+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Фев 2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҲкамлаш соҲасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгрисида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан:

биринчидан, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмас, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаган, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолият самарасиз ташкил этилган;

иккинчидан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмаяпти, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги паст даражада қолмоқда;

учинчидан, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги фаолият етарли даражада ташкил этилмаган, оналар касаллиги ва перинатал касалликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш бўйича самарали тизим, айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларида мавжуд эмас;

тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрилмаяпти, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга юридик маслаҳатлар бериш механизми замон талабларига жавоб бермайди;

бешинчидан, хотин-қизлар қўмиталарининг кенг кўламли вазифалари зарур ваколатларнинг йўқлиги ва ташкилий-штат бирликларининг етишмаслиги шароитида хотин-қизларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш борасида уларнинг куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш имконини бермаяпти;

олтинчидан, Республика "Оила" илмий-амалий маркази ташкилий бўйсунувининг ноаниқлиги ва зарур молиялаштириш манбаларининг мавжуд эмаслиги, оила муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича унга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда;

еттинчидан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилани мустаҳкамлаш, низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш соҳасида кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ишлар ташкил этилмаган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни инобатга олган ҳолда:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;

иккинчидан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

учинчидан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш.

2. Белгилансинки,   Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг аввало:

жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгардир.

3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни   мустаҳкамлаш бўйича мутахассис (кейинги ўринларда - мутахассис деб юритилади) лавозимини жорий этиш бўйича таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

мутахассис лавозими ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан жорий этилади;

мутахассис фуқаролар йиғини биносида жойлашади, лавозими бўйича фуқаролар йиғини кенгашининг таркибига киради ва фуқаролар йиғини билан яқин ҳамкорликда ўз фаолиятини амалга оширади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда 2018 йилнинг 1 апрелига қадар фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича ҳар бир маслаҳатчиси фаолиятини танқидий ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича янгидан киритилган мутахассис лавозимларига етарли билим даражасига, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажара оладиган шахсларни тайинлаш чораларини кўрсин.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, вилоят марказлари бўлган шаҳарлар, туманлар (шаҳарлар) хотин-қизлар қўмиталари ижро этувчи аппаратларининг намунавий тузилмалари 3, 4 ва 5-иловаларга мувофиқ;

Хотин-қизлар қўмиталари ижро этувчи аппаратлари ходимларининг чекланган сонига нисбатан тоифаланган вилоят марказлари бўлган шаҳарлар, туманлар (шаҳарлар) рўйхати 6-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппарати ходимларига нисбатан, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари ходимлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 9 январдаги ПҚ-2722-сон қарорининг 1-бандида белгиланган ҳар ойлик устамалар қўлланилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази (кейинги ўринларда "Оила" маркази деб юритилади) ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида ташкил этилсин ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғлом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш;

замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш;

давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш;

оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

7. Белгилансинки:

"Оила" маркази директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади

ва лавозимидан озод этилади;

"Оила" маркази директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича вазирга, директорнинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

"Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар   бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари "Оила" марказига ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисобот беради;

"Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар   бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан "Оила" маркази директори билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

8. Белгилансинки, "Оила" маркази директори ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг аввало:

оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятга унинг замонавий намунали шаклини сингдириш бўйича сифатли тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга;

оилада, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижадорлигига;

 

нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшилаш бўйича чоралар кўришга шахсан жавобгардир.

9. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

10. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар "Оила" марказига унинг сўровига кўра марказга юклатилган вазифалар билан боғлиқ бўлган зарур    ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотнинг тақдим этилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2018 йил 1 апрелдан ФҲДЁ органларини уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

ФҲДЁ органи фаолияти, "Оила" марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилсин.

12. "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид      бошқа масалалар бўйича  кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилсин.

Белгилансинки, махсус ўқув курсларида қайта тайёрлаш ва малакани ошириш "Оила" маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси,  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

13. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Тадбиркор аёл" уюшмасининг Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашиш.

14. Белгилансинки, 2018 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбе-кистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика "Оила" маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув аппарати ходимлари таркибига кирувчи пенсионерларга, уларнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда, пенсиялари тўлиқ тўланади.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" марказининг оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёллар учун "аёллар маслаҳатхоналари"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оилани режалаштириш, контрацепция усуллари, ҳомилани сунъий равишда тушириш ва жинсий йўллар орқали юқадиган касалликларнинг олдини олиш бўйича, шу жумладан, аноним тарзда, маслаҳатлар бериш;

оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ акушер-гинекологик ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналик ва перинатал касалликларининг ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш соҳасида аҳолининг билими ва санитария маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "аёллар маслаҳатхоналари", шунингдек, уларнинг асосий вазифалари юзасидан "тезкор алоқа тармоғи" фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин.

16. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга берилади;

умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

17. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилсин.

18. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ой муддатда:

"Оила" маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини, уларнинг тузилмаларини тасдиқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини, ҳар бир ходимнинг ваколатлари ва жавобгарлиги аниқ белгиланишини назарда тутган ҳолда, ташкил этиш;

махсус ўқув курслари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш;

туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси фаолияти, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари, шунингдек, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзанд-(лар)ини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароитларга эга арзон уйларни қуриш юзасидан ҳудудий манзилли дастурларни, шунингдек, уйларни бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилсин;

б) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасида оила      институтини мустаҳкамлаш  Концепцияси лойиҳасини киритсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Оила" маркази билан биргаликда бир ой муддатда:

нотинч ва эҳтиёжманд оилалардаги касаллиги, шу жумладан, репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллиги бор бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш;

Республика "Она ва бола скрининги" маркази ва Республика аҳоли репродуктив маркази ҳамда уларнинг бўлинмалари фаолиятини биргаликда ўрганиш, шунингдек, уларнинг аҳолига кўрсатаётган хизматларини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини тасдиқласин.

21. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" маркази, "Saodat" журнали ва "Оила ва жамият" газетаси таҳририятларини жойлаштириш учун бинолар ажратиш тўғрисида таклиф киритсин.

22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Оила" маркази билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан "Оила" маркази ҳудудий бўлинмаларини барча шароитларга эга бўлган хизмат хоналари, зарур мебель ва жиҳозлар, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва Интернет тармоғи билан таъминласин.

23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Фармонни амалга ошириш учун 2018 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида зарур бўлган бюджет маблағларини ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса ҳар йили ушбу маблағларни назарда тутсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2004 йил 25 майдаги ПФ-3434-сон Фармони 2018 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

25. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармондан келиб чиқиб, шу жумладан, ФҲДЁ органларининг туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши муносабати билан адлия ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ваколат ва функцияларини чегаралашни назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

26. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекис-тон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Т.Камилов зиммаларига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                          

                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

 

2018 йил 2 февраль

Прочитано 1664 раз
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « АБАДИЯТГА ДОҲИЛ УМР Ватан ичра ватан »