+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАҲОРАТИМ ЙЎҚ ЭДИ...

Яқинда бир олим кишидан ушбу ривоятни эшитган эдим. Уни азиз ўқувчиларимга илиндим.

...Эмишки, турк султони ўнг қўл вазирининг Муҳаммад исмли ўғлини саройнинг бош муншийси қилиб ишга олибди. Бундан боланинг отаси - вазир беҳад хурсанд бўлибди. Йигит султон саройида ўзининг ўткир илми, одоби, хушфеъллиги, ширинсуханлиги, донолиги, хатининг чиройлилиги билан обрў топибди. Султон уни доим йиғилишларда ҳурмат қилиб, "Муҳаммаджон" деб чақирар, ёнига ўтқазар, майин табассум билан муомала  қилар эди. Вазир ўғли билан султон ўртасидаги ширин муносабатни кўриб, ич-ичидан қувониб юрди. Бу ахир отанинг бахти-ку.

Нима бўлди-ю, кунларнинг бирида саройдаги катта анжуманда султон Муҳаммадхоннинг номини айтмай:

- Вазирнинг ўғли, ёнимга кел, - деди. Бу сўзни эшитган вазирнинг ичига муз киргандай бўлди. Уни шубҳа босди: "Нега энди султон ўғлимнинг исмини айтмай "вазирнинг ўғли" деб чақирди? Ўғлим бирор бир ножўя иш қилдимикин?". Бир неча кун шундай хаёллар гирдобида юрди. Кунларнинг бирида султонни ҳоли топди. У анча хурсанд ўтирган эди, шунда вазир ўша кунги воқеанинг сабабини сўради. Султон кулиб:

-Ўғлингнинг исми-сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.)нинг исми. Уни таҳоратсиз айтиб бўлмайди. Ўша мажлисда таҳоратим йўқ бўлгани учун "вазирнинг ўғли" деб чақирдим,-деди. Шундан сўнг вазирнинг шубҳаси йўқолди, кўнглига ёруғлик тушди.

Мен бу ривоятдан таъсирланиб, бир йиғилишда ўртоқларимга айтиб бердим. Ҳикоя тугагач, даврадагилардан бири - кекса педагог Мадаминжон Саидов:

- Домла, Навоий ҳазратларининг исми ҳақида худди шунга ўхшаш воқеани эшитганмисиз?, - деб сўраб қолди. Мен:

- Йўқ, эшитмаган эканман. Айтинг-чи? - дедим.

У гап бошлади:

...Бу воқеа Тошкентда бўлган. Алишер Навоий ижодига бағишланган катта анжуманга дунёнинг жуда кўп жойларидан йирик олимлар, машҳур шоир ва ёзувчилар, навоийшунослар, таржимонлар келган экан. Улар орасида доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов ҳам бўлган. Анжуман тугагач, меҳмонлар шарафига катта ресторанда зиёфат берилган. Зиёфат охирида бир журналист йигит Расул Ҳамзатовни ҳоли топиб:

- Расул оға, Алишер Навоий ижоди ҳақида озгина интервью берсангиз? -дебди.      

Расул оға чўчиб:

- Болам, кўрдинг, мен зиёфатдан турдим. Таҳоратим йўқ. Бу улуғ зотнинг исм-шарифини таҳоратсиз тилга олиш гуноҳ... Эртага меҳмонхонага бор, ўша ерда батафсил гаплашамиз, - дебди. Журналист йигит эртасига меҳмонхонага бориб Расул Ҳамзатовдан интервью олган экан.

Олимжон РАҲИМОВ,

 

Асака тумани.

Қори ва қориялар Қуръон қироати бўйича мусобақалашди

Вилоятимизда "Ўзбекистон қуръон мусобақаси - 2018" кўрик-танловининг вилоят ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда пойтахтимиздаги "Хасти Имом" мажмуасига ташрифи чоғида мамлакатимизда Қуръон мусобақасини ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ана шу таклифдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан мамлакатимизда Қуръон мусобақасини кенг миқёсда ўтказиш белгиланган.

Бир неча кун давомида вилоятимизнинг қатор туман ва шаҳарларида Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони каримни қалб-ларига жо қилган қори ва қориялар, гўзал қироат соҳибу соҳибалари ўртасида мусобақалар ўтказилиб, юртимиз узра илоҳий калом янгради.

Ушбу мусобақанинг Андижон шаҳри, Олтинкўл, Асака, Избоскан, Шаҳрихон, Хўжа-обод ва Қўрғонтепа туманларида ўтказилган вилоят ҳудудий босқичида 18 дан 40 ёшгача бўлган диний таълим муассасаси талабалари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидорга эга қори ҳамда қориялар хифз ҳамда тиловат йўналишлари бўйича ўз иқтидор ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Аллоҳнинг буюк неъмати - Қуръони каримни ёд олиш, чиройли ўқий олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг гўзал савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиш, завқланиш шарафига муяссар бўлмоқдамиз, - дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоят вакили, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар бўйича ёрдамчиси Саодатхон Расулова. - Бизга  шундай бахтни насиб этган Парвардигоримизга беадад ҳамдлар айтамиз, қолаверса, мусобақа ташаббускори бўлган юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Юқори савияда ташкил этилган мусобақада 18 дан 25 ҳамда 26 дан 40 ёшгача бўлган 1185 нафар қори ва қория иштирок этди. Уларнинг чиқишлари, яъни қироати ҳамда диний билимлари мусобақанинг нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Уч кун давом этган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, хифз ва тиловат йўналишлари бўйича 27 нафар қори ва 17 нафар қория мусобақанинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Қуръон қироатининг хифз йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, мусобақанинг вилоят  босқичига йўлланма олдим, - дейди Андижон шаҳридаги Фаробий маҳалласида яшовчи Рафиқахон Мухторжонова. - Диний сабоқ ва қироат илмини онамдан ўрганганман. Насиб этса, мусобақанинг келгуси босқичларида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан. Мен энг аввало, диний билимларимиз, Қуръони карим қироати борасидаги иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этиш учун имконият яратиб берган мусобақа ташаббускори-     Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман.

Ҳудудий босқич ғолиблари ва барча иштирокчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

жамоатчи мухбир.

 

Навоий ижодида аёллар тимсоли

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижодига эътибор қаратсак, бу буюк зот оилани, оналар ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини юксак баҳолаб, уларнинг орзуларини назм ипига маржондек тизганини кўриш мумкин.

Алишер Навоий ўз даври ҳаётининг манзараларини кенг очиб берган ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. У яратган ажойиб образлари орқали инсонпарварлик ғояларини илгари сурди. Навоий ўша даврнинг зулми остида эзилиб яшаган аёлларнинг қаддини кўтариш учун асарларида улар ҳақидаги илғор фикр ва орзуларни юксак бадиий шакл ва бўёқларда, ўзига хос бадиий воситалар орқали ифодалади. Аёлларга паст назар билан қарашни  танқид остига олди. Аёлларнинг бетимсол образларини яратиб, ўзининг ҳаётий ва романтик орзуларини баён қилди.

 

Қош бирла, кўзинг яхши  ёноғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши,

Енг бирла менгинг яхши  сақоқинг яхши,

Бир бир не дейин бошдин то оёқинг яхши.

 

Ўзбек мумтоз адабиёти тарихига назар ташлар эканмиз, аёллар образларини яратишдек муҳим ишга ҳеч бир шоир Алишер Навоийдек катта аҳамият бермаган. Вафо ва садоқат, ишқ-муҳаббат бобида гўзал аёллар тимсолини, уларнинг юксак маънавиятини ўз ғазалларида жуда чиройли ифодалаб берган.

Хотин-қизларга нисбатан салбий муносабат ҳукм сурган ХV асрда Навоий болалар тарбиясида аёллар - оналарни оталар билан баробар ўринга қўяди.

Ота ва она бирдек ҳурмат-эҳтиромга муносиб эканлигини баён этади:

 

Бошни фидо айла ато қошига,

Жисмни қил садқа она бошига.

Тун-кунингга айлагали нурфош,

Бирисин ой англа, бирисин - қуёш.

 

Алишер Навоий "Ҳайрат-ул-аброр" достонида фарзандларнинг ота-онага ҳамиша содиқ бўлиши, уларга самимий хизмат қилиши зарурлигини уқтиради.

"Фарҳод ва Ширин" достонидаги Ширин образи оқил ва доно, ижодкор, вафодор, ватанпарвар каби фазилатларга эга бўлган мукаммал аёл образидир. Ширин "Мен инсонман, шунинг учун ҳам чин инсонни севаман", дейди.

 

Менга не ёру не ишқ ҳавасдур,

Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.

 

Аёллардан тадбиркор, олима, давлат арбоблари чиқишига ишонган Навоий ўз қарашларини Меҳинбону образи орқали ифодалаб беради.

 

Меҳинбону ки донишпарвар эрди,

Билик аҳлига шоҳи сарвар эрди.

 

Навоий тасвирлаган аёллар ҳар жиҳатдан юксак қобилият соҳибаларидир. Унинг Лайлиси эркин севгини истайди, ўша замон урф-одатларига лаънатлар ўқийди. Ширин тимсолида ватанпарварлик, одамийликни кўрамиз. Меҳинбону адолат ҳомийси, давлат бошлиғи, буюк истеъдод эгасидир. Лубатий Чиний камтар, баҳодир аёл тимсолидир.

Навоий яратган тимсолларда ХV асрдаги аёлга паст назар билан қаралган тузумда оғир кунларни кўрган, эзилган ва хўрланган аёллар нуфузини кўтаришга интилади. Айниқса,    даврдан норозиликни Лайли тилидан шундай ифодалайди:

 

Лайлики балоий фурқати бор,

Икки Мажнунча меҳнати бор.

Умр анга ғалат ҳавасдур, ахир,

Жон тарки ажаб эмасдур ахир.

 

"Сабъаи Сайёр" асаридаги чанг чалувчи Дилором тимсоли, вафодор аёл қиёфаси ўзига хос, гўзал кўринишлар орқали ифодалаб беради.

"Садди Искандарий" достонидаги Чин гўзали Лубатий Чиний образи ҳам жасур, кучли, мард, жангларда ўз матонати билан душманларга қарши мардонавор курашиб, фақат ғалаба қозонган мукаммал қаҳрамон аёл тимсолидир.

Алишер Навоий юқоридаги каби аёллар образини яратиш билан давр олдига муҳим ижтимоий муаммоларни қўяди. Шоирнинг беш аср аввал  орзу қилган ўй ва истаклари бугун озод ва обод мамлакатимизда ўз ижобатини топмоқда.

Бугун юртимизда аёллар қадр топган. Улар жамият ҳаётининг барча   жабҳаларида фаол иштирок этиб, ўзларининг гўзал маънавияти, билим ва маърифати билан миллатимиз шаънини, юрт равнақини кўтаришга катта ҳисса қўшмоқдалар.

 

 

Юлдузхон СОДИҚОВА

Камқонлик кўплаб хасталикларнинг келиб чиқишига йўл очади

Камқонлик - киши танасида темир моддасининг етишмаслигидан келиб чиқадиган хасталик ҳисобланади. Масалан, ҳар бир соғлом танада бор-йўғи 3-4 грамм темир моддаси мавжуд бўлади. Лекин у оз бўлишига қарамай, организм-да муҳим вазифани бажаради. Яъни у қизил қон таначалари таркибига кириб, тўқималарга кислород етказиб беришдек улкан ва муҳим вазифани бажаради.

Танадаги темир моддасининг қариийб 67 фоизи қизил қон таначалари (эритроцитлар) таркибида, 27 фоизи махсус бирикмалар (ферритин, гемосидерин) таркибида жамғарма сифатида, 5,9 фоизи эса организмдаги турли ҳужайралар таркибида, шунингдек, мускул тўқималари ва энзимлар таркибида ва ниҳоят озгина миқдорда (0,1 фоизи) қон плазмаси таркибида мавжуд бўлади.

Темир моддаси гўштли маҳсулотлар таркибида кўп бўлиб, улардан яхши сўрилади. Сабзавот, мева ва ўсимликларда эса бу модда гўштга нисбатан камроқдир.

Балоғатга етган қизларда ва аёлларда ҳайз кўриш, ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврида кунига 1,5 ва ҳатто 2,5 мг.гача темир моддаси йўқолиши мумкин. Баъзан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат таркибида темир моддаси жуда оз бўлади ёки у ичак касалликлари туфайли организмга кам сўрилади. Шунингдек, ўсмир ёшларнинг тез ўсиши, аёлларда кетма-кет ҳомиладорлик, организмдан турли сабаблар билан қон кетиши туфайли ҳам танада темир моддасининг миқдори кескин камайиб кетади. Бундай ҳолларда зарур даражадаги темир моддаси аввал организмда тўпланган жам-ғарма ҳисобига тўлиб боради. Шу боис киши темир моддаси мавжуд маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиб юриши лозим.

Темир моддаси етишмаслиги туфайли келиб чиқадиган камқонлик натижасида организмдаги барча органлар   функцияси бузилади. Бу айниқса, ҳомиладор аёлда ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, туғруқ оғир кечади. Бундай ҳолатда оналар ва болаларнинг тез-тез касалликка чалиниши кузатилади.

Камқонлик одамнинг меҳнат қобилиятини пасайтиради, шунингдек, бош оғриғи, юракнинг тез уриши ҳолатларини келтириб чиқаради. Киши тез чарчайди, кайфияти тез ўзгаради, арзимаган нарсалардан ранжийди ёки жаҳли чиқади. Темир етишмаслигидан беморда ҳимоя кучи пасаяди, танада сурункали касалликларнинг қўзғалиши, турли юқумли хасталикларга чалиниш эҳтимоли ортади.

Камқонлик касаллиги ҳатто инсоннинг ташқи қиёфасига ҳам таъсир қилади: сочлар тўкилади, тери қуруқлашади, оёқ товонлари ёрилади, тирноқлар юп-қалашиб синади, тишлар мўртлашади...

Бугунги кунда мамлакатимизда кам-қонликнинг олдини олиш бўйича шифокорлар томонидан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур барча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекис-тон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ташаббуси билан вилоят, туман ва шаҳарларда камқонликни олдини олиш ва уни даволаш марказлари ташкил этилган. Улар махсус кўрсатмалар асосида касалликни тез аниқлайди, даволайди.

Саломатлигимиз ўз қўлимизда. Айниқса, камқонлик касаллигига эътиборсиз қарамаслигимиз керак. Истеъмол қилаётган кундалик таомларимизда гўшт маҳсулотлари билан бирга, нўхат, қуритилган ўрик, олхўри, кишмиш, гуруч, буғдой ва дуккакли ўсимлик маҳсулотлари  доимий бўлишини таъминласак, камқонликнинг олдини олган бўламиз.

Мунирахон БОЗОРОВА,

Андижон давлат тиббиёт институти  ўқитувчиси.

 

ЛОЙИҲА ТАРЅИБОТ ИШЛАРИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Оила жамиятнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятда оилалар барқарор ва мустаҳкам бўлса, ўша жамият гуллаб-яшнайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, унинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони юртимизда оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Юрт тараққиёти оилалар мустаҳкамлиги, оиланинг барқа-рорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ. Қолаверса, инсонлар ҳам ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Яъни, ўз уйи, оиласида бахт топган инсонгина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис этади. Шу маънода фармонда оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш билан боғлиқ жуда кўп вазифалар белгиланган.

Фармонга асосан "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази  ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида ташкил этилиб, "Соғ-лом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади.

Марказ мутахассислари фармон ижроси доирасида  умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг  мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб боришлари алоҳида қайд этилган.

Энди куч ва имкониятимиз кенгаяди, вилоятимиздаги мавжуд 700 мингдан зиёд оилаларни ўрганиш, зарур тадқиқотлар ўтказиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек,  давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туришга қаратилган ҳамкорликдаги  ишларимиз аниқ натижа ва самаралар беради.

Шу ўринда "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган мазкур лойиҳа мақсад ва йўналишига кўра давлатимиз раҳбарининг фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан ҳамоҳанг эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Марказимиз таҳририят билан яқин ҳамкорлик қилади. Ишонаманки, лойиҳада белгиланган ишлар вилоятимизда соғлом ва баркамол оилани шакллантириш, бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.

Дилдорахон САМАДОВА,

 

"Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали директори.

СОFЛОМ ОИЛА - СОFЛОМ ЖАМИЯТ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

СоFлом ва баркамол оила - жамият кЎрки

Соғлом оила ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг ана шу йўналишдаги билим ва тушунчаларини бойитиш лойиҳанинг бош мақсади

Газетамиз таҳририяти томонидан амалга оширилаётган "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган лойиҳа "Соғлом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган  ишларни тарғиб этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ана шу йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган.

Лойиҳани амалга ошириш бир йилга мўлжалланган бўлиб, газетада бир ойда икки марта "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" рукни остида махсус саҳифа чоп этилади. Саҳифада вилоятимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар - оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизлар, хусусан, оналар ва болалар  соғлигини муҳофаза қилиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, жисмонан ва маънан соғлом фарзандларни тарбиялаш, олиб борилаётган ибратли ишлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш  хусусидаги материаллар бериб борилади.

Лойиҳа доирасида чоп этилган материаллар таржима қилиниб, газетамизнинг www iqbol.uz сайтига ўзбек ва инглиз тилларида жойлаштириб борилади.

Юртимизда хотин-қизлар соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, ёшларга чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳванд-лик сингари иллатлар ҳамда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари хусусида кенг тушунчалар бериш, ОИВ ва  ОИТС хасталикларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтишларининг аҳамияти ва муҳимлиги, оилаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, тўғри ва оқилона овқатланиш, озодалик ва покизаликни таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги халқимизнинг ўзига хос, тарихий қадрият, анъана ва урф-одатлари ҳақида мақолалар чоп этилади.

Лойиҳа доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий амалий маркази вилоят филиали, қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга, ёшларнинг оилани мустаҳкамлашдаги ўрни, оилани муқаддас билиш, бўлажак оналар, яъни қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларга гиёҳвандлик иллати, ОИТС хасталиги ҳақида кенг тушунчалар бериш мақсадида маҳаллаларда, таълим муассасаларида семинарлар ўтказилади. Семинарларда мавзу доирасида мутахассислар томонидан маърузалар ўқилади. Шу билан бирга, ўқувчилар ўртасида "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" мавзусида иншолар танлови ўтказилади.

Мухтасар айтганда, лойиҳанинг бош мақсади, аҳоли, хусусан, хотин-қизларимизнинг оила, соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини янада бойитиш, бу борада кенг кўламли тарғибот ишларини амалга оширишдан иборат.

Таҳририят лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ушбу йўналишда иш олиб бораётган мутахассислар, тиббиёт ходимларини ҳамкорликка чақиради.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

лойиҳа раҳбари.

Иқтидорли қизларга кенг имкониятлар

Фармонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг зарур чора-тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Бу ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқув юртлари мутасаддилари зиммасига ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича катта масъулият юклайди. Тизимда белгиланган вазифаларни, хусусан, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни оилага, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун зарур барча ишлар амалга оширилади.

Айниқса, ҳужжатда Зулфия номидаги Давлат мукофоти эндиликда  ҳар бир вилоятдан икки нафардан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли қизга тақдим этилиши шунингдек, ушбу мукофот соҳибалари олий ўқув юртларига давлат гранти асосида, синовларсиз қабул қилиниши белгиланганлиги барча қизларимизни янада қувонтиради, уларга куч ва шижоат бағишлайди.

 

Наргиза ХУШВАҚОВА,

вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими

бошқармаси етакчи мутахассиси.

Фаолиятимиз сифати ва салмоғи янада ортади

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган юқоридаги фармон мамлалакатимизнинг барча аёллари каби биз қорасувлик хотин-қизларни ҳам беҳад қувонтирди. Чунки мазкур ҳужжат опа-сингилларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини тубдан яхшилаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади

Айни кунда  Қорасув шаҳрида 17,5  минг нафарга яқин хотин-қиз истиқомат қилади. Қўмита, унинг бошланғич ташкилотлари етакчилари, фаоллари томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бундан буён ҳам фармонда белгиланганидек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган опа-сингилларимизнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш,  меҳнат шароитларини яхшилаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этиш борасидаги ишларимиз кўлами янада кенгаяди.

Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб этилмаслиги белгиланганлиги жуда ўринли бўлган. Очиғи, кўп вақтимизни ишимизга алоқаси бўлмаган тадбирларда ўтказиб, олтинга тенг вақтни зоя кетказар эдик. Бундан буён ҳужжатда таъкидланганидек, ишларимизни самарали ташкил этиш, кўпроқ ўз фаолиятимизга даҳлдор ишлар билан шуғулланиш имконига эга бўламиз.

   Юртимиз хотин-қизларига катта куч ва кенг имкониятлар эшигини очиб берган ушбу фармон биз хотин-қизлар қўмиталари етакчиларини янада фаол ишлашга ундайди.

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

 

Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҲкамлаш соҲасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгрисида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан:

биринчидан, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмас, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаган, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолият самарасиз ташкил этилган;

иккинчидан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмаяпти, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги паст даражада қолмоқда;

учинчидан, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги фаолият етарли даражада ташкил этилмаган, оналар касаллиги ва перинатал касалликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш бўйича самарали тизим, айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларида мавжуд эмас;

тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрилмаяпти, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга юридик маслаҳатлар бериш механизми замон талабларига жавоб бермайди;

бешинчидан, хотин-қизлар қўмиталарининг кенг кўламли вазифалари зарур ваколатларнинг йўқлиги ва ташкилий-штат бирликларининг етишмаслиги шароитида хотин-қизларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш борасида уларнинг куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш имконини бермаяпти;

олтинчидан, Республика "Оила" илмий-амалий маркази ташкилий бўйсунувининг ноаниқлиги ва зарур молиялаштириш манбаларининг мавжуд эмаслиги, оила муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича унга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда;

еттинчидан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилани мустаҳкамлаш, низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш соҳасида кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ишлар ташкил этилмаган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни инобатга олган ҳолда:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;

иккинчидан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

учинчидан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш.

2. Белгилансинки,   Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг аввало:

жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгардир.

3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни   мустаҳкамлаш бўйича мутахассис (кейинги ўринларда - мутахассис деб юритилади) лавозимини жорий этиш бўйича таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

мутахассис лавозими ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан жорий этилади;

мутахассис фуқаролар йиғини биносида жойлашади, лавозими бўйича фуқаролар йиғини кенгашининг таркибига киради ва фуқаролар йиғини билан яқин ҳамкорликда ўз фаолиятини амалга оширади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда 2018 йилнинг 1 апрелига қадар фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича ҳар бир маслаҳатчиси фаолиятини танқидий ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича янгидан киритилган мутахассис лавозимларига етарли билим даражасига, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажара оладиган шахсларни тайинлаш чораларини кўрсин.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, вилоят марказлари бўлган шаҳарлар, туманлар (шаҳарлар) хотин-қизлар қўмиталари ижро этувчи аппаратларининг намунавий тузилмалари 3, 4 ва 5-иловаларга мувофиқ;

Хотин-қизлар қўмиталари ижро этувчи аппаратлари ходимларининг чекланган сонига нисбатан тоифаланган вилоят марказлари бўлган шаҳарлар, туманлар (шаҳарлар) рўйхати 6-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппарати ходимларига нисбатан, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари ходимлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 9 январдаги ПҚ-2722-сон қарорининг 1-бандида белгиланган ҳар ойлик устамалар қўлланилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази (кейинги ўринларда "Оила" маркази деб юритилади) ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида ташкил этилсин ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғлом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш;

замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш;

давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш;

оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

7. Белгилансинки:

"Оила" маркази директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади

ва лавозимидан озод этилади;

"Оила" маркази директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича вазирга, директорнинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

"Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар   бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари "Оила" марказига ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисобот беради;

"Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар   бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан "Оила" маркази директори билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

8. Белгилансинки, "Оила" маркази директори ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг аввало:

оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятга унинг замонавий намунали шаклини сингдириш бўйича сифатли тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга;

оилада, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижадорлигига;

 

нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшилаш бўйича чоралар кўришга шахсан жавобгардир.

9. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

10. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар "Оила" марказига унинг сўровига кўра марказга юклатилган вазифалар билан боғлиқ бўлган зарур    ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотнинг тақдим этилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2018 йил 1 апрелдан ФҲДЁ органларини уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

ФҲДЁ органи фаолияти, "Оила" марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилсин.

12. "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид      бошқа масалалар бўйича  кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилсин.

Белгилансинки, махсус ўқув курсларида қайта тайёрлаш ва малакани ошириш "Оила" маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси,  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

13. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Тадбиркор аёл" уюшмасининг Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашиш.

14. Белгилансинки, 2018 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбе-кистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика "Оила" маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув аппарати ходимлари таркибига кирувчи пенсионерларга, уларнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда, пенсиялари тўлиқ тўланади.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" марказининг оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёллар учун "аёллар маслаҳатхоналари"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оилани режалаштириш, контрацепция усуллари, ҳомилани сунъий равишда тушириш ва жинсий йўллар орқали юқадиган касалликларнинг олдини олиш бўйича, шу жумладан, аноним тарзда, маслаҳатлар бериш;

оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ акушер-гинекологик ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналик ва перинатал касалликларининг ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш соҳасида аҳолининг билими ва санитария маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "аёллар маслаҳатхоналари", шунингдек, уларнинг асосий вазифалари юзасидан "тезкор алоқа тармоғи" фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин.

16. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга берилади;

умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

17. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилсин.

18. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ой муддатда:

"Оила" маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини, уларнинг тузилмаларини тасдиқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини, ҳар бир ходимнинг ваколатлари ва жавобгарлиги аниқ белгиланишини назарда тутган ҳолда, ташкил этиш;

махсус ўқув курслари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш;

туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси фаолияти, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари, шунингдек, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзанд-(лар)ини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароитларга эга арзон уйларни қуриш юзасидан ҳудудий манзилли дастурларни, шунингдек, уйларни бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилсин;

б) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасида оила      институтини мустаҳкамлаш  Концепцияси лойиҳасини киритсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Оила" маркази билан биргаликда бир ой муддатда:

нотинч ва эҳтиёжманд оилалардаги касаллиги, шу жумладан, репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллиги бор бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш;

Республика "Она ва бола скрининги" маркази ва Республика аҳоли репродуктив маркази ҳамда уларнинг бўлинмалари фаолиятини биргаликда ўрганиш, шунингдек, уларнинг аҳолига кўрсатаётган хизматларини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини тасдиқласин.

21. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" маркази, "Saodat" журнали ва "Оила ва жамият" газетаси таҳририятларини жойлаштириш учун бинолар ажратиш тўғрисида таклиф киритсин.

22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Оила" маркази билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан "Оила" маркази ҳудудий бўлинмаларини барча шароитларга эга бўлган хизмат хоналари, зарур мебель ва жиҳозлар, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва Интернет тармоғи билан таъминласин.

23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Фармонни амалга ошириш учун 2018 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида зарур бўлган бюджет маблағларини ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса ҳар йили ушбу маблағларни назарда тутсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2004 йил 25 майдаги ПФ-3434-сон Фармони 2018 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

25. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармондан келиб чиқиб, шу жумладан, ФҲДЁ органларининг туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши муносабати билан адлия ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ваколат ва функцияларини чегаралашни назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

26. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекис-тон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Т.Камилов зиммаларига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                          

                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

 

2018 йил 2 февраль

Нилуфар - партиянинг энг фаол аёли

Андижон давлат университетида "Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқ демократик партияси вилоят кенгаши томонидан партия аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш,   илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, ташаббускор ва фаол аёллар фаолиятини  қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 17 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Айни кунда партия ташкилоти тасарруфида фаолият кўрсатаётган 860 бошланғич ташкилот сафига 34 минг нафардан зиёд аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг 17 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 

Иштирокчилар партиянинг дастурий мақсадлари, низоми ва қонун ҳужжатларидан қай даражада хабардорлиги, сиёсий ҳозиржавоблиги, лидерлик, нотиқлик маҳорати бўйича савол-жавоб ҳамда аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни ижобий ҳал этиш, янги иш ўринлари яратиш, оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш йўналишларидаги ижтимоий лойиҳалари тақдимоти шартлари асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, Жалақудуқ тумани вакиласи Нилуфар Хурхонова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловда иккинчи ўрин Шаҳрихон тумани вакиласи Зарифахон Сайдалиевага, учинчи ўрин Асака тумани вакиласи Феруза Тожибоевага насиб этди. 

Шунингдек, танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ