+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"АЗИЗ ВАТАНДОШ, ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!" вилоятимизда ўтказилган Наврўз байрами тантаналари шундай номланди

Андижон байрам оFушида

Наврўз байрами муносабати билан сўлим ва хушманзара Боғи Бобурда ташкил этилган халқ сайли андижонликлар учун ҳақиқий шодиёнага айланди. Буюк шоир номи билан аталган боғи Бобурга икки юздан зиёд вилоят корхона ва ташкилотлари, идора ва муассасалари ходимлари, минглаб аҳоли вакиллари ташриф буюрдилар.

Байрам тадбирларида вилоятимиздаги таълим муассасалари жамоалари баҳорий таомлар кўргазмаларини тақдим этдилар. Туман ва шаҳар маҳаллаларидан келганлар эса миллий ўйинлар, халқ оғзаки ижоди ва саҳна кўринишлари билан тантаналарга файз киритишди.

- Бу йилги сайл  ҳар йилгидан бошқача, шукуҳли, ҳар бир лаҳзасида миллий урф-одат ва қадриятлар тўла акс этган ҳолда ўтказилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, - дейди Боғишамол даҳасида яшовчи Муборак Ибрагимова. - Халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин берилмоқда. Ҳунармандлик кўргазмаларини кўриб, кўз қувнаяпти. Миллий таомларимиз, китоб кўргазмаларининг ташкил этилгани таҳсинга лойиқ. Баҳорни, Наврўзни соғинган диллар шўх қўшиқ ва лапарлардан яйради.

Боғда ташкил қилинган гавжум кўргазмалардан бири - китоб савдоси бўлди. Уни Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, "Андижон китоб савдо", "Бекет", "Шарқ зиёкори" ҳамда якка тартибдаги тадбиркор "Ҳасанов Ҳусан" мутасаддилари уюштирдилар. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари кўргазмалари соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланди. Улар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан баҳорий ва парҳез таомлар жой олди.

Тушликка эса кўпдан буён овоза қилинаётган девзира гуручдан 2 тонналик ош дамланди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ошпазлар ассоциацияси вилоят бўлими ташаббуси билан тайёрланган палов 12 нафар маҳоратли ошпаз томонидан пиширилди.

- Ошимизга 400 кг қўй гўшти, 150 кг ёғ, 50 кг думба ёғи, 400 кг сабзи, 400 кг гуруч ишлатилди, - дейди бош ошпаз, Андижон шаҳридаги "Нодира" ресторани ходими Хуршидбек Ҳасанов. - Кўпчиликнинг ризқи қўшилган таом пиширилаётганда Аллоҳ барака нурини ёғдириб, қозон атрофида фаришталар саловат айтиб туришаркан. Таомга ҳатто бошқа давлатлардан келган меҳмонларнинг ҳам ризқи қўшилган экан, шунинг учун ҳажми катта бўлгани билан пиширишда қийналмадик.

Байрамнинг асосий қисми - концерт дастури олдидан  вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бутун Андижон аҳлини Наврўзи олам билан муборакбод этди. Таниқли санъаткорлар, шаҳар ва туманларнинг фолькор жамоалари ижросидаги қўшиқ ва лапарлар, аскиячилар, турли миллат вакилларининг мусиқий чиқишлари, болажонларнинг беғубор рақсларига байрам иштирокчилари  жўр бўлдилар.

Боғи Бобурда бошланган Наврўз тантаналри Андижон шаҳридаги А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи, Болалар ва Ёшлар боғларида  ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА,

"Иқбол" мухбири.

 

МарҲаматда Наврўз шодиёнаси

Наврўз байрами тантаналари Марҳамат туманида ҳам кўтаринкилик, шоду хуррамликда ўтказилди. Туман марказидаги марказий ўйингоҳ, маданият ва истироҳат боғи фарзандларини сайлга, Наврўз шодиёналаридан баҳраманд бўлишга етаклаб келган оилалар билан гавжум бўлди.

Бир томонда ёш     ҳунармандларнинг сопол буюмлари, зар дўппилари, рассомларнинг табиатни, ёшликни тасвирлаган суратлари, ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналари, яна бир томонда миллий таомларимиздан кўк чучвара, қатлама, сомса, сумалагу ҳалим. Сайлга ташриф буюрган аҳоли баҳорий таомлардан баҳраманд бўлиш билан бирга, унинг фойдали хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдилар. Дорбозлару, полвонлар карнай-сурнай садолари остида ўз санъатларини намойиш этган бўлсалар маҳаллий аҳоли хўроз уриштириш, кураш каби миллий анъаналаримиз жозибасидан завқ олди. Тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари эса қалби қайноқ шоир Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиш бўйича баҳру байт мусобақасини ўтказишди.

- Ялпизларга суянган, қизғалдоқларни пешонасидан ўпган шоир Муҳаммад Юсуф баҳорни, гулларни жуда яхши кўрарди, табиатни маҳорат-ла мадҳ этарди, - дейди ўқувчи Руҳшона Шоиржонова. - Шоир туғилиб ўсган гўшада баҳорни, шоирни эсласак, унинг руҳини шод айлаган бўламиз. Шеърий мусоҳабамиз ғоят қизғин ўтди. Томоша қилган одамлар орасида ҳам шеърият ихлосмандлари кўп экан, баҳру байтимизга қўшилишди.

Гулбаҳор УММАТОВА,

Марҳамат туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Байрам шаҲрихонликларга чексиз қувонч улашди

Дилларга кўтаринкилик, шижоат олиб келган Наврўз шодиёналари шаҳрихонликлар томонидан ҳам катта тантана ва шодиёналар билан нишонланди. Туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида корхона, ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинларидан иборат жамоалар баҳорий таомлар, пишириқлар билан дастурхон безадилар. Турли хил кўргазмалар ташкил этилиб, ҳар бир жамоа ўз йўналишида баҳорни тасвирлашга уринди.

Байрамга алоҳида ҳозирлик кўрган кичкинтойларнинг ғайрат-шижоати ўзгача. Улар миллий ўйинларимиздан бўлган варрак учириш, арқон тортиш мусобақаларида беллашиб, ўзларининг эпчил, чаққон ва бақувват бўлиб вояга етаётганликларини намойиш этдилар. Баҳорни, Наврўзойни тараннум этувчи қўшиқлари ҳам байрам иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

 - Азал-азалдан Шаҳрихон уста ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти ҳисобланган, - дейди "Андижонлик" маҳалласида яшовчи дўппидўз Ёрқиной Тўйчиева. - Бугунги Наврўз кўргазмалари ҳам асосан миллий ҳунармандчилик буюмлари - пичоқлар, бешиклар, махси-кавушларга, туманимиздаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бойлиги билан ажралиб турди. Баҳорий илиқлик, байрам дастурхонининг тўкин-сочинлиги одамларнинг кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.

Байрам тадбирида хушовоз хонандалар, бадиий жамоалар ҳамда ёш истеъдод эгалари ўзларининг куй-қўшиқлари, рақс ва саҳна кўринишлари билан барчага олам-олам қувонч улашди.

 

Озода ОЛИМОВА,

жамоатчи мухбир.

 

Қорасувлик болажонлар яйраб ўйнашди

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари барчани оммавий сайлга чорлади. Қорасувликлар 2018 йил     Наврўзини, баҳорни дилда қувонч билан, орзу умидлар рўёби сифатида қарши олдилар. Эрталабдан шаҳар Маданият ва истироҳат боғининг бош дарвозаси олдида карнай- сурнай, ноғоралар садоси барчани Наврўз сайлига чорлади.

Кичик амфитеатрда 27-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш истеъдодлари ўз санъатларини намойиш этдилар. Тасвирий санъат мутахассислиги ўқувчиларининг ижодий ишлари ҳам ташриф буюрганларнинг эътирофларига сазовор бўлди. Бу ўринда ёш мусаввир Г. Нуриддинова томонидан мато ва мойбўёқ ёрдамида яратган Бобур бобомизнинг сурат асари, М. Адҳамова томонидан яратилган Навоий бобомиз сурати, шунингдек, А. Нозимжонов ҳамда О. Шерматов мўйқаламига мансуб "Баҳор" суратлар кўргазмаси ҳам томошабинларда қизиқиш уйғотди. Бу ёш рассомларнинг маҳорат пиллапояларидан юксалиб боришларида устозлари М. Туробжонова, Г. Тешабоеванинг хизматлари салмоқлидир. 

Наврўз тантаналари доирасида ўтказилган кўргазма ва ярмаркалар, айниқса, китоб ярмаркаси китобхонлар учун ажойиб совға бўлди.

Палов тайёрлаш танловида шаҳар маҳаллаларининг энг моҳир ошпазлари иштирок этиб, ўз маҳоратларини  намойиш этдилар. Шунингдек, белбоғли кураш, шахмат мусобақаси ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди.

- Одамларнинг байрамона кайфияти, шижоатини кўриб,  беихтиёр қувонасан киши, - дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Холматова. - Бу албатта, тинчлик-осойишталик, озод ва обод юртимизда инсон омилига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Миллий ўйинлар намойиши, кураш, варрак учириш мусобақалари, бадиий жамоаларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди, шўх яллалар барчани рақсга чорлади.

- Байрамларда айниқса, болажонлар яйрашади, - дейди Қорасув тиббиёт бирлашмаси болалар шифокори Гулчеҳра Солиева. - Наврўзга етказганига шукроналар келтирамиз. Сумалак пишираётган онахонлар, баҳорда гул-гул очилган қизу жувонлар, мард ўғлонларимиз, умуман баҳорни соғинган халқимизни қутлуғ айём билан чин дилдан табриклаймиз. Баҳорий кайфият, офтобнинг тафти, байрам дастурхонларининг файзу баракаси, тинчлик-хотиржамлик барчага ҳамроҳ бўлсин!

 

Сирожиддин ҲАСАНОВ,

"Қорасув тонги" газетаси муҳаррири.

 

Наврўз байрами вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонланди.

ОПА-СИНГИЛАРИМИЗ МУАММОЛАРИ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Асака туманида Наврўз байрами катта шодиёна билан нишонланди. Ўзгача шукуҳ билан кириб келган кўклам туманимиз аҳолиси, айниқса, хотин-қизлари учун омадли йиллардан бири бўлди. Байрам тантаналари тумандаги ҳар бир маҳалла, таълим муассасаси, меҳнат жамоаларида юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.

Байрам арафасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, ногирон, якка-ёлғиз яшовчи, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабор олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Қўмита, "Аёллар" маслаҳат маркази фаоллари, маслаҳатчиларимиз, отинойиларимиз томонидан маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди, қатор тадбирлар уюштирилди.  Ана шундай суҳбат ва тадбирлар давомида опа-сингилларимизнинг муаммолари ўрганилиб, уларга зарур маслаҳатлар берилди, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, айни кунда туманимизда истиқомат қилаётган 8 нафар юз ёшдан ошган онахонларимизни совға-саломлар билан йўқладик.

Жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнидаги ўрганишлар жараёнида ажрашиш арафасида турган 49 оила яраштирилди. Демак, шунча оилада тинчлик-хотиржамлик,    барқарорлик таъминланди. Бундан ташқари, кўплаб опа-сингилларимизга ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун банклардан кредитлар олишларига ёрдам кўрсатилди. Энди улар тикувчилик, иссиқхона қуриш,      паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишларда иш ташкил этиб, ўз оилаларига даромад олиб кириш имконига эга бўлдилар. Ҳозирда бошланғич ташкилотимиз етакчилари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, фаолиятимизнинг барча йўналишларида айни кунда "Ниёзботир", "Қайрағоч", "Ҳамдўстлик", "Камолот" маҳаллаларида ишлар намунали йўлга қўйилган. Бу ишлар албатта, ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу борада туман бош отинойиси Муқаддамхон Мамиталиева, Дилоромхон Фозилова, Ўктамхон Раҳмонова, Маҳбубахон Қодирова, Оминахон Ибрагимова сингари кўплаб фаолларимизнинг хизматлари катта.

Жорий "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да ишларимизни юқори босқичга кўтариш учун бор имкониятларимизни ишга солиб астойдил меҳнат қиламиз. Мақсадимиз, туманимиз хотин-қизларининг яшаш шароитлари, турмуш фаровонлиги янада юксалсин.

Муқаддасхон ҚУРБОНОВА,

Асака тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

КЎКЛАМ СУРАТИ

Соғиниб-соғиниб титради тонглар,

Пурвиқор чўққилар тўкди ёшини.

Кўнгил кўклам истаб, ҳориган онлар,

Оҳиста кўтарди майса бошини.

 

Дарахтлар эгнида ярашиқ либос,

Сойларнинг юзида тиниқ табассум.

Бу ахир, гўзаллик, эзгуликка хос,

Бир тўйиб нафас ол, кўзларингни юм!

 

Ожиз майсаларми матонат рамзи?

Яшамоқ сирини ўргатиб қўйди.

Наврўз - аждодларнинг абадий қарзи,

У бизни, биз уни қанчалар суйдик!

 

Ҳар битта қадамда саодат сочиб,

Югурдинг. Шошилдинг. Билмадинг тиним.

Табиат қўйнидан кетсанг-да кўчиб,

Йил бўйи диллардан тополдинг қўним.

 

Кетасан... Ва қайтиб келасан такрор,

Зулфингга гул мисол тақилди бир сўз:

Минг битта малакнинг ҳуснисан, баҳор,

Бир дунё юракнинг соғинчи - Наврўз!

 

 

Шоҳсанам КАРИМОВА

МУСАВВИР САБУР ҚУТЛИМУРОТОВНИНГ ШАХСИЙ КЎРГАЗМАСИ ОЧИЛДИ

Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида қорақолпоғистонлик таниқли мусаввир Ўзбекистон Бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Сабур Қутлимуротовнинг шахсий кўргазмаси очилди.

Кўргазмадан мусаввирнинг тарихий ёдгорликлар, гўзал юрт манзаралари, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг ўзига хос турмуш тарзи, табиат гўзалликлари акс эттирилган 50 ортиқ асарлари ўрин олган.

Мусаввирнинг "Фил қалъа", "Аёз тепа", "Боғдаги асаларилар", "Амударё кемалари", "Хива", "Лаби ховуз", "Туя соғувчи". "Отарнинг қайтиши" сингари қатор асарлари кўргазма меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

Кўргазма юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида тасвирий санъатга ҳурмат, гўзалликка ошуфталик, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка шукроналик, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ

Андижон давлат тиббиёт     институтида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат гранти танловига лойиҳалар тақдим этиш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш  мустақил институти Андижон ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда жамоат фонди маблағларини  бошқариш бўйича парламент комиссияси аъзолари, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Семинар-тренингда ОАВ, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, жорий йил учун эълон қилинган давлат грант танловларида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

 

М. ИБРОҲИМОВА

МУҚАДДАС АЁЛ

Сиз севган қўшиқ

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,

Ҳилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,

Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас аёл!

 

Аввал: "Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ", дедилар,

Унамадинг, аёл ўзи терс "халқ", дедилар.

Ичолмагач юз ўгириб шўр, талх, дедилар,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

 

 Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,

 - Жуфтим бўл, - деб чопганини ҳар тоқ яширар,

Жаннатим, - деб қувонмасдан қумлоқ яширар,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

 

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,

Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,

Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

 

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,

 Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,

 Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

 

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,

Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,

Гуноҳкорлар мингу битта, Сенга тегар тош,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

 

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,

Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,

 Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас Аёл!

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

Қанча атир сепиш керак?

Аёлларга тавсия 

Сиз жамоат жойларида ўзингиздан хушбўй ҳид таратар экансиз, бу сизда ўзингизга нисбатан бошқаларнинг эътиборини қаратиш хоҳиши борлигини билдиради. Аммо сепган атирингизнинг ҳиди ҳаддан ташқари ўткир бўлмаслиги керак. Чунки бу ҳолат бошқаларнинг ғашига тегиши мумкин, қолаверса, сиз билан суҳбатда ўзини ноқулай ҳис этади.

Таралаётган ҳид гўё ҳукмронликни даъво қилади, "мен шу ердаман!", деб ўзини ўзи кўз-кўз қилгандай бўлади. Бундай ҳолат ҳамма вақт ҳам ёқимли бўлавермайди.

Атирни кўп сепиш айрим аёлларнинг ўзига бўлган ишонч ва дадиллигини ҳам кўрсатади. Атирни енгилгина сепиш эса камтарликдан далолат. Баъзи ҳолларда ўткир ҳид ортида сирли ундов ва майл яшириниб ётган бўлади. Бундай ҳолат эмоцинал ҳимояни яратади.

Нозик ҳидли атирлар эса, агар улар тўғри танланган бўлса, баданингизнинг бўйи ва тафтини тўлдириб туради, бошқаларни мафтун этади, сиз ҳақингизда илиқ таассуротлар уйғотади.

Баъзи атирлар аёлларда турлича ҳид таратади. Айниқса, атир камроқ сепилганда бу яққолроқ сезилади. Ўткир ҳидли атирлар терингиз қанақа бўлишидан қатъи назар, ҳамма вақт бир хил ҳид таратади.

Агар атирни кўп сепган бўлсангиз, сизга хушомад қилиб мақташлари мумкин, камтарона сепган бўлсангиз эса сизни мафтункор, гўзал ва оқила аёл деб таърифлашлари аниқ.

Атирни кўп, оз сепиш ҳақида гапиряпмиз, бироқ уни қай тарзда, қанча сепган маъқул? Бу кўп жиҳатдан сиз бормоқчи бўлган жой ва муҳитга боғлиқ. Борадиган жойингиз катта хона, зал, тўйхона бўлса, шунга мос равишда атирни кўпроқ сепиш лозим. Кичик хона ёки бирор хонадонга борсангиз, шунга мос равишда камроқ атир сепган маъқул.  Албатта, эрталаб кечқурунга қараганда камроқ атир сепиш керак, чунки кун бошланган пайтда танамиз турли қўзғатувчиларга нисбатан таъсирчан бўлади.

Баъзан таъсирчан аёллар киборли бўлиб кўринишдан қўрқиб, атирни шунчалик кам сепишади, бу ҳам яхши одат эмас, ўзингизга нисбатан бошқаларда салбий фикр уйғотиб қўйишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам атирлардан фойдаланганда энг аввало, ўз қалбингизга, идрокингизга қулоқ тутинг.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА тайёрлади.

8-МАРТ - ДУНЁ ХАЛҚЛАРИ НИШОНЛАЙДИГАН БАЙРАМ

БАЙРАМ ТАРИХИДАН

8 Март - Халқаро хотин-қизлар куни тарихи XIX асрнинг охирларига бориб тақалади. Мазкур байрам хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва маиший соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришилган энг катта натижа сифатида тарих солномаларидан ўрин олган. 1857 йил  8 мартда Нью-Йоркдаги тўқувчилик ва пойабзал корхоналарида ишловчи хотин-қизлар намойишга чиқадилар. Улар 10 соатлик иш кунини жорий этиш, иш шароитларини яхшилаш, ойлик иш ҳақини кўтариш ва эркаклар билан аёллар ҳуқуқларини тенглаштириш сингари талабларни кўтаришган эди. Ушбу намойиш натижасида хотин-қизларнинг маълум талаблари қондирилади. Шу тариқа турли йилларда 8 март куни намойиш ва акциялар ўтказиладиган бўлди.

1908 йил 8 мартда АҚШлик аёллар сайловда қатнашиш, болалар меҳнатини таъқиқлаш ва бошқа бир қатор талаблар билан бирга февраль ойининг сўнгги якшанбасини Миллий аёллар куни деб  эълон қилинишини талаб  этдилар. Орадан 2 йил ўтиб, 1910 йилда Копенгагенда бўлиб ўтган хотин-қизларнинг 2-Халқаро конференциясида  8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни деб эълон қилиш ва ушбу кунни ҳар йили дунё миқёсида байрам қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Жаҳондаги кўплаб мамлакат аёллари қашшоқликка қарши курашиш, тенглик, яхши шароитларда ишлаш, ўзларининг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришиш ҳамда тинчлик йўлидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 1911 йилга келиб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария сингари давлатларда 8 март байрам сифатида нишонланди.

Бугунги кунга келиб, 8 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро хотин-қизлар куни деб эълон қилинган. Бир қатор мамлакатларда ушбу кун аёллар байрами, ўнлаб давлатларда умумхалқ байрами сифатида нишонланади.

Халқаро хотин-қизлар куни юртимизда ҳам умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Юртимизда ушбу байрам шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий  қадриятлари, анъаналари асосида ўтказилади. Ушбу кун  дам олиш куни деб белгиланган. Байрам муносабати билан юртимизда хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.

 

Феруза ШЕРАЛИЕВА тайёрлади.

Икки буюк мўъжиза

Юртимизга фасллар келинчаги баҳор ташриф буюрди. Гўзал баҳорнинг аёлларга қиёсланишида рамзий маъно бор. Қаҳратон қишдан сўнг яшариш ва янгиланиш фасли ташрифи туфайли ер юзини кўм-кўк майсалар қоплаши, дарахт куртакларининг уйғониши ҳаёт давомийлигига ишорадир.

Бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратувчи аёл эса авлодлар занжирини мустаҳкам боғлаб, ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган улуғ зотдир. У хонадонларимиз фариштаси,    қалбларимиз қуёши. Она жондан азиз фарзандларини бағрида асраб, Ватан ва жамият хизматига шай қилиб, камолга етказади.      

Ўзингиз бир мулоҳаза қилиб кўринг, ҳаётни аёлларсиз, оналарсиз тасаввур этиб бўладими? Асло йўқ. Дунё зулматга чулғангандек, ҳаётда маъно йўқдек уларсиз. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида эркаклар билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётган, турмушнинг залворли юкини нозик елкасида кўтариб бораётган зот аёллар эмасми?

Баҳорнинг кириб келиши билан она табиат ўз элчиси қалдирғочларни юбориб, инсонларни эзгу ишларга чорлайди. Жажжи қизалоқлар  сочларига толпопук тақишади. Момоларимиз дошқозонда сумалаклар пишириб, элга  тарқатади. Элу юртга омонлик тилаб дуога қўл очишади.

Баҳор ва аёл! Икки мўъжиза, икки буюк уйғунлик... Дунёнинг шу икки мўъжизаси бор экан, ер юзида ҳаёт давом этаверади.

       Ирода ОРИФЖОНОВА

БИЛЛУР ГУЛДОН

ҚАТРА

Катта иморат пастида бозор қизигандан қизирди. Қўшни кампирлар пастаккина курсичаларда ўтирадилар, эрмак қилиб, савдо қиладилар. Олдиларида турфа буюмлар ёйилган, ранг-баранг пуфаклардан тортиб, банка қопқоқлари-ю, чинни идишлар… Биров пайпоқ тўқиганча олдидаги эски қўғирчоқ, сирли сатилга аҳён-аҳён ўтиб қолган ўткинчиларни чорлайди. Бирови олдидаги нарсаларни уёқ-буёққа суриб қўйган бўлади. Биров бепарво, қўлларини чалмаштирганича ўтиради. Шу ердан ўтиб кетаётган қиз беихтиёр тўхтаб қолди. Ана шу эски буюмлар орасида бир гулдон унинг эътиборини тортди. Қиз энгашиб қўлига гулдонни олди. Биллур гулдон нафислиги, безаклари кўзини яйратди. Аста бармоқлари билан гулдонни чертди. Гулдондан кўнгил тубига бориб тегадиган ажиб нозик овоз таралди. - Эҳтиёт бўл, қизим, - деди қотмагина кампир унга юзланиб. Афтидан, кампир идиш эгаси бўлса керак, куюнчаклик билан қўшиб қўйди: - Бунақа биллур ҳозир топилмайди. Чехларники. Ўҳў, буни бир пайтлар эрим олиб келганди. Шундай қиммат, шундай қиммат… Роса койигандим ўзиниям. Қиз гулдонни қўлида авайлаб томоша қилди. Биллур қуёшда жилва қиларди. - Қанча деяпсиз? - сўради қиз гулдонни қўлидан қўймай. Кампир ютинганча индамай қолди. - Қанча? - қиз уни эшитмади, деб ўйлаб саволини такрорлади. - Матлуба, сенга гапиряпти, - кампирнинг ёнида ўтирган ҳамроҳи уни туртиб деди. - Айтсанг-чи нархини. Кампир гўёки гулдонни қайтиб олмоқчидай, беихтиёр қўлларини қизга силкиди. - Гулдонни ростдан олмоқчимисан? - Олмасам, сўрармидим, бувижон, - деди қиз кулиб. - Бу гулдон не-не бахтли кунларни кўрмаган… - кампир хаёлга толди. - У бахт келтиради. - Майли, бахт келтира қолсин, шунинг учун ҳам сотиб олмоқчиман-да, - деди қиз яна мийиғида кулиб. - Ахир қанча нархи? Кампир ўйланиб қолди. - Матлуба, савдоси келганда, нега жим ўтирибсан, айтсанг-чи? Кампир қизга юзланди: - Гулдонни қайтиб бера қолинг, қизим. Қиз ҳайрон бўлиб қолди. Атрофдагилар ҳам унга таажжубланиб қарашди. - Сотишдан айнидингизми? Ё пули етмайди деб ўйлаяпсизми? - деди қиз жон-дили билан. - Йўқ, йўқ…. - Матлуба, нега бундай қиляпсан? - деди унга ҳамроҳи куюниб. - Гулдонни сотмоқчи эмасман… фикримдан қайтдим. - Ие, нега? - деди қиз ажабланиб. - Сотмоқчи бўлмасангиз, нега олиб чиқдингиз? Атрофдагилар ҳам чувиллашиб кетишди. - Бера қол, қизим… - деди кампир қизга ёлвориб, гўёки у гулдонни олиб, қочиб кетадигандай. Қиз ноилож истамайгина гулдонни унга узатди. Кампир қадрдон гулдонини шоша-пиша олиб, қоғозга ўради. Қиз орқасига қарай-қарай нари кетди.

Маъсума АҲМЕДОВА