+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МУКОФОТЛАР МУБОРАК, ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотига муносиб эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг юртимизни юксалтиришдаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида бир гуруҳ хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан, турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида бир гуруҳ андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан

Атабаева Оматхон Каримжановна - Андижон шаҳридаги "Сиёвуш голд транс" масъулияти чекланган жамияти ҳайдовчиси.

 

"Дўстлик" ордени билан

Рискулова Айногул Жунусовна -

Марҳамат туманидаги "Марҳамат 112-қурилиш" масъулияти чекланган жамияти пардозчиси.

 

II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан

Дадабоева Манзурахон - Андижон туманидаги 10-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати директори.

 

"Шуҳрат" медали билан

Касимова Шоира Сатволдиевна - Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари  бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси.

Мехмонова Рўзихон Абдувалиевна - Балиқчи тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ишчиси.

 

Мукофот соҳибаларини газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

 

МУҲТАРАМА ОПА-СИНГИЛЛАР, АЗИЗ ВА МЕҲРИБОН ОНАЛАР!

Сизларни гўзал ва тароватли баҳорнинг илк байрами - 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан барчангизни қизғин муборакбод этаман.

Қадим-қадимдан халқимиз аёлларга юксак эҳтиром кўрсатади. Ушбу анъана, айниқса, кейинги йилларда янада кенг қулоч ёйди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Президентимиз эътибори билан юртимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Қадрли ва лобар опа-сингиллар, азизу мукаррам онахонлар! Бугун Андижон аёллари илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Бу ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

 Азиз аёлларимиз эъзозланадиган қутлуғ байрам билан барчангизга, энг аввало, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлсин, фарзандлар камолини кўриш, аёллик, оналик бахти барчангизга насиб этсин.

Гулнорахон АБДУЛЛАЕВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

Янгиланаётган конституция – тараққиёткафолати

 

Муносабат

Мамлакатимизда жорий йил 30 апрель куни ўтказиладиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми халқимизнинг демократик ислоҳотлар йўлидаги яна бир муҳим қадами бўлади.

Зеро, жамият умумий ва сиёсий маданиятининг юқори даражада ривожланиши, шахсларнинг муҳим ижтимоий ва сиёсий фаоллиги демократиянинг муҳим шартларидан биридир. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилиниши бўйича қизғин жараёнлар кетмоқда. Янгиланаётган Конституциядаги ўзгартиришлар юртимиз аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўймасдан қабул қилиш ваколатига эга. Лекин мамлакатимизда қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияни қабул қилиш халқнинг иродасига ҳавола қилиниши халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципини амалга оширишга хизмат қилади. Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони фақат қисқариб келди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади. Конституциявий қонунга мувофиқ олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилмоқда. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим битирувчиларининг малакали кадрлар бўлиб етишишлари ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Янгиланаётган Конституцияда Инсонгаэ ътибор, унинг қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш масаласи давлат ва жамиятнинг асосий бурчи эканлиги мустаҳкамланиб қўйилмоқда. Конституцияда инсонларни фаровон яшашлари,   камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш,  ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши кўзда тутилган.

Ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланиб, бу ҳолат ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини шу юртнинг бир фуқароси сифатида маъқуллайман ҳамда барча юртдошларимизни референдумда фаол иштирок этишга чақираман. Янгиланаётган Конституция – бу бизнинг, бутун ўзбек халқининг Конституцияси ва у албатта, юртимизнинг, халқимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилади.

 

Акмалжон ШЕРМАТОВ,

Андижон туманлараро маъмурий суди раиси.

 

 

Эл-юртга наф келтирадиган инсон бўлайлик

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Дини исломда мўмин бандага ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, қиёмат кунига ишониш, тоат-ибодат қилишлик буюрилади. Яратганга чексиз шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда тинчлик-хотиржамлик, динимизга кўрсатилаётган эътибор туфайли эмин-эркин ибодат қилишимиз учун барча имкониятлар яратилган.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда кишилар ўқишга, илм-фан ўрганишга эътибор қаратишлари ҳам муҳим масала ҳисобланади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га Хиро ғорида бўлган илк ваҳий "Ўқи!" деган амр бўлди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга тарғиб билан бошланишида буюк ҳикмат бор эди.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни шу сабаб илм олишга буюрди. "Илм" сўзи билмоқ, ўрганмоқ маъноларини англатиб, Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолар билан келган. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлардан, ҳаромлардан, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: "...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур" ("Мужодала" сураси,11-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) илм ҳақида маъжозий маънода    шундай деганлар: "Имон   ялонғоч бир нарса бўлса, унинг кийими-тақво, зийнати-ҳаё, меваси эса илм". Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) эса: "Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.) га илм ва мол-дунё, подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришди", деб илм ҳақида ўз фикрларини баён этган.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, бизнинг диёримиз аҳолиси ҳамма даврларда илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган. Шу боис уларнинг қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.

Қачонки, ўқиб билим ва дунёқарашимизни ошириб борсак, ибодатимиз ҳам мукаммал бўлади. Қолаверса, интернет тизими ўта ривожланган бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали  тарқалаётган турли ёт ғояларга  қарши иммунитет юзага келади. Бизни, айниқса, ёшларимизни ҳеч ким ўз ғояси билан нотўғри йўлга етаклай олмайди.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари бўлмиш ҳадисларда чинакам билим ва илм манбаси мавжуддир. Зеро, ҳадислар динимизнинг асосини ташкил қилади. Демак, ҳадисларни ўрганмоқлик ва уларга амал қилмоқлик мусулмон киши учун суннат амалига киради. Ҳадис илмини ўрганишимиз бизга катта фахр ва ифтихор баҳшида этади. Негаки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бизнинг она Ватанимиз Қуръон ва ҳадис илмининг марказларидан бирига айлангани маълумдир.

Биз албатта, ватандошларимиз Бухорий, Термизий, Мисоий, Марвазий, Башшор каби муҳаддис олимларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг шарофати билан Қуръони каримдан кейинги асосий диний манба ҳисобланмиш ҳадис  китоблари дунёга машхур бўлди.

Аслида, Қуръони Каримдан кейин динимизнинг асоси қилиб олинган олтита китоб бор. Бу китоблар - "Сиҳоҳи ситта" (олти саҳиҳ) деб аталади. Буни қарангки, уларнинг барчаси она Ватанимиз - Туркистон заминида яратилган. Ислом дунёсида иззат-ҳурматга, эъзозга лойиқ топилган "Саҳиҳи Бухорий", "Саҳиҳи Муслим", "Саҳиҳи Термизий", "Саҳиҳи Абу Довуд", "Саҳиҳи Мисоий", "Саҳиҳи Ибн Можа" ҳадис китоблари динимизнинг асосини ташкил этади.

Абу Исо Термизийнинг "Саҳиҳи Термизий" асарларининг биринчи саҳифасида муаллифнинг қуйидаги сўзлари ёзиб   қўйилган: "Кимнингки уйида шу китоб турса, ўша уйда ҳазрат Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладир". Аллоҳ таоло шу улуғ, муқаддас олтита китобни ўқиб, уларга амал қилганларни барча эзгу мақсадларига етказсин.

«Динимиз таълимотининг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшган, диёримиздан етишиб чиққан яна бир улуғ аллома Замахшарийдир. Замахшарий ҳазратлари ислом оламида «Аллоҳнинг қўшниси - жоруллоҳ» номи билан маълум ва машҳурдир. Бунга сабаб шуки, улар ислом таълимотида маълум ва машҳур бўлган "Ал Кашшоф" асарини Маккаи Мукаррамадаги Каъба рўпарасидаги ҳужрада ўтириб таълиф қилганлар.

Ўқиб, ўрганиш ёш, жинс, вақт танламайди. У ҳар бир мўмин банда учун фарздир. Демак, ибодатнинг афзали тинмай ўқиб, ўрганиб, диний ва замонавий билимларимизни ошириб боришимиз, билганларимизни  бошқаларга ҳам илинишимиз, ўргатишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ҳадиси шарифларнинг бирида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача - барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биз юртимиздан чиққан буюк инсонлар, алломаларнинг меросхўримиз. Улар ёзиб қолдирган асарларни доимо ўқиб, ўрганишга интилайлик. Зеро, жорий йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Ўқиб, ўрганиш, уларга амал қилиш орқали энг аввало, Яратганнинг марҳаматига эришишлик, юртимизга, одамларга наф келтирадиган бандалар қаторида бўлишлик барчамизга насиб этсин.

 

Жакбарали МАНСУРОВ,

Жалақудуқ туманидаги "Иттифоқ" жоме масжиди имом-хатиби.

Оила - муқаддас гўша

Ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуриш хусусида жуда кўп гапирилади. Хусусан, Қуръони каримда: "Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бўлган киши билан турмуш қуришларингиз учун аёлларни ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди" дейилган.

Одамзодни оила қуриб яшашлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳид аломатларидан бири деб санайди: Яъни: "Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қиладиларки, уч киши келиб, пайғамбаримизнинг аёлларидан "Расулуллоҳ бир кечаю кундузда қанча ибодат қиладилар?" деб сўрадилар. Жавобдан маълум бўлдики, Муҳаммад (с.а.в) улар ўйлаганчалик кўп ибодат қилмас эканлар. Шунда улар бир-бирларига қараб айтдиларки, "Расулуллоҳ озроқ ибодат қилсалар ҳам ярашур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг барча гуноҳларини кечганлиги ҳақида баён қилган".

Сўнг улар қарорга келадилар, бири "Энди мен кечалари фақат намоз ўқиб чиқаман", деса, иккинчиси "Мен кундуз кунлари рўза тутаман" дебди. Учинчилари эса "Мен абадий уйланмай ўтаман" деб турганларида, Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг ҳузурига келади, ўртада бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабардор бўлиб: "Мен сизлардан кўра Худодан кўпроқ қўрқурман. Лекин рўзани доимий эмас вақти-вақти билан тутурман. Кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Хотину зурриётларим ҳам бор. Кимки бу суннатимдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас", деган эканлар.

Шу боис, оила динимиз, шариатимиз нуқтаи назаридан, қолаверса, ҳаёт тарзимиз, соғлом турмуш тарзи нуқтаи назаридан ҳам муҳим ҳисобланади. Оила инсон учун энг муқаддас гўшадир.

Аллоҳ барчаларимизни оилани қадрловчи, оилавий бахт-саодатдан масрур бўлгувчи бандалар қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жоме масжиди имоми.

ИНСТИТУТДА АХБОРОТ-РЕСУРС МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

 

тадбир

Андижон давлат чет тиллари институтининг ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилди.

Институт профессор-ўқитувчилари, талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олган институт ректори Дилшодбек Рустамов, немис тили назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, профессор Мухторхон Умархўжаев ва    бошқалар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш, олий маълумотли малакали мутахассислар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси "Очиқ бюджет" портали "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида таъмирланиб, ишга туширилган институтнинг ахборот-ресурс маркази 35 минг нусхадан зиёд китоб фондига эга. Кенг, ёруғ марказда 70 ўринли ўқув зали мавжуд. Шу билан бирга, электрон адабиётлардан фойдаланишга мўлжалланган залга ўндан  ортиқ замонавий компьютерлар ўрнатилган. Умуман, бу ерда китобхон талабалар ва ўқитувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган.

Янги иш бошлаган ахборот-ресурс марказида "Китобхонлик маданиятини юксалтириш - буюк мақсадимизга эришиш кафолатидир" мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда талаба ва китобхонларга марказ, унинг имкониятлари, мавжуд китоб фонди ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, талаба ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, тафаккур ва маънавиятини бойитишга кўмаклашиш, уларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда  китобнинг инсон, айниқса, ёшлар ҳаёти ва камолотидаги ўрни, роли, инсоннинг энг яхши дўсти ва маслаҳатчиси, билим манбаи эканлиги, шунингдек, талабаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини, китобхонлик маданиятини, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Наргизахон РУСТАМОВА,

институт ахборот-ресурс маркази раҳбари.

 

КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ: НАТИЖА ВА САМАРАЛАР

Бугунги кунда Марҳамат туманида 35 мингга яқин хонадонда 182 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. "Маҳаллабай ишлаш" тизими доирасида туманнинг 48 та маҳалласидаги 34 минг 784 хонадоннинг барчаси уйма-уй юриб ўрганиб чиқилди.

Ўтган йилдаги ўрганишлар натижасида 10 минг 838 та хонадон ўзига тўқ, 17 минг 600 та хонадон қўшимча ва доимий даромад топиш  истагида, 3 минг 98 та хонадон эса муҳтож, шароити оғир эканлиги ҳамда 3 минг 248 та хонадоннинг даромади кам, лекин даромад топишга ҳаракат қилаётганлиги маълум бўлди.  

-        Ана шундан келиб чиқиб, хонадонлар тоифаларга ажратиб олинди, - дейди туман ҳокими Бобуржон  Юлдашев. - Ҳар бир тоифа, айниқса, даромади кам, лекин даромад топишга ҳаракат қилаётган ва муҳтож оилалар билан ишлашга, ҳар бир маҳалланинг "ўсиш нуқтаси", яъни ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларнинг даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маҳаллаларнинг 18 таси деҳқончилик ва иссиқхона хўжалигига, 5 таси чорва ва паррандачиликка, 8 таси боғдорчиликка, 15 таси савдо ва хизматлар кўрсатишга, 2 таси бошқа йўналишларга ихтисослаштирилди. Йўналишлар бўйича маҳаллаларда белгиланган ишларни самарали ташкил этишда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларининг алоҳида хизматлари бор. 

Умуман, 2022 йилда тумандаги маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун 45,5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, турли манбалар ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 53,8 миллиард сўм имтиёзли кредит, 338 нафар фуқарога 2,8 миллиард сўм миқдорида субсидия берилди.

Туманда ўтган йили 29,3 мингта иш ўрни яратилиб, ишсизлик даражаси 9,9 фоиздан 8,8 фоизга туширилди.

Кичик бизнес субъектларига 199,8 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига 53,8 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Натижада "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"га киритилган кўплаб кишилар доимий иш ўрини ҳамда даромад манбаига эга бўлди.

Туманда 2022 йилда "Ёшлар дафтари"га 1 минг 415 нафар ижтимоий-иқтисодий ёрдамга муҳтож ёшлар киритилиб, уларнинг барчасига ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, бир гуруҳ ёшларнинг  шартнома тўловлари тўлаб берилди, бир гуруҳ ёшлар эса, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилди, кўплаб ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит, деҳқончилик қилиши учун ер ажратилди.

-        Маҳалламизда 2 минг 861 нафар аҳоли яшайди, - дейди тумандаги "Бирлик" маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Нигорахон Мадиева. - Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида 63 нафар "Аёллар дафтарига, 38 нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларнинг барчасига ёрдам кўрсатилди. Умуман, маҳаллада 300 нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Маҳаллада "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 38 нафар фуқарога 660 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди, деҳқончилик қилиб, ўз даромадини ошириш истагидаги 165 нафар фуқарога 10 сотихдан ер берилди. Масалан, маҳалланинг Дархон кўчасида яшовчи Аҳмаджон Нуриллаев 33 миллион сўмлик кредит эвазига 25 ўринли уй-боғча ташкил этди. Ўктамжон Раҳматуллаев эса мини мотокультиватор харид қилиб, хонадонида, деҳқончилик қилиш учун олган ер майдонида ундан фойдаланмоқда. Қўни-қўшниларга хизмат кўрсатиб қўшимча даромад топмоқда.

Ўтган йили туманда деҳқончилик қилиш истагидаги 5 минг 109 нафар ишсиз фуқарога 10 сотихдан, жами 511 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ана шу майдонларда "Бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида сабзавот, картошка ва дуккакли экинлар етиштирилди, одамлар бундан яхшигина даромад олишди.

Бир сўз билан айтганда, туманда ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш орқали даромадини ошириш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Ана шу ишлар натижасида 1 минг 515 та камбағал оиланинг даромади кўпайди ёки 5 минг 100 та оиланинг даромади ўртача 3,1 миллион сўмдан 6,1 миллион сўмга ортди. Камбағаллик даражаси 17,4 фоиздан 16,8 фоизга пасайтирилди.

Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиши белгилаб олинган. Жумладан, 2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун 29,8 миллиард сўм, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун 242 миллиард сўм кредит, аҳолига 2,9 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилиши, 2 минг 460 нафар ишсиз фуқарога 15 сотихдан жами 369 гектар ер майдони берилиши, 2 минг 700 та камбағал оиланинг даромадини янада кўтариш режалаштирилган.

 

Сожида САИДОВА,

Турсинбой ИСМОНОВ.

МФЙларда ёшлар етакчилари қандай ишларни амалга оширишди?

Ислоҳотлар жараёни

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши, ўқиб, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Айниқса, уюшмаган ва маҳалла ёшлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжат асосида ҳар бир маҳаллада Ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Айни кунда Андижон вилоятидаги 891 та маҳаллада ёшлар етакчиси самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

-        Ёшлар етакчилари томонидан ўтган 2022 йил давомида вилоятдаги 890 та маҳаллада 14-30 ёшдаги 821 минг 675 нафар ёш хатловдан ўтказилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Шоҳрухбек Набиев. - Уларнинг бандлиги, таълим, оилавий, ижтимоий ва саломатлик ҳолатларидан келиб чиқиб, "Ёшлар баланси" ва "Ёшлар дафтари" шакллантирилди.

"Ёшлар дафтари"га 20 минг 880 нафар ижтимоий-иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлган ёшлар киритилди. Йил охирига қадар 20 минг 467 нафар ёшга ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди.

Жумладан, дафтарга киритилган ёшларнинг 346 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 366 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди, 6 минг 6 нафарига деҳқончилик қилиш учун ер майдони берилди, 437 нафари "Устоз-шогирд" анъанаси асосида уста ҳунармандларга бириктирилди, 1 минг 193 нафарига ижара харажатини тўлаш, 1 минг 167 нафарига меҳнат қуроллари, турли асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидия маблағлари тақдим этилди.

Умуман, ўтган йил давомида 18 минг 325 нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди. Деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 18 минг 569 нафар ёшга 1 минг 924,6 гектар ер майдони ажратиб берилди. Шундан 3  минг 455 нафари "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар бўлиб, уларга ер майдони олиш учун 932,9 миллион сўм миқдоридаги тўлов маблағлари компенсация қилиб берилди.

"Ҳар бир ёшга бир гектар" лойиҳаси доирасида 2  минг 654 нафар йигит-қизга деҳқончилик қилиши учун 320,3 гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ажратиб берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 14  минг 363 нафар ёшга 320 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди.

Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури бўйича 11 минг 176 нафар ёшга жами 244 миллиард сўм, таълим кредитлари бўйича 2 минг 946 нафар ёшга 32,6 миллиард сўм, "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси бўйича 210 нафар ёшга 1,5 миллиард сўм, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича 42 нафар ёшга 28 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган беш муҳим ташаббус доирасидаги лойиҳа ва тадбирларга Ёшлар етакчиларининг саъй-ҳаракати билан  753 минг нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди. Ёшларнинг мусиқа ва санъатга, спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини мустаҳкамлаш  мақсадида жуда кўп танлов ва тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.

Ёшлар етакчиларининг маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, ички ишлар профилактика инспекторлари ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қараталган фаолияти натижасида ёшлар иштирокидаги салбий ҳолатлар ҳам камайди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган йили вилоятдаги кам таъминланган оила фарзандлари бўлган 23 минг 317 нафар, "Темир дафтар"га киритилган оилаларнинг 4 минг 987 нафар, ногиронлиги бўлган 4 минг 784 нафар, шунингдек, 13 минг 546 нафар чин ва ярим етим ёшларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда Ёшлар етакчилари томонидан олиб борилаётган ишлар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, умуман, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар ижобий натижалар бермоқда. Бу эса ёшларимизнинг ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришга ёрдам бериш билан бирга, уларнинг фаоллигини, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини, ўзига, юртимизнинг порлоқ келажагига бўлган ишонч ва умидини оширишга хизмат қилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Иқтидор, маҳорат ва истеъдод намойиши

Фестиваль

Вилоят қўғирчоқ театрида "Келажак" болалар фольклор жамоалари республика фестивали бўлиб ўтди.

"Келажак" болалар фольклор  жамоаларининг республика фестивалида ўз сафига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларни жамлаган Қорақолпоғистон Республикаси, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг ижодий жамоалари иштирок этиб, ўзига хос ижод намуналарини намойиш этишди.

Болалар фольклор санъатини ривожлантириш,  халқ  оғзаки  санъати, оғзаки шеърий  ижодиёт,  халқ достонлари, ҳунармандчилик, миллий либослар, халқ ўйинлари,  қадимий  урф-одат ва миллий анъаналарни  асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш, болаларда фольклор санъатига  бўлган  қизиқишни ошириш, ижодий алоқаларни  кенгайтириш, тинчлик, бирдамлик ғояларини улуғлаш, маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган "Келажак" болалар фольклор жамоалари республика фестивали ёш санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришларига кенг имконият яратиб берди.

Ҳар бир ҳудудининг ўзига хос анъаналарини намойиш этган ижодий  жамоаларнинг қизиқарли ва ранг-баранг чиқишлари фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Фестивалнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Самарқанд ва Андижон вилояти жамоалари қўлга киритишди. Иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилояти жамоаларига, учинчи ўрин эса Хоразм ва Тошкент вилояти жамоаларига насиб этди.

Ғолибларнинг ҳар бири диплом, 10 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача пул мукофоти ва овоз кучайтириш мосламаси билан тақдирланди.

- Фестивалда мактабимизнинг "Бойчечак" фольклор жамоаси ғолиблар қаторидан жой олди, - дейди  Андижон шаҳридаги 3- сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Муножатхон Исоқова. - Бундан ташқари, жамоамизнинг энг ёш аъзоси Файзулло Файзуллаев фестивалнинг "Энг яхши ёш раққос" номинацияси бўйича ғолиб бўлиб, диплом ва ноутбук билан тақдирланганлиги ҳам бизни беҳад қувонтирди.

Фестивалда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Розия ТЎЙЧИБОЕВА,

жамоатчи мухбир

Ногирон қиз ва аёлга аравача берилди

 

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Ижтимоий мавқеи, жисмоний имкониятидан қатъи назар мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши муҳимдир. Шу маънода Омбудсманнинг вилоятимиздаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова томонидан ҳам фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаммоларини бартараф этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Балиқчи тумани, Адолат маҳалласи, Мустақиллик кўчасида яшовчи фуқаро Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакилига мурожаат қилиб, онаси, 2-гуруҳ ногирони эканлиги бир неча йиллардан буён ҳаракати чекланганлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли унга ногиронлик аравачаси олишга ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Ушбу оиланинг шароити оғирлиги, бир неча йиллардан буён оналарига ногиронлик аравачаси олиб беришга имкон қилолмаётганлиги ҳисобга олиниб, оналари Барчиной Жўраевага ногиронлик аравачаси берилишини сўраб, туман масъулларига мурожаат қилганлиги, бироқ натижа бўлмаганлигини маълум қилган.

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли билан биргаликда онахонга ногиронлик аравачаси берилди.

Шунингдек, мазкур маҳалланинг Андиша кўчасида яшовчи, "Аёллар дафтари"га киритилган уч нафар    фарзанднинг онаси Барнохон Усмонова ҳам Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакилига мурожаат қилиб, икки нафар фарзанди ногирон эканлиги, қизига ногиронлик аравачаси олиб беришга имкон қила олмаётганликларини айтиб, аравача олишда кўмаклашишни сўраган.

Омбудсманнинг минтақавий вакили кўмаги билан 1- гуруҳ ногирони Зулайҳо Адашевага ҳам ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, мазкур маҳалланинг Посбонлар кўчасида яшовчи, жисмоний имконияти чекланган, АДУ талабаси Бобуржон Зайнобуддиновга спорт корсети топширилди.

Ногиронлик аравачаси олган, жисмоний имконияти чекланган маҳалладошларимизнинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан яхши инсонлар кўмагида чекка-чекка ҳудудларда яшаётган оддий одамларга кўрсатилаётган бу каби эътибор барчамизни хушнуд этади. Инсон қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин. 

 

Маъмурахон СУРОНОВА,

Балиқчи туманидаги "Адолат" МФЙ раиси.