+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚАЛБИМДА ҚОЛГАН ҚЎШИҚ

(26- сон) Кечинма

Анбар сочларинг, шаҳло кўзларинг, табассум ила боқиб турган нурли юзинг мендан қўшиқ куйлаб беришни сўраб тургандай. Сендек, париваш нозаниннинг покиза қадамларига завқли қўшиқдан пояндоз тўшаса арзийди.

Юрагим тубидан булоқ сувидек отилиб чиқаётган мисраларга шамол мусиқий оҳанг бўлади:

Тингла, Дилбарим!

Табиат гулларга ранг танлаганда,

Камалак чиройин сендан олганму?

Ошиқлар ёрига гул жамлаганда,

Гўзаллик сирларин сендан сўрганму?!

О, Раъно, о Раъно кўнглимга ҳамроз,

Гулмисан, ё юрак, ё ишқ риштаси?

 

Мен сен ҳақингда куйласам-да, сени янги очилган раъно гулидай оромли, ёқимли қўшиқ билан нафис кўнглингга йўл топа олишдан умидворман.

Кўнглинг уйига йўл топиш ҳам бир бахт-ку, ета олурман холбуки. Сенинг мафтункорлигинг олдида мен шоир ҳам, хофиз ҳам бўлолмаслигимни англайман, аммо эҳтирослар вужудимни жунбушга келтиради. Яна сўз сеҳридан бахраманд бўлиб, оҳанглар уммонига синггаман. Эшитгил гўзалим:

Наргиз боғ, сафсар боғ, о нақадар соз,

Номозшом гулларнинг тун фариштаси.

О, Раъно, о Раъно кўнглимга ҳамроз,

Гулмисан, ё юрак, ё ишқ риштаси?..

 

Баҳорим, соф ҳаво беғубор оламнинг нашидаси, ажиб ифорли гуллари, ранг-баранглиги, бетакрорлиги билан у кунни ҳам, тунни ҳам гўзаликка буркайди. Мен шундай оқшомда яна сенга бағишлаб қўшиқ куйладим. Бу қўшиқни нурли чеҳрангга қараб, қалбимни забт этган қўшиқдан чиройли гулчамбарлар ясаб тақдим этмоқчиман...

Шамсиддин ИСМОН

КЎЗ ЁШЛАР

(26- сон) Дил туFёни

У ёмғирларни ёқтирмасди… Ёмғирлар унга кўз ёшларни эслатарди. Ёмғир тингач, осмонни, табиатни мусаффолик эгаллайди. Гўё йиғидан сўнг инсон қалби енгил тортгандай... Лекин, барибир кўнгилнинг аллақайси бир ерида оз бўлса-да, кемтиклик қолади. Гўё, ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган кўлмаклардай…

У болалигида онасидан "Ёмғир нега ёғади?" деб сўраганида, онаси "заминда бирон бир инсоннинг дили оғриса", деб жавоб берганди.

У эса... инсонларни йиғлаганини ёқтирмасди. Балки, шунинг учун ёмғирларни хушламас эди.

Қарангки, ҳар гал кимнидир кўзида ёш кўрса ёки ўзининг ҳам дили қоронғулаша бошласа, табиат ҳам унинг қайғусига шерик бўлгандек, ер юзига оби-ҳаётни ҳадя қиларди.

Бугун ҳам у ўзининг кичкинагина хонасида қалбини йиғлатиб ўтирибди. Қалб осмонидаги қора булутларни кўз дарёсининг тўғонларини ёриб ўтишга кучи етмасди. Чунки, қалб ҳам сезарди… Ахир у … ёмғирларни ёқтирмайди-ку.

Қалбнинг ҳадди сиғмади, қора булутлардаги оппоқ томчиларни ўз кўлмакларига тўлдирди… Лекин… Лекин ташқарида шитир-шитир овозлар эшитила бошлади. Унинг онаси эккан райҳонлар бўйи эшик тирқишидан кириб, хонани тутди. Демак, ёмғир яна ўз ашуласини бошлаган. У эса қалбидаги эндигина ҳайдаб юборган ўша қора булутларни яна бошлаб келди. Сабаб, ернинг қайсидир жойида кимдир йиғлаяпти... Ёмғирнинг ашуласи эса авжига чиққан.

У чидаб туролмади. Кўз    дарёсининг тўғонларини бузиб юборди. Яноқлар намланди… қуриди…

Она алласидек маъюслик унинг юзига ва кўзига кўчди.  Ташқарида ёмғир секинлашди. Онаси ёшлигида тебратган беланчакнинг шамоли булутларни кўк бағридан ҳайдаб солди.

Осмон тиниқлашди. Ҳаво сокин тортди. Унинг кўнглига ҳам равшанлик ифорлари таралди.

Ундан бир куни сўрадилар: "Нега ёмғирни ёқтирмайсиз?"

У жавоб берди: "Онам болалигимда: заминнинг қайсидир ерида кимнингдир кўнглига озор етган бўлса, демак осмон йиғлайди дегандилар. Гоҳо онам тунлари йиғлаб чиқардилар. Ажаб, ўшанда булутлар ҳам уларга қўшилиб йиғлардилар...

Мен ёмғирларни ёқтирмайман… Чунки, уларни онамнинг кўз ёшларига ўхшатаман. Онамни кўзи ёшланишини эса сира ҳоҳламайман.

"Она" деган буюк зот йиғласин қачонки, кўз ёш қилиб дунёга келтирган фарзандининг камолини кўриб, севинганидан йиғласин. Мен бу йиғига бутун дунёйимни алишган бўлардим!

Навбаҳор ЙЎЛЧИЕВА

ФИТР САДАҚАСИ ФАЗИЛАТИ

(26- сон)

Муқаддас Рамазон ойи  барча мўмин-мусулмонларга бир ой давомида ўзини наинки емоқ-ичмоқдан, балки бутун вужудидаги ҳар бир аъзоларини - қулоқларини ёмон сўзларни эшитишдан, тилини ғийбатлардан ва фаҳш сўзлардан, кўзларини номаҳрамлардан ва гуноҳга бошловчи ҳолатларни кўришдан тиймоғи лозим бўлади.

Умуман, ҳар қандай яхши бўлмаган ишлардан тийилмоғимиз, оёқ-қўлимиз ва бошқа барча жисмимиз аъзоларини фақат савоб ишларни бажаришга бўйсундиришимиз лозим. Шундагина Рамазон ойи амалларини   бекму кўст бажарган бўламиз. Шу бир ой ичида кимки ўзини яхшиликка бахшида этса, йил давомида у кишини эзгу ишлар тарк этмайди.

Ушбу муборак ойнинг ҳар бир куни байрам ҳисобланади. Чунки Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) айтганларидек, рўзадорга иккита хурсандчилик бор - бири ифтор вақтида, яна бири Аллоҳга рўбарў бўлганда.

Эзгу ишлар бешиги бўлган Рамазон ойини ҳақиқий меҳр-оқибат даври десак асло муболаға бўлмайди. Ифторлик баҳона кўпчилик қариндош-уруғлар бир-бирларини бир қатор йўқлаб оладилар. Шу билан бирга, шариатимизда жорий қилинган рўза фитри ҳам борки, меҳр-оқибат ришталарини янада маҳкам боғлайди.

Садақа бандани офат ва балолардан сақлайди. Рўза фитри эса рўза тутишдаги хато ва камчиликларга бериладиган садақадир.

Рамазон ойи давомида барча инсонлар ўзидаги қусурлардан ҳоли бўлишга интилади. Чунки барча шайтонлар бу ойда занжирбанд этилиб, одамни қинғир ишларга жалб этолмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзгача салоҳиятда бўладилар. Лекин инсон қалбида ёлғиз шайтон қолади ва мусулмонлар рўзанинг шартларини бажаришида хатоликларга йўл қўйиши учун бор кучини сарфлайди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, иродаси кучли одам рўзани чиройли адо эта олишга қурби етади. Аммо ожиз банда хатоликлардан ҳоли эмас. Шу жиҳатдан билиб-билмай содир  этган айб-нуқсонларимизни ювиш учун ойнинг охирги ҳафталарига бориб (Ҳайит намози ўқилгунга қадар), фитр садақасини бериш лозим бўлади. Бу эса бандачилик билан ўтган нуқсонларга каффорат бўлади. "Мухтасари виқоя"да баён қилинишича, фитр садақаси учун моли нисобга етган озод мусулмон ярим соъ (икки килограмм) буғдой ёки майиз ёхуд уларнинг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади (агарчи унинг моли ўсувчи бўлмаса ҳам, яъни бир йил айланмаса ҳам). Ўшанча молга эга бўлган инсонга вожиб садақаларни олиш ҳам ҳаром бўлиб қолади.

Фитр садақаси вожиб бўлган киши ўзи учун ва балоғатга етмаган фарзандлари учун ҳам беради. Фарзандлар балоғатга етгандан сўнг мукаллаф бўлиб қолганлигидан ўзларига вожиб бўлиб қолади. Шунингдек, хотини ҳам жавобгар бўлади. Демак, хотин ва балоғатга етган фарзандлар бой бўлса, рўза фитрини ўзлари тўлайди, фақир бўлса соқит бўлади. Балоғатга етмаган фарзанд бой бўлса (васият билан меросга эга бўлса ёки мустақил мулки бўлса) ўша ўзининг мулкидан олиб берилади. Фитр садақасини бериш Ҳайит куни тонг отганда вожиб бўлади, аммо аввалроқ бериши ҳам жоиздир.

Диний китобимиз "Ибодати исломия"да "Фақир киши ҳам фитр садақасини берса савобга эга бўлади", дейилган. Шу ўринда, фақир киши фитр садақасини бериш вожиб деган кимса шариатга ҳиёнат қилган бўлиб, гуноҳкор бўлади.

Фитр садақаси моли нисобга етмаган ака-укаларга, опа-сингилларга, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга ва бошқа моддий ёрдамга муҳтож оилаларга берилгани маъқул.

 

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳри.

ЁҚУТХОННИНГ ПАРВОЗИ

(26- сон) Иқтидорли ёшларимиз

Асака спорт коллежи ўқувчиси Ёқутхон Комилжонова кўп йиллардан буён спортнинг дзюдо тури билан шуғулланиб келаётган иқтидорли  ёшлардан биридир.

Ёш иқтидор соҳибаси устоз ва мураббийлари Гўзалой Бекмирзаева, Баҳромжон Расулов кўмагида ўз маҳоратини ошириб, дзюдонинг сир-асрорларини, ўзига хос техникасини пухта ўзлаштириб бормоқда. Бу эса интилувчан, шижоатли Ёқутхоннинг ғалабаларга, ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. У қатор мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, устозлари ишончини қозонмоқда. Хусусан,  яқинда Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ўз вазн тоифасида тенгсиз эканлигини кўрсата олди.

Мусобақаларда Корея, Хитой Тайпей давлатлари вакилларини мағлубиятга учратиб, финалда ҳиндистонлик тенгдоши устидан ғалабага эришди ва мусобақа ғолибаси сифатида олтин медаль билан тақдирланди. Ёқутхон ушбу ютуқ билан олий ўқув юртига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

Айни кунда Ёқутхон жорий йилнинг октябрь ойида Дубай шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказиладиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига тажрибали мураббийлари кўмагида пухта ҳозирлик кўрмоқда.

- Мақсадим, бўлажак жаҳон чемпионатида ҳам ғолиблар қаторидан жой олиб, юртимиз шуҳратини, байроғини янада баланд кўтариш, - дейди Ё. Комилжонова. - Қолаверса, устозларим ишончини оқлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан.

Ишонамизки, Ёқутхон мақсад ва ниятларига албатта, етишади. Чунки унинг қалбида ғалабага ишонч, Ватанига бўлган муҳаббат, юрт шаънини юксакларга кўтаришга бўлган иштиёқ жўш урмоқда.

Моҳларой ҲАКИМЖОНОВА

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

(26- сон) Ҳуқуқий маслаҳатхона

- Эр-хотининг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома қандай тартибда берилади?

Н. Солиева, Марҳамат тумани.

- Ўзбекистон Республикасининг "Оила" кодекси 23- моддасида: "Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади" деб белгилаб қўйилган.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган    бошқа пул тўловлари киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узр-ли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

"Оила" кодексининг 27-моддасида эса эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тартиби белгиланган. Яъни "Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулк-даги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин.

Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулк-ини бўлиш, шунингдек, эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда нотариуслар томонидан эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида уларга гувоҳномалар бериш тартиби жорий этилган.

Унга кўра, эр ёки хотин умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома олиш учун нотариал идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг  Ўзбекистон Республикаси "Фуқаролик" кодексининг 1135- моддаси, "Оила" кодексининг 27-, 28- моддаларига асосан уларнинг умумий мулкидаги улуши аниқланиб, тегишли тартибда гувоҳнома берилади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, амалдаги қонунларимизда мобода эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда уларнинг бирига мулк ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш белгиланган.

Саволга Андижон шаҳридаги  12-нотариал идора нотариуси 

 

Шаходат ҚОДИРОВА жавоб берди.  

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАЙЛИК!

(26- сон) Мулоҳаза

Оиланинг соғлом, мустаҳкам ва барқарор бўлиши бевосита жамиятнинг тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади. Саломатлик эса инсон ҳаётидаги энг муҳим жиҳат ҳисобланади.

Шу ўринда саломатликни мустаҳкамлаш, унга салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан ҳимоя қилишда оила ҳамда жамиятнинг қатор вазифалари мавжуд. Ушбу вазифаларни тўғри амалга оширилиши жамият аъзоларининг соғлом ва фаровон турмуш кечириши ҳамда жамиятимизнинг юксалишида муҳим аҳамият касб этади.

Бола дунёга келган кундан бошлаб ота-она унинг тарбияси учун жавобгардир. Боланинг соғлом, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли инсон бўлиб вояга етишида оиланинг, ушбу қутлуғ маскандаги тарбиянинг ролини ҳеч нима билан тенглаштириб бўлмайди. Бугунги кунда оилавий тарбия миллийлик, қадим анъана ва одатларимизни замонавийлик билан уйғунлаштиришни, юксак интелектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашни тақазо этмоқда. Тарбия борасида ёш авлодниг зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳвандлик ва ҳаказо), "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларига асло йўл қўймаслигимиз лозим. 

Ёшлик ва ўсмирлик даврида фарзандларимизнинг қизиқиши юқори даражада бўлади. Айниқса, улар катталарнинг хатти-ҳаракатларига, атрофидаги жараёнларга тақлид қиладилар. Шу боис ҳам ана шу   даврда катталар, хусусан, ота-она ўзининг намунали юриш-туриши билан уларга ибрат бўлишлари керак.

Тамаки чекиш, спиртли ичимлик ичиш киши мия нерв ҳужайраларини зарарлайди, боланинг ақлий қобилиятига путур етказади. Бундай киши диққат-эътиборини бир жойга тўплай олмайди, хотира қуввати, масъулиятни ҳис этиш туйғуси пасаяди, уни иш ҳам, оила ҳам, ижтимоий ҳаёт ҳам қизиқтирмай қўяди. Бу эса аянчли оқибатлар келиб чиқиш эҳтимолини оширади.

 Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар, бу борадаги мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, улар ҳақида ёшларга кенг ва тўлақонли тушунчаларни бериб бориш, бир сўз билан айтганда, уларни салбий иллатлардан ҳимоя қилиш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Нодира БОБОНАЗАРОВА,

 Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

(26- сон)

Гиёҳвандлик - аср вабоси, инсонни таназзулга етакловчи жирканч иллатдир. Ушбу иллат охир оқибат инсон ҳаётини захар-зақумга айлантиради, яқинларидан айиради, жиноятга етаклайди.

Аслини олганда бировнинг бошига кулфат солиш эвазига даромад орттиришга асосланган бу қора "бизнес"да гиёҳвандлар қанча кўп бўлса, оғуфурушлар даромади ҳам мўл бўлади.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик жиноят ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларини сотиш, олиб юриш, истеъмол қилиш қонун бўйича таъқиқланади. Хусусан, вилоятимизда ушбу жиноятнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини тушунтириш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим кимсаларнинг бойлик орттириш мақсадида ушбу жиноят йўлига киришларини асло кечириб бўлмайди.

  Андижон вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлимига тезкор маълумот келиб тушади. Унга кўра, Пахтаобод тумани, Шомат маҳалласида яшовчи Абдухалим Шерзодов "гашиш" гиёҳванд моддасини сотиш  пайида эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан "назорат-харид" тадбирини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди. Махсус харидор телефон орқали суҳбатлашиб, 1000 АҚШ доллар қийматидаги "товар"ни Андижон шаҳрига етказиб беришга келишади.

Абдухалим ҳамқишлоғи Карим Халимов бошқарувидаги "СОBALT" русумли автомашинада Андижон аэропорти олдидаги бекатга етиб келганида уни махсус харидор ва контрабандага қарши курашиш бўлими ходими кутаётган эди. Абдухалим харидор билан нарх бўйича талашиб-тортишади ва 600 АҚШ доллар эвазига 30.29 грамм "гашиш" гиёҳванд моддаси сотишга келишади. Икки бўлак оқ рангсиз целофан пакетга ўралган захри қотилни сотаётганида қўлга олинади.

Суриштирув давомида А. Шерзодов гиёҳванд моддани қаердан, кимдан ва нима мақсадда сотиб олганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Ҳар қандай жиноятнинг охири "вой" эканлигини била туриб, осон даромад олиш илинжида нафсини тия олмайдиган бу каби юртдошларимизнинг борлиги барчамизни ташвишга солади. қолаверса ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат, жиноят  учун жазо муқаррар эканлигини барчамиз яхши билиб олишимиз керак.

 

Фарҳодбек КАРИМОВ,

 

Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи.

ХАЛҚ МУЛКИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА

(26- сон) Огоҳлик - давр талаби

Мамлакатимизда халқ хўжалиги объектларини қўриқлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда қўриқлаш хизмати тизимининг роли жуда катта.

Мазкур тизим ривожига қаратилаётган эътибор натижасида  кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами йилдан йилга ортмоқда. Жумладан, бу борада Марҳамат туманида ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқда.

  Айни кунда туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмаси томонидан тумандаги 200 га яқин объектларда қўриқлаш хизмати жорий этилган. Шу йилнинг ўтган 5 ойи давомида тизим ходимлари томонидан майда ўғирлик  билан боғлиқ 11 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бундан ташқари, ички ишлар бўлимининг тегишли хизмат соҳаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тадбирлар доирасида 2 нафар гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланган ҳамда 3 нафар қидирувда бўлган шахслар қўлга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида ўтказилаётган  профилактика куни тадбирларида қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Яъни  маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.

 "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари маъмуриятлари ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва оқибатлари атрофлича муҳокама этилиб, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, аҳоли ҳамда турли мулкчилик шаклидаги корхона ва муассасалар раҳбарлари билан  суҳбатлар ўтказилиб, уларга қўриқлаш хизмати, видиеокузатув жиҳозлари ўрнатишнинг афзалликлари хусусида кенг тушунчалар берилмоқда.

Мухтасар айтганда, туман қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан объектларда тинчлик-осойишталикни сақлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, салбий ҳолатларнинг камайишига эришилмоқда.

 

Наргизахон ЗОИТОВА,

 Марҳамат тумани ИИБ Қўриқлаш бўлинмаси

 

ТҚП кузатувчиси.

ЁШАР ТАРБИЯСИ - МУҲИМ МАСАЛА

(26- сон) муносабат

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳил, иноқ, тотув оила бўлиб яшаб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши йўлида ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёда исломга эътиқод қилувчи энг қадимий заминлардан бири бўлиш билан бирга, мусулмончилик илмининг ислом оламида ҳамма тан олган анъаналарига ҳам эга. Ислом маданияти бир неча асрлар давомида ўзбек халқи маънавиятининг асоси бўлиб келган. Мустақиллик йилларида миллий ўзликни англаш, диний бағрикенглик йўналишида олиб борилган ишлар халқимизнинг азалий миллий, диний қадриятларини тикланишига хизмат қилмоқда.

Истиқлолнинг дастлабки йилларда юртимиздаги тинчлик-тотувликни кўра олмайдиган айрим ташқи кучлар кишиларнинг соддалиги, турли иқтисодий, ижтимоий муаммолар гирдобида турганидан фойдаланиб, нотўғри диний таълим бериб, уларнинг онгига бузғунчилик ғояларини сингдиришга уриндилар. Оқибатда дунёқараши паст, оқ-қорани ажарата олмайдиган баъзи одамлар халқимиз узоқ йиллар давомида эътиқод қилиб келган ислом динига мутлақо бегона  ақидалар таъсирига тушиб қолди.

Жорий йилнинг 15 июнь куни  Тошкентда "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз раҳбари ушбу соҳада бажарилиши лозим бўлган жада кўп вазифалар ҳақида гапирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев адашганларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида: "Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний "Олижаноб кишилар узрни қабул қилур", деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз - мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга   соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз", - дедилар.

Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний  экстремистик оқимлар таъсиридан асраш барчамиз учун энг асосий масала бўлиб тургани, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўналишида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олган жоҳил кимсаларга ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайдиган, ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка йўл қўймайдиган дин эканлигини тушунтириш зарурлигини, ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш халқимизга тўғри келмаслигини таъкидладилар.

Анжуманда фарзандларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг оила-аъзоларини яккалаб қўймасдан жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш чораларини кўриш борасида бизнинг олдимизга қатор вазифаларни қўйдилар.

Дарҳақиқат, биз бугун маҳаллаларда, оилаларда мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, осойишталикнинг қадри, халқимизга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида фуқароларга кенг тушунча бериш билан бирга, адашган инсонлар ҳамда уларнинг оила-аъзоларига соф ислом динининг мақсади тинчлик, эзгулик эканлигини, турли норасмий диний оқимларнинг кўзлаган нияти бузғунчилик, хунрезлик, одамларни қўрқув ва мутеликда ушлаб туришдан иборатлигини ҳаётий мисоллар ёрдамида, асосли қилиб тушунтирмоғимиз даркор.

Кўтарилаётган муҳим масалалардан бири ёшларга диний таълим бериш бўлиб, айрим ота-оналар ўз фарзандларини чаласавод мулланинг қўлига топшириб қўймоқдалар. У болани ўқитаман, деб гумроҳга айлантирмоқда. Оқибатда билимсиз бола диний оқим тарафдорларининг тайёр ўлжасига айланмоқда.

Мамлакатимизда диний таълимга кенг имкониятлар яратиб берилган. Чин дилдан ўқишни истайдиган ёшлар учун барча эшиклар очиқ. Шундай экан турли норасмий ҳужраларга бориш ўрнига қонуний билим даргоҳларида таҳсил олиб, ўз мақсадига эришиш ҳар томонлама манфаатли эканлигини ота-оналар унутмаслиги керак.

Юртбошимиз анжумандаги маърузасида: "Бир боланинг йўлдан адашиши - бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради", дедилар. Бу иборанинг  маъно-мазмунини чуқур таҳлил қилиб, қалбимиздан ҳис этмоғимиз, эртага биз туфайли адашган бола ўзимизга ташвиш келтирмаслиги учун тарбияни ҳеч қачон бўшаштирмаслигимиз лозим.

"Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала - бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким - ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан", дея таъкидлади Президентимиз.

Бу вазифалар мактаб, оила, маҳалла, бутун жамоатчилик зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, биз отинойилар эртамиз эгалари тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз, юртбошимиз билдирган фикрларидан тўғри хулоса чиқариб, олдимизга қўйилган вазифаларни сидқилидан бажариш  учун астойдил меҳнат қилишимиз лозим.

Саодатхон РАСУЛОВА,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакили - вилоят бош имом-хатибининг

 

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

ЗИЛОЛА ТАНЛОВНИНГ МАМЛАКАТ БОСҚИЧИГА БОРАДИ

(26- сон) танлов

Андижон шаҳридаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида "ХХI аср аёли"  республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши томонидан "Донолик ва ташаббускорлик - сиёсий етакчилик мезони" лойиҳаси доирасида партия аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқий-сиёсий маданиятини юксалтириш, сиёсий етакчи аёлларни шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар аёл иштирок этди.

 Танловда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш,  ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, барча йўналишларда уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда самарали фаолият юритишлари учун имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Иштирокчилар "Партия менинг тақдиримда", "Агар мен депутат бўлсам..." ҳамда"     Лойиҳалар танлови" деб номланган уч шарт доирасида партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини тарғиб этишдаги, шунингдек, турли даражадаги депутатлар билан ишлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасидаги фаолияти ҳамда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси сайловолди платформасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган     лойиҳалардаги иштироки бўйича тақдимот ва чиқишлари асосида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган Олтинкўл тумани вакиласи, Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зилола Тоштемирова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бўз тумани вакиласи, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори Мактуба Абдуманнопова иккинчи, Андижон тумани вакиласи, тумандаги 21- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диёра Мусаева учинчи ўринга сазовор бўлди.

 - Сиёсий етакчи бўлиш киши зиммасига катта масъулият юклайди, - дейди танлов ғолибаси З. Тоштемирова. - Партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлидаги ҳаракатларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Ушбу муваффақият зиммамга катта масъулият юклайди, янада кўпроқ ва шижоат билан ишлашга ундайди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик    совғалар билан тақдирланди.

 

Абдурасул FуломовЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби.

Суратда: танлов ғолиби З. Тоштемирова.