+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЕҲРДАН ЯРАЛГАН МЕҲРИБОНИМ

(27-сон)Дил туFёни

Қишнинг совуқ кунлари… ҳар кунгидек равон йўллар оралаб уйга қайтаман. Нигоҳларим беихтиёр хокисорим, беозорим, меҳрибоним онажонимни излайди. Қора ўчоқ олдида куймаланиб, овқат пишираётган келиндан сўрайман.

- Онам уйдами?

- Ҳа, уйда набираларига эртак айтиб ўтирибди.

Шу сўзлар кўнглимга хотиржамлик, осойишталик бахш этади. Шукур… Тўғри у ўтирган уйга ошиқаман. Онажоним шириндан шакар набираларини эркалаётганини кўриб, яна шукр дейман.

- Келдингми, болам? оёғингдан совуқ ўтиб кетмадими? Бўлақол, сандалга чўғ солиб қўйдим, кел, исиниб ол!

  Эҳ, менинг меҳрдан яралган меҳрибон онажоним. Сизнинг борлигингиз юрагимга қувват, танамга тафт берар экан, нечун совқотай?! Яна меҳр тўла кўзларингиз чарчоғимни олса, нечун бағрингизга ошиқмай.

Мана, умрнинг яна бир куни ҳам ўтиб бормоқда. Хонадонларимиз кўрки, қалбимизга осойишталик, кўзимизга нур, вужудимизга қувват бергувчи меҳрибон онажонларимиз ҳамиша омон бўлсин. Улар бор экан, хонадонимиздан ҳеч қачон файз-барака, тинчлик-хотиржамлик аримайди. 

 

 

Моҳира НАСРИДДИНОВА

УСТОЗЛАРИМ, СИЗГА ТАШАККУР!

ИЗҲОР

Устоз отангдек улуғ, дейди доно халқимиз. Ушбу пурмаъно ҳикмат замирида уларга бўлган эҳтиром, ҳурмат мужассам. Дарҳақиқат, бир гўдак туғилиб камолотга етгунига қадар ота-она қанчалик заҳмат чекса, устозлар ҳам шогирдлар камолоти йўлида улардан кам меҳнат қилмайди.

Инсон ҳаётини бир бино десак, оила, боғча, мактаб, коллеж ёки олийгоҳда  олинган билимларни пойдеворга қиёслаш мумкин. Ёшларга мураббий берган билим қанчалик мустаҳкам бўлса, уларнинг келажаги ҳам шунчалик барқарор бўлади.

Мен устозларим кўмагида турли кўрик-танлов, фестиваль, фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида фахрли ўринларни эгалладим. Шеърларим 2016 йилда "Орзулар сари" номли тўпламда чоп этилди. Ҳозирда пухта билим олиш, ижод борасида билимларимни янада бойитиш учун устозларимдан астойдил  сабоқ оляпман.

Келажакда устозларим, ота-онамнинг ишончини оқлаб, юртимга муносиб фарзанд бўлиш, меҳнатларим билан  халқимизга хизмат қилишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйганман. 

Қуйидаги шеъримни азиз устозларимга бағишлайман.

Илҳомлар берасиз, қараб кўзимга,

Қувонч бахш этасиз айтган сўзимга.

Ашъорлар битайин устозим сизга,

Раҳмат сизга устоз, мураббийларим!

 

Йиллар мобайнида билим бердингиз,

Бизга сабоқ бериб, йўл кўрсатдингиз.

Камол топгин, дея ёниб-куйдингиз,

Раҳмат, сизга устоз, мураббийларим!

 

Сизларга бағишлаб, ёзайин шеърлар,

Дўстларим ҳамиша "шоир бўл" дерлар.

Ёшлар шижоатидан обод бу ерлар,

Раҳмат, сизга устоз, мураббийларим!

 

Гулҳаё АЗИМОВА,

Асака педегогика ва дизайн коллежи ўқувчиси.

rmal align=right style='text-align:right'>Суратда: мукофотланган бир гуруҳ ижодкорлар.

 

ЭЪТИБОР ТЎFРИ ЙЎЛГА БОШЛАЙДИ

(27-сон) Ҳаёт манзаралари

Гулнора гўзал ва ақлли қиз. У бу йили коллежни тамомлайди. Олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Мактаб давриданоқ аъло баҳоларга ўқиган қиз негадир     кейинги пайтларда сустлашиб қолди. Дугоналари билан ҳали дўконга, ҳали айлангани чиқишга, баъзан эса хонада соатлаб қолиб кетиб, овқатланишни ҳам ёдидан чиқаришга одатланиб қолди.

Онаси бир куни қизининг хонасига кирса копьютердан бошини кўтармай ўтирган эди.

Гулнора онасининг баланд овозда чақирганини ҳам эшитмас, қандайдир кинони берилиб кўраётган эди. Она нима қилишни билмай ўйланиб қолди. Қизининг юриш-туришига эътибор бериб қараса, умуман китоб ўқимай қўйганди. Бу ҳолдан хабар топган отасининг ҳам жаҳли чиқди. Қизини тартибга чақиришдан олдин унинг ота-онаси бунга сабаб нима эканлигини яхшилаб ўйлаб кўришди ва бир қарорга келишди. Отаси туғилган кунида қизига совға қилган копьютерни яшириб қўйди, ҳатто қўл телефонини ишлатишни ман қилиб қўйишди.

Гулнорага бу қаттиқ таъсир қилди. Гарчи ота-онаси қаттиқ гапирмаган бўлса-да, унга бу ҳолнинг ўзи етарли эди. Гулнора яхшилаб ўйлаб қараса, компьютер ўйинлари, кинолар унинг қимматли вақтини ўғирлаётган ва ҳатто мақсад-орзуларини унутиб қўйишга сабаб бўлаётган экан. Ота-онаси олдида ҳам уялиб қолди. У нафақат ота-онаси, балки ўзидан ҳам уялиб кетди. Ақли-хушини йиғиб олиб, яна астойдил китоб ўқишга ўтди, имтиҳонга тайёргарлик кўра бошлади.

Вақти соати келиб у талаба бўлди, у шундай бахтли кунларда эса ота-онасидан миннатдор эди. Агар улар қизини вақтида нотўғри йўлдан қайтаришмаганда, ҳозир талабалик бахтига ҳам балки эришмаган бўларди.

Дилдора ШАРОПОВА,

 

Булоқбоши саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

ЧИННИ ГУЛДОН

 (27-сон) ҚАТРА

Стол устида чинни гулдон. Уй бекаси шу хонадонга келин бўлиб тушганида уни ардоқли буюмлари қаторида ўзи билан бирга олиб келганди. Гулдонни унга турмушга чиқишидан аввал ҳамкасблари туғилган кунида совға қилишган. Гулдон у учун жуда қадрли. Орадан анча йиллар ўтди. Яхши-ёмон кунларида соҳибасига ҳамроҳ бўлди. Энг эътиборлиси, унда турфа гуллар яшнади.

Хонадон аъзоларининг туғилган кун ва яхши дамларида келтирилган гулларини ўз бағрига олди. Гуллар қанчадан-қанча кўзларни қувнатди, завқ бағишлади.

Гулдонга жойланган ҳамма гуллар бирдек яшнаб кетарди. Уй бекаси ҳовлидаги райҳонлардан беш-олти шохчани узиб, унга келтириб жойлаганда, хона ичра таралган муаттар бўйдан дилларнинг яйраши, кўнгилларнинг оромини кўриб хурсанд бўлиб кетарди.

Гулдон ўз вазифасини беминнат, тўла-тўкис адо этарди. Ҳатто атиргулнинг тиканлари бағрини тирнаса-да, шод бўларди. Унинг ҳаёти шу тарзда давом этаётган эди. Не бўлди-ю… хонадон эгалари тортишиб қолишди. Шунда хонадон соҳибининг жаҳли чиқиб, стол устидаги гулдонни шартта олди-ю улоқтирди. Гулдон синди. Ҳар томонга сочилган парчалар, гўё ўз соҳибасига қараб зорланди, ингранди. Бундан беканинг кўнгил шишаси ҳам синди, юрагидан нимадир чирт этиб узилди…

Ойлар ўтди. Уйда базм. Яқинлар йиғилишган. Кимдир совға билан бирга бир даста гул олиб келибди. Бир-биридан чиройли гуллар. Бека уларни қўлга оларкан, кўзлари беихтиёр ўша гулдонни излади. Турмуш ўртоғи буни сезди, ўшанда жаҳл устида қилган ишидан, жоҳилликка берилганидан пушаймон бўлди. Аммо синган гулдонни энди ҳеч қачон тиклаб бўлмайди!

 

Умида ЭЛБЕКОВА

ОМОНАТНИ ЯХШИ САҚЛАМАГАННИНГ ИМОНИ ЙЎҚДИР

(27-сон)

Ривоят қилинадики, Илёс ибн Муовия Басрага қози этиб тайинлангач, ҳар бир муаммони адолат ва шариат мезонлари асосида ҳал этиб борди. Унинг адолат билан иш олиб боришлиги кўпчиликка маълум бўлди ва унга мурожаат этувчилар сони ҳам ортди.

Бир куни икки киши даъволашиб, унинг ҳузурига келди. Даъвогар ёнидаги шериги ундан омонатга мол олиб, сўнг тонганини айтди.

Савол-жавоб давомида улардан бири даъвогарнинг сўзларини инкор этиб, деди: "Ҳужжат, далил ёки гувоҳи бўлса келтирсин". Илёс ибн Муовия бу кишининг ёлғон қасам ичиб, бировнинг омонат молини еб кетишидан қўрқди ва даъвогарга: "Қайси жойда бу кишига омонатни берган эдинг?", деб сўради. У киши жой номини айтди. Илёс: "Ўша жойда яна нима бор эди?", деб сўради. Даъвогар: "Катта бир дарахт бор. Унинг соясида овқатландик. Кетар маҳали молни берганман", деди. Илёс ибн Муовия: "Сен ҳозир ўша жойга бор. Балки  хаёлингдан кўтарилган нималардир эсингга келар. Сўнг ҳузуримга қайтиб кел. Кўрган-билганларингни сўзлаб берарсан", деб маслаҳат берди.

Даъвогар чиқиб кетди. Қози тонаётган кишига: "Сен дўстинг келгунча шу ерда ўтир", деди. Ва ҳузурига келган бошқа кишиларнинг арзлари ва даъволарини тинглай бошлади. Гоҳ-гоҳида кўз қири билан унга қараб-қараб қўйди. Тонгувчи хотиржам, хаёлчан ўтирган пайтда қози тўсатдан: "Дўстинг сенга омонат берган ўша дарахт ёнига етиб бордимикин? Нима деб ўйлайсан?", деб сўради. У киши ҳеч ўйламай, бехосдан: "Йўқ, ҳали етиб бормагандир, чунки у жой анча узоқ", деб юборди.

Шунда Илёс ибн Муовия: "Эй, Аллоҳнинг душмани, молни олганингни инкор қиласан-у, уни қаерда олганингни билар экансан-да?! Аллоҳга қасамки, сен хоинсан", деди.

Ҳалиги киши қозининг бу тадбиридан лол қолиб, хиёнат қилганига иқрор бўлди ва омонатни эгасига қайтаришни бўйнига олди.

Имом Fаззолийнинг "Мукошафат-ул қулуб" яъни, "Қалблар кашфиёти" асарида омонат ва хиёнат ҳақида шундай ёзади: "Омонат сўзи имон сўзидан ясалгандир. Аллоҳнинг амрларидан ташкил топган омонатни кимда-ким яхши муҳофаза қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг имонини яхши муҳофаза қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Омонатни яхши сақламаганнинг имони йўқдир. Аҳдида турмаганнинг дини йўқдир".

Луқмони Ҳакимдан сўрабдилар: "Биз сизда кўриб турган нарсага қандай эришдингиз?". Дебдурлар: "Гапнинг тўғрилиги, кераксиз сўзларни тарк қилишлик ва омонатга хиёнат қилмаслик билан".

Абу Лайс Самарқандийнинг "Танбеҳул-ғофилийн" асарида шундай зикр қилинади: "Тобеъинлардан битталари бир кишининг юзига у кишини мақтабдилар. Ҳалиги киши: "Эй, Аллоҳнинг бандаси! Нима учун мени мақтадинг? Fазабим келганда мени синаб кўриб, юмшоқлигимни топдингми?", деди. Жавоб қилди: "Йўқ". Яна сўради: "Сафар қилганингда мени синаб кўриб, яхши хулқлик ҳолатда топдингми?". Жавоб қилди: "Йўқ". Сўради: "Омонат берганда мени синаб кўриб, омонатга содиқ топдингми?" Жавоб қилди: "Йўқ!".

Кейин: "Сенинг ҳолингга вой бўлсин. Биров бировни мана уч ҳислат билан синаб кўрмагунча, мақтамасин", деди".

Ривоят қилибдурларки, Ҳазрати Иброҳим Адҳам Уммонга бораётганларида бир ҳайвонни ижарага олдилар. Кетаётиб, қамчилари тушиб қолди. Шунда у зот уловдан тушдилар, уни боғладилар. Кейин ортга пиёда қайтиб, қамчини олиб келдилар. У кишига: "Уловингизнинг бошини буриб, қамчини олсангиз бўлмасмиди?", дейишди.

Шунда Иброҳим Адҳам дедилар: "У бировнинг омонати. Мен уни фақат бориш учун ижарага олганман, қайтиш учун олганим йўқ".

Омонатни адо этишлик, уни кўз қорачиғидек асраш мўмин-мусулмон одамнинг зиммасидаги мажбуриятдир. Бу мажбуриятни сидқидилдан адо этиш барчаларимизга насиб айласин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи тайёрлади.

 

 

ЯХШИ ДАМ САЛОМАТЛИКНИ ТИКЛАЙДИ

(27-сон) Бугуннинг гапи

Сўлим ёз фаслида дам олиш масканларига бориб, йил бўйи йиғилган чарчоқларни чиқариш, ёз ҳавосидан баҳра олиш инсон саломатлигининг мустаҳкам бўлишида жуда муҳимдир. Шу ўринда айтиш жоизки, кўпчилик юртдошларимиз рўзғор ташвишларидан ортиниб, дам олиш масаласига у қадар эътибор қаратмайдилар. Бу уларнинг саломатлигига, меҳнат унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади. 

"Узатиладиган қизим, уйлантирадиган ўғлимнинг тўйига йиғиняпман, менга дам олишни ким қўибди?", "Бу йил болам ўқишга топширади, топган -тутганимизни репетиторга беряпмиз, дам олишга йўл бўлсин...", "Иморат бошлаб қўйганимизга икки йил бўляпти, битгани йўқ, дам олишга сарфланадиган харажатни уйга харж қилсак, шу йили кўчиб ўтармидик..." каби ҳаёт ташвишларидан ошиниб, йилда ҳеч бўлмаса бир мартагина соғлиғимизни тиклаш, ҳордиқ чиқариш учун вақт ва маблағ топишга жазм қилмаймиз. Тўғри, бу масалалар ҳаётимизнинг муҳим томонлари ҳисобланади. Бироқ, яна бир ҳақиқат бор, яъни яхши яшаш, меҳнат қилиш, орзуларга эришиш учун инсон вақтида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиши керак. Ахир саломатлигимиз яхши бўлмаса буларнинг бирортаси ҳам татимайди. Катта ишларни амалга ошириш учун куч-қувват ва яхши кайфият энг асосий омиллардан бўлса, тинимсиз ишлаган, дам олишни унутган инсонда бу хусусиятлар қаердан бўлсин? Хўш, биз қачон дам оламиз? 

Аксарият юртдошларимиз дам олишни бекорчилик ёки кексаликда бажариладиган иш деб ҳисоблайдилар. Ҳатто таниш-билиш, қариндош-уруғларимиз орасида ўзини қадрлайдиган, вақтида дам олишни унутмайдиганлари бўлса, уларга энса қотириб: "Қачон қарама, соя -салқинда дам олиб, ўйин-кулгу қилишдан бўшамайди!" деймиз. Ваҳоланки, ўрни келса автомашинамизни, маиший анжомларимизни таъмирлатиб, "даволаймиз". Ўзимиз топган, етишиш қийин бўлмаган матоҳларни қадрлаймизу, бир кетса қайтиб келмайдиган соғлигимиз ва қувватимизнинг қадрига етмаймиз.    Сарфланган пулимизнинг ўрнини тўлдиришга уринамизу, куч-қувватимиз ва  соғлиғимизни тиклашни эса ортиқча харажат ҳисоблаймиз.

Барча муаммо ва ташвишларни бир четга суриб, дам олиб, мароқли ҳордиқ чиқариш асабларни тинчлантириб, кайфиятни кўтаради. Яхши дам олган кишининг саломатлиги яхши бўлиш билан бирга, иш унуми ҳам юқори бўлади. Шу боис ҳам қонунчилигимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 38-моддасида "Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар" деб дам олиш масаласи белгилаб қўйилган. Қолаверса, меҳнат қонунчилигида ҳам дам олиш масаласи қатъий кўрсатиб ўтилади.

Ишга жойлашилаётганда тузиладиган меҳнат шартномасида белгиланган иш вақти муддати, дам олиш ва байрам кунлари ҳақ тўланадиган меҳнат таътили кафолатланади. Меҳнат Кодексининг 133-моддасига биноан, барча ходимлар, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётганларга ҳам меҳнат таътили берилади. Таътилдан мақсад дам олиш ва иш қобилиятини тиклашдир. Меҳнат таътилида бўлган вақтда ходимни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас. Таътил - биринчи иш йили учун 6 ой ишлагандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошлаган кундан эътиборан белгиланади.

Ҳар биримиз яхши билиб олишимиз керакки, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг "Ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар тўғрисида"ги 52-Конвенциясига кўра, "Ҳақ тўланадиган йиллик таътилга бўлган ҳуқуқни истисно этувчи ёки бундай таътил олиш ҳуқуқини бермайдиган ҳар қандай келишув ҳақиқий эмас". Таътил ҳар йили, иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади. Шунингдек, ходим истаган ва ўзи учун қулай вақтни танлаб, дам олиш имкониятига эга.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган ҳар бир ходим таътилга чиқиб, сиҳатгоҳларга бориб, дам олиб келиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ходим ўзи ишлаётган корхонанинг касаба уюшма ташкилотига ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Сихатгохга бориш учун яшаш жойидаги поликлиникада санаторий-курорт картасини тўлдириш керак. Йўлланма муддати 14 кун. Йўлланма нархига уч маҳал овқатланиш ва даволаниш киради.

Ишловчилар йўлланманинг 45 фоизини ўз ҳисобидан тўлайди, тўловнинг қолган қисми эса қонун доирасида белгиланган имтиёзлар асосида қопланади.

Гўзал диёримизнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос афзалликларга эга дам олиш ва даволаниш мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Йил бўйи меҳнат қилдингиз, ишладингиз, толдингиз. Йилда 14 кун ўзингиз учун ажратиб, ҳаёт ташвишлари, турмуш машаққатлари, меҳнат заҳматларидан чекиниб дам олинг. Саломатлигингизни тикланг. Соғлом бўлиб юртимизнинг яна-да гуллаб яшнаши учун ҳисса қўшинг.

  Севара ҲОШИМОВА,

Давлат муассасалари ва хизмати ходимлари касаба

 

уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси.

ИЛМ – ИНСОННИНГ ҚАЙРИЛМАС ҚАНОТИ

(27-сон) ёшлар фикри

"Китоб ўқиш менга вақтни ўлдириш воситаси эди. Охири бориб вақтни тирилтира бошлади", деган эди бир ижодкор ўз асарида. Дарҳақиқат, биз кўп китоб  ўқиш орқали ўз билимларимизни ошириб борамиз ва ҳаётни тушунишга ҳаракат қиламиз. Инсон билим олмоғи, илм эгалламоғи керак. Ҳадисларда ҳам "Бешикдан то қабргача илм изла" дейилган.

Қачон инсон етук бўлади? Қачонки, илмли бўлса. Илмнинг фойдаси ва у киши ҳаётида нечоғли муҳим эканлиги ҳақида мумтоз адабиётимиз намоёндалари асарларида ҳам кўплаб фикрлар баён этилган. Буни биз Аҳмад Югнакийнинг "Ҳибат ул-ҳақойиқ" асари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Билимнинг фойдаси, жаҳолатнинг зарари ҳақидаги ўзаро муқоясали тасвир асарнинг асосий қисмини ташкил этади. Шоир илм-маърифат орқали кишига саодат йўли очилишини таъкидлагани ҳолда, илмли, маърифатли бўлиш юксак инсоний фазилатлардан эканлигини ўзига хос тимсол, ташбеҳлардан фойдаланган ҳолда янада бадиийлаштиради. Асарда шоирнинг илм олиш инсон ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этиши тўғрисидаги қуйидаги образли фикрларини алоҳида эътироф этиш жоиз:

 

Қўнгакка  йиликтан эранга билик,

Еран кўрки ақл, сўнгакнинг - йилик.

Биликсиз - йиликсиз сўнгактан қоли,

Йиликсиз сўнгакка  сунулмас алик. 

 

"Сўнгак" (суяк)да илик бўлиши лозимлиги "эран", яъни эр кишига илм кераклигига  қиёс қилинади. Кишининг кўрки ақл бўлса, сўнгакники иликдир. Шоир илмсиз кишини иликсиз сўнгак каби бўш бўлади, деб билади. Шу боис, иликсиз сўнгакка қўл узатилмайди, деган фикрни баён этади. Аҳмад Югнакий  ғоятда чуқур мулоҳазалар асосида ўқувчига ўзининг ҳаётий тажрибаси замирида туғилган теран фикрларини етказаркан, уларни жамиятдан йироқ бўлмасликка даъват этади. 

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда, ёшларни китоб ўқиши, илм олиши, ҳунар эгаллаши лозимлиги кенг тарғиб этилмоқда, бунинг учун ёшларга кенг имконият, қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Умуман, ёшларнинг илмли бўлиши масаласига бундан Х аср илгари ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида қаралганлигини шоир ижоди орқали билиб олишимиз мумкин.

 Илмли одам албатта, ақл соҳиби бўлади. Ишларини ўйлаб, ақл билан бажаради. Идрок ва онг ёшда эмас, бошда бўлади! Ёш - яшаган кунларимизнинг саноғи, холос. Ақл эса тушунчаларимиз ва ҳаётий  мулоҳазаларимизнинг маҳсулидир. Илм бойу камбағалликда, ҳар қандай шароитда ҳам инсонни билан бирга бўладиган, уни ташлаб кетмайдиган дўсти, ҳамроҳидир. Ҳадиси шарифда ҳам илмга юксак баҳо берилади. Ҳатто, бир соатлик олинган илм, бир кунлик тоат-ибодатга тенглаштирилади.

Келажак биз ёшлар қўлида. Шундай экан, бизни, баркамол авлод, етук шахс бўлиб тарбияланишимизда илмли, билимли бўлиш муҳим эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Бу йўлда асло толмаслигимиз, юртнинг билимдон, фидойи инсонлари қаторида унинг ривожига муносиб ҳисса қўшишни олдимизга бош мақсад қилиб қўйишимиз керак.

 Мафтуна МИРАБДУЛЛАЕВА,

АДУ талабаси.

"БИЗ ЁШЛАР - ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ, СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ"

(27-сон) 26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни

Маълумки, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 1987 йилда 26 июнь - Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг барча мамлакатларида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.

Вилоятимизда ҳам ушбу кун муносабати билан мана шундай тадбирлар ташкил этилди.

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эьтиборини қаратиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг   гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билимларини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ана шу тадбирлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам берди.

 Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги "Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги" доирасида маҳаллаларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган "Биз ёшлар - гиёҳвандликка қаршимиз,      соғлом турмуш тарафдоримиз" мавзусидаги тадбирлар ҳам қизиқарли ва ранг-баранглиги билан иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Тадбирда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчилар гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатларини акс эттирувчи расмлари, ижодий ишлари ва қўл меҳнати намуналари кўргазмалари, шунингдек, иқтидорли ёш спортчилар спортда эришаётган ютуқлари намойиши билан фаол қатнашдилар. Ёшлар бадиий жамоалари томонидан гиёҳвандлик иллатнинг жирканч қиёфасини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбирда тиббиёт ходимлари иштирок этиб, гиёҳванд-лик оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар. 

- Бугунги тадбирлар давомида гиёҳвандлик ва унинг оқибатлари ҳақидаги 3 мингга яқин буклет ва эслатмалар тарқатилди, - дейди Саломатлик ва тиббий статистика   институти Андижон вилоят филиали оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими мудири Набижон Назаров. - Тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида йўл бўйларига баннерлар ўрнатилди. Ижтимоий кўрсатув, ролик ҳамда фильмлар маҳаллий телеканаллар орқали бериб борилмоқда. Қолаверса, фуқаролар билан учрашувлар, суҳбатлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчалари янада бойитилмоқда. 

Тадбир якунида бадиий жамоалар, хушовоз хонандаларнинг ёшлик, она Ватан, мустақиллик, муҳаббатни, соғлом турмуш тарзини  мадҳ этувчи рақс, куй ва кўшиқлари иштирокчиларга хуш кайфият улашди. 

Мазкур тадбир ёшларни фидойи, фаол ва огоҳ бўлишга, гиёҳвандлик, шу билан бирга, диний экстремизм, одам савдоси сингари ёт иллатларга қарши муросасиз курашишга ундади.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети   Журналистика факультети талабаси.

МАҲАЛЛА МУВАФФАҚИЯТИ АҲИЛЛИКДА

(27-сон) Маслаҳатчилар ҳаётидан

Гулхумор Ўрмонова бир ишга киришса астойдил ҳаракат қиладиган, ўша ишни битирмагунча тинчимайдиган аёллардан. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлагач, Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик факультетига сиртдан ўқишга кирди ва шу йили Хўжаобод тумани марказий кутубхонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Кутубхона мудири, хизмат кўрсатиш бўлими мудири вазифаларида ишлаган Гулхумор 2008 йилда тумандаги ўзи истиқомат қиладиган "Сарқамиш" маҳалла фуқаролар йиғинига диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи этиб сайланди. Қарийиб ўн йилдан буён маслаҳатчи вазифасида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўзининг тиришқоқлиги, ташаббускорлиги билан маҳалла аҳли орасида обрў-эътибор топа олди.

Маҳаллада истиқомат қилаётган 2742 нафар аҳолининг 1456 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шу боис ҳам, Г. Ўрмонова фаолияти давомида аёллар, айниқса, ёшлар билан иш олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик билан ҳамкорликда уларга имкон қадар кўмак беришга, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади.

Жонкуяр маслаҳатчининг ташаббуси билан маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларини миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, умуман, маҳалладаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, маҳалладаги кўплаб хотин-қизлар тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар. Шахнозахон Раҳмонова трикотаж, Нодирахон Мамасолиева савдо дўкони ва чеварлик цехлари, Донохон Усмонохунова ҳамда Гулнорахон Алимжонова сингари тадбиркор аёллар эса хонадонларида иссиқхона ташкил этиб, томорқаларидан унумли фойдаланмоқдалар, чорвачиликни ҳам ривожлантириб, оилаларининг моддий фаровонлигини таъминламоқдалар. Энг муҳими, маҳалладаги кўплаб қиз-аёлларни иш билан таъминланишига ўзларининг муносиб улушларини қўшмоқдалар.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли диний оқимлар, ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида "Таълим муассасаси, маҳалла, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Ҳудуддаги 11-умумтаълим мактаби ва оилавий поликлиника ўқитувчи ва шифокорлари билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

- Маҳалла фаоллари билан олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда,- дейди Гулхумор Ўрмонова. - Фаолларимиздан Хуморхон Fозиева, Раҳимахон Каримова, Муҳаббатхон Йўлдошева, Мамлакатхон Мусоқова, маҳалла отинойиси Ҳайринсахон Исроилова билан биргаликда олиб борилаётган ишларимиз куйди-чиқдилар, ажралишлар, оилавий муросасизликларнинг олдини олмоқда. Улар билан  тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча ҳашамларсиз, камчиқим ўтказиш борасида ҳам тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқдамиз.

Маҳаллада ўтказилаётган "Оила - жамият таянчи", "Қайнонам - онам менинг", "Келин одоби билан гўзал" сингари тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларида эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, бундай никоҳларнинг зарарлари оқибатлари ҳақида ёшларга тушунчалар берилмоқда.

"Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотлари иштирокчилари бўлган қизларнинг бугунги муваффақиятлари ҳам қувонарли. Маҳсумахон Абдурасулова дутор, Гулзиё Маннопова фортепиано, Дилафрўз Аҳмедова тўқимачилик, Эргашхон Абдураимова бадиий ижод йўналишларида турли танловларда фаол иштирок этиб, маҳалланинг нуфузини ошириб келмоқда. 

Гулхумор барча ишларда Мунаввархон Умаралиева, Махфиратхон Тўрабоева, Зуҳрахон Примова, Муқаддасхон Тошпўлатова, Муҳаббатхон Жўраева сингари фаол аёлларга суянади. Маҳалладаги иттифоқлик, аҳиллик муваффақиятларнинг калитидир. Жорий йилда ўтказилган "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" республика кўрик-танловининг туман ҳамда вилоят босқичида Гулхумор Ўрмонованинг биринчи ўринни қўлга киритиши ҳам ана шу бардамликнинг намунасидир.

Ўз оиласидан бахт топган аёлгина жамият ишида ҳам фаол қатнашади. Шу маънода Гулхумор ҳам ибратли оила бекасидир. У ҳамиша турмуш ўртоғи Мўминжон Аҳмедовнинг маслаҳати ва кўмагига суянади. Улар кўп йиллардан буён аҳил-иноқликда яшаб, фарзандларини камолга етказмоқдалар. Ўғиллари Аббосбек айни кунларда олий ўқув даргоҳига тайёргарлик кўрмоқда, қизи Гул-ҳаё эса умумтаълим мактабини тамомлаб, касб-ҳунар коллежида онасининг касбини давом эттириб, кутубхоначи бўлмоқчи.

Мана шундай фидоий, юрт равнақи, ёшлар келажаги учун меҳнат қиладиган ҳамюртларимиз бор экан маҳаллаларимиз янада обод, хонадонларимиз тинч, фарзандларимиз комил инсонлар бўлиб камол топишига асло шубҳа йўқ.

 

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

(27-сон)

Вилоятимизда 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди.

Байрам олдидан вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан "Уч авлод учрашуви", "Тўртинчи ҳокимият: кеча ва бугун"  мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, спортнинг теннис, стол тенниси, шахмат ва футбол турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. 

Байрам муносабати билан вилоят ҳокимлигида соҳанинг илғор вакиллари, фахрийлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда кейинги йилларда мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда матбуотни ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев барчани касб байрами билан табриклаб, вилоятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш, халқимиз маънавиятини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оммавий ахборот воситаларининг роли ва масъулияти янада ортганлигини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг намунали ва самарали фаолият кўрсатаётган соҳанинг бир гуруҳ вакиллари, фахрийлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирда "kun.uz" интернет тармоғи вилоят мухбири, "Олтин қалам" халқаро мукофоти соҳиби Э. Эрматов, "Халқ сўзи" газетасининг вилоят мухбири С. Ҳусанов, Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов сўз олиб, матбуот соҳаси, журналистлар олдидаги муҳим вазифалар, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича фикрларини билдириб, вилоят ҳокимлиги томонидан журналистларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар.

Байрам тадбири Андижон шаҳридаги "Гумбаз-2" ресторанида бир пиёла чой устида давом этди. Унда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган "Ўткир қалам соҳиби" танлови, шунингдек, спорт мусобақалари ғолиблари муносиб тақдирландилар.

 "Ўткир қалам соҳиби" танловида иштирок этган газетамиз ижодий жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритиб, II даражали диплом билан тақдирланди.

Тадбир давомида вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар барчага байрамона, хуш кайфият улашди.

 

 

Суратда: мукофотланган бир гуруҳ ижодкорлар.