+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАНИШАМАН

 «Оила»

Қадрли юртдошлар, азиз муштарийлар!

Агар Сиз тақдир тақозоси билан турмушдан ажраган ёки ёшингиз ўтиб қолган бўлса-да, оила қурмаган бўлсангиз ёхуд  турмуш ўртоғиингиз оламдан ўтган бўлса ва Сиз оила қуриш орзусида бўлсангиз, Таҳририятимизнинг "Оила" лойиҳаси доирасида чоп этилаётган эълонлар билан танишиб боринг. 

"Оила" рукни остида бериб борилаётган эълонларда қайд этилган эркак, аёл ҳақидаги маълумотлар Сизни қизиқтириб қолса, албатта қўнғироқ қилинг. Эҳтимол, шу орқали бахтингизни топарсиз, бахти бекам оила қурарсиз.  Биз бу борада Сизга кўмаклашамиз.

ЭРКАКЛАР:

№ 4. Ёши 60 да. Андижон шаҳрида яшайди. Нафақада. Бўйи 180 см., вазни 85 кг., аёли вафот этган. Кўриниши истарали. Характери: оиладан ташқарида вазмин, оила орасида ҳазилкаш. 1 ўғил, 3 қизи бор. Барчаси уйли-жойли. Ҳовлида ўғли ва келини билан яшайди. 

Ёши 55 гача бўлган самимий, уй бекаси, фарзанди йўқ аёл билан оила қурмоқчи.

№ 5. Ёши 50 да. Андижон шаҳрида яшайди. Ўзининг шахсий юк машинаси бор, ҳайдовчи. Бўйи 175 см., вазни 70 кг. Янги ҳовлида яшаш учун барча шароитлари яхши. Битта ўғли бор, хорижда ишлайди. Аёли билан ажрашган. Кўриниши: чиройли, келишган.

Характери: оиласи таъминоти учун ҳаракат қиладиган, меҳнаткаш инсон.    

Ёши 45 гача бўлган давлат ишида ишласа ҳам бўлади, дилкаш, озода ва тўғрисўз аёл билан оила қурмоқчи (фарзанди бўлса, уйли-жойли қилишга рози).

№ 6. Ёши 68 да. Андижон шаҳрида яшайди. Ўзининг шахсий ҳовли-жойи бор, ёлғиз яшайди. Бўлажак аёли номига уй-жойини расмийлаштириб беришга рози. Бўйи 170 см., вазни 65 кг. Кўриниши: ўртача. Аёли вафот этган, 3 нафар қизи бор, уйли-жойли.

Характери: Юмшоқ кўнгил, ибодатда, меҳнаткаш инсон. Нафақада, қўшимча даромад топиш мақсадида ишлайди.   

Ёши 55 гача бўлган, озода, тўғрисўз аёл билан оила қурмоқчи (фарзанди бўлса, уйли- жойли қилишга рози).

 

АЁЛЛАР:

№ 7. Ёши 50 да. Бўйи 165 см., вазни 65 кг. Андижон шаҳрида яшайди. Давлат корхонасида ишчи. Ажрашган, 4 нафар фарзанди бор (уйли-жойли). Характери: оиласига садоқатли, меҳрибон. Кўриниши: истарали.

Ёши 55 гача бўлиб, уй-жойи, автомашинаси бор бўлган, самимий ва меҳнаткаш эркак билан оила қурмоқчи. Фарзандлари ва набиралари бўлса самимий муносабатда бўла олади.

№ 8. Ёши 34 да. Жалақудуқ туманида яшайди. Ажрашган, фарзанди йўқ. Бўйи 150 см., вазни 55 кг. Трикотаж цехида чевар. Характери: сахий, ширинсухан, меҳнаткаш, ошхонада пазанда. Кўриниши: ўртача.

Ёши 40 гача бўлган, уйим-жойим дейдиган, давлат ишида хизмат қиладиган, фарзанди йўқ эркак билан турмуш қурмоқчи.

КИТОБДАН ЯХШИ ДЎСТ БЎЛМАС

Муносабат

Китоб - инсон маънавиятини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Кишининг дунёқараши, салоҳияти, муомала маданияти ҳам айнан китоб ўқиш жараёнида шаклланиб бориши барчага маълум. Шундай экан, фарзандларимиз маънавиятли, эртанги куннинг муносиб яратувчилари бўлишлари, илм олишлари учун китоб билан дўстлашишлари керак. Бу борада бобомиз Амир Темурнинг "Китоб - барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир", деган пурмаъно сўзларини эсга олишнинг ўзи кифоя.

Ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатлари оиладан бошланса, таълим даргоҳларида бу иштиёқ янада мустаҳкамланади. Инсон камолоти, маънавий гўзаллиги, тафаккури, онги ва самимий қалби ҳам бевосита китоб мутолааси билан боғлиқ. Ҳар гал китоб ҳақида сўз кетганда, қуйидаги ривоятни эслайман.

Бир куни Искандар Зулқарнайндан сўрадилар:

- Сен устозингни онангдан кўра кучлироқ ҳурмат қилар экансан, нима учун?

- Ҳа, бу рост. Онам мени йўқлик осмонидан олиб тушди, устозим эса ердан кўкка кўтарди, - деб жавоб берган экан.

Кўринадики, инсоннинг маънавий камолоти устоз унинг китобга бўлган қизиқишини оширганлигида намоён бўлмоқда.

Яна бир воқеага назар ташласак. Буюк аждодларимиздан бири Абу Бакр ал-Хоразмий ўлим тўшагида эдилар. Ундан кўнгли айни дамда нимани тусаётганини сўрадилар. Қарангки, улуғ донишманд ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фикрни айтган экан: "Китоб юзига бир қарасам..."

Агар мулоҳаза қилиб кўрсак,  инсонга китобдан яхши дўст йўқ. У билим, маънавият манбаи, инсонни комилликка етаклайдиган куч. Киши ўзлигини, одам ва олам муносабатларини айнан китобдан топиши ҳам сир эмас.

Ўқишнинг тарбиявий аҳамиятини болаликдан бошлаш керак. Зеро, китоб эзгуликдан, олижанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади, маънавиятни шакллантиради. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, ёмонликларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларни китобга муҳаббат руҳида улғайтириш лозим.

Қайсики жамиятда илм олишга, китобга бўлган ташналик сусайса, ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолаверади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга, маънавий ҳалокатга юз тутиши мумкин. Фахр билан айта оламанки, халқимиз азал-азалдан маърифатга интилган, китобга қаттиқ меҳр қўйган. Бу муҳаббат илдиз отиб, томир ёйгани бугунги ёшларимизнинг ўқишга-ўрганишга бўлган иштиёқларида намоёндир. Аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш барчамизнинг бурчимиздир.

Фарҳодбек АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейи ўқитувчиси.

ИККИ БУЮК СИЙМОГА ЭҲТИРОМ

Адабий тадбир

З.М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида "Икки буюк сиймога эҳтиром" деб номланган адабий тадбир бўлиб ўтди. 

Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланиб ўтказилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, Андижон давлат университети ўқитувчилари, талабалари, китобхонлар, ҳарбийлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари  иштирок этдилар.

Адабий тадбирда халқимизнинг икки буюк даҳоси Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобурнинг ҳаёти, бой ва серқирра ижодий меросини ўрганиш, уларнинг ўлмас асарларини кенг тарғиб этиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини Навоий ва Бобур ижодида кенг ёритилган миллий ва умуминсоний ғоялар билан бойитиш зарурлиги хусусида сўз юритилди.

-      Навоий ва Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг инсонпарварлик, юртпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш орқали юртдошларимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш муҳим масала ҳисобланади, - дейди вилоят Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Гулнорахон Исмоилова. - Қолаверса, уларнинг бетакрор ижоди ёшларимизнинг адабиётга, китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

Шоирлар, талаба ва ўқувчилар томонидан ўқилган Навоий ва Бобурнинг ғазалу рубоийлари, ижодкор ёшлар мушоираси тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тадбир доирасида Навоий ва Бобур асарлари ҳамда улар ҳақида ёзилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Шу кунларда кутубхонамиз томонидан турли ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда халқимизнинг икки улуғ сиймоси таваллудига бағишланган бу каби адабий, маънавий-маърифий тадбирлар, мушоира кечалари деярли ҳар куни бўлиб ўтмоқда. 

 

Умидахон ҚОДИРОВА,

Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази бош кутубхоначиси.

ЛИМОН

Билиб Қўйган яхши

Лимон меваси турли касалликларнинг олдини олишда халқ табобатида кенг қўлланилади. Унинг шифобахшлилик хусусияти асосан, пўстлоғи, уруғлари, шох ва барглари эфир мойига ниҳоятда бой эканлигидадир. Шу сабаб ундан озиқ-овқат, парфюмерия воситалари ишлаб чиқаришда ва турли хил дорилар тайёрлашда фойдаланилади.

Замонавий тиббиётда лимон ва унинг шарбати ошқозон ичак касалликларида истеъмол қилинади. Мевасидан олинган лимон кислотаси эса   организмда кислота етишмаслиги билан боғлиқ бўлган хасталикларда қўлланилади. Айниқса, шамоллаш, қон босимини меъёрга келтиришда ёрдам беради. Шунингдек, лимондан тайёрланган ласъон билан юздаги ҳуснбузарлардан халос бўлиш ҳамда унинг кислотаси ва исириқ аралашмасидан тайёрланган ванна қабул қилиш оёқ терлашининг олдини олади. Лимоннинг ёқимли ҳиди эса асабларни тинчлантиришда ёрдам беради.

Тайёрловчи Нигора САЙДАЛИЕВА.

МЕНИНГ ПЕДАГОГИК УСЛУБИМ

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Ўқувчилар кўпинча менга "Устоз, дарсларни янада  кўпайтирсак  бўладими?" деган саволни беришади. Демак, ўқувчиларга дарслар маъқул    бўляпти, улар олаётган билимларидан қониқиш ҳосил қилмоқдалар, уларга керакли ўқитувчилардан бири эканлигимдан мамнун ҳолатда изланишда, турли хил услублардан фойдаланишда давом этаман.  Синф остонасидан ҳатлашдан олдин , қўлимда дарс учун тайёрлаб қўйилган режа, дастур, кўргазмали қуроллар бўлади.  Дарс тўла илмийликка асосланса, у ҳам ўқувчиларнинг (ахир улар- болалар, баъзан ўйинни, эртакни, чалғишни хоҳлаб қоладилар) меъдасига тегиши, зериктириши, чарчатишини ҳисобга оламан ва дарсни қисқа ривоятлар, янгиликлар, қизиқарли ҳикояларга боғлайман. Шу тарзда мавзуга киришиб кетганимизни пайқамай қоламиз.Ўқувчилар олдидаги компьютерлар , ўқув қуроллари ишга тушади. Улар топшириқларни бажаришга киришиб кетадилар. Зерикишни билмай, чалинган қўнғироққа эътибор бермай, машқлар устида қизиқиб ишлашади. Синфдаги ҳар бир бола дарсда нималарни ўрганганини , бугунги кун унинг учун сермазмун бўлганини , сабоқлар унинг оламини бойитаётганини теран англашлари зарур, бу эса биз педагогларнинг билим ва маҳоратимизга боғлиқ.

Янги аср таълимининг муҳим вазифаларидан бири, уни глобаллаштириш, яъни таълим-тарбия жараёнида комплекс ёндашишдир.Инсон ҳаёти, ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак билан боғлиқ экан, таълим жараёнини ҳам тарих, кундалик воқеа ҳодисалар, муаммолар , келажакдаги истиқбол режалар билан муштарак ҳолда ташкил этиш зарур. Мактабда 30 нафар ўқувчидан иборат 3-А синфига раҳбарман. Уларнинг  ярмидан кўпи дарсларни фақат "5" баҳоларга ўзлаштирадилар.

Январ ойида ўтказилган математика фани бўйича онлайн тест синовларида юз фоиз натижа кўрсатиб, ташкилотчиларнинг сертификатларини қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Ўзим республика педагоглари ўртасида ташкил этилаётган турли танловлар, онлайн тестлар, тадбирларда фаол иштирок этиб, олий даражали диплом, сертификатларга эга бўлдим. Менимча, бундай танловлар биз ўқитувчиларнинг ҳамда ўқувчиларимизнинг билимларига билим қўшади, кўпроқ ўрганишга чорлайди, тоблантиради, тажрибаларимиз ортишига сабаб бўлади.  26 йиллик ўқитувчилик фаолиятимда  бир қанча бошланғич синф ўқувчиларини 1-синфга қабул қилиб, юқори синфларга яхши натижалар билан кузатдим. Ўқувчиларнинг ҳуснихати, саводхонлик билан сўзларни аниқ, чиройли ифодалаши, дафтарларга равон ва ёзув қоидаларига мос равишда ёзишларига эътибор қаратаман.

Мендан, гоҳо ўқувчиларим томонидан ўртага ташланадиган ташаббус муҳокама қилиниб, кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланса, буни синфда қўллаймиз. Шундайлардан бири-"Кўк жомадон оҳанрабоси"деб номланади.  Ўқувчиларни китобхонликка жалб этиш учун  кўк рангли  қутига иккита китобни жойлаб, уни ўқувчиларга бердим. қутидаги китобларни олган ўқувчи бир ҳафта давомида уларни ўқийди, кейин унга яна бир дона китоб қўшиб, синфдошига беради. Шундай қилиб, қутини олган ўқувчи ундаги адабиётларни ўқийди ва ўзи ҳам улар орасига бир китоб қўшади.Китоблар қўлма-қўл бўлиб, ўқиб бўлингач, қути тўлади ва унда тўпланган адабиётлар мактаб кутубхонасига тақдим этилади.

 Машҳур олим Дистерверг:"Муваффақиятли таълим-тарбиянинг сири-ўқувчига ҳурматда", деган эди. Келажагимиз ворислари-ўқувчиларимизга билим ва тарбия беришдек масъулиятли вазифа олдимизда турган экан, замонавий ўқитувчи сифатида сифатли таълим беришга,  ўқувчининг мактаб даврини мазмунли , билимлар билан бойитишга ҳаракат қилишимиз зарур, зеро, кейинчалик ўқувчи у даврни мамнун ҳолда ёдга олсин.

Назирахон ҒАНИЕВА,

Булоқбоши туманидаги 13-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

Байроғимиздан, ўзбекистонлик эканлигимдан ҳамиша фахрланганман

Давлат рамзлари - Ватан тимсоли

Ўзбекистон Мадҳияси, Герби, Байроғи ҳар бир юртдошимиз учун азиз ва қадрлидир. қаерда бўлмайлик, она юртимизнинг ана шу тимсоллари қалбимизга фахр-ифтихор туйғусини солади, бизга куч-шижоат беради.

Қўрғонтепа туманининг Суткон қишлоғида туғилиб ўсган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган, миллати қирғиз бўлган Абдумўмин ота Эргашев учун давлатимиз рамзларининг қадри ўзгача. Чунки у узоқ йиллар хорижда ишлаб, юртимиз байроғини ўзи билан ёнма-ён олиб юрган.

Ҳайдовчилик касбини эгаллаган Абдумўмин собиқ иттифоқ даврида Андижон шаҳридаги  халқаро юк ташиш ихтисослаштирилган автокорхонада ишлаган. Ўша йилларда собиқ иттифоқнинг кўплаб йирик шаҳарларини кезиб чиққан.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, у ишлаётган автокорхона фаолиятини тўхтатади. Абдумўмин Эргашев эса фаолиятини Россиянинг Нижний Навгород шаҳридаги автокорхонада давом эттирди.  У ана шу шаҳардаги автокорхонага ишга жойлашиб, 22 йил ҳайдовчилик қилади. Ана шу йиллар давомида Ўзбекистон байроқчасини ўзи ҳайдаб юрган автомашинага илиб юрди.

- Бундай иш кимларгадир эриш туйилар эҳтимол, - дейди Абдумўмин ота. - Лекин мен бундан, Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан ҳамиша қалбимда фахр-ифтихор ҳиссини туйганман, ўзбекистонлик эканлигимдан   фахрланиб юрганман. 

Абдумўмин Эргашев корхонада ишлаш билан бирга, шаҳардаги қирғиз миллий маданият марказида жамоатчилик асосида фаолият юритди. Марказдаги алоҳида хонада эса Ўзбекистон Республикаси Давлат  рамзлари - мадҳияси, герби, байроғини сақлаб, ҳар бир тадбирда давлатимиз рамзлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берар эди. Шу боис ҳам  ҳар йили у Нижний Новгороддаги шогирдларидан давлат рамзларимиз қабул қилинган кунларда табриклар қабул қилади. Ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ҳам ана шундай табрикномаларни олди. 

Абдумўмин ота ушбу саналарни юртимизда юқори кўтаринкилик билан нишонлашни анъанага айлантирган. Ўтган йилги байрам кунларига эса алоҳида тайёргарлик кўрди. Қариндош-уруғлари билан ҳамжиҳатликда қишлоқдаги 31- умумтаълим мактабининг спорт зали ва очиқ майдондаги ўйингоҳ электр тармоғини ўз ҳисобларидан   таъмирлашди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Давлатимиз байроғи, мадҳияси, герби қабул қилинган саналар муносабати билан ҳудуддаги мактаблар ўқувчилар ва уюшмаган маҳалла ёшлари ўртасида кураш, волейбол, баскетбол мусобақалари ўтказилди.

 Абдимўмин отанинг спортнинг кураш турига меҳри ўзгача. Шу боис ҳам у айни пайтда қишлоқда кураш мактаби очиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун кураш бўйича мутахассис-мураббий  жалб этилди. Жой масаласи ҳал этилди.

- Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини телевизор орқали диққат билан эшитдим, - дейди Абдумўмин ота. - Юртбошимиз мактабга  эътиборни кучайтириш, ўқув масканларига барча-барча ёрдам бериши лозимлигини таъкидлади. Айниқса, ўқитувчиларнинг нуфузини оширишга чақирганлиги мени беҳад хурсанд қилди. Чунки илмга эътибор қаратилган, устоз-мураббийлар улуғланган юрт, шубҳасиз, юксалади.

Мактаб ҳам улуғ даргоҳ, қолаверса, юртимиз равнақи, ёш авлод камолотида унинг ўрни ва ролини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Мактабдаги ислоҳотлар самарадорлигидан эса, нафақат ўқув даргоҳи жамоаси, балки ана шу масканда таълим олаётган дилбандларимиз ҳам катта манфаат кўради. Шу боис мен, бир гуруҳ нуроний тенгдошларим билан мактабимиздаги шароитларни яхшилашга, фарзандларимизнинг  ютуқлари кўпайишига яқиндан ёрдам бермоқчимиз. Спорт мусобақалари ташкил этиш орқали ёшларнинг мактабга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширмоқчимиз.

Абдумўмин отага нафақат Суткан, шунингдек, қўшни - Хонобод, Қорасув, Норбўта, Султонобод, Деҳқончек, Ойим, Дардоқ, Чимён, Қўштепа сингари кўплаб шаҳар ва қишлоқларда ҳам илтифот кўрсатишади. Чунки у Россияда ишлаган кезларда нафақат қўрғонтепалик, балки республикамизнинг кўплаб ҳудудларидан Россия давлатига ишлагани борган юртдошларимизга имкон қадар ёрдам бериб келган.

-      Россияга, шогирдларим олдига борган пайтимда коронавирус пандемияси бошланиб қолди, - дея суҳбатни давом эттиради Абдумўмин ота. - Миллий маданият марказимиз ташаббуси билан Нижний Новгородлик ёрдамга муҳтож кишиларга яқиндан ёрдам бердик. Дошқозонда палов дамлаб, рус ва   бошқа миллат вакилларига тарқатдик. Новвой йигитларимиз тандирда нон ёпиб беришди. Шу сабабли у ерда қўрғонтепаликларнинг ҳурмати жуда ҳам баланд эди. Мени қувонтирадиган энг асосий жиҳат, давлатимиз - Ўзбекистон байроғи атрофида бириккан ўзбек ва қирғиз юртдошларимиз бир оила фарзандларидек ўзаро аҳилликда яшаб, меҳнат қилишаётганидир.

Илоҳим, ёшларимизнинг она Ватанимизга, ўз халқига, давлат рамзларига бўлган ҳурмат ва  муҳаббати асло сўнмасин. Кундан-кунга юксалиб бораётган Ўзбекистонимизга кўз тегмасин.

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ ЗИЁРАТГОҲИ

Янги китоб

Яқинда "Андижон нашриёт-матбаа" масъулияти чекланган жамияти босмахонасида кекса педагог ва адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Олимжон Раҳимийнинг "Қиличмозор қишлоғидаги зиёратгоҳ" деб номланган янги китоби нашрдан чиқди.

Адиб Восит Аҳмад муҳаррирлигида чоп этилган ушбу китобдан Мовароуннаҳр ҳудудига ислом динини жорий қилган Қутайба ибн Муслимнинг Марказий Осиёга ташрифи, у зотнинг сифатлари, халқларни ҳидоятга чорловчи даъватлари, соф ниятли шахс сифатидаги фазилатлари тўғрисида ҳикоя ва мақолалар ўрин олган.   Шунингдек, китобга муаллифнинг Қутайба Ибн Муслим буюк лашкарбоши эканлиги ҳақидаги шеърлари ҳам киритилган.

Қутайба Ибн Муслим ҳақидаги қатор маълумотлар рус тилига таржима қилиниб, берилганлиги китобнинг аҳамиятини янада оширган.

Улуғ зот ва унинг номи билан боғлиқ зиёратгоҳ ҳақидаги ушбу китоб, ишонамизки, китобхонларга албатта, манзур бўлади.

"Иқбол" таҳририяти.

 

ҚИЗИМ - ҚИЗГИНАМ...

Яккаю ягона қизимни турмушга узатдим. Жоним бироз ором олди. Кўнглим таскин топгандай бўлди. "Ҳамма ташвишлардан қутулдим", деган фикр хаёлимдан ўтди. Яна "Ташвиш деганнинг ўзи бўлмайди" дея хаёлладим. Тушуниб етсам, ҳаммаси энди бошланаётган экан...

Ота кўрдию, қиз чақирдилардан сўнг қизим бир куни уйимга ёлғиз кириб келди. Жонимни ҳовучлаб кутиб олдим, жовдираб кўзларига тикилдим. Шошилиб сўрадим:

- Қайнота-қайнонанг яхшими? Куёв боланинг ишлари-чи? Қайнсинглинг ўқияптими? Овсинларинг болалари билан соғ-саломатми?

Унинг ижобий жавобларидан сўнг кўнглимга ёруғлик тушгандай бўлди:

- ...Худога шукр, илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин. Қизим, уйингга тезроқ бор...

Бошқа бир куни қизим уйимизга ғамгин кириб келди. Эътибор билан унга разм солдим. Кўзлари қизарган, лаблари титроқ... Тушундим ва унга ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим:

- Қизим, қарс икки қўлдан чиқади. Турмушда сен пастроқ бўласан, мулойим бўласан. Эрнинг нонини емоқ учун темирдан тиш керак. Эринг билан яхши бўлсанг, қолгани ҳеч гап эмас. Қизим, хўп дегину, уйингга бор...

Бир куни тушлик маҳали қизим арз билан кириб келди. Ҳар нима деди,   кўзёш қилди. Ўзи ҳақу, қолганлар ноҳақлигини айтди. Бир сўз демадим. Дастурхон тузаб, чой бердим. Кечагидан қолган ошни иситиб тургандим, ундан едирдим. Аврадим:

- Даданг ишда. Юрак хуружи ўзингга маълум. Ҳадемай келиб қолади. Хўп дегин, қизим, уйингга бор...

- Қизим, энди уйим сенга тор, - дедим яна бир сафар. - Пешонангга ёзилгани шу. Оила бозор савдоси эмас. Кеча телефонда айтдим-ку, тушимга кириб қолибсан. Оқ гулзор ичида кезиб юрибсан. Оилавий ишларинг юришиб кетади. Мана мени айтди дерсан қизим, йўқ демагин, уйингга бор...

Яқинда қизим неварамни кўтариб кириб келди. Икковини ҳам бағримга босдим.

- Қизим, сен жуда бахтлисан. Ширингина фарзандинг бор. Уйинг уй бўлсин, фақат битта билан ўт. Турмуш ғавғосининг калити - сабр. Қиз туққанимнинг жазоси шу менга. Қўшнилар эшитмасин, укаларинг сезмасин. Қизим-қизгинам, хўп дегин, тезроқ уйингга борақол, борақол...

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

Марҳамат тумани.

ПЕЧКАГА ЎТИН ТАШЛАЁТГАН ОНАМ

Дил туҒёни

Қиш. Қишлоқда тонг ота бошлади.

Онам ҳовури пасайган печкага ўтин ташлайди. "Жонҳузур"нинг чарсиллаб, гуриллаб ёнишини кўрпага ўраниб ётганча томоша қиламан. Хона бир зумда исиб кетади - қандай ёқимли.

Эрталаб кўпинча сариёғ солинган қайноққина сут ичамиз. Мактабга кечикаётган бўлсак, онам сутимизга нон тўғраб қўяди.

...Эшик биров тепиб юборгандай шарақлаб очилади.  Ташқаридан синглим билан укам уриниб-суриниб кириб келади. Улардан кейин отам кўринади. Биламан, эрталабдан отам ҳовлининг қорини кураган. Бу икковлон қори очилган жойларни супуриб тозалаган - мириқиб ўйнаган.

Бугун эса... ўша болалик чоғларимни жуда-жуда соғин-япман.

Шаҳар. Эрталабдан қишлоққа - отамга телефон қиламан. Секин гапиради, укамнинг ўғли ҳали уйғонмаганини айтади. Данагидан мағзи ширинда.

- Ота, энам яхшими? Нима қиляпти?

- Энанг - бардам! Печкага ўтин ташлаяпти...

Укамнинг ўғлига бирам ҳавасим келяпти.

Икром АВВАЛБОЕВ

 

Қатра

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ - ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИНГ БОШ МЕЗОНИ

 

Ислоҳотлар жараёни

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, уларнинг пухта билим олиб, малакали мутахассис бўлиб етишишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларимизнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда.

Президентимиз 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон аҳолисига қилган Мурожаатномасида таълим сифатини ошириш, соҳага қўшимча инвестицияларни жалб этиш юрт тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланганлиги ҳам Ўзбекистонда инсон қадри ва унинг сифатли таълим олишига бўлган эътиборнинг яна бир намунаси эканлигини кўрсатади.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини яхши англаган, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган кўплаб ёшларимиз таълим, илм-фан, спорт, санъат, қўйингки, қатор соҳаларда юқори натижаларга эришиб, ўзбек ёшлари дунёдаги бирор бир мамлакат ёшларидан кам эмасликларини, ўзларининг юксак салоҳиятларини  намойиш этишмоқда.

Таълим соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, биргина 2022 йилнинг ўзида вилоятимизнинг 20 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлари "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан таклиф этилган имтиёзларни қўлга киритиб, хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Улар бугунги кунда Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Канада, Малайзия, Россия давлатларидаги дунёнинг энг нуфузли олий     таълим даргоҳларида таҳсил олмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябридаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва Ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони асосида ташкил этилган Жамғарма асосий таълим дастурлари мутахассисларини хорижда докторантура, магистратура ва бакалавр бўйича таълим олиши, амалиёт ўташи ва малакасини оширишини ташкил этади. Халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра, жаҳондаги энг яхши 300 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 100 талик рўйхатига кирган хорижий университетлар ва илмий марказларга мустақил равишда кириб, давлат ва жамият   бошқаруви, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳаси, таълим, соғлиқни сақлаш, ва ижтимоий соҳа тармоқлари ҳамда  иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари йўналишида ўқиётган талабалар учун стипендиялар ажратади.

Ушбу жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодлар танлови мунтазам равишда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун, уларнинг иш ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ тарзда ўтказиб борилмоқда. Очиқ стипендиялар танловини ўтказиш уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда қабул қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мослиги юзасидан саралаш ўтказилади. Иккинчи босқичда номзод дунёқараши, билимини аниқлашга қаратилган тест синовлари бўлиб ўтади. Учинчи босқичда эса, аввалги босқичлардан ўтган номзодлар билан оғзаки суҳбатлар ўтказилади.

Жамғарма томонидан стипендиатларга қуйидаги молиявий кўмаклар берилади:

1.    Хорижий давлатларда ўқиш учун (контракт) тўлов;

2.    Хориждаги таълим муассасасига бориш-келиш учун транспорт харажатларини қоплаш;

3.    Хорижда таълим олиш даврида яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатларини қоплаш;

4.    Виза ва стипендиатни тиббий суғурталаш тўловлари;

5.    Зарур адабиётлар ва дарсликларни харид қилиш, хорижий университет талабига биноан илмий мақолалар чоп эттириш;

6.    Таълим олиши билан боғлиқ    бошқа харажатлар.

Биз хорижий давлатларда таҳсил олаётган андижонлик ёшлар билан доимий алоқа қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Андижон вилояти филиали мутахассислари кўмагида   хориждаги нуфузли университетларда ўқиётган бир гуруҳ вилоятимиз ёшлари билан телефон орқали боғланиб, улар билан суҳбатда бўлдик.

 

-      Мен юртимизда биз ёшларга берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Аризона университетида Бизнес бошқаруви йўналиши бўйича таҳсил олиб келяпман, - дейди, Андижонлик Ситора ЛАТИПОВА. - Куни-кеча Американинг энг машхур брендларидан бири ҳисобланган "Nike" компаниясида иш фаолиятини яқиндан ўрганиш дастурида қатнашиш таклифини олдим. Бундан ташқари, АҚШнинг энг илғор 20 та компанияларига ташриф буюриб, уларнинг иш тажрибалари, бизнес юритишдаги ёндашувлари ҳамда ютуқлари сирларини ўрганишга имкон берувчи лойиҳа соҳибаси бўлдим. Жуда юқори рақобатга эга ушбу лойиҳа университет томонидан тўлиқ молиялаштирилади ва бир неча штатларга ташрифни ўз ичига олади.

 

Ушбу университет талабаси бўлган ёшлардан бири шаҳрихонлик Маликахон ТОЖИБОЕВАдир.

-      Мен ҳам ҳозирда Американинг Аризона университетида давлат сиёсати ва бошқаруви йўналишида таҳсил олмоқдаман. Ўз йўналишим бўйича биринчи семестрни аъло баҳоларга якунлаганимдан сўнг олийгоҳдаги юқори тажрибага эга бўлган профессорнинг ассистенти бўлиш таклифини олдим. Бундан ташқари, ҳозирда немис тилини ўрганяпман. Ёзги таътилда Германияда бўлиб ўтадиган "internship"(иш фаолиятини яқиндан ўрганиш) дастури бўйича Германия давлат бошқаруви ўқув курсида малака оширмоқчиман. Келажакда малакали мутахассис сифатида Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимига хорижий тажрибаларни жорий этиш, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан. Ўз соҳам бўйича дунёнинг  илғор мамлакатларидаги билим ва тажрибаларни эгаллаб, уларни юртимизда амалиётга татбиқ этиш ниятидаман.

 

Андижон вилоятининг Бўстон туманида таваллуд топган Акбаршоҳ ЎКТАМОВ Буюк Британиянинг Ридинг университетида ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича таълим олмоқда.

- Буюк Британия ҳам замонавий, ҳам тарихий мамлакат - дейди, Акбаршоҳ Ўктамов биз билан суҳбатда. - Бу каби ривожланган давлатлар иқтисодиёти, ҳуқуқ соҳасини ўрганиш имконига эга бўлганлигимдан фахрланаман. Ушбу давлатда таҳсил олаётган мен каби ёшлар ўз олдиларига қўйган улкан мақсадларга эришиш учун бор имкониятларини ишга солишади. Хорижда юртимиз нуфузини кўтариш, минг йиллик тарихга эга юрт фарзанди эканлигимиз бизга куч ва шижоат бағишлайди. Энг аввало, бизнинг мана шу даражага эришишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берган Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётган  "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятидан беҳад мамнунмиз.

 

-      Мен Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманиданман, - дейди Ҳумоюн ШУҲРАТОВ. - Ҳозирда Америка Қўшма Штатларидаги олийгоҳнинг Ахборот технологиялари йўналишида таълим оляпман. Мактабни аъло баҳоларга якунлаганимдан сўнг ҳозирнинг энг долзарб касбларидан бири - Ахборот технологиялари бўйича чет элда таълим олиш, соҳага доир илғор тажриба ва кўникмаларни эгаллашдаги орзуимга эришиш учун ҳаракат қилаётганимда "Эл-юрт умиди" жамғармаси танлови ҳақида ўқиб қолдим ва танлов талабларини ўрганиб чиқдим. Талаб этилган ҳужжатларни топширдим ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, Американинг нуфузли университети талабаси бўлдим.

Ушбу жамғарма менинг билим олишимдаги барча молиявий ёрдамни берди. Билим олиш истаги бўлган ҳар бир ёш учун имконият эшиги саналган ушбу  жамғарма ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва ватан равнақини юксалтиришга яқиндан ёрдам бермоқда. Мен ҳам олийгоҳни тамомлаб, юртбошимизнинг биз ёшларга бўлган ишончини оқлаш, етук кадр бўлиб, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

 

 Шукурилло АКРОМОВ Шаҳрихон туманидан. У ҳам Америка Қўшма Штатларидаги Аризона университетининг Бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олмоқда.

- Менга юртимизда ёшларга яратиб берилган, қолаверса, ўқишим, фаолиятим давомида юзага келадиган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламан, - дейди у. - Ҳозирда университетда "Маълумотлар тизими  бошқаруви" фани бўйича профессор ассистентиман. Бундан ташқари, "Goldman Sachs" молия институтида халқаро   инвестиция таҳлилчиси сифатида амалиёт ўтадим. Америкада талабалар учун биржага инвестициялар киритиш имконияти берилгани менга жуда ёқди. Мақсадим, Ўзбекистонда бизнесни янада ривожлантиришда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва "know-how" (соҳавий билим)ларни кириб келишига ўз ҳиссамни қўшишдир.

"Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиятлари хориждаги бакалавриятни тамомлаганларидан сўнг беш йилгача, магистратура ва доктарантура бўйича уч йилгача муддат давомида таълимни якунлаб келганлар олдиндан тузилган шартномага асосан,  давлат ташкилотларида фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Андижон вилояти филиали томонидан хорижда таълим олаётган андижонлик ёшлар билан узвий алоқа ўрнатилган бўлиб, улар ўртасида доимий фикр алмашиш тизими йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад, давлат бошқаруви учун иқтидорли ва лидерлик салоҳиятига эга, бошқарув ва бошқа йўналишларда илғор хорижий тажрибаларни эгаллаган, билимдон, замонавий мутахассис ва кадрларнинг янги авлодини шакллантириш, давлат ҳизматларини янада юқори босқичга кўтариш, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бир сўз билан айтганда,  самарали давлат бошқарув тизимини шакллантиришдир. Шу билан бирга, ана шу ёшларимиз қалбида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилишда фидойи бўлиш, юрт шаънини улуғлаш, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада  мустаҳкамлаш  кўзда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, таълим тизимига, нафақат бугунги кун, балки халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибор, албатта ўз самараларини беради. Яқин йиллар ичида дунё ёшлари билан тенглаша оладиган, юртимиз тараққиётини юксалтиришга хизмат қиладиган янги авлод шаклланади.

Оятилло Нуралиев,

 Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш

агентлигининг Андижон вилояти филиали кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори.