+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Энг яхши совға

Турмуш чорраҳаларида

Оилада уч ўғил камолга етмоқда. Уларнинг каттаси ўн тўрт, ўртанчаси ўн икки, кичиги тўққиз ёшда. Аёллар байрамига икки кун қолганда, болалар шошиб қолишди. "Онамизга қандай совға олсак, улар роса қувонаркин?"

- Онамга сўнгги модадаги мато ёки рўмолдан  яхши    совға йўқ, - деди катта ўғил Шаҳбоз.

- Бўлмайди, -деди ўртанчиси Даврон. - Онамга китоб   совға қилсак, роса хурсанд бўлади.

- Аямнинг китоб ўқишга  вақтлари борми? - гапни илиб кетди кенжатой Дониёр. - Аямга чиройли гулдаста сотиб олсак, яхши бўлади, аям гулларни жуда яхши кўради.

Улар узоқ тортишдилар. Бироқ бир қарорга келишолмади. Охири ҳамма ўзи тўплаган пулга алоҳида совға олмоқчи бўлди.

Болалар байрам куни эрта тонгда туришиб, кўчаю ҳовлини чиннидек қилиб тозалашди. Хонтахта устига оппоқ дастурхон ёзишиб, уни турли ноз-неъматлар билан безашди. Раъно опа ўғилларининг хатти-ҳаракатини кўриб қувонди. Ошхонага кириб ҳайрати янада ортди. Турмуш ўртоғи узоқ жойда ишлагани боис ҳар йили байрамда кўнглининг бир чети хувиллаганини ҳис этарди. Болалари катта бўлишиб, онасининг кўнгил кечинмаларини тушунаётганлигидан қалби сурурга тўлар, бахтдан масрур эди.

Раъно опа ташқарига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Фарзандларининг исмини айтиб чақирди. Бироқ ҳеч ким жавоб бермагач, ёлғиз ўзи дастурхон ёнига келиб ўтирди. Болалар шуни кутиб турган эдилар, бараварига хонага киришиб, оналарини байрам билан табриклашди, шеърлар,  ажойиб тилаклар билан меҳрибонларини қутлашди.

Шаҳбоз бежирим қоғозга ўралган Раъно опа ёқтирадиган рангдаги рўмолни, Даврон онасининг севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси" китобини, кенжатойи Дониёр эса анвойи гуллардан тайёрланган гулдастани оналарига тутқазишди. Раъно опанинг қувончи ичига сиғмай кетди. Шунқорларини бараварига қучоқлаб, пешоналаридан ўпди. Узундан-узоқ дуо қилди. Сезмай қолибди, дилбандларининг бўйи ўз бўйидан ошиб кетибди. Бўйи билан бирга дунёқарашлари, ўй-фикрлари ҳам ортганидан ўзида йўқ қувонарди. Онаизорнинг кўзларида беихтиёр севинч ёшлари қалқиди.

Ҳаммалари дастурхон атрофида жам бўлишди. Бирга нонушта қилишди. Дониёр болалигига бориб, онасининг пинжига тиқилганча сўради:

- Аяжон, сизга қайси биримизнинг совғамиз ёқди?

Раъно опа бир зум ўйланиб қолди. Неча йиллар заҳмат чекиб, фарзанд улғайтирган она учун уларнинг камолини кўришдан ортиқ совға борми дунёда? Дилбандларининг ҳурмат-эътибори, меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлишдан ҳам кўра афзалроқ ҳадя бормикан?

Раъно опа шуларни айтганида фарзандларининг кайфияти янада кўтарилди. Улар ҳам оналарининг қувончини кўриш катта бахт эканлигини тушуниб етишган эди. 

 

 

 Барно ШЕРАЛИ қизи

ОНАЛИК МУҲАББАТИ

Ҳикоя

Гунайд СУАВИ, турк ёзувчиси.

Қизалоқ эсини таниган кундан бошлаб онасидан чексиз меҳр кўрганди. Онаси уни ширин сўзлар айтиб эркалар, беғубор, гўзал малика дер, қизалоқ онасидан эшитган бу сўзларга ишониб улғаярди.

Онаси унга юзларидан нур таралишини, оҳу кўзли эканини айтишдан чарчамасди. Онасининг яккаю ёлғиз фарзанди эди у. Аммо мактабга бора бошлаганида ҳамма нарса ўзгарди. Синфдошлари унинг ҳеч гўзал эмаслигини, ҳатто юз-кўзи хунук, ёқимсиз ҳид келиб турадиган қизлигини айтишарди. Аввал у бундай гап-сўзларга парво қилмади, уларга ишонмасди. Чунки ҳали синфдошлари билан унчалик яқин эмасди, ҳамма бир-бирини ёқтирмасди, бир-бирларига бегона эдилар. Йиллар ўтиб, катта бўлгани сари ҳақиқатни била бошлади. Онасининг пахтадай юмшоқ деган юзи чўтир, "Оҳу кўзли" деган кўзлари эса бўртиб турадиган кўзлар эди, бунинг устига кўз нурлари ҳам заиф, атрофни яхши кўрмасди. Қомати ҳам маликаларнинг қоматидек тик ва хушбичим эмасди. Демак, онаси уни йиллар давомида ёлғонлари билан алдаб келганди.

Кўп ўтмай қизнинг онасига бўлган муҳаббати нафратга айланди. Турмуш қуриш ёшига етганига қарамай, биров унга қарамасди. Бунинг устига ҳар қанча муолажа қилмасин, кўзлари соғайиш ўрнига баттар хиралашиб борар эди. Бир куни қиз шифокорларнинг унга билдирмай, ўзаро суҳбатлашаётганларини эшитиб қолди. Улар қизнинг кўр бўлаётганини, муолажалар кор қилмаётганини гаплашишди. Қиз тушкунликка тушди ва ўзини ҳануз болалик чоғларидаги муҳаббат билан яхши кўрадиган онасининг ёлғонларига ортиқ чидолмаслигини ўйлаб, болалик уйини тарк этишга аҳд қилди.

 ...Онаси эса узоқ жойдан иш топганини айтиб, ишлаб топган пулларини бир қариндошига жўнатишини, ундан қизига қараб туришлигини илтимос қилди.  Қиз бир муддатдан сўнг кўрмай қолди. Зулмат дунё билан ўзи қолди. Бу орада онасини ҳеч ўйламасди, унинг аҳволи билан қизиқмасди. Унинг назарида онаси ёлғончи эди, қизини ташлаб кетганди. Энди онаси ўлса ҳам парво қилмасди қиз. Бир куни докторлар қизга мос бир жуфт кўз топилганлигини, операция учун бир аёл зарур маблағни тўлаганлигини айтиб, қизни операция қилишларини айтдилар. Зарур тайёргарликдан сўнг операция бўлиб ўтди.

Фақат қиз кўзлари очилиб, ўзининг хунук юзини кўришдан қўрқарди. Аммо кўрликдан кўра хунуклик яхшироқ эди. Ҳартугул бировга муҳтож бўлмасди. Қиз амалиётдан сўнг ойнага қарашга журъат қилолмаётганди. Секин-аста ирғанибгина ойнага қаради, ҳайратдан чинқириб юборди. Кўзгуда бениҳоят гўзал қизни кўриб турганди, кўзларига ишонмади. Ҳақиқатдан ҳам ажойиб қиз эди кўраётгани. Юзидаги чандиқлар ҳам йўқолган, ойдек тип-тиниқ эди рухсори. Узун, катта бурни ўзига ярашган, кичрайган, шалпангқулоқлари ҳам ярашиқли тусда эди. ҳурпайган сочлари ҳам тўлқинсимон жингалак ҳолда эди.

Қиз қаршисидаги кекса докторга севинч билан қараб:

- Гўёки, янгидан дунёга келгандекман, - деди. - Юзимдаги  ҳеч бир доғ, яра излари, чандиқ қолмаган. Бир йўла пластик жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказдингизми?

- Йўқ, пластик жарроҳлик қилмадим, қизим, - деди кулимсираб. Онангнинг кўзларини сенга ўтказдик. Сен ўзингни онангнинг кўзлари билан кўряпсан!..

Қиз ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолди.

 

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Андижонлик аёллар

Мустақил юрт ривожини ўйлаган,

Тўкин-сочин ёруғ кундан сўйлаган.

Пок нияти юртимизни бўйлаган,

Андижонлик энг оқила аёллар.

 

Барчиною Тўмарислар издоши,

Манман деган мард эрларнинг йўлдоши.

Тўкилмагай қийналса ҳам кўз ёши,

Андижонлик марду майдон аёллар.

 

Келгусида мақсадига етсинлар,

Меҳнат қилиб элни хушнуд этсинлар.

Эзгуликка ҳайкал қўйиб кетсинлар,

Андижонлик нияти пок аёллар.

 

Оилага керак вафо, садоқат,

Шунда бўлар хотиржамлик ва роҳат.

Тарк этмасин сизни сабру қаноат,

Андижонлик бардоши тоғ аёллар.

 

Тўхтахон ПАРПИЕВА,

меҳнат фахрийси.

 

БЕДОРГИНАМ

Мен сабаб сочингда кўпайди оқлар,

Fам чекдинг, кўпайди дилингда доғлар.

Кўзингда нам бўлдим, алам-у оҳлар,

Она, сенга бир чимдим бахт беролдимми?

 

Нон ёпдинг мен учун қўлларинг куйиб,

Аллалар айтдинг сен эркалаб-суйиб.

Йиғласам йиғладинг юрагинг тўлиб,

Она, сенга бир чимдим бахт беролдимми?

 

Оғзидаги нонини илинган, онам,

Дардлари юзидан билинган, онам.

Мени дея юраги тилинган, онам,

Айт, сенга бир чимдим бахт беролдимми?

 

Ахир, кутгандинг-ку мендан ширин сўз,

Мен-чи, малол олдим, чимириб кўз.

Зар либос кийдирдинг, ўзинг эса бўз,

Она, сенга бир чимдим бахт беролдимми?

 

Кечир ношуд  қизингни, кечир, офтобим,

Ҳаммадан хушрўйим, ўзинг моҳитобим.

Юрак меҳрим, садқа бўлсин сенга жоним,

Она, сенга борки бахтни бераман!

 

Гулнора ПЎЛАТОВА,

АДУ талабаси.

 

 Сингилжонларим

Оқ кабутарлардай беғуборсизлар,

Ниятлари эзгу, қалби поксизлар.

Сизга жоним фидо, яхши кўраман,

Азиз сингилларим, сингилжонларим.

 

Менинг бу дунёда меҳрибонимсиз,

Болалик ҳамроҳим, йўғу боримсиз.

Қадр ва қимматим, эътиборимсиз,

Азиз сингилларим, сингилжонларим.

 

Дардимни тушунган қуёшим, ойим,

Бири шўх, бириси гулдай мулойим.

Бахтимга соғ-омон юринг илойим,

Азиз сингилларим, сингилжонларим.

 

Сиз борки, ҳамиша юрагим бутун,

Сиз меҳр тоқига қўйдингиз устун.

Яратганга шукр, бергани учун,

Азиз сингилларим, сингилжонларим.

 

Санобархон САИФЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги

13-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ҚУЁШ

Эрта тонгда тоғлар ортидан,

Аста-секин кўтарасан бош.

Ер куррасин зарларинг билан,

Эринмасдан ўрайсан, қуёш.

 

Деразамдан жилмайиб аста,

Уйғотасан юзларим силаб.

Гўё тутиб нурли гулдаста,

Неларнидир қиласан хитоб.

 

"Ҳой қизгинам, тез ўрнингдан тур,

Кетмоқдадир умр ҳам ўтиб.

Тезроқ ёрқин шафақ сари юр,

Буюк ишлар турибди кутиб".

 

Вазифамни қўйдинг уқтириб,

Бобо Қуёш, ташаккур сенга.

Ҳар кун саҳар ўрнимдан туриб,

Бўйсунаман сенинг измингга.

 

Нодирабегим СОБИРОВА,   

 Жалақудуқ тумани.

 

сен учун не қилай

Аёл - онасан, ҳам вафоли ёрсан,

Бизни тинглагувчи чин дўстимизсан.

Тафтинг-ла илитиб бутун оламни,

Меҳри уммон, мисли қуёш нурисан.

 

Кўзинг тўла меҳр, сўзингда сеҳр,

Она сен қуёшсан, она сен ойсан.

Кун-у тун йўлимда порлаган ўзинг,

Кўнглимни ёритган чироғимсан, сен.

 

Қўлинг қадоғини кўзимга сурай,

Дейсан, фарзандларим камолин кўрай.

Сенга дунё тургунча умр тилай,

Ўзинг айт, сен учун она, не қилай.

 

Моҳидил НЎМОНЖОНОВА,

Олтинкўл транспорт касб-ҳунар

коллежи ўқувчиси.

 

 Меҳрингизни алишмасман

Онам, меҳрингизни алишмасман мен,

Дунёнинг бойлигу ҳашамларига.

Онам, юзингизни алишмасман мен,

Дунёнинг энг гўзал чаманларига.

 

Ҳар қанча кўзимга суртмайин оздек,

Меҳнатдан қаварган қўлларингизни.

Қулоққа қуйилар зар-жавоҳирдек,

Шукр қил болам, деган сўзларингиз.

 

Муҳаррамхон ДЎСМАТОВА,

 Андижон педагогика коллежи ўқувчиси.

 

Она, олдингизда гуноҳим қанча?

Сиздан-да азизроқ зотни топмадим,

Онажон, дунёда шу кунимгача.

Баъзан билмадим, ким дўст, ким ғаним,

Она, олдингизда гуноҳим қанча?

 

Пойингиз остида жаннатлар бўлса,

Битта изингизга фидо бўлсин жон.

Мени деб кўзингиз ёшларга тўлса,

Менга бу дунёлар тордир, онажон.

 

Қанча яхши-ёмон кунлар кўрдингиз,

Айладингиз қанча тунларни бедор.

Фидо қилдингиз-ку гулдек умрингиз,

Биз-чи қалбингизга кўп бердик озор.

 

Нодира СОТҚИНОВА,

Андижон тумани.

 

 

 

ОНАМГА

Дунёда энг улуғ инсон - бу она,

Она борлиқдаги тенгсиз, ягона!

Фарзанд бахтин кўриб хурсанд бўлади,

Қувончдан кўзлари ёшга тўлади.

Дунёда энг улуғ инсон бу - она.

 

Доимо яшайди фарзандини деб,

Жон фидо қилади юрт ғамини еб.

Болам ухласин деб аллалар айтар,

Тонгда юзларидан ўпиб уйғотар.

Дунёда энг улуғ инсон бу - она.

 

Онангни қадрла ҳар бир сўзингда.

Қалбинг қуёшини кўрар кўзингда.

Онанг бошингдаги олтин тожингдир,

Меҳр тафтин сезар кулган юзингда.

Дунёда энг улуғ инсон бу - она.

 

Шодиёна АБДУВОҲИДОВА,

Балиқчи тумани.

 

Дуосини олиб яшайлик доим

Йиқилсам, мен билан йиғлаган ул зот,

Дард-алам келганда бошим силаган.

Тўғри яшагин, деб қилиб насиҳат, 

Тун-у кун мен учун бахтлар тилаган.

Мен учун умрини бахшида этган,

Беҳад меҳрибоним, бошимда тожим.

Ютуғимдан боши осмонга етган,

Пойлари жаннатим, бағри осмоним.

Ҳаммадан зиёда бўлиб ҳурматин,

Уйимиз тўрида бўлсин илойим.

Меҳрига меҳрла қайтариб жавоб,

Дуосини олиб яшайлик доим.

 

Мадинахон МАҚСУДАЛИЕВА,

Избоскан туманидаги

24-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Сизни қизFонаман...

Сизни қизғонаман ҳаммадан,

Рашқим келар шаббодага ҳам.

Сизсиз кўнглим ғариб, ғамбода,

Тор кўринур кўзимга олам.

 

Нигоҳингиз дайди бўлмасин,

Хиёнат ҳам ажал билан тенг.

Гар десангиз ёрим ўлмасин,

"Мен абадий сеникиман" денг!

 

Арофат УСМОНОВА

 

 Мунис аёлларга

Мунису муштипар,  муқаддас аёл,

Таъзим қилай сенга, борки танда жон.

Сен менинг сурурим, ғурурим ўзинг,

Сенинг матонатингга лол аҳли жаҳон.

 

Аёл ким? Онами, опами, сингил,

Оқ ювиб, оқ тараб кийинтирган зот.

Ширин сўзларига муштоқдир кўнгил,

Йўқ бўлса, кўнгиллар ҳувиллар хайҳот.

 

Оҳ, аёл заҳматкаш, шундай бир зотки,

Таъриф этгани мен сўз тополмадим.

Аёлнинг меҳнатин қадрлаш учун,

Кўнгиллар тубидан сўз айтолмадим.

 

Кимсаной НИШОНОВА,

Шаҳрихон тумани.

 

Бекларнинг доимо сизда хаёли.

Сиз гўзал малаксиз ё бир фаришта,

Уй ва ишхонангиз доим саришта.

Гулноза, Гулчеҳра, Гўзал, Шоҳиста,

Дилингиз эзгуликка мудом пайваста.

Туришлари чиройли, ўзбек аёли,

Бекларнинг доимо сизда хаёли.

 

Онамми, опамми ёки синглимсиз,

Қўни-қўшниммисиз ёки қизимсиз.

Кийган атласингиз бўлмасин енгсиз,

Оддий либосда ҳам тиллога тенгсиз.

Кийганингиз ярашар, ўзбек аёли,

Бекларнинг доим сизда хаёли.

 

Биламан, баъзида бир-бир йиғлайсиз,

Қалбингизни кемирса дарду-аламлар.

Найзасиз кўксингизни ночор тиғлайсиз,

Ёрингизни ўйласа ўзга санамлар,

Барига бардошли ўзбек аёли,

Бекларнинг доим сизда хаёли.

 

Оналик бахтини берсин ҳар қизга,

Соғлик-омонликда кирингиз юзга.

Ҳурмату эъзозлар бўлсин сизларга,

Энг эзгу тилаклар армуғон сизга.

Юртини ўйлаган, ўзбек аёли,

Бекларнинг доимо сизда хаёли.

 

Гулчеҳра ДАВИДОВА,

шифокор.

 

 Оилам бахти

Бизнинг оилани файзи ўзгача,

Бобом ва бувимнинг меҳри ўзгача.

Онам ёпган ноннинг сеҳри ўзгача,

Отам меҳнатининг қадри ўзгача.

 

Оилам юртимнинг тинч гўшаси,

Биз фарзандлар унинг гулу лоласи.

Ватан ободлиги бизнинг бахтимиз,

Оила фахримиздир, тожу тахтимиз.

 

Арофат ТАШЛАНБОЕВА

 

 Опажоним

Кўнгилда дардларим тўлиб кетганда,

Орзулар боғидан бир гул кетганда.

Хаёл китобимни варақлаб аста,

Сизга талпинаман, чорлайман сизни,

Сиздайин меҳрибон опажонимни.

 

Барча сирларимни сизга айтаман,

Сиз-ла бирга бўлсам гўё ойдаман.

Болаликка қайтсам сиз-ла қайтаман,

Хаёл осмонида юлдузим опам,

 

Мавжудахон МАМАРАҲИМОВА,

АДУ 2-босқич талабаси.

 

Нечун сен  кетгандинг йироққа?

Эртага келасан дейману,

Юракка эртаклар айтаман.

Баҳорлар келади гул очиб,

Йўл қараб изимга қайтаман.

 

Келмайсан, буни мен биламан,

Дил йиғлар тополмай бир таскин.

Учиб кетаётир ишқ қуши,

Билдим, демак, демак, куз яқин.

 

Шом тушиб қоляпти кўнглимга,

Соғинчдан сарғаяр япроқлар.

Куз ҳам ҳар галгидек дилимга,

Солади жавобсиз сўроқлар.

 

Фироқлар ўйнайди бошимда,

Музлатиб қўяди оқ қорлар.

Мен тўккан аччиқ ёшлардан,

Армонга айланар орзулар.

 

Мен эса келасан дейману,

Сўнг сингиб кетаман тупроққа.

Лолага айланиб бир куни,

Юрагинг кўмаман сўроққа.

Нечун сен кетгандинг йироққа?

 

Раҳимахон ЭРМАТОВА,

Шаҳрихон тумани.

 

ҚишлоFимни  соFиндим, она!

Келсам бағрин кенг очиб кутган,

Тўрт томони сўлим, ҳур гўша.

Кўрсам кўзим бахтдан сўйлаган,

Қишлоғимни соғиндим, она.

 

Қирларида гуллар очилган,

Боғларида қушлар сайраган.

Номи тилда шўх жаранглаган,

Қишлоғимни соғиндим, она.

 

Баҳорида қизғин бўлар иш,

Одамлари бўлак, дўстона.

Яшашади аҳил, беташвиш,

Қишлоғимни соғиндим, она.

 

Яллалари куйга жўр бўлган,

Тўй-байрамлар ўтса зўр бўлган.

Одамлари содда, меҳрли бўлган,

Қишлоғимни соғиндим, она.

 

Зарнигор ТОЛИБЖОНОВА

 

Бардошингдан бергин, онажон!

Қанча қайғу, ғамларни енгган,

Синовларга дош бериб келган.

Фарзанд учун умрини берган,

Бардошингдан бергин, онажон.

 

Яхши кунлар келар деб, албат,

Олға қадам ташлаган фақат.

Борлигингни ўзи саодат,

Бор сабрингдан бергин, онажон.

 

Кечиргансан ғийбат қилсалар,

Ҳам маломат тошин отсалар.

Бағри дарё мисол шунчалар,

Қалб меҳрингдан бергин, онажон.

 

Буюкдирсан, менинг қуёшим,

Суюклигим, борим, сирдошим.

Эгиб ерга теккунча бошим,

Таъзимдаман, сенга онажон!

 

Муножотхон АБДУЛЛАЕВА,

 

Жалақудуқ тумани.

Оналар меҳр уммони

ДИЛ ТУFЁНИ

Она! Бу сўз қанчалар қудратли. Она дейишимиз билан пок кўнгилли, тоза қалбли, меҳр улашувчи мўътабар сиймо кўз олдимизда гавдаланади. Улар бизни болалигимиздан оқ ювиб, оқ тарайдилар. Бошимизни силаб, тарбия беради. Она улуғ зот. Буюк яратгувчининг ўзи уни улуғлаб пойига жаннатни тўшади. Ҳазрат Навоий: Оналар оёғи остидадур, Равзаи жаннату жинон боғи Равза боғин висолин истар эсанг, Бўл онанинг оёғин туфроғи. Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда ҳам "Жаннат оналар оёғи остида" дейилади. Бу онанинг ҳурмати нақадар улуғлигидан далолатдир. Аёллар оила ва жамиятнинг таянчдир. Уларсиз на ҳаёт, на муҳаббат, на келажак мавжуд. Машаққатларга сабр қила олиш, фарзандига муносабат борасидаги чексиз меҳр ва илтифот кўрсатишдек мукаррам туйғуларни фақатгина меҳрибон оналаримиздан топамиз. Жалолиддин Румий ҳазратларининг қуйидаги ўгитлари жуда ўринлидир. "Она ҳаққига диққатли бўл, уни бошинга кўтар. Зеро, улар оилаларимиз барқарорлиги осойишталиги, авлодлар давомийлигини олтин занжиридир". Бугун аёл -шифокор, ўқитувчи, қўли гул чевар, фермер, ижодкор, олима ва моҳир раҳбардир. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ҳар бири Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган фидойи инсонлар ҳисобланади. Аёлига юксак эҳтиром кўрсатаётган юртимизнинг келажаги буюкдир.

Малохат ИБАЙДУЛЛАЕВА

Меҳрингизни дариғ тутманг

Ҳар куни тонгда қўшиқ тинглашга одатланганман. Бугун ҳам эрта тонг телевизорнинг қулоғини бурадим. Хаёлимни қўшиқнинг ажиб оҳангги қамраб олди:

Она, сен меҳрибонсан,

Она, сен жонажонсан.

Жисмимизга жон берган,

Жондан азиз инсонсан...

Қўшиқ мени сеҳрлаб қўйди. Она! Бу муқаддас зот ҳаммамиз учун азиз ва мўътабардир. Инсон дунёга келибоқ, биринчи бор онасини кўради. Она сутидан қувват, меҳр олади. Онадан инсоф, диёнат, ҳалоллик, эзгулик каби инсоний фазилатларни қалбига жо қилади. Одам боласининг ёруғ дунёга келиб, жамиятда ўз ўрнини топишида ҳам оналарнинг ўрни бениҳоят катта. Ўзингиз ўйлаб кўринг! Ахир она бир парча этни ўстириб, улғайтириб, вояга етказгунча қанчадан қанча қийинчиликларни бошидан кечиради, не-не тунларни бедор ўтказади, оромидан кечади?!

Оналик меҳр-муҳаббатини эса ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Оламнинг ободлиги тинч-тотув, аҳил-иттифоқ оилалар биландир. Оиланинг ободлиги эса, мунис ва меҳрибон, азиз ва мўътабар оналаримиз билан. Оналарни қуёшга ўхшатишади. Қуёш бўлмаса, ер юзида ёруғлик ҳам, иссиқлик ҳам бўлмаганидек, Оналар бўлмаса, ҳаёт бўлмайди.

Улуғ шоир Расул Ҳамзатов "Оналар ҳар хил миллатдан бўлиши мумкин, лекин уларнинг меҳри бир хилдир" деган фикрни жуда ўринли айтган. Дарҳақиқат, оналар дунёнинг қайси бурчагидан бўлмасин, уларнинг меҳри жуда-жуда ўхшаш. Негаки, дунёдаги ҳамма оналар фарзандига чексиз меҳр-муҳаббат билан яшайдилар. Агарда она бўлмаса, дунё ҳам, борлиқ ҳам бўлмас эди.

Бугун опа-сингилларимизнинг байрами. Аслида, уларни ҳар куни табрикласак арзийди. Чунки, дунёда оналар, аёллар бор экан, ҳаётимиз ҳамиша нурли ва чароғон. Улар кулса, дунё кулади. Шунинг учун муҳтарама оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздан меҳримизни дариғ тутмайлик.

 

Феруза Ҳожиматова

Фарзандлар бахтига омон бўлинг

Тонг саҳарда ҳовли - жойини саранжомлаб, фарзандларини ўқишга, умр йўлдошини ишга кузатиб, сўнгра ўзлари ҳам иш  жойига шошиладилар. Ишдан қайтгач, оила азоларига тансиқроқ таом тайёрлаб, уларнинг кўнглини олади. Рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси, келинлик хизматидан ортиб, бирор ташкилотда фаолият юритади. Аёллар фарзандлари камолини ўйлаб,  тинмай ҳаракат қиладилар. Оналик ҳисси улар учун ҳар недан устун туради.

Аммо ўзлари ҳақида қачон қайғуради, бу мўътабар зот? Қачон ҳаловат топаркин куюнчак жонлари? Тушкунликка тушган кезларида ҳам яқинларига табассум қилади. Умр йўлдошининг бошига ташвиш тушса, дардига шерик бўлиб, "ўзингизни эҳтиёт қилинг", "сиз суянган тоғимсиз", "ҳаммаси яхши бўлади", дейдилар кўнглини олиб. Бироқ ўзлари ғамга ботган чоғида дардкашга муҳтож бўлади. "Қайғуларим туфайли яқинларимни ҳам азобга қўйиб, уларнинг қалбини дардга тўлдиролмайман" дея ўз дардини юрак тубига кўмаркан аёл зоти. Тоғдек бардоши-ю метин иродаси аёлга ҳамиша мадад бўларкан.

Дунёда гўзалликка интилиб яшайдиган, яқинларига ҳамиша яхшилик истайдиган меҳрибон инсон бу онадир. Ўткинчи умрининг ғанимат лаҳзаларида уларга энг кераклиси бўлган "меҳр"ни бера олдикми?  Уларнинг умр дафтари зарварақларига, зар-ҳал ҳарфлар билан битилажак, унутилмас лаҳзаларни бахш эта олдикми? Олис кетсак йўлимизга нигорон бўлган мушфиқамизни, ташвишларимиздан устун бўлиб, уларни йўқлаб кўнглини олдикми? Бизга ёруғ дунёни кўришимизга сабабчи бўлган волидаи муҳтарамамизга миннатдорчилик изҳор қилдикми?

 Дунёда она учун, аёл учун беназир туҳфа "ширин сўз" бўлса, уларнинг қалбида яшашга умид, ишонч бағишловчи куч, бу - яқинларининг тинчи, меҳр-муҳаббатидур. Зеро, шоира айтганидек:

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,

Дунёни олиши мумкин жилмайиб...

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

Уларсиз уйингиз бефайз, кўримсиз

Аёл борлиқ кўзгуси, табиатнинг буюк мўъжизаси, унинг гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, қалби тоза. Аёл фақат эзгуликни, яхшиликни соғинади. Шарқда аёллар азал-азалдан муқаддас зот сифатида улуғланади қолаверса, улар фаришталарга қиёсланади. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг энг гўзал фазилатларидан биридир.

Ишдан ҳориб келганингизда сизни очиқ чеҳра, майин табассум билан қарши оладиган, бетоб бўлганингизда тунни-тонгга улаб мижжа қоқмай ўтирадиган, фарзандлар бахти, камоли учун жонини фидо қиладиган, уйим-жойим деб турмуш ташвишларини ичга ютиб, сабр билан умргузаронлик қиладиган  буюк зот - бу аёл.

Ҳувиллаган уйингизга файзу-барака, қувончу-шодликлар олиб кирган, бўм-бўш қалбингизни шириндан-шакар фарзандлар билан тўлдирган, борингизни ошириб, йўғингизни яширадиган, мазали таомлар билан сийлаб яна даккингизни-да эшитадиган ҳам - аёл.

Уй юмушлари билан куймаланиб, ўзига оро беришни унутган, базму-жамшиддан кўра оила даврасини хуш кўрган, ишга кетаётганингиз-да соғ-омон қайтишингизни тилаб, дуога қўл очган ҳам - аёл.

Гоҳо мансаб отига миниб пулингиз кўпайганда, уйингиздаги мунис фаришта кўзингизга ғарибдай кўриниб, маккора санамларга ўралашиб қолганингизда ҳам, хиёнат эшигидан хатлаб гуноҳ ботқоғига қадам қўйганингизда ҳам - эр кишида дея, аламини кўз ёшдан олиб сизни кечирган ҳам - аёл.

Яратган эгам аёл қалбини дарё, меҳрини эса чексиз қилиб яратган. Унинг кўнгли гулданда нозик, бир оғиз сўз билан чилпарчин бўлиши, бир оғиз ширин сўз билан шодликларга тўлиши мумкин.

Унга кулиб боқинг, майин жилмайинг, ҳамда меҳрингизни аяманг ундан. Аёлни эъзозланг, аёл мўътабар, аёл буюк зотдир.

Бир қўлида бешик, бирида дунё,

Fамларни елкада тутган аёллар.

Гоҳида унутиб, қувонч, шодликни,

Бир умр ширин сўз кутган аёллар.

 

Борида шукр деб, йўғида сабр,

Қаноатни қалқон қилган аёллар.

Не бўлса, тақдири, азалда дея,

Борини тақдирга йўйган аёллар.

 

Аёлга чин дилдан муҳаббат беринг,

Бир бор ҳолин сўранг, ширин сўз билан.

Сизни севаман денг, ёлғон бўлса ҳам,

Унга кулиб боқинг, қувноқ кўз билан.

 

Аёл буюк зотдир, аёл муқаддас,

Аёлсиз уйингиз бефайз, кўримсиз.

Аёлни эъзозланг, аёл мўътабар,

Аёл дуо қилар сизни тинимсиз.

 

Даъво қилмагаймиз, тилло зарларга,

Бир оғиз ширин сўз етади бизга.

Меҳрингизни дариғ тутмасангиз гар,

Қирқ битта жонимиз фидодир сизга.

 

Назира ДАДАБОЕВА

Баҳор куйи

кечинма

Узоқдан куй келяпти. Гўё таниш бу куй ўз армонини ўзи сочаётгандай. Юрагим тўлқинланиб кетди. Қайси куй эди экан, эслолмадим.

Яна ўша куй таниш лаҳзаларни ёдимга солгандай, яна ҳам яқинроқ, яқинлашиб келяпти. Бироқ бу куйнинг қалбини шамол иккига бўлиб ташлади. Ҳар томонга бўлиниб кетди. Гўё бу куй йиғлаяпти. Онаси ташлаб кетган қушдай чинқиряпти. Илиқ ҳаво, соғинчга ташна.

Менинг ҳамдардим, шу куйлар билан парвоз қилгандай. Табиат гўзаллигини хаёлимнинг кўзи биринчи бўлиб кўрди. Осмонни парчалаган булутлар, йиғлашни ҳам билмайди.

Баҳор, чексиз ташвишларимни унутиб, янгитдан муҳаббат, янги туйғу, янги завқ билан мен сени қарши оламан. Кўзларим ялпизнинг дийдорига ташна. Совуқ ҳароратнинг қўйнидан чиққан баҳор ўзи етиб келганига гўё шукрона айтгандай...

Унутиш осонмас. У ҳам бизни унутолмай, кўзларини гулларга ишқалаб, гулғунча ифорлар таратиб янгитдан бахт бағишлаш учун келди. Қайғулар қорда қолиб кетди, армонлар этагини фарёд ёпиб кетди. Орзу эшигини баҳор очди, сабо қўллари билан. Бироз вақтдан кейин эса энди ўша куй бутун бўлиб келяпти. Гўё  баҳор фаслини йиғиб келгандай. Ҳа, мен севган баҳоримнинг куйи экан бу. Дунёдаги барча илиқ туйғулар гўё куй бўлиб, ўз сеҳрини сочаркан бутун оламга.

Баҳорнинг куйга тўлган қалби, гўзаллик ҳадясига парвона. Ўша куй дарахтлар учларига қадалиб қолгандай, сабо қўллари билан тебраниб туришарди

...Уйимда. Мен салом бердим, у алик олди, тебраниб. "Салом, баҳор, энди кетма!"  - деган сўзларимни гўё билиб тургандай менга маъюс бўлиб боқмоқда.

Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА,

 

Андижон тумани.

Бунча ҳам яхши, бу одамлар

Йўл-йўлакай борар эканман, атроф чиройли, баҳаволигини ҳис этаман. Узоқдан келаётган қизалоқ ҳам осмонда сузиб юрган оппоқ булутларга маҳлиё бўлиб, борлиқни томоша қилиб келяпти.

Вой! Йиқилди-я, сирпаниб кетди-да... Мен узоқдаман, лекин унга ёрдам бериш учун интилиб тезроқ қадам ташлайман. Ана, велосипедда келаётган киши тўхтаб, унга ёрдам берди. Туришга кўмаклашди, кийимларини қоқиб қўйди. Ҳатто, ариқ бўйига олиб бориб пойафзалини ювиб қўймоқда.

Офарин, бегона бўлса-да, оталардек меҳр кўрсатди, - мард инсон экан, отасига раҳмат.

* * *

"Дамас"га ўтирар эканман, ёнимга бир аёл ўрнашди.

- Келин, мана бу ерга ўтиринг, мазангиз йўққа ўхшаяпти. Суяниб кетасиз...

- Раҳмат, яхши ўрнашдим, раҳмат, - дейди ҳалиги хаста аёл, ийманибгина. Тортинмай қулайроқ ўтириб олинг, тезроқ уйингизга бориб ўзингизга қаранг, айланай.

Танимаган одамнинг далдасидан ёш аёлнинг кўнгли кўтарилди.

* * *

Йўл четида келаётган ёш, чиройликкина қизга, шу ерда суҳбатлашиб турган уч-тўрт йигит йўл берди. Машина эса ёмғирда кўлмак бўлган сув сачраб кетмаслиги учун секингина юриб ўтди. Ҳеч бир қонунларда ёзилмаган бу каби меҳр-оқибат, эътибор йигитлар ўз сингилларидай авайланган қиз қалбида яхшиликка, яхши инсонларга нисбатан меҳрни оширган бўлса не ажаб?

* * *

...Бир-бирига бегона бўлса-да, аксарият юртдошларимиз ёрдамга шай, муҳтожга кўмак беришга интилади.  Йўқ, аслида ҳеч ким бир-бирига бегона эмас, барчамиз ҳазрати инсонмиз. Отам раҳматли, доим "Одамларнинг бегонаси йўқ, суриштирсанг ҳамма қариндош", дер эдилар. Рост экан. Улар каби бир-бирларига яхшилик соғинадиган одамлар бунчаям кўп?.. Меҳрибон ака-ука, опа-сингилларни кўриб, кўнглим кўтарилади. Ва, беихтиёр: "Бор бўлсин қалби эзгуликка йўғрилган одамлар!" дегим келади.

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА

"Тўмарис" - энг фаол иштирокчи

Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб вилоят жисмоний тарбий ва спорт бошқармаси ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан спортнинг енгил атлетика, шахмат-шашка, арқон тортиш, стол тенниси, велопойга турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Беллашувларда вилоятдаги спорт муассасаларида фаолият юритаётган 200 нафарга яқин хотин-қизлар 19 жамоа таркибида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Мазкур мусобақада вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг "Тўмарис" жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Хурсаной Қодирова, Шохсанам Тожиддинова, Гулнора Умарова каби фахрий аёллар мусобақаларнинг қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтишига муносиб ҳисса қўшдилар. "Тўмарис" жамоаси  мусобақанинг "Энг фаол аёллар жамоаси" номинацияси совриндори бўлди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, Избоскан тумани жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.

Fолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 Гулнора ПАЗИЛОВА,

 

вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси.