+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ШОИРА БИЛАН УЧРАШУВ

(30-cон)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошида фаолият юритаётган "Бобур издошлари" тўгарагида таниқли  шоира Назира Ассалом билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда тўгарак раҳбари Хуршидабону Қўчқорова сўз олиб, иштирокчиларга шоиранинг ижоди ҳақида кенг маълумотлар берди. Шундан сўнг шоира Назира Ассалом бугунги кун адабиёти, шеърияти, ижод машаққатлари ҳақида ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди, ижод борасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шоира ҳамда  тўгарак аъзолари ўзларининг ижод намуналаридан ўқидилар.  Тадбир якунида ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчилари Зулхумор Орифжонова, Моҳидил Абдуллаева иштирокчиларга семинар таассуротларини гапириб бердилар.

 

 

Наима ТУРДИЕВА

"АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА" ТАНЛОВИ

(30-cон)

Жалақудуқ туманида "Адолатли қайнона" танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

"Адолат" СДП туман кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда партия аъзоси бўлган 5 нафар қайнона ўз келинлари билан ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, фаол, ташаббускор, жамиятда ва оилада намуна кўрсата оладиган, оила қадриятларини улуғлаётган ибратли қайнона ва келинларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, бу борадаги илғор тажрибаларни тарғиб этиш ва оммалаштириш мақсадида ўтказилган танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўз имкониятларини намойиш этдилар.

Қизиқарли ўтган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, Муҳаббатхон Ортиқова  "Адолатли  қайнона" танлови ғолиби деб топилиб, унинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, танловда Нодирахон Ортиқова "Энг намунали қайнона", Фотимахон Бекназарова  "Энг яхши қайнона",  Саидахон Акбарова "Энг фаол қайнона", Йўлдошхон Орипова "Энг оқила қайнона" номинациялари бўйича ғолиб бўлдилар.

Fолиб ва совриндорларни "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари М. Мусаева, туман кенгаши раиси Р. Жўраева табриклаб, фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалар билан тақдирладилар.

Дилдора ХУШБАҚОВА,

жамоатчи мухбир.

ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ БАЙРАМИ

Андижон шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида аёллар спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт     бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрами олдидан анъанавий      тарзда ўтказиб келинаётган мазкур спорт фестивалида унинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалардан ташкил топган 16 туман ва шаҳар жамоаси иштирок этди. 

Фестиваль очилишида сўз олганлар мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг соғлом бўлишлари, хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, мазкур фестивалнинг аёлларни спортга жалб этишдаги ўрни ва роли хусусида гапирдилар. Хусусан, аёллар спорт фестивалининг маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилган, шунингдек, туман ва шаҳар   босқичларида 90 минг нафарга яқин аёллар иштирок этганлиги таъкидланди.

- Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 1100 нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 мингдан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар  оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Байрамона ва кўтаринки руҳда ўтган фестивалда хотин-қизлар спортининг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро  баҳслашди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Марҳамат тумани вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Избоскан тумани жамоасига иккинчи, Олтинкўл тумани жамоасига учинчи ўрин  насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар  фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ.

САБР КЎНГИЛСИЗЛИКНИ АРИТАДИ

(29-сон) ҚАТРА

 

-...Ҳар куни ичиб келади. Кеча ҳам ичиб келиб, урди. Мени урган қўллари синсин, илойим.

Шоҳида опа кўчада туриб олиб, дардини ўтган-кетганга дастурхон қилади. Эридан нолиши, қарғаши - унинг кундалик одати.

Аслида опанинг тили ёмон, эри ишдан чарчаб келса ҳам яхши гапириш ўрнига, нуқул қарғайди, ҳатто болаларини ҳам аямай уришади.

Ёши каттароқ аёллар Шоҳида опага сабрли бўлиш кераклигини уқтиради. Бу гал ҳам қўшнилардан бири уни овутди:

- Шоҳидахон, сал пастроқ келинг, эрингиз бақирса ҳам хўп-хўп, деб туринг. Шунда эрингиз инсофга келади. Болаларингиздан, эрингиздан ширин сўзингизни аяманг! Қарғасангиз, эрингизнинг баттар жаҳли чиқади. Сабрли бўлинг, ҳаммаси яхши бўлади.

- Вой, опа, ҳамма айб ўзида, нуқул мени уришади, эмишки, ишдан келса, мен яхши кутиб олишни билмасмишман. Ўзи-ку, эшикдан келиши билан бақиради. Шундан кейин мен ҳам жаврайман-да.

Тўхтамай дийдиё қилаётган Шоҳида опа беихтиёр суҳбатдоши - Гулнора опанинг кўзлари кўкарганига эътибор қилади. - Вой, опа, кўзингизга нима қилди?

Гулнора опа бизнинг ён қўшнимиз. Кеча турмуш ўртоғи қаттиқроқ гапираётганини эшитган эдим. Демак... тушунарли. Биламан, эрининг жаҳли тез. Лекин опа унга жуда меҳрибон. Ҳар гал эрининг жаҳли чиқса ҳам, кулиб, яхши гапириб, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилади. Опа кўзларини оҳиста яшириб, кулиб жавоб берди.

-      Ҳа, кеча эшикка уриб олдим.

Гулнора опа эрини ҳеч қачон ёмонламаган, бирор марта ҳам эридан нолиганини, қарғанганини эшитмаганман. Бу аёлнинг оқилалигига, сабрига қойил қолиш керак.

 

 

Шаҳло АБДУҚАЮМОВА

ОДАМ САВДОСИ ҚУРБОНИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАНГ!

(29-сон)Огоҳлик

Кейинги йилларда одам савдоси масаласи глобал муаммолардан бири сифатида бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Жумладан, айрим юртдошларимиз ҳам ўзларининг хавойи орзуларини амалга ошириш илинжида ёки  кимларнингдир сохта ваъдаларига ишониб,  турли хорижий давлатларга чиқиб кетаётганликлари натижасида одам савдоси  қурбонига айланиб қолмоқдалар.

Эркаклар қурилиш ва бошқа ўта оғир ишларга, аёллар эса фаррош, тикувчи, энага, идиш ювувчи сингари турли ишлар бажаришга жалб этилмоқда. Айниқса, қиз-аёлларнинг шахсига тегишли ҳужжатлари олиб қўйилиб, улар  мажбуран шахвоний хизматлар кўрсатишдек жирканч ишларга ҳам тортилаётганлиги ўта аянчлидир.

Ана шундай ҳолатларга тушиб қолмаслик учун турли мақсадларда хориж сафарига отланган фуқароларимизга қуйидаги тавсияларимизни эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз:

-      ўзга юртга борганингизда паспортингизни ҳеч қачон, ҳеч кимга берманг, у доимо ёнингизда юрсин;

-      сизни хорижда ишлаш ёки ўқиш учун таклиф қилишаётган бўлса, у шахс ёки субъектнинг аниқ манзили ва у ҳақдаги маълумотлар билан яқиндан танишиб олинг.

-      сизга тақдим этилган шартнома тушунарли бўлишига эътибор қаратинг;

-      агар хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолсангиз, Ўзбекистоннинг ана шу юртдаги элчихона ва ваколатхоналарига мурожаат қилишни унутманг, уларнинг манзил ва телефонларини доимо ёдингизда тутинг.

Аввало, фуқароларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан  унумли фойдаланиб, юртимизда меҳнат қилишга, ўқишга интилинг. Мободо хорижга боришни ихтиёр этсангиз, одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслик чораларини кўринг. Ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлинг!

Илёсбек АРЗИЕВ,

Андижон вилояти ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими ВЕЎН ва ХПГ катта инспектори, капитан.

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЭНАГА ЁЛЛАМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ,

(29-сон) Ота-оналарга тавсия

унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратишингиз керак?

Оилавий ҳаётнинг энг олий мазмун ва мақсади - фарзанд тарбиясидир. Тарбия орқали бола келажакда    мустақил яшашга ўрганади. Лекин баъзи ота-оналар фарзандларига тарбия бериш эмас, балки иқтисодий жиҳатдан бекаму кўст таъминлаб қўйишни биринчи ўринга қўйишмоқда. Болани дунёга келтириш, у ҳақда қайғуриш, эркалаш, парвариш қилиш билан бир қаторда, тўғри тарбиялаш, ўқитиш, комил инсон бўлиб етишишига ҳаракат қилиш ота-она зиммасидаги бурч ва масъулиятдир.

Айрим ёш ота-оналар ўз имкониятларидан унумли фойдаланишни, ҳаётда нимагадир эришиш учун ҳаракат қилишни истайдилар. Фарзанд туғилиб, орадан унча кўп вақт ўтмасдан она ишга қайтиб, пул топишни ўйлаб қолади. Бу ҳолатда чақалоққа энага ёллаш ота-она учун муносиб чора бўлиб туюлади. Аслида ҳам бола тарбиясини энагага ишониш тўғрими? Энага чақалоқни ўз онасидай парвариш қила оладими? Бугун ота-оналар энагага қандай талаблар қўймоқда? Қуйида ана шулар хусусида фикр-мулоҳаза юритамиз.

Шу ўринда қуйидаги мулоҳазаларни келтирб ўтишни жоиз топдик: "Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади" 

("Ҳикматлар гулдастаси" китобидан).

 Мутахассис нима дейди? 

Махфузахон Алимова, психолог: - Мутахассислар эмизикли болани энага тарбиясига беришни тавсия қилмайдилар. Уларнинг фикрича, бола 1,5- 2 ёшга киргунича ота-онаси ва яқинлари билан бўлгани маъқул. Агар бир ёшгача бўлган болага энага ёллаш зарурати туғилиб қолса, у ҳолда энага албатта, тиббий маълумотга эга шахс бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, унинг бу ишдаги малакасига ҳам эътибор қаратиш лозим. Чунки ана шу даврда боланинг иммун системаси энди  ривожланаётган бўлади. Гўдакнинг ҳар томонлама соғлом ўсиши ва парваришида энаганинг тиббий билимлари асқотади. Шунингдек, энага маълум даражада психологик билимга ҳам эга бўлиши керак, чунки уч ёшгача бўлган боланинг руҳияти ана шу даврда шакллана бошлайди. Энагаликка муайян ҳаёт тажрибасига эга 35-45 ёшдаги аёлларни танлаш мақсадга мувофиқ. Бу ёшдаги аёллар ўз фарзандларини катта қилишга улгурган ва ўз бошидан ўтказган тажрибасини сизнинг фарзандингиз парваришида ҳам қўллай олади. 

Энага танлашда унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш зарур? 

*Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакасига эга бўлишига;

*Агар бола бирор сабаб туфайли жароҳат олса, қандай тадбир қўллаш ёки ҳаракат қилишни билиши кераклигига;

*Агар бола овқатланишдан ёки ухлашдан бош тортса қандай йўл тутишни билишига;

*Бола парваришида қай даражада амалий тажрибага эга эканлигига.

Энага болани ақлий ривожлантириш, овқатлантириш, гигиеник парвариш қилиш малака ва хусусиятига эга бўлиши лозим.  Яхши энага фарзандингизнинг руҳиятини англай билади. Кўпчилик энагалар ўзлари билан турли хил қизиқарли, расмли     китоблар тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўйинчоқлар олиб келишади. Албатта, оилада боланинг ўз ўйинчоқлари бўлиши табиий, лекин тажрибали энагалар боланинг янгиликдан хурсанд бўлишини яхши биладилар.

3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга педагогик маълумотга эга бўлган энага танлаш лозим. 3 ёшдан бошлаб болалар ўзларини ўраб турган оламни англай, сўз ва ибораларни такрорлаб, катталарга тақлид қила бошлайди. Шу даврда энага бола билан кўпроқ вақт ўтказса, бола унга тақлид қилади. Айнан шу даврда болага уни қизиқтирган барча нарсаларни тушунтириб бера оладиган одам керак бўлади. Аммо бу жараён тўғри йўлга қўйилиши лозим. 6 ёшдан ошган болага эса педагогик билимга ва малакага эга бўлган мураббий ёллаш ўринлидир. Кўпчилик ота-оналар фарзандларидаги яширин қобилият ва истеъдодини юзага чиқаришда мураббийларга мурожаат қиладилар. Кўпинча хорижий тил ва болалар руҳиятини биладиган мураббийларга эҳтиёж катта бўлади. Бу ёшда болага ўзини қизиқтирган саволларга мантиқан тўғри жавоб бера оладиган мураббий керак. Янада муҳим томони болага ўша мураббий билан вақт ўтказиш қизиқарли бўлиши лозим. 

Хулоса

 Юқорида таъкидланганидек, аввало, ҳар бир фарзанд ота-онасининг ўзига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб ўсгани маъқул. Агар истисно ҳолатларда энага ёллашга мажбур бўлсангиз, юқоридаги тавсия ва маслаҳатлар сизга асқотади деган умиддамиз.

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.

ОНА БЎЛИШ - УЛУF БАХТ

(29-сон) Шифокор минбари

Аёл киши учун она бўлиш дунёдаги энг улуғ бахт ҳисобланади. Фарзандни дунёга келтиргунча ўтадиган тўққиз ой бўлажак она учун ўта масъулиятли, сабр-тоқат ва синов давридир. Жисмонан соғлом , ақли расо фарзандни дунёга келтиришда оналар нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари зарур. Бу ҳақда гинеколог шифокор Саидахон Мамажонованинг қуйидаги тавсия ва маслаҳатлари билан танишиш  бўлажак оналаримиз учун фойдадан холи бўлмайди.

Ҳомиладорлик остонасида турган аёл албатта, шифокор назоратида бўлиши, тиббий кўрикдан тез-тез ўтиб туриши шарт. Саломатлик билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, бехатар оналикка эришишда хомиладорлик даврида шифокор назоратида бўлиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Бўлажак она энг аввало қайси

шифокор кўригидан ўтиши керак?

Бўлажак она, энг аввало, терапевт шифокор кўригидан ўтиши зарур. Аёл ўзини соғлом ҳисоблаган ҳолда ҳам қон босимини ўлчатиши, умумий таҳлилларни топшириши лозим. Таҳлиллар камқонлик, буйрак, юқори қон босими каби яширин кечувчи касалликларни аниқлашга ёрдам беради. Бунда рентген текшируви ҳам муҳим саналади. Агар аёлда сурункали касалликлар аниқланса, комплекс даволаниши лозим.

Шуни ёдда тутиш керакки, ҳомиладорлик бирор касалликнинг зўрайиши билан бир пайтга тўғри келмаслиги керак. Агар аёл дори-дармон ичаётган бўлса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиши лозим. Шифокор дори миқдорини камайтириши, ҳомила учун зарарсиз дозасини белгилаб бериши ёки бошқа зарарсиз муқобил дорига алмаштириши мумкин

 

Ҳомиладор аёл,

гинеколог шифокор кўригидан тез-тез ўтиб туриши лозим 

Кўриклар жараёнида ҳомиладор аёл вужудида инфекция бор-йўқлиги аниқланади. Бундан ташқари, герпес, токсоплазмоз, қизамиқ, захм, гепатит каби хасталикларга қон топширилади. Чунки ушбу хасталиклар танада яширин кечиши, вақтида аниқланиб, даволанмаси хомилага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Стоматолог шифокор кўригидан ўтиш ҳам муҳим. Ҳомиладорликдан аввал тишларни даволаш зарур. Шунда она туғилажак фарзандида сурункали касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўлади.

Агар ҳомиладор аёл 35 ёшдан ошган ёки наслда бирор ирсий касаллик (тутқаноқ, қандли диабет, руҳий касалликлар, гемофилия, аллергия каби) ёхуд ота-онаси нурланган бўлса, у албатта, ирсиятшунос-шифокор кўригидан ҳам ўтиши зарур.

 

Зарур дармондорилар

Боланинг тўлақонли ривожланишида фолий кислотаси муҳим саналиб, у ҳомиланинг асаб тўқимаси   шаклланишида фаол иштирок этади. Фолий кислотасини ҳомиладорликдан уч ой аввал ва ҳомиладорликнинг биринчи 12 ҳафталигида қабул қилиш турли нуқсонлар ҳамда хасталиклар келиб чиқишининг олдини олади. Фолий кислота миқдори кунига - 400 микрограммни ташкил этиши зарур. Айнан шу миқдор ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган витамин жамланмасида (уларда калий, кальций, темир, руҳ, йод) ҳам бўлади.

Шунингдек, бу даврда турли хил мева-сабзавот, кўкатлар, гўшт маҳсулотлари (айниқса, мол, қўй тили, жигари, курка гўшти), сут-қатиқ, ҳафтасига 2-4 дона қайнатилган тухум, кунига бир пиёла творог ва 2-3 бўлак пишлоқ истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Таомларда нўхат, мош, ловия бўлиши она организмининг марганец моддасига бўлган эҳтиёжини қондиради. Бу эса, ўз навбатида туғилажак боланинг ақлий ҳамда жисмоний ривожланиши учун ўта муҳимдир.

 

Мухтасар айтганда, бўлажак оналаримиз шифокор назоратида бўлиб, уларнинг тавсия ва маслаҳатларига амал қилишлари бехатар оналикка эришишларига, соғлом фарзанд кўришларига  катта ёрдам беради.

Салима РУСТАМОВА ёзиб олди. 

БУЮКЛАР БЕШИГИСАН, ГЎЗАЛ АНДИЖОН

(29-сон) Ватан мадҳи

Телевизор орқали ҳар куни дунё янгиликларидан хабардор бўлиб тураман. Мана куни кеча Сербияда сув тошқини рўй берибди. Табиий офатдан давлат 1 миллиард евро миқдорида зарар кўрибди, 33 нафар киши ҳалок бўлибди.  Хитойда содир бўлган кучли зилзила натижасида минглаб инсонлар турар жойларидан айрилгани, Африканинг айрим давлатларида қурғоқчиликдан ҳайвонот, ўсимлик дунёси нобуд бўлаётганлиги, одамлар азият чекаётганлиги, яна дунёнинг қатор давлатларида ўрмон ёнғинлари содир бўлаётганлиги ҳақида хабарларни эшитиб, очиғи тинч, осуда ҳаёт ҳукм сураётган Ўзбекистонда яшаётганлигимга шукрона келтирдим.

 Ҳа, Ўзбекистонимиз Аллоҳнинг назари тушган жаннатмонанд юрт. Биз ўзига бек, ўзига султон халқмиз. Бу юртда меҳр-оқибат, тинчлик, эзгулик мужассам. Ҳар куни эрталаб қуёшнинг тафтида уйғонамиз. Яқинларимизни қайноқ дийдорига тўямиз. Она Ватан, ота-онамиз бағрида кунларимизни шодон ўтказамиз. Шундай юртда яшашнинг ўзи бахт. Юртимизда, айниқса, биз ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилганлигига дунё ёшлари ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан жорий йил 5 июлда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонда ёшларга, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга берилган кенг имкониятлар, шубҳасиз, юртимизнинг барча ёшларига куч ва шижоат бағишлайди. Шахсан мен ҳам фармон билан танишиб, ёшларга берилган имкониятлар, имтиёзлардан бошим кўкка етди. Ёшларни ўз фарзандидек кўриб, мана шундай ғамхўрлик кўрсатаётган юртбошимизга барча тенгдошларим номидан раҳматлар айтаман. Биз мана шундай эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, юртимиз равнақи, унинг тинчлиги, янада гуллаб-яшнаши учун хизмат қиладиган фидойи инсон бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Она Ўзбекистонимиз, гўзал Андижонимиз таърифини қуйидаги мисраларда баён этишга жазм этдим:

Томчилар юзидан нур олган ўзинг,

Гўзалдир баҳоринг, олтинранг кузинг,

Оқлаймиз бир куни берган нон-тузинг,

Буюклар бешиги  - гўзал Андижон.

 

Унгай ҳар гўшада гуллар, хуш гиёҳ,

Куртак ёзар, ҳатто суқилган таёқ,

Назардан қўймасин сени ҳеч Аллоҳ,

Буюклар бешиги - гўзал Андижон.

 

Ёвга бош эгмас ўғлонларинг бор,

Тўмарислар руҳи қизларингга ёр,

Кўксингда яшаймиз гулдек бахтиёр.

Буюклар бешиги - гўзал Андижон.

 

Асаканинг  темир тулпори учқур,

Боғишамол еллари жонларгга ҳузур,

Ҳасанбой ютуғи нур устига нур,

Буюклар бешиги - гўзал Андижон

 

Сен шундай гўзалсан, мисоли малак,

Сендан узоқлашсам оғрийди юрак,

Шунчалар суюксан, номинг муборак,

Буюклар бешиги  - гўзал Андижон. 

 Нодира АБДУВАҲОБОВА,

 

Балиқчи тумани.

ЁШЛАРГА ОҚ ЙЎЛ ТИЛАГАН ЗАМИН

(29-сон) Қалб туFёни

Озод ва обод юртимизда ёшларнинг билим олиши, ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ўтказилаётган кўплаб ижодий танлов ҳамда фестивалларнинг мақсади ҳам истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва юзага чиқаришдан иборат.

Бундан йигирма йил илгари ташкил этилган ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ёшларга қанот берган йирик тадбирлардан бири сифатида эътироф этилади. Ўз даврида семинарга Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Турсунбой Адашбоев, Ҳалима Худойбердиева сингари халқимизнинг забардаст ижодкорлари бош-қош бўлган, кўплаб етук ижодкорларнинг бўй кўрсатишига замин яратган.

Маълум вақт тўхтаб қолган мазкур ижодий тадбир муҳтарам юртбошимиз  Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта ташкил этилиб, иқтидорли ёш қаламкашларнинг ўз ижод намуналари билан устозлар назарига тушишига, янги-янги дўстлар орттириб, янада самарали ижод қилишларига йўл очиб берди. Бу эса мен каби кўплаб ёш ижодкорларни ижодий парвозларга чорлайди. Зомин семинари ижод борасида сабоқ, маҳорат ва юксалиш мактаби, ўзбек адабиётининг ўзига хос "устоз-шогирд" анъанаси давомийлигининг ёрқин бир намунасидир. Яқинда бўлиб ўтган семинар юртимиздаги кўплаб истеъдодларни кашф этди. Семинар доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқа кўплаб устозлар билан бўлган қизиқарли учрашувлар, мушоиралар, маҳорат дарслари ҳар бир қатнашчи учун унутилмас таассуротларга бой бўлганлигини алоҳида эътироф этиш керак.

Гўзал Зомин заминида менга она табиат шу қадар пок, шишадай тиниқ ва мусаффо, тонгнинг юраги бордай туйилди гўё. Бугун ушбу замин бағрини озод юртнинг бахти кулган биз ижодкор ёшларига очиб берди. Кўнгли соф, туйғулари беғубор ёшларга тўлди. Онамнинг ўсма сиққан кафтлари сингари яшиллик қоплаган тоғлар бизни бош эгиб, таъзим қилгандай кутиб олди. Ёш ижодкорларнинг кўксида кўз очган ижод булоғи "Ўриклисой" шарқироғига ҳамоҳанг тарзда қўшилиб жўшади.

 

Кипригимда тутиб олганча,

Ҳув қуёшнинг нур этагини.

Ўриклисой бўйлаб бораман,

Уч кун айтган чин эртагингни.

 

Йўл четида қўлларин силкиб,

Чўпон йигит оқ йўл тилайди.

Унга асли жилғанинг боши,

Юрагингда дегим келади.

 

Мен ҳам Зомин сенинг кафтингдан,

Ирмоқ бўлиб тошиб бораман.

Сен ҳақингда сўйламоқ учун,

Яна довон ошиб бораман.

 

Оқ қоғозда офтобранг сўзлар,

Ва туганмас бахтларнинг иси.

Куйлаб борар энди менинг ҳам,

Юрагимда Зомин жилғаси.

 

Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ижодкорлар қатори устозимиз Хуршидабону Қўчқорова бошчилигида биз андижонлик ижодкор қизлар ҳам семинарда фаол иштирок этдик. Семинарда Маҳбуба Жалолхонова - наср, Мақсуда Баҳромова - адабий танқид, Моҳидил Абдуллаева - болалар адабиёти, Хуршида Аъзамжонова - бадиий таржима ва мен бадиий пуплицистика йўналишларида ўз ижодимизни устозлар ҳукмига ҳавола этдик ва муносиб баҳо олдик.

Семинарда иштирок этган барча ёш ижодкорлар сертификат ҳамда Президентимизнинг махсус совғалари билан тақдирландилар.

Зоминнинг сурати эса яна оқ қоғоздаги сўзларда, қутлуғ келсин, дея илк қадамини бағрига босган қоракўзларда мангуга муҳрланди. Қушларнинг чуғурида ҳам бахтиёрлик, ўйноқи шабаданинг эпкинида ҳам қувончга тўлиб шеър ўқиётган қалбларни эркалайди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётига ярашиқли бу манзараларни тасвирлаш менга чексиз ғурур бағишлайди. Бу унутилмас ва бетакрор онларда қалбимдаги она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, шукроналик туйғуларини тасвирлашга ожизман. Бундай улуғ туйғуни фақат ҳис этиш, англаш мумкин холос. Мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан қалбим фахр-ифтихорга тўлади.

Қутлуғ ерлардан, гўзал ва сўлим Ўриклисой бўйларида таниқли устозларнинг излари қолган маскандан, тоғларинг кафтидан  бир пайтлар Жиззах чўлига тушган шоир Асқад Мухтор излаган юлдузни кўксига қадаб, бугун ижодкорлар учиб боради. Уларнинг эндиги мақсадлари, парвози Зомин ҳавоси каби тиниқ, тоғларидан-да юксак! Зоминнинг пурвиқор тоғлари, сенинг бор ғуруринг, салобатинг менинг ёш қалбимга жонажон Ўзбекистонимнинг қудрати бўлиб жо бўлди.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА,

ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси.

ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

(29-сон)

Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, истеъдод ва имкониятини тўлақонли намоён этиши, интеллектуал салоҳиятини юксалтириши, мавжуд муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастурида ҳамда Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган учрашувда вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи    бошланғич ташкилотлари етакчилари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда мазкур ҳужжат мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиши, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳар бир ёш интиладиган, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашадиган, муаммоларини ҳал этадиган, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айланадиган ташкилот бўлиши таъкидланди.

Вилоят аҳолисининг 57 фоизи ёшлардир. Уларнинг аксарияти жамиятимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этмоқда. Ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда салмоқли ютуқларга эришмоқда. Жумладан, кейинги 2 йилда 3 минг 500 дан ортиқ вилоят ёшлари мамлакат ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди, 2 нафари Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди. "Баркамол авлод - 2017" спорт ўйинларида вилоят жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Тадбирда Андижон шаҳрида умумий лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган замонавий "Ёшлар маркази" барпо этилаётгани, бу вилоят ёшларининг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришида янада кенг имконият яратиши қайд этилди.

Турли масалалар билан мурожаат қилган ёшларнинг муаммоларини мутасадди раҳбарлар шу жойнинг ўзида ҳал этди. Вилоят ҳокими ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, тадбиркорликка жалб этиш, мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар ва "оммавий маданият" таъсиридан асраш, ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фармонда белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз бажариш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, барча даражадаги раҳбарлар ва мутасаддилар масъулиятини янада кучайтириш юзасидан фикр билдирди.

- Бугунги тадбир барчамизда катта таассурот қолдирди, - дейди Марҳамат ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи ўқувчиси Гулшаной Мамадиёрова. - Президентимиз раҳнамолигида ёшлар учун барча шароит ва кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу бизни янада фаол бўлишга, фақат аъло баҳоларга ўқиш ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан биз Президентимиз ишончини оқлашга, халқимизга муносиб фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ