+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КЕЛАЖАГИ БУЮК, ОМОН ЭЛИМСАН

Осмоннинг файзидир кулган қуёшинг,

Таърифинг тилларда достон элимсан.

Сенга камарбаста кексаю ёшинг,

Келажаги буюк, омон элимсан.

 

Ҳар соҳа қўлларин тутмиш имконлар,

Эъзозлар тўрида турасан мағрур.

Боболар, момолар - азиз арконлар,

Қадр самосида таратарлар нур.

Буюк аждодларнинг ўгити дилда,

Шижоат, шаҳд билан босамиз қадам.

Тинчлик ҳимояси ҳар бир кўнгилда,

Дардли юракларга қўямиз малҳам.

 

Кўкларга кўтариб юртнинг байроғин,

Юксак чўққиларни забт этажакмиз.

Тўтиёлар этиб зарра тупроғин,

Энг нурли манзилга биз етажакмиз!

Эргашой ЖЎРАЕВА

 

 

Сохта севги қурбони

(Ҳикоя)

Насиба янграган севимли таронани эшитар экан, дилига илиқлик югурди. Қўл телефонида унга азиз бўлган исмни кўриб кўзлари қувнади.

- Ассалому алайкум, - мамнунлик билан жавоб берди қўнғироққа. - Яхши юрибсизми? 

- Раҳмат, ўзинг тинч юрибсанми?

- Шукр, яхши! Негадир кайфиятингиз йўқми? - деди ҳамсуҳбатининг мунгли овозидан кўнгли бежо бўлиб.

- Эҳ, ҳозир кайфиятдан сўз очма, кайфиятим яхши эмас...

- Нега, Санжар ака нима бўлди?! - капалаги учиб кетди Насибанинг. - Ишқилиб, тинчликми?.. 

- Қачон ишдан чиқасан, кечки пайт кўришайлик. Ўшанда бафуржа гаплашамиз.

- Хўп, унда мен узоғи билан бир соатларда бўшаб йўлга чиқаман. Ўша жойда кўришамиз, келишдикми...

Насиба гўшакни стол устига омонатгина қўйиб хаёллари тўзғиб кетди.

"Унга нима қилган бўлиши мумкин? Телефонда ҳам учини чиқармади. Бирор бир муаммо бўлдимикин? Рафиқаси орамиздаги муносабатларни пай-қаб жанжал кўтарган бўлса-я? Наҳот айрилиқ онлари яқинлашди..."

Юрак-бағрини сиққан бу саволларга тезроқ жавоб олишни истади. Ундан айрилгиси йўқ. Тақдир уларни мана шу аросатли йўлда учраштирди-ю, шу кунгача фақат муаммо, ташвишлар билан сийлаб келяпти. Тўрт йил аввал ўша жой: истироҳат боғидаги ўриндиқлардан бирида кўз ёшларини артиб ўтирган Насиба илк бора унга дуч келган эди. Жуда қайсар қизнинг қўрслик қилишига қарамай Санжар жимгина йўлини давом эттирб кетмади.

Юз кўзларида меҳр балқиб турган бу дилшикаста қизнинг аламзада эканлиги шундоққина маълум эди. Насиба ўшанда ширин сўзлари билан йигитни аврагани йўқ. Ноз-карашма қилиб кўнглига қулф солишга интилмади ҳам. Аксинча, бор аламини шу бегуноҳ кимсадан олди. Етти ёт бегона бўлишига қарамай, ўз ҳолига қўйишини айтиб, бақириб берди. Лекин Санжар кетмади. Вазминлик билан ўжар қизнинг дилини топди. Узоқ вақт гаплашишди. Сўнг фавворалар ёқалаб сайр қилишди. Насиба ҳам кўнгли ҳаловат топганидан хурсанд  бўлди. Бу тарзда танишганларнинг аксарияти  қайта учрашиш илинжида хайр-лашар чоғи, бир-бирининг телефон рақами ва манзилларини сўраб олишади. Аммо уларда бундай бўлмади. Насиба икки-уч соат олдинги тушкунликдан қутилиб, мамнун қиёфада уйга етиб келди. Ана шундагина у йигитнинг ҳазил-ҳузулларини қўмсади, орланиб телефон рақамини сўрамаганидан афсусланди. У йигит ҳам, ҳатто иш жойи, касби-кори ҳақида суриштиргани йўқ.

"Тавба, одатда бу ҳақда суриштирмаган одам йўқ эди. Нега у қизиқмади? Эҳ, Насиба... бундай қўрсликдан сўнг қайси йигит сендан телефон рақам сўрасин?"

Санжар билан бўлиб ўтган суҳбатини эслаб кулиб юборди. Хонадош қизлар ундаги бу ўзгаришдан суюнчи олишга ўтди?           

- Ха, дугонажон, ким у юрагингизни ўғирлаган? - деди  шаддот Шоҳиста. 

- Вой, қанақа юрак ўғриси? - деди юзлари қизарган Насиба уялиб.

- Ия, ҳали биздан яширмоқчимилар? - саволлар ёмғирини ёғдириб маҳкам ушлаб олди. - Келишган, баланд бўйлими? Қаерда ишлар экан? Қаерлик экан?..

- Вой, бошим оғриб кетди, - саволларга тайинли жавоби йўқлигидан шартта ўзгарди. - Шоҳиста, нима фолбинлик қиляпсизми? Ким ва нима ҳақида гапиряпсиз ўзи? 

- Ҳа, кимнидир учратиб севиб қолганлигингиз шундоққина юз-кўзингиздан маълум-ку. Ишдан нуқул безиб, ҳомуш уйга кириб келгансиз. Бугун илк марта сизни бундай мамнун ҳолатда кўраяпман, аниқ учратгансиз-а? Фақат айтишни хоҳламаяпсиз?

- Унақа эмас. Нима ишдан яхши кайфиятда келиш мумкин эмасми? Ҳа, деб ташвишларга аза тутиб, қовоғимни солиб юришим керакми?

У ўзи билмаган ҳолда Санжар айтган гапларни такрорлаганини англади. Бир соатча олдин худди шу сўзларни айтиб, «очилиб юринг, самимийлик сизга ярашади», деб насиҳат қилганди у. Насиба яна ўйга толди. Ўзи бугун унга нимадир бўлди. У олдин ҳеч кимнинг сўзларини такрорламас эди. Ҳатто, қаттиққўл бошлиғининг ҳам. Хонадаги қизлар унинг ўйчан нигоҳини кўриб, индамай қўяқолишди. Бугун кечки овқатни тайёрлаш унинг гали. Ошхонада якка ўзи егулик ҳозирлашга тушди. Қизлар ҳам халал бермайди. У бамайлихотир Санжар билан бирга ўтган      вақтни, суҳбатни ўйлаб картошка, пиёз ва сабзини арчарди.

Санжар ва у билан сайр қилиб юрган хаёллар вужудини эгаллади. Шу тобда яна унинг сўзларини эслади: "Жаҳлингиз чиққанида, гармдорили сўзларингиз билан қаршингизда турган кишини саваламанг!"

Шу зайл одатда ярим соатда тайёр бўладиган таом анча кеч пишди. Қизлар овқатнинг хушбўйлигидан бай-байлаб  дастурхон атрофига йиғилишди. Қоидага биноан овқат тайёрлаган киши идишларга сузиб сўнг ўзи ўтиради. Қизлардан биринчи бўлиб шошқалоқ Дилдора таомдан татиб кўрди. Кўзлари бежо бўлганлигини кўрган Шоҳиста таажжубланиб тикилди. Насиба ҳам дастурхонга ўтирган пайт Шоҳиста қошиғини секин косасига суқди-ю оғзига олган луқмани юта олмай ошпазга тикилди. Насиба ҳамманинг афт-ангоридан хавотирга тушиб дарров овқатдан татиб кўрди-ю ўзининг ҳам чеҳраси дугоналари билан бир хил бўлиб қолди. Фақат юзлари қизарганлигини ҳисобга олмаса.    

- Айтгандим-ку, севиб қолгансиз, - овқатнинг шўр бўлганлигини ҳазилга бурди Шоҳиста. - Ким экан у шундай малакнинг хаёлларини ўғирлаган? Энди айтмагунгизча сизга овқат қилдирмай турамиз!

Стол атрофида кулгу кўтарилди. Насиба ҳам ортиқ баҳона қилишга ҳожат қолмагани учунми қўшилиб кулди. Мана энди биргина Шоҳиста эмас, уч дугонаси уни саволларга кўмиб ташлади. Лекин биргина Санжар исмидан ташқари тайинли бир маълумот олишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Тонг ёришди. Насиба бугун янги кунни бошқача қарши олди. Ўша уй, таниш кўча ва эски дераза. Аммо хонага урилаётган шамол тафти бошқача... Сочларини силаб, юзларини эркалаяпти майин шабада. Енгил ва очиқ чеҳра билан ишга отланди. Жамоадошлари ҳам унинг тўлин ойдек, хуш кайфиятда ишга келганлигидан хайрон бўлишди.  Тушликкача яхши кайфиятда юрди. Аммо овқатланиб бўлгач, Санжар ҳақида фикрлари бутунлай ўзгариб кетди.

Кеча ширин сўзлари, ҳазил-ҳузуллари билан кўнглини кўтарган йигит боғланиш учун ҳеч қандай маълумот қолдиргани йўқ ёки олмади ҳам. Шунчаки, тасодиф туфайли ғамгин бир қизнинг кўнглини чоғ қилди-да, кетди. Сарҳадсиз хаёлларида сайр қилиб юрган Санжар ҳақидаги ўйларини ҳайдаб солди. Ортиқ уни эслаб, паришонхотир бўлмасликка аҳд қилди. Агар қайта кўриша олмаса, ўзи қаттиқ сиқилади. У йигитнинг эса фақатгина исмини билади холос. Кайфияти бузилди. Яна ўша таниш жойга келди. Лекин бу гал ўтирмади. Фойдасиз ва мантиқсиз узоқ кутишнинг нима кераги бор. Қулоқчинни сумкасидан ахтаришга тушди. Шу пайт унга кимдир тўқнашиб кетди. Жаҳил билан қичқирди. 

- Тавба, кўрми... - қаршисидаги йигитни кўриб, тили айланмай қолди.

- Яхшимисиз, - дея ҳазиломуз ҳол-аҳвол сўради. - бугун ҳам кайфиятингиз чатоқ кўринади?

- Ҳа-а-а, йўға, сизлигингизни билганимда...

- Бақирмасмидингиз, яхши унда яна бир марта синаб кўрамиз?..

Иккиси ҳам кулиб юборди. Насиба айни чоғда уни кутмаганди. Йўқ, ич-ичидан қайта учратиб қолишни истаган, лекин яна шу ерда учратиши бу бир тушдек эди.

* * *

- Нима бўлди - дея сўради капалаги учган Насиба.

- Онамни шифохонага ётқиздик, - деди Санжар бир аҳволда. - Тўсатдан бўлгани учун операцияга зудлик билан пул топишим зарур. Йиғиб юрганимни ишлатиб қўйган эдим. Энди қаердан, кимдан оламан шунча пулни...

- Менда йиғаётган икки миллион сўм пул бор.

- Қўйсанг-чи...

- Ундай деманг, сизга зарур. Мен эса орзу-ҳавасларимга йиққанман. Ахир шу орзуларим сиз билан рўёбга чиқадиган бўлса, нега уни сарфламаслигим керак. Ойижон соғайиб кетса бўлгани...

Санжар инкор этмади. Қиз азиз инсонидан жонини ҳам аямайди. Пулларини қизғанармиди? Муаммо ҳал бўлди. Лекин негадир Насиба бўлажак қайнонасининг ҳолидан хабар олишга бормоқчи бўлганида, Санжар мавриди эмаслигини айтарди.

Орадан вақт ўтиб, уларнинг муносабатлари анча палак ёзган эди. Санжарнинг ҳам ташвишлари кун сайин ортар, ҳали ишидан ҳайдалар, ҳали кимдандир қарз бўлиб қолар. Насиба эса имкон борича унга кўмаклашди. Оёққа туриб, бари  изига тушиб кетишини ўйлар, унга қаттиқ ишонарди. Негадир атрофдагилари унинг нуқул Санжарни қўллаб-қуватлашидан норози бўлишар, ҳаддан зиёд унга боғланиб қолганлигидан куюшарди.

Орада унинг оиласи, икки фарзанди борлигини билганида дунё кўзларига тор кўринди. Алданганлигидан изтиробга тушиб, қалбида ғафлат босган ғурури топталди. Лекин ундан буткул совиб қолмади. Чунки фақатгина у билан ҳаловат топади. Кўнгли унинг сўзларидан хотиржамлик туяди. Фақат угина кўнгил кўчаларига сайр қилиб, бекилиб қолган эшикларни очганди. Қолаверса, оиласи ва яқинлари ҳақида тайинли бир маълумот бермаган эди. Шунинг учун ҳам ота-онасига у ҳақда айтишга шошмаган эди. Энди нима деб айтсин, уйланган, оилали бир эркакка боғланиб қолганиними? Ёки севгани ўзганики эканлигини кеч англаб, алданганиними? Фақатгина хонадош дугонаси Шоҳистага дардини тўкди. Шаддот қиз эса дугонасининг лақмалигидан оғриниб, гоҳ далда, гоҳ хатоларидан куюниб дакки берарди. 

- Насиба, бўлди у билан учрашманг.

- Нима-а-а, менга насиҳат эмас, маслаҳат керак.

- Мен ҳам сизни ўйлаб, маслаҳат беряпман, - баттар асаблари бузилди. - У эркак ҳеч нима бера олмайди. Унинг қўл телефонига пул ташласангиз, муаммолари чиққанида ҳал қилиб берсангиз. Нима унга бойвачча хотин эмассиз-ку? Қанақанги, ҳамиятсиз эркак экан у?! 

- Ундан нолишни бас қилинг. Мен ҳозир уларни эмас, энди нима қилишим кераклигини ўйлаяпман.

- Нимасини ўйлайсиз-а? У сизнинг бор-будингизни шилиб зулукдай ёпишиб олган ҳашорат-ку? Ундан қанча тез қутилсангиз ўзингизга шунча яхши! 

Насиба телефонидаги севимли қўшиғини қўйиб, хонанда билан бараварига алам билан йиғлаб куйлай бошлади. Шоҳиста унинг изтиробларига чидай олмай хонадан чиқиб кетди.

Гоҳ севгидан тошган дарёсиз,

Гоҳ меҳрга ташна саҳросиз.

Мен биламан сиз ҳам танҳосиз,

Кўргим келар сизни негадир...

 

Муҳаббатда мазмун эрур эрк,

Бир армонга ҳар ким эгадир.

Сизсиз менга барча йўллар берк,

Кўргим келар сизни негадир...

 

Тун кутаман ойдин, юлдузлик,

Кун кутаман нурафшон аслик.

Ҳе-е-ей, дилимни эзди ёлғизлик,

Кўргим келар сизни негадир...

* * *

- Ҳозиргина ишхонадан чиқдим, - ҳансираб гапира кетди Насиба. Уни қийнаган саволларга жавоб топишга муштоқ эди. "Наҳот ҳозир ташлаб кетишини айтса..." дея ич-ичида ҳадиксираб турди.

- Хабаринг бор, бозорда савдо қиламан, деб бизнес бошладим, ишим юришмади. Шу йил ўзи менга нуқул омадсиз келди. Қайси ишга қўл урмай, омадсизликка дуч келаяпман.  

- Ҳа, яна қарз бўлдингизми? - ўйлаганининг умуман акси бўлиб чиққанидан кўнгли хотиржам тортгандек бўлди.

- Ҳа-да-а-а...

- Энди нима қилмоқчисиз?

-      Топиб беришим керак пулни. Олдингга ёрдам сўраб келдим.

- Лекин менда ҳам ҳозир пул йўқ. Ўзимнинг ҳам ташвишлардан бошим гаранг.

Санжар индамайгина жим турди. Илгари ҳар хил ҳазил-ҳузулларини қилиб Насибанинг пулини осонгина қўлга киритиб кетар эди. Бу гал эса унинг кайфияти умуман йўқ. Аксига олиб, Насиба пули йўқлигини таъкидлаб турибди. Илк маротаба унга рад жавобини берди. Аниқроғи ёрдам бермади. Шу-шу Санжар дом-дараксиз йўқолиб қолди. Қайтиб кўринмади. Телефон рақамлари ўчирилган эди. Ўша таниш рақамлар ва азиз бўлган исмни қўл телефонидан топиб қўнғироқ қилди. "Абонент хизмат доирасидан ташқарида..."

Бу воқеалардан сўнг Насиба бир ойлик таътил олди. Хонада қамалиб кўчага ҳам чиқмади. Телефон рақамларини ўзгартирди. Фақатгина пул учун севимли ёр сифатида юрганлигидан иснод қилиб, ўзига келолмай юрди. Уни эслатувчи ҳамма нарсаларни йўқ қилди. Фақат шу севимли қўшиғини тингламаса қалби тилка-пора бўладигандек эзиларди. Кўча-куйда, ишхонасида унга илтифот кўрсатадиган эркакларни кўрганида уларга нисбатан   нафрат билан қарарди. У ишониб, кўнгил очган инсони томонидан алданди, севги борасида янглишди, танлаган кишиси унинг ишончига, садоқатига муносиб бўлмади. Санжар Насибани сохта севгисига маҳлиё қилиб, ўз мақсади йўлида фойдаланиб юрди. Бечора қиз эса қисқагина умр кўрган сохта севгига садоқат билан вафо қилди. Унга ишонди... Энди кимдир унга келиб севги ҳақида гапирса, муҳаббат қуруқ сафсата эканлигини айтади. Истироҳат боғида севишган жуфтликни кўрса, кўз олдида маккор Санжарнинг совуқ чеҳраси гавдаланади. Лекин нимагадир уни кўргиси келади. Соғинади… 

 

 

Ҳидоят САДРИДДИНОВ

АБАДИЯТГА ДОҲИЛ УМР

Инсоният тарихида кўплаб инсонларнинг номлари муҳрланиб қолади. Уларнинг орасида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов номи алоҳида ўрин тутади.

 Эзгулик, халқининг бахти-саодати учун яшаган у инсоннинг номи тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан битилиши айни ҳақиқат. Чунки у инсон ўз ҳаётини фақат эзгу ишларга, юрт равнақига баҳшида этган улуғ зот эди.      

Ислом Каримов халқнинг ҳаққоний тарихини қайта тиклади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Буюк аждодларимизга юксак эҳтиром кўрсатилди. Имом ал-Бухорий, Ал Фарғоний, Ат Термизий сингари улуғ зотларнинг қабр-мақбаралари таъмирланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Амур Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Жалолиддин Мангуберди каби кўплаб алломаларимиз янгитдан кашф этилди, уларнинг ҳайкаллари барпо этилди.  

Биринчи Президентимиз биз ёш авлоднинг пухта билим олишимиз, ўз имкониятларимизни тўлақонли юзага чиқаришимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Ислом Каримов нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда атоқли давлат, сиёсат ва жамоат арбоби, тараққийпарвар инсон сифатида эътироф этилди. Бугун бу  улуғ инсон жисман орамизда йўқ бўлса-да, руҳан амалга оширган буюк ишлари, юксак инсоний фазилатлари билан барча юртдошларимиз қалбидан чуқур ўрин олган.

Бир инсон умрига сиғмайдиган буюк ишлар, эзгу амаллар соҳиби бўлган улуғ зотнинг жойлари жаннатда бўлсин!

Гарчи мангу уйқудасиз, лек Сиз ҳаёт,

Минглаб диллар Сизни айлар ҳар лаҳза ёд.

Эзгуликни шиор этиб, кутиб нажот,

Ислом бобо, ўзбек халқи севар Сизни.

Насиба МУҲАММАДРАҲИМОВА,

 

Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Қалбимизнинг тўридасиз

Туғилиш бор экан, ўлим муқаррар. ҳаётда қанчадан-қанча яхши ва ёмон инсонлар умргузаронлик қилдилар.

Узоқ умр кўриб, инсон қалб тўридан жой ололмаган одамларнинг сони кўп. Фоний дунёда ўзининг эзгу ишлари ва яхши амаллари орқали миллионлаб қалблар тўридан жой олганлар эса юз йилда бир туғилади.

Ана шундай инсонлардан бири шубҳасиз, мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовдир. У инсонни ҳаммамиз яхши биламиз, чексиз ҳурмат қиламиз.

Ўз халқини чинакам севган, юрти тинчлиги йўлида куч-ғайратини сафарбар этган, мустақил давлатни оёққа турғазган, дунёга танитган бу инсон ҳақида бугун ҳар қанча гапирсак камлик қилади.

У инсоннинг эътибор ва ғамхўрлиги натижасида бугун Ўзбекистон ёшлари илм-фан, техника, санъат, спорт, қўйингки, барча соҳаларда юксак марраларни забт этмоқда. Мамлакатни ривожлантириш бўйича Ислом Каримов  ишлаб чиққан тараққиётнинг "ўзбек модели" ватанимиз равнақи учун асос бўлди.

"Саксон ёшга кирган инсон минг ой юзини кўради", дейди доно халқимиз. Гарчи минг ой юзини кўриш Ислом бобомга насиб қилмаган бўлса-да, миллионлаб одамларнинг ёрқин ва фаровон ҳаётига тамал тошини қўйди. Бугун ана шу инсонлар ул зот ҳақига дуо қилади: "Илоҳим, бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, охирати обод бўлин".

Бобожон, юртимизнинг мустақилликка эришишида сизнинг хизматларингизни сўз билан таърифлаш қийин. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз сабаб бугун осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч. Ўзингиз айтганингиздек, биз билимли, доно ва албатта бахтли авлод бўлиб етишамиз. Сизни эса ҳеч қачон унутмаймиз. Қалбимиз тўридасиз, азиз бобожон!

 

Оромсиз йўлга карвон солган сарбонсиз,

Сарҳадларни қўриқлаган посбонсиз.

Ҳар бир бало-қазоларга қалқонсиз,

Зулмат ичра қуёш, бағри осмонсиз.

 

Куй бўлиб таралдингиз бугун тилларда,

Нур бўлиб яралдингиз бугун дилларда.

Юлдуз бўлиб порладингиз кўкларда.

Қалбимиз тўридасиз, азиз бобожон,

Унутмаймиз сизни ҳеч қачон!

 

Саодат ТОҲИРЖОНОВА,

 

АДУ қошидаги академик лицей ўқувчиси.

Ўчмас из қолдирди

Биринчи Президентимиз мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг жасорати, халқига меҳр-муҳаббати ва олиб борган ишлари юртдошларимиз хотирасидан асло ўчмайди.

Бугунги  фаровон ҳаётимиз, тинчлик осойишталик, ҳар жабҳадаги ривожланишлар ўз ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Буларнинг бари оқил йўлбошчи, доно ва узоқни кўра билаган раҳбарнинг оқилона сиёсати самарасидир.  Бу йўлда халқимиз ўтган йилларни бирма-бир ёдга олиб, Ўзбекистон танлаган йўл фаровон ва порлоқ келажак сари олиб боришини тўла тўкис англаб етди. 

Бугун буюк инсон - биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбири Қўрғонтепа туманнинг 6-ўмумтаълим мактабида ҳам ташкил этилди.

Ўқувчи ёшларнинг биринчи Президентимиз тўғрисида ёзган иншолари, шеърлари барча тадбир иштирокчиларини тўлқинлантиради. У инсоннинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган расмларни кузатар эканмиз, Президентимиз катта-ю кичикнинг қалбидан чуқур ўрин олганлиги,  Улуғ йўлбошчига бўлган ҳурмат ва муҳаббат келажагимиз эгаларининг юрагида яшаётганлигига яна бир бор  амин бўлдик.

Ҳа, миллати, юрти, муқаддас она замин учун фидойи меҳнат қилган, ўзидан ўчмас из қолдирган Буюк зотнинг хотирасини халқимиз асло унутмайди.

Дилрабо ҚОРАБОЕВА,

 

Қўрғонтепа туманидаги 65-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Буюк йўлбошчи

Қадим тарихга эга она юртимизнинг мустақил тараққиёт йиллари  тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади. Чунки ана шу йиллар давомида мамлакатимизда бўлган улкан ўзгаришлар бутун жаҳонни лол этгани аниқ.

Айниқса,   халқимиз учун ўта оғир ва масъулиятли ана шу даврда мамлакатимиз раҳбари бўлган Ислом Каримов номи асло унутилмайди.

Мустақиллигимиз меъмори, улуғ йўлбошчи сифатида Биринчи Президентимизнинг буюк хизматлари ҳар қанча таҳсинга муносибдир. Ислом Каримов ҳаёт бўлганларида ўзининг 80 ёшини қаршилар эди. Номи мангуликка даҳлдор у инсоннинг ҳаёти ва фаолияти авлодлар учун ибрат мактабидир.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида озод ва обод юртимиз гуллаб-яшнади, жаҳон ҳамжамияти орасида ўзининг муносиб ўрнини топди. Халқимиз ўзлигига қайтди, миллий қадриятлар қарор топди, улуғ алломалар, пиру комиллар улуғланди. Ўз даврида дунёга донғи кетган Ибн Сино, Амир Темур, Бухорийлар юрти яна ўзининг бунёдкорлик ишлари, эзгу ва хайрли амаллари билан дунё аҳлини лол этди. Ушбу жараёнда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўрни ва роли шубҳасиз, ниҳоятда катта.

Толеъига буюклик битилганини ўзи ҳам билмаган чоғлариёқ шу эл учун қайғурган халқпарвар давлат арбоби,  оқил сиёсатчи, Буюк йўлбошчи мамалакатимиз тарихи, истиқлол номи билан бирга ёдга олинаверади.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА

Буюк юртбошимиз хотираси қадрланди

Андижон машинасозлик институтининг "Машинасозлик" факультетида ҳам биринчи президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан хотира тадбири бўлиб ўтди.

Институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари иштирок этган тадбирни факультет декани М. Қўчқаров очиб, биринчи президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти, айниқса, мустақилликнинг дастлабки қийин йилларида кўрсатган жасоратлари, юртимиз ривожидаги беқиёс хизматлари ҳақида гапирди.

Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори У. Абдуллаев юртимизни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтиришда биринчи президентимизнинг меҳнатлари ниҳотда катта эканлиги, ёшларимиз айнан, у орзу қилганидек фидоий, мард, ватанпарвар бўлишлари кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда "Машинасозлик" факультети маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари Р. Отахонов, кафедра мудири М. Саттаров, институт маънавият-маърифат бўлими раҳбари М. Холиқовалар сўз олиб, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳаёти, фаолияти, буюк давлат арбобининг жасорати ва фидоийлиги, айниқса, мамлакатимизда машинасозлик саноатини шакллантириш, илм-фан тараққиёти, олий таълим тизими ривожи йўлидаги улкан ишлари ҳақида гапирдилар. Талаба Р. Ҳамиджоновнинг биринчи президентимизга бағишланган "Сиз қалбимиздасиз" шеърини барча хаяжон билан тинглади.

Тадбир сўнггида Ёшлар иттифоқининг институтдаги бошланғич ташкилоти фаоллари томонидан биринчи президентимиз ҳаёти ва босиб ўтган йўли, ёшларни мард, жасур ва ватанга фидоий бўлишга ундовчи видеоролик намойиш этилди. 

Хайрулло ВАСИЕВ,

 

Андижон машинасозлик институти матбуот ва ахборот хизмати ходими.

Ҳамиша ёдимизда

Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган  маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талаба ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимиз биринчи президентининг узоқни кўра биладиган доно раҳбар, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидойи инсон, адолатли йўлбошчи, юксак салоҳиятли сиёсатчи эканлиги, унинг ташаббуси ва раҳнамолигида тарихан қисқа давр ичида юртимизда асрларга татигулик улкан ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Иштирокчиларга улуғ йўлбошчимиз ҳаёти, фаолияти, юртимиз тараққиётини юксалтириш йўлидаги буюк хизматлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

- Улуғ йўлбошчимиз ташаббуси билан юртимизда эл-юрт фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият ўртасида ўз ўрни ва мавқеини топди, айниқса, биз ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятимизни тўлақонли намойиш этиш учун барча шароитлар яратиб берилди, - дейди Андижон давлат университети талабаси Моҳинур Абдураҳмонова. - Бизни фарзандларим дея, улкан имкониятлар эшигини очиб берган биринчи Президентимиз хотирасини ҳеч қачон унутмаймсиз, у кишининг номи халқимиз ёдида мангу яшайди.

Шунингдек, анжуман доирасида Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон", "Маънавият" нашриётлари томонидан чоп этилган китоблари тақдимоти ўтказилди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Шукроналик

     Узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг пойабзали эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига "шунақа ҳам ночор одам бўламанми?" дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланди.

Шаҳар кўриниб, дарвозага яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини сўраб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: "Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да", деб шукроналик йўлини тутди.

Бу воқеа гарчи аввалги замонларда бўлиб ўтган бўлса-да, ҳозирги пайтда ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Зеро, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. "Неъматнинг қадри кетганда билинади", деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.

Қачонки, Аллоҳ сақласин, кўзимизга шикаст етсагина, кўзимиз борлигини, бирор    жойимиз оғриб қолса, оғриган ўша аъзо танамизнинг қайси жойида жойлашганлиги ҳақида "билиб қоламиз". Ана ўшанда     дунёда кўзи ожизлар, оёқ ёки қўллари ишламай қолган одамлар, узоқ йиллардан буён Аллоҳ берган дард туфайли тўшакка михланиб қолган одамлар ҳам борлигини ҳис қиламиз. Бу ҳиссиёт бизларни шукр қилишга ундайди.

"Соғлик - инсонлар бошидаги тож бўлиб, уни фақат ва фақат соғлигини йўқотган инсонлар кўра оладилар". Яна, баъзида ишларимиз юришмаётганлиги, қилаётган ишларимизда зафар ёр бўлмаётгани ҳақида нолиймиз. Шундай пайтларда биздан кўра ҳам ҳоли ночор, аммо, шукроналик билан ҳаёт кечираётган, тўкин дастурхон олдида ўтириб, сархил неъматлар ичида яна нималарнидир бўлишини хоҳлаган пайтимизда соддагина ҳаёт кечириб, тани соғ, хотиржамлигини барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар ҳам борлигини эслашимиз лозим.

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда    марҳамат қилиб: "...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейди ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди.

Жонажон Ватанимизда, хусусан, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободончилик, улкан бунёдкорлик ишларига ҳавас ва ифтихор билан қарайлик. Ушбу ишлар замирида юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётибди. Барчамиз юрт равнақи йўлидаги ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шукроналик, эртанги кунга умид ва ишонч ҳаётимизнинг шиорига айлансин.

Аллоҳ таоло, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топишини, гуллаб-яшнашини,   халқимиз ҳаёти фаровон, осмонимиз мусаффо бўлишини насиб этсин.

 

Нурилло Бойматов,

Андижон туманидаги "Файзибой ҳожи" жомеъ масжиди имоми.

ОТА, СИЗНИ СОFИНДИМ!

Дил туFёни

Ота... Забонимни сўзлатган, ҳаётимнинг илк қадамларидан то шу кунгача мени соғинтирган сўз. Бугун ота десам  бўғзимга бир нима тиқилади. Наҳотки, бугун орамизда йўқсиз. Йўқлигингизни англар эканман, бағрим эзилади. Ота, ҳаётлингизда қандай яхши эди-я! Олам рангдор, ҳаёт гўзал, қарашларим бошқача эди. Тилимдан бир сўз тушмайди. Сиз ўлмагансиз.  Менинг давомли эзгу ишларимда яшайсиз.

Бугун мен онаман. Фарзанд-ларим иқболини кўриб, қувонаман. Елкамда катта масъулият бор. Англаб етдимки, Сиз шунчалар машаққат чеккан экансиз. Мен эрка қизнинг шўхлик ва бебошликларимни кўтарганингизни эсласам кўзимдан ёшлар томчилайди. Тақдир чархпалаги  айланиб, мени ҳам ҳаётнинг ташвишлари енгмоқда. Ота, сизни соғиндим. Исмимни тилингизга олганингизда истиқболингизга ошиқиб, юрагиб ҳапқириб кетарди. Қадам товушларингиздан билардим, сезардим меҳрингизни.  Дардларим йиғилиб, қўлимга қалам олдим, ота. Сизни соғиниб, қўмсаб.

 

Сиз кетдингиз кўнгил уйим,

Вайрон бўлди, дадажон.

Тоғлар қулаб, рангу рўйим

Сомон бўлди, дадажон.

Сизни йўқлаб дунёларга,

Сиғдиролмайман ўзим.

Осмон узоқ, ер қаттиқ,

Етмайди ҳатто сўзим.

Сиз ҳақингизда ёзсам,

Қоғоз, қалам етмайди.

Юрагимдаги ярам,

Бир умрга битмайди.

Ҳаёт мени улғайтириб, ундирди. Аёл қалбим билан юксак марраларни кўзлайман. Фақат кўз олдимда сизнинг ёрқин чеҳрангиз, самимий қиёфангиз намоён. Тананимга сингдираман: Сиз ҳаётсиз, фарзандларимнинг кўзларида, сўзларида яшайсиз.

Донохон ИБРАГИМОВА