+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

"Аёллар дафтари"га киритилган 58 минг нафарга яқин аёлга ёрдам кўрсатилди

Жараён

Вилоятимиздаги 887 та маҳаллада истиқомат қилаётган 63 минг нафар хотин-қиз "Аёллар дафтари"га киритилган бўлиб, жорий йил октябрь ойи бошига келиб уларнинг 57 минг 784 нафарига ёрдам кўрсатилди.

Ўрганишлар, хотин-қизлар билан ўтказилган бевосита суҳбатлар, қолаверса, уларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароитидан келиб чиқиб, "Аёллар дафтари"га киритилганлар олтита тоифага ажратиб олинди. Ҳар бир тоифа билан алоҳида, тизимли тарзда иш олиб борилди. Жумладан, биринчи тоифага киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 22 минг 27 нафар хотин-қиздан 21 минг 737 нафарининг бандлиги таъминланди. Шундан 19 минг 809 нафари ишга жойлаштирилди, 933 нафари мавсумий ишларга жалб этилди, 713 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 209 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди, 63 нафарига Аҳоли тадбиркорлигига кўмаклашиш, Фермерлар кенгаши жамғармалари ва   бошқа манбалар ҳисобидан субсидия ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.

Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган иккинчи тоифага киритилган 9 минг 453 нафар хотин-қизнинг 8 минг 215 нафарига Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанкнинг ҳудудий филиаллари ва бошқа тижорат банклари томонидан 58 миллиард 389 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Ажратилган кредитлар ҳисобига улар ўз тадбиркорликларини йўлга қўйдилар.

Учинчи тоифага боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд 15 минг 425 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, уларнинг 13 минг 305 нафарига 12 миллиард 895 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Тўртинчи тоифага I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, ижтимоий ёрдамга ва даволанишга муҳтож, эҳтиёжманд 8 минг 711 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, уларнинг 7 минг 789 нафарига 6 миллиард 878,2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Бешинчи тоифага уй-жойга муҳтож 726 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, уларнинг 602 нафарига  амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 101 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди, 501 нафар хотин-қизга ижара компенсацияси тўлаб берилди.

Ногирон фарзанд тарбиялаётган олтинчи тоифага киритилган эҳтиёжанд 6 минг 658 нафар хотин-қизнинг 6 минг 136 нафарига 5 миллиард 451 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Юқоридагилардан ташқари, яна 54 минг 694 нафар хотин-қизга муаммосидан келиб чиқиб, қўшимча равишда амалий ёрдамлар берилди. Умуман, вилоятда "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

ЎЗ БИЗНЕСИМНИ БОШЛАЙМАН

ХалҚаро лойиҳа

 

USAID томонидан молиялаштирилган ва Winroсk International    халқаро ташкилоти ҳамда "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида  амалга оширилаётган "Марказий Осиёда хавфсиз миграция" лойиҳаси доирасида "Ишсиз аёлларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиб, ўз бизнесларини очиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосининг олдини олиш" лойиҳаси Андижон вилоятида  муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар 80 нафардан ортиқ мигрант, мигрантлар оиласи вакили бўлган хотин-қизлар тадбиркорлик асослари ва хавфсиз миграция бўйича тажрибали тренерлар томонидан ўқитилди.

- Лойиҳа доирасидаги машғулотлар, семинарларда қатнашиб, тадбиркорлик бўйича кўп билимлар олдим, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Дилноза Зуҳриддинова. - Очиғи, хорижга ишлагани кетиш ниятим бор эди. Машғулотлар, тажрибали тренерларнинг мотивацияси менга шижоат берди. Ниятимдан қайтдим. Тадбиркорлик борасидаги билимларимни янада бойитиб, тадбиркор бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.

Қолаверса, лойиҳа доирасидаги курсларда таҳсил олган хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқиладиган энг яхши бизнес-режалар танлаб олиниб,  молиялаштирилиши  белгиланганлиги менга куч ва умид беради. Ўз имкониятларимни синаб кўраман, насиб этса, ана шу танловда ғолиблар қаторидан жой олиб, ўз бизнесимни бошлайман. 

Умуман, лойиҳанинг бир неча босқичи давомида вилоятимиздан 480 нафар хотин-қиз тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилиши белгиланган. Барча босқичларда тажрибали тренер ва лойиҳа координаторлари уларни қўллаб-қувватлаб, пухта билим ва кўникма олишларига ёрдам кўрсатади.

 Бундан ташқари, иштирокчилар лойиҳанинг кейинги  босқичларида ўз бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, бизнес ғояларни амалга ошириш жараёнида ҳам фаол иштирок этадилар. Лойиҳа давомида вилоятдаги қатнашчилар томонидан тақдим этиладиган тўртта энг яхши бизнес-лойиҳа танлаб олиниб, лойиҳа ташкилотчилари томонидан молиялаштирилади.

 "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ишларни ривожлантиришга яқиндан ёрдам берди.

 

Шоирахон ИСРОИЛОВА,

"Тадбиркор аёл" ассоциацияси Андижон шаҳар бўлинмаси раҳбари, лойиҳа координатори.

 

Хотин-қизлар мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда

Мурожаатлар эътиборда

Бугунги кунда жамият тараққиёти ва келажагини хотин-қизларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Қолаверса, кейинги йилларда юртимизда оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 1 мартда имзоланган "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтарди.

Фармонга асосан, республикамизда оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларига тизимли ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.

Шу билан бирга, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилиши хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этишга кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиб беради.

Андижон шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассислари томонидан маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари ҳамкорлигида уйма-уй юриб, хотин-қизларнинг турли масалалардаги муаммоларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. 

Қолаверса, Андижон шаҳар Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисмини айнан опа-сингилларимизнинг мурожаатлари ташкил этади. Мурожаатларда асосан, уй-жой, кредит, субсидия, моддий ёрдам олиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, аёллар дафтарига киритиш сингари масалаларда ёрдам кўрсатилиши сўралган.

Мурожаатларни ҳал этишда асосий эътибор фуқароларнинг розилигини олишга қаратилмоқда.

Масалан, Андижон шаҳри,  Янги турмуш маҳалласида яшовчи Адашхон Мухторова шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, бир марталик моддий ёрдам олишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Ушбу мурожаат "Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси кўмаги билан ижобий ҳал этилди, фуқаронинг шароити ўрганиб чиқилиб, унга 1,2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди.

Хотин-қизларнинг муаммолари маҳаллаларда уйма-уй юриш, уларни муаммоларини ўрганиш, аҳоли билан бевосита суҳбатлар ўтказиш жараёнида ҳам аниқланиб, бартараф этилмоқда. Хусусан, Халқ қабулхонаси мутахассислари томонидан Истиқлол маҳалласи хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда маҳалладаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш давомида 88-оилавий ётоқхонада яшовчи Руфана Юнусова тадбиркорлик қилиш учун кредит олишда ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Унинг мурожаати бўйича Халқ қабулхонаси ходимининг таклифига кўра, хотин-қизлар фаоли томонидан кредит маблағи ажратиш учун керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, банкка топширилган. Жорий йилнинг август ойида Р.Юнусовага зарур миқдорда  кредит ажратилди.

Фарзандининг хасталигини кўриш аёл киши учун оғир дард, изтироб. Жорий йилнинг ўтган даврида Халқ қабулхонасига хотин-қизларимиздан тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Масалан, Андижон шаҳар, Хурсандлик маҳалласида яшовчи Насибахон Юнусова ҳаста ўғлини даволатишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб бизга мурожаат қилган.  Мурожаат ўрганилиб, Н.Юнусованинг 2005 йилда туғилган ўғлига стационар тартибда даволаниш учун йўлланма берилиб, мурожаат ижобий ҳал этилган.

Халқ қабулхонаси томонидан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган бу каби ишлар энг аввало, уларнинг розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Ҳамидахон МАДАМИНОВА,

Андижон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири.                            

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бирор оила эътибордан четда қолмайди

Қарор ва ижро

Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан "Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 300- сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинарда бошқарма мутасадди ва мутахассислари, Андижон, Асака, Балиқчи туманлари ҳокимлари ўринбосарлари, Оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари, мутахассислари, мазкур туманлардаги маҳаллалар Хотин-қизлар фаоллари иштирок этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарорида маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш ишларини комплекс ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига "оилабай" ёндашув тизимини жорий этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сони ва сифатини ошириш, бунга жавобгар бўлган вазирлик ва идораларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш тизимини янада жадаллаштириш мақсадида ҳар бир маҳаллада комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

Ана шу йўналишдаги ишларни ташкил этиш ва самарали амалга ошириш учун маҳалла хотин-қизлар фаоллари хонадонларни ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни, шунингдек, мураккаб ва юқори технологик тиббий амалиётларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва   бошқа ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини аниқламоқда.

Жумладан, маҳаллаларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш бўйича жорий йил 15 октябрь ҳолатига маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан 194 минг 718 та оила ўрганиб чиқилди. Натижада 4 минг 172 та оилада ижтимоий хизматларга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Эҳтиёжларни таъминлаш учун масъул ташкилотларга хат ва мурожаатлар юборилиб, муаммоларнинг 3 минг 933 таси ижобий ҳал этилган.

Семинарда юқоридаги  қарорда белгиланган бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, бошқарма мутахассислари томонидан мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг тушунчалар берилди.

Қарорга мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳарда маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штаблар тузилиши белгиланган бўлиб, ҳудудий штаблар зиммасига маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларнинг ижтимоий муаммолари бўйича киритилган тавсиялар ва буюртмаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва тегишли хизматларнинг кўрсатилишига масъул этиб белгиланганлиги алоҳида қайд этилди.

Ҳудудий штаблар оилалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда комплекс ёндашув тизимини йўлга қўйиш, оилалардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш учун хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорлик қилади, шу билан бирга, оилаларни иқтисодий ночор аҳволдан чиқариш ва меҳнат орқали  барқарор даромад манбаи билан таъминлаш чораларини кўриш сингари бошқа қатор вазифаларни бажаради.

Бундан ташқари, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳамда тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида сифатли тиббий кўмак кўрсатилишини ташкиллаштиради, юридик кўмак кўрсатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш ҳам белгиланган.

Семинарда мутахассислар томонидан қарорда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди, муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Бу каби семинарлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилди.

Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси.

Сен қуёшсан зулматларни ёритган нур

Сен синглимсан, сен моҳитоб - опамдурсан,

Меҳрибон ва мушфиқ, дилбар онамдурсан,

Фиғон чеккан кўнгилларга малҳамдурсан.

Тоғларга тенг сабринг сени синмас аёл,

Меҳнат билан ошинг ҳалол, тинмас аёл.

 

Сен қуёшсан зулматларни ёритган нур,

Боғи эрам боғларида очилган гул,

Севгинг дея муҳаббатни куйлар булбул.

Гўзал хилқат - яшнаб турган фасли - баҳор,

Табиатнинг мўъжизаси - сенсан аёл.

 

Темурларни дунёларга сен келтирдинг,

Бобурларга алла айтиб улғайтирдинг,

Широқларни, Алпомишни сен ўстирдинг.

Сен тарихнинг келажаги суюк аёл,

Наслимизнинг давомчиси буюк аёл.

 

Сен сабабли етишгаймиз саодатга,

Ҳамроҳингдир, доим ёрсан садоқатга,

Сен бор сабаб ҳаёт тўлар муҳаббатга.

Сен меҳрнинг гадосисан - гулсан аёл,

Сен гўзаллик шайдосисан - нурсан аёл.

 

Абдуллоҳ МИРЗО

ВИЛОЯТИМИЗ ЁШЛАРИ МАРАФОНДА БЕЛЛАШДИ

Андижон шаҳрида "Андижон ёшлари - янги марралар сари!" шиори остидаги марафон ўтказилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган "Беш муҳим ташаббус" доирасида вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси, енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортга кенг жалб этиш, югуриш спортини оммалаштириш, умуман, спорт ва соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган марафонда умумтаълим мактаблари ўқувчилари, талаба ёшлар ҳамда турли ёшдаги фуқаролар иштирок этди.

Андижон шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда вилоятнинг барча туман, шаҳарлари вакиллари иштирок этдилар.

-      Ёшидан қатъи назар спорт билан шуғулланган киши ҳамиша соғлом ва бақувват бўлади, - дейди марафон иштирокчиси, Андижон давлат университети талабаси Нодирбек Муталипов. - Шу маънода минглаб ёшларни бирлаштирган ушбу марафон жисмонан соғлом бўлишимизга ёрдам бериш билан бирга, биз ёшларга куч-ғайрат, шижоат улашди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, "Энг ёши кичик иштирокчи", "Энг ёши улуғ иштирокчи"  каби қатор номинациялар бўйича ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Мадинабону ҲАСАНОВА,

Хўжаобод туманидаги  40- ДИМИ ўқувчиси.

ДЎЛАНА ОЧЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

Шифобахш неъмат

Дўлана тоғда ўсувчи мевали дарахт. Унинг барглари ва гуллари ҳам шифобахш маҳсулот ҳисобланади. Бир ҳовуч дўлана истеъмол қилинса, кишини кун бўйи ташналик ва очликдан асрайди, яхши кайфият, бардамлик ва қувват бахш этади.

Ўлкамиз шароитида ўсадиган дўлана таркибида кўпроқ В1, В2, РР, С, Е дармондорилари учрайди. Очилган гулларида 0,16 фоизга яқин эфир мойлари мавжуд. Дўлана ҳақида Абу Али ибн Сино шундай деб ёзган: "Дўлана сафрони сўндиради. Бошқа меваларга қараганда суюқликларнинг оқишини кучлироқ тўхтатади. Ич кетишини бартараф қилади ва сийдик тутилишини туғдирмайди". Шунинг учун ҳам кўплаб халқлар дўланани ич кетишида истеъмол қиладилар. Толиқишда, уйқусизликда, асабийлашганда, юрак оғриганда, климакс даврида, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўталда истеъмол қилиш фойда беради. Ҳозирги кунда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳларга қўшиб тайёрланган дори воситалари атеросклероз, асаб тизими ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда кенг қўлланилади. Шунингдек, дўлананинг эрта баҳордаги ёш новдалари пўстлоғи алаҳсираш ва ич кетишига яхши даводир.

 

Хосиятхон тайёрлади.    

ОИЛАМИЗДА ҲАМИША ХУРСАНДЧИЛИК БЎЛСИН!

Тавсиялар

Ўйлаб қарасак, ҳаёт ташвишлари билан бўлиб кўп ҳолларда турмуш ўртоғимизга, фарзандларимизга, яқинларимизга эътиборсиз бўламиз. Ана шу эътиборсизлигимиз туфайли, хонадонимизда гоҳида турли кўнгилсизликлар юзага келишига одатий ҳол, деб қараймиз.

Аслида оиласининг фаровонлиги, тўкислиги учун елиб-югураётган кишининг хизматлари баъзи-баъзида бўлса-да, эътироф этилса ёки шунга яраша мақтовга муносиб кўрилса, бу эътибор инсонга куч-қувват, руҳий мадад бериши, шубҳасиз.

Унутмайликки, бир оғиз ширин сўз билан миннатдорчилик билдириш жуфтимизнинг кўксини тоғдек кўтариб, оиласи учун янада кўпроқ ғамхўрлик қилишга ундайди. Турмуш ўртоғимиз уйга олиб келган ҳар бир нарсадан қувонайлик, хурсанд бўлайлик. Жуда оддий туюлган ана шу ҳолат ҳаётимизнинг гўзал ва тотли бўлишида муҳим аҳамият касб этишини асло ёдимиздан чиқармайлик.

Оиласи фаровон, турмуши бахтли, фарзандлари аҳил бўлишини истаган азиз аёллар! Агар малол олмасангиз, сизга бахтиёр турмуш учун асқатадиган айрим тавсияларни бериб ўтишни жоиз деб биламиз.

* Эрингиз уйга икки дона нон кўтариб келди. Сиз бунга унинг вазифаси, деб қараманг, "мен учун, болалари учун атайин кўтариб келди-ку", дея миннатдорчилик билан муносабатда бўлинг.

* Турмуш ўртоғингиз эшикдан кириб келиши билан, хуш чеҳра билан салом-алик қилиб ҳол-аҳвол сўранг-да, қўлидаги нарсаларни олиб, жойлаш асносида бир оғиз гап билан ташаккурингизни изҳор қилинг: "Ўтган гал олиб келган картошкангиз жуда ширин чиқди-да", "Сабзиларни қаранг, бир текис-а?" Бу оддий гаплар эрингизнинг толиққан асабларини тинчлантириб, оилангизнинг тотувлигини таъминлайди.

* Эрингиз бозордан олиб келган мева ёки сабзавотлар кичикроқ бўлса ҳам энсангизни қотириб, афтингизни бужмайтирманг. Аксинча, "Харидни жуда боплайсиз-да, дадаси, майдароқ сабзавотлар баракали, рўзғорбоп бўлади" деб алқаб қўйинг.

* Жуфтингизнинг майда хизматларини ҳам меҳр ва эътибор билан тақдирлаш ўзингизни йирик совғаларга муносиб қилишини унутманг.

Шунингдек...

Муҳтарам эркаклар ҳам жуфти ҳалолларининг умрини, барча жисмоний ва ақлий қувватини фарзандлар тарбиясига, хонадонни саранжом-саришта, ораста қилишга сарфлаётганини, бу йўлда чексиз меҳр билан оила аъзоларини парваришлаётганини унутмасалар, қандай яхши! Вақти-вақти билан айтилган "Овқатинг ширин чиқибди", "Уй бирам шинамки, қараб кўнглим яйраяпти", "Ҳеч ким оқ кўйлакни сенингчалик оппоқ оқартиролмайди", "Шимни жуда текис дазмоллайсан" каби самимий гаплар аёлнинг кучига куч қўшади, фидойилигини орттиради.

СОЛИҲА тайёрлади.

Мусобақалар иштирокчиларга шижоат, хуш кайфият улашди

Спорт

15 октябрь - Халқаро Қишлоқ аёллари куни муносабати билан бутун юртимизда бўлгани каби туманимизнинг барча маҳаллаларида турли маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

 Ўқчи маҳалла фуқаролар йиғинида кекса онахонлар, уй бекалари иштирокида ўтказилган стол тенниси, шахмат-шашка мусобақалари ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Маҳалламизда 3 минг 700 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 500 нафардан ортиғи меҳнат фахрийларидир. Кексаларимизни, қолаверса, "Аёллар дафтари"га киритилган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш бўйича барча йўналишларда зарур ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишларни амалга оширишда маҳалла раиси Одинахон Ҳакимова, ҳоким ёрдамчиси Солижон Махамматов, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, шунингдек, "Оқила аёл" ҳаракати аъзолари, ҳудуд патронаж ҳамшираси ҳамжиҳатликда иш олиб бораяпмиз. Шу боис ҳам самарали натижаларга эришилмоқда.

  Спорт тадбирларида онахонлар, уй бекалари фаол иштирок этишди. Айниқса, Роҳатой Аҳмедова, Насибахон Асқарова сингари аёлларимиз алоҳида фаоллик кўрсатдилар.

-      Спорт билан шуғулланган, доимий жисмоний ҳаракатда бўлган киши соғлом бўлади, - дейди меҳнат фахрийси Насибахон Асқарова. - Маҳалла фаоллари томонидан ташкил этилган спорт мусобақалари биз иштирокчиларга тетиклик, шижоат, хуш кайфият улашди.

Якунда мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари, фаол иштирокчилари эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Дилноза АБДУКАРИМОВА,

Марҳамат туманидаги Ўқчи МФЙ хотин-қизлар фаоли.

САОДАТБАХШ БОҒ

Азал-азалдан жамият ва диний таълимотларда оила муқаддас саналиб, оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Оила қуриш исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эр ва хотиннинг ҳуқуқ ва масъулиятларини том маънода ислом дини кўрсатиб берди.

Ислом дини таълимотларига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила - катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи, тинч ва обод бўлиши, аввало ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқ.

Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъминлаш оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини ҳис қилиш ва бажариши билан барқарор бўлади. Бундай масъулиятни эса эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи муқаддас никоҳгина мустаҳкамлаши ҳамда жорий қилиши мумкин.

Исломда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган, оила қурмасдан таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳадиси шарифларда уйланиш, оилали бўлиш - ибодат, тақво ва Аллоҳдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги кўп бора баён этилган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннатлари эканини айтганлар. Абу Аюб (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в.): "Тўрт нарса   пайғамбарларнинг суннатларидан - "Ҳаё, хушбўйланиш, мисвок ва никоҳ" дедилар" (Имом Термизий ривояти).

Мўътабар фиқҳий манбаларидан бўлган "Дуррул Мухтор" китобининг "Никоҳ" фаслида зикр этилганидек, "Одамзотга никоҳ ва иймондан бошқа, ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан тугамайди".

Шу боис, мамлакатимизда оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг келажаги учун кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида биз ҳам Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.)нинг: "Яхшилик қилишни меҳр-шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла" деган Ҳадиси шарифларига мувофиқ, оилани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим. Бунда, аввало, эр-хотин, қолаверса, қайнона-қайнота ҳамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратишлари лозим. Оиладаги майда гаплар, баъзи бир кечирса бўладиган хатоларга кўп ҳам эътибор бермаслик зарур. Шундагина, иншаоллоҳ, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб камол топадилар.

Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг инсонийлик, фуқаролик бурчимиздир.

 

Абдуҳалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Оқгўр" жомеъ масжиди имоми.