+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

Йўталга қарши халқона усуллар

Қиш мавсумида аксарият одамлар грипп ва йўталдан азият чекадилар. Дорихоналарда бундай касалликлар учун дори-дармон воситалари етарли, аммо уларнинг айримлари қиммат бўлса, айримлари у даражада самарали эмас. Бу борада синовдан ўтган халқона рецептлар самарасига кўра, улардан қолишмайди. Шундай экан, ҳолдан тойдирувчи йўталдан ўз кучингиз билан халос бўлишга ҳаракат қилинг. Қу-йида йиллар давомида синалган ана шундай самарали халқона усуллар ҳақида маълумот берамиз.

                         

Пиёзли дамлама

Бу ичимлик билан йўтални бемалол енгиш мумкин. Бунинг учун сизга 1 та пиёз ва 1 бош саримсоқ керак бўлади. Уларни тозалаб, сутга солиб қайнатинг. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичинг - таъми у қадар ёқимли эмас, албатта, бироқ фойда беради.

 

Гиёҳлар тўплами

 

Барча ингридиентларни истаган дорихонангиздан топишингиз мумкин. Сизга липа гуллари ва қорағатнинг қуритилган барглари керак бўлади. Гиёҳлар тўпламини қайнаган сувда қайнатинг, тиндиринг ва кун давомида қабул қилинг.

 

Майиз ва сув

Майиз ҳам йўталга қарши ажойиб восита ҳисобланади. Шунчаки унинг устидан совуқ сув қуйинг ва бир кунга қўйиб қўйинг. Кечқурун эса майизни илиқ сут билан истеъмол қилиш мумкин. Ёрдам беради!

 

Тропик ичимлик

Иккита майда тўғралган бананни тахминан ярим литр сутда 30 дақиқа давомида қайнатинг. Сўнгра асал қўшинг. Қарабсизки, йўталга қарши восита тайёр. Кунига уч маҳал ичинг ва тез орада йўтал енгилади.

 

Ханталли компресс

Ёқимсиз йўталга қарши энг яхши воситалардан бири ханталли иссиқ компрессдир. Бир ош қошиқ ханталга бир ош қошиқ ун, асал, ўсимлик ёғи ва ароқ қўшилади. Барчаси бирга сув буғида иситилади, кейин эса ундан компресс қилинади. Уни туни бўйи ушлашга тўғри келади, шундай бўлса-да, икки-уч шундай жараён анчага етади.

 

Ингаляция

Календула, қизил илдиз ва эвкалипт баргларидан тенг миқдорда олиб, устидан бир стакан қайнаган сув қуйиб, оддий дамлама тайёрланг. 10 дақиқача тиндириб қўйинг ва ингаляция қилинг. Ёдингизда бўлсин, ҳарорат кўтарилган вақтда ингаляция қилмаган маъқул.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА тайёрлади.

Биби Робия Адавия (р.а.) авлиёлик мақомига етишган аёл эди

Улуғ олим, мутафаккир, тасаввуф адабиётининг йирик вакили, Фаридиддин Атторнинг (1145-1230) йирик асари - "Тазкират ул-авлиё"да 69 авлиёнинг - йирик алломаларнинг қисқача ҳаёти, етуклик даражоти, фаолияти, турли масалаларга оид фикр-мулоҳазалари, Оллоҳ висолига етишиш учун тортган машаққатлари баён этилган. Шунингдек, асарда маърифат, сабр, ризо, қаноат, шукр, ҳаё, вафо, карам, эҳсон, омонат ва уни сақлаш, ота-онага ҳурмат, устозлик ва шогирдлик мақоми, нафс ва уни енгиш каби инсоний ҳислатларни ёритишда муаллиф ўқувчини зериктирмаслик учун кичик-кичик ҳикоялардан, масал ва ривоятлардан кенг фойдаланган.

Бу табаррук асарни ўқиш жараёнида мени бир жиҳат қизиқтирди: олтмиш тўққиз авлиё орасида фақат битта аёл авлиё бор экан (эҳтимол, яна бордур. Мен фақат "Тазкират ул-авлиё" китобини мутолаа қилиб билганим). Маълумки, Шарқ халқлари тарихида (VII-IX асрларда) олима, шоира, ҳуқуқ, тиббиёт каби илмларни чуқур билган аёллар бўлганлиги тарихий китоблардан, баъзи саҳобаларнинг ривоятларидан маълум. Масалан, Сахоба Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилган ҳадисда отаси:

"...Уммул мўминин (мўминларнинг онаси) Ойшадан кўра шеърни, тибни (тиббиётни), луғатни, фиқҳ (ҳуқуқ)ни билувчироқ хотинни кўрмадим", - дейди (Абулайс Самарқандий ("Бўстонул орифийн" асари 42-бет). Ойша онамиз ўз даврининг йирик олимаси бўлган.

"Авлиё" - эътиқодли, каромат, башорат қила оладиган, мўъжизалар кўрсата оладиган муқаддас, азиз одам. Авлиё инсон - дунё, бойлик билан иши йўқ, дарвешсифат инсон. ("Ўзбек тилининг изоҳли луғати", 1-том, 24-бет). Авлиёлар Оллоҳга яқин кишилар. Улар кишиларнинг ички, руҳий дунёсини, ҳис-туйғуларини, тилак-мақсадларини, ғам-хасратларини билувчи кишилардур. Улар ўзлигидан кечиб, фақат Оллоҳ дейди. Уларнинг фикрлаш доираси кенг, дунёқараши кишини лол қолдиради, мўъжизалари ҳайратлантиради.

Биби Робия Адавия (р.а.) - "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган авлиёлардан бири. У ибратли фаолияти, ҳалол-поклиги, кароматгўйлиги билан авлиёлик даражасига етишган аёл эди. Баъзи ўринларда унинг бошқалардан устунлиги ҳам сезилади. Масалан, ўз даврининг йирик алломаси, шайх Ҳасан Басрий ўз мажлисига Биби Робия қатнашмаса, ваъз айтмаган, дейилади китобда.

Биби Робияга авлиёлик мақомини Оллоҳ берган. Бу фикрни унинг таржимаи ҳолини ўрганганимизда кўрамиз. У Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган. Ота-онаси ўта камбағал инсонлар бўлган. Муаллифнинг ёзишича, Робия туғилган куни оилада чақалоқ (гўдак)ни ўраш учун ҳатто бир парча латта, уйни ёритиш учун эса битта шам бўлмаган. Онаизор йиғлаган, ота руҳан азобланган. Оллоҳнинг қудратини қаранг, шу кеча она туш кўрган. Тушида Расулуллоҳ (с.а.в.) намоён бўлиб аёлга:

-"Fам ема! Бу қизинг саййида (Пайғамбарлар авлодидан) дир! Менинг умматларимдан етмиш кишига шарофат қилади!" - деди. Яна дедилар:  "Эрингга айт! Исога бир хат ёзсин! У Басранинг ҳокими. Айтсинки, бу хатни олиб борган кишига юз дирҳам пул берсин!" Она уйғонди. Эрини уйғотди. Тушдаги гапларни айтди. Эр эрталаб Басранинг бегига борди. Бек хатни ўқиди. Қизиқ: бекнинг тушида ҳам бу воқеа аён бўлган. Бек унга (отага) минг қизил олтин берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳурмати учун отадан узр сўради. Кетишида отага сарпо ва бир от берди.

Робия оилада тўртинчи қиз бўлиб туғилган. Шунинг учун унга Робия (араб тилида тўртинчи қиз дегани) деб исм қўйдилар.

Биби Робия ёш эди. Басра шаҳрида қаттиқ қаҳатчилик бўлди, юқумли касаллик тарқалди. Кўп одам ўлди. Робия ҳам ота-онаси, опасидан жудо бўлган. Уни бир оила асраб олди. Бир неча йилдан сўнг бу оила Робияни қул бозорида сотиб юбордилар. Тақдир. Робия ҳожасининг хизматини қилар, тинмас, фақат тунда уйқуни тарк этиб, ибодат билан машғул бўларди. Кунларнинг бирида ҳожаси (қул эгаси) ярим тунда қизнинг (Робиянинг) мунгли овозини эшитади. Таажжубланиб қизнинг деразасидан қаради. Не кўз билан кўрсинки, қизнинг кулбасини ҳеч бир жойга осилмаган бир муаллақ қандил ёритиб турипти. Бундай гўзал қандил Басранинг энг йирик бойларида ҳам йўқ бўлган. Қиз эса тинмай Оллоҳга ибодат қилар, мунгли, қалбни ўртовчи овоз билан Яратганига ёлворар эди. Ҳожа ҳайрон. Ёқа ушлаб унинг муножатини берилиб ўтириб (қизга билинтирмай) тинглади.

-Илоҳо, сенга маълумки, мен кўнглимни тамоман сенга боғладим. Аммо нима қилайин, мени бир маҳлуқ ихтиёрида қилибсан. Агар ўз ихтиёрим ўзимда бўлса эди, бир соат сенинг тоатингдан ўзга бир ишга машғул бўлмас эдим.

Ҳожа қандилдан, қизнинг ноласидан қўрқиб кетди. Эрталаб одамларнинг гувоҳлигида Робияни қулликдан озод қилди, ундан узр сўради. Робия ўзи ибодат билан машғул бўлди. Каъба зиёратига боради. У умрининг охиригача ўз ибодатхонасида - Басра шаҳрида якка-ёлғиз яшади.

"Тазкират ул-авлиё"да Биби Робия Адавиянинг ўша даврнинг йирик олимлари, шайх ва авлиёлари билан қилган суҳбатлари, савол-жавоблари, энг яхши инсоний хислатлари, баъзи кароматлари берилган. Улардан айримларини келтирамиз.

Робиядан сўрадилар: "Гуноҳларни нима нарса поклайди?". Жавоб берди: "Тавба қилмоқ, гуноҳларига пушаймон бўлмоқ билан гуноҳлардан пок бўлади!"

Сўрадилар: "Оллоҳ бандаларининг қайси ишидан рози бўлади?"  У деди: "Берганига шукр қилса, балосига сабр қилса, бошига тушган ҳар бир яхши-ёмон ишни Яратгандан деб билса, Оллоҳ хушнуд бўлгай!"

Сўрадилар: "Шайтонни душман тутармусан?". Деди: "Йўқ!" Айтдилар: "Нега?" Деди: "Шунинг учунким, Раҳмоннинг севгиси менинг ичимда шундай тўлиб ётиптики, шайтоннинг душманлигига унда жой йўқ!"

Сўрадилар: "Нечун кўп йиғлайсан?" У деди: "Оллоҳни дўст (унс) тутдим. Айрилиқдан қўрғаймен. Мабодо ўлим вақтида нидо келмасинким? "Сен бизга керак эмассан-деб. Шу боис кўп йиғлайман".

Робиянинг зиёратига меҳмонлар келди. У рўмолини гаровга қўйиб, новвойдан икки дона нон келтирди. Шу пайт дарвозага бир гадо келиб: "Оллоҳ! Оллоҳ! Хайр!" - деди. Робия ҳалиги икки нонни гадойга бериб юборди. Меҳмонлар ҳайрон, улар оч эди. Бир соатдан сўнг бир канизак дастурхон тўла нон келтирди. У: "Бу нонларни Оллоҳ юборди", деди. Робия санади - 18 та экан. У: "Иккитаси қани?" деди. Канизак ўзига олган экан. Узр айтди. Меҳмонлар деди: "Эй, Робия! Бу не сир? Олдимизга нон қўйдинг. Олиб гадойга бердинг. Оллоҳ берган нонни санаб, "Иккитаси қани?" дединг. Робия деди:

- Оллоҳ айтибдур: "Кимки эҳсон қилса, эҳсоннинг бирига ўнни бераман!" деб. Биз икки нон эҳсон қилгандик. Йигирмата нон бериши керак эди. Шу сабаб канизакдан икки нонни сўрадим. Оллоҳни ким дўст тутса, дилдан севса, У бандасини алдамайди.

"Инсонийлик мулки" (Тоҳир Малик)да: "Робия бир аёлни кўрди. Бошини боғлаб олипти. У "нега боғладинг?" деди. Аёл: "Бошим оғрияпти", деб оғриқдан шикоят қилди. "Неча ёшдасан?", "ўттизда". "Ўттиз йил Оллоҳга шукр қилмадинг! Энди шикоят дуррасини боғлабсан!" - деди.

Хуллас, олтмишдан ортиқ авлиёлар орасида ягона бўлган аёл авлиё - Биби Робия Адавиянинг ҳаёт йўли, ҳаётга муносабати, кароматгўйлиги, Яратганни дўст тутиши, қалбининг пок-лиги, кишилар билан савол-жавоблари, умуман, бу ҳақдаги ёзма манбалар, ибратли ҳикоятлар бугун ёшларимизни юксак маънавиятли инсонлар бўлиб вояга етишларида катта тарбиявий аҳамият касб этади.

Табаррук "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган барча аллома-авлиёларнинг ҳаёт йўли, дунёқарашлари,   қалбларининг поклиги, динга эътиқодлари, инсонга бўлган муҳаббатлари, илм йўлида чеккан изтироблари, устозлик-шогирдлик мақомлари барчамиз учун ибратдир.

 

Олимжон РАҲИМОВ

З.М.БОБУР

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

 

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

 

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

 

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

 

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

 

* * *

Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

 

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

 

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

 

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,

Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

 

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,

 

Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.

БОБУР БОБОМИЗ БИЛАН ФАХРЛАНАМИЗ

З.М. Бобурнинг бирор ғазали, рубоийси ёҳуд бошқа бир асарини ўқисак албатта, бобомизнинг сурати-ю сийратини кўз олдимизга келтирамиз, асарлари орқали у улуғ зотнинг истеъдодли ижодкор, мард, жасур ва адолатли шоҳ бўлганлигига гувоҳ бўламиз.

 Бобур ўзига хос ижоди, юксак маънавияти, инсоний фазилатлари билан абадиятга      даҳлдор шахс сифатида бўй кўрсатади. Яхши биламизки, Бобур бобомиз умрининг охирига қадар ватанидан узоқда, мусофирликда яшади. Шу боис ҳам унинг ҳар бир сатрида юртга бўлган соғинч ҳисси уфуруб туради.

Бобур ҳаёти давомида жангу жадаллардан, қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан ортиниб, ижод, шеъриятга ҳам яқин ошно бўлди. Дунёга  машҳур асарлар ёзди. Айниқса, "Бобурнома",  "Рисолаи аруз", "Мубаййин" каби  асарлари инсониятнинг бебаҳо мулкидир.

Ана шундай улуғ зот Андижон фарзанди эканлигидан фахрланамиз. Ўзимизнинг одоб-аҳлоқимиз, аъло баҳоларга ўқишимиз, ижодини ўқиб-ўрганишимиз билан ёзганларидан сабоқ олиб, она Ватанга муносиб фарзанд бўлиш орқали улуғ зотга ҳурматимизни кўрсатамиз.

 Саодат  ТОҲИРЖОНОВА,

 

   АДУ қошидаги 4- академик лицей ўқувчиси.

ЭЗГУЛИК ВА СОFИНЧЛАРГА ЙЎFРИЛГАН УМР

Ҳар сафар "Бобурнома"ни ўқиганимизда, буюк шоир, шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг янги-янги қирралари очилаверади. Унинг нақадар адолатли, шижоатли, доно ва зукколиги, юксак истеъдод соҳиби эканлиги намоён бўлади.

Айниқса, унинг жисмонан бақувват, мард ва жасур инсон бўлганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Бунга "Бобурнома"даги бобомизнинг болалигиданоқ жисмоний машқлар билан жиддий шуғуллангани, хусусан, қалъа девори устида икки йигитни қўлтиғига қистирганча чопиб машқ қилиши ёки музлаётган дарёга шўнғиши сингари ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин. 

Эзгулик ва яхшилик ҳаётнинг олтин қоидасидир. Зотан, Бобур "Яхшилик" радифли ғазалида ўзининг ҳаётий тамойилини баён этган. Унинг умр йўли энг мураккаб вазиятларда ҳам шу ақидага содиқлигини кўрсатади. Шоир ҳаёт мазмуни ҳақида мулоҳаза юритар экан, ҳикматомуз хулосаларга келади.

Заҳириддин Бобур қисқа умр кўрган бўлса-да, асрлардан-асрларга фақат эзгулик ва яхшиликка элтувчи бетакрор асарларни қолдириб кетди. Унинг асарлари, ижодий мероси ҳали-ҳануз қалбимизни мунаввар этиб келаётир. Бугун дунё тарихчиларининг таъкидлашича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ростгўй ва ҳақпарвар шоҳ бўлган. У ўзининг машҳур "Бобурнома" асарида бошидан ўтганлари, кўрган-кечирганларини хаспўшламасдан, рўй-рост ёзгани эътироф этилмоқда.

қизи Гулбаданбегим ўз отасининг йўлидан бориб, укаси Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўлини ёзиб қолдирган. У "Ҳумоюннома" асарида Бобур мирзонинг эзгу фармонларидан бири 1526 йилда ўз империясида ичкиликбозликни расман тақиқлаганлигини баён этади. 

Нафақат улуғ шоир ва шоҳ, балки бир инсон сифатида ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон тотиб кўрган Бобур Мирзонинг ушбу Фармони тўлиқ матни "Бобурнома"нинг "Тўққиз юз ўттиз учинчи йил(1526-1527) воқеалари" бўлимида келтирилган.

Унда жумладан шундай дейилади: "...тинч сақланган мамлакатда (Худо офат ва    хавфлардан омон қилсин) мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақламасин, элтмасин ва келтирмасин".

Бобур ҳали юрт илҳомларини ўз қалбига тўла ошно қилмай туриб, ўспирин чоғлариданоқ қўлига қилич тутганлиги тарихдан яхши маълум. Бобурнинг дилида салтанат ишқи, Марказий Осиёни ягона, қудратли давлатга бирлаштириш иштиёқи жўш урарди. У бу ҳаракати билан ўзаро қирғинларга барҳам бермоқчи бўлди, лекин тарихнинг шафқатсиз тўлқини унинг ўзини азиз тупроғидан, Ватанидан бадарға этди. Бобур "Ўз ерни қўйиб, Ҳинду Афғон сори" юзланди. Мана, шоирнинг ўзи ҳасрат, афсус ва надоматлар билан бу ҳақда нима деган эди:

Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Тирик бўлатуриб ўз жонажон диёридан жудо бўлган шоир умр бўйи Ватанни эслаб, ҳижрон ўтларида ёниб, ғуссага кўмилиб яшади. Бобур сўнгги нафасигача она юрт хаёли билан яшади. Шоир рубоийларида ватан мавзуси марказий ўринни ишғол этди. Шоир олис юртларда ватанини қўмсаб жуда кўплаб рубоийлар ёзди.

 

Ёд этмас эмиш кишини  ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,

Fурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.

Ёки: 

Кўпдин бериким ёру диёрим йўқтур,

Бир лаҳзау бир нафас қарорим йўқтур.

Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,

Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.

 

Бобур ёлғиз ёрдан жудолик аламларини куйлаш билан кифояланмайди, балки бу ҳисга диёр фироқини ҳам уйғунлаштириб, мавзунинг қулочини ёзади, Ватан соғинчини тараннум этади.

Бобур бутун Осиё тамаддунига улкан таъсир кўрсатган шахслардан бири сифатида ўзидан ўчмас из қолдирди. Бу ҳақда ҳинд халқининг атоқли фарзанди Жавоҳарлаъл Неру шундай дейди: "Бобур келиши билан Ҳиндистон янги сулола ҳукмронлигида қудратли салтанатга айланди. Шу боис Оврупонинг ҳужум қилиш хавфи ёки эҳтимоли йўқ даражага тушиб қолди".

Улуғ шоир ва давлат арбоби, тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий мероси замонлар ўтгани сайин дунё халқларини  оҳанграбодек ўзига чорламоқда.

Турсуной

 

СОБИРХўЖАЕВА

ВАФО ҚИЛДИНГ, ВАФО БЎЛДИ...

14 февраль - Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Андижоннинг садоқатли ўғлони бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат йирик давлат арбоби ва моҳир лашкарбошигина бўлиб қолмай, балки буюк шоир, адиб, тарихчи ва олим ҳам эди.

Ўн беш-ўн олти ёшларидан бошлаб ижод қила бошлаган Бобур турли жанрларда қалам тебратади. Fазал, туюқ, рубоий, маснавий, қитъа, фардларида ҳаётни, Ватанни, севги ва садоқатни куйлайди. Айниқса туғилиб ўсган диёрига бўлган меҳру муҳаббатини гўзал мисраларда тараннум этди.

Бобур бутун умрини жангу-жадалда ўтказди, гоҳ енгди, гоҳ мағлубият заҳрини ичди. Ватан иштиёқида беадад ёнди. Тақдирга тан берган чоғларида бошига тушган савдоларни "тақдирнинг иши" деб тушунди:

Дема Бобурга нетарсан бош олиб кетмакни,

Тангрининг хасти мундоқ эса мен нетгайман.

Тақдирурур ул ёну бу ён солгучи, йўқса,

Кимга ҳаваси Санбалу Татйир қилибтур...

Бобур темурийлар сулоласининг ҳукмронлигини ҳалокатдан қутқариб қолмоқчи бўлди, бироқ бунга эришолмади. У Мовароуннаҳрда йирик ва мустаҳкам давлат вужудга келтирмоқчи эди, аммо орзу-умидлари барбод бўлди.

Бобур ўзининг лирикаси, "Бобурнома" ва бошқа қатор асарлари билан ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди. "Бобурнома" асари шунинг учун ҳам шуҳрат топдики, асарда баён этилган воқеалар ўша давр ҳақида мукаммал маълумотлар берди. Асарни ўқир экансиз, ўзингизни Бобур билан ёнма-ён юргандай ҳис қиласиз. "Бобурнома"нинг бош қаҳрамони жуда мураккаб шахс. У сиёсий арбоб, лашкарбоши, олим, шоир ва донишманд, унинг фаолияти ва дунёқараши турли-туман зиддиятлар билан тўла. Шундай бўлса-да Ҳинд диёридан қўним топган ватандошимиз тарихда муносиб ном қолдирди. Унинг авлодлари ҳам хайрли ва эзгу ишлари билан ҳинд халқининг ҳурмат ва эътирофини  қозондилар.

Орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтди. Бобур ўзи таъкидлаганидай:

Ҳар вақтики кўргайсен менинг сўзимни,

Сўзимни ўқиб соғингайсен ўзумни.

 

Ҳа, Бобурнинг бугунги ватандошлари ўз ўғлонини соғиниб яшайдилар. Айниқса мустақиллик даврида унинг номи янада улуғланди. Андижондаги Боғи Бобурда рамзий қабри, Бобурийлар тарихи музейи ташкил этилди. Университет, қатор муассаса ва кўчалар шоир номи билан аталмоқда. Шаҳарнинг марказида Бобур майдони ташкил қилинди, шунингдек, ҳар йили унинг таваллуд куни муносабати билан меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида Бобурхонлик кечалари ўтказилиб турилади. Шоирнинг ғазалларидан намуналар айтилади, қўшиқлар куйланади, тимсоллари ижро этилади. Унинг беназир шеърлари эътироф этилади.

Бобурмирзонинг ҳаёти ва ижоди, номи нафақат ўз юртида, балки бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади. Буни ўзи ҳам таъкидлаб, шундай байт битган эди:

 

Ироқу Форса гар етса

     сенинг шеъринг, эй Бобур,

Ани ҳифз этгуси Ҳофиз,

мусаллам тутқуси салмон.

Ватанига вафодор шоир Хусрав Деҳлавий айтганидай, ўз элидан вафосининг мукофотини олмоқда.

Вафо кўрсанг бировдан қилма ҳайрат,

Вафо қилдинг, вафо бўлди мукофот.

Соҳибахон ҲОШИМОВА

'font-size:11.0pt;font-family:"Times New Roman";mso-fareast-font-family: "Times New Roman";mso-ansi-language:RU;mso-fareast-language:RU;mso-bidi-language: AR-SA'>ИБРОҲИМОВА

КАСБГА САДОҚАТ

Эрта тонг. Андижон шаҳрининг кенг асфальт кўчаларида машиналар ҳаракати яна жонлана бошлади. Йўл четидаги йўлкада бир-иккитагина одам кўринади.

Улар ҳам қаёққадир шошадилар. Бир қўлида сумкача, бир қўлида китоб тутган бир аёл шоҳбекатга ошиқмоқда. Нигоҳидан теранлик, шахдам қадамидан шижоати балқиб турган бу аёлнинг иш куни 35 йилдан буён шундай бошланади. Ҳар куни шундай, у қадрдон коллежи томон ошиқади.

35 йил. Айтмоққа осон. Кунлик қатновдаги қийинчиликлар, ҳар хил шароит, бунинг учун сабр керак, бардош керак. Бир сўз билан айтганда, касбига нисбатан юксак садоқатли, зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндошадиган одамгина бу синовларнинг уддасидан чиқа олади. Асака саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининиг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Холисхон Пайзуллаева фаолиятида бир жиҳат кўзга яққол ташланади. Шунинг учун унинг ҳар бир куни, ўтган ҳар бир йили умрига мазмун, бой маъно касб этган.

Холисхон опанинг меҳнат фаолияти шу таълим муассасаси билан уйғунлашиб кетган. 1979 йили Фарғона политехника институтини тамомлагач, йўлланма билан ишга келган ёш мутахассисни педагогик жамоа ўз сафларига самимий қабул қилди. Тез фурсатда ишдаги ҳаракатчанлиги, янгиликларга бўлган интилиши, ёшларни касб-ҳунарли қилиб тарбиялашдаги фидоийлиги, жонкуярлиги боис ҳамкасбларининг ҳурмати ва ишончини қозонди. У катта тажрибага эга бўлган Собиржон Мамарасулов, Алишер Сафаров, Тошланбой Сатторов каби ўнлаб устозлардан касб сирларини пухта эгаллашга интилди. Устозлардан олган ўгитлар йиллар давомида ўз самарасини бера бошлади. Аввалига бўлим бошлиғи, сўнг касбий таълим бўйича директор ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда ишлар экан, устозларининг бой тажрибаси унга  асқотди. Таълим-тарбия жараёнининг самарадорлигини оширишда қўл келди. Бугун ўзи ҳам устоз деган шарафли номга эга бўлди. Таълим жараёнига янги педагогик технологияларни кенг татбиқ этиш, малакали, замонавий мутахассисларни тайёрлаш, назарий ва амалий маш-ғулотлар уйғунлигини таъминлаш, педагог ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш каби долзарб масалаларда Холисхон Пайзуллаева коллеж жамоасининг яқин кўмакчиси ва ҳамфикрига айланди. Бугун у билганларини ёшларга ўргатиб келмоқда. Истеъдодли ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларда ижодий салоҳиятни шакллантириш Холисхон опа фаолиятининг асосини ташкил этади, десак асло муболаға бўлмайди.

Холисхон Пайзуллаева доимо изланишда. Изланишлари самараси ўлароқ унинг "Бухгалтерия"фанини ўқитиш бўйича яратган қатор услубий қўлланмалари амалиётга татбиқ этилган. Холисхон Пайзуллаева "Масофавий таълим" координатори сифатида ҳам хайрли ишларни муваффақиятли амалга оширишга эришди. У 2006 йили Австралияда бир ойлик малака ошириш курсида ўқиб   қайтди.

- Мустақиллик ўқитувчи учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Бугунги кун ўқитувчиси шунчаки дарс бериш билан кифояланиб қолмаслиги керак. Фанга оид дунёдаги янгиликлар билан мунтазам танишиб бориши, бир сўз билан айтганда ўз ишига ижодий ёндошиши зарур, - дейди Х. Пайзуллаева.

Холисхон опа нафақат моҳир педагог, талантли раҳбар, балки, оиланинг севимли бекаси ҳамдир.У турмуш ўртоғи билан 4 нафар фарзандни  тарбиялаб вояга етказди. Уларнинг барчаси бугун олий маълумотли. Мустақил юртимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқдалар. Х. Пайзуллаеванинг самарали меҳнати муносиб қадрланган. "Касб-ҳунар таълими аълочиси" унвони ҳамда вилоят, туман ҳокимликлари,  ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. Ҳалол меҳнат, атрофдагиларга яхшилик улашиш инсон қадрини баланд қилар экан. Бунга қаҳрамонимиз мисолида яна бир бор амин бўлдим.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Ватан ичра ватан

Биринчи Президентимиз И. Каримов: "Маълумки, аср-лар мобайнида маҳаллаларда кўпдан-кўп ҳаётий муаммолар ўз ечимини топиб келади. Тўй-маъракалар ҳам, ҳашарлар ҳам маҳалла аҳлисиз ўтмайди. Маҳаллаларда сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалаларга доир жамоатчилик фикри шаклланади. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир" деган эди.

Дарҳақиқат, маҳалла халқимизнинг тарихан шаклланган, ягона ижтимоий ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи, миллий анъаналари, урф-одатлари, ахлоқий-маънавий қадриятларини авлодларга етказувчи муқаддас маскан бўлиб келган. Бугунги кунга келиб эса маҳалла чин маънода оилаларнинг энг яқин маслаҳатчиси, таянчига айланди. Яқинда коллежимизда бўлиб ўтган тадбирда адабиётшунос олим бир воқеани айтиб берди.

Европалик катта тадбиркор юртимизда 3-4 йил яшаб, фаолият кўрсатибди. Шартнома муддати тугаб кетар чоғида камгап, ғамгин бўлиб қолибди. Боисини сўрашса, индамай бош чайқар эмиш. У билан хайрлашув маросимида ҳамкорлар томонидан ош тортилиб, меҳмонга тўн кийдирилибди. Маросим сўнгида ишбилармон сўз олиб: "тўрт йил Ўзбекистонда яшадим. Қишлоқларда, маҳаллаларда бўлдим. Фуқароларнинг аҳиллигини, ҳамжиҳатлигини кўриб қойил қолдим. Ўзбекларнинг турмуши чинакам инсоний турмуш экан. Жисман Европага қайтсам-да, кўнглим Ўзбекистонда қолаётир..." дебди кўзларида ёш билан.

Европалик олимни асир этган қадриятлар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, ўзлигимизга айланган мезонлар эмасми? Халқимизнинг турмуш тарзига бу қадар ҳавас ҳеч бир қалбни тўлқинлантирмай қолмайди. Маҳалла шундай қутлуғ даргоҳки, унда инсонлар бир-бири билан она-бола, опа-сингил, ака-ука, дўст-биродар, қуда-анда бўлиб яшайди.

Хурсандчилик кунларида ҳам, бошига иш тушганда пайтда ҳам бир-бирига ҳамдард ва ҳамнафас бўлишдек миллатимизга хос улуғ фазилат маҳаллада яққол намоён бўлади. Шунинг учун халқимизда "Отанг-маҳалла, онанг-маҳалла" деган нақл бор.

Бунинг замирида маҳалладаги ҳар бир жараёнга дахлдорлик ҳисси ётади. Бир маҳалладан ноқобил фарзанд чиқса, бутун маҳаллага иснод келади. Буни яхши англаган кексаларимиз ўз хонадонларида фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратади. Биз педагоглар ҳам таълим-тарбия жараёнларида маҳалла билан мустаҳкам алоқа ўрнатсак, маҳалла фаоллари, ёши улуғ, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда турли соҳаларда илғор фаолият олиб бораётган инсонлар билан учрашувларни кўпроқ ташкил этсак, бу ёшларимизни яхши инсон бўлиб камол топишларига яқиндан ёрдам беради. Қачонки, ҳамкорлигимиз мустаҳкам ва самарали бўлса, шундагина ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.

 Шаҳнозахон АҲМЕДОВА,

   Дилнозахон ДАДАБОЕВА,

 

Андижон банк коллежи ўқитувчилари.

ЎҚУВЧИ ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ХАЙРИЯ ЖАМFАРМАСИ: Ўқувчини аъло ўқиш ва фаолликка ундайди

Ибратли ташаббус

Яхшилик, эзгулик бор экан, ҳаётимиз янада гўзал ва мазмунли бўлиб бораверади. Озод ва обод юртимизда ана шундай хайрли ишлар ҳамиша бардавомдир. Давр шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда юртимизда ҳам хайрли ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Қолаверса, муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йил - "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилиниши бизни янги-янги ғоялар, илғор қарашлар асосида яшашга, фаол ва фидойи бўлишга ундайди.

Фарзандларимиз, ёшларимиз камолотида   таълим-тарбиянинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, пухта билим олишлари, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Уларни юксак интеллектуал салоятли, билимли ва доно бўлиб вояга етишлари учун мактаб, лицей ва коллежларимизда барча шароитлар яратиб берилган. Бундан таш-қари, ёшларимиздаги истеъдод, қобилият, иқтидор ва билим олишга бўлган интилишни, китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада ошириш борасида педагогларимиз, фаол юртдошларимиз томонидан ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқдаки, буни эътироф этмаслик мумкин эмас.

Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси Маъмурахон Абидова ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни илм олишга, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ўрталарида ижобий рақобатни ошириш мақсадида турмуш ўртоғи, «Asaka oyl plant seeds» уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари  Абдухалил Абидов билан маслаҳатлашиб, хайрли ишга қўл урди. Яъни, уларнинг саъйи-ҳаракати билан "Уста Ҳабибуллоҳ ота" ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш хайрия жамғармаси ташкил этилди. Ибратли ишларга бешик бўладиган бу хайрли ташаббус мактаб маъмурияти, туман халқ таълими бўлими мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди. 

Ўқувчида соҳада кам-кам учрайдиган, биз учун ғалати туюлган бу жамғарма нима иш қилар экан, деган савол туғилиши табиий албатта. Демак, жамғарманинг дастлабки хайрли иши 34-умумтаълим мактабида таҳсил олувчи, намунали хулққа эга, ўқиш ва жамоат ишларида фаол, 1-синфдан 10 синфгача бўлган 10 нафар ўқувчини ҳар ойда 25 минг сўм миқдоридаги ойлик стипендия ва фахрий ёрлиқ билан тақдирлаб бориш.  Стипендия соҳиблари эса синф раҳбарларининг тавсиялари асосида мактабда тузилган ҳакамлар хайъати томонидан аниқланади. Ўқув йили якунида эса энг кўп стипендия соҳиби бўлган, энг иқтидорли ва аълочи ўқувчи "Ноутбук" эгасига айланади. Куни кеча мактабда ўқувчиларнинг январь ойи натижалари кўриб чиқилиб, 10 нафар ўқувчига илк стипендиялар топширилди.

- Яхши ўқиганим учун пул мукофоти олдим, деб ота-онамга айтганимда улар дастлаб ишонишмади, - дейди қувончини яширолмаган илк стипендия соҳибаларидан бири, 9-синф ўқувчиси Обидахон Нишонова. - Пулни кўрсатганимдан сўнг мени табриклаб, қандай қилиб, ким томонидан деб сўрашди. Мен устозим Маъмура опа ташаббуси билан бошланган ишни гапириб бердим. Бувим ёшларни қўллаб-қувватлагани, ўқишга бўлган қизиқишини оширгани учун устозимнинг хақига кўп дуо қилди.

Айни кунда жамғармага Ёшлар иттифоқи мактаб бошланғич ташкилотининг "Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш" йўналиши сардори, ўқувчи Мадина Хабибуллаева ижрочи директори этиб     тайинланган. У асосан ташкилий ишларни олиб боради.

- Айримлар бола нуфузли мактаб, лицейларда ўқисагина зўр билимга эга бўлади, юқори чўққиларни эгаллайди, деб ўйлайдилар, - дейди жамғарма таъсисчиси Маъмурахон Абидова. - Аслида энг кўп истеъдод эгалари қишлоқдан етишиб чиққан. Шу боис қишлоқ мактаблари, ёшларига кўпроқ эътибор қаратсак, уларни қўллаб-қувватласак, ишонаманки, истеъдодлар сафи янада кенгаяди. Стипендия ташкил этилишини ҳам ўқувчида билим олишга бўлган қизиқишни оширишнинг самарали усулларидан бири деб биламан. Бу ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради, уларни янада юқори натижалар сари илҳомлантиради.

Келгусидаги мақсадларимиз жуда катта, бу каби хайрли ишлар кўламини янада кенгайтириш, стипендиялар миқдорини ошириш, китоб мутолааси бўйича танловлар ўтказиш, кам таъминланган оилалар фарзандларига имкон қадар ёрдам кўрсатиш сингари кўплаб ишларни йўлга қўйишни олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз.

 Ҳа, юртимиз келажаги эгалари камолоти йўлида бошланган бу ибратли ва хайрли ташаббусга оқ йўл тилаймиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Фармон етакчиларни фаолликка ундайди

Колежимизда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида Президентимизнинг юқоридаги фармони билан яқиндан танишиб чиқдик.

Хотин-қизларимиз ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этувчи мазкур фармон матни бошланғич ташкилотимиз фаоллари Муборак Мусаева, Дилдора Сотволдиевалар томонидан ўқиб берилди.

Фармонда хотин-қизлар қўмитаси ва унинг қуйи тизмларига хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда уларни  ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борадаги ишларни тизимли олиб бориш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.

Олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бошланғич ташкилотлар етакчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Энди ҳар бир етакчи албатта, фаол бўлиши, ўзининг бор имконият ва салоҳиятини ишга солиб астойдил меҳнат қилиши керак.

Малоҳат ИБАЙДУЛЛЕВА,

 

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.