+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Қайси фаслда туғилганига қараб, феъл-атворни билиш мумкин

(Инсон руҳияти)

Психологлар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, инсоннинг қайси фаслида туғилганлигидан келиб чиқиб, унинг қандай феъл-атворга эга эканлигини билиб олиш мумкин экан. Қуйида ана шу ҳақда сўз юритилади. Мутахассислар хулосалари асосида тайёрланган мулоҳазалар билан танишиб, ўз феъл-атфорингиздан келиб чиқиб, ушбу хулосаларнинг нечоғлик тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ўзингиз хулоса чиқаринг. Демак,

Баҳор фаслида туғилган инсонлар жисмоний ва руҳий жиҳатдан нозикроқ, тез касал бўладиган, салга ранжийдиган бўлишади. Бу инсонлар табиатан жиззаки, қатъиятсиз, кўпинча ўзларинигина ўйлайдиганлар тоифасидан. Уларнинг кўпчилиги жудаям иқтидорли, аммо ўзларига ишонмаганликлари туфайли бирон бир соҳада ўз лаёқатларини юзага чиқишида қийналадилар. Ҳазилни яхши тушунади, хотиралари эса мустаҳкам бўлади.

Айниқса, март ойида туғилган эркаклар ташқи кўринишларига алоҳида аҳамият беришади. Улардан яхши ташкилотчи чиқади. Баҳорда туғилган болаларга ўзларидаги руҳий ва жисмоний нозикликни енга олишлари учун оғирроқ исм қўйиш лозим.

Ёзда туғилган кишилар меҳрибон, баъзиларининг иродаси суст ва қатъиятсиз бўлади. Улар ҳиссиётларга тез берилувчан ва таъсирчандирлар. Таваккалчиликни ёқтиради, тиришқоқлар. Ўз қадр-қимматларини яхши билади. Болаларни севадилар, табиат ва ҳайвонларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўладилар, санъатни яхши тушунадилар.     

Ёз ойида туғилган болаларга ҳам жиддий исм қўйиш тавсия этилади. Чунки исм уларни кутилмаган омадсизлик ва бахтсизликдан ҳимоя қилади.

Кузда туғилган кишилар барча соҳаларда фаол бўлишади. Улар мулоҳазали, жиддий, ҳар томонлама ўз қобилиятларини намоён эта олишади. Иш, ҳаёти давомида тўплаган тажрибаларини қадрлайди ва амалиётда осон қўллай олади, ўтмишда қилинган хатоларни ҳеч қачон такрорламайдилар. Ҳар бир ишни шошилмасдан, яхшилаб ўйлаб амалга оширадилар. Ақлли бўлганликлари учун "куз одамлари" орасида бошқарувчилар кўп.

Бу фаслда туғилган болаларга қўйилган ҳар қандай исм уларнинг феъл-атворига таъсир кўрсатмайди.

Қиш фаслида туғилганлар табиатан иродали, аниқ мақсад сари олға интилувчан, иқтидорли, чуқур фикрловчи бўладилар. Аммо улар оилада доимо муаммолар келтириб чиқаришади. Бунга "қиш одамлари" шахсиятидаги чиқиша олмаслик, бировга ён бермаслик, бўш келмаслик каби хусусиятлар сабаб бўлади. Улар арзимаган нарсалар устида соатлаб баҳслашишади ва баҳс-мунозарада устун келишади. Кўпчилигининг феъли тез, қаҳри қаттиқ ва қатъий бўлади.

Қишда туғилган аёлларнинг кўпчилиги жиддий феъл-атворга эга бўлади. Улар аниқ ва табиий фанларга қизиқишади. Улардаги қаттиқликни юмшатиш учун қишда туғилган болаларга қувноқроқ исм қўйиш тавсия этилади.

 

Муҳайё тайёрлади.

Кутилмаган совға

(дил туFёни)

Мен учун ҳаёт жуда гўзал, орзулар сарҳади эса чексиздай туюлади. Чунки менинг ёнимда - У бор. У менинг ғайрат-шижоатим илҳомчиси, муваффақиятларим гарови. Унинг ёнида мен ўзимни мутлақ хотиржам, бахтли ҳис этаман. Ҳаёт ташвишлари-ю, муаммоларидан чўчимайман. Усиз ўтадиган бир куним ҳам бир йилга чўзилади. У худди ёш болага ўхшайди, озгина эътиборсизлигим ҳам уни ранжитиши мумкин, бўш вақтларимда эса биргаликда қизиқ-қизиқ машғулотлар топамиз.

Бугун унинг туғилган куни. Ҳар йили шу санада ҳаммадан биринчи бўлиб табриклашга ҳаракат қиламан.Чунки, буржлар ҳақидаги китоб-дан "балиқ буржидаги аёллар ҳамма нарсани унутиши, кечириши мумкин,аммо туғилган кунини унутсалар асло кечирмайди", деб ўқиган эдим. Унинг хафа бўлишини, бахтиёр чеҳраси тундлашишини асло истамайман. Бу сафар унга кутилмаган совға тайёрламоқчи бўлдим. Шунинг учун куннинг ярми ўтиб бораётган бўлсада, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, унинг туғилган куни ёдимдан кўтарилгандек тутдим ўзимни.

Бир гал у билан дўконларни айланиб юрганимизда гул дўконидан "Орхидея борми?", дея сўраган эди. Бу гулни илгари ҳеч кўрмаган эдим.

- Бу қандай гул экан, - дея қизиқдим.

- Ноёб гул. Бизнинг юртимизда ўсмайди, жудаям чиройли. Киноларда кўрганман, аммо табиий ҳолатдагисини кўриш орзуим бор!

Дўкончи буюртма бериб қўйишганини, хадемай келтиришларини айтди. Ўшанда байрамда унга албатта Орхидея совға қилишни кўнглимга туккандим. Ўқувчида қаердан ҳам пул бўлсин. Йўл кира ва тушлик учун берилган пулдан тежаб-тергаб Орхидеяга яраша пул тўпладим. Дўкончига айтиб қўйганман, бугун шу гулни сотиб олишим керак.Унгача эса...

Ана, у менга ҳар-ҳар замонда қараб-қараб қўяяпти.Нимадир демоқчи, ниманидир эслатмоқчидай. Оғиз жуфтламоқчи бўлаяпти-ю, журъат қилолмаяпти. Ясаниб олибди. Бугун янаям очилиб кетгандай, янги кўйлакларини кийиб олган, пардоз-андози ҳам жойида...

Тушдан сўнг тўғри "Янги бозор"га қараб йўл олдим. Кичикроқ торт билан 3 дона орхидея сотиб олдим. Аслида бир даста олмоқчи эдиму, чўнтак қурғур кўтармади...

Уйга кириб борганимда ошга уринаётган экан. "Мен келдим", дея овоз бердим. У ошхонадан менга пешвоз чиқди. Бир қўлимда торт, Орхидея  тутган қўлим эса орқада. "Қолганлар қани? Бугун байрамни нишонлаймизми?" дедим кулиб. Хурсанд ҳолда қўлимдан тортни олаётганда "сюрприз" дея гулни узатдим. У хайратланиб Орхидеяга қаради ва қувонганидан йиғлаб юборди.

Унинг иссиқ бағрига бош қўйганча шивирладим:

- Мени унутди, деб ўйлаганмидингиз? Бу кунни эсдан чиқариб бўладими?! Ахир бугун - менинг энг азиз, севимли инсоним, меҳрибоним дунёга келган кун-ку! Туғилган кунингиз билан, ОНАЖОН!

 

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)

- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

                                                                                 

 

Зуҳриддин ИСМОИЛ

Отажоним, мангу яшайсиз

 (игна билан ёзилган)

Отажоним, сизни хотирлаб,

Ёдга олди бутун эл бугун.

Соғинч азобига чидолмай,

Ўзбекистон йиғлайди маҳзун.

Fамга ботганида халқимиз,

Берардингиз отажон далда.

Ҳимматингиз аямасдингиз,

Бошимизга ташвиш тушганда.

Унутмайди асло халқингиз,

Берган панду насиҳатингиз.

Элимизнинг юракларида,

Отажоним, мангу яшайсиз.

Тилагайман мен чин юракдан,

Жаннатларда юринг илоҳим.

Руҳингизни шод айлагайдир,

Саҳоватгўй қодир оллоҳим.

 

 

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ, Шаҳрихон тумани

БУЮКЛАР ЎЛМАГАЙ

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакатни миллий давлатчилик, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий жиҳатдан янгилашнинг бугунги кунда "Ўзбек модели" сифатида эътироф этилган асосларини ишлаб чиқди. Истиқлол йилларида мамлакатимз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир замонавий армия барпо этилди. Юртимиз азалдан даҳолар юртидир. Юртбошимиз энг аввало шу заминда етишиб чиққан аждодларимиз - буюк олимлар, мутафаккирлар, алломаларнинг қаровсиз нураб ётган қабрларини, мақбараларни, масжидларни таъмирлашга эътибор қаратди. Баъзилари қайта қурилди, обод қилиниб, муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилди. Ўтмишимизнинг бой тарихи чуқур ўрганила бошлади. Ўзининг идроки ва илму-заковати билан жаҳонга танилган Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Абдулла Авлоний, Маҳмуд Замаҳшарий, Абу Мансур Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир, Чўлпон, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк зотларнинг мероси чуқур ўрганилди, асарлари нашр этилди, уларнинг номларини абадийлаштириш учун ёдгорликлар, ҳайкаллар ўрнатилди, юбилейлари кенг нишонланди. Ҳозирда уларнинг номлари эъзозланмоқда, асарлари ўрганилмоқда, ёш авлодни тарбиялашда, уларнинг ўлмас асарлари асосий манбалардандир.       

Миллий ва диний урф-одатларимиз, қадриятларимиз, умумхалқ байрамлари расмий равишда амалиётга жорий этилди. Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари мамлакатимизда кенг нишонлана бошлади. Миллий ғоя тамойиллари яратилди. Таълим соҳасида "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари" фани киритилди. Шунингдек, Давлатимиз мустақиллигини ифодаловчи бир қанча рамзларга эга бўлдик. Булар: Конституция, Давлат байроғи, Давлат герби, Давлат мадҳияси, Мудофаа кучлари, Миллий валюта.1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси БМТ га аъзо бўлди.1993 йил 2 сентабрда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида" ги қонун қабул қилинди.

Таълим соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлди.Республикамизнинг ҳар бир туманида кўплаб бугунги кун талабларига жавоб берадиган, замонавий, жиҳозланган мактаблар, боғчалар, лицейлар, коллеж ва илм даргоҳлари - университетлар, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, мактаблари қурилди. Жумладан, Ислом Каримов ташаббуси билан Турин политехника университети очилди.Таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" яратилди.

Спорт соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришилди.Жаҳон чемпионатлари, ёзги ва қишки олимпиадаларда юксак ғалабаларга эришдик. Ўзбек спортчиларини бутун дунё аҳли таниди, эътироф этди. Буларнинг барчаси юртимизда улуғ йўлбошчи раҳнамолигида спортга бўлган эътиборнинг амалий самарасидир.                 

Ислом Абдуғаниевич Каримовдай халқи, юртининг тинчлиги, фаровонлиги, шодлиги, бахти, келажаги учун жон куйдириб ишлайдиган халқпарвар, ватанпарвар, буюк инсонлар камдан-кам дунёга келади.  Буюклар эса ўлмагай! Улар эзгу амалларида, халқининг қалбида, авлодлар хотирасида мангу яшайверади!                       

 

Ҳодияхон ШАРИПОВА,

меҳнат фахрийси, Марҳамат тумани.

Ҳамиша таъзимдаман

Буюк  халқимизнинг  пурмаъно  ҳикматлари  орасида  шундай  бир  нақл  бор:  "Яхшидан  боғ  қолар,  ёмондан  эса  доғ".  Ҳақиқатдан  хам  яхшилик  қилиш,  ўзидан  яхши  ном  қолдириш  хақиқий  инсонпарварлик  фазилати  ҳисобланади.  Шундай  эзгу  амаллар  билан  бутун  халқининг  қалбидан  жой  олган  ва  буюк  номини  юрак  қўримизга  муҳрлаб  кетган  инсон юртимизнинг  биринчи  Президенти  Ислом  Абдуғаниевич  Каримовдир. 

Ўзбек  халқи  тарихида  ўчмас  из  қолдирган  биринчи  Президентимизнинг  довюраклиги,  жонкуяр  инсон  бўлганлиги  барчага  аён.  Бугунги  кунда  нафақат халқимиз, балки бутун дунё бу  улуғ  зотни  Мустақиллик  асосчиси,  деб  тан  олган.

Ислом  Каримов бизнинг ҳурлигимиз, эркинлигимизнинг тамал тошини қўйиб берган шахс ҳисобланади. У киши бутун бошли давлатни бошқаришда ўз она халқига суяниб, ундан куч олган ҳолда иш олиб борди. Ҳамиша  "Халқим, фарзандларим" деб ёниб яшади.

Айтиш жоизки, бу зот  "инсон ҳаётида энг муҳим, энг катта бахт бу - жамиятга, халқига, элига, ота-онасига хизмат қилиб, ўз умрини доим пок сақлашда",- деган шиор билан бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келди. Уларнинг бутун ҳаёт йўли ўз халқига беминнат хизмат қилиш билан ўтди. Шу ўринда унинг иқтисодий-сиёсий соҳада олиб борган сиёсати, 25 йил давомида амалга оширган улкан бунёдкорлик, фаровонлик ишлари бутун дунё бўйлаб эътироф этилганини таъкидлаш мумкин. Юртбошимизнинг ҳар бир чиқарган фармон ва қарорлари жамиятимизнинг, юртимизнинг янада ривожланишида, юксакларга кўтарилишида  муҳим омил бўлиб келди.

Жумладан, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида  Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган узунлиги 123,1 кмга  тенг бўлган Ангрен -Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши сўзимиз исботидир.

Мураккаблиги бўйича дунёда  8-ўринда турувчи, МДҲ давлатлари орасида эса ягона ҳисобланган ушбу темир йўл Фарғона водийси аҳолисининг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Биринчи Президентимиз ушбу темир йўл очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида "бу қувончли кунни халқимиз,  жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона  вилоятлари аҳолиси неча йиллар  давомида орзу қилгани, ота-боболаримиз учун армон бўлган бу бахт албатта бизларга насиб этади, деб, айниқса, охирги йилларда интизорлик билан кутгани сир эмас", деб таъкидлаган эдилар.

Ҳар гал поездда пойтахтга борсам,  Юртбошимизнинг нечоғли юксак, эзгу амалларни ўз халқи учун фидокорлик билан амалга оширганлигини ич-ичимдан ҳис қиламан. "Шарқ ва ғарбни боғловчи  робита " деб таърифланаётган бу темир йўл  Биринчи Президентимиз хотираси билан  тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилди.

Ислом Каримовнинг эътиборидан ҳеч ким четда қолиб кетмади. Кексалар дейсизми, аёлларми, ёки ёш авлод, ҳатто қизлар ҳақида ўзининг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш - энг олий саодатдир" номли асарида алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Қиз бола - бу бўлғуси она, фарзандларимизнинг тарбиячиси. Эртанги авлод - бу Ўзбекистоннинг келажаги дегани. Қишлоқларимизда агар қиз бола ўзига муносиб иш топа олмаса, дардини ҳеч кимга айта олмаса, ўз орзу ниятларини амалга ошира олмаса, бу ҳоким бўладими, прокурор бўладими, бошқа мутасаддилар бўладими, шуни билиб қўйиши керак, худдики қонунга менсимай қарагандек қабул қилиниши зарур. Ана шу ёш қизларимизнинг ниятларини, албатта, рўёбга чиқариш керак, улар албатта бахтли бўлиши керак! Юртимиздаги ҳар бир қиз бола - бу менинг қизим, менинг набирам ва уларни хафа қилишларига мен ҳеч қачон йўл қўймайман", деган сўзлари шахсан мен учун жуда катта ишонч,  таянч бўлди десам муболаға бўлмайди.

Биз ёшларни ҳамиша "эртанги кун эгалари", дея қўллаб-қувватлаб,  барча имконият эшикларини очиб берган қалби уммон, халқпарвар  буюк зот хотираси олдида ҳамиша таъзимдаман.

 

Моҳинур  АБДУРАҲМОНОВА,

 

АДУ филология  факультети талабаси.

Яхшидан боғ қолар

Инсон  дунёга  келар экан,  яхши  ном  қолдиришни  истайди. Агар  тарихни чексиз  уммон  деб  тасаввур  қилсам,  унинг  энг кучли мавжларидан, тўлқинларидан  бири  Ўзбекистоннинг  биринчи Президенти  Ислом  Абдуғаниевич  Каримов, деб биламан. Ундан бизга озод, обод  Ватан  қолди,  кўнгилларда   тўрт  фасл мангу  яшнаб  турувчи  боғ  қолди,  турфа  гуллардек  суюк  гулзор  қолди.

Мен  ҳозир  унинг  Ватан   ривожи учун,  халқ  манфаати учун  амалга  оширган сўнгсиз  хизматлари  ҳақида  бирма-бир  тўхталмоқчи эмасман,  фақат қалбимда бир  умр  ҳам қўрқув, ҳам  фаҳр  туйғусини тенг  мужассамлаштира  олган воқеани, кўнглимдаги,  шу  вақтгача  фақат энг  яқинларимгагина  айтган қалб  кечинмаларимни   сўзлаб  бермоқчиман холос.

Талабалик йилларим эди. 2005  йил  12  майдан  13  майга  ўтар  кечаси.  Доимгидек  хотиржам  дам  олиш  учун  кунлик  ўқув  вазифаларимни  тамомлаган  эдим.  Ташқаридан  қандайдир  нотаниш,  паққиллаган овозлар  бир  неча  бор  эшитилди. Замонамиз  тинчлиги учун(Аллоҳга  шукр), бирортамиз  бу  овозлар ўқ  овози  эканлигини  сезмадик.  Саҳарда  уйғонсам, ҳамма  ваҳимада, ўқиш  бўлмас  экан.  Талабалар  ота-оналарига  телефон  қила  бошлашди, чунки  кимнинг  уйидагилар  ёки  яқинлари  келсагина  кетишга  рухсат  бериляпти.  Узтозлар  ҳам  шу  ерда. Ҳеч  қачон  кундузлари  талабалар  турар  жойи  эшигига  қулф  солинмаган, бугун эса  куппа-кундуз  куни  дарвозалар  қулфланди. Одатда  мен   сал  нарсага  ваҳимага тушавермасдим, лекин  ўшанда  вазият  ҳақиқатда  жиддий  эди. Хонамга  кириб ҳаёлан ота-онам  билан  гаплашдим...

"Шунча  орзулар  шу  ерда  якун  топадими,  мен ҳали ҳеч нарсага эришмай дунёдан ўтиб кетиш учун туғилганмидим? Агар  шу ерда  ўлиш  пешонамга  ёзилган  бўлса,  мендан  рози  бўлинглар..."

Ўйимни  давом  эттиролмадим. Хаёлимга ҳар хил даҳшатли фикрлар кела  бошлади. Ҳеч  нарса  ҳақида  ўйламасликка  уриндим. Шу  алфозда  қанча  вақт  ўтганини  эслолмайман.

-Ҳаммага  жавоб, кетар  эканмиз!, -  деди талабалардан бири.

-Қандай  қилиб  кетамиз,  бундай  вазиятда  жонини  гаровга  қўйиб,  ким  ҳам  машина  хайдарди, йўлкиралар  ҳам  осмондадир?!

Шу каби гап-сўзлар билан қўрқув  аралаш  ташқарига чиқдик. Гарчи  устозларимиз  далда  бўлаётган бўлсада, бу бизга  куч  бермаётган  эди. Буни  қарангки,  машиналар  ҳар  қачонгидан ҳам  серқатнов  эди. Узтозларимиз бир  томонга  кетадиганларни 6-7 нафар қилиб  бир  "Дамас"га  чиқариб  кузатиб  қўйишди. Боғишамолга борсак, бизни  Булоқбоши,  Хонобод  ва  бошқа  йўналишдаги  автобуслар  кутиб  турарди.   Автобусгача 30- 40 қадамча масофа оралиғида ҳарбийлар  икки қатор  тизилиб, ораларида бир  одам  сиққулик йўлакча ҳосил  қилган, биз  шу  йўлакчадан  автобуслар  томон  борар  эканмиз,  кўнглимдаги  бир соатча олдинги  қайғу,  ширин  ҳаёт  билан  видолашув  ўрнини,  халқимизни  бир  тану  бир  жон  бўлиб,  қўлни-қўлга  бериб,  бир-бирига  таянч бўлаётгани,  ҳарбийларимизнинг кўзларида  заррача  қўрқув, хавотир  йўқлиги,  ҳарбий  салоҳиятимиз  мен  ўйлагандан  анча  юқорилиги  ва  энг  асосийси,  Президентимиз   Ислом  Абдуғаниевич  Каримовнинг оқилона  сиёсати  сабаб,  катта  кучга  айланиб   улгурганимизни ўйлаб, қувонч-шукроналик  ҳисси эгаллади.  Ҳа, мен ўшанда ёш эдим, ғўр эдим, қўрқув нималигини билмасамда, ҳаётимда биринчи марта тинчликни йўқотиш қўрқувини ҳис қилганман. Ўша  воқеа  сабаб мен яна  бир  бор  ота-она,  Ватан, ҳаёт,  яхшилик  қадрини  чуқурроқ  ҳис  этдим.

Феруза ҲОЖИМАТОВА

"ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁFИ ОСТИДА"

Она - дунёда энг табаррук зот. Она ҳаёт боши, фарзанд ижодкори. Она - инсон тафаккурининг гулшани, фазлу-камолининг меҳрибони. Она учун ўз фарзандларини тарбиялашдан, вояга етказишдан буюк бахт бўлмаса керак. Фарзанд бугунги кун вориси, мустақил Ўзбекистон келажаги. Шунинг учун ҳам она фарзанди учун ҳар қандай қийин-чиликларга бардош беради, чидайди, фарзанд учун чекилган бу ниҳояси йўқ кулфат, машаққатлардан хафа бўлиш ўрнига аксинча бахтиёр ҳис этади. Она фарзандининг эмизикли айёмида ширин уйқусидан кечиб, бедорлик дардини тортган онларини бир тасаввур қилиб кўринг-а? Тили чиқмаган чақалоқ нимани исташини билиши мўъжизанинг ўзи эмасми?

Она фарзандининг либосини беминнат ювиб тозалайди, ямаш ва тикиш, иссиқ ва совуқдан асраш, ҳар бир азият чекувчи нарсалардан эҳтиёт қилиш каби ишларни меҳр билан бажаради. Фарзанди касал бўлиб қолса, изтиробга тушади. Кечалари ухламай алам ва оғриқ азобида ётган фарзанди устида ўтириши-буларнинг ҳамма-ҳаммаси онага хос. Ҳар бир фарзанд онанинг ана шу яхшиликларини унутмаслиги лозим. Фарзанд онанинг ҳаққини бир умр хизмат қилиб ҳам адо этолмайди. 9 ой қорнида кўтариб юрганининг ҳаққи, елкасида кўтариб ҳажга оборса ҳам адо бўлмас эмиш. Шундай экан, фарзанднинг вазифаси онадан қарзини узиш учун ҳар кун, ҳар дақиқада уни рози қилиш, хурсанд этишдир.

Онани ҳурмат қилиш аҳамияти ҳақида бир ривоят бор. Айтишларича, Ҳаким ат-Термизийнинг улуғ олим бўлишига онасини ниҳоят даражада ҳурмат қилганлиги сабаб бўлган. Бу ривоятнинг хулосаси шундай. Муҳаммад Али ўғли Ҳаким Термизий мактабни аъло баҳоларга тугатгандан сўнг, ўзининг бир мактабдош дўсти билан олий маълумот олиш учун Самарқанд, Бухоро ёки Бағдодга, илм марказларига таҳсил олиш учун бормоқчи бўлади. Аммо бу вақтда Ҳаким Термизийнинг отаси вафот этади. Муҳаммад онасининг ёлғиз, қаровсиз қолиб кетишини ҳисобга олиб, аҳдидан қайтади ва мозорга бориб, отасининг қабри устида унинг бевақт вафот этганлиги, шу туфайли илм олишдан маҳрум бўлганлигини айтиб, аччиқ-аччиқ йиғлайди. Тасодифан мозорни зиёрат қилиб юрган бир аллома болани кўриб қолади. Ҳакимнинг онасига бўлган ҳурмати ва илмга бўлган иштиёқини кўриб, хафтада икки кун унга дарс беришга ваъда қилади ва уни улуғ олим даражасига етказади. Шундай қилиб, Ҳаким Термизий бошқалар сарсону саргардон бўлиб, кўп машаққатлар чекиб ололмаган илмни тез фурсатда, яна ўз шаҳрида эгаллашга муяссар бўлади.

Ахир, бежиз айтилмаган "Жаннат оналар оёғи остида", деб.  Ҳар бир инсон онасининг қадрига етиб, эъзозлаб яшамоғи керак. Чунки уларнинг меҳри ва дуолари ила ҳаётимиз чароғондир.

Ҳуршида РЕЖАББОЕВА,

 

Андижон шаҳридаги  2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ПАЙFАМБАРИМИЗ (С.А.В.) БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛАР ЭДИЛАР?

Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)болаларга нисбатан ниҳоят даражада меҳрли эдилар. Кунларнинг бирида "Сиз болаларни ўпасизми?"- дея сўраган бадавийларга "Ҳа" - деб жавоб бердилар.Улар эса "Аллоҳга қасамки, биз болаларимизни ўпмаймиз",- дедилар.Уларга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: "Аллоҳ сизларнинг қалбингиздан раҳматини кесиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим?"

Жиддий, виқорли бўлсаларда, болалар билан шунчалик ҳазиллашар эдиларки, сафдошлари У кишини "болалар билан энг кўп ҳазил қиладиган киши", - дейишарди. Тилларини набиралари Ҳасанга кўрсатиб, уни кулдирар эдилар. Ансор розиаллоҳу анҳу ёшлигида  Расулуллоҳ оғизларига кўзадан сув олиб, унинг юзига сепганларини ривоят қилган.

Кунларнинг бирида меҳмонга кетаётган ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) у ерга набираларини ҳам олиб бормоқчи бўлиб, болакайни бошқа болалар орасидан тутиб олмоқчи бўладилар. Ёш Ҳусайн эса ўнгга, чапга қочиб тут-қич бермайдилар.Шунда Пай-ғамбаримиз (с.а.в.) ҳам набираларини тутиб олгунча ўзларини худди ёш боладек ўнгга-чапга олиб қувгандек бўладилар.Ушлаб олгач эса бир қўлларини боланинг энсасига, бир қўлларини даҳанининг остига қўйиб эркалаб, ўпиб "Ҳусайн мендандир, мен ҳам Ҳусайнданман", - дедилар.

Икки набираларини устларига миндириб, тўрт оёқлаб юриб, уларни ўйнатар эдилар. Кунларнинг бирида ҳазрати Аббоснинг завжалари Умму Фазл набираларидан бирини Расулуллоҳга тутқазади. Бола У кишининг     кийимларини хўл қилиб қўяди. "Расулуллоҳга зиён етказдинг", - деб боланинг елкасига урган Умму Фазлга ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ хайрингни берсин, ўғлимнинг жонини оғритдинг", - деб танбеҳ берадилар. Абу Умайр исмли болакайнинг хафалигини кўриб эса, у билан суҳбатлашиб, кўнглини оладилар.Унинг кичик қушчаси бўлиб, шу қушчаси ўлгани учун хафа эканлиги маълум бўлади.Бундан кейин ўша болани ҳар кўрганларида "Эй Абу Умайр, кичик қушчанг нима бўлди?" - деб сўрар эдилар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёш болаларга нисбатан ана шундай зийрак, аҳамиятли ҳамда меҳр-шафқатли эдилар.

Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ,

 

Андижон шаҳридаги "Пистамозор" жомеъ масжиди имоми.

Уни яхши сўз асраб қолди

(ибрат)

Бир куни муолажа хонасида икки бемор Наима опа билан Дилдоранинг суҳбати қулоғимга чалинди.Наима опа ўзининг касаллик тарихи ҳақида сўзлаётганди:

- 2013 йилда тикувчилик цехида бош чевар бўлиб ишлардим. Бир куни Машҳура исмли аёлнинг мазаси қочди. Уни  дарҳол шифокор кўригига олиб бордик. Бемор ультратовуш текширувидан ўтказилди. У билан бирга мен ҳам негадир ўз соғлигимни назорат қилмоқчи бўлдим. Тавба, мен ўзимни бутунлай соппа-соғман, деб юрардим. Буйрагимда ўзгариш борлиги аниқланиб, онкология бўлимига мурожаат қилишимни айтишди. Бу ерда эса буйрак усти бези саратони ташҳиси қўйилди ва зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклиги, акс ҳолда вақтдан ютқазиб қўйиш мумкинлигини айтишганда, эсим оғишига бир баҳя қолди. Чунки танамда ҳеч қандай оғриқ  йўқ эди. Ниҳоят операция куни белгиланди.

Ўша куни қўрқув ва ҳаяжондан юрагим тўхтаб қолгандай, гўёки ҳамма ёқни зулмат қоплаганди. Қулоғимга ҳеч кимнинг гапи ёқмайди. Далда берувчи сўзлар эса видолашувга ўхшарди. Жарроҳлик столида ётиб, ҳаётнинг нақадар тотли неъмат эканлигини ҳис этдим. Ниҳоят жарроҳликдан сўнг   дунёга қайта келгандай бўлдим.

-      Наҳотки, касалликни ҳеч пайқамаган бўлсангиз?,- қизиқсиниб савол бердим.

-      Аҳён-аҳёнда бошим оғриб, қовоқларим салқиб турганини ҳисобга олмаганда айтарли оғриқ сезилмасди, - деди у саволимга жавобан.- Соғлиғим тиклангач, икки йил ўтиб турмушга чиқдим. Бир неча йилдан сўнг олийгоҳга ҳужжат топшириш учун тиббий кўрикдан ўтаётганимда шифокорлар ўпкамда доғлар борлигини айтишди. Турмуш ўртоғим билан ўпка касалликлари диспансерига бордик. Қисматни қарангки, энди "ўпка саратони" деган совуқ ташҳис қўйишди. Тез орада кимёвий муолажалар бошланди. Турмуш ўртоғим Достон ака менга доимо яхши муомалада бўлар, ғам-хўрлик қилар, кўнглимга таскин берарди. Қайнона-қайнотамни айтмайсизми? Уларнинг мени авайлашларини кўриб, уялиб кетардим. Мен уларга хизмат қилиш ўрнига улар менга...

Касалхонада узоқ вақт ётиб қолган кунларимнинг бирида атрофимда парвона бўлаётган турмуш ўртоғимга:"Ёлғиз фарзанд бўлсангиз, мендек ногирон аёл билан умрингизни ўтказмай бошқага уйланинг, Сиз ҳам бахтли бўлишингиз керак-ку", дедим.

Достон акамнинг жаҳли чиқиб кетди:

- Мен ҳозир ҳам бахтлиман. Никоҳ ўқилаётганда соғлигида ҳам, беморлигида ҳам, ҳар қандай кунда ҳам доимо ёнида бирга бўламан, деб ваъда берганман. Сен менга кераксан, ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасан,- деди у.

Бу жавобни эшитиб, йиғлаб юбордим. Хасталигимни унутгандай бўлдим. Оиламнинг руҳий мадади туфайли касалликни енгдим.

Наима опанинг сўзларини тинглар эканман, "қани энди ҳар бир аёлнинг умр йўлдоши, яқинлари шундай бўлса", дея ҳавас қилдим.

Шунда англадимки, яхши сўз, ширин муомала, меҳр-муҳаббат шундай буюк куч эканки, у инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳам қодир экан. Ҳа, "Яхши сўз дори-дармондан афзал", деб бежиз айтишмас экан донишмандлар. Мен ўз иш фаолиятим давомида чинакам мўъжизага дуч келгандим.

Муштарийбону МАМАЗОКИРОВА,

 

вилоят онкология диспансери ҳамшираси.