+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёл - мукаррам зот

Аёл деганда, аввало, кўз олдимизга мунис оналаримиз, аҳлу аёлимиз, опа-сингил, шириндан-шакар қизларимиз келади. Тарихдан маълумки, аёл зоти ҳар доим ҳам бугунги кунимиздагидек ардоқланмаган. қадимда араблар қизларни тириклайин куйдиришдек оғир гуноҳни ўзларига одат қилишган бўлса, қадимги Европада аёлни "шайтоннинг малайи" деб ҳисоблашарди. Ҳиндистонда эса эри ўлган хотинни тириклайин эрига қўшиб куйдиришган.

Аллоҳ таоло томонидан икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дину Исломда мазкур масалага аниқлик киритилган. Аллоҳ аёл зотига юксак мақом берди. Жумладан, қиз туққан, уни боққан, уни қарамоғига олган, тарбия қилиб вояга етказганларга дўзахдан қутулиш, жаннатдан жой олиш мукофотини эълон қилди. Умуман, аёл зотига унга мос ва хос бўлган барча ҳақларни берди. Уни улуғлади ва шарафлади.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): "Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, икковлари уни, албатта, жаннатга киритади", дедилар."

Қайси юртда аёллар хор қилинса, аёлларга паст назар билан қаралса, ўша ерда тинчлик, осойишталик, файзу барака бўлмайди. Аллоҳга беадад шукрки, бизнинг юртимизда аёллар ҳамиша иззат ва икромда. Халқимиз аёлларни, опа-сингилларимизни, қизларимизни бошига кўтаради. Ҳукуматимиз томонидан аёллар учун яратилаётган шароитлар ҳақида ҳар қанча гапирсак, озлик қилади. Опа-сингилларимизга кўрсатилаётган мурувват, маънавий ва моддий кўмакларни санаб адоғига ета олмаймиз.

Аллоҳ барчаларимизга аёлларга нисбатан эъзозу эътиборда бўлишликни, уларга ҳурмат ва шафқат назари билан қарашликни насиб этсин.

 

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жоме масжиди имоми.

 

Хуш келдинг, баҳор!

Дил туҒёни

Борлиқ ўзгача. Диллар қувончга тўлган. Янги фаслга қадам қўйдик. Юртимизга ҳар бир куни байрам бўлган кўкламой кириб келди. Бугун ҳар бир каломимиз сўлим баҳорга бахшида.

Кенг дала, қиру адирларга баҳор поёндоз ёзиб, боғлар яшармоқда. Эндигина бош кўтарган ям-яшил майсалар қуёшга, нурга интилади. Улар кўкламнинг элчилари. Нозик ниҳоллар шабадада оҳиста тебранади. Дарахтларнинг куртаклари қизариб, тўлишмоқда. Улар ясанишга, яшил либосини кийишга ҳозирланмоқда. Ариқлар қирғоқларида яшиллик нишонаси барқ ура бошлаган. Маъсум бинафша, ялпизлар мўлтираб бўйлайди. Бошларини оҳиста тебратиб, Баҳоройнинг гўзаллигини сўйлайди. Борлиқнинг тилсими, кўнгилга бахш этаётган завқи, сурури, қувончу шодлиги ўзгача.

Инсонлар қалбидаги эзгу туйғулар баҳор тафтидан яна жонланади. Ёр-биродарлар йўқланади. Кексалар, қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олинади. Ногиронлар, кўнгли ўксик кишиларга ҳар ким баҳоли қудрат ёрдамлашади. Меҳр деган туйғу ҳеч кимдан дариғ тутилмайди.

Ассалом, баҳор! Юртимизга хуш келдинг, озод ва обод ўлкамни асло тарк этма, баҳор!

 

Мухтасарой СОЛИЖОНОВА,

Андижон давлат педагогика институти талабаси.

Нохуш ҳолатларга бефарқ қарай олмайман

ФИКР

Улуғ аллома Абдулла Авлоний: "Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир" дея таъкидлаганидек, тарбия масаласи, хусусан, фарзанд тарбияси ҳар бир оилада, ҳар қандай жамиятдаги энг долзарб ва нозик  масалалардан бири ҳисобланади.

  Минг афсуски, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этилаётган турли беҳаё видеолар, "оммавий маданият" кўринишлари, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган, халқимиз менталитетига, миллий тарбиямизга мос келмайдиган сериаллар  замонавий тилда айтганда, "тренд"га айланиб, ёшларимизнинг тарбиясига, тафаккурига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу вояга етмаган, балоғат ёшидаги ёшларнинг, қолаверса, бутун жамиятнинг онгини заҳарламоқда. Бундай лавҳаларни кўриб улғаяётган бола тарбияси ноқис бўлиши табийдир. Ҳатто, ана шундай видеоларни намойиш этиш,  тарғиб қилиш орқали пул топаётган, бу ишни ўзига касб қилиб олганлар ва бу ишлари билан фахрланиб юрганларнинг борлиги ўта аянчлидир.

Ахлоқсизлик, одобсизликни тарғиб этувчи видеоларни кўрган ҳар қандай кишида, уларни тарқатаётган кишиларга нисбатан "Бу кимсаларнинг оиласи, фарзандлари, ота-онаси борми?" деган савол туғилиши табиий. Улар бу ишлари билан ёшлар онгини бузаётганлигини, жамиятни таназзулга етаклаётганлигини билишармикан!?

Агар эътибор қаратсак, юртимизда қайд этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг аксарияти айнан низоли оилаларда ўсган ёки ота-онасидан айрилган кишилар томонидан содир этилмоқда. Бугунги кунга келиб, яна бир долзарб масала юзага чиқиб қолди. Айрим ота-оналар фарзандларини яқинларига, қариндошларига ташлаб хорижга ишлаш учун кетмоқда. Кекса бобо ва бувиси, унинг тарбияси билан мунтазам шуғуллана олмайдиган қариндоши қўлида қолган фарзандлар тарбияси ҳам тобора бузилиб бораётганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Назорат қилинмаган, эътиборсиз қолган болалар кўнгли тусаган ишга қўл урмоқда. Уларни назорат қилмоқчи бўлаётган бувилар ва набира ўртасида кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Бунга мисол қилиб     Самарқандда юз берган воқеани  келтиришимиз мумкин. Насиҳатларни хушламаган набира бувисига ваҳшийларча тан жароҳати етказган ва оқибатда буви вафот этган. Афсуски, бундай кўнгилсиз хабарлар кўпайиб бормоқда. Бунинг олдини олиш учун эса ота-оналар фарзандларини қатъий назорат қилишлари керак, деб ўйлайман.

Умр деб аталмиш бебаҳо неъмат, инсонга бир маротаба берилади. Мана шу умр, гўзал ёшлик қамоқда ўтиши жудаям ачинарли. Энг даҳшатлиси илм олиб, касб, ҳунарнинг  бошини тутадиган ёш йигит ўз бувисининг умрига зомин бўлди.

Мана сизга, ота-онанинг мол-дунё, пул топиш илинжида фарзандини ташлаб хорижга кетишининг оқибати. Барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, тўқликка шўхлик қилиб ота-онасининг номига доғ тушираётган фарзандлар волидаю муҳтарамалари, падари бузрукворларини қандай рози қилар эканлар-а?

Бугунги кунни ўйлаб, эртани унутмаслик лозим. Зеро, оилада катталарнинг ўзи тарбияга муҳтожлиги ёшларга салбий таъсир этишини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Халқимизда "Бола азиз, одоби ундан азиз" деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Энг аввало, ота-оналар, қолаверса, улғаяётган боланинг қўни-қўшниси, яқинлари унинг тарбиясига етарли эътибор берса, албатта ҳаммаси яхшиликка бўлади. Мен бу гапларим билан кимгадир насиҳат қилмоқчи ёки кимнидир айблашдан йироқман. Фақат ёш ижодкор сифатида жамиятимиздаги фарзанд тарбияси билан боғлиқ нохуш ҳолатларга бефарқ қарай олмаганимдан ўз фикрларимни баён этдим.

Ота-оналар, тенгдошларим фикрларимга қандай қарар экан?

Розия ТЎЙЧИБОЕВА,

жамоатчи мухбир.

Мулла Мирниёз эшоннинг қабри қаерда?

машҳур аждодларимиз

"Мен бу дунёга исломпарастгина эмас, балки инсонпараст ҳам бўлиб келдим ва ҳаётим давомида шунга содиқ бўлиб қолдим".

Алихонтўра Соғуний.

Улуғ аллома, адиб, таржимон маърифатпарвар шоир, диний ва дунёвий илмлар билимдони, саркарда, 20- асрнинг "Имом Ал Бухорийси" деб танилган Хазрат Алихонтўра Соғуний 1885 йил 21 мартда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ (Болосоғун ҳозирда Қирғизистон Республикасида) шаҳрида таваллуд топган. Бу йил ул улуғ зот таваллудининг 138 йиллиги нишонланади.

Алихонтўра Соғунийнинг оталари Шокирхон тўра асли андижонлик бўлиб, Шокирхўжа эшон номи билан машҳур бўлиб, масжидлардан бирида  имом бўлганлар.

Алихонтўра Соғуний аввал Бухоро шаҳридаги "Мир Араб" мадрасасида, кейинчалик Мадинаи мунавварадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олган. Алихонтўра ҳазратлари тарихий меъморлик обидалари ва қадимги қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Улуғ бобомиз илму ҳикматнинг бир-икки соҳасида эмас, балки қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган. Ҳазрат Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи Президенти ва маршали бўлган, 12 тилни мукаммал билган.

Улуғ бобомиздан улкан илмий-ижодий мерос қолган. Унинг "Тарихи Муҳаммадий", "Туркистон қайғуси", "Девони Соғуний" (шеърий тўплам); "Шифоул илал" ("Хасталиклар давоси") сингари асарлари маълум ва машҳурдир.  Бундан   ташқари, у киши Аҳмад Донишнинг "Наводирул вақоиъ", Дарвеш Али Чангийнинг "Мусиқа рисоласи", Херман Вамберининг "Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи" ва "Темур тузуклари" каби асарларни таржима қилган. Олимнинг сийрат бобида "Тарихи Муҳаммадий" асари 1959 йилда ёзиб тугалланган.

Бобомизнинг ўғиллари Қутлуғхон Шокиров томонидан "Бахтлик надур" деб номланган ("Мунир"  нашриёти, Тошкент, 2021 йил) шеърлар тўплами нашрга тайёрланиб, китоб ҳолида чоп этилганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Ушбу китоб халқимиз, айниқса, Янги Ўзбекистон ёшлари учун муносиб совға бўлди. Китоб бобомизнинг ижодкор,  шоир сифатидаги истеъдодини яна бир бор кўрсатди.

Улуғ бобомиз ўзининг ота-боболари тўғрисида "Тарихи Муҳаммадий" асарининг иккинчи китобида (Тошкент, 1991 йил) кенг маълумотлар беради.

Ҳар бир инсон ўзининг келиб чиқиши ва авлодлари ҳақида билиши муҳимдир. Шу маънода бобомиз Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг аждодлари тўғрисида аниқланган айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.

Онам Исторахон пошша (Аллоҳ раҳматига олсин) Алихонтўра Соғуний авлодидан бўлиб, ўзининг авлод-аждодлари, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳикоялар,  турли маълумотларни айтиб берарди.

Ёшлигимизда онам Исторахон пошша Хазрат Алихонтўра Соғунийнинг энг катта боболари мулла Мирниёз ҳақида гапириб берган эди. Онамнинг айтишича мулла Мирниёз Наманганнинг Чуст шаҳрида яшаган, машҳур диний уламо бўлган экан. Юртимизнинг турли ҳудудларида, жумладан, Фарғона, Қўқон, Андижон шаҳарларида, Шаҳрихонда ҳам у кишининг мурид ва шогирдлари бўлган.

Дадамиз Сайид мулло Меҳмонхожа эшон бир куни уйимизга кириб келиб: - Аяжониси, бугун биз 5 киши Наманган вилояти Чуст шаҳрига бордик. У ерда шаҳар   кенгайиши муносабати билан қабристон бузиладиган бўлибди. Хуллас, мулла Мирниёз  бобомизнинг қабри ҳам бузилаётган экан. У кишининг   қабрларини бутунлай кўчиришни иложи бўлмади, қабрдаги суякларини олиб келиб, Тўрамгузар (Шаҳрихондаги маҳалла қабристони) даги Ҳидоятиллохон тўранинг дахмаси ёнига қўйдик - дедилар.

Ўша даврда ёш эдим, отамнинг гапларига эътибор бермаганман. Улғайиб, тарихимиз, авлод-аждодларимиз ҳақида кўп маълумотлар тўпладим. Бундан бир неча ўн йиллар аввал бу ҳақда кексалардан сўраганимда Тўрамгузарда яшаб, маҳалла қабристонига дафн этилган Ҳидоятуллохон тўра Қашқардаги Оппоқхожа авлодидан эканлигини айтган эдилар. Бунга аниқлик киритиш мақсадида Тўрамгузарга бордим. У ерда Ҳидоятуллохон тўра авлодидан бўлган Орифхон тўра ака бор экан. У киши билан учрашиб   мақсад-муддаоимни айтдим. Ўша куни Орифхон тўра акамиз уйларида маросим ўтказаётган эди. Мени ҳам таклиф қилиб, маросимга Асакадан 93 ёшли бир қариндоши келишини, у аёл кўп маълумотлар билишини айтди. 

Кейинроқ мен Орифхон тўра билан Асакага бориб, ўша аёл билан суҳбатлашдим. Онахон 93 ёшга кирса ҳам анча бақувват, тетик эканлар. Мен онахонга бобомиз ҳазрат Алихонтўра Соғуний тўғрисида гапирдим. Онахон ҳазрат Алихонтўра Соғуний бобомиз авлодлари - Маҳдуми Аъзам Косонийга боғланади, дедилар. Мен онахон билан бўлган суҳбатда Ҳидоятуллохон тўра ва мулла Мирниёз Маҳдуми Аъзам Косоний авлодларидан, Ўзганда яшаб ўтган шайх Бурҳониддин қилич сулоласидан эканликларини билиб олдим.

Ҳазрат Алихонтўра Соғунийнинг катта боболари мулла Мирниёз тўра тўғрисида ўзим аниқлаган маълумотларни баён этдим. Улуғ бобомизнинг нафақат ижоди, балки у кишининг авлод-аждодлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишлар, тадқиқотлар бундан кейин ҳам шубҳасиз, давом этади. Чунки тарихимизни, авлод-аждодларимизни қанчалик яхши билсак, шу қадар ўзлигимизни чуқур англаймиз. Бой тарихимизга, улуғ алломаларга бўлган ҳурматимиз янада ортади, улардан руҳий мадад оламиз, улар амалга оширган хайрли ва эзгу ишлар қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Хазрат Алихонтўра Соғуний бобомизнинг ҳаётлари жуда сермазмун ва машаққатли ўтган. Туркистон озодлиги учун курашиб, халқни ёруғ кунларга бошлаган улуғ бобомизнинг илмий мероси, асарлари, ибратли ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлодга албатта, сабоқ бўлади. Сўзимни улуғ бобомизнинг қуйидаги мисралари билан якунлайман:

Эшит мендан ватан ўғли насиҳат,

Қабул қилсанг келур бошинга давлат.

Ватан асли сенингдир Ўзбекистон,

Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.

 

Ватанни севмаганлар биздин эрмас,

Буни ким билмас имонга кирмас.

Исахон тўра МЕҲМОНОВ,

Шаҳрихон тумани.

Шеърият гулшани

КЎКЛАМ

 

Ўсиб қолди куннинг бўйлари,

У тун билан тенглашиб қолди.

Гуллар тутиб, туҳфалар бериб,

Офтоб билан ярашиб олди.

 

Бинафшаранг кўйлагин кийиб,

Бошга кўркам дуррани ўрар.

Гул косага сумалак қуйиб,

У бодомнинг аҳволин сўрар.

 

Елка қисиб турган  дарахтнинг

Қорин қоқди  шамолга айтиб.

Яна мудраб ётганин кўрса,

Адабини беради қайтиб.

 

Улгуриши керак, шу мартда

Дугонаси - чечакнинг тўйи.

Янги кундан умиди катта,

Анча ўсиб қолди-ку бўйи...

Мунаввара УСМОНОВА

 

Илинжларим

 

Сабр, сабр дедим сабримни едим,

Бармоқлар сабр деб ўртади дилни.

Сендан кечиш гали келганди, аммо,

Юрагим кўнглингга недур илинди.

 

Изладим - нигоҳлар танишин топмай,

Кўксимда қавариб кетди илинжлар.

Наҳот юрагимда унган аламдан,

Кўзингда гулламай турар соғинчлар?

 

Биз томон юзингни бурасан қачон,

Дил изҳор айтишга қандай улгурай?

Кўнглим меҳробига назаринг ташла,

Йўқса мен қиблангга юзимни бурай!

 

Қайғу этагини қучоқлаб маҳкам,

Соғинчлар, шодликлар сендан айирса.

Ҳижрон қори босиб муҳаббатимни,

Наҳот илинжларим мен-ла қариса?

Гулирухсор МАМАТҚУЛОВА

 

МуҚаддасим, ўзбек аёли!

 

Баҳор келса майсадан олдин,

Уйғонади бу ажиб ҳилқат.

Ҳали мудроқ сезмаган кўзлар,

Меҳрдан нур олади фақат.

 

Ул ожиза, улким ҳуш сабо,

Майинлиги кўчган лолага.

Унда бордур энг кучли вафо,

Ғурури тенг баланд қояга.

 

Метин бардош мукаммал идрок,

Қалб йиғласа кулади кўзлар.

Қалам титрар сўкилиб, чок-чок,

Таърифига ожиздир сўзлар.

 

Эҳ, юртдошим, эсланг-а бир бор,

Онангизнинг содда кўзини.

Юзида кўргансиз неча бор,

Шафқатсиз йилларнинг изини.

 

Сигир соғар, хаёл паришон,

Пардозга ҳам улгурмагандир.

Лекин ҳовли, уйлар саранжом,

Райҳон иси келар қайдандир.

 

Эҳ, оналар машаққатини,

Юзидаги чизиқлар айтар.

Нолимайди, ҳар бир тонгини,

Шод, ишончу умидла кутар.

 

Сизга фақат қуллуқлар бугун,

Гулдай гўзал ширин хаёли.

Номин айтсам дунёлар сокин,

Муқаддасим, ўзбек аёли!

 

Муаззам ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Избоскан туманидаги  38-ДМТТ услубчиси.

 

Аёл мадҳи

Баҳорга қадалган нафис бойчечак,

Босган изларингга этади таъзим.

Сен -ширин қизалоқ, гўзал келинчак,

Сен Она, сен Буви, Момо Азизим!

 

Кунда кипригингда тонглар отади

Сочингни силамай ўтолмас шамол.

Тунда этагингда Ойлар ётади,

Сен ўша Дунёни маҳв этган аёл.

 

Сайроқи қушчалар рақс этади,

Сени куйдиргувчи кулишларингга.

Не метин юраклар оқиб кетади, 

Шул Сарви - қоматинг юришларингга.

 

Мажнун ҳам, Тоҳир ҳам бўлмасди асло,

Сен Лайли бўлмасанг,Зуҳро бўлмасанг.

Эрлар, Алпомишлар улғаярмиди?

Агар бешигини сен тебратмасанг.

 

Рўзғорнинг ғорида турмуш муштлари,

Қирчиллатиб қўяр қирқта жонингни.

Халолингни қучиб бирга қўшлашиб,

Болангга берасан хону- монингни

 

Чимматга ўралган орсан, иффатсан,

Не дардлар чап берди бардошларингга.

Фақат сен йиғлама агар йиғласанг,

Дунё ғарқ бўлади  кўз ёшларингга!

 

Муштарий АКБАРОВА,

Хонобод шаҳри.

КЎНГИЛ БАЙРАМИ

Қатра

Аёллар байрами - 8 Март. Ҳаётдаги энг улуғ, қутлуғ ва хайрли байрамдир. "Аёл борки, олам мунаввар", дейишади. Аслида, ҳаёт аёллардан бошланади. Ҳаётнинг кўрки, ҳусну жамоли ҳам аёллар.

Эрта тонгдан ҳам эртароқ туриш уларга одат. Оила юмушларию, ташвишларини елкаларига олишган улар. Яқинлари кўнгилларида, фарзандлари кулгуларида яшашади. Бахтни улар шунда, деб билишади.

Келинчак фасл -баҳор ҳам аёлларга бош эгади. Оламни кўкликка, ранг-баранг гулларга буркайди. Аёллар қалбидан жой олишни истайди. Ўрик, олма, бодом гуллайди. Жамолларини кўз-кўз қилиб, аёллар билан ҳусн талашади. Ялпизу майсалар, бойчечагу    лолақизғалдоқлар ҳам майин эсган шаббодада тебраниб-тебраниб аёлларга таъзим қилишади, гўё. Сўзсиз, имосиз салом беришади.

Аёллар табиатан нозли-нозик, кўнгиллари ундан-да нозик. Қарашлари мулойим, сўзлари жарангдор, кулгилари қўнғироқ. Гулгун чеҳраларига "қалдирғочқанот" қора қошлари ярашиб туради. Сарвқоматларию, узун сумбул сочларига маҳлиё бўласиз. Бир боқишда хаёлингизни олади, қалбингизни ўғирлайди. Сезмай қоласиз. Ана шундай кўринмас кучга, қудратга эга аёллар.

Ажойиб, ғаройиб кун - 8 Март. Ёрқин тонг янада ёрқинроқ, гўзаллик - мафтункорроқ, яшаш янада завқлироқ кўринади, шу куни. Тоғ-тоғ совғалар аёллар кўнглини ололмайди, хушнуд этолмайди. Бир оғиз ширин сўз, оддий бир тилак, самимий кулгу-табассум кифоя уларга. Оилаларимиз тинчлиги, қувончи энг бебаҳо совға, энг бебаҳо бойлик, аёлларга.

Аёллар байрами - кўнгилбайрамидир.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

Марҳамат тумани.

ДУНЁ МЎЪЖИЗАСИ АЁЛ...

Ташбеҳ

Қишлоғимизда бир фермер аёл бор. Юришлари шахдам, ғийбатдан нари, меҳнатидан эъзоз топган. У аёл кириб борган давралар дарров тўлқинланиб кетади, унинг ширин суҳбатидан келину қизлар, кексалар бирдек баҳраманд бўлади, у аёл билан суҳбатлашишга интилади.

Умр экан, ўғли ҳаётдан эрта кетди. Бироқ унинг матонатини, бағрикенглигини билган билди. Қалби йиғласа-да, одамлар билан кулиб гаплашади, ҳол сўрайди.

Янги келин туширган    пайтлари, кейинчаликда келиннинг қайсарлигию эркаликлари ғашини келтирмади, ширин гапириб йўлга солди. Энди ҳам келинини қизим дейди, 

  Элни олди бўлган қайнонага баъзида

- Ёлғиз ўғлингизни бошқага уйлантирсангиз арзирди, дегувчилар бўлди,

- Тавба , тавба денг, гапингизни шамол олсин, - дея уларнинг гапига парво қилмасди.

Бугун меҳнатидан барака топиб, фарзандларига бахт, топганига барака тилаб дуо қилаётган, Яратганнинг берган неъматларига шукрона келтириб яшаётган оналаримиз омон бўлсин. 

Қизларнинг энг гўзал ва эзгу мақсадларида бувилари, онажонлари омон яшайверсин, уларнинг бахту иқболлари кулаверсин.

Дунё мўъжизаси саналмиш аёлларимизга, бувижонларимизга байрам шодиёнаси  муборак бўлсин.  Йилнинг энг гўзал ва мазмунли тонгларида уларнинг қалби фарзандлар иқболидан, эътибордан, шукроналикдан ҳурсанд бўлсин.

 Уларнинг қувончидан, ширин кулгуларида олам мунаввар бўлсин.

Ҳамрахон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ тумани.

БИТТАДИР ДУНЁДА ОНА ДЕГАН НОМ

Эҳтиром

Аёл - буюк зот, Яратганнинг мўъжизасидир. Унда ибо-ҳаё, гўзаллик, фидойилик, матонат ва жасорат мужассам. Ҳаётдаги барча гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли юзага келганлиги рост.

Аёлларнинг ибо-ҳаёси, назокати эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келади. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Очиғини айтганда, аёлсиз ҳаётнинг тонги ҳам, оқшоми ҳам заиф, кундузи эса ғамгин бўлиши ҳақиқат.

"Аёлни улуғламоқ оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ, демакдир!" Халқимиз, ҳар бир юртдошимиз қалбида жо бўлган ушбу сўзлар қизларга, аёлларга, оналарга юксак эҳтиром эътирофи, ифодасидир.

Дарҳақиқат, аёл дунё бешигини тебратган, олам ва одам деган буюк тушунчаларни ўзида мужассамлаштирган сеҳрли бир қудрат. Аёл жамики инсон учун волида. У алла, вафо, муҳаббат, садоқат, жасорат, бардош тимсолидир.

Аёлнинг умри, босиб ўтганҳаёт йўли ибратдир. Халқимизнинг ўлмас тарихига айланган Барчиной, Тўмарис, Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий, Зулфия сингари аллома аёлларимиз ўзларининг жасорати, садоқати, ибратли ҳаёт йўллари билан бизларга ибрат намунасидир.

Айни пайтда ҳамжамиятимизда ана шу улуғ, буюк оналаримизнинг издошлари эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётганликлари дилларни хушнуд этади. Ҳар жабҳада аёлнинг - хотин-қизларнинг ўрни сезилиб турибди, юртимиздаги файз-барака, юксалишда уларнинг ҳиссалари катта. Оилада тутган ўринлари эса беқиёс. Дунёда муқаддас деган номга энг муносиб зот ҳам аёлдир.

Мунис аёлларимизнинг байрами баҳорнинг илк кунларида, табиатнинг уйғониши билан ҳамоҳангликда бўлишида ҳам ўзгача маъно бор, албатта. Атрофга боқинг-а! Ўлкамизга яна баҳор келди. Қувончу шодликларни, байрамларни етаклаб, яна баҳор келди, дилларга сурур бахш этиб.

Дилбар аёлларимизнинг кулгудан ёришган юзларини баҳор кўркига менгзайсиз. Лабларидаги табассум баҳорий елларга, насимга ташбеҳ. Шўх-шодонликлари эса тошқин сой ва дарёларга қиёс. Уларнинг ўзи бир баҳор. Демоқчиманки, баҳор деганда аёлни кўрамиз. Аёл деганда баҳорни ҳис қиламиз. Бу икки тимсол бир-бирини тўлдириб туради.

Гўзаллигу нафосатга, латофату садоқатга аёл қалби макондир. Инсон учун энг азиз бўлган Ватанни мўътабар зот - Онага қиёс этганлар. Мўътабар, муқаддас сўзига Она деган зотни қўшиб айтсангиз, у янада мағрур жаранглайди...

Шоир ҳақ:

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Барча опа-сингилларимизни хотин-қизлар байрами билансамимий муборакбод этаман. Маъсума чеҳраларидаги гўзаллик, бахт барча яқинларига, бутун юртимизга нур таратсин.

 

Бибимухлиса ҒУЛОМОВА,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.

Бойчечагим

Дил туҒёни

Уканг юришни ўрганса бойчечак тергани олиб чиқасан, дерди катта энам.

Вақт - оқар дарё. Шу кунларда укамнинг ўғли иккита олдинга, битта ёнга қадамлаб қолди.

Эҳ, энажонима!  Бу баҳор элчиларини жуда яхши кўрар эдингиз. Кўклам яқин, бугун сизда улардан жуда кўп.

Шундай бўлса ҳам шу кунларда укам билан даста-даста бойчечак териб ёнингизга ўтгим келаяпти.

Бахмалнинг бозорини ҳам, мозорини ҳам шу чечаклар қоплади.

Икром АВВАЛБОЕВ

 

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁFИ ОСТИДАДИР

Эҳтиром

Она, бу сўз қанчалар қудратли. Она дейишимиз билан пок кўнгилли, тоза қалбли,  меҳр улашувчи мўътабар сиймо кўз олдимизда гавдаланади. Улар бизни болалигимиздан оқ ювиб, оқ тарайдилар. Бошимизни силаб, тарбия беради. Она улуғ зот. Буюк Яратгувчининг ўзи уни улуғлаб пойига жаннатни тўшади.

Ҳазрат Навоий:

Оналар оёғи остидадур

Равзам жаннат жанон боғи

Равзам жаннат висолин истар эсанг

Бўл оналар оёғи туфроғи.

Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда ҳам "Жаннат оналар оёғи остидадир". Бу онанинг ҳурмати нақадар улуғлигидан далолатдир.

Аёллар оила ва жамиятнинг таянчидир. Уларсиз на ҳаёт, на муҳаббат, на келажак мавжуд.

Машаққатларга сабр қила олиш, фарзандига муносабат борасидаги чексиз меҳр ва илтифот кўрсатишдек мукаррам туйғуларни фақатгина меҳрибон оналаримиздан топамиз.

Жалолиддин Румий ҳазратларининг қуйидаги ўгитлари жуда ўринлидир. "Она ҳақига диққатли бўл, уни бошингга кўтар. Зеро, улар оилаларимиз барқарорлиги осойишталиги, авлодлар давомийлигининг олтин занжиридир".

Бугун аёл -шифокор, ўқитувчи, қўли гул чевар, фермер, ижодкор, олима ва моҳир раҳбардир. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ҳар бири Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган фидойи инсонлардир. Аёлига юксак эҳтиром кўрсатаётган юртимизнинг келажаги буюкдир.

Муҳайёхон Убайдуллаева,

Бобур номидаги ахборот кутубхона маркази сектор мудири.