, одам савдоси сингари ёт иллатларга қарши муросасиз курашишга ундади.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети   Журналистика факультети талабаси.

МАҲАЛЛА МУВАФФАҚИЯТИ АҲИЛЛИКДА

(27-сон) Маслаҳатчилар ҳаётидан

Гулхумор Ўрмонова бир ишга киришса астойдил ҳаракат қиладиган, ўша ишни битирмагунча тинчимайдиган аёллардан. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлагач, Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик факультетига сиртдан ўқишга кирди ва шу йили Хўжаобод тумани марказий кутубхонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Кутубхона мудири, хизмат кўрсатиш бўлими мудири вазифаларида ишлаган Гулхумор 2008 йилда тумандаги ўзи истиқомат қиладиган "Сарқамиш" маҳалла фуқаролар йиғинига диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи этиб сайланди. Қарийиб ўн йилдан буён маслаҳатчи вазифасида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўзининг тиришқоқлиги, ташаббускорлиги билан маҳалла аҳли орасида обрў-эътибор топа олди.

Маҳаллада истиқомат қилаётган 2742 нафар аҳолининг 1456 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шу боис ҳам, Г. Ўрмонова фаолияти давомида аёллар, айниқса, ёшлар билан иш олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик билан ҳамкорликда уларга имкон қадар кўмак беришга, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади.

Жонкуяр маслаҳатчининг ташаббуси билан маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларини миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, умуман, маҳалладаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, маҳалладаги кўплаб хотин-қизлар тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар. Шахнозахон Раҳмонова трикотаж, Нодирахон Мамасолиева савдо дўкони ва чеварлик цехлари, Донохон Усмонохунова ҳамда Гулнорахон Алимжонова сингари тадбиркор аёллар эса хонадонларида иссиқхона ташкил этиб, томорқаларидан унумли фойдаланмоқдалар, чорвачиликни ҳам ривожлантириб, оилаларининг моддий фаровонлигини таъминламоқдалар. Энг муҳими, маҳалладаги кўплаб қиз-аёлларни иш билан таъминланишига ўзларининг муносиб улушларини қўшмоқдалар.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли диний оқимлар, ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида "Таълим муассасаси, маҳалла, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Ҳудуддаги 11-умумтаълим мактаби ва оилавий поликлиника ўқитувчи ва шифокорлари билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

- Маҳалла фаоллари билан олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда,- дейди Гулхумор Ўрмонова. - Фаолларимиздан Хуморхон Fозиева, Раҳимахон Каримова, Муҳаббатхон Йўлдошева, Мамлакатхон Мусоқова, маҳалла отинойиси Ҳайринсахон Исроилова билан биргаликда олиб борилаётган ишларимиз куйди-чиқдилар, ажралишлар, оилавий муросасизликларнинг олдини олмоқда. Улар билан  тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча ҳашамларсиз, камчиқим ўтказиш борасида ҳам тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқдамиз.

Маҳаллада ўтказилаётган "Оила - жамият таянчи", "Қайнонам - онам менинг", "Келин одоби билан гўзал" сингари тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларида эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, бундай никоҳларнинг зарарлари оқибатлари ҳақида ёшларга тушунчалар берилмоқда.

"Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотлари иштирокчилари бўлган қизларнинг бугунги муваффақиятлари ҳам қувонарли. Маҳсумахон Абдурасулова дутор, Гулзиё Маннопова фортепиано, Дилафрўз Аҳмедова тўқимачилик, Эргашхон Абдураимова бадиий ижод йўналишларида турли танловларда фаол иштирок этиб, маҳалланинг нуфузини ошириб келмоқда. 

Гулхумор барча ишларда Мунаввархон Умаралиева, Махфиратхон Тўрабоева, Зуҳрахон Примова, Муқаддасхон Тошпўлатова, Муҳаббатхон Жўраева сингари фаол аёлларга суянади. Маҳалладаги иттифоқлик, аҳиллик муваффақиятларнинг калитидир. Жорий йилда ўтказилган "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" республика кўрик-танловининг туман ҳамда вилоят босқичида Гулхумор Ўрмонованинг биринчи ўринни қўлга киритиши ҳам ана шу бардамликнинг намунасидир.

Ўз оиласидан бахт топган аёлгина жамият ишида ҳам фаол қатнашади. Шу маънода Гулхумор ҳам ибратли оила бекасидир. У ҳамиша турмуш ўртоғи Мўминжон Аҳмедовнинг маслаҳати ва кўмагига суянади. Улар кўп йиллардан буён аҳил-иноқликда яшаб, фарзандларини камолга етказмоқдалар. Ўғиллари Аббосбек айни кунларда олий ўқув даргоҳига тайёргарлик кўрмоқда, қизи Гул-ҳаё эса умумтаълим мактабини тамомлаб, касб-ҳунар коллежида онасининг касбини давом эттириб, кутубхоначи бўлмоқчи.

Мана шундай фидоий, юрт равнақи, ёшлар келажаги учун меҳнат қиладиган ҳамюртларимиз бор экан маҳаллаларимиз янада обод, хонадонларимиз тинч, фарзандларимиз комил инсонлар бўлиб камол топишига асло шубҳа йўқ.

 

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

(27-сон)

Вилоятимизда 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди.

Байрам олдидан вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан "Уч авлод учрашуви", "Тўртинчи ҳокимият: кеча ва бугун"  мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, спортнинг теннис, стол тенниси, шахмат ва футбол турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. 

Байрам муносабати билан вилоят ҳокимлигида соҳанинг илғор вакиллари, фахрийлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда кейинги йилларда мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда матбуотни ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев барчани касб байрами билан табриклаб, вилоятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш, халқимиз маънавиятини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оммавий ахборот воситаларининг роли ва масъулияти янада ортганлигини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг намунали ва самарали фаолият кўрсатаётган соҳанинг бир гуруҳ вакиллари, фахрийлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирда "kun.uz" интернет тармоғи вилоят мухбири, "Олтин қалам" халқаро мукофоти соҳиби Э. Эрматов, "Халқ сўзи" газетасининг вилоят мухбири С. Ҳусанов, Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов сўз олиб, матбуот соҳаси, журналистлар олдидаги муҳим вазифалар, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича фикрларини билдириб, вилоят ҳокимлиги томонидан журналистларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар.

Байрам тадбири Андижон шаҳридаги "Гумбаз-2" ресторанида бир пиёла чой устида давом этди. Унда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган "Ўткир қалам соҳиби" танлови, шунингдек, спорт мусобақалари ғолиблари муносиб тақдирландилар.

 "Ўткир қалам соҳиби" танловида иштирок этган газетамиз ижодий жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритиб, II даражали диплом билан тақдирланди.

Тадбир давомида вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар барчага байрамона, хуш кайфият улашди.

 

 

Суратда: мукофотланган бир гуруҳ ижодкорлар.

ВИЛОЯТИМИЗДА ХОТИН-ҚИЗЛАР СПОРТИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

(27-сон)

Андижон давлат университетида "Хотин-қизлар спортини ривожлантириш - давр талаби" мавзусида   илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган ишлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга даҳлдор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда спортчи ёшлар иштирок этди.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова ва бошқалар томонидан давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, уларнинг спортнинг оммавий турларига жалб этиш, ўз иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, бугун вилоятимизда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 минг 595 та спорт иншооти ишлаб турибди. Қолаверса, опа-сингилларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Вилоятдаги болалар спорти, шунингдек, мактабдан ташқари ва таълим муассасаларида 350 нафарга яқин аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 20 минг нафардан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 110 минг нафарга яқин хотин-қиз оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Кўрсатилаётган эътибор ва кенг имкониятлар самараси ўлароқ, биргина 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида андижонлик қизлар томонидан республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида 171 та олтин, 169 та кумуш, 141 та бронза медали қўлга киритилди. Вакилаларимизнинг 2 нафари жаҳон, 6 нафари Осиё, 3 нафари Марказий Осиё чемпиони деган шарафга сазовор бўлди. Улардан 6 нафари халқаро спорт устаси, 135 нафари 1- даражали спортчи, 204 нафари спорт усталигига номзод даражасини қўлга киритди.

Анжуманда "Хотин-қизлар, хусусан, уй бекаларини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳамда аёллар спортини ривожлантиришда мутасадди ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим вазифалари", "Ўқувчи қизлар ўртасида спортни ривожлантириш ва бу борадаги ишлаврни янада такомиллаштириш", "Ўсмир қизлар ва аёллар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти", "Хотин-қизлар спорти: имконият ва истиқболлар" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ҳафтанинг чоршанбаси - спорт куни деб эълон қилиниб, шу куни корхона, ташкилот ва муассасаларда турли спорт тадбирлари ўтказилаётганлиги, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

 Тадбир иштирокчилари томонидан маърузалар, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда андижонлик спортчи қизлар иштирок этган республика ва халқаро спорт мусобақалари, улар эришган ютуқлар акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди.

Спортчи қизлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

(27-сон)

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари қошидаги Журналистик маҳорат марказида "Уч авлод учрашуви" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Учрашувда фахрий журналистлар Н. Саидов, У. Саксонбоев, шунингдек, айни кунда вилоят газетаси таҳририятида самарали фаолият юритаётган С. Шукуров, Н. Эргашев ҳамда Ш. Иманқуловалар ёш ижодкорларга ўзларининг бой тажрибалари, журналистиканинг ўзига хос жиҳатлари, касб машаққатлари, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва роли хусусида гапириб бердилар. Ёш мухбирларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бердилар.

Марказ тингловчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур барчада катта таассурот қолдирди.

Якунда Журналистик маҳорат марказининг 18 нафар битирувчисига сертификатлар топширилди. 

 

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

АХБОРОТ-РЕСУРС МАРКАЗИДА СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети Ахборот ресурс марказида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати факультет бошланғич ташкилоти ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналишларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастуридан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

 

 Университет ўқитувчи ва талабалари иштирокида ўтган тадбирда хорижий  тиллар факультети декани ўринбосари К.Жабборов семинарнинг мақсад ва вазифаси хусусида гапирди.Шундан сўнг мавзу юзасидан маърузалар тингланди. АДУ француз тили кафедраси доценти А. Мамадалиев, инглиз тили  грамматикаси кафедраси ўқитувчиси У. Тўхтаматова, "Камолот" ЁИҲ факультет бошланғич ташкилоти раиси А. Абдураҳимов, "Камолот" фаоли Х. Аъзамжонова стратегияда белгиланган вазифалар, уларни ижтимоий ҳаётимизга татбиқ этиш юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

 

 Талаба ёшлар Ҳаракатлар стратегияси бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

 

Миножатхон НИЗОМОВА,  АДУ хорижий тиллар

 

 факультети АРМ ходимаси.

 

АТИРГУЛ ҒУНЧАСИ

(26- сон) ҲИКОЯ

Ҳар куни эрталаб ишга шу гулзор ёнидан ўтаман. Яқиндагина гулзор ўз кўрки, анвойи ҳидлари билан кўзларни қувонтирувчи турли чечаклар - оқ, пушти, қизил атиргуллари билан яшнаб турарди.

Мана энди кузнинг ўрталарига келиб гуллар ўз умрларининг охирги кунларини яшамоқда. Сўнгги ғунчалар очилиб турибди. Гулзор аввалги кўркини йўқотган, алланечук хувиллаб қолган. Оёқ остларида хазонрезгидан дарак бериб қуриган шох-шабба, барглар шитирлайди.

Кеча ишга кетаётиб гулзор ёнида бир зумгина тўхтадим. Бир туп атиргулнинг тепа шохида очилай-очилай деб турган ним пушти ғунча диққатимни тортди. Бу гулзордаги сўнгги ғунча бўлса ҳам ажаб эмас, чунки бошқа атиргул буталарида гул ёки ғунча кўзга ташланмади. Шунинг учунми ғунча кўзимга яна ҳам гўзал ва жозибали кўринди. Унинг оч, пушти гулбаргларида тонгги шудринг томчилари қуёшнинг эрталабки илк нурларида худди ёқут зарраларидек товланарди. Оддий бир ғунчада жамланган бу ажиб гўзаллик мени мафтун қилди. Қалбим ана шу гўзаллик ижодкори, мўъжизакор табиатга, она заминимизга таҳсинлар ўқиди. Кўнглим ёришиб, кайфиятим кўтарилди. Гулзордан узоқлашарканман, ғунчага қараб-қараб қўярдим. Бу ғунчани кўнглимда "ўзимники" қилиб олгандим.

Кечки пайт ишдан қайтар эканман, гулзор ёнига яқинлашганимда кўзларим "ўзимнинг" ғунчамни изларди. Аммо менга бир олам завқ берган, қалбимга ўзгача туйғулар инъом этган  ғунча кўринмасди. Унинг ўрнида буталган шохча маъюс эгилиб турарди. Юрагим ачишди.

Йўлак четидаги ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Ёнимдан йўловчилар у ёқ-бу ёққа ўтиб туришибди. Ҳар бирининг ўз ташвиши, ўз юмуши бор. Ҳамма қаергадир шошади. Одамларни кузатар эканман, сал нарида чинор остида турган бир йигит диққатимни тортди.

Йигитнинг қўлида бир дона ғунча, ўша "менинг ғунчам" бор эди. Йигит кўзимга негадир безовта, бетоқат бўлиб кўринди. Кимнидир кутаётган бўлса керак, қўлидаги соатига тез-тез қараб қўярди. Мен ҳам йигитни кузата бошладим. Йигит бирдан рўпарага қараб юра бошлади. Ўша томонга қарадим. Узун сочларини иккита қилиб ўрган, эгнидаги атлас кўйлаги ўзига ярашиб турган қиз бошини хиёл эгиб келарди. Унинг бу кўриниши шу қадар гўзал эдики, агар мен рассом бўлганимда қизни гўзаллик тимсоли сифатида тасвирлаган бўлардим.

Йигит қизга яқинлашди. Унга нимадир деди. Қиз ҳам бошини кўтариб, табассум билан жавоб берди. Йигит ғунчани қизга узатди. Fунча энди қизнинг қўлида ял-ял ёниб турарди. Назаримда икки гул бирлашгандек бўлди. Икки гул, икки гўзал хилқат.

Йигит ва қиз мен томонга юриб кела бошладилар. Улар аста юриб келишаркан, қиз ғунчани ҳидлаб-ҳидлаб қўяр, унинг юзлари ҳам ғунча каби ял-ял     ёнарди. Улар ёнимдан ўтишаркан, суҳбатлари қулоғимга чалинди:

-      Нодира, ғунчанинг хусни нега ўткинчи биласизми?

- Билмадим... Азиз ака сиз биласизми? - саволга савол билан жавоб берди қиз. Унинг овози ҳам жуда ёқимли ва жозибали эди. Улар аста-секин мендан узоқлашиб бораркан, йигит қизга нималарнидир сўзлаб борарди. Улар кўринмай кетгунларича кузатиб ўтирдим. Бу икки ёшга ҳавас қилиб, йўлимда давом этарканман, энди кўнглим хотиржам эди. Ҳалигина мени қийнаган ачиниш ҳислари энди йўқ, руҳим енгил тортганди. Бир оз муддат олдин узиб олинган  ғунчага ачинган эдим. Энди ачинишга ҳожат йўқ. Чунки ғунча энди яна бир кўнгилга ошиқнинг муҳаббати рамзи ила қувонч-завқ бағишлаганди. Fунча бокира қизнинг қўлларида яшнаб тургани кўнглимни тинчлантирди. Ўзимнинг эрталабки хаёлларимдан, ғунчани "ўзимники" қилиб олганимдан кулиб қўйдим. Ҳувиллаб қолган гулзорга яна бир назар ташладим-да, йўлимда давом этдим.

 

Рўзихон ИМИНОВА   

КЎЗОЙНАКНИНГ ЧИРОЙИГА ЭМАС, СИФАТИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ

(26- сон) Саломатлик ва гўзаллик

Қуёшли кунлар бошланиши билан ҳимоя кўзойнакларини тақишга одатланганмиз. Бироқ кўзойнак сотиб олишда кўпинча уларнинг ташқи кўринишига эътибор қаратамиз. мутахассис билан маслаҳатлашиш, сифати масаласига эса у қадар аҳамият бермаймиз.

Энг аввало, кўзойнакни "мода" учун эмас, балки кўзни қуёшнинг ультрабинафша ва инфрақизил нурларидан ҳимоя қилиш мақсадида тақишимиз зарурлигини англаб олишимиз керак. Бу борада нималарга эътибор беришимиз зарурлиги, умуман, кўзойнакнинг аҳамияти хусусида кўз касалликлари шифокори  Гулбаҳор Эҳсонова бизга қуйидагиларни гапириб берди:

- Кунлар исиши билан қуёш нурининг таъсири туфайли ўсмирлар орасида аллергик хасталиклар кузатилади. Айниқса, кўзнинг хасталаниши шубҳасиз, ҳар қандай кишини жиддий ташвишга солади. Маълумки, қуёшнинг ин-фрақизил ва ультрабинафша нурлари таъсирида кўзда қизариш, ачишиш ҳолатлари юз беради. Бу жараёнда уларнинг  хасталик ҳолати ва даражасидан келиб чиқиб турли ҳимоя кўзойнакларини тавсия қилиш мумкин. Уларни танлаганда ойналари пластикдан эмас, балки шишадан бўлишига алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки шиша кўзни қуёш нуридан яхши ҳимоялайди. Шунингдек, кўзойнакларни зарур ҳоллардагина тақиш мақсадга мувофиқдир. Уни мунтазам тақиб юриш кўриш қобилиятининг сусайишига олиб келиши мумкин.

Одатда ҳимоя кўзойнакларининг жигарранг, яшил, кулрангларини тақиш одат тусига кирган. Қора ойнали кўзойнакларда ёруғликдан ҳимоя қилувчи қўшимча фильтрлар бўлади, уларни танлаганда шу жиҳатларга аҳамият бериш керак.

Олимлар томонидан қуёшдан муҳофазаловчи сифатсиз кўзойнакларнинг саломатликка салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.  Яъни бундай кўзойнакларнинг линзалари остидан нур ўтувчанлиги бир хил эмас, бу эса кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади ва астигматизм хасталигига олиб келади. Арзон нархдаги кўзойнаклар сифатсиз линзалар билан қопланган бўлиб, улар тасвирни иккита қилиб кўрсатади ва шу тариқа бошда оғриқ пайдо бўлиши кузатилади.

Кўзойнакларни танлаётганда кўзларининг оптик тузилишига эътибор қаратилиши лозим. Сабаби линзалар кўз қаршисида туради ва натижада кўзни тўлалигича муҳофаза қилмайди. Бу билан нурларнинг бир қисми ҳеч қандай тўсиққа учрамай, ён томонлардан кўзга етиб боради. Бунда ёруғлик оқимининг қуввати юқори бўлади ва кўзнинг мугуз пардасига салбий таъсир кўрсатади.

Агар қуёшдан сақланиш учун кўзойнак олмоқчи бўлсангиз, аввало кўз шифокори билан маслаҳатлашиб, ундан зарур тавсиялар олинг, агар бунинг имкони бўлмаса, кўзингизга мос келадиган сифатли кўзойнак олишга ҳаракат қилинг.

Муҳаббат МУРОДЖОН қизи тайёрлади.

 

ИШҚ СЕВГАН ИНСОННИ ҚАДРЛАМОҚДИР

(26- сон) Турмуш чорраҳаларида

Умрим ўтмоқда. Бир неча ойдирки, халоватим йўқ. Кунларим изтиробда, армон ўти қалбимни ёндирмоқда. Дардларимни кимга айтишни билмай, кўнглим изтиробларини қоғозга муҳрламоқ учун қўлимга қалам олдим. Зора, кўнглим шу билан таскин топса.

Балки ёзганларимни кимлардир ўқиб, ўзига хулоса чиқарар, мен каби хато йўлни танлаб, йиллар ўтиб, армонда қолмас.

Ҳаётда ҳар бир инсон ўзига аталган чин севгини учратади. Кимдир уни вақтида илғай олади, кимларнингдир эса қалб кўзи сўқир бўлади ва қаршисида ҳақиқий муҳаббати турганини пайқамай ўтиб кетади. Афсуслар бўлсинки, мен иккинчи тоифага мансубман. Бугун ўттиз беш ёш палласида фикримга қуйилаётган мулоҳазалар, ўн беш йиллар олдин миямга келганида, балки бугун ҳам виждон азобида азият чекмаётган бўлармидим...

...У билан талабалик йилларимизда учрашгандик. Маъсума, беозор ва беғубор қиз эди. Соддалиги ҳуснига ҳусн қўшиб, самимияти кўзга яққол ташланарди. Аслида ҳамма қизлар қатори хушрўй, зебо қиз эди у. Лекин бошқалардан буткул фарқланиб турадиган беғубор олами, мусаффо орзулари бор эди. Гўё бу оламда яшамасди. Ўз олами, ўз дунёси ва фақат ўзига хос ҳис-туйғулари бош-қалардан ажралиб турарди. Бир қараганда қалби очиқ-сочиқ, дилидаги тилида, ҳеч қандай сири йўқ қизга ўхшарди. Баъзан унга қараб ғашланардим: "Қиз бола дегани сал сирли бўлса жозибадор бўлмасмикан? Қалби очиқлик яхши, лекин ҳар нарсани тилга чиқариш ақлли одамнинг иши эмаску!?" Гоҳида эса уни қандайдир дард, ички туғён ўртаётганини, изтиробини ҳаммадан сир тутишини сезгандай бўлардим. У шундай хилқат эди. Баъзан севиш-севмаслигимга ҳам шубҳа қилардим. У эса чин кўнгилдан севарди мени. Билмадим, балки менга шундай туюлармиди? Мен билан танишганидан сўнг бирор йигитга қайрилиб қарамади. Севги изҳорларига парво қилмади. Бу оламда бир мен бор эдим унинг учун, фақат мен яшардим ва унинг суянгани мен эдим.

Баъзан унга танбеҳ берганимда жавоб қилмасди. Ерга тикилган кўйи жим бўлиб қоларди.

...Талабалик даври ҳам тугади. Шу билан бирга, менинг унга бўлган муҳаббатим ҳам якун топди. Биз бир вилоятнинг бош-қа-бошқа туманларидан эдик. Мен у билан хайр-хўшни ҳам нася қилиб уйимга кетдим, бир неча йил ўтиб, бошқасига уйландим. Онам келинликка танлаган қиз билан яшаб асло кўнглим тўлмади. Биринчи фаразандимиз туғилгунига қадар хотиним билан орамизда мўрт, нурсиз, кучсиз ҳиссиётлар бор эди. Сўнг у бола тарбияси билан, мен ҳаёт оқимидаги кураш билан бўлиб кетдигу ҳиссиётдан асар ҳам қолмади ҳаётимда.

Улғайганим, ёшим ўтгани сари аёл деганда кўз олдимга у - талабаликда севгисини, қалбини эрмак қилганим беғубор қиз келарди. Қаердадир муҳаббат ҳақида ўқиб қолсам ёки қўшиқ эшитсам, уни эслардим. Тушларимда кўрардим. Соғинардим, қўмсардим, кўргим келарди. Уни севишимни, ҳаётимда ягона ва ҳақиқий муҳаббат унга бўлган туйғуларим эканини англаганимда ёшим ўттизларга бориб қолган, икки фарзанднинг отаси, тақдирнинг аёвсиз зарбалари қаршисида жамиятдаги ўрнидан айрилган, абгор инсон эдим.

Ишларим юришмай, мутахассислигим бўйича ишимда дуруст ишлолмай Россияга кетдим. У ерда бироз муддат ишлаб қайтганимдан сўнг шаҳардаги коллежлардан бирига ишга жойлашдим. Директор дарс жадвалимни аниқлаштириб олишим учун ўқув ишлари бўйича ўринбосарига юборди. Эшикка илинган ёзувда унинг исм-фамилиясини кўриб оёғимдан мадор қочди. Орқамга қайрилиб кетишни ҳам ўйладим. Бир муддат қотиб турдим ўша ерда. Тўсатдан эшик очилиб хонасидан чиқиб келди у. Аввалига қаршисидаги сочлари тўкилган, оқарган, эркак менлигимни ҳаёлига ҳам келтирмади чоғи, кексаларга салом бергандек сўрашиб, ичкарига таклиф қилди. Бошимни кўтариб кўзларига қарагандим...

У бахтиёр эди. Чеҳраси  бахтдан ёнар, кўзлари мамнун боқарди. Аввалги содда, ҳаёлпараст қиз ўрнига ўзига ишонган, нигоҳлари ўткир, қатъиятли аёл турарди. Фарзанд кутаётган экан. Ҳомиладорлик ҳуснининг жозибасини бўртирриб кўрсатар, гуноҳкордай мулзам тикилиб турганим ғашини келтираётганини кўз қарашлари орқали сездираётганди...

Эркаклар доимо кечикиб, адашиб юрадилар. Нега? Эркак ақлга таяниб иш кўради, дейишади-ку, наҳотки, ақл инсонга панд берса? Нега мен уни севишимни, тақдиримга битилган ҳақиқий муҳаббат у бўлишини, усиз бахт манзили менга олис бўлишини вақтида англамадим? Ким содда, ғўр экан, менми ёки мени жондан севиб, туйғуларидан масъуд юрган беғубор қизми? Вақт туйғуларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратар экан. Охир-оқибат бу муҳаббат икки дунё-йимга етгулик армонга айланди. Юракни куйдирган ҳар туйғу ҳам ишқ бўлавермас экан. Ишқ дегани ўз вақтида, севган инсонни қадрламоқ экан. Афсуски, бу ҳақиқатни англаб етиш менга қимматга тушди...

Мактубни Умида АДИЗОВА оққа кўчирди.

Бугун сени кўргани бораман

(26- сон) қатра

Аёл ён дафтарчасининг биринчи саҳифасида турадиган бир рақамни ҳаяжон билан санади. Рақамга қараб ичида ўйлади:

- Қайтдимикан, ҳали ҳам мени яҳши кўрармикан? Унинг ҳам мен каби овозимни эшитгиси келармикан? Қўнғироқ қилсам, бирор ресторанга таклиф қилсачи? Йўқ, унинг пули кўп эмас, менимча қаҳвахонага оборади. Борсамми, бормасамми? Яна санчқи билан пичоқни қайси қўлда ушлашни билмай уялтириб қўйсам-чи? Йўғ-э, бу сафар уялтирмасман. Бу сафар салат ҳам буюрмайман. Қанақа ейишни билмай жаҳлини чиқариб қўйишим мумкин? Ҳа, мени кўриб хурсанд бўлармикан, кетаётганда тишимни ювиб мушк анбар суриш ҳам ёдимдан чиқмаслиги керак. Чунки унга мушк анбарнинг ҳиди ёқади. Майли нима бўлса бўлар унга телефон қиламан.

Рақамидан адашмаслик учун синчиклаб терди. Адашишдан қўрқиб яна текширди. Гўшакдан жавоб бўлгунча минг ҳаяжон билан турди. Аёл гўшакдаги овоздан сўнг кўп хижолат билан гап бошлади:

- Болам, бугун сени кўргани бораман. Вақтинг борми?

 

 

Фотима ХОЛБОЗОРОВА