+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ватан ичра ватан

Биринчи Президентимиз И. Каримов: "Маълумки, аср-лар мобайнида маҳаллаларда кўпдан-кўп ҳаётий муаммолар ўз ечимини топиб келади. Тўй-маъракалар ҳам, ҳашарлар ҳам маҳалла аҳлисиз ўтмайди. Маҳаллаларда сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалаларга доир жамоатчилик фикри шаклланади. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир" деган эди.

Дарҳақиқат, маҳалла халқимизнинг тарихан шаклланган, ягона ижтимоий ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи, миллий анъаналари, урф-одатлари, ахлоқий-маънавий қадриятларини авлодларга етказувчи муқаддас маскан бўлиб келган. Бугунги кунга келиб эса маҳалла чин маънода оилаларнинг энг яқин маслаҳатчиси, таянчига айланди. Яқинда коллежимизда бўлиб ўтган тадбирда адабиётшунос олим бир воқеани айтиб берди.

Европалик катта тадбиркор юртимизда 3-4 йил яшаб, фаолият кўрсатибди. Шартнома муддати тугаб кетар чоғида камгап, ғамгин бўлиб қолибди. Боисини сўрашса, индамай бош чайқар эмиш. У билан хайрлашув маросимида ҳамкорлар томонидан ош тортилиб, меҳмонга тўн кийдирилибди. Маросим сўнгида ишбилармон сўз олиб: "тўрт йил Ўзбекистонда яшадим. Қишлоқларда, маҳаллаларда бўлдим. Фуқароларнинг аҳиллигини, ҳамжиҳатлигини кўриб қойил қолдим. Ўзбекларнинг турмуши чинакам инсоний турмуш экан. Жисман Европага қайтсам-да, кўнглим Ўзбекистонда қолаётир..." дебди кўзларида ёш билан.

Европалик олимни асир этган қадриятлар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, ўзлигимизга айланган мезонлар эмасми? Халқимизнинг турмуш тарзига бу қадар ҳавас ҳеч бир қалбни тўлқинлантирмай қолмайди. Маҳалла шундай қутлуғ даргоҳки, унда инсонлар бир-бири билан она-бола, опа-сингил, ака-ука, дўст-биродар, қуда-анда бўлиб яшайди.

Хурсандчилик кунларида ҳам, бошига иш тушганда пайтда ҳам бир-бирига ҳамдард ва ҳамнафас бўлишдек миллатимизга хос улуғ фазилат маҳаллада яққол намоён бўлади. Шунинг учун халқимизда "Отанг-маҳалла, онанг-маҳалла" деган нақл бор.

Бунинг замирида маҳалладаги ҳар бир жараёнга дахлдорлик ҳисси ётади. Бир маҳалладан ноқобил фарзанд чиқса, бутун маҳаллага иснод келади. Буни яхши англаган кексаларимиз ўз хонадонларида фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратади. Биз педагоглар ҳам таълим-тарбия жараёнларида маҳалла билан мустаҳкам алоқа ўрнатсак, маҳалла фаоллари, ёши улуғ, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда турли соҳаларда илғор фаолият олиб бораётган инсонлар билан учрашувларни кўпроқ ташкил этсак, бу ёшларимизни яхши инсон бўлиб камол топишларига яқиндан ёрдам беради. Қачонки, ҳамкорлигимиз мустаҳкам ва самарали бўлса, шундагина ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.

 Шаҳнозахон АҲМЕДОВА,

   Дилнозахон ДАДАБОЕВА,

 

Андижон банк коллежи ўқитувчилари.

ЎҚУВЧИ ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ХАЙРИЯ ЖАМFАРМАСИ: Ўқувчини аъло ўқиш ва фаолликка ундайди

Ибратли ташаббус

Яхшилик, эзгулик бор экан, ҳаётимиз янада гўзал ва мазмунли бўлиб бораверади. Озод ва обод юртимизда ана шундай хайрли ишлар ҳамиша бардавомдир. Давр шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда юртимизда ҳам хайрли ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Қолаверса, муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йил - "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилиниши бизни янги-янги ғоялар, илғор қарашлар асосида яшашга, фаол ва фидойи бўлишга ундайди.

Фарзандларимиз, ёшларимиз камолотида   таълим-тарбиянинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, пухта билим олишлари, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Уларни юксак интеллектуал салоятли, билимли ва доно бўлиб вояга етишлари учун мактаб, лицей ва коллежларимизда барча шароитлар яратиб берилган. Бундан таш-қари, ёшларимиздаги истеъдод, қобилият, иқтидор ва билим олишга бўлган интилишни, китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада ошириш борасида педагогларимиз, фаол юртдошларимиз томонидан ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқдаки, буни эътироф этмаслик мумкин эмас.

Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси Маъмурахон Абидова ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни илм олишга, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ўрталарида ижобий рақобатни ошириш мақсадида турмуш ўртоғи, «Asaka oyl plant seeds» уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари  Абдухалил Абидов билан маслаҳатлашиб, хайрли ишга қўл урди. Яъни, уларнинг саъйи-ҳаракати билан "Уста Ҳабибуллоҳ ота" ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш хайрия жамғармаси ташкил этилди. Ибратли ишларга бешик бўладиган бу хайрли ташаббус мактаб маъмурияти, туман халқ таълими бўлими мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди. 

Ўқувчида соҳада кам-кам учрайдиган, биз учун ғалати туюлган бу жамғарма нима иш қилар экан, деган савол туғилиши табиий албатта. Демак, жамғарманинг дастлабки хайрли иши 34-умумтаълим мактабида таҳсил олувчи, намунали хулққа эга, ўқиш ва жамоат ишларида фаол, 1-синфдан 10 синфгача бўлган 10 нафар ўқувчини ҳар ойда 25 минг сўм миқдоридаги ойлик стипендия ва фахрий ёрлиқ билан тақдирлаб бориш.  Стипендия соҳиблари эса синф раҳбарларининг тавсиялари асосида мактабда тузилган ҳакамлар хайъати томонидан аниқланади. Ўқув йили якунида эса энг кўп стипендия соҳиби бўлган, энг иқтидорли ва аълочи ўқувчи "Ноутбук" эгасига айланади. Куни кеча мактабда ўқувчиларнинг январь ойи натижалари кўриб чиқилиб, 10 нафар ўқувчига илк стипендиялар топширилди.

- Яхши ўқиганим учун пул мукофоти олдим, деб ота-онамга айтганимда улар дастлаб ишонишмади, - дейди қувончини яширолмаган илк стипендия соҳибаларидан бири, 9-синф ўқувчиси Обидахон Нишонова. - Пулни кўрсатганимдан сўнг мени табриклаб, қандай қилиб, ким томонидан деб сўрашди. Мен устозим Маъмура опа ташаббуси билан бошланган ишни гапириб бердим. Бувим ёшларни қўллаб-қувватлагани, ўқишга бўлган қизиқишини оширгани учун устозимнинг хақига кўп дуо қилди.

Айни кунда жамғармага Ёшлар иттифоқи мактаб бошланғич ташкилотининг "Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш" йўналиши сардори, ўқувчи Мадина Хабибуллаева ижрочи директори этиб     тайинланган. У асосан ташкилий ишларни олиб боради.

- Айримлар бола нуфузли мактаб, лицейларда ўқисагина зўр билимга эга бўлади, юқори чўққиларни эгаллайди, деб ўйлайдилар, - дейди жамғарма таъсисчиси Маъмурахон Абидова. - Аслида энг кўп истеъдод эгалари қишлоқдан етишиб чиққан. Шу боис қишлоқ мактаблари, ёшларига кўпроқ эътибор қаратсак, уларни қўллаб-қувватласак, ишонаманки, истеъдодлар сафи янада кенгаяди. Стипендия ташкил этилишини ҳам ўқувчида билим олишга бўлган қизиқишни оширишнинг самарали усулларидан бири деб биламан. Бу ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради, уларни янада юқори натижалар сари илҳомлантиради.

Келгусидаги мақсадларимиз жуда катта, бу каби хайрли ишлар кўламини янада кенгайтириш, стипендиялар миқдорини ошириш, китоб мутолааси бўйича танловлар ўтказиш, кам таъминланган оилалар фарзандларига имкон қадар ёрдам кўрсатиш сингари кўплаб ишларни йўлга қўйишни олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз.

 Ҳа, юртимиз келажаги эгалари камолоти йўлида бошланган бу ибратли ва хайрли ташаббусга оқ йўл тилаймиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Фармон етакчиларни фаолликка ундайди

Колежимизда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида Президентимизнинг юқоридаги фармони билан яқиндан танишиб чиқдик.

Хотин-қизларимиз ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этувчи мазкур фармон матни бошланғич ташкилотимиз фаоллари Муборак Мусаева, Дилдора Сотволдиевалар томонидан ўқиб берилди.

Фармонда хотин-қизлар қўмитаси ва унинг қуйи тизмларига хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда уларни  ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борадаги ишларни тизимли олиб бориш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.

Олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бошланғич ташкилотлар етакчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Энди ҳар бир етакчи албатта, фаол бўлиши, ўзининг бор имконият ва салоҳиятини ишга солиб астойдил меҳнат қилиши керак.

Малоҳат ИБАЙДУЛЛЕВА,

 

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

Хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боглиқ муҳим фармон

Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан танишиб, хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мавжуд ҳаётий муаммолар шу қадар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилганлиги, уларни бартараф этиш юзасидан зарур амалий таклифлар белгиланганлигидан очиғи, хайратландим. Назаримда ушбу фармон "Қайсики жамиятда аёллар бахтли яшаса, ардоқланса, ўша жамият гуллаб-яшнайди" деган доно  ҳикматни ўзида мужассам этган.

Узоқ йиллар мазкур соҳада фаолият юритган инсон сифатида айта оламанки, фармонда йиллар давомида тизимда кўндаланг бўлиб келаётган, тизим ходимларининг эркин иш олиб боришига тўсқинлик қилаётган, уларни қўлини боғлаб қўйган, оғриқли нуқтасига айланган жуда кўп муаммолар ўз ечимини топган. Хусусан, қўмита ваколатлари, иқтисодий, молиявий имкониятларининг кенгайтирилганлиги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кутилган натижаларга эришиш ва самарали иш ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонга кўра, айниқса, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 нафар, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 нафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши маҳаллаларда опа-сингилларимиз билан бевосита иш олиб бориш, жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда тизимли ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами ва самарадорлигини янада оширади.

Мухтасар айтганда, фармонни муҳим тарихий ҳужжат, деб атасак асло муболаға бўлмайди. Чунки мазмун-моҳияти, аҳамиятига кўра, ҳужжат хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, энг асосийси, муҳтарама аёлларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

 

Манзурахон ЭГАМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ

хўжалиги ходими, меҳнат фахрийси.

ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан танишиб

Манзурахон ЮНУСОВА,

вилоят ҳокими ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси

Юртбошимизнинг мазкур Фармони юртимиз аёлларига кўрсатилаётган эътибор ва чинакам ғамхўрликнинг ёрқин намунаси десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки Фармонда опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлиги яхшилаш, қўйингки, ҳаёти, фаолиятига даҳлдор барча йўналишларда уларга енгиллик ва қулайликлар яратиш кўзда тутилган.

Очиғини айтганда, Президентимиз Фармони муқаддимасида санаб ўтилган жиддий камчиликларнинг кўпчилигига сизу бизнинг хотин-қизлар тақдирига бефарқлигимиз, вазифа ва мажбуриятларимизга "кун ўтса бўлди" қабилида ёндашганимиз, инсон учун эмас, ҳисобот учун ишлаганимиз сабабчи, десак, хато бўлмайди. Зеро, ҳужжатда айтилган "оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар" қандайдир қадам етмас жойларда эмас, шундоқ ёнгинамизда - бир девор наридаги ҳовлида ёҳуд маҳалламизда яшар эди.        

Ана шундай опа-сингилларимиз, умуман, хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилиб, маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ўрганиш бўйича иш олиб борган ишчи гуруҳлар фаолиятидан сўнг юзага чиқиб бораётган, айрим муаммолар бартараф этилаётган эди. Бироқ ана шу ишларни тизимли тарзда йўлга қўйишда қатор муаммолар юзага келаётганди.  Фармон, ишонаманки, ана шу тўсиқларга тўла барҳам беради.

Фармонга мувофиқ Ўзбекис-тон Хотин-қизлар қўмитасига, янгидан ташкил этилган "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига жуда катта имконият, ҳуқуқ ва имтиёзлар берилдики,  бу мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради. Демак, энди ишлаш, ишлаганда ҳам опа-сингилларимиз муаммоларини бартараф этиш, уларнинг бахти-саодати йўлида фидойи бўлиб ишлаш талаб этилади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига  жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш; хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий  ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш, шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ишларига шахсан жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Фармоннинг тўлақонли ижроси, айтилганидек, жуда катта меҳнатни, астойдил ҳаракатни талаб қилади. Масалан, ҳозирга қадар фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган   кадрларнинг ҳаммаси ҳам фармонда белгиланган  вазифани бекаму кўст уддалай олади, деб бўлмайди. Шундай экан, янгидан жорий этиладиган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига энди обдон ўйлаб, танлаб кадр қўйишимиз лозим. У энг аввало, зиммасига қўйилаётган вазифанинг юкини ва масъулиятини англаб етсин ва белгиланган ишларни амалга оширишда фидойи, илғор бўлсин.

Президентимиз шу йилдан эътиборан ҳудудларнинг ҳар биридан икки нафардан талабгорга Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилишини белгилар экан, бу юксак мукофотга лойиқларни аниқлаш масаласига ҳам барча босқичларда жиддий масъулият билан ёндашиш талаб қилинади. Шундай бўлсаки, мукофотга талабгор қизларимизнинг фаол ҳаракати, интилиш ва шижоати мукофотни олганидан кейин ҳам асло сусаймаса. Биз уларни фақат байрам тадбирларида, катта-кичик дастурхонлар устидагина эмас, балки олис қишлоқ ва шаҳарлардаги меҳнаткаш дугоналари, опа-сингиллари ичида, ўшаларнинг кундалик ташвишлари, оғир муаммолари ечими устида ҳам кўрсак, бундан фақат хурсанд бўламиз.

Фармонда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида ташкил этилиши, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, самарали иш олиб боришлари учун кенг имкониятлар берилганлиги оилалар билан иш олиб бориш йўналишидаги саъйи-ҳаракатларимиз кўламини янада оширади. Жумладан, Марказга оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғ-лом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион   тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган ишларни янги бос-қичга кўтариш вазифаси юкланган.

Айниқса, хотин-қизлар қўмитаси билан яқин ҳамкорлик масаласи алоҳида қайд этилганлиги ҳам ҳамкорликдаги ишларимиз кўламини янада оширишга кенг имкон яратади.

Президент Фармони билан танишиш асносида яна бир муҳим масала мени жиддий ўйга толдирди. Ўзим гувоҳ бўлган ҳолатлар, таҳлиллардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, "оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган", "ёрдамга муҳтож", "носоғлом муҳит таъсиридаги", "жиноятчи аёл" деган тоифадаги опа-сингилларимизнинг шаклланишига энг аввало ўзимиз айбдормиз. Чунки кимдир ўз ишини сидқидилдан бажармади, қайсидир аёл ёки эркак ўз бурч ва масъулиятини унутиб қўймоқда. Маънавиятимизни, ҳуқуқий билимларимизни оширишга умуман эътибор қаратмаяпмиз. Қиладиган ишни ўз вақтида бажармай муаммолар гирдобига тушиб қоляпмиз.

Яна ўзимиз орзу-ҳавас деб данғиллама тўйлар қиляпмиз, керак бўлган-бўлмаган янгича урфларни ўйлаб топаяпмиз, фарзандларимизни билимли, оқила, доно, меҳнатсевар қилиб ўстириш ўрнига уларнинг енгил-елпи ҳаётга билиб-билмасдан ўргатиб қўйяпмиз.

Истардимки, оила катталари, айниқса, эрларимиз, ака-укаларимиз турли муаммоларга ўралашиб қолган турмуш ўртоғи, опаси, синглисини ана шундай ҳолатлардан чиқиб олиши учун кўмак берсин. Энди биз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Аёл - ҳаёт гултожи, миллат давомчиси экан, у албатта бахтли яшашга ҳақли. Шу маънода бизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, опа-сингилларимизнинг ҳаётини янада гўзал қилиш, бахтли яшашлари учун зарур барча шароитларни яратиб бериш.

 

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг фармони ҳар биримизни - юртимиз хотин-қизларининг ҳозирги ҳаёти, келажак тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларни бирдек ҳаракатга чорлаши билан ҳам ғоят долзарб ва аҳамиятлидир.

Сени соғинаман бағрингда туриб

Замин ягонадир - Ватан биттадир,

Машҳурий жаҳоним Ўзбекистоним.

Фахрингдан ўзбеклик бахтини туйиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Болам алласига қўшиб айтганим,

Сен ўзинг суянчим, тинчлигим, тахтим.

Шону шукуҳингга дилдан қувониб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Бадарға қилинган асл ўзбеклар,

Бағрингга интилиб яшаган беклар.

Соғинчдан сарғайган Бобурни эслаб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Буюк аждодларим ўтган маконим,

Авлодимга мерос улкан имконим.

Бир кафт тупроғингга бир кун айланиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Муборакхон МАҲМУДОВА

Улуг шоирга эхтиром

Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бобур халқаро жамоат фонди ҳакорлигида ўтказилган тадбирда юртимизда ва хорижда фаолият юритаётган бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этиб, мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобокалонларимиз  Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятининг юксатиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбирда шоир номи билан аталувчи вилоят мусиқали драма ва комедия театри артистлари томонидан Бобур ҳаёти билан боғлиқ сахна кўринишлари намойиш этилди, ёш ижодкорлар Бобур ғазалларидан намуналар ўқидилар. Якунда тадбир иштирокчилари Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар

- Бобур Мирзо ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова. -  Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбааларини ўрганишимизда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Шундан сўнг тадбир Боғи Бобурдаги "Бобур ва жаҳон маданиятимузейида Бобур ва бобурийлар ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш масалаларига бағишланган илмий анжуман доирасида давом этди.

Анжуманда Бобур номли халқаро жамоат фонди, бобуршунос олимлар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида таниқли олим ва ижодкорларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, Фонд ташаббуси билан чоп этилган "Мубаййин" насрий баёни", "Рисолаи Волидия" унинг назмий таржимаси ва шарҳи", "Шамолларда учган нидолар" номли китоблар тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Япония давлатларидан  келган бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.

Анжуман ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ҚУЁШ КАМДАН-КАМ НУР СОЧАДИГАН ШАҲАР ВА ЎЛКАЛАР

Инсон ҳар қандай шароитга кўникади. Қор, совуқ, жазирамага, йиртқич ҳайвонлару заҳарли ҳашоратлар орасида яшашга ҳам. Айрим Африка қабилалари деярли вулқон оғзида яшайди. Иссиқ, чанг-тўзонни назар писанд қилмайди. Бундан кўринадики, аёзли Сибирда яшайдиган инсон шароит тақазо этса, Саҳрои кабирда ҳам яшаши мумкин.

Ҳаётда инсоннинг тўлақонли яшаши, саломатлиги учун энг муҳим нарса бу - қуёш нурлари ҳисобланади. Қуёш нурининг етишмаслиги кишида тушкунлик, асаб бузилиши, руҳий зўриқиш сингари қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқаради.

Шундай бўлса-да, Ер юзида Қуёш камдан-кам нур сочса ҳам, одамлар яшаб келаётган шаҳар ва ўлкалар борки, у ерларда яшаётган инсонларга тасанно дегинг келади. Демак, қуйида сайёрамизнинг энг қоронғи жойлари, қуёш камдан-кам кўринадиган шаҳар ва ўлкалари ҳақида қисқагина маълумот бериб ўтамиз.

Мурманск, Россия. Йил давомида қуёш 1715 соат нур сочади. Мурманск қутб доираси ортида жойлашган дунёдаги энг йирик шаҳар ҳисобланади. Лекин бу ерда об-ҳаво у даражада қўрқинчли эмас. Қишда ҳаво ҳарорати совуқ, ёзда эса 10 даражагача илийди. Йилнинг бир неча ойларига чўзилувчи тунлар  руҳан тайёргарлик кўрмаган киши учун ҳақиқий муаммо бўлиши аниқ. Бу даврда қуёш умуман кўринмайди, кундуз куни ҳам атроф қоронғи бўлади.

Кируна, Швеция. Йил давомида қуёш 1680 соат нур сочади. Шаҳарнинг номи "оққуш" деб таржима қилинади - унинг сурати маҳаллий гербда тасвирланган. Кируна қутб доирасидан 150 километр шимолда жойлашган. Қуёш фақат 30 майдан 15 июлгача бўлган қисқа давр ичида кўринади, қолган вақт давомида эса шаҳар аҳолиси қоронғиликда яшайди.

Южно-Курильск, Россия. Йил давомида қуёш 1662 соат нур сочади. Маҳаллий аҳоли балиқчилик, яъни балиқ овлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида бу жой аҳолиси ўзгаришларни кутиб яшашган. Чунки ўша пайтда Курил оролларини Японияга бериш борасида гап-сўзлар кўпайган эди. Лекин ороллар Россия таркибида қолди.

Жуно, АҚШ. Йил давомида қуёш 1540 соат нур сочади. Жуно АҚШдаги ҳудуди жиҳатдан энг катта, 99 фоизи фақат қалин ўрмонлардан иборат Аляска штатининг пойтахти ҳисобланади. Шаҳар ҳудуди 9  квадрат километрни ташкил этади, 40 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Шаҳар атрофининг қалин ўрмон билан қопланганлиги, шаҳар қуёш нурини деярли кўрмаслиги кишини тушкунликка солади.

Кёльн, Германия. Йил давомида қуёш 1504 соат нур сочади. Кёльннинг иккинчи норасмий номи    Рейндаги Метрополия бўлиб, шаҳар мамлакатдаги йирик ва қадимий маданий марказлардан бири ҳисобланади. Лекин бу ерда қуёш нурлари ҳар доим ҳам кўринмайди.

Бирмингем, Буюк Британия. Йил давомида қуёш 1364 соат нур сочади. Англиядаги йириклиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи бу шаҳарда икки миллион киши истиқомат қилади. Маҳаллий иқлим - юмшоқ ва нам, фасллар кескин ўзгармайди. Бу ерда қуёшли кунлар кам бўлиши аҳолининг турмуш тарзига у қадар салбий таъсир кўрсатмайди.

Принс-Руперт, Британия Колумбияси. Йил давомида қуёш 1230 соат нур сочади. Тинч океанининг бутун шимолий қисми ёмғирли ва тунд ҳавоси, доимий туманлари билан ном қозонган. Принс-Руперт порт шаҳри худди фантастик романлардаги шаҳарни эслатади, одамлар нима учун бу ерда яшашларини тушуниш қийин.

Никольское, Россия. Йил давомида қуёш 992 соат нур сочади. Никольское бутун бошли Алеут туманидаги ягона аҳоли маскани ҳисобланади. Фақат шу ерда алеутлар яшайди. Бу ердаги шароитда улардан бошқа ҳеч ким яшай олмаслиги мумкин.. Бу ҳудудда қуёшли кун - камёб ва ғаройиб ҳодиса саналади.

Торсхавн, Дания. Йил давомида қуёш 884 соат нур сочади. Фарер оролларининг пойтахти Стреймой оролининг шарқий соҳилида жойлашган. Торсхавн расман дунёдаги энг булутли аҳоли маскани ҳисобланади. Лекин шаҳар аҳолиси ҳаётидан нолимайди.

Ян-Майен, Норвегия. Йил давомида қуёш атиги 883 соат нур сочади. Сайёрамизнинг энг қоронғи шаҳри айнан Норвегиянинг мазкур шаҳри ҳисобланади. Аниқроқ айтганда, бу масканни шаҳар деб атаб ҳам бўлмайди, бу ерда яшовчиларни бир нечта йирик тадқиқот станцияларининг ходимлари ташкил этади.

 

Ҳусанбой РАЗЗОҚОВ тайёрлади.

ИККИНЧИ ХОТИН БЎЛИБЯШАШНИ ҲЕЧ БИР АЁЛГА РАВО КЎРМАЙМАН

У келди. Эшикни жаҳл билан тақиллатганини сездим. Дарҳол кўз ёшларимни артиб, юз-кўзларимни ойнага солдим. Эшикни очиб, салом бердим. Ичкарига кириб бақира бошлади, мен эса гуноҳкорона бошимни эгиб туравердим.

- Сен бир куни юз марталаб қўнғироқ қилишинг-у, ёш боладек ёзган смсларинг билан мени гўрга тиқасан, - дея жаҳл билан бақирарди Шокир ака. - Тушунсанг-чи, ахир, ҳар доим сенинг олдингда бўла олмайман. Буни яхши билиб туриб, яна жанжал кўтарасан-а?

- Ахир келмаганингизга ҳам тўққиз кун бўлди. Қўнғироқ ҳам қилмайсиз. Сиздан хавотир олдим! - дедим-у, юрагимдаги оҳларимни тўкиб сочиш ўрнига ички бир қўрқув билан яна сукут сақладим. Аслида ана шу тўққиз кун мен учун қанчалар азобли ўтди. Шу пайтгача бир маротаба ҳам қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрамаганидан жиғибийрон бўлдим. Агар олдимга келган тақдирида ҳам аччиқ ва ҳақоратли сўзлар билан сийлаб, унга бир дунё шартларни қўйишга аҳд қилган эдим. Лекин унинг ғамга тўла дардли кўзлари мени яна аҳдимдан қайтарди. Ҳатто, унга ачина бошладим. Ҳар доим шу аҳвол.

Телефон орқали ёзган хабарлардагина мен қўрқмас аёлга айланаман. У олдимга келгач эса мушук панжасида қолган сичқондек питирлайман. Аввалига, уришади. Мен ҳам дардларимни гоҳ-гоҳида билдираман. Шунда у барибир менинг ёнимда кўнгил ҳаловатини топишини инкор этолмай қолади. Лекин унинг оилавий аҳволи, бошидаги ташвишларни сўзлаб берганидан сўнг ачинганим етмагандек, бир неча кун унинг муаммоларини ўйлаб, сиқилиб юраман.

* * *

У ҳаётимга кириб келган кундан буён ҳаловатимни, ўзимни унутганман. Нега тақдир менга уни рўбарў қилди? Нима сабабдан ишқим, меҳрим унга тушди? Ахир ўртамиздаги  муҳаббатни ҳеч зот тушунмаса, ҳеч ким оқламаса... Майли у эркак, лекин мен-чи? Турмуш ўртоғи, ота-онаси, ака-опалари мен ҳақимда қандай ўй-хаёлларда экан! "Оилали эркакка илакишиб қолган аёл..." деб тасаввур қилишлари аниқ. Яна нима деб ҳам баҳо беришсин. Мени у ҳам ўз келиним, ўғлимни жонидан-да ортиқ кўради, унга борини топширган, бахтли бўлсин, деб ота-онаси иккинчи келин сифатида ҳеч қачон қабул қилмаслиги юрагимни ўртайди. Яхшики, фарзандининг оиласини бузганликда айблаб, уйимга келиб тўполон кўтаришмайди.

Мен эса ўз ота-онамни қандай ҳурмат қилиб, яхши кўрсам, уларни ҳам шундай яхши кўраман.

Фақат уларни сиртдан танийман, холос. ҳали бирор маротаба ҳам уларни узоқдан бўлса-да, кўрганим йўқ. Аммо касалхонада ётишганида мазали таомлар қилиб Шокир ака орқали бериб юборардим. Бозорлик қилиб, улар хуш кўрган  мевалардан жўнатардим. 

... Ишдан кеч қайтган кунлари турмуш ўртоғингиз хуш кайфиятда уйингизга кириб келганида, менинг меҳрим, севгим сизникидан асло кам эмаслигини сезмаган бўлсангиз, кундош? Шокиржон акадаги ўзгаришларни кўриб, севгимизни тан олмасангиз? Наҳот, сиз ҳам бошқалардек мени бузуқликда айблаб, ҳақиқатдан кўз юмсангиз? Ахир сизни кундош эмас, ўз опамдек кўрганман. Йўқса, неча бор қўнғироқ қилиб қўрсликлар қилганингизда сен-менга борардим. Балки уйингизга бориб жанжал кўтарардим. Бироқ мен, ҳатто қаерда туришингизни ҳам билмайман. Сўрамаганман, излашни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мана ўртамиздаги муносабатларга беш йил бўлибдики, бирор маротаба Шокир аканинг ишхоналарига ҳам бормаганман. Фақат қўнғироқ қилиб тураман.

Сиз ҳаммага мени ёмон сўзлар билан тасвирлаб берибсиз. Айтишингизча, улар сизни жуда яхши кўришар экан. Қайнонамиз сизни жонидан азиз кўрар эмиш. Мени эса улар қачон бўлса ҳам топиб, қилган ишларим учун суд қилар экан. Уларнинг келишларини  беш йилдан буён интизор бўлиб кутаман. Уларга айтадиганларим жуда-жуда кўп. Сизга ҳам...

* * *

Мана яна бугун ҳам соғинчдан кўнглим беҳаловат. Қанча огоҳлантириш олганимга қарамай яна СМС ёзяпман. Бу сафар келмади. Аламлар баттар авж олди. Хўрлигим келиб, шаҳд билан гўшакни олдим. Дарров ёд бўлган рақамларни тердим.  

... Мен ортиқ, бу тарзда яшашга ўзимда куч тополмаяпман. Ҳар куни сизни қўнғироқ қилишингизга, хабар ёзишингизга, эшикдан кириб келишингизга интизор бўламан. Қачонгача, "Турмушга чиқдингизми? Нечта фарзандингиз бор?" деган саволларга рангим оқариб, нима дейишни билмай ёлғонлар тўқийман. Қачонгача туш ва хаёлларимда чақалоқни, болажонимни бағримга босиб, қувонаман. Бундай ҳаётдан, ҳаммасидан чарчадим. Ортиқ тоқатим қолмади. Нима қилай, сизни деб рафиқангизни ёмон кўриб      кетяпман. 

* * *    

- Ўзингни бос, яна бошлаяпсанми? Сенга ўзи нима қилсам ёқади? Бу қиллиқларинг мени ҳам чарчатиб қўйяпти. 

Анчагина ўшқириб, уришиб беради. Бирозгина босилиб олганимиздан сўнг яна суҳбатни давом эттирдик.

- Ахир, сени жонимдан ортиқ кўраман, ҳаётимнинг мазмунисан. Сенга  нима бўляпти Мафтуна?! Олдин ҳам айтгандим. Ахир, фарзандларим ва оиламга ҳам масъулиятсизлик қила олмайман, тушунсанг-чи. Лекин сени ҳам ташлаб қўйганим йўқ-ку. 

- Шокир ака, мен ҳам бошида кўникаман. Ҳаммаси яхши бўлади, деб чидаб яшаб келаётган эдим. Бироқ ортиқ сабр-бардошим қолмади. Ахир мен ҳам аёлман. Сизни севишга ҳаққим бўлгани сингари, бирга яшаб, бахтли бўлишни истайман.

* * *

Мана беш йил бўлибдики, ота-онам билан ҳам тузукроқ борди-келди қилмайман.  Қишлоққа борсам, дарров шаҳарга қайтиб келгим келади. У ернинг об-ҳавоси мени бўғади, тинчлик бермайди. Одамларнинг савол назари билан қарашидан ўзимни қачонгача олиб қочаман? Қариндошларим тўй-маърака қилса, бора олмайман. Чунки улар нуқул турмуш ўртоғим, фарзандларимни сўрайди, кутади. Мен эса жондан суйган, умр йўлдош сифатида танлаган инсон билан улар олдига бора олмайман.

Қайси аёл базмда ўзининг эмас, бошқа бировдан олган кўйлаги билан мақтана олади. Ёки уни кўз-кўз қилади. Гарчанд сизнинг севимли кўйлагингиз бўлса-да, барибир ўзингизники эмас. Жондан суйган турмуш ўртоғингиз аслида бошқа аёлнинг хўжайинию, сиз унинг севимли ёри сифатида олдидасиз. Иккинчи хотин деб мурожаат қилишларига эса метин бардош ҳам чил-чил бўлиши муқаррар. Аслида аёл эркак учун иккинчи ўринда туришининг ўзи оғриқли.

Тўғри, сизнинг кўмагингизда уйли бўлдим. Лекин пешонамга мана шундай қисмат битилган экан ундан қочиб ёки воз кечиб қаерга ҳам бораман. Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани айбламайман. Фақат ўз-ўзимни қарғайман. Ношудлигимдан хўрлигим келади. Ҳамма иккинчи рафиқа сифатида эмас, ўйнаш деб баҳо беришидан оғриниб, сиқилиб яшайман.

Қанийди, уни фақат ўзимники қила олсам, деб бемаъни ўй-хаёлларга бораман, кўз ёш тўкаман. Лекин шу қадар ҳурмат қилганимдан меҳрим дарёки, бу йўл билан ўзимни бахтли қилгим келмайди. Фақат уни кутаман, бўлган дилхираликларни унутаман. Ахир, насиб қилган бўлса, бир кун фарзандли бўламан, балки ўшанда у ҳам ёнимда узоқ қолар.

Бу азобларни енгиб ўтиш, ўша кунларга етишиш насиб этармикан? Бунга менинг бардошим етармикан, билмадим?! Тўғри, тақдиримдан қочиб қутилиб бўлмайди. Лекин меникидай ҳаётни орзу қилган, мана шундай ҳаёт остонасида турган аёлларга ҳеч қачон иккинчи хотин бўлишни маслаҳат бермайман. Чунки бу азоб, бунга чидаб, тинч яшаш  ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Мафтунанинг дардларини БАҲОР оққа кўчирди.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий Ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли маълумотлар

- Навоий 4 ёшидан мактабда таҳсил ола бошлаган.

- Навоий 7 ёшида буюк муҳаддис имом Ал Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадисларини ёд олган.

- Навоийга "Муқарраби ҳазрати султоний" (Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси) унвони берилган.

- Навоий ўн беш-ўн олти ёшида туркий ҳамда форсий тилларда ижод қилиб, "икки тилли" шоир сифатида танилган. 

- Навоий ёшлик чоғларидаёқ ўзи ёқтирган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд олган.

- Навоий туркий тилда ёзган шеърларига "Навоий", форсийдаги шеърларига "Фоний" деб тахаллус қўйган.

- Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросонда 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.

- Навоий 16 адабий жанрда ижод қилган. У туркий тилдаги  асари "Хамса"ни икки йил давомида ёзган. 

 

 Андижон туманидаги 24- умумтаълим мактаби ўқувчиси

 

Муборак ТОИРОВА тайёрлади.