+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

УЙFОНГАН ВИЖДОН

Турмуш чорраҳаларида

Дониёрнинг эрталабдан кайфияти йўқ. Ҳовлининг ўртасидаги машинага қараб айвонда ҳалитдан бери хаёл суриб ўтирибди. Ахир у шу машинани қайнотасидан сўрабдими? Нега қайнотаси бундай қилди? Шундай хаёллар Дониёрни яқин ўтмиш хотирасига бошлади.

Ўшанда Дониёр энди институтга кирган, талабалик дунёсига қадам қўйган эди. У ўша пайтда Раънони учратишини, унинг ўтли қараши қанча ошиқларнинг юрагини ёндиришини қаердан ҳам билибди. Агар билганида у ҳам ўтли нигоҳлар асири бўлмасди. Нима бўлди-ю, олийгоҳ гўзали Раънога Дониёр ошиқ бўлди-қолди. Албатта, юраклар бир-бирига интилса, шу муҳаббат экан. Лекин улар ўртасидаги тафовут бойлик билан ўлчанганини Дониёр кейинроқ билди. У тўртта синглисининг ҳаётига кўмаклашишда ота-онасига тиргак эди. Раънонинг ота-онаси уларнинг тўйига қаршилик қилишгандек бўлди. Аммо кейинчалик Раънонинг дадаси Дониёрга кўп такаллуф қиладиган бўлиб қолди. Шундай қилиб тўй бўлди. Аввалига оила яхши яшай бошлади. Бироқ кейинроқ Раънонинг "синглинг у деди, онанг бу деди" дейишлари Дониёрнинг ҳамиятига тега бошлади. Бу орада у институтни битираётган талаба эди. Бир куни оқшомда Раънонинг дадаси келиб қолди. Салом-аликдан сўнг сўрига омонат ўтирган қайнота Дониёрга бир қур назар ташлаб, гап бошлади:

- Мана, ўғлимиз Дониёржон ҳам институтни битирай деб қолди. Худо хоҳласа, катта фирманинг бошлиғи бўлади, - деб Дониёрнинг елкасига бир-икки уриб қўйди. Сўнг қудасига юзланиб:

- Энди, қуда, шу икки ёшнинг бахтли бўлиши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Келинг, шу иккиси алоҳида яшаб кўришсин, - деди-ю, бургут қараш қилиб, атрофдагиларга аланглади. Тўғриси, Дониёр ҳам, қудалар ҳам бу хил таклифни кутмаган эди. Шу суҳбатдан сўнг бир ҳафтага қолмай, Раънонинг дадаси тақдим этган уйга келин-куёв кўчиб ўтишди.

Лекин Дониёрнинг виждони олдидаги иқрори анча аччиқ бўлди. Чунки ота-онаси, сингиллари унинг кўз қаърига чўкиб кетгандай эди. Бу ҳис Дониёрнинг ичини, юрагини тобора кемириб борарди.

Ҳа, янги уй шаҳар марказида, баҳаво жойда эди. Энди Раъно ҳам аввалгидай эмасди. Дониёр эса ўз ишлари билан банд. Чиндан ҳам орадан анча вақт ўтиб, Дониёр катта фирманинг бошлиғи бўлди. У "Уйга қайтайлик" деган сўзига Раънодан рад жавобини олди. Орадан йиллар ўтди. Дониёр ота-онаси билан бирга сингилларининг тўйини ўтказди. Доим улар билан бирга бўлишни истади. Лекин начора, уйда фақат ота-онаси мунғайиб қолди.

Қайнотаси Дониёрнинг амал курсисидан, албатта, бебаҳра бўлмади. Аммо Дониёрнинг қаноти қайрилган, виждон азоби уни бора-бора алам чоҳига етаклаётганини ҳис этарди. Бугун эса янгигина машинанинг калитини қўйиб кетибди. Йигитнинг кўксида анча йиллардан буён биқиниб ётган ва уни ҳар нафасда қийнаётган виждон оғриғи кучайди. Якка-ю ёлғиз ўғлини бойлик ва мансаблар эвазига қудасига бериб юборганидан, ўғли бу ҳолатга кўникиб қолганидан ўкиниб, алам тортиб юрган ота-онасининг сўлғин ва армонли сиймолари кўзига кўриниб кетди. "Ота-она - ғанимат" деган нақл ёдига тушди.

"Наҳотки, ҳаётим шундай кечса, наҳот, мен бойлик, мансаб, чиройли ҳаётни деб туғишганларимни ташлаб кетдим. Китобларда ана шундай одамлар ҳақида ўқиб, улардан нафратланардим. Энди ўзим худди ўшандай инсонлар қаторида турсам? Хўш, мен кимман? Эрки ўзгалар қўлида бўлган одамман. Ёки вужудимга сабаб бўлган, мени не-не умидларда вояга етказган ота-онамнинг умидларини сўндирган нотавонман.

Ана шундай ўйлар исканжасида Дониёрнинг юрак уруши тезлай бошлади. Юзига қон югурди, кўнгли беҳаловат бўла бошлади. Юрагида неча йиллар қатланиб ётган армон порт-лагандай бўлди. У хотинининг қўлидан машина калитини олди-ю, уни ҳайдаб, катта йўлга чиқиб олди. Шу кетишда у қайнотасиникига елиб борар, унга айтмоқчи бўлган гапларни хаёлидан ўтказарди.

 

 

Олтиной  ТОШПЎЛАТОВА

ЁМҒИР

Ҳикоя

Чорак соатча йўл бўйида туриб қолган жувоннинг ёнига лимон ранг "Нексия" келиб тўхтади.

- Тавба, дуо кетганми, Қирчага бирорта машина унамаса-я? - жувон орқа тарафдаги бўм-бўш ўриндиққа ўрнашиб олгач, норози оҳангда тўнғиллади.

- Йўли у томонларга тушмагандир-да, мана биз ўша ёққа боряпмиз, - шодон кайфиятда сўз қотди кўринишидан чаққон, қотмадан келган, кўзлари зийрак ҳайдовчи йигит, сўнг қўшиб қўйди, - мана бу акамиз ҳам Қирчага кетяпти.

Машина ўрнидан енгил қўзғалди.

Жувон боядан бери хаёли ўзида бўлмагани учунми ё зеҳн солмаган эканми, ҳайдовчининг қабатида ўриндиқни тўлдириб ўтирган келишган йигитга беихтиёр қаради-ю, юраги "шув" этиб кетди. Йигит ҳам машина кўзгуси оша ранги ўчинқираган жувонга назар солиб, кўнгли алланечук бўлди. Кўнгил амрига қарши боролмай, чап елкаси оша орқа ўриндиққа ўгирилди:

- Дилноза!

- Ассалому алайкум! - мулзам тортди жувон.

- Яхши юрибсанми, уйдагилар яхшими?

- Раҳмат, яхши.

- Уйларингга боряпсанми?

- Ҳмм.

Бўлди. Йигит бошқа савол бермади. Бояқиш питирлаб қолган чумчуқ кўйига тушганидан кейин, нима қилади азоб бериб. Шусиз ҳам машинага ўтирганидан пушаймон бўлаётгандир қизгина. Орадаги ноқулай жимликни ҳайдовчининг хуш овози тўзғитиб юборди.

- Ана, ёмғир ҳам ёғди. Кулманглар-у, мен ёмғирни яхши кўраман.

Йигитнинг юзларида табассум уйғонди. Хомуш кулимсиради. Жувон нигоҳини ойнага қадади. Томчилар. Машина ойнасига урилиб, сирғалиб тушяпти. Йиғи манзараси гўё.

Дилноза бўшашиб кетди. Гурунг ипини очиб юборган ҳайдовчининг самимий сўзларини ҳам, унга жавобан "ҳа" ёки "йўқ" билан кифояланаётган таниш йигитнинг овозини ҳам эшитмади.

Жувон келинчак ёрлиғини олмасидан сал бурун, бўй қизлигида мана бу йигит билан бир маҳаллада яшар эди. Уйлари орасидаги масофа тахминан ярим чақиримча келса ҳам, азбаройи соғинганидан ошиқ йигит Дилнозанинг эшиклари олдидан ҳар куни ўтар, унинг дийдорини кўришга муваффақ бўлмай қайтмас эди. Йигитнинг эътиборини, эҳтимол, кўнгил оромини ўғирлаганини сеза бошлаган қиз ҳам негадир ошиқ келаверган сайин кўчани, дарвозадан нарёқни хоҳлаб қолар эди. Шу кўйи бир-бирларига ўрганган қиз-йигит қалбида муҳаббат ғунча очди. Бу ҳол давом этаверса, маҳалла-кўй орасида гап-сўз болалашидан хавфсираган қиз ошиғига ортиқ келмаслигини, аммо ўзи вақти-вақти билан учрашувга чиқиши мумкинлигини айтди. Йигит маҳбубасини тушунди, бир куни уни учрашувга таклиф қилди. Ўшанда ёмғир ҳавоси уфураётган эди. Қиз соябон қўлтиқлаб чиқди. Йигит эса ҳар галгидек яккаш. Қиз хавотирланиб сўради:

- Нега зонтиксиз чиқдингиз, ҳозир ёмғир қуйворса борми?..

- Мен ёмғирни яхши кўраман. Унинг паноҳ бўлгулик қуввати бор. Нимага паноҳ бўлади деб сўрамайсанми?

- Нимага?

- Агар йиғлагудек бўлсанг, кўз ёшларингга қўшилиб, бирга оқиб тушади. Буни ҳеч ким пайқамайди.

- Мен... йиғламайман, - севгилисининг гапларини тўла англамай шошилди қиз. - Ҳеч қачон!

- Илоҳим, шундай бўлсин, - қатъий оҳангда деди йигит.

Аммо Маҳбуба йиғламасликнинг эпини қилолмади. Барибир аёллигига борди. Йиғлади. Йиғлатишди. Кўзларидан оққан ёшнинг адади ҳам, охири ҳам кўринмади. Аввалига ошиғи юборган совчиларга отаси рад жавобини бергач, аламдан, бахти кемтик эканлигидан йиғлади. Ундан кейин ўзгага боши "боғлангач", кўнглининг эгаси билан ортиқ кўриша олмаслигини дилдан сезиб, ожиз қолганидан йиғлади. Тўйи куни оппоқ келинчак либосида суюклисидан тоабад узоқлашаётганини фаҳмлаб, бефаҳм ўтирган турмуш ўртоғи олдида йиғлади. Мана, у ҳозир ҳам йиғлаяпти. Севгидан маст бўлиб, ошиғи билан бирга кезган дамларини эслаб кўз ёш тўкяпти. Муҳаббат таъмини тотган бўлса-да, бу бақадр неъмат узоққа чўзилмаганидан, бир фурсатлик эканидан аламланиб ёш тўкяпти. Ҳозир эса қўл чўзса етгулик жойда собиқ ёри ўтирибди-ю, аммо унга бошқа эгалик қила олмаслиги, у фақат юрагининг туб-тубида, хотирасининг энг чуқур жойида қолиб кетганини англаб йиғлаяпти.

"Нексия" бир уй ёнида тўхтагач, йигит машинадан тушди. У Дилнозага сўнгги бор нигоҳ ташлаб, машина эшигини ёпди:

- Хайр!

Жувон уни ҳамон соябонсиз эканини билди. Яна бир  ҳақиқатни ҳам англади: у ёмғирни яхши кўради.

Ҳаял ўтмай, жувон ҳам манзилига етиб келди. Кира ҳаққи учун тараддудланаётган эди, ҳайдовчи унамади.

- Сизга тўлашди. Тушаверинг.

Жувоннинг кўзларига яна ёш келди. Машинадан тушиб соябонини ёзишга ҳам ҳоли келмай, ота-онаси уйи томон оҳиста қадам ташлади. Боши, юз-кўзлари узра томчилаётган ёмғир унинг кўз ёшларига қўшилиб кетди.

 

Умид АЛИ

"ҚОРАБОШ ОТА" ЗИЁРАТГОҲИ

Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида жойлашган ушбу муқаддас даргоҳ ХVI - ХVII аср бошларида яшаб ўтган улуғ аллома, пиру устоз, сўфийлик, тариқат, тасаввуф билимдон Офоқ Хожа ҳазратларининг муридларидан бири Қорабош ота номи билан боғлиқ.

Қорабош ота ҳазратлари авлиё, кароматгўй, тақводор, сўфийлик таълимоти, нақшбандия тариқати соҳиби бўлган. Қашқарлик қутби олам хожаси, валилуллоҳ Офоқ Хожадан тариқат илмини эгаллаб етуклик мақомига етгач, оқ фотиҳа олиб ҳидоят йўлида сафарга чиққан. Аллоҳнинг иродаси ва илми хосияти билан Пиру комилнинг Қашқардан туриб "Бўтам қара" дея фикран билдирган мурожаатидан сўнг шу қишлоқдаги муқаддас булоқлар бўйини ўзига макон қилади. Ривоятларга кўра, Аллоҳнинг инояти билан унинг изидан ариқ пайдо бўлган.

Қишлоқда икки минг йиллик тарихга эга қабристон, унинг пойидаги зиёратгоҳ ва асрлар давомида қишлоқни обиҳаёт билан таъминлаб келган ариқ Қорабош ота номи билан юритилади. Зиёратгоҳда қадимдан одамлар томонидан диний, дунёвий тилаклар ижобатини, саломатликни сўраб, турли маросимлар ўтказиб келишган, хушҳаво, хушманзара ва сўлим жой сифатида эъзозланган.

Зиёратгоҳда бир жуфт шифобахш булоқ бор. Бири "Катта булоқ", иккинчиси "Қизбулоқ" деб номланади. Булоқлар ва улар атрофидаги улуғвор кўҳна дарахтлар сояси билан бу табаррук масканда мўътадил иқлим ҳосил қилади.

Булоқдан жануброқда, қабристон четида ўтган аср охирлари қайта тикланган уй ва уйнинг ёнида эски қабр ўрнида ковланган ертўла - "қорча" бор. Уй атрофидан 1960 йилларда шу маскан хизматчиси Қорашбой бува томонидан ХIV асрга оид бир қабртош ("Қайроқ тош") топилган ва "қорча"да сақланган. Ҳозирда қабртош вилоят ўлкашунослик музейининг нодир осори атиқасидир. Қабртошда юксак хаттотлик санъати билан сулс хатида битилган ёзув бўлиб, мазмуни қуйидагича: "Ушбу мунаввар қабру муаттар жойга хижрийда етти юз йигирма уч бўлганда (мелодий1323) сафар ойнинг ўн тўққизида етмиш беш ёшда вафот этган Сай-йид Хусайн бинни Муҳаммад бинни Муҳаммад ал-Бухорий қўйилдиким, бу шахс шаъриат соҳасида донишманд, ҳаким, қатор илму-фанларни Маккада бўлган чоқларида ўзлаштириб эгаллаган. Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в), халифа Али авлодидан, ҳақиқий дин учун курашиб ҳаёти ва фаолияти давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, ислом аҳли ичида забардастлиги билан танилди (Аллоҳ унга ёр бўлсин)".

Қорабош отанинг ҳақиқий исми каби унинг жисми қўйилган қабри ҳам номаълум. Бу зоти муборак номида мақбара, сағана тиклангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Зиёратгоҳ ёз мавсумида узоқ-яқиндан келган дам олувчилар, шифо истаб келувчилар билан доимо гавжум.

Қорабош ота зиёратгоҳи диққатга сазовор жой, маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

 

Дилшодбек ЮСУПОВ,

 

вилоят адабиёт ва санъат музейи раҳбари ўринбосари.

Фурқат - ватанпарвар шоир

Фурқат лирикасининг энг характерли хусусиятларидан бири Ватан ишқи ва соғинчи мавзусига кўп бор мурожаат этилганидир. Фурқат ўз Ватанини, халқини чексиз муҳаббат билан севар, унинг истиқболи, бахт-саодатини ўйлаб қайғурарди. У узоқ муддат мусофирликда яшаган вақтида ҳам ўз элу юртини унутмаган.

    Шоирга она Ватани бағрида яйраб яшаб, ўзининг сермазмун ижоди билан халқига хизмат қилиш бахти насиб этмади. Ўша даврнинг ҳоким гуруҳлари фитна ва иғволарни кўпайтириб, туҳмат тошлари отиб, шоирни ўз Ватанидан чиқиб кетишга, ўзга юртда ғурбат чекиб яшашга мажбур этди. Хитой тупроғи унинг учун азиз бўлиб қолган бўлса-да, ўз Ватанига бўлган соғинч қалбини ўртар, унинг фироқида ёниб, ғазаллар битарди. "Адашганман", "Бир қамар сиймони кўрдим" каби ғазаллари шулар жумласидандир. Айниқса, мухаммас шаклида ёзилган "Адашганман" шеъри шоирнинг ички кечинмаларини яққол ифодалайди:

Манам шўрида булбул бўстонида адашганман,

Юзи гул, қомати сарви равонида адашганман.

Дилим ҳажри-ла қондир дилистонида адашганман,

Fариби куйи ғурбат хонумондин адашганман...

Бориб кимга ғариблик бирла арзи эҳтиёж айлай,

На суд андинки шарҳи достоним юз қулоч айлай.

Бошимга тушди ғурбат офтоби на илож айлай,

Фалакнинг гардиши соябонимдинадашганман.

 

Фурқатнинг бундай шеърлари ўқувчи қалбини ҳаяжонга солади. Уни ўқиган ҳар бир инсон қалбида она Ватанига бўлган меҳри янада ортади.  Фурқат ижоди, шеърияти биз ёшларни киндик қонимиз тўкилган муқаддас тупроқни асраб-авайлашга, унга садоқатли бўлишга ундайди.

 

 Ҳаётхон АБДУЖАЛИЛОВА,

 

АДУ талабаси.

Бугунги кун ўқитувчиси изланувчан бўлиши керак

Бугунги тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётган давр барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янги-янги технологияларни жорий этишни талаб қилмоқда. Шу боис, инновацион педагогик технологияларнинг назарий асосларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш зарурати юзага келмоқда. Хўш, бугунги кун ўқитувчиси қандай малакалар билан қуролланган бўлиши керак?

Биз қўллаётган услублар кечаги кун камчиликларини тўлдириб бормоқда. Мисол учун, бундан бир неча йиллар олдин ноанъанавий дарсларни эртак, саёҳат, ўйин шаклида олиб борардик. Бу ҳам яхши самара берарди, албатта.  Бироқ, бу услублар ўқувчининг фикрлаш даражасини, дунёқарашини чегаралаб қўяди. Чунки ҳар бир ўқувчининг ўз қизиқиши, ўзига яраша қобилияти бор. Биз юқоридаги каби дарслар билан унинг маълум миқдорда нутқини, билимини оширишга эришган бўлишимиз мумкин, бироқ қизиқишини эътибордан четда қолдирардик. Ўқувчилардаги эркинликни, мустақилликни ўғирлаб қўярдик. Анъанавий таълимда ўқувчини фақат тайёр билимларини эгаллашга ўргатган бўлсак, замонавий технологиялар уларни эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топишлари, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишларига ҳатто хулосаларни ҳам ўзлари чиқаришларига ўргатади. Биз ўқитувчилар бу жараёнда шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратамиз ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик вазифасини бажарамиз. Қисқаси, дарс жараёнида ўқувчи асосий шаклга айланади.

Педагоглар ўқувчига билим бериш жараёнига фақат педагогик нуқтаи назардан ёндашиб қолмай, балки ҳар бир ўқувчини психологик ҳолатига ҳам эътибор бериши лозим. Ҳар бир ўқувчини ўқув материалини ўзлаштира олиш имкониятини, уни нимага қизиқишини, ўз фикрини қай даражада ифодалай олиши, уятчанлик, тортинчоқлик, диққатсизлик каби хусусиятларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак, чунки буларни билган ҳолда ҳам ўқувчи руҳиятига таъсир қила олишимиз мумкин.

Бу психологик жараён бугунги кунда яхши самара бермоқда. Бундан ташқари, ўқитувчи ўзини ўқувчи олдида энг маданиятли инсон сифатида гавдалантира олиши лозим. Бунинг учун унинг ўзи ўқитувчига хос формада юриши, ширинсўз, меҳрибон бўлиши, ҳар бир гапини ўйлаб, мулоҳаза билан гапириши, ўзини ва синф хонасини озода тута олиши лозим. Ўқитувчи ўқувчига ҳар қандай топшириқ беришдан олдин унга ўзи риоя қилган ҳолда намуна бўлиши керак. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бугунги кунда ўқитишнинг қатор шакл ва усулларини қўллаш асносида нафақат хорижий мамлакатларнинг илғор усуллари, балки халқимизнинг қадимдан шаклланган педагогикаси, одоб-ахлоқ меъёрлари билан омухталаш (пайвандлаш) орқали ифода этсак, янада яхши натижаларга эриша оламиз.

Бугунги янги педагогик технология (инновацион технологиялар, интерактив методлар ва ахборот технологиялари) эса ҳар бир ўқувчини дарс давомида  дарсга бефарқ бўлмасликка, мустақил фикрлашга, ижод қилишга, изланишга мажбур этмоқда. Бу методлар ўқувчи  дунёқарашини ўстирибгина қолмай, уни шахсий қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда келажакка ундамоқда, гуруҳларда ишлаш, эркин, мустақил фикрларини айтиш,   баҳслашиш ва ягона хулосага келиш орқали уларнинг ҳамкорликда фаолият олиб боришига эришилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, бу методлар улардаги яширин қобилиятларни очиб бермоқда. Инновацион педагогик технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этиш муайян қонуният ва принципларга асосланади. Бундай принциплар лойиҳаланган ўқув-тарбиявий жараённи амалга оширишда юқори натижаларга эришиш учун риоя қилинадиган умумий меъёрлар ва талаблардир.

Бугунги кун ўқитувчиси таълимни демократлаштириш ва инсонпарварлаштириш тамойиллари асосида қуриб, болада ҳақни ноҳақдан, савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олиш, уни фарқлай билиш, айни дамда мустақил фикр айта оладиган кўникмаларни шакллантира олиши керак. Тарбиялаётган ўқувчиларимиз эртанги кун нафаси билан яшайдиган, ватанпарвар, ўткир зеҳнли, имон-эътиқодли, юксак маънавиятли, энг муҳими, юртга керак инсон бўлиб камол топиши лозим. Зеро, таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш орқали ёшларни мустақил фикрлашга ўргата олиш, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга, воқеа ва ҳодисаларга муносабат билдира оладиган, эътиқоди мустаҳкам, ватанпарвар қилиб тарбиялаш бугунги кун ўқитувчисининг асосий вазифасидир.   

 

 Хатирахон НАБИЕВА,

вилоят халқ таълими ходимлари малакасини ошириш муассасаси ўқитувчиси.       

 

Каримахон ЎРИНОВА,

 

малака ошириш курси тингловчиси.

Коррупцияга қарши курашиш - муҳим вазифа

Коррупция - бугун дунёнинг аксарият давлатларини ташвишга солаётган долзарб муаммолардин бири ҳисобланади. Шу боис кўплаб сиёсатчилар ушбу иллатни глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида баҳолашмоқда. 

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишга қаратилган халқаро ҳужжатлар ижросини таъминлаш жараёнида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бундан ташқари, юртимизда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2016 йилда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун қабул қилингунга қадар республикамизда коррупцияга қарши қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳаётга тадбиқ этилиб, зарур чоралар кўрилишига қарамасдан  давлат бошқарувини халқ олдида обрўсизлантирувчи коррупцион ҳуқуқбузарликка қарши самарали кураш тизими шаклланмаган эди. Қабул қилинган қонун ҳужжатида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, аниқ стратегияси, ҳар бир ташкилотнинг, айниқса, турли даражадаги раҳбарларнинг бу борадаги бурч ва вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Эндиликда, коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонунан белгилаб қўйилди. Тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари сифатида белгиланди. Шунингдек, Президентимиз қарори билан коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури қабул қилиниб, республика идоралараро комиссияси тузилди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  қабул қилинган коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатлари, олиб борилаётган саъйи ҳаракатлар келгусида мамлакатимизда коррупцияни таг-томири билан йўқотилишига асос бўлади. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги эса сизу бизнинг ҳаракатимизга, ҳуқуқий саводхонлигимизга, қай даражада фуқаролик позициясида туришимизга, амалдаги қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши қанчалик самарали қўллашимизга боғлиқ.    

Икромжон ЮСУПОВ,

Фарғона транспорт прокурори ўринбосари, 1-даражали юрист.

 Адаҳамжон

АБДУЛЛАЖОНОВ,

 

Андижон вилояти транспортда ЖХТБ ХПГ инспектори, лейтенант.  

Яхшилик инсон ҳаёти ва охиратини обод қилади

Қадим замонда бир подшоҳ бўлиб, у доим чексизлик ҳақида ўйлар, унинг қандай эканини ҳеч тушуниб ета олмас экан. Бунга жавоб топиш мақсадида бир донишмандни саройга чақиртирибди. Унга ўзини ўйлантираётган савол билан мурожаат қилибди. Донишманд: "Узоқ бир ўлкада баланд бир тоғ бор. Ҳар юз йилда ўша тоғга бир кичкина қушча учиб келиб, тумшуғини шу тоғнинг тошига бир марта чархлаб кетади. Қачон қушча тумшуғини чархлаб ўша тоғни тугатса, ана ўшанда чексизликнинг бир сонияси ўтган бўлади", деб жавоб берибди.

Чексизлик тушунчаси олдида бизнинг умримиз бир ёниб ўчган чироқ каби эканки, бу қисқа умримизни беҳуда, кераксиз нарсаларга сарф этмасдан    хайрли ва эзгу ишлар қилмоқ учун сарфламоқ зарур. Инсоннинг умр сармояси шу қадар қисқаки, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Бу ҳақида "Ҳикматлар хазинаси" асарида Юсуф Товаслийнинг ажойиб ўгити бор: "Эй, ғофил одам сенинг қанча бўш вақтинг бор? Сен инсонсан, сенга ибодат учун вақт зарур, ишлаш учун вақт керак, илм олмоқ учун вақт лозим, истироҳат этмоқ учун вақт даркор!

Буларнинг ҳаммасини адо этмоқ учун вақтинг етарлими? Ўйин, бекорчиликда бесамар вақт ўтказишни истайсан? Сен қаҳвахоналар, чойхоналарда бекор вақт ўтказиш, тентираб юриш учун яратилмагансан! Сенга берилган умрнинг ҳисоби сўралади. Кеча ва кундуз - сенинг умр матоингни кесувчи, қудратнинг омонлик бермайдиган бир қайчисидир. Сен бу илоҳий қайчидан умринг матосини қутқара олмайсан. Бекор сафсаталар, солланиб юришларнинг ҳеч фойдаси йўқ, улар жонга ором бермайдилар. Вақтида эсингни йиғиб ол. Ва вақтингни қийматини яхши бил, фойдали ишлар қил!"

Ҳар бир жонзотнинг бу ҳаётни тарк этмоғи муқаррарки, Аллоҳ ўз каломида: "Ҳар бир нафас эгаси ўлим шарбатини тотгувчидир" деб марҳамат қилган. Шундай экан, киши умри давомида ўзгаларга яхшилик қилмоғи керак. Инсоннинг қадр-қиммати унинг ҳусни, бойлиги ёки мартабасига қараб эмас, балки яхши амалларни кўп ёки кам қилганига қараб белгиланади. Аллоҳ розилиги учун қилинган ҳар бир яхшилик бесамар кетмайди. Доноларимиз "Экканингни ўрасан", деб бекорга айтмаганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб, "Ҳар бир қилинган яхшилик ҳам садақа ҳисобланади" деганлар.

Қадим замонда бир шаҳзода бўлган экан. Унга отасидан катта кутубхона мерос бўлиб қолибди. Шаҳзода китобларда нималар ёзилганини билмоқчи бўлиб, кутубхонага қараб турувчи олимни чақиртирибди. Ундан бу китоблар нима ҳақида эканлигини сўрабди. Олим "Бу китобларда инсоният тарихи битилган" деб жавоб берибди. Шунда шоҳ унга китобларнинг барида ёзилган маълумотларни жамлаб келишини буюрибди. Олим бир неча йиллар меҳнат қилибди ва кутубхонадаги барча китобларни жамлаб, беш юзта китоб ҳолига келтирибди. Шаҳзода бу вақтга келиб, анча улғайиб қолибди. Саройдаги ишларнинг кўплигидан бу   китобларни ўқиб чиқишга фурсати етмаслигини айтиб, уларни яна ҳам ихчам қилиб жамлаб келишини буюрибди. Олим йиллар мобайнида бу китобларнинг маъносини яна ҳам ихчамлаштириб элликта китоб қилиб келибди. Бу пайтга келиб шоҳ анча қариб қолганлиги сабабли ушбу китобларни ўқиб чиқишга имкони йўқлигини билдириб, элликта китобнинг маъносини битта китобга жамлашини яна буюрибди. Олим бу амрни бажарибди. Лекин унда шоҳ ўлим тўшагида ётган экан. Китобни ҳатто очиб қарашга кучи етмабди. Шунда олимга китобнинг мазмунини қисқа қилиб айтиб беришини сўрабди. Олим унга: "Инсон дунёга яхшилик қилиш учун келар ва ажали етганда ўлар экан" деб жавоб берибди.

Инсон дунёга келар экан, фақат яхши амаллар билан яшамоғи зарурдирки, бу амаллар унга охиратда асқотади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурларки, мўъмин кишига вафотидан кейин ҳам савоб етиб турадиган амали солиҳлар бор. Булар тарқатган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, қурган масжиди, йўл, кўприк, қазиган ариғи, тириклигида ва соғломлигида қилган яхшиликларидир.

Нақлдурки, улуғ зотлардан бўлмиш Робия Адавия ҳазрати Ҳасан Басрийга уч нарсани яъни, мум, игна, соч толасини жўнатди. Аҳли ҳикмат бу воқеани бундоқ шарҳ қилдилар: мум каби мулойим бўл, ўзинг ёниб адо бўлсанг ҳам оламни мунаввар айла. Игна каби яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни    кийинтир, халқ сендан манфаатдор бўлсин. Ва Аллоҳ Таолонинг ҳузурига олиб борувчи йўл ҳудди соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан хушёр бўл. 

Кишининг ҳаёти ва охирати обод бўлмоғи бу унинг умри давомида қилган яхшилигига боғлиқдирки, ўзгаларга манфаат етказмасдан туриб, улардан манфаат кутиш, ерга уруғ сепмасдан туриб, дон олишни таъма қилиш каби маъносиздир. Илоҳим барчамизга, яхши ва эзгу ишларни бажаришимизни, умримизни мазмунли ва серфайз ўтказувчи амаллар билан безамоғимизни Аллоҳ насиб этсин.

Саидахон Исмоилова, Марҳамат тумани бош отинойиси.

Тил ва дилдаги сўз

Ҳаёт - ибрат мактаби

Чорраҳада машина кутиб турар эдим. Кўп ўтмай мен кутган йўналишдаги такси келди. Унга чиқиб, орқа ўриндиқдан жой олдим. Машинадаги йўловчи уч аёл диққатимни тортди, улар бир-бирлари билан имо-ишоралар ёрдамида гаплашишар эди.

Ҳа, улар соқов эдилар. Лекин юз-кўзларидан бахтиёр эканликларини сезиш қийин эмасди. Наздимда, улар кўчаларнинг кундан-кунга чирой очиб бораётганлиги тўғрисида суҳбат қуришарди. Кўнглим чуқур ўйга чўмди ва беихтиёр телефонда, машинада, қўйингки, ён-атрофимизда овозини баланд қилиб, бемаъни сўзлар билан, эшитсанг этинг жимирлайдиган хунук сўзларни айтиб, бақир-чақир қиладиган одамлар кўз ўнгимдан бир-бир ўтди.

Ўйлаб кўринг-а, Аллоҳ берган буюк неъматлардан бири - тил, забони борлигига шукр қилиб, яхши зикрлар қилиш ўрнига маънисиз сўзлар билан кўпчиликнинг дилини оғритаётган кимсалар борлигидан афсусланиб кетаман.

Тили бузуқ кимсалар юқоридаги каби заиф аёллардан ибрат олсалар жуда яхши бўлар эди. 

Дилоромой ИСМАНОВА

Дунё Гўзали

Нега шундай? Аввалига кимгадир керакдек туюласан. Яшагинг келади. Лекин қачонлардир кераксиз эканингни ҳам ҳис қиласан. Инсон агар эътиқоди шунчалар кучли бўлса, бир кун толе унга ёр бўлади. Аммо орадан қанчадир вақт ўтади. Кимлар дунёга келади. Кимлар   дунёни тарк этади. Ҳаммасидан ўтиш учун эса кучли ирода, матонат керак.

Бу олам, аслида инсонга ҳаракат, изланиш, ибодат, яхши амаллар қилиши учун яратилган. Доно ва зукко инсон яхши биладики, ҳаёт инсонга  бир маротаба берилади. Унинг ҳар бир лаҳзаси такрорланмас, бебаҳо. Дунёдан инсон мўъжиза кутиб яшайди. Минг афсуски, кўпчилигимиз инсон бўлиб яралганимизнинг ўзи катта мўъжиза эканлигини англаб етмаймиз. Тушкунлик бутун вужудимизни кемиради. Мислсиз саробга айлантиради ҳаётимизни.

Инсон... Оламнинг онгли мавжудоти. Нега энди у шу беш кунлик ҳаётда ўзи учун, ўз бахти учун қайғурмаслиги керак. Инсон яшашнинг лаззати, юрак хотиржамлигини гоҳида унутиб қўяди. Фақат ўткинчи нарсалар, кераксиз ҳою ҳаваслар кўз ўнгида намоён бўлади. Доно халқимизда "Сабрнинг таги сариқ олтин" деган нақл бор. Нега бобою момоларимиз бизга ҳаёт фалсафаларини ўргатадилар. Чунки улар қилган хатоларни бизлар такрорламаслигимиз керак. Лекин биз - инсонлар ожизмиз. Тақдир кутилмаган воқеаларни рўбарў қилади. Вақт - шошқалоқ. Шундай экан, ҳар лаҳза ғанимат.

Қани, дўстим, шошилайлик, чин инсон бўлиб эзгулик қўлин тутмоққа. Токи, армонлар, ғамлар ортда қолсин. Дунё гўзал. Истардимки, у янада гўзал бўлсин. Мана шу гўзал дунёда биз инсонлар ҳам гўзал ҳаёт кечирайлик, қалбимиз фақат эзгуликка эш бўлсин.

    Нигина АРТИҚОВА,

Олтинкўл туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Айтолмаган розим бор

Дил туFёни

Ҳижрон дунёсида яшаяпман. Юрагимда армон, қалбимда айтолмаган тилак мени қийнайди. Сиз билан сўнгги бор учрашганимда тилимда чўғдек тутиб турган бир жумлани айтолмаганимга афсусланаман. Мен Сизга омад, мансаб ҳамда тинчлик сўрабман-у, бахт сўраш ёдимга келмабди. Бошимни эгганча ортимга қайтар эканман, биринчи бор дунёни бузиб юборгудек алфозда йиғлагим келди. Фақат... уялдим. Ўша бир-биримизни ажратиб, таскин топган одамлардан уялдим...

Мағрурона қадам босар эканман, кўнглим девори нураётганини ҳис қилдим-да, йўлда давом этдим. Балки, ўшанда буларнинг барчаси ёлғон, мен фақат Сизга ишонаман, дейишимни кутгандирсиз?..

Ҳа, рост, Сиз ҳақсиз. Мен муҳаббатим ва келажагим учун курашолмадим. Чунки менинг қанотларимни қайириб, учолмайдиган қушдек қилиб қўйишганди. Начора, ўша иродасизлигим жабрини бир умр тортишга маҳкум бир ожиза қизман. Сизнинг муҳаббатингиз уволига қолган ҳимоясиз гулман...

 

Дурдона ДИЛРОЗ