+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ

Балиқчи туманида "Хотин-қизлар фаоллиги - жамият ривожининг муҳим омили" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

 "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"ни амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Балиқчи тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда  туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман-шаҳар бўлимлари мутахассислари, хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари етакчилари, кенг жамоатчилик  вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг фаолияти ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Семинарда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Бошқарув йиғилишида қабул қилинган "Хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотларининг Устав фаолиятини намунали тарзда олиб борилишини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.

 - Туманда қўмитамизнинг 204 бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда, - дейди Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гўзал Деҳқонова. - Улар томонидан хотин-қизларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этилган 150 зиёд  "Қизларжон" клубларига 30 минг нафарга яқин қизлар жалб этилган.

Семинар иштирокчилари тумандаги "Сортепа" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси билан ҳамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар, "Андижон - Ханой ипаги" масъулияти чекланган жамияти, "Глобал текстиль" корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнати муҳофазаси, улар учун яратилган иш шароитлари,  2- мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1-умумтаълим мактабида ташкил этилган "Қизларжон" клуби фаолияти, қизларни миллий қадриятларимиз асосида  тарбиялаш борасидаги ишлар, илғор тажрибалар билан танишдилар.

Айниқса, Балиқчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, кекса, ногирон ва ҳомиладор аёллар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.     

 Семинарда мавзу доирасида маърузалар ўқилди, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолияти бўйича иш ҳужжатлари, миллий либослар ва ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

КЕЛИНИНИ ОҚИЛА АЁЛГА АЙЛАНТИРИШ ҚАЙНОНАГА БОFЛИҚ,

дейди қорасув шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Холматова

Айни кунда Қорасув шаҳрида 17,5 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Улар давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Қорасув аёллари ҳақида гап кетганда, биз уларга бемалол, ҳунарманд, тадбиркор ва ишбилармонлик сифатини беришимиз мумкин.

Қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлгани, йиллар давомида бу ердан савдо-сотиқ карвони ўтгани боис, шаҳримиз хотин-қизлари тадбиркорлик билан иш юритишни, қандай қилиб даромад топишни, оиласига молиявий кўмак беришни яхши билишади.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш шаҳар хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш олдимизда турган долзарб вазифалардан саналади. Мазкур йўналишларда шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, қўмитамиз қошидаги "Ҳуқуқшунос аёл" уюшмаси, ФҳДЁ бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни", "Сиз ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Аёл ҳар ишда тадбиркор", "Оилада тиббий маданиятни шакллантириш", Соғ-лом она -соғлом бола, соғлом келажак", "Тиббий кўрикнинг    аҳамияти" каби мавзуларда учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Бу мулоқот ва учрашувларда 2,5 мингдан зиёд хотин-қизларимиз фаол иштирок этди.

Шаҳардаги мавжуд 10 маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, оилавий  тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу кунга қадар 132 оилага 500 млн. сўмдан зиёд миқдорида кредитлар ажратилиб, паррандачилик, лимонария, чорвачилик ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилди.

Битирувчи қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам қўмитамизнинг қатъий назоратига олинган. Жорий йилда Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини 170 нафар қиз тамомлаган бўлса, улар турли муассаса ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномага асосан ишга жойлаштирилмоқда. 12 нафар битирувчи қизнинг тадбиркорлик йўналишлари бўйича кредит олишларига ёрдам кўрсатилди.Умуман, жорий йилда шаҳримиздаги 189 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди.

Ажримлар, оилавий низолар таҳлил этилганда бу каби ҳолатларнинг юзага келишига кўпинча қайноналар сабабчи бўлаётганлиги кузатилмоқда. Тўғри, келинлар ҳам фаришта эмас. Аммо маъжозий маънода айтадиган бўлсак, келин -лой, қайнона-кулол. Шундай экан қайноналар озгина сабрли ва моҳир бўлишлари керак. Ҳали анча ғўр, ҳаётий тажрибаси йўқ қизни оқила келинга айлантириш қайноналарнинг ўзига боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Қайнонам - онам, келиним - болам" мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда. Айниқса, қайнона ва келинларга таъсир этишнинг "Жамоатчилик иззаси" усули йўлга қўйилганлиги яхши самаралар бермоқда. Биз барибир андишали халқмиз. "Маҳалла-кўй, одамлар нима дейди?" деган андиша, эл-юрт олдида изза бўлишдан истиҳола қилиш кўплаб оилаларни тикланишига, жанжаллар барҳам топишига сабаб бўляпти. Шаҳримизда ҳам 126 нафар ажрим ёқасидаги оила шу йўл билан яраштирилди.

Миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш ва мазмунан бо-йитиш борасидаги ишлар қўмитамиз аъзоларининг асосий юмушларидан бири десам адашмайман. Бу йўналишда ўтказилган кўплаб тадбирларни мисол қилиб келтиришим мумкин. "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила - остонасидан аён", "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон қайнона", "Сумалак сайли" ва бошқалар шулар жумласидандир.

Фарзанд-инсон умрининг гултожи, дейдилар.Ҳар бир турмуш қурган ёш оила тезроқ фарзандли бўлишни истайди. Аммо кейинги йилларда пайдо бўлган инфекция-лар, турли касалликлар ёшларда бу жараённи кечикишига ёки носоғлом, айрим ҳолларда нуқсонли болалар туғилишига сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг олдини олишга нафақат ўша оила, тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, умуман, кенг жамоатчилик бирдек масъул. Чунки қиз-аёлларга тааллуқли ҳар бир масала биз учун муҳимдир. Хусусан, опа-сингилларимиз, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар ўртасида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида назоратга олинган ҳомиладорлик 15, туғилиш кўрсаткичи 52 тага камайган, оналар ва болалар ўлими ҳолатлари қайд этилмади. 10 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга йўналтирилди.

Аёл - беназир хилқат. У оиласининг ибратли соҳибаси, эркакнинг таянчи бўлиши керак. Аёлларнинг жиноят кўчасига кириб қолиши, ҳуқуқбузарликлар содир этиши эса оғриқли нуқталаримиздан биридир. Қайдаки хотин-қизлар оила, иш, жамоатчилик юмушлари билан тўлиқ банд бўлар экан, ўша жойда аёллар билан боғлиқ бундай нохуш ҳолатлар юз бермайди. Бу борада биз олдимизга улкан мақсад ва режаларни қўйганмиз, шу асосда самарали ишлар олиб боряпмиз. Йил давомида турли тадбирлар, аёллар иштирокидаги спорт мусобақалари, спартакиадалар ўтказдик, фестиваль ва кўрик-танловлар ташкил этдик. Шаҳримизда аёллар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайган. Диний-экстремистик оқимга аъзо бўлган 34 нафар аёл соғлом ҳаётга қайтарилди, ҳозирда фарзандлари билан ўз оиласида яшамоқда.

Умуман, шаҳримизда яшовчи хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёлларимиз ҳар соҳада ўзларини эркин ва бахтли ҳис этишлари учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилмоқдамиз.

 

Наргиза ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

БОШ ҚОМУСИМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАFИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бошқа қатор соҳалар илғорлари, ёшлар вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб, барчани умумхалқ байрами - Конституция куни билан муборакбод этди. Вилоят ҳокими ва бошқа сўз олганлар мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бораётганлиги, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тарихий ва ижтимоий аҳамияти, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар, уларнинг кафолатлари ўз аксини топганлиги, мазкур ҳужжат мамлакатимизда инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган ютуқларга эришишда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганлигини  таъкидладилар. 

Маълумки, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев томонидан 2017 йил 10 октябрда "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги фармон қабул қилиниб, ушбу нишон билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш,  сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраб-авайлаш, Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизнинг тақдирланиши белгиланган. Жумладан, мазкур фармонга асосан 2497 нафар андижонликлар ҳам  мазкур эсдалик нишони билан тақдирландилар.

Тадбир доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида давлатимизнинг турли унвон, орден ва медалларига сазовор бўлганларга мукофотлар ҳамда турли жабҳаларда самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ юрдошларимизга "Ўзбекистон Конс-титуциясига 25 йил" эсдалик нишонлари топширилди.

- Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди Жалақудуқ тумани Кўзи ожизлар жамияти раиси Малоҳатхон Мўминова. -  Ушбу эътироф мени юрт равнақи йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.

Тантанали тадбирда бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага байрамона ва хуш кайфият улашди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ватан десам юрагим ёниб...

Юрагимга кафтимни босдим,

Кўксим ёнди, ошди ҳарорат.

Кафтимдаги митти чизиқлар,

Тақдиримни қилди башорат.

 

Шу сўқмоқдан юриб борардим,

Ҳамроҳим шеър, соябоним сўз.

Кўнглимдаги бор-бисотимни,

Қилгим келди дунёга кўз-кўз.

Самодаги барча ҳарорат,

Сингиб кетди меҳр бу танга.

Қўлларимдан тутиб туйғулар,

Бошлаб борди мени Ватанга.

 

Ўша кундан кўксимда олов,

Ва муҳаббат ёнимда сирдош.

Ватан десам юрагим ёниб,

Кўзларимда порлайди қуёш.

 

Нурхон ТУРFУНБОЕВА, АДУ талабаси.

"ҚИЗИЛ ОЛМА"

(49-сон) Янги китоб

Ёш ижодкор Бибихоним (Бибихадича Неъматова) шеърият оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган умидли ёшлардан бири.

1996 йилда Бўз туманида таваллуд топган Бибихоним 10 ёшидан бошлаб шеърлар ёза бошлади.Шеъриятга бўлган муҳаббат ва интилиш туфайли шоир Нусрат Абдусалом раҳбарлигидаги "Орзу" адабий тўгарагига келиб, адабиёт назариясидан сабоқ олди. Устоз ўгити ва даврадош дўстлари муҳокамаси асосида шеърлари аста-секин   сайқалланиб борди. "Қизил олма" номли китобчадан жой олган шеърлар Бибихонимнинг дастлабки ижод намуналаридан сараланган. Тўпламга ёш қаламкашнинг Ватан, дўстлик, табиат, севги, садоқат ҳақидаги лирик шеърлари киритилган.

 

Ҳаётим мазмуни ўзингсан, Ватан,

Ярасин ҳар кунингга ушбу жону тан.

Табаррук заминга урайин мен бош,

Гар кетсам тўхтамас кўзларимда ёш.

 

Ёш иқтидор соҳибасининг тинимсиз меҳнатлари меваси бўлган "Қизил олма" тўплами шеърият ихлосмандларига манзур бўлади, деб умид қиламиз. Бибихонимга келгусида янада катта ижодий зафарлар тилаб қоламиз.

 

"Иқбол" таҳририяти.

ТЎЙЛАРИМИЗ, ТАНТАНА ВА МАРОСИМЛАРИМИЗ МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИГА АЙЛАНСИН!

(49-сон)

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши сессияси қатнашчиларининг давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари,

имом-хатиблар, отинойилар, дастурхончилар, жўрабошилар, қизлар сардорлари, қайнота-қайноналарга

М У Р О Ж А А Т И

Қадрли юртдошлар!

Бугун биз ажойиб ҳур ва эркин замонда яшаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида олиб бораётган туб ислоҳотлар самараси яққол сезилмоқда. Бугун барча эзгу орзу, пок ният ва улуғвор мақсадларимиз рўёбга чиқаётганини кўриб турибмиз. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, файз-барокат, тўкин-сочинлик учун ҳар қанча шукроналар келтирсак оз. Ақл-заковатли, билимли, теран тафаккурли кишилар бу фаровонлик замиридаги машаққатларни, садоқату жасорат талаб қиладиган курашларни, юксак ватанпарварлик ила йўғрилган фидойиликларни чуқур англайдилар. Англагани боис, диёримизда кун сайин рўй бераётган ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшиш учун бутун борлиғини, куч-ғайратини бахшида этмоқдалар.

Давлатимиз томонидан ҳар тарафлама ғамхўрлик, эркинлик, адолатпешалик, саховатпешалик ришталари билан қамраб олинган эканмиз, сизу биз ана шу одил сиёсат шукронасига қандай жавоб бераяпмиз?

Андижонимизни обод ва гўзал диёрга айлантириш,     бунёдкорлик ва ободончилик, саноат ва қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бироқ ижтимоий-маънавий турмуш, миллий қадриятларимизга садоқат, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказиш борасидаги камчиликларимиз яққол кўзга ташланиб қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, қайнона-келин муносабатларидаги келишмовчиликлар, ёш оилаларнинг барбод бўлиши, бунинг натижасида фарзандлар тарбиясига путур етаётганлиги виждонимизни қийноққа соладиган, ҳаммани бирдай ўйлантирадиган жиддий муаммо эмасми? Шу боис биз - сессия иштирокчилари сизларга юрагимизни тўкиб солишга, олдимизда кўндаланг бўлаётган иллатларни илдизи билан қуритишга ёрдам берадиган таклифларни ташлашга ва йўл-йўриқлар мағзини чақиб, уларга қатъий риоя этишга қаратилган мурожаат билан чиқишни лозим топдик.

 

Маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилари, профилактика нозирлари!

Ҳукуматимиз халқ ибораси билан ифодалаганда "Ой чиқса ҳам - маҳаллага, кун чиқса ҳам маҳаллага" тамойили асосида бу тизимнинг равнақи, истиқболи учун муҳим қарорлар, давлат дастурлари  қабул қилмоқда. Шундай экан, сизлар бугун "ер тагида илон қимирласа билишингиз керак", ҳар бир оиланинг "нафас олиши" маҳалла идорасида сезилмаса, одамларнинг ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ўрганилмаса, қайси хонадоннинг қозони қайнаб, қайси уйнинг мўрисидан тутун чиқмай қўйгани билинмаса - ундай маҳалла оқсоқолининг, маслаҳатчисининг боридан йўғи яхши эмасми?

Жойларда тўйлар дабдабали тус олиши, мазарли тоғоралар юбориш кимўзарга айланиб кетиши, никоҳ маросимларидаги қора «Каптива»-ю «Ласетти»лар одамлар оромини бузиши, сеп-сидирғалар "довруғи" етти иқлимга таралиб, алал-оқибат бойларга ибрат, йўқларга кулфат бўлаётганлиги аслида ўша маҳалланинг афт-ангоридан нишона, десак янглишмаймиз.

Демак, маҳалланинг юзи-кўзигина эмас, виждонини ҳам асраш энг аввало, сизларнинг оқилу дониш, сергагу ҳушёр, сўзга собит, амалда қатъиятли эканлигингизга боғлиқ.

Билинг, Сизни инкор этишгани, бу - жамоатни, эл-юртни, қолаверса, маҳаллий ҳукуматни назар-писанд этмасликдир. Айнан шундай ҳолатга тушгандан кўра, орият учун жиловни қўлдан бермаслик керак, ёхуд қўлни кўтариб, курсини бўшатган афзал.

Бугун Президентимиз шундай талабни қўмоқда.

Бугун икки кемага оёқ қўйиб жон сақлайдиган вақт ўтди.

Бугун ҳаётга тик қараб яшайдиган давр келди.

Шунга эришиш керакки, маҳалладаги ҳамма издиҳом раис, маслаҳатчи, профилактика нозири, маҳалла фуқаролар йиғини белгилаб берган андоза билан ўтсин. Бунинг учун давлат сизларга етарли ваколат, ҳуқуқий кафолат яратиб берганлигини асло унутманг.

 

Қадрли "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси,

Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман бўлинмалари, бошланғич ташкилотлари етакчилари!

Сизлар жамиятда ҳал қилувчи куч эканлигингиз барчага маълум. Шундай ваколат, куч-қудратингиз бўла туриб жойлардаги исрофгарчиликлар, тўй ва юбилей маросимларидаги ҳаддан ошишлар, бемаза қовун уруғидай кўпайиб бораётган ғаройиб томошалар, даҳмазалар, хурмача қилиқлар, кибр-ҳаво, манманлик ортидаги бебошликлар сизларни заррача ташвишга солмаса? Ахир, ўзбекнинг тўйлари қадимдан миллий қадриятларимиз кўзгуси, маданиятимиз чиройи, маънавиятимиз рамзи сифатида тилларда достон эмасмиди?

Энди-чи? Биз юксак аҳлоқий салоҳиятимизни енгил-елпи орзу-ҳаволарга алиштирдикми? Бугун тўйхона эмас, томошахонага ўхшаш базму-жамшидлар тўрида бемалол бел ушлаб рақс тушаётган келин-куёвлардан Отабекнинг виқори-ю, Кумушбиби ҳаёсини излаб топа оляпмизми?

Наҳотки, бир ёқадан бош чиқариб, замонавий тўйлар қандай бўлиши лозимлиги ҳақида жўяли таклиф айтиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш шу қадар қийин кўчса.

Биз сизларни жамиятдаги ҳар бир ўзгариш, янгича анъана ва урф-одатларнинг кенг томир отишига масъулият билан ёндошадиган барчани шунга илҳомлантирувчи куч сифатида кўришни истаймиз.

 

Дину диёнатимизнинг мустаҳкам таянчи бўлган имом-хатиблар, отинойилар!

Бизни безовта қилган ушбу муаммо ечимини топишда Сизларга катта умид боғлаймиз. Жорий йилнинг олти ойида 351 оилани инсофга келтириб, яраштирганингизнинг ўзи катта натижа. Аммо, икки соҳилда туриб, гулдай ҳаётини барбод этаётганлар сони ҳануз кам эмаслиги сизларни ҳам изтиробга солаётганини тушуниб турибмиз. Зеро, мақсадимиз тўйларимизни тартибга солиш, никоҳлар барқарорлигини таъминлаш, ёшларга чинакам бахт-саодат, имону инсоф тилашдир.

Сизлардан илтимосимиз шуки, вилоятдаги норасмий имомларнинг хатти-ҳаракати доимий нигоҳингизда турсин. Никоҳ ўқиш учун фақат имоми Ҳай, яъни расмий имом ваколатли эканлиги, дуч келган сохта имом ўқиган никоҳ дуруст эмаслиги тўғрисида ота-оналар ва ёшларга кенг тушунтириш бериш йўлга қўйилса, одамлар тилида Аллоҳ деб, Расулуллоҳни неча бор ёд олиб, амалда Каломуллоҳда битилган,   Пайғамбаримиздан суннат бўлган амалларни унутмаслик мавзусидаги маърузалар яна ҳам кўпроқ ўқилса, нур устига нур бўлур эди.

Тўйларда еб-ичишдан ташқари, тугун-бўғин тугиб кетишга фақат имом билан отинойи чек қўя олиши мумкинлигини биламиз.

Маълумки, шу йилнинг 15 июнь куни Президентимиз "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби" мавзусида уламолар, дин пешволари билан учрашув ўтказиб, ўша маросимда ноқонуний никоҳ оқибатида келиб чиқадиган муаммоларга батафсил тўхталиб ўтди. Аслида ислом қўш хотинликни ман этмаса-да, шаърий адолатни устун қўяди. Эркаклар шаърий адолат ҳақида муфассал тушунчага эга бўлганларида эди, бу борада ўйлаб кўришга ҳам қўрқардилар. Хулоса шуки, имомларимиз ушбу масалада ҳам тарғибот-ташвиқотни кучайтирсалар, қўш  хотинлик туфайли қанчадан қанча болалар отасиз ёки онасиз тарбияланишининг олди олинар эди. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларингизга собитлик тилаб қоламиз.

 

Ҳурматли қайнота ва қайноналар!

Оилада тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик сизларнинг ақл-идрокингиз, оила илмидан хабардорлигингиз, келин-куёвларингиздан меҳрингизни дариғ тутмаслигингизга боғлиқ. Биласизки, бахт, мол-дунё, бойлик, дабдаба эмас, чинакам ҳаловат, оилавий тотувлик ва ҳалол меҳнатда. Матбуотда қайд этилишича, Осиё мамлакатларида унаштирилган қиз касалликка чалинса, ота-онаси "келинингизнинг сиҳат-саломатлиги ёмонлашди, тезроқ даволатиб олинглар" дея бўлажак қудаларига хабар беришар экан. Бизда-чи, куёвнинг зурриёдини давом эттириш жараёнида "сочи супурги, қўли косов" бўлиб, оёғидан ўт чақнаб 10-15 йил қайнона-қайнота хизматини бажарган келин хасталикка чалинса, фарзандлари билан бирга ота-онасиникига жўнатиб юборилади. Арзимаган сеп-сидирға, сийму зар, тоғора-ю, озиқ-овқат баҳона ҳали янги оилага кўникиб улгурмаган ёш келин бошида ёнғоқ чақилиши инсофданми? Ота-онасининг    камхаржлигини, келиннинг арзимаган камчиликларини рўкач қилиб, уйига қайтариб юборадиган қайноналар наҳот ўзларининг ўтмишини тез унутишган бўлса? Ёки бу ўша бир вақтлар ўзи тортган ранж-аламлар учун ўч олишми?

Азизлар, бир ҳақиқатни ёддан чиқаришга ҳаққингиз йўқ. Бобур Мирзонинг суюкли қизи Гулбаданбегим ёзганидек, "Аёли хорланган оилада мискин фарзандлар туғилади". Ана шу қўрқоқ, имони заиф, ҳар нарсага ҳадиксирайдиган бола - сизнинг авлодингиз бўлиши мумкин. Шундай экан, энди   мустақил ҳаётга қадам қўйган келинга ўз бағрингиздан жой беринг, қайноқ меҳрингизни дариғ тутманг, камчиликларини тўлдиринг, хатоларини ётиғи билан тушунтиринг. У сизнинг шажарангиз давомчиларининг ягона бунёдкори эканлигидан фахрланинг. Агар бундай жасорату ахлоққа қодир бўлмасангиз, лоақал ўзингиз ҳам қиз ўстираётганингизни, "бу қайтар дунё"лиги минг асрлардан  буён исботланиб келаётганлигини эслаб қўйинг. Қолаверса, сиз онасиз. Оналик мақомини улуғлаган ҳолда хонадонингиз чироғига айланиб, фарзандларингиз турмушини чароғон ва гулгун этишга бел боғланг.

Шу ўринда, қизларимизнинг оналарига ҳам айтар сўзимиз бор. Биз кўзимизнинг оқу қароси деб авайлаган фарзандимизнинг ҳаётини  изга солиш ниятида эканмиз, энг аввало, унга оила сирларини, хуш хулқлик ва хушодоблилик мезонларини, ҳар бир ишда сабр-бардошли бўлишликни қон-қонига сингдиришимиз керак. "Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга сиғмайдими?" деган ақидани бутунлай тафаккуримиздан ўчириб ташлашимиз лозим. Қизларни янги оилага ва ўша оиланинг ёзилган, ёзилмаган тартиб-қоидаларига мослаб  тарбиялаган ота-оналаргина кексайган чоғларида хотиржам, ҳаловатли, умргузаронликка мушарраф бўладилар. Унутманг, "Қарс икки қўлдан чиқади".

 

Азамат ва баҳодир, алп қомату чуқур идрок соҳиблари бўлмиш жўрабошилар!

Бугун сизлар жамият ҳаётида ўзига хос мавқе ва ўрин топиб бораётган жамоатчиликка айланиб улгурдингиз. Биз сизларнинг куч-қудратингиз, билим салоҳиятингиз, обрў-эътибору тоғдай ғурур-виқорингизга ишонамиз. Шундай фазилатлар эгаларидан фақат аҳиллик, меҳр-оқибат, зийраклик, гўзал ва хуш ахлоқ намуналарини кутиб қоламиз. Тўйларда ортиқча даҳмазалар, урф-одатларга чек қўйишда Сизларнинг имкониятингиз катта. Ўнлаб машиналарда никоҳга чиқиш, тоғора-тоғора маъзар-сомсалар, ўпка-ҳасиплар талаб қилиш, куёвнинг сарпосини кўпчиликка кўз-кўзлаш ташқаридан қаралса, жуда хунук манзара эканлигига амин бўласиз.

Йигитлар, ахир сизлар ер юзини ўзига бўйсундирган Амир Темур, ҳиндистонда улкан салтанат яратган Бобур Мирзо, кўзларида олов чақнаган Жалолиддин, Темур Малик, дунё тамаддунини илм-маърифат чироғи билан ёритган имом Бухорий, Алишер Навоий, ал Беруний, ал Хоразмий, ал Фарғоний каби буюк зотлар авлоди эканлигингизни билмайсизларми? Қачондан буён ўзбек ўғлонининг орзу-ҳаваслари кийим-кечак, мол-дунё билан баҳоланадиган аҳволга тушиб қолди? Йигитлик ор-номуси, шон-шавкати учун жонини тиккан ота-боболаримиз руҳидан уялмаймизми? Ўғил бола туғилса тоғу-тошлар суюнар экан, бугун ўчоқ бошини обод қиладиган "куёвчак"лар қўлтиғига сув пуркаб, нимага эришмоқчимиз? Бизнинг олдимиздаги буюк мақсадлар унутилиб кетдими? Ҳаммасини бир тоғора маъзарга қўшиб еб қўйдикми? Ахир еганимиз таом эмас, ўзимизнинг номусимиз, виқору оримиз эканлигини билмай қоляпмизми?

 

Гўзал ва оқила қизлар!

Минг йиллик ҳаёт тажрибаларидан маълумки, барибир оила тотувлиги, ҳаёт фаровонлиги, фарзандлар камоли - бу албатта, қизларнинг турмуш синовларига, ҳаёт қувонч ва ташвишларига қай даражада тайёргарлик кўрганлигига боғлиқ. Янги хонадонга келган кунингиздан бошлаб, ана шу макон Сиз учун умрингизнинг охирига қадар муқаддас жойга айланиб қолишлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Ўз онангиз 18-20 йил бағрида авайлаган бўлса, қайнонангиз нафақат Сизни, балки    фарзандларингизнинг ҳам катта муаллимаси, меҳрибони, тарбиячиси эканлигини юракка муҳрлаган ҳолда, ана шу жонсарак ва куюнчак она ҳурматини жойига қўйишга интилишингиз лозим.

Сеп-сидирға - бахт эмас. Асосий ва энг муҳим толеъ бу - Сизнинг ҳаётий сабоқларингиз, олган билимларингиз, гўзал аҳлоқингиздир. Сизни ўзингиз ўйлаган, энг буюк мақсадларга элтадиган олий хилқатлар ҳам ана шу гўзал фазилатлар эканлигини ёддан чиқарманг ва бир умр ҳаётдан, қайнонангиздан, оқил одамлардан одоб дарсини ўрганиб яшашга одатланинг. Сабр олтинга тенг эканлигини унутманг ҳамда шу хазинага эга бўлинг.

 

Азиз биродарлар, оқилу дониш фарзандлар!

Ҳаёт - эртак эмас. Осон эришиладиган бахт фақат афсоналарда бўлади. Ҳақиқат шуки, яшаяпмизми, бу дунёда фақат яхши ном қолдириб, тараққиёт биносига мустаҳкам ғишт қўйишга интилайлик. Ортиқча орзу-ҳаваслардан воз кечиб, камтарона, ҳаловатли умргузаронлик қилайлик. Ўзимиз соғинганимизни яқинларимизга, қуда-анда ва келин-куёвларимизга илинайлик.

Фарзандларимизни юртга нафи тегадиган аҳли олим, аҳли комил кишилар қилиб тарбиялайлик.

Эзгу ниятларимиз бобокалонларимиз яратган миллий, диний, фалсафий қарашларимизга мос бўлсин, тўйларимиз маънавиятимиз кўзгусига айлансин.

 

Мурожаат Халқ депутатлари вилоят

Кенгашининг 2017 йил  16 ноябрдаги XIII сессиясида

 

 маъқулланган.

КИТОБХОНЛИК ТАРFИБОТИГА БАFИШЛАНДИ

(49-сон) қарор ва ижро

Андижон давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш - халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидаир" номли маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 августдаги "Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ҳамда 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, давлат бошқаруви идоралари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, таълим муасасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, тиббиёт, кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этди.

Тадбирда  "ОАВ ва ноширлик соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва соҳани янги сифат босқичига кўтаришнинг долзарб масалалари", "Маънавий юксалишда китобнинг ўрни ва китобхонлик маданияти тарғиботи масалалари", "Миллий ахборот медиа маконини ривожлантиришда журналистнинг ўрни ва масъулияти" сингари сингари қатор мавзулардаги маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни талаблари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Давра суҳбатлари иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Муқаддасхон Аҳадова,

Андижон шаҳридаги 48-умумтаълим

 

мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

ИҚТИДОР СОІИБАЛАРИ САРАЛАНДИ

(49-сон)

Иқтидорли қизлар танлови

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги, хусусан, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини, мукофот таъсис этилгандан буён 18 нафар андижонлик иқтидорли қизлар ана шу мукофот соҳибасига айланганлигини таъкидладилар.

Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар бос-қичларида 5 минг нафардан зиёд иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича 200 нафарга яқин иштирокчи ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этди.

Номзодлар саралаш танловининг якуний натижаларига кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иқтидорли қизлар танловнинг республика саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.

-  Танлов билим ва истеъдодимизни синовдан ўтказди, - дейди танловнинг адабиёт йўналиши иштирокчиси Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси Сарвиноз Султонова. - Унда муносиб иштирок этишга, улуғ  шоира номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлишга астойдил ҳаракат қилдим.

Бир сўз билан айтганда, танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, уларда шижоат, ўзларига бўлган ишонч ва интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига  ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЖАМИЯТИМИЗНИНГ АДОЛАТ МЕЗОНИ

(49-СОН)

8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг, миллий қадриятларимиз тикланди, миллий манфаат, миллий ғурур, маданият ва маърифатимиз, маданий меъросимизга эътибор кучайди. Xалқ ўзлигини англади. Давлат рамзлари - мадҳия, герб, байроқ, шунингдек, Конституциямиз қабул қилинди.

Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз замирида шубҳасиз,  Бош қомусимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Конституция - давлатмизнинг асосий қонуни бўлиб, энг юқори ҳуқуқий кучга эга ҳужжатдир. У давлат тузилишини,  бошқарув шаклини, давлат органларини тузиш тартиблари, ваколатлари, шаxснинг  ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини белгилаб беради. Конституциямизнинг моддаларига, уларнинг мазмун-моҳиятига эътибор берсак, Инсон энг олий қадрият, унинг ҳақ-ҳуқуқлари олий даражада туриши асосий қонунимизнинг нуфузини янада оширади.

Бош Қомусимизнинг 13-моддасида белгиланганидек: "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даxлсиз ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисоблананиши белгиланган. Жумладан, Конституциямизнинг 7- ва 8- бобларида  фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган.  

Бош қонунимизнинг 41-моддасида: "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир." деб белгилаб қўйилган. Бу фуқароларнинг, айниқса, келажак эгалари бўлган ёшларга, инсон манфаатларига бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Бош Қомусимизнинг 42-моддасида фуқароларга эркин билим олиш билан бирга ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини ривожлантириш мақсадида илмий ҳамда теxникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи ёритилган. Асосий қонунимизда ёшларга бу каби кенг қамровли ҳуқуқ ва эркинликларининг берилиши юртимизда ёш авлод камолоти учун яратилган кенг имкониятдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 66-моддасида "Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамxўрлик қилишга мажбурдирлар" дейилган. Ушбу модда орқали билишимиз мумкинки, ота-она фарзанди учун қай даражада масъул бўлса, фарзанд ҳам вақти келиб ота-онага юксак ҳурмат-эҳтиром ва ғамxўрлик қилиши керак. Шарқ xалқларида фарзанд юксак эъзозланган, шу тарбия самараси ўлароқ фарзанд ҳам ота-онага шундай меҳр ва ҳурмат кўрсатиши азалий қадриятга айланган. Бош қомусимизнинг юқоридаги моддаларида ота-оналарнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиб, фарзанднинг бурч ва масъулияти белгилаб қўйилган. Бир сўз билан   айтганда, Бош Қомусимиз - жамиятимизнинг адолат мезони, инсон ҳуқуқлари устуворлигини, тинчлик - осойишталикни таъминлашдек улкан мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Дилафруз ИСМОНОВА,

 

Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи ўқитувчиси.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА БОШЛАНFИЧ ТАШКИЛОТЛАР РОЛИНИ ОШИРИШ ЗАРУР,

(49-сон)

Кўргазмали  семинар

- дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.

Андижон индустриал-педагогика коллежида "Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда таълим муассасаларидаги хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш - муҳим масала" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Андижон вилояти ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда таълим муассасалари хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, "Қизларжон" клублари сардорлари, ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 Тадбир очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси          Манзурахон Юнусова сўз олиб, ўқувчи ва талаба қизларнинг таълим ва тарбияси, улар тарбиясида юзага келаётган муаммолар, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бандлигини таъминлаш масалалари, вояга етмаган қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янада  мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги хусусида гапирди. 

 "Хотин-қизлар ва вояга етмаган қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишда давлат бошқаруви идоралари, оила, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг таъсири" мавзусида ўтказилган намунали очиқ дарс машғулотида мавзунинг аҳамияти ва долзарблиги, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида ҳамкорлик,  бу борада жамоатчилик олдидаги муҳим вазифаларни очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Коллеж ўқитувчилари томонидан таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, замонавий иш услубларини татбиқ этиш юзасидан ташкил этилган ижодий ишлар ҳамда иқтидорли ўқувчи қизларнинг замонавий ва миллий либослари кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. "Қизларжон" клуби аъзолари томонидан намойиш этилган бадиий дастур давомида ўқилган шеърлар, ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз киритди.

Семинар иштирокчилари коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар, ўзаро тажриба алмашдилар.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси           Танзила Норбоева иштирок этиб, ўқувчи қизлар билан мулоқот ўтказди. Қизларни мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшашга, фаол бўлишга чақирди.         Шунингдек, мавзу доирасидаги муҳим масалалар ўқувчи қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик хусусида тўхталиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори   босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.

- Вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда бошланғич ташкилотларимиз ролини янада оширишимиз зарур, - дейди  Т. Норбоева. - Айниқса, таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар етакчилари таълим муассасасининг оила ҳамда маҳалла билан ҳамкорлигини кучайтириш орқали салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида ижобий натижага эришиши мумкин. Қачонки, фаолиятимизни масъулиятни ҳис этган ҳолда, самарали ташкил этсак, албатта, ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.

Кўргазмали семинар якунида мазкур тадбир юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, бошланғич хотин-қизлар қўмиталари олдида турган келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА, жамоатчи мухбир.