+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Мулла Мирниёз эшоннинг қабри қаерда?

машҳур аждодларимиз

"Мен бу дунёга исломпарастгина эмас, балки инсонпараст ҳам бўлиб келдим ва ҳаётим давомида шунга содиқ бўлиб қолдим".

Алихонтўра Соғуний.

Улуғ аллома, адиб, таржимон маърифатпарвар шоир, диний ва дунёвий илмлар билимдони, саркарда, 20- асрнинг "Имом Ал Бухорийси" деб танилган Хазрат Алихонтўра Соғуний 1885 йил 21 мартда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ (Болосоғун ҳозирда Қирғизистон Республикасида) шаҳрида таваллуд топган. Бу йил ул улуғ зот таваллудининг 138 йиллиги нишонланади.

Алихонтўра Соғунийнинг оталари Шокирхон тўра асли андижонлик бўлиб, Шокирхўжа эшон номи билан машҳур бўлиб, масжидлардан бирида  имом бўлганлар.

Алихонтўра Соғуний аввал Бухоро шаҳридаги "Мир Араб" мадрасасида, кейинчалик Мадинаи мунавварадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олган. Алихонтўра ҳазратлари тарихий меъморлик обидалари ва қадимги қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Улуғ бобомиз илму ҳикматнинг бир-икки соҳасида эмас, балки қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган. Ҳазрат Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи Президенти ва маршали бўлган, 12 тилни мукаммал билган.

Улуғ бобомиздан улкан илмий-ижодий мерос қолган. Унинг "Тарихи Муҳаммадий", "Туркистон қайғуси", "Девони Соғуний" (шеърий тўплам); "Шифоул илал" ("Хасталиклар давоси") сингари асарлари маълум ва машҳурдир.  Бундан   ташқари, у киши Аҳмад Донишнинг "Наводирул вақоиъ", Дарвеш Али Чангийнинг "Мусиқа рисоласи", Херман Вамберининг "Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи" ва "Темур тузуклари" каби асарларни таржима қилган. Олимнинг сийрат бобида "Тарихи Муҳаммадий" асари 1959 йилда ёзиб тугалланган.

Бобомизнинг ўғиллари Қутлуғхон Шокиров томонидан "Бахтлик надур" деб номланган ("Мунир"  нашриёти, Тошкент, 2021 йил) шеърлар тўплами нашрга тайёрланиб, китоб ҳолида чоп этилганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Ушбу китоб халқимиз, айниқса, Янги Ўзбекистон ёшлари учун муносиб совға бўлди. Китоб бобомизнинг ижодкор,  шоир сифатидаги истеъдодини яна бир бор кўрсатди.

Улуғ бобомиз ўзининг ота-боболари тўғрисида "Тарихи Муҳаммадий" асарининг иккинчи китобида (Тошкент, 1991 йил) кенг маълумотлар беради.

Ҳар бир инсон ўзининг келиб чиқиши ва авлодлари ҳақида билиши муҳимдир. Шу маънода бобомиз Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг аждодлари тўғрисида аниқланган айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.

Онам Исторахон пошша (Аллоҳ раҳматига олсин) Алихонтўра Соғуний авлодидан бўлиб, ўзининг авлод-аждодлари, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳикоялар,  турли маълумотларни айтиб берарди.

Ёшлигимизда онам Исторахон пошша Хазрат Алихонтўра Соғунийнинг энг катта боболари мулла Мирниёз ҳақида гапириб берган эди. Онамнинг айтишича мулла Мирниёз Наманганнинг Чуст шаҳрида яшаган, машҳур диний уламо бўлган экан. Юртимизнинг турли ҳудудларида, жумладан, Фарғона, Қўқон, Андижон шаҳарларида, Шаҳрихонда ҳам у кишининг мурид ва шогирдлари бўлган.

Дадамиз Сайид мулло Меҳмонхожа эшон бир куни уйимизга кириб келиб: - Аяжониси, бугун биз 5 киши Наманган вилояти Чуст шаҳрига бордик. У ерда шаҳар   кенгайиши муносабати билан қабристон бузиладиган бўлибди. Хуллас, мулла Мирниёз  бобомизнинг қабри ҳам бузилаётган экан. У кишининг   қабрларини бутунлай кўчиришни иложи бўлмади, қабрдаги суякларини олиб келиб, Тўрамгузар (Шаҳрихондаги маҳалла қабристони) даги Ҳидоятиллохон тўранинг дахмаси ёнига қўйдик - дедилар.

Ўша даврда ёш эдим, отамнинг гапларига эътибор бермаганман. Улғайиб, тарихимиз, авлод-аждодларимиз ҳақида кўп маълумотлар тўпладим. Бундан бир неча ўн йиллар аввал бу ҳақда кексалардан сўраганимда Тўрамгузарда яшаб, маҳалла қабристонига дафн этилган Ҳидоятуллохон тўра Қашқардаги Оппоқхожа авлодидан эканлигини айтган эдилар. Бунга аниқлик киритиш мақсадида Тўрамгузарга бордим. У ерда Ҳидоятуллохон тўра авлодидан бўлган Орифхон тўра ака бор экан. У киши билан учрашиб   мақсад-муддаоимни айтдим. Ўша куни Орифхон тўра акамиз уйларида маросим ўтказаётган эди. Мени ҳам таклиф қилиб, маросимга Асакадан 93 ёшли бир қариндоши келишини, у аёл кўп маълумотлар билишини айтди. 

Кейинроқ мен Орифхон тўра билан Асакага бориб, ўша аёл билан суҳбатлашдим. Онахон 93 ёшга кирса ҳам анча бақувват, тетик эканлар. Мен онахонга бобомиз ҳазрат Алихонтўра Соғуний тўғрисида гапирдим. Онахон ҳазрат Алихонтўра Соғуний бобомиз авлодлари - Маҳдуми Аъзам Косонийга боғланади, дедилар. Мен онахон билан бўлган суҳбатда Ҳидоятуллохон тўра ва мулла Мирниёз Маҳдуми Аъзам Косоний авлодларидан, Ўзганда яшаб ўтган шайх Бурҳониддин қилич сулоласидан эканликларини билиб олдим.

Ҳазрат Алихонтўра Соғунийнинг катта боболари мулла Мирниёз тўра тўғрисида ўзим аниқлаган маълумотларни баён этдим. Улуғ бобомизнинг нафақат ижоди, балки у кишининг авлод-аждодлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишлар, тадқиқотлар бундан кейин ҳам шубҳасиз, давом этади. Чунки тарихимизни, авлод-аждодларимизни қанчалик яхши билсак, шу қадар ўзлигимизни чуқур англаймиз. Бой тарихимизга, улуғ алломаларга бўлган ҳурматимиз янада ортади, улардан руҳий мадад оламиз, улар амалга оширган хайрли ва эзгу ишлар қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Хазрат Алихонтўра Соғуний бобомизнинг ҳаётлари жуда сермазмун ва машаққатли ўтган. Туркистон озодлиги учун курашиб, халқни ёруғ кунларга бошлаган улуғ бобомизнинг илмий мероси, асарлари, ибратли ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлодга албатта, сабоқ бўлади. Сўзимни улуғ бобомизнинг қуйидаги мисралари билан якунлайман:

Эшит мендан ватан ўғли насиҳат,

Қабул қилсанг келур бошинга давлат.

Ватан асли сенингдир Ўзбекистон,

Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.

 

Ватанни севмаганлар биздин эрмас,

Буни ким билмас имонга кирмас.

Исахон тўра МЕҲМОНОВ,

Шаҳрихон тумани.