+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Фев 2018

Яхшилик инсон ҳаёти ва охиратини обод қилади

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Қадим замонда бир подшоҳ бўлиб, у доим чексизлик ҳақида ўйлар, унинг қандай эканини ҳеч тушуниб ета олмас экан. Бунга жавоб топиш мақсадида бир донишмандни саройга чақиртирибди. Унга ўзини ўйлантираётган савол билан мурожаат қилибди. Донишманд: "Узоқ бир ўлкада баланд бир тоғ бор. Ҳар юз йилда ўша тоғга бир кичкина қушча учиб келиб, тумшуғини шу тоғнинг тошига бир марта чархлаб кетади. Қачон қушча тумшуғини чархлаб ўша тоғни тугатса, ана ўшанда чексизликнинг бир сонияси ўтган бўлади", деб жавоб берибди.

Чексизлик тушунчаси олдида бизнинг умримиз бир ёниб ўчган чироқ каби эканки, бу қисқа умримизни беҳуда, кераксиз нарсаларга сарф этмасдан    хайрли ва эзгу ишлар қилмоқ учун сарфламоқ зарур. Инсоннинг умр сармояси шу қадар қисқаки, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Бу ҳақида "Ҳикматлар хазинаси" асарида Юсуф Товаслийнинг ажойиб ўгити бор: "Эй, ғофил одам сенинг қанча бўш вақтинг бор? Сен инсонсан, сенга ибодат учун вақт зарур, ишлаш учун вақт керак, илм олмоқ учун вақт лозим, истироҳат этмоқ учун вақт даркор!

Буларнинг ҳаммасини адо этмоқ учун вақтинг етарлими? Ўйин, бекорчиликда бесамар вақт ўтказишни истайсан? Сен қаҳвахоналар, чойхоналарда бекор вақт ўтказиш, тентираб юриш учун яратилмагансан! Сенга берилган умрнинг ҳисоби сўралади. Кеча ва кундуз - сенинг умр матоингни кесувчи, қудратнинг омонлик бермайдиган бир қайчисидир. Сен бу илоҳий қайчидан умринг матосини қутқара олмайсан. Бекор сафсаталар, солланиб юришларнинг ҳеч фойдаси йўқ, улар жонга ором бермайдилар. Вақтида эсингни йиғиб ол. Ва вақтингни қийматини яхши бил, фойдали ишлар қил!"

Ҳар бир жонзотнинг бу ҳаётни тарк этмоғи муқаррарки, Аллоҳ ўз каломида: "Ҳар бир нафас эгаси ўлим шарбатини тотгувчидир" деб марҳамат қилган. Шундай экан, киши умри давомида ўзгаларга яхшилик қилмоғи керак. Инсоннинг қадр-қиммати унинг ҳусни, бойлиги ёки мартабасига қараб эмас, балки яхши амалларни кўп ёки кам қилганига қараб белгиланади. Аллоҳ розилиги учун қилинган ҳар бир яхшилик бесамар кетмайди. Доноларимиз "Экканингни ўрасан", деб бекорга айтмаганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб, "Ҳар бир қилинган яхшилик ҳам садақа ҳисобланади" деганлар.

Қадим замонда бир шаҳзода бўлган экан. Унга отасидан катта кутубхона мерос бўлиб қолибди. Шаҳзода китобларда нималар ёзилганини билмоқчи бўлиб, кутубхонага қараб турувчи олимни чақиртирибди. Ундан бу китоблар нима ҳақида эканлигини сўрабди. Олим "Бу китобларда инсоният тарихи битилган" деб жавоб берибди. Шунда шоҳ унга китобларнинг барида ёзилган маълумотларни жамлаб келишини буюрибди. Олим бир неча йиллар меҳнат қилибди ва кутубхонадаги барча китобларни жамлаб, беш юзта китоб ҳолига келтирибди. Шаҳзода бу вақтга келиб, анча улғайиб қолибди. Саройдаги ишларнинг кўплигидан бу   китобларни ўқиб чиқишга фурсати етмаслигини айтиб, уларни яна ҳам ихчам қилиб жамлаб келишини буюрибди. Олим йиллар мобайнида бу китобларнинг маъносини яна ҳам ихчамлаштириб элликта китоб қилиб келибди. Бу пайтга келиб шоҳ анча қариб қолганлиги сабабли ушбу китобларни ўқиб чиқишга имкони йўқлигини билдириб, элликта китобнинг маъносини битта китобга жамлашини яна буюрибди. Олим бу амрни бажарибди. Лекин унда шоҳ ўлим тўшагида ётган экан. Китобни ҳатто очиб қарашга кучи етмабди. Шунда олимга китобнинг мазмунини қисқа қилиб айтиб беришини сўрабди. Олим унга: "Инсон дунёга яхшилик қилиш учун келар ва ажали етганда ўлар экан" деб жавоб берибди.

Инсон дунёга келар экан, фақат яхши амаллар билан яшамоғи зарурдирки, бу амаллар унга охиратда асқотади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурларки, мўъмин кишига вафотидан кейин ҳам савоб етиб турадиган амали солиҳлар бор. Булар тарқатган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, қурган масжиди, йўл, кўприк, қазиган ариғи, тириклигида ва соғломлигида қилган яхшиликларидир.

Нақлдурки, улуғ зотлардан бўлмиш Робия Адавия ҳазрати Ҳасан Басрийга уч нарсани яъни, мум, игна, соч толасини жўнатди. Аҳли ҳикмат бу воқеани бундоқ шарҳ қилдилар: мум каби мулойим бўл, ўзинг ёниб адо бўлсанг ҳам оламни мунаввар айла. Игна каби яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни    кийинтир, халқ сендан манфаатдор бўлсин. Ва Аллоҳ Таолонинг ҳузурига олиб борувчи йўл ҳудди соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан хушёр бўл. 

Кишининг ҳаёти ва охирати обод бўлмоғи бу унинг умри давомида қилган яхшилигига боғлиқдирки, ўзгаларга манфаат етказмасдан туриб, улардан манфаат кутиш, ерга уруғ сепмасдан туриб, дон олишни таъма қилиш каби маъносиздир. Илоҳим барчамизга, яхши ва эзгу ишларни бажаришимизни, умримизни мазмунли ва серфайз ўтказувчи амаллар билан безамоғимизни Аллоҳ насиб этсин.

Саидахон Исмоилова, Марҳамат тумани бош отинойиси.

Прочитано 2086 раз Последнее изменение 16 Апр 2018
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « Шукроналик Дуо ва қалб поклиги »