+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Конституция -бахтимиз қомуси

(49-сон)

Олтинкўл туманидаги 28- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан "Конституция - бахтимиз қомуси" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан мактаб-интернат директори Ферузахон Раҳмонова, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мақсудахон Юнусова, тарбиячи Марҳабохон Назаровалар Конституциянинг ҳаётимиздаги аҳамияти, унда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, демократик ҳамда ижтимоий адолат тамойиллари ҳақида тўхталдилар.

Тадбирда 6- "А" синф ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастурида Конституциямизга бағишланган шеър ва қўшиқлар ижро этилди, ўқувчилар  конституциянинг боб ва қисмлари хусусида маълумотлар беришди.

Мактаб-интернатда шунингдек, Конституция байрами олдидан турли  давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ҳам ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларимизнинг Конституция ҳақидаги билимларини юксалтириш ҳамда  Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинлик ва мажбуриятларнинг тарғиботи самарадорлигини оширишдан иборат.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ

Ҳаётимга маёқ ҳар битта сўзинг

Болам деб эркалаб, бағрингда асраб,

Бошимни силаган мисоли она.

Абад шундай қолсин, қўллаб тур, ё Раб,

Қомусим, ҳурликка ўзинг нишона.

 

Сен қалбимда унган гўзал бир дарахт,

Илдизинг юракка туташиб кетган.

Сенинг бунёдлигинг ўзи тенгсиз бахт,

Сенинг-ла ҳар инсон муродга етган.

 

Халқимнинг ҳуқуқу эркинликларин

Яратиб бергансан ўзинг, Қомусим,

Сенга атаб айтай шеърларим барин,

Сенга қилсам арзир минг бора таъзим.

 

Қайда бўлмай, ўзинг фарзандим дея,

Ҳимоя этасан доим шай туриб.

Оғир кунларимда силаб бошимни,

Қараб турмагансан юзингни буриб.

 

Болангни сарсонлик, қулликдан асраб,

Ватаним бағрига қайтарган ўзинг.

Сени куйламоқлик мен учун шараф,

Ҳаётимга маёқ ҳар битта сўзинг.

 

Ибодат ҲАЙИТБОЕВА

Йўқолиб бораётган халқлар, маданиятлар...

(48-сон)

Ўқинг, қизиқ!

Ер юзи аҳолиси тез кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони қарийб 7 миллиард кишидан ошиб кетди. Шундай бўлса-да, дунёда бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган миллат ва элатлар ҳам йўқ эмас. Мухтасар айтганда, улар глобаллашув жараёнининг қурбонига айланмоқда, уларнинг маданияти, турмуш тарзи ҳам йўқолиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, айни кунда ер юзида 370 миллион нафарга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизини ташкил этади. Сайёрамизда 6 мингга яқин халқ бўлиб, тадқиқотларга кўра, уларнинг сони йилдан йилга камайиб, тили, маданияти ҳам барҳам топмоқда. Жаҳон жамоатчилиги бундай ҳолатга оддий, табиий ҳодиса сифатида қарамоқда. Бироқ айрим мамлакатларда маданиятлар йўқолиб бориши фожеа сифатида қабул қилиниб, унинг олдини олиш бўйича муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Йўқолиб кетиш хавфи арафасида бўлган элатларнинг урф-одат ва анъаналарини асраб қолиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиб келинади. Масалан,   Бразилияда ана шундай миллат ва элатлар вакилларининг халқаро спорт мусобақалари ўтказилади. Мусобақаларда нафақат Бразилия, балки АҚШ, Канада, Мексика, Янги Зеландия, Россия, Мўғулистон, Парагвай, Гватемала сингари 20 дан ортиқ давлатлардан спортчилар иштирок этади. Улар мусобақаларда иштирок этиш билан бирга, ўз элатлари маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб этишга ҳаракат қиладилар.

Қуйида йўқолиб кетиш арафасида бўлган дунёдаги айрим халқ, миллат ва элатлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз:

Самбуру халқи Кения ҳудудларида истиқомат қилади. Аҳолиси сони 160 минг кишидан ошмайди.

Хули. Индонезия ва Папуа - Янги Гвинеяда яшайдиган миллат. Аҳолиси 150 мингга яқин кишидан иборат.

 Бушменлар. Ангола, Ботсвана, Замбия, Зимбабве, Намибия, Жанубий Африка Республикаси ҳудудларида истиқомат қилади. Уларнинг умумий сони 100 минг нафар кишидан иборат.

 Ладакхи. Ҳиндистон ҳудудларида истиқомат қиладиган бу халқ сони 57 минг кишидан иборат.

 Ваорани. Эквадор шарқида яшайдиган ушбу халқ вакиллари умумий сони 4 минг нафарга яқин.

 Кокопа. Атиги 300 кишидан иборат бу халқ Мексика ва АҚШнинг Аризона штатида яшайди.

 Цаатанлар. Жами 280 кишидан иборат бу халқ вакиллари Мўғулистон ҳудудида яшайди.

 Танзанияда яшовчи масаи  қабиласи вакиллари ҳам атиги бир неча юз кишини ташкил этади.

 Эфиопиядаги мурси қабиласи асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Айни пайтда Омо дарёси соҳилларида истиқомат қилувчи бу халқ вакиллари сайёҳлар билан суратга тушиш орқали ўз маданияти ва анъаналарини тарғиб этишга ҳаракат қилмоқда.

Непалда лоба деб аталувчи элат бор. 1991 йилга қадар улар яшайдиган Ло қироллиги ёки Юқори Мустанг ўлкасига сайёҳларнинг транспорт воситаларида бориши таъқиқланган. Эндиликда бу халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишмоқчи бўлганлар 2-3 кун юриб, Кали-Гандаки соҳилидаги лобалар яшайдиган қишлоққа фақат пиёда етиб олишлари лозим бўлади.

 

Муборак ТОИРОВА тайёрлади.

УЙДАН КУЛГУ ЭШИТИЛСА... БАХТЛИ ОИЛАВИЙ ҲАЁТДАН ДАРАК БЕРАДИ

(48-сон)

Инсон руҳияти

Оилавий ҳаётингиздан қониқасизми? Уйингиздаги муҳит, оиладаги ўрнингиз, оила даврасида кечган қувончли кунлар, бахтли онларнинг кўпроқ кимга боғлиқ эканини билишни истайсизми? Қуйидаги тест саволларига жавоб бериб кўринг, ҳаммаси ойдинлашади.

1.Агар сизда ҳаётингизни қайтадан бошлаш имконияти туғилиб қолса, умр йўлдошликка яна турмуш ўртоғингизни танлаган бўлармидингиз?

а) Асло!

б) Бу ҳақда жиддий ўйлашим керак.

в) Албатта!

 

2. Сиз янги танишлар орттиришга қизиқасизми ёки сиз учун эски дўстлар давраси афзалроқми?

а) Эски дўстлар давраси маъ-қул.

б) Янги таниш орттиришга нима етсин?!

в) Иккаласигаям хоҳишим бор.

 

3.Оилангизда уй ишлари билан ким кўпроқ банд бўлади?

а) Турмуш ўртоғим.

б) Албатта, мен.

в) Бунинг у қадар аҳамияти йўқ.

 

4. Оилавий ҳаётда пулнинг аҳамияти муҳимми?

а) Бу жуда муҳим, афсуски, доим ҳам етишавермайди.

б) Унинг етишмаслиги оилавий тотувликка путур етказади.

в) Пул муҳим эмас, лекин пулсиз кўп ишни битириб бўлмайди.

 

5.Турмуш ўртоғингиз сизни    қадрлайдими?

а) Йўқ.

б) Кўпроқ эътибор билан қараса яхши бўларди.

в) Ўзим уни қадрлай олмаяпман.

 

6. Турмуш ўртоғингиз ташқи кўринишингизга эътибор берадими?

а) Доим мендан бирор камчилик топади.

б) Нима кийиб, қандоқ юришим унга барибир.

в) Ҳар доим назорат қилиб туради.

 

7. Оилада хўжалик ишларининг ташкил этилишидан қониқасизми?

а) Ёмон эмас.

а) Ҳа, қониқаман.

в) Қониқмайман.

 

8. Турмуш ўртоғингизнинг ота-онаси билан муносабатингиз қандай?

а) Уларни кўргим келавермайди.

б) Ҳурматини жойига қўяман.

в) Тез-тез кўргим келади.

 

9.Дам олиш кунлари, байрам ва таътилларни оилангиз билан бирга ўтказасизми?

а) Шундай бўлишини хоҳлайман.

б) Мен учун у қадар аҳамиятли эмас.

в) Йўқ, бу мен учун жуда зерикарли.

 

10. Уйдаги аҳволни тузатишга, яхшилашга ҳаракат қиласизми?

а) Мен бундан-да, муҳим ишлар билан бандман.

б) Албатта, қўлим сал бўшаган заҳоти.

в) Баъзи-баъзида.

 

Жавобларингизни қуйидаги жадвалда кўрсатилган тарзда баҳоланг.

 

Саволлар      1                 2          3              4       5           6              7               8                9              10

 

а                   3        2          1          3           3            2          2           3            1            3

 

б                   2        3          3         1           2           3           1           2            2            1

 

     в                   1               1               2         2           1           1           3           1            3            2

     Агар жавобларингиз:

21-30 балл бўлса, оилавий ҳаётингиз анчагина мураккаб кечаётгани, атрофингиздагилар сиздан "зириллаб" қолгани маълум. Ҳаётингизга ҳавас қилиб бўлмайди. Агар ўз одатларингиз, саъй-ҳаракатларингизни яхши фазилатлар билан алмаштирмасангиз,турмуш ўртоғингиз бир куни "етар энди", деб масалани кўндаланг қўйиши мумкин.

15-20 балл бўлса, оилавий муносабатларингизни рисоладагидек, деб ҳисоблаш мумкин. Барибир, сиз бу ҳолдан кўнглингизни тўқ қилманг, оилавий ҳаётингизни янада мазмунли қилиш йўлларини изланг. "Яхши сўз - жон озиғи" деган мақолни ёдда тутиб, жуфти ҳалолингизни кўпроқ эъзозланг.

1-14 балл бўлса, сизнинг оилангизни ибратли, ҳамма ҳавас қилса арзийдиган оила деб ҳисоблаш мумкин. Оила аъзоларингиз оғиз очмасдан туриб, бир-бирининг кўнглида нима борлигини тушунар экан. Ҳамиша шундай  ибратли оила бағрида яшанг.

Ҳуснора ЭРГАШЕВА тайёрлади.

 

 

МАКТУБ

(48-сон)

Дил туFёни

Ташқарида ёмғир ёғмоқда. Ишон, ҳар томчиси бағримни тешиб юборадигандек. Мен гўё тиканлар устида ётгандекман. Борлиқни қоплаган тун мени тобора қаърига тортаётгандек.

Ишончимнинг чил-чил синган синиқларини ушлаганимча, зулмат йўлларда тентираб, нур излайман. Ҳаётнинг қаҳратонларида севги олови билан юрагимни иситаман, дея қилган орзу-хаёлларим сароб бўлиб чиққанидан,  ҳаёт синовлари қаршисида уни деб дунёлардан кечганимдан  пушаймондаман.

Бир пайтлар юрагимни ёққан ишқ оловининг оташ тафтини ҳис этаман, кўнглимни зор йиғлатиб, мендан кечиб кетган ёрнинг нигоҳини кўз олдимга келтираман. Атрофга аланглаб бир пайтлари шодликларимни баҳам кўрган дўстимни, қувончли, бахтли онларда хурсандчилигимга шерик бўлган ҳамроҳимни излайман. Бироқ атроф кимсасиз, ҳеч ким йўқ. Таассуфки, ўзини дўст атаган кишиларнинг бари омад билан бирга кўздан ғойиб бўлишган.

Тун. Азоблардан оғриққан юрагим ниш санчади. Кўз ёшларим қалбимга томади. Дард билан бирга ёдимга онам келади. Бор вужудим овозга айланиб, бир сўзни такрорлайди: "Кечиринг".

"Бу дунёда ҳамма сендан кечиши мумкин, онадан бошқа". Мен бу гапни кўп эшитганман, лекин унинг маъносини англамаган эканман. Бошимга тушган воқеалар туфайли бу ҳикматли гапни дилдан ҳис этдим, англадим. Шу онда онажонимнинг сўзларига қулоқ тутмаганлигимдан ўкиндим. Мени, қайсар қизини деб нурсиз, кўзларидан оққан кўз ёшларини арта олмаганимдан кўнглим йиғлайди.  Мени деб умрини беришгада тайёр инсоним бўла туриб, қадримни билмайдиган ўзга бир инсондан меҳр-муҳаббат излаганимга надоматлар қилдим.

Онажон, юрагининг қулига айланган, севги кўзларини кўр қилган, ғурурни деб ёнинг-га бора олмаётган мен нотавон қизингни кечир.

Сенга айтар гапларим жуда кўп. Лекин аввал, бағрингга бош қўйиб, алғов-далғов ҳаётнинг шовқинларидан холи бўлсам, ҳаловатни туйсам, тандирдан узиб берганинг-иссиқ кулчаларни ариқда оқизган, шўхликлари оламни тутган болалигимга бир зумга қайтсам, дейман.

 Онажон, дунёларни бир четга суриб ёнингга ошиқаман. Дил дафтаримдаги ушбу мактубни кўзларимдан уқа олишингни биламан...

 

 

 Муҳайё ИСМОИЛОВА

Бу жаннат ватанга таъзимлар қилай

(48-сон)

Шеърият гулшани

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари қошида шоир ва носир Fани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" ижодкорлар клуби кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Клуб машғулотларида мактаб ўқувчисидан тортиб 90 ёшни қоралаган катта ёшдаги ижодкорларгача қатнашиб келади. Айниқса, клуб аъзолари орасида ёш ижодкор қизлар ва аёлларнинг сафи ортиб бораётганлиги қувонарлидир.

Кейинги йилларда клуб аъзоларининг самарали ижодлари улар томонидан чоп этилган шеърий ва насрий китоблар орқали ўқувчиларга тақдим этилди. Мухтасар айтганда, ижод шавқи билан яшаётган "нафосат"чилар чиройли ижод намуналари билан ўз мухлисларини баҳраманд этиб келмоқда.  Қуйида клуб аъзолари ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

ШИФОКОР  МАСЛАҲАТИ

(ҳазил

Шифокор текширди битта аёлни,

Тез-тезда шамоллаб тураркан аёл.

Аниқлаб бўлгач у барча саволни,

Аёлга деди у юзланиб хиёл:

-Ваҳима ўринсиз, енгил дардингиз,

Мана бу дорилар сизга қилар кор.

Отдайин бўласиз парҳез қилсангиз,

Очиқ ҳавода кўп юриш ҳам даркор.

Совуқдан эҳтиёт қилинг ўзингиз,

Табиат қўйнида бўлинг узоқроқ.

Эҳтиёт қилинг, сиз ўз асабингиз,

Дориларни бошланг сиз бугунданоқ.

Аёл уйга келди, деди эрига:

-"Оқ тош"да дам олинг, деди шифокор,

Қишда шуба кийиб арслон теридан,

Юрсам ҳам бўларкан даволар бекор,

Еб туринг,-деди у- "грилл, табака",

Асабингиз ҳеч ким бузмасин,-деди.

Сизнинг касалингиз оғир шунақа,

Бўлмаса қийин, деб маслаҳат берди.

 

Fани МАЖИД

 

ОТА-ОНАМ

Қалбим гавҳари улар,

Кўзим нурлари улар,

Ҳаёт офтобидирлар,

Суянчим, отам-онам.

 

Қўлимдан маҳкам тутар,

Мени қучиб эркалар,

"Ҳаётим-қизим" дерлар,

Севинчим, отам-онам.

 

Етказдилар шу кунга,

Тарбия этиб бирга,

Бўлингиз доим бирга,

Таянчим, отам-онам.

 

Шўхлик қилсам кечиринг!

Доим соғ-омон юринг!

Омон, юзларга киринг!

Қувончим, отам-онам.

 

Мубина ЭРГАШЕВА,

Андижон тумани.

 

ОПАГИНАМ

(Никоҳ тўйи бўлаётган опам Мафтунага)

Опажоним, бахт уйига қўяр қадам,

Кўз ёшларин яширолмас ҳатто отам,

Барча хурсанд кулолмайди нечун онам.

Оқ атиргул атридайин нафисгинам,

Фасли баҳор гулидайин опагинам.

 

Иккимизни қизиқтирган тақинчоқлар,

Бола эдик, талашардик ўйинчоқлар,

Ўйнар эдик биргаликда қўғирчоқлар.

Оқ атиргул атридайин нафисгинам,

Фасли баҳор гулидайин опагинам.

 

Аримасин юзингиздан кулгу-хандон,

Келин эмас, қиз бўлинг сиз шўх ва шодон,

Бугун сиз-ла нурлидир ўзга хонадон.

Оқ атиргул атридайин нафисгинам,

Фасли баҳор гулидайин опагинам.

 

Машҳура РАҲМОНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

ЎЗБЕКИСТОНИМ

Чиройини кўриб кўзим қувнайди,

Оқшом ҳам нурли, файзли кўчалар.

Таърифлашга менинг сўзим етмайди,

Нақадар мафтункор, гўзал бунчалар.

 

Бу жаннат ватанга таъзимлар қилай,

Чинордек забардаст буюк бўстонга.

Қадрига етмасам майли, хор бўлай,

Жонимни берайин Ўзбекистонга.

 

Озодбек МИРЗАЕВ,

"Уз Сэм Юнг Ко" корхонаси

ишчиси, Андижон шаҳар.

 

ОТАМ ДУОСИ

Соқоли кўкракка тўла ёйилган,

Икки юзи қизил, дийда чароғон.

Пешонасин усти чўнтоқ ўйилган,

"Ота бу не чандиқ?" юрт-ку фаровон.

Менга айтиб берди, бир куни аста,

Бу чандиқ урушдан қолган нишона.

Жанг қилдим урушда, бўлмадим хаста,

Ўқ шилиб кетганди, қайтдим мардона.

"Уруш қурсин болам, сизлар тинч яшанг!"

Доимо дуода бўларди отам.

Тинчлик-олий неъмат, юрибмиз башанг,

Тинчлик саодатдур, уруш-чи-мотам.

Биз бахтли авлодмиз, истиқлол ҳақдир,

Озодлик, эркинлик-бизнинг диёрда.

Қулликдан қутқарди, халқимни тақдир,

Тинч-тотув яшаш бор, бизнинг шиорда.

 

Одилжон ХУДОЙБЕРДИЕВ,

 меҳнат фахрийси.

 

мен нима қилдим?

Дўстимга сирдошу суянчиқ бўлдим,

Йиқилса дўстона қўлимни чўздим,

Дўстларимни доим мен хурсанд қилдим,

Бугун бир нарсага ўйланиб қолдим:

Ота-онам учун мен нима қилдим?!

 

Муҳаббати чексиз менга уларнинг,

Ҳатто фидо айлар ўз жонларини,

Мен учун яшайди ҳар онларини,

Бугун бир нарсага ўйланиб қолдим:

Ота-онам учун мен нима қилдим?!

 

Хаёлимда турар минг турфа хаёл,

Сезмабман ўз онам жаннати аёл,

Энди ожиз кўзим очилди хиёл,

Бугун бир нарсага ўйланиб қолдим:

Ота-онам учун мен нима қилдим?!

 

Дилга жо айлади меҳрини онам,

Ҳеч кимдан кам қилмай ўсдирди отам,

Ахир улар менинг бахтим-дурдонам,

Бугун бир нарсага ўйланиб қолдим:

Ота-онам учун мен нима қилдим?!

 

Ҳолида ҲАСАНОВА,

АДУ қошидаги академик лицей ўқувчиси.

 

ЭСАР КУЗНИНГ ШАМОЛИ

Табиатда ажиб ҳол,

Силкинади бир ниҳол,

Беғубору безавол,

Эсар кузнинг шамоли.    

Пайкалда ҳосил мўл-кўл,

Деҳқонга тилар оқ йўл,

Дея вақт тиғиз, бўл-бўл,

Эсар кузнинг шамоли.

Пахта, шоли далада,

Иш қизиган паллада,

Беиш йўқ маҳаллада,

Эсар кузнинг шамоли.

"Оқ олтин" ризқ-рўзимиз,

Тоғ-тоғ хирмон уямиз.

Сўз, иши бир ўзбекмиз,

Эсар кузнинг шамоли.

Меҳнат қилиб, шод-хандон,

Йўлларимиз нурафшон.

Бизга қойилдир жаҳон,

Эсар кузнинг шамоли.

 

Комилжон ҲАКИМОВ,

Булоқбоши тумани.

 

ТИЛИНГНИ  АЙЛАГИН  БОЛ

Баъзи сўзлар бир пайкон,

Дилни мажруҳ этади.

Айлар умрингни пайхон,

Азоб бериб кетади.

 

Аччиқ сўздан юраклар,

Fам-ғуссага тўлади.

Барча орзу тилаклар

Ҳазон бўлиб сўлади.

 

Нима чиқса тилингдан,

Оқибатин ўйлагин.

Ўтказиб сўнг дилингдан,

Яхши гапни сўйлагин.

 

Кел биродар, қулоқ сол,

Қўпол сўздан кечайлик.

Тилимизни айлаб бол,

Мушкулларни ечайлик.

 

Иброҳимжон  АҲМЕДОВ,

Андижон тумани.

 

ШЕЪРИЯТ

Сен қандайин сирли синоат,

Юпанаман хафа маҳалим.

Сенда бордир кучли мурувват,

Бор дардимга ўзинг малҳамим.

 

Эзгуликка чорлайсан нуқул,

Савоб ишга йўллайсан буткул.

Ҳаётимни этасан гул-гул,

Ёмонликлар ёниб бўлар кул.

 

Осмондаги ойга тенглайман,

Сен қалбимга нурлар сочасан.

Сени севиб тиним билмайман,

Ҳар сатрингда дилим очасан.

 

Дилим қувнар ёзганим сари,

Қанча ёзмай толмас қўлларим.

Дилим баҳор каби сар-сари,

шеърият, сен очдинг йўлларим.

 

Фотимахон МАШРАПОВА, Андижон тумани.

 

УСТОЗЛАР

Ўқитяпсиз бизга китоб,

Ўргатасиз илму одоб.

Дам олмайсиз қишу ёзлар,

Байрам қутлуғ, устозлар!

 

Устозларим хорманглар,

Чарчаманглар, толманглар.

Таърифга етмас сўзлар,

Байрам қутлуғ, устозлар!

 

Ўқитасиз миннат қилмай,

Ўргатасиз тиним билмай.

Ҳеч тегмасин сизга кўзлар,

Байрам қутлуғ, устозлар!

 

Муслима ХАЛИМОВА,

Андижон тумани.

 

ВАТАНИМ

Истиқлолдан  чирой  очган Ватаним,

Қуёш заррин нурин сочган Ватаним.

Ўз бағрида  турли   миллат   халқларни,

Фарзандидек суюб  қучган  Ватаним.

 

Ўзбегимга  кулиб  боқди  бахт-иқбол,

Эрк-озодлик берди  буюк Истиқлол. 

Бу Ватанда тинчлик, дўстлик  барқарор,

Дунё аҳлин  қойил  этган  Ватаним. 

 

Яшнаб  обод  бўлсин  юртнинг  ҳар  ёғи, 

Мангу  порла  Истиқлолнинг  маёғи.

Ўғлонлари  Ватан  рамзи байроғин,

Осмон сайин баланд  тутган Ватаним. 

 

Ота макон  жондан  азиз  Ватаним,

Онам  каби  меҳри  чексиз  Ватаним. 

Жаннатмонанд  мисли  тенгсиз  Ватаним, 

Ўзбекистон, онамдайин азиз масканим. 

 

Ўз  юртим  деб  Муҳаммад  Юсуф ўтди,

Ватан  дея шеърлар  ёзди, мадҳ  этди.

Абду  Набий  илҳомланиб  юракдан, 

Ватаним,  деб  ушбу  шеърини  битди.

 

Абдунаби АБДУРАҲМОНОВ,

Андижон тумани.

 

 

 

 

ЖЎЖАЛАРИМ

Кеча эди тухумда,

Бугун мана қўлимда.

Бири қора, бири оқ,

Патлари бирам юмшоқ.

Югуришиб юришар,

Ердан ушоқ теришар.

«Чип-чип» дея сўзлашар,

Бир-бирини қувлашар.

 

Ойшабону УБАЙДУЛЛАЕВА,

Андижон тумани.

 

ЯПРОҚ

Баҳор тароватин билдириб ошкор,

Боқ, мана гуллади ям-яшил япроқ.

Куз етиб ҳазонга айланса ночор,

Кўкламда эди-ку гўзал у бироқ.

Ёзнинг нафасига ишониб баҳор,

Япроғу гулларни ёзга топширди.

Лекин ёз вафосиз бўлди-ку айёр,

Барглардан ҳусн олиб кузга қолдирди.

Япроқлар бунга ҳеч бермайин бардош,

Қуриди, қовжираб, сарғайиб сўлди.

Дарахт ҳам баргларга бўлмади дарддош,

Қаҳрли шамоллар изнида қолди.

Бизнинг ҳаёт ҳам япроққа ўхшаш,

Биз ҳам яшаймиз ёзга ишониб.

Япроқнинг оҳи ҳам дардларга туташ,

Биз ҳам хиёнатдан боргаймиз сўлиб.

 

Фирдавс ШОКИРОВ,

Андижон шаҳри.

 

ЎХШАТМА

Пахтазорга  бир  дилдор келибди-ю кетибди,

Бунда  қандай  маъно  бор,  келибди-ю  кетибди.

 

Нозик  белин  букмабди,  бир  мисқол  ҳам  термабди,

Касалман,  деб  у  беҳол, келибди-ю кетибди.

 

Дам ғанимат  билмабди, ўз  қадрига  етмабди,

Ҳеч  кимсадан  қилмай  ор келибди-ю кетибди.

 

Эгилса  боши  оғриб, кетармиш  кўзи  тиниб,

Айлаб  баҳона  юз  хил, келибди-ю кетибди.

 

Эл  ишига  эп  бўлмай, қўлга  ғубор  қўндирмай,

Беташвиш-у  бедаркор  келибди-ю  кетибди.

 

Ҳамма  қизғин  далада,  у  жонона  панада,

Кўзин  сузиб  у  хуммор, келибди-ю  кетибди.

 

Бундайлардан  на  фойда,  жасорат  ҳашар  жойда,

Виждони  йўқдир  мисқол,  келибди-ю  кетибди.

 

Мирзамаҳмуд БОТИРОВ, тадбиркор.

 

Армонли севги

Баҳоримда учиб келдинг мисоли оққуш,

Қалбимни ром этиб, айладинг сархуш.

Ишқингда туну кун юрарман бехуш,

Оҳ, мени кутмаган армонли севгим!

 

                Дилимни сеҳрлаб олган сен ўзинг,

                Оташин муҳаббат солган сен ўзинг.

                Қалбимни яралаб қўйган сен ўзинг,

                Оҳ, мени кутмаган армонли севгим!

 

Биламан, севмоққа ҳаққим йўқ сени,

Ишқинг оташида кул қилдинг мени,

Гул эдим, сўлдим мен ҳажрингда сени,

Оҳ, мени кутмаган армонли севгим!

 

 

  Ойгул

Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш - долзарб вазифа

(48-сон)

Фикр

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу ишларнинг барчаси инсон, унинг манфаати ва турмуш фаравонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Маълумки, Ўзбекистон   аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ислоҳотлар жараёнидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик томонидан бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ёшларни ёт ғоявий ва мафкуравий хуружлар таъсиридан, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Ўзбекистон давлатининг буюк  келажаги ҳозирги кунда, асосан мактабларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли, иқтидорли ва ташаббускор ёшларга боғлиқ.  Чунки бу ёшлар мамлакатимиз иқтисодиёти, маданияти ва ишлаб чиқариш соҳаларида ижод қиладиган,  келажагимиз пойдеворини яратадиган ёшлардир" деган эдилар.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринларини топишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий база шаклланган. Хусусан, 2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қонун 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ана шу йўналишдаги ишларни тартибга солади. Қонунда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик институтлари вазифалари белгилаб берилган. Айниқса, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назорати масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ глобаллашув жараёни шиддат билан давом этаётган, турли ғоявий курашлар авж олган таҳликали бир шароитда ота-оналар, маҳалла, устозлар, кенг жамоатчиликнинг ҳушёр ва огоҳ бўлиши талаб этилади. Зеро ёшларимиз ана шундай таҳдидлар таъсирига тушиб қолмасин.

Бугунги кун ёшлари нафақат фаол, балки юқоридаги каби таҳдидларга қарши тура оладиган билимдон, юксак маънавиятли  бўлишлари керак. Юртбошимиз таъкидлаганидек, болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшлар билан кўпроқ гаплашиб, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечишда амалий ёрдам кўрсатишимиз, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифани самарали амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянмоғимиз лозим.

Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин эгаллашлари учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз керак.

 

  Суннат КАРИМОВ,

 ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий қисм командири ўринбосари.

Балиқчининг Марвариди

(48-сон)

Юртимизда болалар спорти йилдан йилга ривожланмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, республика, халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Балиқчи туманидаги 5- умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Марварид Шодмоналиева ҳам ана шундай ютуқларга эришаётган ёш спортчилардан биридир. У 4 йилдан буён миллий спортимизнинг белбоғли кураш тури билан шуғулланиб келади. ҳали ёш бўлса-да, ўзининг иродаси,  тиришқоқлиги, қолаверса, курашнинг нозик жиҳатларини пухта ўрганаётганлиги туфайли яхши натижаларни қўлга киритмоқда. 

Дастлаб туман мусобақаларида ғолибликни эгаллаган Марварид кейинги йилларда вилоят республика мусобақаларида ҳам ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан,  2015 йилда Жалақудуқ туманида ўтказилган 2002-2003 йилларда туғилган қизлар ўртасида ўтказилган вилоят биринчилигида ўз вазн     тоифасида ғолиб бўлди.

- Марварид ўз устида тинимсиз изланиб, машғулотларда фаол иштирок этиб келади, - дейди Марвариднинг устози, спорт устаси Зулфизар Тўраева.- У 2015 йилда белбоғли кураш бўйича вилоят ва республика чемпиони деган шарафли номга эга бўлган бўлса, 2016 йилда Навоий шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги республика кубоги баҳсларида ҳам зафар қучди. Жорий  йилда эса республика чемпионатида 48 кг. вазн тоифасида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.

Халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтаришдек улуғ мақсад сари интилаётган курашчи қизимиз ўз орзуларига етишишига ишонамиз. Чунки унда мустаҳкам ирода, қалбида ўзига, ғалабага бўлган ишонч мустаҳкам.  

 

 

Ирода ОРИФЖОНОВА

Мақсади йўлида дадил бораётган Гавҳарой

(48-сон)

Иқтидорли ёшларимиз

Гавҳарой Абдулҳамидова Асака туманидаги 36-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади, санъатга ўзгача меҳр қўйган. У ўзбек миллий чолғуларидан бўлган  чанг созини чалиш билан шуғулланади. 2010 йилда Ниёзботир қишлоғидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга кириб, устози Нодирахон Қўшмақовадан чанг чалиш сирларини пухта ўрганиб келмоқда.

Гавҳарой мактабнинг энг фаол ва аълочи ўқувчиларидан бири, 1-синфидан буён синф сардори бўлиб келади. Бўш  вақтларида китоб ўқийди. Мактабда ташкил этилган волейбол  ҳамда ёш ижодкорларнинг  "Ниҳол" тўгараклари машғулотларига қатнашиб келади. Шунингдек, турли тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этади. Унда актёрлик маҳорати яхши шаклланган. Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили муносабати билан ташкил этилган "Бобур билимдонлари" кўрик-танловида Хонзодабегим ролини ижро этиб, танловнинг вилоят босқичида муваффақиятли қатнашди.

Гавҳарой Ёшлар иттифоқининг мактабдаги бошланғич ташкилоти сардори сифатида тенгдошлари фаоллигини ошириш ҳамда турли саналар муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилишида ташкилотчилик қилиб, ўқувчилар маънавиятини юксалишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Гавҳарой келажакда билими, маҳорати ва иқтидорини янада юксалтириб, етук мутахассис бўлиш, ўзбек санъати довруғини дунёга танитишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Эзгу мақсадлар йўлида дадил бораётган иқтидорли  Гавҳаройга ижодий парвозлар тилаймиз.

 

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

КИТОБХОНЛИК

(48-СОН)

Ижодкорлар билан учрашув

Андижон индустриал педагогика коллежида фалсафий ва оқилона қарашлар акс этган асарлар орқали ёшларнинг маънавиятини,   мустақил фикрлаш салоҳиятини юксалтириш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича коплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбир очилишида сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева сўз олиб,  китобнинг инсон камолотидаги ўрни ва роли ҳақида гапирди.

Тадбирда коллеж педагогик жамоаси, ўқувчилар, ижодкорлар, Андижон шаҳридаги китобхон оила вакиллари иштирок этиб, китоб тарғиботини кучайтириш, ўқувчиларнинг китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада ошириш хусусида фикр алмашдилар.

Тадбирга ташриф буюрган ижодкорлар Қудратилло Ҳакимов, Тўхтахон Парпиева иштирокчиларга китоб инсонни эзгуликка, комилликка етакловчи билимлар манбаи эканлиги ҳақида гапириб, ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб бердилар.

Қизғин мулоқот, шеърхонлик тарзида ўтган тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

 

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.