+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

Иншолар танлови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Иқбол" газетаси томонидан амалга оширилаётган "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги  умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида

 

"Ислоҳотлар жамиятга нима беради?" мавзусида иншолар танлови ўтказилади.

Танлов низомига кўра, мактабларда энг яхши, деб топилган иншо танловнинг туман, шаҳар босқичига тақдим этилади. Туман, шаҳар босқичларида 1- ва 2- ўринга муносиб кўрилган ижодий ишлар танловнинг вилоят босқичига тавсия этилади.

Туман, шаҳарлар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан танловнинг вилоят босқичига тақдим этилган иншолар танловнинг вилоят босқичи ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади.

Иншоларни кўриб чиқишда унинг мазмунига, мавзу қай даражада очиб берилишига, иншо ёзиш бўйича белгиланган мезонларга амал қилинишига эътибор қаратилади.

Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

Қадрли ўқувчилар! Танловда иштирок этиб, ўз билимингиз ва салоҳиятингизни синовдан ўтказинг.

КИТОБ АКЦИЯСИ

Китобхонлик тарҒиботи

Андижон давлат педагогика институти ахборот-ресурс марказида "Китоб -инсониятнинг қалб гавҳари, тафаккур хазинаси" мавзусида китоб акцияси тадбири бўлиб ўтди.

Институтнинг мусиқий таълим йўналиши талабалари ижросида доира садолари остидаги тадбирни кириш сўзи билан бошлаган институт биринчи проректор М.Парпиев китобнинг инсон ақлий тараққиёти ва маънавий камолотидаги буюк роли тўғрисида тўхталди. Киши онги ва фикрлаш қобилиятини ошириш ҳамда дунёқарашини кенгайтиришда китобнинг хизмати беқиёс эканлиги инситут педагогика факулътети декани Ш.Ҳасанов сўзларида ўз аксини топди.

Олийгоҳнинг ўзбек тили ва адабиёти ҳамда педагогика факулътетлари талабалари бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлмиш китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга оид фикр-мулоҳазалар билдирди, шунингдек, китобнинг тарихи ҳақида маълумотлар бердилар.

Андижон шаҳридаги 20-умумтаълим мактаби ўқувчилари ижро этган гўзал рақслар ва 8- синф ўқувчиси Муслима Набижонованинг "Наврўз, сени соғиндик" шеъри барчага манзур бўлди.

   Тадбир якунида инситут ахборот-ресурс маркази раҳбари Садоқат Муродова марказда амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқбол режалар ҳақида сўзлаб, фаол китобхонлар Дурдонахон Солижонова ва Зарнигор Мирзажоновага эсдалик совғалари топширди.                                                      

Муножатхон НИЗОМОВА,

ахборот- ресурс маркази услубият бўлими бошлиғи.

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ КАСБГА МАСЪУЛИЯТДИР

Педагог минбари

Маълумки, жорий йил мамлакатимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинган. Сифатли таълимни таъминлаш эса, энг аввало, педагоглардан ўз касбига масъулият билан ёндашишни тақозо этади. Бу дегани, ҳар бир ўқувчи билан унинг билими, савиясига қараб алоҳида шуғулланиш, кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиш, ҳар бир дарсга пухта тайёрланиш каби омилларга эътибор қаратиш демакдир. Шундагина, дарсларимиз сифатли ва албатта, натижадор бўлади.

Умуман, ҳақиқий ўқитувчи дарсга аниқ режа билан ҳамиша тайёр туриши лозим. Агар ўқитувчи билимдон, ижодкор, ўз устида тинимсиз ишлашдан тўхтамайдиган бўлса, у ота-оналар, жамоа, ҳатто кузатувчию текширувчи олдида мулзам бўлиб қолмайди. Бунга эришишда ўқитувчилар бир-бирларининг дарс ўтиш услубларини ижодий ўрганиши, илғор педагогик ҳамда миллий тарбия усулларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамияткасб этади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчисига дарс ўтишда қўлланилаётган турли ўйин, усуллар ўрганилаётган мавзуни очиб беришга хизмат қилишига эътибор қаратиш лозим. Чунки жажжи ўқувчига ўйин-машғулот орқали таъсир ўтказиш яхши самара беради.

Бошланғич синфларда ўқиш дарсларини эса "Кутубхонага саёҳат" усули билан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўқувчиларнинг ўқиган, айни пайтда мутолаа қилаётган китоблари қаҳрамонлари ҳақида суҳбатлар ўтказилади. Натижада ўқувчиларнинг ғоявий-маънавий билимлари ошади. Ўқувчиларни ўтган мавзу бўйича билимларини мустаҳкамлашда эса, ҳаракатли кўргазма - "Бармоқ театри" наф келтиради. Ролларни ўқувчиларнинг ўзлари ҳеч қандай кўмаксиз ижро этишларига имкон яратилади. Ўқиш дарслигидаги айрим мавзу матнларини "Занжир", "Кластер" каби интерфаол усуллардан, саҳна кўринишларидан фойдаланган ҳолда тушунтириш ҳам ижобий самара беради. Ўқувчилар видиопроектор орқали намойиш этилган слайдлар, халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар воситасида ростгўйлик инсонга хос бўлган энг улуғ фазилат эканлигини англаб етадилар. Мавзуни математика, она тили, инглиз тили, табиат, технология фанларига ва ҳаётий унсурларга боғлаш натижасида ўқувчилар фаоллик билан мисоллар келтиришга уринадилар.

Бошланғич синф  ўқувчилари билан ишлашнинг ўзига хос томонлари бор. Мактаб дастурида ҳар бир ўқувчига йил давомида бериладиган билим, малака ва кўникмаларга нисбатан талаблар аниқ белгилаб қўйилган. Кўп йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, сифатли ва самарадор дарс маҳоратли, ўз касбининг билимдони ва фидойиси бўлган ўқитувчининг ижодкорлиги туфайли яратилади. Ўқитувчининг равон нутқи, дарсни тўғри ташкил этиши ўқувчилар томонидан мавзуларни тез, осон ўзлаштиришга замин яратади.

Мен дарслар давомида "Энг билимдон ўқувчи", "Заковат", "Интерфаол", "Ақлий ҳужум", "Тармоқлаш", "Ижодкор ўқувчи", "Чиройли ёзув соҳиби" каби танловлар, баҳс-у мусобақалардан фойдаланаман. Булар ўқувчининг билимига билим қўшибгина қолмасдан қўшимча адабиётлардан фойланиш кўникмасини ҳам шакллантиради. Натижада ўқувчини мактаб, туман даражасидаги турли танловларда ҳам қатнашишга тайёрлайди.

Ўқувчиларнинг пухта билим олишларида ота-оналарнинг ўрни муҳим. Мен ҳар бир ўқувчининг ота-онаси билан бевосита боғланиб, болаларининг билим олиши билан боғлиқ ҳолатлар, жараёнлардан хабардор қилиб бораман. Биз ўқитувчилар ҳаётимиз давомчилари бўлмиш болаларнинг олтин даврини билим билан бойитишда шундай йўл тутсак, масълиятни ҳис этсак сифатли таълим бера оламиз, ўзимиз кутган натижаларга эришамиз.

 

 Ойтожихон УСМОНОВА,

Андижон туманидаги 24- умумтаълим мактаби  бошланғич синф ўқитувчиси.

ОДАМ БОРКИ, ОДАМЛАРНИНГ НАҚШИДИР

эътироф

Истеъдодли журналист, камтар ва кичиккўнгил инсон Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шукрулло Неъматов ўзининг олтмиш ёшини қарши олмоқда. Устознинг касбий фаолияти, ижоди, инсоний фазилатлари ҳақида жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин шу ўринда ҳакасбимизни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга тани сиҳатлик, узоқ умр, хонадонига тинчлик-хотиржамлик, келгусидаги ишлари ва ижодида омадлар тилаб, марҳум устозимиз Абдумутал ҳожи Абдуллаевнинг умрининг сўнгги кунларида Шукрилло Неъматов ҳақида ёзган мақоласини ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.

Таҳририят.

Ҳар бир одам ноёб мўъжиза! Унинг сир-синоатини тушунмоқ мушкул. Негаки, у энг аввало  ўзини англаши зарур. Аммо мияни заковат, қалбни маърифат, мақсадни ибодат, кўнгилни ҳидоят, ҳаётни ҳақиқат билан безамай туриб, бу ниятга етмоқлик душвор. Бунинг учун бир олам орзу-истакдан ташқари Худо берган севги, муҳаббат, сабру бардош, чидам ва ирода керак. Мен Аллоҳнинг суюкли бандаси Шукрулло Неъматовнинг ана шу фазилатлар билан зийнатланганини сезиб, унинг эл-юрт, миллат ва дину диёнат тараққиёти учун рўёбга чиқараётган эзгу амалларини кузатиб бораман.

Ўқувчида муаллиф таърифу тавсифда бироз ҳаддан зиёдаликка чалғибди, деган иштибоҳни сўндириш умидида айрим воқеа, кечинма ва далилларга тўхталиб ўтишни лозим деб биламан.

Бир қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлгандик. Андижонлик адиблардан бири "Hamkorbank" АТБ Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов қабулига кириб, навбатдаги китобини чоп эттиришга моддий ёрдам беришини сўради. Тан олмоқ жоиз,  кутилган маблағ анча салмоқли бўлиб, анча-мунча ижодкор бундай йирик сармояни ўзгадан орзу қилишга-да юраги ботинмас эди. Одатда бундай ҳолатларда раҳбар кўпроқ Шукруллонинг тавсия ва маслаҳатини инобатга оларди. Мурожаат қилган Зот ўртамиёна қалам соҳиби эди, бироқ ўзининг номуносиб хатти-ҳаракати, муомала маданиятининг терслиги, бетгачопарлиги билан ҳамкасбларининг, шунинг баробарида бир пайтда Шукруллонинг ҳам анча дилини оғритганди. Шу боис бу сўров изсиз қолиб кетишини кутгандик. Шундай қилиб, сўнгги фикр Шукруллода қолди. У эса хайрли амал йўлини тўсмади. Шунда биз ундан бироз ранжиганимизни билдирдик. Ўша кимсанинг ўзига нисбатан нохолис, номуносиб муносабатини эслатишгача бориб етдик. Яхши одамнинг жавоби ҳам ўзига яраша чиқди:

- Опоқдадам мулла Неъматхоннинг "Ҳаммага бирдек яхшилик қил, болам !", дадам Мадамин полвоннинг "Камтарлик шиоринг бўлсин!", Онам Шарофхоннинг "Ҳеч кимга дилозорлик қилма!" деган ўгитларига амал қилиб яшашга одатланганман. Раҳматли дадам яна доимо болам, сени бир марта ёмонлаган киши ҳақида санаб қирқ марта чиройли сўз айт. Азиз-авлиёлар насиҳатига амал қил. Шунда умр поёнида ўзинг тўғрингда ёмон гап айтувчи одам қолмайди. - қачон кимдандир гина қилсам, падари бузрукворимнинг мана шу ўгити ёдимга келади. Майли ўзим ютқазай, майли  азият чекай, аммо бундай кўргуликларни душманимга ҳам раво кўрмайман, кўролмайман.

Ҳусайн воиз Кошифий "Аҳд қилишнинг маъноси кўнгил хоҳлаган иш устида маҳкам туришдир" деб ёзган эди. Чиндан ҳам ҳақиқий аҳд шундайки, бир киши бирон ишни амалга ошириш учун бел боғласа ва бир муҳим ишни битиришга киришса, ҳар нечук қаршилик ва тўсиқларни енгиб, ўз мақсадига эришишда асло сусткашликка йўл қўймайди. "Йигит сўзидан, арслон изидан   қайтмас" деган мақол бежиз айтилмаган. Биз бу иддаога батафсил тўхталишимизнинг боиси шуки, Шукрулло ҳам "айтса қўрқмайдиган, қўрқса айтмайдиган"лар тоифасидан. У айниқса эл-юрт, жамоа манфаати учун "сув келса симириб, тоғ келса кемиришга" қодир матонат, иштиёқ ва сабру тоқат эгасидир.

Келинг, гапни ўтлатмай аниқ мисолларга ўтайлик. У Андижон вилоят телерадиокомпанияси директорлигига тайинланганида, бу ердаги аҳвол анчайин ночор эди. Биринчидан, шундай нуфузли муассасанинг уч қаватли биноси таъмирталаб, фасад ва ички деворлар нураб бўлганди. Иккинчидан, телерадиокомпаниянинг инженерлик коммуникация тармоғи ҳамда техника базаси маънавий эскирган, шу сабабли кўрсатувлар сифати ҳақида телетомошабинлардан ҳақли эътирозлар тушиб турарди.

 Раҳбар, нима қилганда ҳам дастлабки икки масалани тезроқ бартараф этишга киришди. Чунки бу вазифанинг ижобий ечими учинчи муаммо ҳал бўлиши учун бевосита таъсир кўрсатишини у яхши тушунарди. Албатта "ҳолва деган билан оғиз чучимайди". Чўнтагингда пулинг бўлса, кафтингда шўрва қайнайди. У юқорида қайд этилган камчиликларни тўғрилаш учун қанча маблағ кетишини билиш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлади. Ана шундан сўнг масалани республика телерадио-компанияси ва Андижон вилояти ҳокимлиги олдига қўйди. Мутасаддилар тегишли ҳужжатлар билан танишганларидан кейин ҳам узоқ ўйланишди. Чунки ўша 2013 йилда қурилиш-таъмирлаш учун талаб этилаётган сармоя хийла залворли рақамдан иборат эди. Орадан бир муддат ўтиб, пойтахтдан мутахассислар ташриф буюришди. Улар бинонинг ички ва ташқи кўринишлари, жамоанинг техник воситалари билан яқиндан танишганларидан сўнг, чиндан-да директорнинг ташвишлари ўринли эканлигини тасдиқладилар. Шу тариқа Ҳукумат тавсиясига асосан маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди. Ўз навбатида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Телерадиокомпаниянинг ташқи фасади, саҳни тубдан янгиланди. Чўлпон шоҳкўчаси бўйлаб муассаса ҳудуди янгидан ўралиб, бино олд қисми ва ҳовлисида боғ, токзор барпо этилди. Бир йил деганда телерадиокомпания биноси замонавий дизайн асосида кўркам кўринишга эга бўлди.

Журналистлар жойлардан кўрсатув тайёрлашлари учун албатта ўша корхона ёки ташкилотдан транспорт чақиришларига тўғри келар эди. Бу эса ўз навбатида иқтисодий-молиявий ва ташкилий жиҳатдан қарамликни юзага келтирарди. Ана шуни ҳисобга олиб, раҳбар корхонанинг бюджетдан ташқари ишлаб топган маблағлари ҳисобидан уч йилда 2 та енгил автомобиль сотиб олишга эришди.

 Шукрулло Неъматовда шахсий манфаат деган тушунча борлигини билмайман. Аммо  жамоаси учун "жон олиб, жон бериши"га кўп бор гувоҳман.

... Дарвоқе, компаниядаги учинчи муаммо ҳақида. Гап шундаки, ўша кезлари жамоада каттага иззат, кичикка ҳурмат, аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларга путур етган эди. Бунинг сабаби оддий: ходимларга етарли шарт-шароит яратилмаганлиги, ойлик маошлар ва реклама тушумларидан олинадиган фоизларнинг камлиги журналистларнинг кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмас эди. Шукрулло бу борада бир қанча ислоҳатларни рўёбга чиқарди. Айниқса, ёшларни қаттиқ қўллаб-қувватлади, уларнинг бошини силади, касбга меҳрини, садоқатини ошириш йўлларини қидирди. Ана шундай уйғониш, ташаббускорлик, ижодий кўтаринкилик тез орада ўз самарасини кўрсатди. Бир далил: Андижон вилояти телерадиокомпанияси республикада биринчи бўлиб, рақамли кўрсатувларни бошлади, вилоят радиоси эса FM тўлқинига ўтказилди.

Телевидениеда ижодий ишлар ҳам авж олди. Янги кўрсатувлар, янги лойиҳалар бирин-кетин эфирга узатила бошланди. "Инсон ўзинг", "Андижон томонларда", "Андижон: кеча ва бугун", "Авто рейд", "Дилга ташриф" каби муаллифлик ва жамоавий кўрсатувлар томошабинлар қалбидан жой олди.

Ҳаёт фақат қувончдан иборат эмас. Бу ёруғ оламда иллатдан ҳикмат эмас, ҳикматдан иллат излайдиганлар кўп. Телерадиокомпания раҳбарининг обрў-эътибори ортиб бораётганлиги, тиришқоқлиги, ғайрат-шижоат билан ишлаши кимларгадир хуш келмади. Хуш келмаганининг исботи шуки, жамоа айни гуруллаб, тараққий этаётган паллада тафтишчилар ташриф буюрди. Роса бир ой ҳаммаёқни икир-чикиригача элакдан ўтказишди. Мана шу фитна ташкилотчилари билмадики, ўзлигини унутиб, умум манфаатидан баҳра оладиган инсон ҳеч қачон қинғир ишга қўл урмайди, муқаддас даргоҳга ғубор қўндирмайди. Тўғри, бир нафснинг қилмишини қирқта шайтон эплай олмас. Шукрулло, ўша нафсдан ҳам, одамни эс-ҳушидан айрийдиган шайтонбаччалардан ҳам устун эди. У араб донишманди Саҳл ибн Абдуллоҳ каби нафсини хумга қамаб қўйган эди. Ҳаромдан ҳазар қиладиган раҳбарга пировардида елкасига "катта юк" ортиб келган тафтишчилар ҳам тан бердилар.

Шукрулло Неъматов талабчан раҳбар бўлиши билан бирга истеъдодли қалам соҳиби сифатида ўз мухлисларига эга. У доимо ижтимоий ҳаётнинг энг оғриқли, долзарб муаммоларини кўтариб чиқади. Ёзган мақолаларининг сарлавҳасиданоқ бу фикрга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Унинг "Қамчиқ довонига автобус қўйилса", "Йўлдаги ўйлар", "Бензин озайса, ғишт кўпаядими?", "Деҳқон бозори: у чиндан ҳам деҳқонникими?", "Мактабдаги машмашалар", "Йўловчига қулайлик керак!", "Асфальтга тупроқ ямоқми?" сарлавҳали долзарб мавзудаги мақолалари тармоқ, вилоят, республика нашрларида чоп этилган.

Куюнчак журналист мамлакатда биринчи бўлиб юрак ютиб, Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг техник носозликлари тўғрисида шов-шувли мақола тайёрлаб, менга кўрсатди. Мен эса бу масалада бироз шошмаслик кераклигини айтиб, мақолани чоп эттирмаслик ҳақида ўз мулоҳазамни баён этдим. Ҳолбуки, ўша публицистик чиқишда кўрсатилган камчиликлар ҳамон давом этмоқда...

Дўст сафарда, бошга иш тушганида, хасталик ёпишганида билинади.  Ва яна у мансаб отига минганида ҳам ўзлигини намоён этади. Шу боис ҳам, имом Ғаззолий "Сабр икки турлик бўлур, биринчиси камбағалликда, иккинчиси кишига амал, шуҳрат ва бойлик келганида синалур. Шу важдин, иккинчи ҳолатдаги сабр улуғроқдир" деб насиҳат қилган эди. Чиндан ҳам шундай. Айрим "Зоти шарифлар" борки, лавозимга кўтарилганида нафақат биров, балки ўзини ҳам таниёлмай қолади. Гўёки, бир кунда ақли тўлишиб, ҳаммадан билимли, ақлли, тажрибали  донишмандга айлангандай. Шукрулло бу "чиғириқ"дан ҳам осойишта ўта олди. У Марҳамат тумани ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмаларининг "Ҳимоя" газетаси, вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ҳокимлигида нуфузли курсиларни эгаллаганида ҳам табиатида бирон бир ўзгариш, кеккайиш, такаббурлик, манманлик, кибру ҳаво каби иллатлар сезилмади. Аксинча, хизмат пиллапояларидан юқорилагани сайин камтарлик, оддийлик, соддадиллик, меҳр-оқибат, кўнгил ошуфталиги, ғамхўрлик, хайру саховат каби инсоний фазилатлари янада сайқал топди. Биз "Тахти равон"га чиқиб олгач, олий ўқув юрти ректорлари, катта-катта амалдорларни ҳам "ҳузури муборакка" чорлаб қўйиб, ўзи соатлаб пашша қўриб ўтиришдан лаззатланган "валломат"ларни ҳам кўрганмиз. ўша лавозимни ота мерос билиб, дуч келган кишига дўқ-пўписа, зулм, калондимоғлик қилганларни айтмайсизми? Дунё чархпалак, бугун ўзини осмони фалакда ҳис қилган раҳбар эртага оёқ остида ўралашиб қолганини  кўриб, ачинганмиз, "Ҳоли вой бўлибди-ку", дея раҳмимиз келган. Шукрулло эса доимо мана шундай ҳолатлардан юқори, баланд мақомда ишлаб, ҳаёт йўлига эзгулик уруғларини сочиб яшамоқда.

Вилоят ҳокимлигининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича котибияти мудири лавозимидаги фаолияти давомида республика ва вилоят миқёсида ўнлаб лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда 7 апрель Бутунжаҳон саломатлик кунини Андижон шаҳридаги Навоий боғида оммавий тарзда нишонлашни йўлга қўйди. Шу тариқа ушбу байрам 2007 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади. Ўша куни минглаб одамлар бепул тиббий кўрикдан ўтиш имкониятига эга бўлишади. Хонободда 2007 йилдан буён ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивалига ҳам вилоят маданият ва спорт бошқармаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда пойдевор қўйилган.

Шукрулло Неъматовда Худо берган яна бир ноёб истеъдод борки, унга кўпчилик ҳавас қилади. Бу мустаҳкам хотира, кучли қувваи ҳофиза билан боғлиқ қобилиятдир. Бир шеър ёки ҳикматли сўзни икки-уч бор эшитса бас, қулоғига қўрғошиндай қуйиб, миясига муҳрлаб олади. Шу боис ўзбек адабиётининг атоқли адиблари шеърларини ёддан ўқий бошлаганида ҳайрат ва завқ-шавққа тўлиб тошасиз. Унинг соҳир овозидаги ёқимли, ўзига хос оҳанг қалбингизни титратади, вужудингизда тотли туйғулар бош кўтаради. Андижоннинг кўзга кўринган шоир ва ёзувчилари даврасида Муҳаммад Юсуф, Олимжон Холдор, Тўлан Низом, Ҳалим Карим ашъорларини ўқиб, улуғлардан неча бор олқиш олгани ёдимизда.

Шукруллонинг "Отам орзу қилган кун"ини ўқиб, бутун борлиғим ларзага келди. Табиийки ота боласининг феъл-атвори, юриш-туриши ва табиатини беш панжасидай билади. Аммо фарзанднинг отасига шундай ҳайратомуз қузатуви ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган катта бахт. Ахир сиз, мажозий маънода  айтганда "Отангизни тирилтириб қўйибсиз-ку". Бу шунчаки қалам меваси эмас, бу юракнинг туб-тубига ўрнашган ва тошга ўйилган ёзув каби таобад ўчмайдиган мангу муҳаббатдир.

Буюк боболаримиздан бири Нажмиддин Кубро "барча яхшиларни қамраб олган сифатлар ичида энг қадрлиси хулқ гўзаллигидир" деб ёзган эди. Биз эса Шукрулло Неъматов табиати ва ахлоқида ана шу гўзалликни кўриб, беихтиёр Навоий ҳазратларининг "Одам борки, одамларнинг нақшидир", деган байти ёдимизга тушади. 

 

Абдумуталиб АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Оила мавзусига бағишланди

Тадбир

Андижон шаҳридаги 8- умумтаълим мактабида "Оила - муқаддас гўша" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мактабнинг 11- синф ўқувчилари иштирокидаги тадбирда мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Восит Аҳмад "Баракасини берсин" бадиий фильми ҳамда таниқли адиб Асқар Мухторнинг "Илдизлар " қиссаси воқеалари мисолида оилани мустаҳкамловчи омиллар ҳақида сўз юритди. Жумладан, эр-хотиннинг бир-бирига ўзаро ҳурмати, сабр-қаноат, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш, оилада маънавий муҳитни  қарор топтириш каби жиҳатлар ҳақида кенг тушунчалар берилди, ўқувчиларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари ҳам тингланди.

Тадбир ўқувчи ёшларнинг оила ва оилавий қадриятлар ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.

Одинахон ҲАЙДАРОВА,

мактабнинг кутубхона мудираси.

Конституцияга талаба ёшлар бефарқ эмас

ТарҒибот тадбири

Андижон давлат чет тиллари институтида "Янги Ўзбекистоннинг янги конституцияси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси     конституциявий қонуни лойиҳаси тарғиботига бағишланган давра суҳбатида институт профессор-ўқитувчилари, тюторлари, талабалари, депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда институтнинг Ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Шукуржон Маматқулов,  вилоят кенгаши қонунийликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси Мансуржон Бобохонов сўз олиб, "Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти, унга киритилган ўзгартиришлар, нормалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди. Янгиланган қомусимизнинг инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият ва юрт тараққиётидаги ўрни ва роли ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирди.

 Янгиланаётган конституция  жамиятимизнинг ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланиб, ушбу ҳужжатда белгиланган "Янги Ўзбекистон" ёшларига яратилган кенг имкониятлар, таълим соҳасига қаратилаётган эътиборга оид нормалар, шунингдек, жорий йил 30 апрел куни ўтказиладиган референдум ҳақида тушунчалар берилди. Давра суҳбатида талабалар янги таҳрирдаги конституцияга бефарқ эмасликлари, бўлажак референдумда уни қўллаб-қувватлаб, овоз беришларини билдирди.

Дилшода Абдумуталибова,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.

Конституцияга талаба ёшлар бефарқ эмас

ТарҒибот тадбири

Андижон давлат чет тиллари институтида "Янги Ўзбекистоннинг янги конституцияси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси     конституциявий қонуни лойиҳаси тарғиботига бағишланган давра суҳбатида институт профессор-ўқитувчилари, тюторлари, талабалари, депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда институтнинг Ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Шукуржон Маматқулов,  вилоят кенгаши қонунийликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси Мансуржон Бобохонов сўз олиб, "Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти, унга киритилган ўзгартиришлар, нормалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди. Янгиланган қомусимизнинг инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият ва юрт тараққиётидаги ўрни ва роли ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирди.

 Янгиланаётган конституция  жамиятимизнинг ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланиб, ушбу ҳужжатда белгиланган "Янги Ўзбекистон" ёшларига яратилган кенг имкониятлар, таълим соҳасига қаратилаётган эътиборга оид нормалар, шунингдек, жорий йил 30 апрел куни ўтказиладиган референдум ҳақида тушунчалар берилди. Давра суҳбатида талабалар янги таҳрирдаги конституцияга бефарқ эмасликлари, бўлажак референдумда уни қўллаб-қувватлаб, овоз беришларини билдирди.

Дилшода Абдумуталибова,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.

ШИРМОНБУЛОҚЛИКЛАР ҒОЛИБ

ТАНЛОВ

Булоқбоши туманида "Ёш чегарачилар" мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, халқ таълими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда тумандаги 55-, 68- ихтисослашган давлат умумтаълим мактаблари ҳамда 4-,    19-, 26-, 20- ва 23- умумтаълим мактаблари жамоалари қатнашдилар.

Президентимизнинг ўтган йилнинг декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида юртимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш юзасидан айтиб ўтган  фикр-ларидан келиб чиқиб, қолаверса, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга, ҳарбий   бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган танловда ўқувчи ёшлар ўзларининг ҳарбий соҳадаги билим ва кўникмаларини намойиш этишди.

Мусобақа қатнашчилари сафда қўшиқ айтиш, , югуриш, турникка тортилиш, қуролни     қисмларга ажратиш ва йиғиш, кўргазмали воситаларни намойиш этиш шартлари асосида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли баҳсларга бой бўлган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Ширмонбулоқ маҳалласида жойлашган 55- ИДУМ жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мусобақада иккинчи ўрин 68- ИДУМ, учинчи ўрин эса, 55- умумтаълим мактаби жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорларни туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича

ўринбосари, лейтенант.

Ҳайқириб оқаётган дарё мисоли

фаол аёлларимиз

"Бугун  ҳар биримиз чексиз миннатдорлик ҳисси билан Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган аёл зотига - меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз,  лобар қизларимиз шаънига энг гўзал сўзларни айтишимиз табиийдир. Биз сизларни энг аввало, фидоийлик тимсоли деб биламиз. Меҳри дарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр   қарздормиз ..." дея эҳтиром кўрсатганди мунис аёлларимизга  юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳалқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида.

Бу сўзлар кўплаб тиришқоқ ва меҳнаткаш, фидоий аёлларимизни таърифлаганидек  Булоқбоши тумани маданият маркази раҳбари Холисхон Жалолова ҳақида ҳам айтилгандек гўё. Юриш-туришида шиддат акс этиб турадиган, ишга масъулият билан ёндашадигон  бу аёлдаги жўшқинликни кўрган киши кўзлари олдига ҳайқириб оқадиган дарё келади беихтиёр.

Холисхон Жалолова Тошкент давлат маданият институтини 1985 йили битиргач, туман ҳокимиятининг бир қатор масъул лавозимларида фаолият кўрсатди. Шу билан бирга, Москвадаги олий партия мактабида ҳам таҳсил олди. Мана бир неча йилдирки, тумандаги маданият маркази раҳбари сифатида хизмат қилиб келмоқда. Ўттиз йилдирки, туманнинг маънавий-маърифий, маданий ривожланишига ҳисса қўшиб келаётган Холисхон опа ташаббускор ва янгиликларга интилувчан раҳбар сифатида марказ жамоасида ҳурмат қозонган. Ишда талабчан раҳбар меҳнат ва ижро интизомини йўлга қўйиб ҳукуматимизнинг соҳага оид  қарор ва фармонларини, топшириқларини ўз вақтида адо этиб келмоқда.

Ўз ишининг етук мутахассиси, ишбилармон аёл сифатида ўз фаолиятида оила ва хотин-қизлар, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлимлари, ҳалқ таълими, Ёшлар иттифоқи, мудофаа бўлимлари  ҳамда сиёсий партиялар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Улар билан ҳамкорликда кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашув ва кечалар ташкил этган.

Туман аҳолиси, айниқса, ёшлар маънавиятини оширишдаги хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. У "Ўзбекистон Мустақиллигининг 15  йиллиги", "Мустақилликнинг 25 йиллиги ", "Ўзбекис-тон Конституциясининг 30 йиллиги"  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Маданият ва санъат фидокори"  кўкрак нишонлари билан мукофотланган. Жорий йилди эса "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди.

- Тумандагина  эмас, балки вилоят, республика миқёсидаги чиқишлар,  байрам тадбирларида иштирок этиш катта масъулият талаб этади, - дейди Холисхон опа Жалолова биз билан суҳбатда. - Ана шу масъулиятни ҳис этган жамоамиз нозик дидли ҳалқимизга хушкайфият бағишлайдиган дилбар наволар, гўзал рақслар билан хизмат қилиш йўлида тун-у кун изланишда. Зеро, жамоамизнинг асосий қисмини оёғидан ўт чақнайдиган, жонсарак ёшлар ташкил этади. Улар  ўз устларида тинимсиз ишлайдиган, санъатга меҳр қўйган кишилардир.

Орамизда Холисхон опа сингари фаол ва фидойи аёллар бор экан, ҳаётимиз янада мазмунли, жамиятимиз эса янада юксалиб бораверавди.

Собиржон СОТВОЛДИЕВ,  туман маданият ва туризм бўлими матбуот котиби.

ДОРИ-ДАРМОН СОТИБ ОЛИШДА ҲУҚУҚЛАРИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

Қарор ва ижро

Аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандарт-ларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан, қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 31 октябрда "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғриси"да қарор қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорда мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солиш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан,қарорда:

Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, қарорга кўра:            

- Юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш тартиби;

- шифокорларнинг дори-дармон воситаларини тавсия этиш ва дорихоналарда дори-дармон воситаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар, улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибларига риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юкланган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, дори-дармон сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўта кўпайган бугунги кунда харидорлар истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини яхши билишлари муҳимдир. қолаверса, дориларнинг сотилиши, уларнинг нарх-навоси билан боғлиқ тартиблардан хабардор бўлишлари ҳам турли муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.  Умуман, бу борада аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, қонунчиликка амал қилиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Муҳаммаджон МАВЛОНОВ,

Избоскан тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.