+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИССИҚХОНА ДАРОМАДИДАН БОЙ БЎЛАЁТГАНЛАР

Томорқа - даромад манбаи

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки деҳқон хўжаликлари, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юртдошларимиз даромадини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда, айниқса, аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш борасида Олтинкўл туманида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда тумандаги 37 мингдан зиёд хонадонда 13,5 мингта иссиқхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 89 гектарни ташкил этади.

 Олтинкўлликлар томорқадан унумли фойдаланиш, халқимиз дастурхонини иссиқхонада пишиб етиладиган турли ноз-неъматлар билан тўлдириш, турли кўчатлар етиштириш орқали катта даромад олиб келади. Тумандаги миришкор  деҳқонлар томонидан иссиқхоначилик бўйича ўзига хос тажриба мактаби шаклланган.

Айниқса, Кўмакай, Айшахоним, Чўнтак, Гулбоғ-Иттифоқ, Уйғур, Қўштепа, Хондибоғи, Ўрта, Топтиқ сингари маҳаллаларда иссиқхоналар ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган.

Чўнтак маҳалласи Олтинкўлнинг энг обод маҳаллаларидан бири саналади. Маҳалладаги 650 га яқин аҳоли хонадонининг 400 дан ортиғи томорқасида 4 гектардан зиёд майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида тадбиркорлар томонидан бир неча гектар майдонда йирик иссиқхоналар ҳам бунёд этилган бўлиб, мазкур иссиқхоналарда кўплаб кишилар доимий ва мавсумий ишлар билан банд.

Иссиқхоналарнинг аксариятида қишнинг охири ва эрта баҳорда бодринг, помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон ва гул кўчатлари етиштирилиб сотилади. Кўчатлардан бўшаган майдонларга маҳсулот етиштириш учун яна кўчатлар экилиб, парваришланади. Икки ой ичида ана шу экилган кўчатлардан ҳосил олинади. Шу тариқа миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, карам, зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.  

- Айни кунда маҳалламиздаги ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олади, - дейди "Чўнтак" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Санобархон Ҳамидова. - Аҳоли томорқасидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаётган бўлса, помидор, болгар қалампири, қалампир, бақлажон, бодринг, карам кўчатлари вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига, фермер хўжаликларига экиш учун етказиб берилмоқда.

Маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.

- Хонадонимизнинг 4,5 сотих майдонида иккита иссиқхона мавжуд, - дейди Чўнтак маҳалласи М. Каримов кўчасида яшовчи Ўғилой Эргашева. - Иссиқхоналарга карам экиб, парваришлаяпмиз. Насиб этса, яқин кунлар ичида карам етилади. Янги, сархил ва сервитамин карамни халқимиз дастурхонига етказиб берамиз. 

Шукр, шу ишимиз, меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик. Меҳнатимизга яраша даромад топяпмиз.

Мазкур маҳаллада яшовчи Шуҳратой Мадазимова хонадонида ҳам 2,5 сотихдан иккита иссиқхона қурилган. Бирида 35-40 минг туп помидор кўчатлари етиштирилмоқда, иккинчисига эса помидор кўчати экилган.

-      Кўчат етиштириш майда, нозик ва машаққатли иш, - дейди  Ш. Мадазимова. - Айниқса, қишда иссиқхонадаги ҳароратни бир хилда ушлаб туриш, ҳар бир кўчатини алоҳида салафан пакетларга кўчириб ўтказиш осон эмас. Бу каби ишлар кишидан анча меҳнатни талаб этади.

Иссиқхонадаги кўчатларни келиним Гулҳаёхон билан доимий назорат қилиб, парваришлаймиз. Етилаётган помидор кўчатини сотиб, ўрнига бодринг экамиз. Шу тариқа иссиқхонадан йилига камида уч марта ҳосил оламиз.  

Умуман, Чўнтак маҳалласида яшовчи  ўз ишининг устаси бўлган юзлаб миришкор деҳқонларнинг ҳар бирини алоҳида эътироф этиш мумкин.

-      Маҳалламиз аҳолиси жуда кўп йиллардан буён кўчат, зиравор кўкатлар етиштириш билан шуғулланиб келади, - дейди меҳнат фахрийси Ғанижон ака Йўлдошев. - Андижон шаҳрига яқин ҳудудда яшаганлигимиз боис, шаҳар бозорларини йил давомида бодринг, помидор, карам ва кўкатлар билан таъминлаб келамиз. Бундан ташқари, маҳалламиз тадбиркорлари аҳолидан ушбу маҳсулотларни сотиб олиб, Қозоғизтон, Россия давлатларига экспорт қилади.

Давлатимизга, Президентимизга раҳмат. Бугун деҳқон, тадбиркор учун, уларнинг самарали иш олиб боришлари учун  зарур барча шароитлар яратиб берилган. Ҳаракат, меҳнат қилган одам меҳнатига яраша даромад топиб, турмушини чиройли қилмоқда, эл дастурхони тўкин, бозорлар арзон бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Бир сўз билан айтганда, нафақат Чўнтак маҳалласида, балки Олтинкўл туманининг кўплаб маҳаллаларида  томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш орқали бой бўлаётган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.  

Миллий либос - миллат кўрки

Марҳамат туманида "Кийиниш маданияти - маънавият кўзгуси" мавзусида миллий қадрият ва урф-одатлар тарғиботига бағишланган тадбири бўлиб ўтди.

Наврўз байрамига бағишланиб  туман марказидаги "Оналар ва болалар" боғида нуроний онахонлар, маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, отинойилар, ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда халқимизнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналари кенг тарғиб этилди.

Тадбирда тумандаги касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган қизлар томонидан миллий ва замонавий либослар кўргазмаси намойиш этилди.

-      Атлас, адрас, беқасам каби миллий матолардан тикилган замонавий либослар миллатимиз кўрки, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Ҳафизахон Мамаризаева. - Қолаверса, миллий либосларимиз халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг миллий қадрият ва анъаналарга бўлган ҳурматини янада оширади.

Маҳаллаларидан ташриф буюрган қўли гул, пазанда уй бекалари, келинлари томонидан тайёрланган сумалак, ўзига хос миллий ва баҳорий таомлар, ранг-баранг салатлардан барча баҳраманд бўлди.

Онахонлар томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарлар, ижодкор қизлар ижросидаги миллий қадрият ва урф-одатларимиз акс эттирган саҳна кўринишлари иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. 

Розия ТЎЙЧИБОЕВА, жамоатчи мухбир.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

Спортда ўзбек қизлари ҳеч кимдан кам эмас, - дейди белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова.

Спортимиз юлдузлари

Мамлакатимизда спортга, айниқса, хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу боис ҳам, қизлар орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи ортиб бормоқда.

Андижон давлат университети жисмоний маданият факультети 4- босқич талабаси,  халқаро тоифадаги спорт устаси Мафтунахон Маҳмудова ҳам ана шундай ёшлардан бири.

Мафтуна 2001 йилда Андижон вилояти, Олтинкўл туманида таваллуд топган. Оиладаги уч фарзанднинг тўнғичи. У болалигиданоқ спортга ўзгача меҳр қўйган. Чунки ота-онаси ҳам ўз вақтида спорт билан шуғулланишган. Дадаси Рустам Темиров ҳаваскор курашчи сифатида кўплаб мусобақаларда қатнашган. Онаси Лайлохон эса дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Қизларидаги спортга қизиқиш, ўзгача иштиёқни кўрган ота-онаси тўққиз ёшга тўлган Мафтунани олимпия захиралар мактаб-интернатига олиб келишган. Бу ерда у спортнинг белбоғли кураш тури билан шуғуллана бошлаган.

 Биринчи мураббийи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамолиддин Бозоров ёш Мафтунага белбоғли курашнинг сир-асрорларини пухта ўргатди. Мунтазам машғулотларда қатнашди, ўз устида тинимсиз ишлади. Бу ўз самарасини берди. У турли мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

-      Меҳнатсеварлиги,     тиришқоқлиги, ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги туфайли Мафтуна юксак чўққиларни забт этиб, оддий қишлоқ қизи нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди, - дейди Жамолиддин Бозоров. - 2015 йилда ўқувчи қизлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ўз ёши ва вазни тоифасида ғолиб чиқиб, 14 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шундан кейин унинг ютуқлари йилдан-йилга ортиб борди. У ҳар йили мамлакат чемпионатларида ғалабани ўзида сақлаб келди. Турли ёшдаги курашчилар ўртасида 16 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Мафтуна 2018 йилнинг декабрь ойида Россия  Федерациясида ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида Қозоғистон, Молдавия ҳамда  россиялик рақибаларидан устун келиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарди.

Мафтунанинг халқаро майдонлардаги ютуқлари ҳам салмоқлидир. У спортдаги  фаолияти давомида  Қирғизистон, Қозоғистон ва юртимизда бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионатларида ғолиб бўлиб, уч карра Марказий Осиё чемпионлигини эгаллади.

2019 йилда Қирғизистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза, 2021 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилиги мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Ўтган йили Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам ўз вазн тоифасида унга тенг келадиган рақиб топилмади. Финалда беларуслик рақибасини мағлуб этиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади.

Айни кунда Мафтуна университетда таҳсил олиш билан бирга, Олтинкўл тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий сифатида ҳам иш олиб бормоқда. Иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган бўлса-да, икки нафар шогирди белбоғли кураш бўйича вилоят чемпиони бўлишга эришди.

Белбоғли кураш бўйича юксак натижаларни забт этиб келаётган  спортчи қизнинг орзулари бир олам.

-      Бугун юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, - дейди жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова. - Бунинг учун юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Бундан буён ҳам юртбошимиз эътибори, ишончига муносиб бўлишга, халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Энг асосийси, ўзбек қизлари спортда ҳеч кимдан кам эмасликларини  дунёга кўрсатаман.

Фаол ва ташаббускор, мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам спортчи қиз келгусида албатта, ўз мақсадларига эришади, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшади.

Сожида САИДОВА

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

МЕНИ БАХТЛИ ЭТГАН ШУ ВАТАН!

Тупроқлари тиллога тенгим,

Кенг дунёда ягонам дедим,

Сарҳад билмас меҳрингни сездим,

Бағри бутун, бағри кенг маскан-

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Илк сўзимга доя остона,

Бошим силаб бўлган парвона,

Бутун халққа меҳрибон она,

Болалигим ўтган бу маскан-

Хотиралар маёғи - Ватан!

 

Тўтиёдир зарра тупроғинг,

Олис кетсам, озор фироғинг,

Тинчлигингга бўлай фидойинг,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Қучоғингда яйрайман чунон,

Эрким осмон, тозадир имон,

Эрка қизинг бўлай ҳар замон,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Мени бахтли этган шу Ватан!

Ҳулкарой АБДУРАҲМОНОВА

МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Жараён

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш  институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга

 Маҳалла ўз фаолиятида одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини ифодалайди. Барча ишлар ана шу муқаддас маскандан бошланади. Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган.

Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарган. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-ахлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва  бошқарув маскани ҳисобланади.  

Кейинги йилларда юртимизда маҳалла фаолиятининг ана шу ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтириш орқали маҳаллани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, нуфузи ва ваколатларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни деб белгиланган.

Андижон вилоятида айни пайтда 909 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб бормоқда. Маҳалла тизими ходимлари куни вилоятимизнинг барча маҳаллаларида юқори кўтаринкилик билан нишонланди.

Восит АҲМАТХОНОВ

"Театр ҳафталиги"

тадбир

Вилоят Ёшлар театрида "Очиқ эшиклар куни" тадбири бўлиб ўтди.

Юртимизда Наврўз байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда 27 март - Халқаро театр куни олдидан "Театр ҳафталиги" тадбирлари бошланди.

Театр ихлосмандлари, маҳаллалар вакиллари, корхона, ташкилотлар ишчи ва ходимлари иштирокида "Театр ҳафталиги" очилишига бағишлаб ташкил этилган тадбирда ҳафталик доирасида олиб бориладиган ишлар, Ёшлар театри жамоасининг жорий йилдаги ижодий режалари ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбирдан сўнг Ёшлар театри жамоасининг Ҳ.Ҳ.Ниёзий асари асосида режиссёр Ғ.Мирзамаҳмудов томонидан саҳналаштирилган "Майсаранинг  иши ёхуд бурунги қозилар" номли спектакли намойиш этилди. Театрнинг маҳоратли артистлари ижросидаги спектакль театр ихлосмандларига манзур бўлди.

Вилоятимиздаги театр жамоалари томонидан ҳафталик давомида бепул театр томошалари қўйилиши белгиланган.

 

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ

Fолиблар муносиб рағбатлантирилди

Спорт

Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари  федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида "Соғлом танда - сифатли таълим" шиори остида ўқитувчилар ўртасида Касаба уюшмаси кубоги учун спорт мусобақаларининг шаҳар босқичи ўтказилди.

Педагог ходимлар саломатлигини яхшилаш, уларни оммавий спорт турларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Андижон шаҳридаги 2- болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 13- умумтаълим мактабида спортнинг мини футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда шаҳардаги таълим муассасаларининг жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, ғолиблар хамкор ташкилотларнинг дипломи, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар бўлинмаси кенгашининг эсдалик  совғалари билан такдирландилар.

 

Насибахон ТЎРАҚУЛОВА,

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси.

"ТАНИШУВ"

 «Оила»

Қадрли юртдошлар, азиз муштарийлар!

Агар Сиз тақдир тақозоси билан турмушдан ажраган ёки ёшингиз ўтиб қолган бўлса-да, оила қурмаган бўлсангиз ёхуд  турмуш ўртоғиингиз оламдан ўтган бўлса ва Сиз оила қуриш орзусида бўлсангиз, Таҳририятимизнинг "Оила" лойиҳаси доирасида чоп этилаётган эълонлар билан танишиб боринг. 

"Оила" рукни остида бериб борилаётган эълонларда қайд этилган эркак, аёл ҳақидаги маълумотлар Сизни қизиқтириб қолса, албатта қўнғироқ қилинг. Эҳтимол, шу орқали бахтингизни топарсиз, бахти бекам оила қурарсиз.  Биз бу борада Сизга кўмаклашамиз.

ЭРКАКЛАР:

№ 9. Ёши 43 да. Андижон туманида яшайди. Давлат идорасида хизматчи. Бўйи 170 см., вазни 80 кг.

Аёли вафот этган. Кўриниши истарали. Характери: талабчан, фарзандлар тарбиясида қаттиққўл, оилада ўз ўрнига эга. 1 ўғил, 1 қизи бор. Барчаси уйли-жойли. Кўп қаватли уйларда (3 хонали) ўғли ва келини билан яшайди. 

Ёши 35 гача бўлган ҳамшира, озода, дилкаш аёл билан оила қурмоқчи. Фарзандлари бўлса ҳам бўлаверади.

№ 10. Ёши 25 да. Хўжаобод туманида яшайди. Ўзининг шахсий енгил автомашинаси бор, ҳайдовчи. Бўйи 185 см., вазни 90 кг. Ота-онаси билан яшайди, уйланмаган. Кўриниши: чиройли ва келишган.

Характери: очиқкўнгил, оиласи таъминоти учун ҳаракат қиладиган, меҳнаткаш йигит.   

Ёши 20 гача бўлган, оиласига садоқатли, тарбияли (давлат ишида ишласа ҳам бўлади), тўғрисўз қиз билан оила қурмоқчи (Имкон қадар Андижон шаҳри ёки Хўжаободдан бўлсин).

АЁЛЛАР:

№ 11. Ёши 25 да. Бўйи 160 см., вазни 55 кг. Бўз туманида яшайди. Давлат муассасасида ҳамшира. Жиддий сабаб билан ажрашган. 1 нафар қиз фарзанди (5 ёш, ота-онасида қолади) бор. Ота-онаси билан яшайди  Характери: оиласига вафодор, сахий, оқибатли, пазанда. Кўриниши: ўртача.

Ёши 45 гача бўлган, уй-жойи бўлган, халол меҳнат билан рўзғор тебратадиган эркак билан турмуш қурмоқчи. Фарзандлари бўлса самимий муносабатда бўла олади.

       № 12. Ёши 30 да. Асака шаҳри (марказ)да яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этган. Фарзанди йўқ. Бўйи 170 см., вазни 75 кг. Уй бекаси, чеварлик билан шуғулланади. Характери: бироз қайсар, талабчан, озода, ибодатли. Кўриниши: чиройли.

Ёши 50 гача бўлган, уйим-жойим дейдиган, давлат ишида ишлайдиган,  кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган эркак билан турмуш қурмоқчи.

№ 13. Ёши 42 да. Андижон шаҳрида яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этган. 2 нафар ўғли бор, Россия давлатида ишлайди. Бўйи 165 см., вазни 70 кг. Тадбиркор - чеварчилик цехида раҳбар. Шахсий уй-жойи (кўп қаватли уйларда, 4 хонали) мавжуд. Характери: оғир-вазмин, талабчан, ибодатли. Кўриниши: чиройли, келишган.

Ёши 45 гача бўлган, давлат идораларида ишлайдиган (аёл уйида яшашга рози бўлиши керак) оиласига садоқатли, ҳалол, ёмон иллатлардан холи бўлган эркак билан турмуш қурмоқчи.

Мурожаат учун телефон: (Қ998 93) 781-02-36. 

БАХТЛИ БЎЛИШНИНГ 12 СИРИ

Руҳшунос тавсиялари

Машҳур ёзувчи Лев Николаевич Толстой барча бахтли инсонлар бир-бирларига ўхшашлигини таъкидлаган. Хўш, уларнинг умумий томонлари айнан нималарда экан? Замонавий руҳшунослар буни қуйидагича тавсифлашади:

Ўтмишни эсдан чиқаринг! Токи ўтмишнинг оғир юкини орқалаб юрар экансиз, бахтли бўлолмайсиз. Қачонлардир жиддий бир хато қилганмидингиз? Эслаганингизда, ўзингиздан уяладиган хотираларингиз борми? Ўтмиш занжирларидан ҳалос бўлинг, акс ҳолда, тараққий этолмайсиз. Бугунги кунга мослашиб, эртанги кунга интилиб яшанг.

Ўз ҳаётингиз учун масъулиятни ҳис қилинг! Бахтли бўлиш учун биринчи навбатда эркин бўлиш лозим. Вазият қандай бўлмасин, унга қандай ёндашиш ўз қўлингизда. Бунинг учун фақат ўзингиз жавобгар бўласиз. Ўз муваффақиятсизлигингизда бировларни айбламанг.

Атрофдагилар билан яхши муносабат ўрнатинг! Бу сизга бахт ато этувчи энг ёрқин йўлдир. Феъл-атворида муҳаббат устунлик қилиши кишини бахтга етаклайди.

Ўз қизиқишларингизга эга бўлинг! Ишқибозлик бизга майда хурсандчиликлар беради ва улар бирлашиб, бахтга айланади. Шунинг учун қизиқишлар доирасини кенгайтириб боринг. Бу билан сиз бахтга элтувчи йўлларингизни кўпайтирасиз. Атрофда шунча қизиқарли нарсалар бўла туриб, киши бахтсиз бўлиши мумкинми?

Ҳаётда аниқ мақсадга эга бўлинг! Бахтга эришиш учун сизга бу жуда зарур. Ўзингизни бир чўққига йўналтирмасангиз, фикрларингиз тарқалиб кетиши мумкин. Мақсадингиз - ҳаётнинг ўзаги.

Ўзингизда борини қадрланг! Агар ношукр бўлмасангиз,    бахтга етиш унча қийинмас. Ўзимизда бор бўлган нарсаларга қараш эса қўлимизда йўқ нарсага қарашдан кўра завқлироқ. Атрофингизга қаранг, бахтли эканингизни пайқаш учун шунча кўп асосингиз борки...

Ўзингизда боридан бошланг! Тушунган одам бахтли бўлиш учун бутун умри давомида муайян миқдордаги маошни ёки юқори мансабни кутиб яшамайди. Ўзингизда бори билан ҳам бахтли бўлиш мумкин. Ахмоқлар бахтни тоғлар ортидан, ақллилар эса, оёқлари остидан излайди.

Ўзингизни яратинг! Ўзингиз учун ўз ҳаётий тамойилларингизни яратинг ва уларга амал қилинг. Ўзингизга бўлган садоқат ҳам бахт йўлидаги муҳим омиллардандир. Сиз кимсиз? Бошқалар ҳаёти билан яшаманг, кимнингдир умиди, сиздан нимадир кутаётгани учун эмас, ўзингиз учун яшанг. Қўйиб берса, одамлар сиздан кўп нарса кутишлари мумкин, лекин ўзингизчалик сизни биров севармикан?

Ўз истеъдодингиздан фойдаланинг! Сиз, аввало, бу истеъдодингизни кашф этишингиз, қолаверса, кундалик фаолиятингизда намоён қилишингиз лозим.   Бахтга олиб борувчи энг тўғри йўл - ўз истеъдодингизни кенгроқ намоён этишингизга кўмаклашувчи даромад манбаини топишдир.

Майда-чуйдаларга эътибор берманг! Кўпинча майда гаплар катта бахтга завол етказиши мумкин.

Нафсингизни жиловлаб олинг! Тўғри, кишида турли истаклар бўлиши ёмон эмас, аммо уларнинг соғлом ақл устидан ҳукмронлик қилишларига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, ўзингизга ортиқча баҳо бериб, бу билан кулгига қолишингиз мумкин.

Бошқаларни бахтли қилинг! Бу бахтга эришишнинг энг ишончли усулидир. Ўз бахтингиз йўлида одамларга яхшилик қилинг - ана шунда бунинг ўзи бахт эканлигига амин бўласиз. Кишиларга ҳамдард бўлинг. Бу фидокорликнинг олий кўринишидир. Бахтга худбинлик орқали эмас, балки фидойилик туфайли эришилади.

Нигорахон тайёрлади.

ДЎППИ КИЙСАМ ЯРАШАДИ БОШИМГА

тадбир

Андижон шаҳар педагогика коллежида "Дўппи кийсам ярашади бошимга" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ёшлар ўртасида миллий либосларимиз ва дўппиларимизни   тарғибот қилиш, ёшларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган тадбирда коллеж ўқувчи ва устозлари иштирок этишди.

Яшариш ва янгиланиш фасли - баҳорда қиз-жувонларимиз устиларига ял-ял ёнувчи миллий либосларимизни, қирқкокил дўппиларни кийишиб янада гўзал ва латофатли бўладилар.

Тадбирни коллеж директори Дилфузахон Қурбонова очиб, тадбирнинг мақсад-мазмуни, миллий либосимиз - дўппи ҳақида гапирди.

- Коллежимизда таҳсил олаётган ўқувчилар учун коллеж формаси жорий қилинган, - дейди Д. Қурбонова. - Ўқувчиларимиз коллежда формада, турли тадбирларда, кўча-кўйда юрганларида миллий лобосларимизни, бошларига оқпар дўппи кийиб юришларини истар эдим. Миллий либосларни ҳурмат қилган ёшлар ўзлигини, миллий қадриятларимизни ҳеч қачон унутмайди.

  Миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитиш, уларни ўқувчи ёшлар онгига чуқур сингдириш, миллий либосларимиз, хусусан, дўппини  тарғиб этиш, ёшларда дўппига ҳурмат туйғусини кучайтириш, уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган акция тадбири миллий    анъаналаримизнинг ҳақиқий       намойишига айланди.

Тадбирда ўқувчилар томонидан миллий либослар, дўппини тарғиб этувчи, улуғловчи саҳна кўринишлари намойиш этилди, шеърлар ўқилди.

Миллий урф-одат, қадрят ва анъаналарини сақлай  олган ва келажак авлодларга етказа оладиган халқнинг келажаги порлоқ бўлади. Шу маънода ўтказилган тадбир ўқувчилар қалбида миллий қадрият ва либосларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА,

Андижон шаҳар педагогика коллежи Хотин-қизлар кенгаши раиси.