+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Чегарачилар қасамёд қилишди

Юрт ҳимояси - муҚаддас бурч

Хонобод шаҳрида жойлашган ДХХ Чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташни бошлаган аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисм сержант ва офицерлари, аскарларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган ҳарбий қисм командири, подполковник Х. Рўзиқулов ва бошқалар томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори самаралар бераётганлиги, ҳарбий хизматчиларнинг хизматни юқори савияда ўташлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон мадҳияси янгради. Сўнг кенг майдон узра саф тортган ҳарбий аскарлар тантанали равишда Ватанга қасамёд  қилдилар.           

Ҳарбий қисмда аскарларнинг жанговор ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-маърифий билимларини ошириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар аскарларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар.

-        Ҳарбий қисмда фарзандларимиз учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик, - дейди Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидан хизмат бурчини ўташ учун келган оддий аскар Ботиржон Шариповнинг онаси Ферузахон Суюнова. - Очиғи, бу ердаги шароитларни кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Хизматни аъло даражада ўташ учун барча қулайликлар ва имкониятлар яратилган. Ишонаманки, фарзандларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юрт  ҳимояси йўлида муносиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ва бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,  лейтенант.

Хонадон кутубхонаси ёшлар билан ҳамиша гавжум

 

Ҳаёт - ибрат мактаби

Олтинкўл туманида "Китоб - ҳаётни яратувчи мураббий" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Инсон ақлий салоҳияти, маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз такомиллашиб, тафаккуримиз бойиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Дарҳақиқат, улуғ ёзувчилардан бири: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китоб-лардан бир умр миннатдорман", деган эди. Унинг фикри нечоғли тўғри эканлигини маънавияти юксак ҳар бир инсон чин қалбдан ҳис этиши шубҳасиз.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан Олтинкўл туманидаги Садда маҳалласида яшовчи, хонадонида катта кутубхона ташкил этган, китобхон оила сифатида эътироф топган Адолатхон ая Ортиқова уйида китобхонлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирокида ташкил этилган тадбирда китоб билан боғлиқ ана шу жиҳатлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда хонадон соҳибаси, ҳозирда кексалик гаштини сураётган  Адолатхон ая Ортиқованинг ибратли ҳаёт йўли, хонадонида 2 минг нусхадан зиёд китоб жамлаб, кутубхона ташкил этганлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Оддий қишлоқ аёли Адолатхон ая нафақага чиққунга қадар жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлади. Уй, дала юмушлари, фарзандлар тарбияси билан банд бўлди. Лекин у болалигидан китобга ўзгача меҳр қўйган эди. Бўш қолди дегунча китоб ўқирди, китоб ўқишни таниш-билишлари, ёшлар орасида тарғиб қилди. Китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишнинг янада юксалишида кейинчалик унга раҳматли турмуш ўртоғи Мўйдинжон Артиқов мададкор бўлди, уни ҳамиша қўллаб-қувватлади.

Ҳаётда ҳамиша китобга ошно бўлган Адолатхон ая фарзандларининг барчасини ўқитди, олий маълумотли қилди. Оқилалиги, билимдонлиги билан оилада, маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат-эътибор топди.

Бугун Адолатхон ая хонадонида ташкил этилган кутубхонадан нафақат фарзанд ва набиралари, балки бутун маҳалла ёшлари баҳраманд бўлмоқда. Энг муҳими, ушбу хонадондан китобхон ёшлар сира аримайди.

 Тадбир иштирокчилари томонидан китоб ўқиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш, хонадонларда кутубхона ташкил этишдек хайрли ишларни, бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ ёшларга Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими томонидан эсдалик совғалари, китоблар жамланмалари ҳамда ўқув қуроллари  топширилди.

Зилола ТОШТЕМИРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.

Маданий мерос - халқимизнинг бебаҳо бойлиги

Ўлмас Қадриятларимиз

Қадим ва бой тарихга эга юртимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Шу боис, уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 422 та моддий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Бекзодбек Умаров. - Улардан 221 таси археологик, 74 таси меъморий ёдгорликлар, 42 таси монументал санъат асарлари, 85 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. Маданий мерос объектларининг 400 таси давлат, 22 таси хусусий мулк тасарруфидаги масканлар ҳисобланади.

Моддий ва маданий мерос объектларининг 241 таси юртимиз тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган мамлакат аҳамиятидаги объектлари саналади. Кейинги йилларда вилоят бўйича 58 та янги объект аниқланиб, ўрганиш ва хулоса бериш учун уларга оид маълумотлар Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилди. 

Вилоятда мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари режа асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар   базаси яратилди. Қатор объектларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Жумладан, аксарият тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари, паспортлари тайёрланди.

Кейинги йилларда хорижлик ва юртимизнинг тарихчи олимлари, археологлари ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Мингтепа, Қўрғонтепа туманидаги "Қўштепа" археологик ёдгорликларида қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.

Ўтган йили Андижон шаҳридаги "Жоме" меъморий мажмуаси, Жалақудуқ туманидаги "Абдураҳмонбой масжиди", Қўрғонтепа туманидаги "Юнус ота"  зиёратгоҳи, Асака туманидаги "Хўжа Абдуллоҳ туғдор" мақбараси, Андижон тумани Хортум маҳалласидаги "Масжид" зиёратгоҳида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги қарори билан тасдиқланган "Моддий-маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан, қатор моддий-маданий мерос объектлари ижарага берилган. Бироқ Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида айрим ижарага олувчилар томонидан белгиланган тартибларга амал қилмаслик, моддий-маданий мерос объектлари ҳудудларига ноқонуний тарзда бинолар қуриб олиш,   шунингдек, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан ана шу масканларнинг муҳофаза ҳудудларидан тадбиркорларга ер ажратиб бериш ҳолатлари аниқланган.

Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси ана шу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Андижон шаҳридаги  "Йилқичи ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота" зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги "Иккинчи жахон уруши қаҳрамонлари хотираси", Хўжаобод туманидаги "З.М.Бобур хиёбони", Асака туманидаги "Ғуломжон Ёқубов хиёбони" каби маданий мерос объектларидаги ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳамда ушбу объектларнинг муҳофаза ҳудуларидан тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисидаги ҳокимликларнинг тегишли қарорларини бекор қилиш бўйича судларга даъво ва шикоят аризалари киритди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда халқимиз, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи зиёратгоҳ, археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш, уларга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар  изчил давом эттирилмоқда. 

Юртдошларимиз қалбида она юртга муҳаббат, қадим ўтмишимизга нисбатан фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлашга, қолаверса, ёш авлодни тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи тарихий обида ва маданий ёдгорликлар давлатимиз ҳимоясидадир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Њзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қњллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони" 

лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

ЗУЛАЙҲО МАҲКАМОВА: АЁЛЛАР БАНДЛИГИ МУҲИМ МАСАЛА

 

Жараён

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова вилоятимизда бўлиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

 Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамиятда хотин-қизларнинг нуфузи ва ролини юксалтириш, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу йўналишдаги ишлар билан танишиш, кўлами ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Андижонга ташриф буюрган Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова дастлаб, Шаҳрихон тумани +ум маҳалласида фаолият олиб бораётган "ELEGANT SHOES AND" масъулияти чекланган жамиятига қарашли пойабзал корхонасида бўлди.

Мазкур корхонада йилига 60 турдаги 1 миллион жуфтдан зиёд пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларининг асосий қисми хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Айни кунда корхонада 500 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар ташкил этади. Бош вазир ўринбосари корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг иш шароитлари билан танишди.

Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари Шаҳрихон туманидаги "Дориламон" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Ҳудудда маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, аёллар  бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни олий таълимга жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бу борада улар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан кенг фойдаланиш, айниқса, касаначиликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, шаърий никоҳларнинг олдини олиш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашда кўчабошилар, отинойилар, "Оқила аёллар ҳаракати" аъзолари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.  Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича фаолларга, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Андижон шаҳридаги "Ёшлар боғи"да ёшлар вакиллари билан учрашиб, мулоқот ўтказди. Мулоқотда мамлакатимизнинг янгиланаётган Конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, киритилган янги модда ва нормалар, хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида сўз юритилди.

Учрашув-мулоқот доирасида ташкил этилган бадиий дастур барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Тадбир иштирокчилари, ёшлар жорий йил 30 апрель куни "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдумида қонун лойиҳасини ёқлаб овоз беришларини билдирдилар.

Зуҳриддин УМРЗО+ОВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошља институтларини қўллаб-љувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон љадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.      

Иқрор

 

Муҳаммад ЮСУФ,  Ўзбекистон халқ шоири.

О, ота маконим.

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам.

Римни алишмасман бедапоянгта.

Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,

+анча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.

+айга борсам суяб, бошни тик тут деб,

Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.

Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.

Ё худбинман мен ё бир содда касман мен -

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен.

На гапга кўнайин,

На тил билайин,

Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат -

Уч кунда соғинсам нима қилайин,

Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.

Билдимки, баридан улуғим ўзинг,

Билдимки, яқини шу тупроқ менга.

Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,

Араб оҳусидан азизроқ менга.

Сен билан ўтган ҳар кун байрам - базм,

Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.

УЛУҒИМСАН, ВАТАНИМ!

Андижон шаҳри марказидаги Муҳаммад Юсуф майдонида эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 69 йиллигига бағишланиб, "Улуғимсан, Ватаним" деб номланган адабий-маданий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоятдаги олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари ўқитувчи, ўқувчи ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди.

Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. У шу халқ билан кулди, шу халқ билан йиғлади, унинг билан ёнди, фақат унга топинди. Бир жўмард ўғлидан эъзоз топган она юрт ҳам уни бошига кўтарди, бағрида ардоқлади, ёзганларини ватанпарварлик ва миллатсеварлик йўлида байроқ қилди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршидабону, Андижон давлат университети доценти, шоир Ҳалим Карим Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, шоир шеърлари халқимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада  мустаҳкамлашга хизмат қилишлигини таъкидлади.

Тадбир ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди.

Шоирнинг содда, самимий ва рост сўз айтиш иқтидори, айтганда ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўқиганда ёдингизга, куйлаганда тилингизга ўрнашиб, дарров қадрдон бўлиб қоладиган мисралари унинг шеърга илоҳий эътиқод қўйиб яшаганидан нишонадир.

Тадбирда ижодкор ва ҳаваскор ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар, шунингдек, шоирга атаб ёзилган шеърлар ўқилди, санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янгради. Бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Муҳаммад Юсуф таваллудининг 69 йиллигига бағишланган бу каби адабий тадбирлар вилоятдаги таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги +овунчи маҳалласида кечга қадар давом этди.

Восит АҲМАТХОНОВ

ЯНГИ КИТОБ:

"МАҒЛУБИЯТ ҒАЛАБАГА АЙЛАНДИ"

ёхуд АДОЛАТ ЙЎЛИДАГИ ФИДОЙИЛИК

"Ўзимнинг янги чоп этилган китобимдаги икки бобни Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясига бағишлайман, - дейди мамнуният билан андижонлик ёзувчи, "Мағлубият ғалабага айланди" китобининг муаллифи Одинахон Санжарбек қизи. - Чунки янги Конституциямиз ҳали-ҳамон учраб келаётган коррупция ва унинг оқибатида келиб чиқадиган адолатсизликларни бартараф этишимизга хизмат қилишига ишонаман".

Янги Ўзбекистонда истеъдодли ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда. Айниқса, иқтидорли, ижодкор опа-сингилларимиз сафининг ортиб бораётганлиги мамлакатимизда хотин-қизларга, ижодкор аёлларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин бир намунасидир.

Одинахон Санжарбек қизи ҳам ўз ижодий салоҳиятини намоён этаётган иқтидорли ижодкорлардан биридир.

Андижондаги "Ҳаёт нашри - 2020"   нашриётида чоп этилган янги - "Мағлубият ғалабага айланди" китоби ижодкорнинг ўзига хос қирраларини намоён этди. Китобда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси масаласи ўзига хос тарзда талқин этилади. Аниқроғи, унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ана шу ислоҳотларнинг чинакам жонкуярлари, замонамиз қаҳрамонларига айланаётган фидойи ҳуқуқшуносларнинг тимсоллари бадиий ифодаланади.

Публицистика жанрида ёзилган янги китоб асосан, бадиалардан иборат. Албатта, ҳар бир бадианинг алоҳида қаҳрамони бор. Улар давлат хизматчилари, ҳуқуқшунослар, оддий инсонлардир. Бадиалар ўзига хослиги, таниқли, мумтоз ва чет эл адабиёти намояндаларининг асарларидан ўринли келтирилган парчалар билан "бойитилган". Шу боис, китобхон эътиборини ўзига тортади.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясида ҳам айнан шахс эркинлиги, унинг мол-мулки, дахлсизлиги ва бошқа барча манфаатларини кафолатлашга хизмат қиладиган боблар бор. Конституциявий ислоҳотларнинг бошида албатта, маҳоратли ҳуқуқшунослар туради. Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ҳам шубҳасиз, уларнинг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур китобдан ижодкорнинг "Яшаяпсизми ёки кун кўраяпсизми?" номли боб ҳам ўрин олган бўлиб, унда муаллифнинг ҳаёти, бошидан ўтказган яхши ва ёмон кунларининг таҳлили орқали ўқувчининг "ўзлиги"ни топишга чорлайди. Бир сўз билан айтганда, китобхонга ҳаётий сабоқ беради.

+изиқарли,  ўзига хос кечинмалар баён этилган ушбу китоб ишонамизки, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлади.

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

КЎЗ ТЕГИШИ, СУҚ КИРИШИ КАБИ ІОЛАТЛАР ІАҚИҚАТДАН ҲАМ БЎЛАДИМИ?

Инсон руҳияти

Ҳа, бундай ҳолатлар ҳақиқатдан ҳам бўлади, бу ерда ҳеч қандай сир-синоат йўқ. Бу жараён инсон руҳияти билан боғлиқ жиҳат ҳисобланади. Масалан, туғилган кунини нишонлаётган ёки тўй соҳибига соғлик, узоқ умр, омад тилаймиз. Бизнинг тилакларимиз ана шу инсонга ижобий таъсир қилади. Унинг руҳиятини кўтаради. Бунинг акс натижаси ҳам бўлиши мумкин: агар инсонга салбий ҳиссиётларимизни (жаҳл, нафрат, ҳасад) изҳор этсак, унинг ҳаётида кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши мумкин. Шу ўринда ҳаётдаги ҳамма нарса, омаду омадсизликлар руҳият билан боғлик эканлигини асло унутмайлик.

Мазкур ҳолатни ўрганиш борасида олимлар томонидан жуда кўп тадқиқотлар олиб борилган. Россиялик олимлар ўтказган тадқиқотда қатнашган шахс 1-хонада туриб 2-хонадаги инсонга хаёлан ўзининг салбий ҳиссиётларини (уни ўзига душман ҳисоблаб) жўнатади. 2-хонада ўтирган инсон эса ўзини ноқулай сезиб, кайфиятини, ўзига бўлган ишончни йўқотади. Натижада 2-хонадаги киши ўзига хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар қилиб, кўнгилсиз, ноқулай ҳолатга тушиб қолади. Шундан сўнг топшириқ ўзгариб, 2-хонадаги инсонга ижобий ҳиссиётлар юборилади. 2-хонада ўтирган инсоннинг кайфияти кўтарилиб, ўзини яхши ҳис қила бошлайди

Турли фасл, турли кун ва вақтларда, турли ёшдаги кишилар ўртасида ўтказилган бу каби тадқиқот қатнашчиларининг аксариятида юқоридаги сингари ҳолат қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, квант физикаси оталари бўлмиш Бор, Гейзенберг, Шрёдингер каби олимлар мияни жараёнларга таъсир ўтказувчи физик масса деб ҳисоблаганлар. Юқоридаги каби тадқиқотлар натижалари эса улар илгари сурган фикр тўғри эканлигини кўрсатади. Қатор мамлакатларда олимлар томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижаларига кўра, инсон фикри ва ҳис-туйғулари ҳайвонлар, ҳатто, техника воситалари, турли жиҳозларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши аниқланган. Халқимизда: "Кўзли одам турган отни йиқитади", деган ибора ҳам бежиз айтилмаган бўлса керак.

Хулоса ўрнида азиз газетхонларга шундай тавсия берамиз: Сизга кўз тегмаслиги учун қалбингизга ижобий ҳис-туйғуларни жо қилинг, доимо яхшилик ҳақида ўйланг, ҳасаддан йироқ бўлинг, очиқ кўнгил инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилинг. Турмушдан нолийдиган, салбий фазилатларга эга инсонлардан узоқроқ юринг.

Ферузахон ҲОЖИМАТОВА,

Булоқбоши туманидаги 18- ДМТТ психологи.

АЁЛНИНГ ҲАЙДОВЧИ БЎЛИШИ ОСОНМИ?

Орамиздаги аёллар

Аёлларга кўпроқ қайси машинани миниш ярашади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? "Спарк"ми ёки "Жентра"? Ёки энг сўнгги русумдаги "иномарка"ми? Пул бўлса, ҳар қандай машина ҳам ярашаверади, дейдиганлар топилади.

Тўғри, кейинги пайтларда автомашина ҳайдайдиган аёллар сони кўпайган. "Матиз", "Спарк", "Нексия", "Ласетти"... Хуллас, уларни барча автомобиллар   бошқарувида кўришимиз мумкин. Фақат "Дамас" минадиган аёллар бироз камроқ.

-  "Дамас" - аёллар учун анча ноқулайда, - дейди 35 йилдан буён ҳайдовчилик қилиб келаётган Ҳамрохон Шералиева. - Нозик хилқат вакилаларига бу машина ярашмайди, чунки қаттиқ, худди юк машинасидай. Аммо "тирикчилик қиламан", деган одамга бу - яхши машина! Мана, 15-20 йилдан бери миниб, тирикчилик қилиб келаяпмизу.

Эски шаҳардан - Оқ-ёр қишлоғига қатнайдиган "41" йўналишида 10 га яқин ҳайдовчи «Дамас» минади. Улар орасида албатта, Ҳамро опанинг алоҳида ўрни бор. Аёл ўзининг "Дамас"ини жуда яхши кўради. Ҳар тонг ювиб-тозалаб, "стоянка"га навбатга қўяди. Ҳайдовчилар ҳар 10 дақиқада навбат алмашадилар. Ҳеч ким бекатда соатлаб кутиб қолмайди.

-      Машина йўловчи билан тўладими-тўлмайдими, шеригимизнинг навбати келдими, дарров бекатдан жиламиз. Оллоҳ берса, қолгани йўлдан чиқади, - дейди ҳайдовчи аёл.

Ҳамро опанинг айтишича, ҳайдовчилик аввалига унинг учун севимли машғулот(хобби) бўлган. Аммо бора-бора ҳаётий зарурат, даромад топиш манбаига айланган. Аёл савдо-сотиқ қилиш билан бирга, "Дамас" автомашинасида киракашлик ҳам қилади.

- Аёл киши тадбирли бўлиши керак-да, синглим!, - дейди у. - Оилада ҳар-хил вазиятлар бўлади. Эркак кишининг топиш-тутиши яхши бўлса-ку, нур устига - аъло нур. Аммо рўзғорга етказа олмасачи? Тўрт мучаси соғ, ишлашга имконияти бўла туриб, "берсанг - ейман, урсанг - ўламан!", деб ўтирган аёлдан қандай қилиб яхши хотин чиқиши мумкин? Эримга харна енгиллик бўлади, деб ёнига кириб, биргаликда савдониям юргизамиз, кирагаям бирга чиқамиз. 

Шералиевлар оиласи бекат ёнидаги эски дўконни кенгайтириб, Минимаркет очишди. Оиланинг барча аъзоси савдо-сотиқ билан банд. "Дамас"ни навбатга қўйиб қўйишган. Орада ғир этиб, шаҳарга йўловчи ташиб туришади.

- Бу кунлар ўз-ўзидан келгани йўқ. Эҳҳе, не-не қийинчиликларни кўрмадик, дейсиз. Уч нафар ёш болам билан ижарама-ижара сарсон бўлганмиз. Кези келганда бозорда юк ташидик, киракашлик қилдик, фаррошлик, деҳқончилик билан шуғулландик. Нима бўлгандаям, тинмадик. Муҳими, ҳалол меҳнат қилдик. "Эр-хотин - қўш хўкиз" дейишади-ку, ахир. Мана, ҳозир ўз уй-жойимиз, иккита машинамиз бор, фарзандларни уйлаб-жойлаганмиз. Ҳаракат қилганга - Оллоҳ бераркан, - дейди аёл.

Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди. Тўғри, киракаш аёллар жуда кам. Боз устига, "Дамас" минадиганлари. Аммо менимча, киши қайси касб-корнинг этагидан тутиши аҳамиятсиз, муҳими, топгани ҳалол бўлсин! Ҳалол меҳнат билан топилган ризқда эса барака бор!

Муаззам СОБИРЖОН қизи

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

Иншолар танлови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Иқбол" газетаси томонидан амалга оширилаётган "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги  умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида

 

"Ислоҳотлар жамиятга нима беради?" мавзусида иншолар танлови ўтказилади.

Танлов низомига кўра, мактабларда энг яхши, деб топилган иншо танловнинг туман, шаҳар босқичига тақдим этилади. Туман, шаҳар босқичларида 1- ва 2- ўринга муносиб кўрилган ижодий ишлар танловнинг вилоят босқичига тавсия этилади.

Туман, шаҳарлар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан танловнинг вилоят босқичига тақдим этилган иншолар танловнинг вилоят босқичи ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади.

Иншоларни кўриб чиқишда унинг мазмунига, мавзу қай даражада очиб берилишига, иншо ёзиш бўйича белгиланган мезонларга амал қилинишига эътибор қаратилади.

Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

Қадрли ўқувчилар! Танловда иштирок этиб, ўз билимингиз ва салоҳиятингизни синовдан ўтказинг.