+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Зулфияхоним - вафо тимсоли

Ҳар йили баҳорнинг илк куни матонатли аёл, меҳрибон устоз, серқирра ижодкор, нафақат ижоди, балки бутун ҳаёти, фаолияти билан ўзбек аёлининг тимсолига айланган  Зулфияхоним таваллуди кенг нишонланади.

Андижон қишлоқ хўжалик институти академик лицейида ҳам ана шу санага бағишланиб, "Зулфияхоним - вафо тимсоли" шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбир доирасида лицейнинг 1-босқич ўқувчилари ўртасида "Баҳорий маликалар" беллашуви бўлиб ўтди. Беллашувда ҳар бир гуруҳдан биттадан иштирокчи қатнашиб, ўзининг билими, зукколиги, санъат ва уй юмушлари борасидаги маҳоратларини намойиш этдилар. Улар томонидан бажарилаётган ҳар бир шарт ижроси ҳакамлар ҳайъати томонидан  баҳолаб борилди.

Беллашувнинг якуний натижаларига кўра, 106-гуруҳ ўқувчиси Арофат Козимжонова ғолиб деб топилди. Fолиб ва иштирокчилар лицей маъмуриятининг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Унутилмас таассуротларга бой ушбу тадбир ўқувчи ёшларнинг шоира Зулфия ҳаёти ва фаолияти, адабиёт, шеърият ҳақидаги билимларини янада бойитди.

Д. ТУРДИЕВА,

АҚХИ академик лицейи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

Мулойим момо

Юз билан юзлашганлар

Олтинкўл тумани Қўштепа қишлоғи Топтиқ маҳалласида яшовчи Саодатхон момо Хайитова бу йил ўзининг 103 баҳорини қаршиламоқда. Фарзандлари, қўни-қўшниларининг айтишича, момо ҳаёти давомида ҳеч қачон, ҳеч кимга озор бермаган экан. Шу феъли учун уни маҳалла аҳли "Мулойим хола" деб аташади.

Саодатхон момо Қўштепа қишлоғида туғилиб ўсди, мактабни битиргач,  уни "Маман полвон" лақаби билан ном қозонган Мамадали Ҳайитовга турмушга узатдилар. Мамадали полвон курашчи эди. Бақувват, меҳнаткаш, кетмонни яхши кўрадиган асл деҳқон боласи бўлган экан. Полвон Саодатхон билан 46 йил бирга умргузаронлик қилди. 10 нафар фарзанд кўрдилар. Эр-хотин умр бўйи жамоа хўжалигида бирга меҳнат қилдилар. Ташкилотчилиги, меҳнатсеварлиги билан  Маман полвон жамоа хўжалиги раиси бўлиб ҳам ишлади.

- Дадам меҳрибон, аммо жуда қаттиққўл одам эдилар, - дея эслайди Комилжон Мамадалиев. - Аммо, онамнинг кенг феъли ва мулойим табиати ҳамиша уни босиб турарди. Дадам 71 ёшида қазо қилди. Аммо яратганга шукр, онажоним, бошимизга соябон бўлиб, бизларга дуолар қилиб ҳозиргача яшаб келяпти. 

Саодат момонинг 30 невара, 57 чевара ва 3 нафар эвараси бор. У бир асрдан зиёд умр кўраётган бўлса-да, ҳаётга чанқоқ, руҳи тетик, бардам-бақувват.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 38 йил бўлди, - дейди момонинг келини Муқаддасхон опа. - Бирон марта қайнонам билан орамизда можаро келиб чиққанини эслай олмайман. Мен бу жаннати аёлни  қайнонам эмас, онам дейман. Онам кўп овқат емайди, ёғли, ҳазми оғир таомлардан тийилади, кам ухлаб кўп ҳаракат қилади. Бир умр далада меҳнат қилиб, мол-қўй боқиб, ипак қурти парваришлаб яшаган. Балки меҳнатсеварлиги, соғлом ҳаёт кечирганлиги учун ҳам юз билан юзлашгандир.

Кенг феъл, хуштабиат, мулойим Саодат момо ёш болаларнинг ғалваю тўполонларига инжиқланмайди, ҳозир ҳам невара келинларининг боласини ўйнатиб ўтиради. Маман полвон билан кечган бахтли, саодатли кунларидан хотира сифатида эсдалик суратларни, полвоннинг белбоғи-ю, тўйлари куни бошига ташлаган ғижим рўмолини сандиғида авайлаб сақлайди.

- Маҳалламизда 2 нафар 100 ёшдан ошган табаррук онахон яшайди, - дейди "Топтиқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат, ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодирахон Юлдашева. - Биз бу нуронийларимиз билан чексиз фахрланамиз. Турли байрамларда уларни йўқлаб, дуоларини оламиз, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашамиз, суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.

Саодат момо ёшлигида қайнона-қайнотасининг юзига ҳеч тик қарамаган, уларнинг олдида фарзандларини суйиб-эркалашга ҳам уялган экан.          Фарзандларингизга айтган аллангиздан айтиб беринг, деганимда момо "уяламан, қўйинг" дея унамади. Узоқ умр кўриш сири ҳақида гап кетганда эса, момо ҳеч ким билан жанжаллашмагани, асабийлашмагани, бировнинг дилини оғритмагани, ғийбат ва маломатлардан узоқ яшаганини таъкидлади.

Барака нури ёғилиб турган хонадондан қайтаётганимда, Саодат момо қўлларини очиб, узоқ дуо қилди.

-Илойим ҳамма яхши инсонлар менинг ёшимга етсинлар, эркакларимиз боши омон, оиласи бахтига саломат юрсин, аёлларимиз бахтли-саодатли, серфарзанд-сердавлат бўлишсин, юртимиз тинч, хонадонларимиз осойишта, дастурхонларимиз тўкин бўлсин!

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Пойига жаннат тўшалган аёл...

Аёл! Бу сўз нақадар жарангдор, нақадар мафтункор, нақадар муқаддас ва мўътабар!

Аёл... У аввало, меҳрибон она, оила шамчироғи, ҳурматли опа, қадрли сингил. Аёл  - оқила, покиза, пазанда... Оила аталмиш муқаддас масканнинг бекаси, буюк салтанат соҳибаси, маликасидир. У бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади.

...ҳизмат тақозоси билан пойтахтга бориб қайтаётганимда ҳорижлик бир рус аёл ҳамроҳ бўлиб қолди. Барча йўловчилар ўзлари билан ўзлари овора эди. Бояги рус аёл эса атрофни кузатиб келаётган экан. Автоулов ойнасидан ташқарига боқаркан, далада бошларига оппоқ дурра боғлаб олиб, ғўза парвариши билан машғул аёлларни кўриб сўз бошлади: "Куннинг иссиғида улар нима иш қиляптилар?.."

Ҳамроҳлар унга миллий бойлигимиз бўлган "оқ олтин"ни қандай парваришлаётганликлари ҳақида батафсил тушунтира бошладилар. Шунда рус аёл пахта мана шундай  машаққатли меҳнат эвазига бун-ёд этилишига тасаннолар айтди.

...Аёл ва иқтисод бир йўналиш, аёл ва сиёсат яна бошқа бир йўналиш. Оилада аёл ўз жуфти ҳалолига содиқ дўст, рўзғорда турмуш ўртоғига беминнат кўмакчи бўлса, жамиятда эса алоҳида ўринга эга фаол, жонкуяр ишчи-хизматчи. Аёлларимиз ҳар қандай ютуқ, бахтга ўзининг сабр-бардоши, қаноати, матонати эвазига эришади.

...Бир донишманд "Жамиятнинг етуклиги аёлларга бўлган яхши муносабатларда билинади", дея эътироф этган. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов эса: "Аёлни улуғламоқ - оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир", дея, аёлларнинг ҳаётдаги, жамиятдаги мавқеини, ўрнини биринчи ўринга қўйиб, уларнинг даражасини юксак поғонага кўтарган эдилар.

Дарвоқе, жорий йилнинг 2 февраль санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат республикамизда истиқомат қилаётган барча аёлларнинг ҳаётдаги, оиладаги, жамиятдаги ўрнини юқори даражага кўтаришга қаратилган муҳим хужжатдир. Зеро, аёл қадри жамиятда, оилада тутган ўрни билан белгиланади. Ҳукуматимиз раҳбари ушбу фармон орқали мамлакатимиз аёлларининг барча соҳаларда фаол иштирок этишлари йўлида зарур шарт-шароитларни яратиш, уларга муносиб турмуш шароитлари, алоҳида эътибор ва ғамҳўрлик билан қуршаб олиш лозимлигини белгилаб берди.

Ҳа, оналик, аёллик бахти - энг юксак бахт! Мустақил Ватанда умргузаронлик қилаётган, пойига жаннат тўшалган ҳар бир аёл-қизни мана шундай бахт нашидаси асло тарк этмасин!

Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА,

 

Қўрғонтепа тумани.

Эришаётган ютуқларимда онамнинг хизматлари катта,

- дейди оғир атлетика бўйича

Ўзбекистон чемпиони Муниса Ҳамдамова.

- Балиқчи туманидаги Гулистон қишлоғида туғилиб ўсганман. Оилада икки фарзандмиз. Мен ва синглим. Болалигимдан  бадиий гимнастикага жуда қизиқардим. Шу сабаб қатор йиллар спортнинг ана шу тури билан шуғулландим. Андижон Олимпия захиралари коллежига ҳам айнан бадиий гимнастика йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинганман. Аммо йиллар ўтиб шароит, қизиқишларим ўзгарди. Бир муддат спортнинг қайси тури билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйланиб юрдим. Ниҳоят, онам мени оғир атлетика тўгарагига ёздирди. Аввалига бу менга ёқмади. "Қиз болага оғир атлетикада нима бор?" деб ўйладим.

Спортнинг ушбу тури балан шуғуллана бошлагач, унга бўлган қизиқишим янада  ортди. Қатор натижаларни қўлга киритгач,  қолаверса, оғир атлетиканинг ўзига хос жиҳатлари мени сеҳрлаб олди, бора-бора оғир атлетика ҳаётимнинг мазмунига айланди.

2013 йилда 44 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, 2-ўринни эгалладим. Fалабага, чемпионликка иштиёқим ортди. Тинимсиз машқлар, ишонч, ирода ўзини оқлади. 2013 йилда ўсмирлар ўртасида ўтказилган республика чемпионатида 1-ўринни эгалладим. Шундан буён ўз вазн тоифамда рақибларга имкон қолдирмасликка ҳаракат қилиб келаяпман. Бугунги кунга қадар 12 бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим.

2018 йил эса мен учун жуда омадли бошланди. Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим. Энди Осиё, жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлдим. 

Ҳозир даст кўтаришда 65 килограмм, силтаб кўтаришда 85 килограмм натижага эришяпман. Мураббийим Ойбек  Турғунов жуда талабчан, қаттиққўл, аммо бағрикенг инсон. У менга ишонади, шунингдек, машғулотларга масъулият билан ёндошишимни талаб қилади. Шу ўринда устозим оғир атлетика бўйича олимпиада чемпиони Руслан Нуриддиновнинг ҳам устози эканлиги қалбимга фахр туйғусини солади.

Айни кунда март ойининг охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига астойдил тайёргарлик кўряпман. Ана шу мусобақада ғолиб бўлиб, Андижонимиз, Ўзбекистонимиз шуҳратини янада ошириш учун бор имкониятларимни ишга соламан.

Таъкидлашим керакки, эришаётган ютуқларимда мураббийим билан бир қаторда онамнинг хизматлари ҳам ниҳоятда катта. Онам ёшлигида гандбол  билан шуғулланган. Қишлоқчилик, оилавий шароитлар сабаб орзулари амалга ошмаган. Қолаверса, у  пайтларда спортга бугунгидай эътибор, бугунгидай кенг имкониятлар бўлмаган. Шунинг учун спортчи бўлиб етишишим, улкан натижаларни қўлга киритишим учун менга қулай шарт-шароитларни яратиб беряптилар. Фурсатдан фойдаланиб онамни, фарзандлари учун борини берадиган барча мунис аёлларни 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан табриклайман. Насиб қилиб Осиё чемпионатида ғолиб бўлсам, ғалабамни онамга бағишлайман.

 

Муниса ҲАМДАМОВА,

Андижон олимпия захиралари коллежи ўқувчиси. 

Фаол онахоннинг дил изҳори

Ёшим етмиш бешдан ошган бўлса-да, ўқимасдан, изланмасдан туролмайман. Узоқ йиллар Хўжаобод туманида турли раҳбарлик лавозимларида, туман газетаси муҳаррири вазифасида ишлаганман.  Нафақага чиқиб ҳам уйда ўтириб қолмадим. 2001 йилдан бошлаб туман маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик қилиб келаман.

 Ҳозирги кунда тумандаги "Фахрий тарғиботчилар" гуруҳи раҳбари, "Нуроний" жамғармаси туман бўлими қошидаги жамоатчилик асосида хотин-қизлар билан ишлаш Кенгашига, "Шоҳгузар" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотига раислик қилишдек жамоат ишларини адо этиб келяпман.

Тумандаги пенсионерларнинг 7 минг нафарга яқинини онахонлар ташкил этади. Улар ўртасида Президентимиз фармонлари, ҳукуматимиз қарорлари мазмун-моҳиятини кенг    тарғиб этишга ҳаракат қиляпман. Жамғарма ташаббуси билан фахрий онахонларнинг юбилей кечаларини ўтказилиши анъанага айланган. Тумандаги 4 нафар 100 ёшдан ошган онахон ҳолидан доимий равишда хабар олиб турилади. Шунингдек, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногирон аёллар хонадонларига бориб, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда моддий ёрдам кўрсатяпмиз. Айниқса, тарғибот гуруҳимизнинг хонадонларда суҳбатлар ўтказиши яхши самара беряпти.

Бундан ташқари, тарғибот гуруҳига жалб этилган онахонлар умумтаълим мактаблари, коллежларда қизлар ўртасида "Қизгина, қадрингни бил!", "Қиз бола ҳаёси билан гўзал" мавзуларида суҳбатлар ўтказиб, тарбиявий ишларни жонлантиришга ўз ҳиссаларини қўшяптилар. 

Халқаро хотин-қизлар куни - 8 март олдидан жойларда хотин-қизлар ўртасида "Аёлнинг жамиятдаги ўрни", "Аёл муқаддас" мавзуларида суҳбатлар ўтказилмоқда. Фаол хотин-қизлардан иборат "Жайҳун" ҳаваскорлик дастаси тузганмиз. Ижодий жамоа Наврўз байрами арафасида янги концерт дастури билан хотин-қизларимизга байрам совғаси тайёрламоқда.

Вилоятимиз хотин-қизларини, фахрий онахонларни Халқаро хотин-қизлар куни билан қизғин қутлайман. Уларга оилавий хотиржамлик, бахт-иқбол доимо ҳамроҳ бўлсин! Энг муҳими, аёлларимизнинг кўнгли ҳамиша яшнаб юрсин!

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 

Булоқбоши туманидаги "Шоҳгузар"маҳалла фуқаролар йиғини бошланғич ташкилоти раиси, "Шуҳрат" медали соҳиби.

Хотин-қизлар эъзозланган юрт

Биринчи Президентимиз И. Каримов "Аёл бахтли бўлса оила бахтли, оила бахтли бўлса мамлакат барқарордир" деган эди. Ҳа, ҳар бир мамлакатнинг маданияти, тараққиёт даражаси ўша давлатнинг аёлларга бўлган муносабати билан ўлчанади, деган гап жуда тўғри айтилган. Ўзбек хотин-қизларига дунё аҳли ҳавас билан боқса арзийди. Чунки улар дунёдаги энг бахтли аёллардир.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, иш ва яшаш шароитларини яхшилаш, истеъдод ва иқтидорларини рўёбга чиқариш масалалари давлат  сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимиз Ш. Мирзиёев мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик олдига бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилган муҳим вазифаларни қўйди.  Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳаёти ва фаолиятини тубдан яхшилаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Буларнинг барчаси биз аёлларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашимиз учун олиб борилаётган ишларнинг намунасидир. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шўролар даврида хотин-қизларга муносабат ўзгача эди. Эркимиз каби тилимиз, динимиз, миллий қадриятларимиз ҳам кишанланганди. Ота-боболаримиздан мерос қолган қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз эскилик сарқити деб камситиларди. У даврларда аёл зотига фақатгина меҳнат учун яралгандек қараларди. Аёлларнинг асосий қисми ерга чигит қадалгандан тортиб, то қиш фасли кириб келгунча пахта далаларида меҳнат қиларди. Бироқ меҳнатга яраша манфаатдорлик йўқ эди, бири икки бўлмасди.  Ипак қурти боқиш машаққати эса бир дунё. Ана шундай мураккаб меҳнат учун арзимаган ҳақ тўланарди. Бугун-чи, ҳали мавсум бошланмай туриб, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда. Бўнак пуллари, мавсум давомида оилага кўмак сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда. Энг асосийси, пиллакор аёлларнинг меҳнатлари расмийлаштирилиб, меҳнат стажига эга бўлиш имкони берилди.

Бугун ҳар бир аёл, ҳар бир қиз ўзининг тадбиркорлиги, ҳунари билан оиласи бюджетига қўшимча даромад киритиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар яратилган.

Гўзаллик ва нафосат байрами арафасида бир нарсани фахр ва ифтихор билан таъкидлашни истардим: меҳр ва гўзаллик дунёни қутқаришга қодир буюк кучдир. Бу икки иноят эса аёл қалбида туғилади, у билан бирга яшайди. Шунинг учун ҳам "Аёли эъзозланган юрт бало-ю офатлардан, мусибатлардан йироқ. Унда фақат қут-барака бўлади" дейишади донолар. Биз учун мана шундай қутлуғ заминда яшашнинг ўзи ҳам бахтдир. Бу бахтга муносиб бўлиш, уни асраб-авайлаш ўз қўлимизда.

Раънохон СОДИҚОВА,

Бўз тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси. 

 

Ҳар бир аёл эътиборда

8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами Андижон шаҳрининг Саноат, Шолдирама, Меҳнат, Хурсандлик, ҳамдўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида катта тантана ва ҳамжиҳатлик билан нишонланди.

Андижон компьютер технологиялари касб-хунар коллежида бўлиб ўтган байрам тадбирига маҳаллалар фаоллари, меҳнат фахрийлари, тадбиркор, ҳунарманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон аёллар таклиф этилди. 

- Саноат маҳалла фуқаролар йиғинида 6471 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раи-си Орзихон Эгамбердиева.

- Шулардан 3200 нафардан зиёди хотин-қизлардир. Маҳаллада оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Байрам  муносабати билан маҳаллада истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган    Машҳурахон Исоқова ҳамда қайнона-қайнотаси ногиронлик нафақасида бўлган Чўлпоной ҳайитовага имтиёзли кредит ҳисобидан қорамол, заиф эшитувчи бир нафар қизга ҳомийлар кўмагида эшитиш ускунаси олиб берилди. Шунингдек, оилавий шароити оғир бир нафар аёлга даволаниши учун ҳомий бириктирилди.

Тадбир доирасида таом тайёрлаш, китобхонлик бўйича  мусобақалар ўтказилди. Сумалак тайёрланиб, маҳалла аҳлига тарқатилди. Янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона, хуш кайфият улашди.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

Аёл - оила, жамият ва миллат таянчи!

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами кенг нишонланмоқда.

Андижон шаҳридаги "Тоshkent Premium" тантаналар саройида ҳам вилоятимиз хотин-қизларининг байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятимизнинг барча туман  ва шаҳарларидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

 "Аёл - оила, жамият ва миллат таянчидир" деб номланган тадбирда қатнашган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятимиз хотин-қизларини ушбу айём билан муборакбод этиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаат, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш, муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони ушбу тузилма ишини такомиллаштириш, аёлларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, соғлом оилаларни шакллантиришда муҳим омил бўлаётганлигини алоҳида қайд этди.

Турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб жамият ривожига муносиб улуш қўшаётган бир гуруҳ аёллар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Тадбир иштирокчилари тўкин дастурхон атрофида суҳбат қурдилар. Бадиий жамоалар, санъат усталари, таниқли санъаткорлар ижросидаги оналарни улуғловчи, аёлларни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлар барчага байрамона, хуш кайфият улашди. Тадбир машҳур сўз усталарининг чиқишлари ҳамда шўх тарона ва рақсларга уланиб кетди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Юксак мукофот муборак!

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти қарорига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг икки нафар иқтидорли қизлари - Эъзоза Обиджонова ва Дилрабо Аҳмедова ҳам бор.

Ўқишда ва жамоат ишларида фаол Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи мактабгача таълим иккинчи мутахассислик йўналиши ўқувчиси Эъзоза Обиджонованинг адабиёт сирларини пухта эгаллашга, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилиши, бу борада катта ютуқларга эришгани унга омад келтирди. Чунки у ижодга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшлардан бири сифатида кўпчиликнинг эътибор ва эътирофини қозонган.

Андижон давлат университети талабаси Дилрабо Аҳмедова ҳам нафақат ўқишда, жамоат ишларида, балки спортнинг синхрон сузиш тури бўйича жуда кўп ютуқларни қўлган киритган. Умидли ёш спортчи Дилрабо келажакда мамлакатимиз, халқаро спорт майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритади, юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаради.

 

Мукофот соҳибаси бўлган иқтидорли қизларимизни юксак мукофот билан муборакбод этамиз!

ҚАДРИ БАЛАНД ОПА-СИНГИЛЛАР, АЗИЗ ВА МЕҲРИБОН ОНАЛАР!

Сизларни гўзал ва тароватли баҳорнинг илк байрами - 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан қизғин муборакбод этаман. Халқимизда қадим-қадимдан аёлларга юксак эҳтиром кўрсатилади. Ушбу анъана, айниқса, истиқлол йилларида янада кенгайди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда юртимиз, хусусан, вилоятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтож, ногирон опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ишонамизки, бундан буён ҳам ана шундай хайрли ва ибратли ишлар изчил давом эттирилади. Азиз ва лобар опа-сингиллар, қадрли онахонлар! Бугун Андижон аёллари илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Бу ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Азиз аёлларимиз эъзозланадиган қутлуғ байрам билан барчангизга, энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилаймиз. Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлсин, фарзандлар камолини кўриш, аёллик, оналик бахти барчангизга насиб этсин. Байрамингиз муборак бўлсин!

Манзурахон ЮНУСОВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.