+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Фев 2018

Шукроналик

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

     Узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг пойабзали эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига "шунақа ҳам ночор одам бўламанми?" дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланди.

Шаҳар кўриниб, дарвозага яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини сўраб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: "Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да", деб шукроналик йўлини тутди.

Бу воқеа гарчи аввалги замонларда бўлиб ўтган бўлса-да, ҳозирги пайтда ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Зеро, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. "Неъматнинг қадри кетганда билинади", деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.

Қачонки, Аллоҳ сақласин, кўзимизга шикаст етсагина, кўзимиз борлигини, бирор    жойимиз оғриб қолса, оғриган ўша аъзо танамизнинг қайси жойида жойлашганлиги ҳақида "билиб қоламиз". Ана ўшанда     дунёда кўзи ожизлар, оёқ ёки қўллари ишламай қолган одамлар, узоқ йиллардан буён Аллоҳ берган дард туфайли тўшакка михланиб қолган одамлар ҳам борлигини ҳис қиламиз. Бу ҳиссиёт бизларни шукр қилишга ундайди.

"Соғлик - инсонлар бошидаги тож бўлиб, уни фақат ва фақат соғлигини йўқотган инсонлар кўра оладилар". Яна, баъзида ишларимиз юришмаётганлиги, қилаётган ишларимизда зафар ёр бўлмаётгани ҳақида нолиймиз. Шундай пайтларда биздан кўра ҳам ҳоли ночор, аммо, шукроналик билан ҳаёт кечираётган, тўкин дастурхон олдида ўтириб, сархил неъматлар ичида яна нималарнидир бўлишини хоҳлаган пайтимизда соддагина ҳаёт кечириб, тани соғ, хотиржамлигини барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар ҳам борлигини эслашимиз лозим.

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда    марҳамат қилиб: "...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейди ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди.

Жонажон Ватанимизда, хусусан, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободончилик, улкан бунёдкорлик ишларига ҳавас ва ифтихор билан қарайлик. Ушбу ишлар замирида юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётибди. Барчамиз юрт равнақи йўлидаги ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шукроналик, эртанги кунга умид ва ишонч ҳаётимизнинг шиорига айлансин.

Аллоҳ таоло, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топишини, гуллаб-яшнашини,   халқимиз ҳаёти фаровон, осмонимиз мусаффо бўлишини насиб этсин.

 

Нурилло Бойматов,

Андижон туманидаги "Файзибой ҳожи" жомеъ масжиди имоми.

Прочитано 2462 раз Последнее изменение 26 Фев 2018