+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Темир йўл фалокатларининг олдини олайлик!

Шу йилнинг 21 январь куни "Ахтачи-Андижон" темир йўл кесишмасининг  324 километрида темир йўл ҳалокати юз берди. Андижон шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган Олимжон Тўхтасинов поезд яқинлашиб келаётганига қарамай темир йўлни кесиб ўтишга уринди. Натижада "Андижон-Тошкент" йўналиши бўйича қатновчи йўловчи поезди фуқарони уриб юборди. О.Тўхтасинов бош қисмидан жиддий жароҳатланган, чап оёғи болдир қисмидан узилган ҳолда касалхонага етказилган.

Бу темир йўл кесишмасида учраётган бахтсиз ҳодисалардан бири холос. Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан темир йўлларга ҳар хил чиқиндилар ташлаш, темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш, темир йўл атрофларида чорва моллари боқиш, вагонларга тош отиш, юк вагонларини талон-тарож қилишга уриниш каби ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Ушбу ҳолатлар ўз навбатида темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги талабларининг таъминланишига, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига таҳдид солмокда.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолини кўнгилсиз ҳодисалардан асраш мақсадида Андижон Вилоят Ички ишлар бошқармаси транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими (ИИБ ТЖХТБ) "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Темир йўл атрофида жойлашган маҳаллалар, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда темир йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган учрашувлар, профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмоқда.Жумладан, Асака, Ахтачи, Шаҳрихон темир йўл бекатларида бўлинма ходимлари жамоат тартибини сақлаш, темир йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, болаларнинг шпаллар бўйлаб юриши, темир йўл атрофларида ўйнашлари юзасидан иш олиб бормоқдалар.

       Айниқса, кейинги пайтларда мактаб ёшидаги болаларнинг вагонларга осилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Асака туманидаги 7, 30, 31-умумтаълим мактабларида, "Тувадоқ", "Деватаги" ҳамда, бу каби ҳолатлар кўп кузатилаётган  "Навкар" маҳалла фуқаролар йиғинларида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.Ўқувчиларнинг мактабга бориш-келишларини назорат қилиш, беэътибор қолдирмаслик юзасидан ота-оналар ҳамда мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилмоқда.

Темир йўлларда содир бўлаётган ҳуқуқбузарлик, ёки қизиқувчанлик фуқароларни ҳуқуқ идоралари олдида жавоб беришларига, бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишига ва бунинг ортидан уларнинг ногирон бўлиб қолиши, ёки ҳаётдан кўз юмишларига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳаёт - Яратган ато этган энг буюк неъмат! Ушбу неъматдан баҳраманд бўлиб яшаш, ёки аксинча, арзимаган нарса деб унга нуқта қўйиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

 

Адаҳамжон АБДУЛЛАЖОНОВ,

 

вилоят ИИБ ТЖХТБ 

МЕҲРИМИЗНИ АЯМАЙЛИК

Халқимиз бошқа халқлардан ўзининг меҳр-оқибати, инсоний фазилатлари, ўзбекона лутфи, меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги билан ажралиб туради. Дунёда ўзгаларга ўрнак бўлган, умри давомида савоб ишлар қилиб, ибрат бўлганлар озми? Бир умр топганини халқ манфаати йўлида сарф этган, ўз маблағи ҳисобидан масжидлар, мадрасалар, кўприклар, сув йўллари, ҳаммомлар қурдирган Алишер Навоий хазратлари бизнинг аждодимиз эканлигини эслашнинг ўзиёқ қалбимизга ғурур бағишлайди.Инсоннинг қандай эканлиги унинг муомаласидан, фикрлаши-ю хатти-ҳаракатларидан маълум бўлади. Қўлимиздан яхшилик келмаса, ҳеч бўлмаса, илиқ сўзимиз билан атрофимиздагилар меҳрини қозонайлик.

Бугунги кунда юртимизда ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиляпти. Чунки ёшлар бизнинг келажагимиздир. Биз катталар ўз муомаламиз, бир-биримизга бўлган муносабатимиз орқали ҳам уларга ўрнак бўлишимиз лозим. Бугунги хатоларимиз эртага "ўз мевасини" бермай туриб, уларнинг олдини олайлик. Бир-биримиздан меҳримизни аямайлик. Зеро, умр инсонга бир мартагина берилади. Уни мазмунли ўтказиш ҳам, елга совуриш ҳам ўзимизга боғлиқ.

Нафиса ИСМОИЛОВА,

Андижон туманидаги 31-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Кийим - инсоннинг зийнати!

Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб юрган даврларимиз эди. Биз нуфузли илм даргоҳи талабалари бўлсакда, содда, камтарона кийинардик. Ҳашам ва мода кетидан қувмасдик.

Ўзимизнинг атлас кўйлак ва дўппиларимизни фахрланиб киярдик. Бир куни ўқитувчиларимиздан бири ўзбекона бичимдаги кўйлакни тикиб беришимизни илтимос қилди. 3-4 қиз астойдил ҳаракат қилиб, устозимизга бурмали, енглари узунгина ўзбекона кўйлак тикиб бердик. У бу кўйлакни дарсларга кийиб келиб, қулайлиги, гигиеник-эстетик, гигроскопик хусусиятлари ҳақида гапириб, бизнинг меҳнатимизга юқори баҳо берди. Натижада инс-титутдаги ўқитувчи аёлларнинг бир нечтасига шу кўйлакдан тикиб бердик. Бундан қанчалар хурсанд бўлганимизни тасаввур қилиб кўринг.

Ўзбек халқининг маданияти, маънавияти ҳар жиҳатдан урф-одатларга, муқаддас анъаналаримизга содиқ ҳолда ривожланиб бормоқда. Халқларнинг кийиниш маданияти авлод-аждодларидан мерос бўлиб, кийимлар ўша ҳудуднинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари,   халқнинг турмуш тарзи, яшаш услубига мос равишда табиий матолардан, ёки пишиқ бўлиши учун сунъий материал аралаштирилган матолардан, иссиқ ўлкаларда салқин, ҳавони яхши ўтказувчи, совуқ ўлкаларда эса қалин, ўзида иссиқликни яхши сақловчи матолардан яратилади.

Кийим - инсоннинг зийнати. У нафақат қулай бўлиши керак, балки бежирим, инсон ҳуснини оширувчи, қоматдаги камчиликларни беркитувчи восита ҳамдир. Бу айниқса аёл-қизларимизга тааллуқли. Бироқ кийиниш эҳтиёжимиз учун бўлиши керак, кимўзарга, мақтанишга эмас. Ҳозирги ёш қизларимизни, айниқса талаба ёшларни ҳаддан зиёд тор, ярашиқсиз, очиқ-сочиқ кийимларда юрганларини кўриб мулзам бўламиз. Ёмон хабар тез тарқалганидек, хунук мода ҳам тез тарқаларкан.

Аслида мода дунёси ўзгарувчан. Бир пайтлар урф бўлган кийимлар йиллар ўтиб яна қайтишини кузатяпмиз. Аммо ўзбек аёлларининг миллий кўйлаклари, оналаримиз, момоларимиз кийган ўзбекона бичимдаги бурмали кўйлаклар урфдан чиқиб кетаётганлиги ачинарли ҳол.Бу эса келажакда уларнинг тикилиш усуллари унутилишига сабаб бўлади.

Бурмали кўйлакларни ўзига яраша қулай томонлари бўлиб, ҳақиқий ибо-ҳаё доирасида тикилишини ҳисобга олсак, ҳозирги модельерларнинг бурмали кўйлакларга қўшимча шакл-лар, безаклар бериб, замонавий кўйлаклар яратиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, бизнинг атлас, адрас каби дунёга машҳур матоларимиз борки, булардан тикилган замонавий либосни ҳар қандай хорижлик аёл ҳавас билан кияди.

Ҳар бир оила, маҳалла, билим даргоҳларида ёш қизларимизнинг кийиниш одоби, маданиятига, миллий анъана ва қадриятларимизни қай даражада қадрлашига эътиборни қаратайлик. Ҳозирги ёшлар дунё аҳлига ўзбек номини нафақат спорт ва илм-фан соҳасидаги юқори чўққиларни забт этиши билан, балки маънавияти, юксак аҳлоқий қадрияти ҳамда кийиниш маданияти билан ҳам танитишини истардик.

 

Замира БАҲОВУДДИНОВА,

Мавжуда АБДУЛЛАЕВА,

 

Андижон Давлат тиббиёт институти ўқитувчилари.

СИХ ҲАМ КУЙМАСИН, КАБОБ ҲАМ

Қўшним билан гаплашиб ўтирсак, телевизорда янги йил куни эфирга узатилган бир кўрсатувнинг такрорий намойиши бошланиб қолди. Унда юртимиздаги бир гуруҳ таниқли санъат намоёндалари (хонанда ва қизиқчилар) ким энг зўр таом пишириш бўйича мусобақалашишганди. Байрам куни пишир-куйдир билан бўлиб, кўрсатувни яхшироқ кўролмагандим. "Зўр ТВ" телеканали орқали эфирга узатилган бу "Саҳоват шоу"ни қўшним билан муҳокама қилишга тушдик. Чунки бу кўрсатувни кўриб тўғриси, ҳам хайратдан ёқа ушладик, ҳам оғзимизнинг суви қочди, ҳам биз ҳеч қачон бунақа овқатлар пишириб еёлмаслигимиздан ўксиндик.       

Кейинги пайтларда телеэкранлар орқали кўзга кўринган санъаткорлар,  бошловчи-ю актёрларнинг овқат пишириш, яъни пазандалик сирларини ўргатаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Улар ошхонада ўзларини худди маҳоратли ошпаз каби тутадилар ва фақат йирик супермаркетлардагина бўладиган ноёб, қимматбаҳо масаллиқлардан антиқа овқатлар пиширадилар.  Масаллиқларга назар ташланг: Асосан гўшт маҳсулотлари - биқин гўшти, дандана, тил, думба-жигар, бўйин гўшти, товуқ, ўрдак, бедана, курка гўштлари, креветкалар, четдан келтирилган қимматбаҳо балиқ гўштлари, қора ва қизил икралар, шунингдек, сабзавотлардан булғор қалампири, бақлажон, кабачка, помидор-бодринг, қўзиқорин ва ҳоказо... Бу бир марталик овқат учун кетадиган ҳаражатлар холос.Таомни пишириб бўлгач, бошловчилар  ушбу овқатнинг нақадар лаззатли чиққанини намо-йиш этиш учун уни иштаҳа билан тотиб кўрадилар...

Тўғри, овқат пиширишни ёш келин-кертакларга ўргатиш ғоят савобли иш. Лекин, бу кўрсатувларда тақдим этилаётган таомларни тайёрлаш учун жуда кўп ҳаражат кетади. Оддий ойлик маошга кун кўрувчи оиланинг эса буни чўнтаги кўтармайди.

Бизнинг халқимиз болажон халқ, тежамкор халқ. Топган-тутган маҳсулотларини бир кунда еб-ютиб олишни эмас, тежаб-тергаб, болалари билан узоқроққа етказишни мўлжаллайди. Менимча ҳар бир болали оила ҳаражатларини шу тахлит иқтисод қилади. Еб-ичиш, рўзғордан ортганини эса жамғариб яхши кунига асраб қўяди. Агар "Лаззат","Ош бўлсин", "Ошхона қироллари", "Ошга мар-ҳамат", "Ёқимли иштаҳа", "Бош ошпаз", "Это вкусно!" каби кўрсатувларда  уй бекаларига ўргатилаётган таомларни хафталик таомномага киритилса, ойлик маош билан тўлган чўнтак хафталик харажатлар билан бўшаши тайин. Кейинчалик эса ошқозонни турли хил арзон ва ярим тайёр маҳсулот (Роллтон, Хот-ланч, перажки, хот-дог)лар билан алдашга тўғри келади.  Қизиғи, бу танқис таомларнинг аксарияти қимматбаҳо Fарб ресторанларнинг менюсини безаб турган таомлардир. Машҳур Фармонбиби айтганидек, бу - "хўроз-қанд чет элники деса, ётволиб ялаш" билан баробар. Ахир ҳамма нарсани Fарбдан ўрганавериш шарт эмас-ку, тўғрими? Неча-неча асрлардан буён миллий таомлари билан дунёга машҳур бўлиб келган халқ байрам дастурхони учун ўзи муносиб таом пиширишни билмайдими?

Кўрсатувни кўриб ўтириб корейс киноижодкорлари томонидан яратилган "Сарой жавоҳири" сериали ёдимизга тушди. Унда ҳам сарой бекалари 2 гуруҳга бўлиниб, лаззатли таом тайёрлаш бўйича беллашишарди. Аммо сериалда бир ибратли саҳна бор. Яъни, мамлакат қироличаси "авом халқ пишириб ейиши мумкин бўлган, энг арзон, топиш осон бўлган масаллиқлардан мазали таом тайёрлаган, янгича таъм яратган" жамоани ғолиб деб эълон қилади.

Ўзбек ошхонаси менюси фақат Ошдан иборат эмас. Телебошловчиларимиз ўз дастурлари орқали турли лаззатли таом тайёрлашни ўргатишни хоҳлар эканлар, мар-ҳамат, бозорларимизда сероб бўлган, қишда ҳам арзон бўлган сабзавотлар, маҳсулотлардан ҳаммабоп таом пиширишни ўргатишсин. Шунчалик маҳоратли эканлар, изланиб, йўқолиб кетган миллий таомларимиз, пишириқларимиз рецептини топиб, уни мухлисларга тақдим этсинлар. Энг муҳими оммабоп, ҳамёнбоп таомлар тайёрлашни ўргатсинлар. Ана шунда сиз ҳам куймайди, кабоб ҳам. Уларнинг кўрсатувларини томошабинлар орзиқиб кутиши, мириқиб томоша қилиши, уй бекалари эса ўз менюсини янада бойитиши мумкин бўлади.

 

 

Муқаддас ХЎЖАҚУЛОВА,  Олтинкўл тумани.

Асрора қаерда адашди?

Ҳаёт - ибрат мактаби

- Сен мен ўйлаган қиз эмас экансан! Мен сени умуман бошқача тасаввур қилган эдим... Нарсаларингни йиғиштир-да, кўзимдан йўқол!

Асрора тўйларига ўн кун бўлмай туриб куёвидан эшитган ҳақоратларга чидолмай эсини йўқотаёзди:

 - Нималар деяпсиз, Миразиз ака?! Ўтиниб сўрайман, бу гапларингизни қайтиб олинг...

- Эшитганинг! Сени ортиқ севмайман! Кўргани кўзим йўқ! Агар ўзинг кетмасанг, ўзим олиб бориб ташлайман кўч-кўронинг билан.

- Жон , Миразиз ака, ундай деманг! Асрора ўзини куёвининг оёқлари остига ташлаб ялина бошлади. - Бундай шармандаликни кўтара олмайман, одамлар нима дейди?! Ота-онамнинг ҳоли нима кечади?

Келинчакнинг кейинги гапи охирига етмади. Усма-уст тепкилар зарбидан ғужанак бўлиб қолди.

- Яхши қиз бўлганингда ҳар куни соатлаб "одно"да ўтирмасдинг"... Умрингда кўрмаган йигит билан ишқий мактублар ёзишмасдинг! Мен нечанчисиман, а? Айт, нечанчисиман?

 Миразиз қизнинг сочларидан тортиб эшик томонга судради. Оғриққа дош беролмаган Асрора фарёд урди:

- Менинг айбим нима? Сизга ишонганимми?

- Сен аввал менинг саволимга жавоб бер, мен нечанчи жазманингман?

- Кўз очиб кўрганим сизсиз...

- Ишонмайман! Қасам ич! Бўлмаса ҳозироқ талоғингни бераман.

- Нима десангиз денг, сиздан бошқа билан гаплашган бўлсам Худо урсин!

- Гапларинг рост бўлса менга бўйнингдаги занжирингни бер, тўйдан анча қарз бўлиб чиқдим. Фоизга пул олганман.

Ноилож қолган Асрора йиғисини ичига ютиб, тилла занжирини ечиб, эрининг қўлига тутқазди. Шу ондаёқ , Миразиз бошқа тусга кирди.

- Билардим, мени деса жонинг-ни ҳам аямаслигингни. Топганимда олиб бераман, хафа бўлма. Оғир касалликдан сўнг шунақа асабий бўлиб қолганман. У шундай деди-ю, бетоқатланиб ташқарига отилди. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай кўчага югурди. Куёв  гиёҳвандликка ўрганган, шу тобда хумори тутгану касофат гиёҳни сотиб олишга пули йўқ эди.

У шу чиқиб кетганича эртасига эрталаб гандираклаб кириб келди. Ранглари бир аҳвол, кўзлари киртайиб   кетган куёвини кўриб Асрора гап нимадалигини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, юрагини зулмат қоплади. Бахт деб интилгани сароб бўлиб чиққанидан ўкинди. Начора, ўзи пиширган ош, ўзи ичади энди. Шўрлик ота-онаси бу воқеалардан хабар топса нима бўлади? Бу кўргуликни кўтара олишармикан? Уларнинг олдига қайси юз билан қайтиб боради? Ўламан саттор, шунга тегаман, деб оёқ тираб туриб олган ўзи эмасмиди? Қайси қора кунда ўша савил сайтга кирди-ю, нима фалокат босиб шу йигит билан танишди-я? Минг афсус, буларнинг барчасига ўзи айбдор...

Ўн еттига тўлган кунида дадаси у орзу қилган қўл телефонини совға қилди. Шу куни дунёда ундан бахтли инсон йўқ эди, гўё. Дадасининг сов-ғани топшираётиб, эҳтиёт бўлиб ишлатишни, номаъқул сайтларга кирмасликни тайинлаганлари бир-икки ой ичида ёдидан кўтарилди. Ўқишга киришга тайёрланиш учун ўзига тўқ оиланинг қизи бўлган Диля исмли дугонаси топган "репетитор"га қатнай бошлади. Тез орада у Диля исмли қиз  билан қалинлашиб қолди. Дилядан интернетга, турли сайтларга  киришни ўрганди. Асрора Миразиз билан интернет орқали танишиб, бир-бирларини синамасдан, яхши билмасдан турмуш қуришганди.

Бугун минг афсуски, орамизда Асрора каби алданиб қолаётган, ўз тақдирини қил устига қўяётганлар йўқ эмас.  Ҳатто, ёшларимиз орасида интернетдаги ёлғон ғояларга эргашиб, адашиб турли диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётганлар ҳам бор. Ана шуни ҳисобга олиб, ёшларимизнинг бу каби матоҳлардан ўринли фойдаланишларини доимий назорат қилайлик. Уларда мобиль телефон, айниқса, интернет маълумотларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Акс ҳолда бу ҳаётимизда юқоридаги каби кўплаб кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

Мақсадим элнинг дуосини олиш,

- дейди олий тоифали шифокор Наргиза Тўрабоева.

Наргиза Тўрабоева  мактабни муваффақиятли тамомлагач, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Назарий ва амалий билимларни қунт билан эгаллашга ҳаракат қилган ёш шифокор олий даргоҳни аъло баҳоларга тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги врачлик пунктига ишга келди. Бу ерда илк иш фаолиятини устозлари Абдуллажон ака Усмонов ҳамда Адҳамжон ака Юлдашевлар кўмагида бошлади.

- Устозларимдан беҳад миннатдорман, - дейди Наргиза Тўрабоева. - Мен улардан кўп нарсаларни ўргандим. Касбимни пухта эгаллашимда улар беғараз ёрдамларини аямадилар. Ҳамиша уларга ўхшаган фидойи шифокор бўлишга интиламан.

Наргиза Тўрабоева хотин-қизлар дардига малҳам бўлиш учун айнан аёллар шифокори йўналишини танлади. Ўзи ҳам шу қишлоқда туғилиб вояга етгани боис, бу ердаги хотин-қизларнинг юмушлари, улар дуч келадиган муаммолар Наргизага бегона эмас. У гинеколог сифатида ҳузурига келган қўшни аёлнинг нима сабабдан касалликка чалингани ёки нима учун қишлоқ келинлари камқонликка чалиниши сабабларини яхши тушунади.

- Институтни тамомлаб мен чекка қишлоқда, малакали шифокорга мухтож одамлар орасида ишлашни афзал билдим, - дейди Наргиза. - Чунки асли шу ният билан шифокорликка қадам қўйганман. Мақсадим, қишлоқ аёлларига имкон қадар кўмак бериш, Бугун юртимизда, айниқса, қишлоқларда тиббий хизмат сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ шифокорларига яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб, инсон қаерда, қандай шароитда ишлашидан қатъи назар фидойилик билан, сидқидилдан меҳнат қилса, албатта самарасиз кетмаслигини тушуниб етаяпман. Энг муҳими, мен қишлоғимда жуда керакли инсонман.

Ёнига даво излаб келган ҳар бир бемор дардини тинглаб, худди онаси Нина опа каби ширин сўзи, олган малакаси билан уларни қийнаётган дардларга шифо топишга интилувчи Наргизани қишлоқ аҳли ҳурмат қилади.

Наргиза турмуш ўртоғи Латифжон билан тинч-фаровон ҳаёт кечириб келмоқда.Уларнинг бир-бирларига бўлган самимий муносабатлари барча ёш оилаларга ибрат.Латифжон - тадбиркор.Уларнинг уч нафар фарзандлари бўлиб, тўнғич қизи Фарангиз ҳам онаси изидан бориб, тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.Ўғли Жамшид  тиббиёт коллежи толиби. Кенжатой ўғли Нортой эса ўқувчи.

Йигирма йилдан буён  қишлоқ врачлик пунктида фаолият кўрсатиб келаётган олий тоифали шифокор Наргиза Тўрабоева эл соғлиги учун қайғуришдан, беморларнинг дардига шифо улашишдан чарчамайди. Шу боис ҳам у маҳалладошлари орасида севимли ва қадрлидир.

 

Гулнора МАҲКАМОВА, Избоскан тумани.

Омад сенга, Севара!

Спорт - саломатлик гарови. Спорт билан мунтазам шуғулланган ҳар қандай инсон соғлом бўлади. Шу боис, мамлакатимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Ана шундай эътибор самараси ўлароқ, Қўрғонтепа туманидаги 18-давлат ихтисослаштирилган мактабининг 10-синфида таҳсил олаётган Севара Мансурова каратэ бўйича туман, вилоят, республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

Анча нозик кўринишига қарамай, спортда суяги қотган Севара Қўрғонтепа туманидаги сўлим Дардоқ қишлоғида туғилган. Болалигидан ойнаи жаҳон орқали бериладиган каратэ ҳақидаги кўрсатувларни севиб томоша қиладиган, спортнинг ушбу турига ўзгача ҳавас билан боқадиган Севарани ота-онаси уни туман марказидаги "Анъанавий каратэ-до" спорт тўгарагига олиб борди. Шундан сўнг Севара устозлари Давлатбек Мамедов, Дилфуза Мелибоевалар қўл остида каратэ сирларини пухта ўргана бошлади. Қатъияти, интилувчанлиги билан кўплаб ютуқларни қўлга кирита бошлади. У кейинги йилларда вилоятимизда, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мамлакат чемпионатларида ғолибликни қўлга киритди.

Севара давримизнинг фаол ва ташаббускор ёшларидан бири. У нафақат спортда, балки, ўқишда, фан олимпиадаларида ҳам фаоллиги билан тенгдошларига ибрат бўлиб келади. Айниқса, у  расм чизишни, шеър ёзишни ёқтиради. Мана икки йилдирки, Севара спортда эришган ютуқлари, қолаверса, ўзининг ижодий ишлари билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг республика босқичида иштирок этмоқда.

- Мақсадим - спортда юқори чўққиларни забт этиш орқали юртимиз шуҳратини юксакларга кўтариш, - дейди Севара Мансурова. - Шу ўринда мен юртимизда мен каби ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етади. Мана шу эътибор учун юртимга муносиб фарозанд бўлишга бор имкониятимни ишга соламан. 

Ҳа, спортимизнинг умидли юлдузларидан бири Севаранинг мақсадлари улкан, режалари бисёр. У нафақат спортда улкан натижаларни кўлга куиритишни, балки келажакда олий маълумотли мутахассис бўлиб, эл- юрт равнақига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб камол топишни орзу қилади. Унинг ана шу орзу ва ниятлари ижобат бўлишига тилакдошмиз.

Нигорахон ШОКИРОВА,

Қўрғонтепа туманидаги  18 -ДИМ  ўқитувчиси.

Тадбиркорлар учун кўргазмали семинар

Вилоят Давлат солиқ   бошқармасида кўргазмали семинар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида ташкил этилган семинарда туман, шаҳар солиқ қўмиталари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари  вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар. Семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эркин Жумаев Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 29 декабрда "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прог-нози ва Давлат бюджети  параметрлари тўғрисида"ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  қонуни юзасидан солиқ қонунчилигида амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мазкур ҳужжат асосида солиққа оид қонунларга, жумладан Солиқ кодексининг 47  моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Бу ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имконини беради.

Кўргазмали семинарга таклиф қилинган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан ўртага ташланган барча муаммоли саволларга вилоят Давлат солиқ бошқармасининг малакали мутахассислари томонидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, семинар қатнашчиларига солиқ қонунчилигига оид буклетлар, қўлланмалар   тарқатилди. Тадбирда шунингдек, намуна кўрсатиб, фаолияти давомида солиқларни вақтида тўлаб келаётган, қонунга итоаткор бир гуруҳ жисмоний ва юридик шахсларга Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик  совғалари топширилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Танловнинг республика босқичи якунланди

З.М.Бобур номли вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Маданият вазирликлари ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ўтказилган "Энг намунали "Ёш қутқарувчи" кўнгиллилар клуби" Республика  кўрик танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Андижон вилояти ҳокимлигининг масъул вакиллари иштирок этди.  

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги 208-сонли қарори ҳамда 2017 йилда "Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар" Дастури ижросини таъминлаш мақсадида, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида юқори савияда ташкил этилди.

- Бундай танловлар ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, малакасини, кўникмаларни шакллантириш, қутқарувчи касбига меҳр уйғотишга, шунингдек, юртимизда оқилона амалга оширилаётган Ёшларга оид давлат сиёсатининг яққол намунаси бўлиб, ўқувчи-ёшларни комил инсон руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дейди ўзбекистон Республикаси ФВВ қутқарув кучлари бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник ҳусанбой Абдураҳмонов.

Қутқарувчилик шарафли ва машаққатли касб. Қутқарувчи ўзи билан бир қаторда  ўзгаларга ҳам ёрдам бериши, ҳаётини фалокатлардан асраб қолмоғи керак. Шунинг учун ҳам у нафақат жисмонан, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам етук бўлиши талаб этилади. Чунки фавқулодда вазиятлар вақт ҳам, шароит ҳам танламайди.

Шу ўринда, нуфузли танловларнинг саралаш бос-қичларида иштирок этган 768 клублар орасидан фақат 24 клуб аъзоларига бундай юксак бахт насиб этгани мазкур беллашувларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганидан далолат беради.

Танловнинг умумтаълим мактаблари ўртасида биринчи ўринни Қўрғонтепа туманидаги 3-умумтаълим  мактабининг "Лочинлар" жамоаси, ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида эса  Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг "Бобурийлар" жамоаси қўлга киритди.

Тадбир сўнгида ғолибларга диплом ва эсдалик  совғалари топширилди.

 

Назирахон ДАДАБОЕВА, вилоят ФВБ ходими.

МЕҲР ВА СОFИНЧГА ЙЎFРИЛГАН ИНШОЛАР

Андижон педагогика коллежида биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда биринчи Президентимизнинг адолатли сиёсати, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширган ислоҳотлари, машаққатли меҳнати, ёшлар учун яратиб берган имкониятлари мавзусида маърузалар, асарларидан намуналар  ўқилди.  Коллежда билим олаётган ўқувчилар ўртасида "Менинг биринчи Президентим" мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Танловда фаол иштирок этган ва иншолари намунали деб топилган ўқувчилар коллеж маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

- Юрт раҳнамоси, беқиёс инсон И.Каримов бугун орамизда йўқ бўлсада, у кишининг руҳи, порлоқ хотираси ўзбек халқи, авлодлар қалбида мангу яшайверади,  - дейди коллеж она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Турғуной  Казиева. - Буни ўқувчиларнинг иншоларидаги меҳр, соғинчдан ҳам ҳис қилиш мумкин. Танловдаги иншоларни баҳолашда очиғи, жуда қийналдик. Чунки, уларнинг барчаси самимият, эҳтиром, муҳаббат билан ёзилган. Агар у киши бугун ҳаёт бўлганларида ёшларнинг, фарзандларининг бу меҳрини кўриб жуда қувонган бўлардилар.

Тадбирда шунингдек, "Қизларжон" клуби аъзолари ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз ўзининг ҳар бир маърузасида ёшларимизга юксак ишонч билдирар эди. Тадбир якунида ўқувчилар унинг ёшларга билдирган ишончини оқ-лашга, Ватанга содиқ, аждодларга муносиб фарзанд-лар бўлишга сўз бердилар.

Моҳигул БОТИРОВА, коллеж ўқитувчиси.