+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

Биз ўқитган ёшлар жамиятда ўз ўрнини топа олсин

Педагог мулоҳазаси

- Сатр бошидан ёзинглар болажонлар, - дея ёшларни билимли, тарбияли, маънавиятли бўлишга чорлаётган муаллималар омон бўлсин.  Билимли бўлиш  боланинг ўзигагина боғлиқ эмас, боланинг билим олишига ота-она, унинг атрофидаги муҳит, айниқса, устоз ва мураббийларнинг роли, таъсири ниҳоятда катта.

 "Мактаб-маҳалла-оила" ҳамкорлиги бу борадаги ишлар унуми ва самарадорлигини янада оширади. Мактабимизда мазкур йўналишдаги ишлар намунали йўлга қўйилган. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти маҳаллалардаги аёллар фаоллари, ота-оналар билан   бевосита ва ҳамкорликда ишлагани боис,  ишимизда унум бор.

Маҳалла фаоллари,  отинойилар, катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларимиз қалбида юксак инсоний фазилатларни, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини, илм олишга бўлган интилишни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

  Дарс жарёнларида ўқитувчиларимиз илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчиларни дарсга бўлган қизиқишини оширмоқда, қизиқарли машғулотлар орқали пухта билим олишларига кўмаклашмоқда.  Дарслар ва суҳбатлар жараёнида муаллимлар боланинг ҳаёт йўли равон, келажаги порлоқ бўлиши учун изланиб меҳнат қилишмоқда, меҳр билан дарс ўтмоқдалар.

  Яқинда ўтказилган туман семинарида мактабимиз бошланғич  синф ўқитувчилари маҳорати яна бир бор синовдан ўтказилди. Хусусан, Моҳидил Абидова, Мукаррам  Мирзажонова, Шоира Тоштемирова, Комила Исроилова, Тожибар Тожиддинова каби устозлар ташаббускорлиги учун мактабимиз раҳбарияти томонидан тақдирланди.

Туман халқ таълими бўлими вакили Кароматхон Ҳафизова уларнинг меҳнатларига муносиб баҳо бериб, самарали фаолиятларини алоҳида эътироф этди.

Шу ўринда мактабимизни тамомлаган 24 нафар ўқувчи жорий йилда мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларида ўқишга кирганлиги жамоамизни янада қувонтирди. Ахир қайси бир ўқитувчи шогирдлар камолидан қувонмайди, дейсиз.

Эндигина олийгоҳнинг биринчи босқичида таҳсил олаётган Гуласал Носирова, Руҳшона Маҳмудова сингари собиқ ўқувчиларимизнимнг эришган  ютуқлари учун    институт домлаларидан  раҳматлар эшитаётганлигимиз бизни беҳад хурсанд қилмоқда. Шогирдларимизнинг ютуқлари янада кўпайсин, уларнинг иқболи кулсин.

Педагогик жамоамиз ўз олдига қўйган режалар жуда катта. Олдимизда қилишимиз керак бўлган ишлар бисёр. Энг асосий мақсадимиз, ўқувчиларимизга пухта билим, чиройли тарбия бериб, уларни катта ҳаётга йўллаш. Улар келажакда оиласи, ота-онаси, устозларига муносиб инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топа олишсин.

Саидахон  УСМОНОВА,

Жалақудуқ туманидаги  30- умумтаълим мактаби бошланғич синф

Ўқитувчиси.

СЕҲРЛИ БАРМОҚЛАР

истеъдод

Мамлакатимизда ёшларга, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимиз ҳам жуда кўп. Улардан бири қўрғонтепалик Одинабону Турғуновадир. 

Бирор спортчи юртдошимиз - халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарса ёҳуд ўзбек санъаткори томонидан миллий қўшиқларимиз  чет эл саҳналарида янграса, шубҳасиз, ҳар бир ватандошимиз қалби фахр-ифтихорга тўлади.

Одинабону Турғунова ҳам юртдошлари қалбига ана шундай ифтихор туйғусини бахш этаётган ўзбек қизларидан биридир. Чунки у ўзбек чолғучилик санъатини нафақат юртимизда, балки дунёнинг қатор мамлакатларида юксак маҳорат билан намойиш этиб келмоқда.

Одинабону 2003 йилда Қўрғонтепа туманида таваллуд топган. У қишлоғидаги умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, миллий куй-қўшиқларга муҳаббат руҳи билан вояга етди. У аввал мактабда, сўнгра тумандаги маданият ва санъат масканларида устозларидан халқ миллий  созларини чалиш сирларини пухта ўрганди. Айниқса, унда дутор чалишга, куй ижро этишга қизиқиш кучлик эди. Шуниинг учун ҳам у ўқишлари давомида дуторда мумтоз ва лирик куйларни чалишни мукаммал ўзлаштириб, йиллар давомида маҳоратини ошириб борди.

У хали мактаб ўқувчиси бўлган йилларидаёқ кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. Жумладан, у бир неча маротаба "Наврўз садолари" халқаро кўп овозли миллий чолғу ансамбль ва оркестрлар фестивалида  ансамбль жамоаси сафида иштирок этиб, I даражали диплом билан тақдирланди. Бундан ташқари, турли йиллар давомида республика миқёсидаги Фарруҳ Мирусмонов номидаги ёш созандалар 3- танловида III даражали диплом, "Ёшлар - келажак бунёдкори!" шиори остида ўтказилган "Ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестрлари" фестивалининг Ўзбек миллий чолғу оркестри йўналишида ғолиб бўлиб, I даражали диплом соҳибаси бўлган.

Айни кунда Одинабону Ўзбекистон давлат  консерваториясининг ҳалқ чолғулари йўналиши  2- босқичида таҳсил олмоқда. Олий даргоҳда устозларидан чолғучилик санъатининг сир-асрорларини пухта ўрганиб, билим ва маҳоратини янада ошириб бормоқда.

Мумтоз куйларни ижро этишга ошуфталик уни санъатнинг янада юксак чўққилари сари етакламоқда. Бугунги кунда истеъдодли Одинабону "Бозурғоний" ,"Дутор лазгиси", "Султон жамжама", "Сароҳборий кўҳистон","Нурафшон" сингари кўплаб халқ куйларини моҳирлик билан ижро этиб, нафақат мухлислар, балки мутахассислар эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Айни пайтда шу ва бошқа миллий куйларимиз ўзбек қизининг сеҳрли бармоқлари орқали нафақат юртимизда, балки хориж саҳналарида ҳам янграмоқда. Хусусан, унинг кўплаб нуфузли халқаро кўрик-танлов ҳамда фестивалларда иштирок этиб, ғолиб бўлаётганлиги алоҳида эътирофга сазовор. 

Одинабону Турғунова Россиянинг "Қуёшли нур" ("Солнечнўй свет") ижодий уюшмаси томонидан Москва шаҳрида ўтказилган "Вокалъ ва чолғучилик ижодиёти", "Карнавал", "Истеъдодлар паради" ("Парад талантов"), шунингдек, "Чегарасиз санъат" ("Искуство без границ") уюшмаси томонидан ўтказилган "Ёз овозлари" ("Звуки лето"), Сочи шаҳрида ўтказилган "Жануб чироқлари" (Южное сияние", Самара шаҳрида ўтказилган "Баҳор ғалабаси" ("Весеннўй триумф") сингари халқаро онлайн кўрик-танловларида ғолиб деб топилиб, I даражали диплом билан тақдирланди.

Одинабону нафақат санъатда, балки ўзи таҳсил олаётган олийгоҳда ҳам энг фаол,    илғор талабалардан биридир. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларида ишлашни пухта ўзлаштирган, инглиз тилини яхши билади. Истеъдодли Одинабонунинг ана шу фазилатлари унинг истиқболи янада порлоқ бўлишидан дарак бериб турибди.

Ёш санъаткорнинг сеҳрли бармоқлари ила таралаётган ўзбек мумтоз куйлари минглаб мухлисларнинг қалбларини тўлқинтиришига асло шубҳа йўқ.

 

Восит АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ТИНЧ ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗГА КЎЗ ТЕГМАСИН, - дейди марҳаматлик 101 ёшли Ҳабибахон она Калонова.

Андижонда "Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзry фазилат" шиори остида "Кексалар ҳафталиги" доирасида қатор тадбирлар ўтказилди, нуронийларга, меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Марҳамат туманида ҳам ҳафталик доирасидаги тадбирлар юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, "Нуроний" уюшмаси туман бўлинмаси ташаббуси билан бир гуруҳ фаоллар, ўқувчи ёшлар Қўрғонча маҳалласи, Баҳористон кўчасида истиқомат қилаётган 101 ёшли Ҳабибахон она Калонова хонадонида бўлиб, табаррук онахоннинг  суҳбатидан баҳраманд бўлди.

Анчагина тетик, сўзлари тиниқ онахон йўқловдан хурсанд бўлиб,  меҳмонларга ўтмиш хотираларини сўзлаб берди.

- Ёшлик пайтимдаёқ, елкамга кетмон илиб далага чиққанман, - дейди Ҳабибахон она ёшлик йилларини эслаб. - Чунки у пайтлар ниҳоятда оғир, инсон қадр-қиммати ҳақида ҳеч ким ўйламас эди. Болалик гашти нималигини билмай, катталар билан бир қаторда ғўза чопганмиз, ариқ тозалаганмиз. Фақат қорин тўйғазиш учун ишлардик. Колхозда ипак қурти боқиш, нимаики иш бўлса, бажарганмиз.

Айниқса, уруш йилларини эсласам, кўзимга ёш келади. қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди. Ана шундай оғир даврларни фарзандларимиз ҳеч қачон кўрмасин, бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш керак.

Онахон бугунги тинч ҳаётимизга шукроналар келтириб, узоқ дуолар қилди.

-      Шу кунларга, табаррук ёшларга еткизганига шукр. Илойим, юртимиз тинч, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин. Бугунгидай тинч, тўкин ва гўзал ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Фаоллар томонидан Ҳабибахон она Калоновага совға-саломлар топширилди.

Турсунбой ИСМОНОВ,

Марҳамат тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари.

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Халқ банки  вилоят филиали ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги билим ва малакаларини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Касаба уюшмалари бирлашмаси мажлислар залида Оила ва хотин-қизлар бошқармаси мутасаддилари, АТ Халқ банки вилоят филиали мутахассислари, банк кредити ҳисобига ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бошлаш истагидаги хотин-қизлар, шунингдек, тадбиркорлик борасида самарали фаолият олиб бораётган лидер аёллар қатнашган тадбирда Андижон вилоятида ижтимоий ва турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш, ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва даромад манбаларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Бу борада вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят филиали ҳамкорлигида олиб борилган ишлар ижобий самаралар бермоқда, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар    бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. - Кўплаб опа-сингилларимиз банк кредити ҳисобига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, доимий даромад манбаига эга бўлдилар.

Дарҳақиқат, ҳамкорлик доирасидаги ишлар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Давра суҳбатида ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Халқ банки вилоят филиали, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида "Аёллар дафтари"га киритилган 6 минг нафардан зиёд аёлга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди, - дейди Халқ банки вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулсанам Рустамова. - Бунинг натижасида 11 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Давра суҳбатида банк томонидан маҳаллалардаги ишсиз, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича семинар-тренинглар, давра суҳбатлари,  мулоқотлар доимий ўтказиб борилаётганлиги, бу ўз навбатида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга яқиндан ёрдам бераётганлиги айтиб ўтилди.

- Мен ҳунармандман, банк томонидан ташкил этилган семинарларда бир неча бор қатнашиб, тадбиркорлик борасидаги билимларимни бойитдим, - дейди Андижон шаҳридаги Эркин маҳалласида яшовчи Наргизахон Солиева. - Шундан сўнг, Халқ банки Андижон шаҳар бўлимидан имтиёзли кредит олиб, миллий қўғирчоқлар тайёрлашни йўлга қўйдим. Ҳозирда 5 нафар шогирдим билан иш олиб бораман. Маҳсулотларимиз "Жомеъ" меъморий мажмуаси ҳудудидаги дўконимизда сотиляпти, шунинг-дек, буюртма бўйича боғчаларга тайёрлаб, етказиб беряпмиз.

Ҳозирда ишимни ривожлантириш, мижозларни кўпайтириш ҳаракатидаман. Энг асосийси, банк кўмагида ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйиб олдим, даромад топиш имконига эга бўлдим.

Давра суҳбатида АТ Халқ банки мутахассислари томонидан иштирокчиларга бизнес-лойиҳалар тайёрлаш, кредит олиш тартиблари, кредитдан мақсадли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни самарали юритиш сингари қатор масалалар юзасидан маълумотлар,   шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ижобий натижаларга эришиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Тажрибали тадбиркор аёллар томонидан маҳорат  дарслари ўтказилди.

Тадбир доирасида АТ Халқ банкининг молиявий кўмагида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган ҳунармандлар ҳамда муваффақиятли фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

Асакалик 48 нафар аёлга тикув машинаси берилди

Халқаро Қишлоқ аёллари куни олдидан Асака туманидаги "Аёллар дафтари", "Темир дафтар" ва "Ёшлар дафтарига" киритилган 48 нафар хотин-қизга субсидия асосида 76 та тикув машинаси берилди.

Вилоятимизнинг қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озодахон Парбибоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева иштирокида тумандаги 48 нафар эҳтиёжманд аёлга тикув машинаси берилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Тикув машиналари берилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар, айниқса, эҳтиёжманд опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларни яхшилашга қаратилган эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Халқаро Қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасидаги тадбирларда қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бартараф этиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан субсидия асосида опа-сингилларимизга тикув машиналари берилиши билан тумандаги 48 нафар ишсиз, эҳтиёжманд аёлнинг бандлиги таъминланди.

Улар орасида Отуш маҳалласида яшовчи Шаҳзодахон Мираматова ҳам бор. Эътибордан хурсанд бўлган аёл дил сўзларини қуйидагича изҳор этди:

- Уч нафар фарзандим бор, уларни ёлғиз ўзим вояга   етказяпман, - дейди Ш. Мираматова. - Мавсумий ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик ўтказиб келаман. Ҳукуматимизга, ҳокимиятга, оила ва хотин-қизлар бўлимига раҳмат. Эътибор туфайли мен ҳам иккита тикув машинси олдим. Тикувчиликдан хабарим бор. Энди ушбу ҳунар билан шуғулланиб, даромад топишга ҳаракат қиламан. Қийналиб яшаётган мен каби аёлларнинг ўз ҳаётини яхшилаб олишлари учун имконият яратиб бераётган юртбошимизга, барча яхши инсонларга мингдан-минг раҳмат.

Ана шу хайрли иш туфайли Асака туманида 48 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилди.

Дилфузахон АЛИЕВА,

Асака тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

МИЛЛАТИМ ФАХРИ

21 октябрь - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Она тилим! Онажоним - ўзбек тили! Аллоҳимга беадад шукрлар бўлсинки, мен-мавжудман, тилим билан ўз ҳисларимни ифодалай оламан. У туфайли ўз овозим, ўз ўрнимга эгаман. Дунёда элатлар бисёр, урф-одатлардек ранг-баранг бу тиллар. Ҳар бири ўзига хос, ўзгача жозибадор. Миллатимнинг юраги, қадрлигим, суюклигим, она тилим! Ҳашамлардан холи, кези келса жарангдор, онамиздек ардоқли!

Она тилим, сенинг қудратингни, бетимсоллигингни таърифлашга тил ожиз. Ҳар тонг уйдан чиқаётганимда дуч келган кимсалар олдидан сукут сақлаб, жим ўтиб кетолмайман, беихтиёр "Ассалому алайкум" деган сўзлар  лабларимдан учиб чиқади. Жиддийлик зоҳир бўлган юзларга хиёл табассум югуради ва "Ваалайкум ассалом" дея алик оладилар. Мен то манзилимга етгунга қадар салом-алик неча бор такрорланади. Она тилим, сен эмасми, кўплар орасида қадр-мартабада бизни юксакликка кўтарган! Сен эмасми, шоирларни улуғлаб, халққа танитган, севилиш, севиш шарафига етиштирган, гўзал яшаш сирларидан воқиф этган, теран маъноларни тафаккур замирига жойлаган, нафис сўзлар мислсиз қудратни ўзига жойлаган.                                                                              

Ривоят қилишларича, қадим замонларда икки табиб яшаган экан. Иккиси ҳам  жуда моҳир бўлиб, бир-биридан қолишмас экан. Бироқ биринчи табиб бир оз қўпол, муомала маданиятига амал қилмайдиганлар хилидан экан. Иккинчиси эса, аксинча, жуда хушмуомала экан. Бир куни биринчи табибнинг олдига бир аёл негадир кўнгли беҳузур бўлаётганидан шикоят қилиб келибди. Табиб ундан тупуришни сўрабди. Аёл тупурди. Тупук қизғиш тусда эди. Шунда табиб:

-      Сен сил касалига йўлиқибсан, умринг поёнига етай деб қолибди, - деди ва бирмунча дориларни ёзиб берибди. Аёл уйга қайтди. Бироқ у энди ўйда қолди. Ёмон касалликка чалингани, умрининг саноқли дақиқаси қолгани ҳақида ўйлайвериб, юраги сиқилди, натижада ҳақиқатан ҳам у силга чалинди. Аслида, аёл шу куни кўп шотут еган, кўнгли айниши шундан эди. Табибнинг гапларига ишонган, уни ҳақ деб билган аёл кўп ўтмай, ёруғ дунёни тарк этди. Табибнинг билиб-билмай айтган бир оғиз сўзи унинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлди.

Иккинчи табиб бир оғир ётган беморни кўриш учун борди. Табиб қараса, беморнинг дарди оғир, саноқли кунлари қолибди. Шунда табиб:

- Касалингиз, унча жиддий эмас, ҳадемай тузалиб кетасиз, фақат, сабр-тоқат билан даволаниб, парҳез қилинг, очиқ ҳавога олиб чиқсинлар, кайфиятни кўтаринг, оила-аъзоларингиз билан ширин суҳбатлар қуринг, касалликни унутинг, - деди ва керакли дориларни ёзиб берди. Табибнинг айтганини қилган бемор тез орада оёққа турди.

Қиссадан ҳисса шуки, ширин сўз, хушмуомалалик инсонни ёруғликка бошласа, кўполлик, дағаллик кишини разолатга етаклайди. Шу боис, ўзгалар билан сўзлашганда чиройли сўзлар айтишга, хушмуомала бўлишга интилайлик.

Она тилим! Алланинг сеҳри билан гўдакнинг баданларига сингиб, ўз онасига, яқинларига  муҳаббат ҳисларини сингдирган  ҳам сен. Илк бор тил чиқариб, "Она" сўзини айтган болакайга қараб, шодликдан дунёга сиғмай кетган онага  олам-олам қувонч бахш этган - Сен! Улуғ Навоий ардоқлаган, кўкларга кўтарган, борлигингни оламга достон қилган кўҳна тилим - Сен! Шу қадим заминда шундай бир халқ борлигини ифодалаб турган, мўътабар тилим -Сен!

 Онажоним! қулоқларимга азон айтилган дастлабки  сониялардан сен менинг юрагимга жойлашдинг. Она тилим, сен ўз жозибанг, қудратинг, бетакрорлигинг, бетимсоллигинг билан миллатимиз фахри бўлиб яшайверасан!

Умида  ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

15 ОКТЯБРЬ - ХАЛҚАРО ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИ КУНИ

ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИНИНГ МУАММОЛАРИ БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА

Гулнорахон АБДУЛЛАЕВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

Мамлакатимизда Халқаро Қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасида Андижон вилоятида опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда вилоят аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти эса қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Маълумки, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида энг аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар ётади. Буни биргина вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган манзилли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

"Аёллар дафтари"га киритилган 63 минг нафар аёлнинг 57 минг 784 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 21 минг 737 нафар хотин-қизнинг   бандлиги таъминланди.

Тадбиркорлик қилиш истагидаги 9 минг 453 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 8 минг 215 нафарига тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун Халқ банки, Агробанк ва "Микрокредитбанк" вилоят филиаллари томонидан 58 миллиард 389 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. 

Боқувчисини  йўқотган, эҳтиёжманд 13 минг 305 нафар хотин-қизга 12 миллиард 895 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож 428 нафар аёлнинг уй-жойи таъмирлаб  берилди. Уй-жойга муҳтож 101 нафар аёл уй-жой билан таъминланди, ижарада яшаётган аёлларнинг 501 нафарига 528 миллион сўм миқдорида ижара компенсацияси тўлаб берилди.

Қишлоқларда ўз томорқасидан унумли фойдаланиши учун ёрдам кўрсатилишини сўраган 388 нафар хотин-қизнинг барчасига ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун 756 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Бундан ташқари асосан, қишлоқларда истиқомат қилаётган 5 нафар олий ўқув юртида таҳсил олаётган аёлларга контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилди. 48 нафар "Яйлов хўжалигини ривожлантириш" уюшмаси аъзоларига турли ускуналар харид қилиш, 164 нафар хотин-қизга енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш, суғориш воситалари, уруғлик ва кўчат, 35 нафар хотин-қизга асбоб-ускуна сотиб олиш учун субсидиялар берилди.

Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 2 минг 580 нафар хотин-қизнинг имтиёз асосда олий таълим муассасаларига ўқишга киришларига кўмаклашиш мақсадида белгиланган мезонлар асосида уларнинг 2 минг 401 нафарига тавсиянома берилди. Тавсиянома олганларнинг аксарияти қишлоқ ҳудудида яшаётган хотин-қизлардир.

Вилоятимизда Халқаро Қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўтказилаётан ойлик доирасида юқоридаги йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар кўлами янада кенгайди. Ойликни ўтказиш бўйича вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятдаги 866 маҳалланинг барчасида опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, муаммоларини бартараф этишга қаратилган маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, шунингдек, тиббий кўриклар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларни ўтказишда вилят, туман, шаҳар ва маҳаллаларда ташкил этилган "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари, фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, "Бувижонлар мактаби", "қизлар давраси" жамоатчилик кенгашлари аъзолари жонбозлик кўрсатмоқда.

"Менинг қишлоғим", "Менинг онам - қишлоғим файзи", "Кексаларни улуғлаш - муқаддас бурч", "Қишлоғимиз - ёшлар нигоҳида", "Аёлларга айтар сўзим бор...", "Сиз улуғсиз, сиз муқаддассиз муҳтарама аёл!", "Саломатлик учун 5 минг қадам", "Дастурхон атрофида дилдан суҳбат", "Сиз борсиз менинг бахтим бутун, онажон!", "Балли қизлар",  "Фаровон оила келажак пойдевори", "Қадриятларимиз - бебаҳо бойлигимиз" деб номланган маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирларига кўпни кўрган кекса онахонлар, ўз даврида самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган эҳтиёжманд опа-сингилларимиз қамраб олинмоқда.

Қишлоқларда яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган,  фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш албатта, зиммамиздаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, ойлик доирасида қатор туманларда эҳтиёжманд аёлларга субсидия асосида тикув машиналари берилди. Биргина Асака туманида 48 нафар эҳтиёжманд аёл 76 дона тикув машинаси олиб, шу орқали доимий даромад топиш имконига эга бўлди.

Қишлоқларда оила муқаддаслигини, ўзига хос мезон ва қадриятларини улуғлаб, узоқ йиллар давомида оилалар тотувлигини, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб, кўпларга ибрат бўлиб келаётган ёши улуғ онахонларга ҳурмат-эҳтиром ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.  Масалан, Қўрғонтепа тумани Гулистон маҳалласида яшовчи онахонлар - Арофатхон Жумабоева ҳамда Муяссархон Холматовага моддий ёрдам кўрсатилди.

Ойлик доирасида Избоскан туман оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган сайёр қабул давомида турли масалалар бўйича мурожаат қилган хотин-қизнинг 11 нафарининг муаммоси жойида ижобий ҳал этилди.

Марҳамат туманидаги Ўқчи маҳалла фуқаролар йиғинида кекса онахонлар, уй бекалари иштирокида юқори кўтаринкилик билан ўтказилган стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари аёлларимизнинг янги-янги қирраларини кашф этди.

Балиқчи туманидаги Сирмоқ, Дўстлик, Чароғон, Гўровон, Сарнавул маҳаллаларида опа-сингилларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган "Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам" спорт тадбири аёлларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, руҳияти ва кайфиятини кўтаришга, "Китоб - маънавият сарчашмаси" деб номланган маънавий-маърифий тадбир эса, уларнинг маънавиятини, мутолаа маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.

Шифокорлар Жалақудуқ туманидаги "Осуда ҳаёт", Бештол, Қўштерак маҳаллаларида яшаётган кекса авлод вакиллари хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг саломатлигини кўрикдан ўтказдилар. Тиббий кўрикларда даволанишга муҳтож аёлларга тиббий муассаларда даволаниши учун йўлланмалар берилди.

Шаҳрихон туманидаги Қашқар, Назармаҳрам, Оқ олтин маҳаллаларида  "Қадриятларимиз - бебаҳо бойлигимиз" тадбири, "Балли қизлар" танлови ҳам миллий қадриятларимизни улуғлаш, ёшларимизнинг фаоллигини оширишга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, Халқаро Қишлоқ аёллари куни муносабати билан юқоридаги каби тадбирлар вилоятнинг ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалласида юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда. Ойлик доирасидаги ана шу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад,  қишлоқларда яшаётган опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, турмуш фаровонлигини янада ошириш, муаммоларини бартараф этиш, энг асосийси,  ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган.

АЁЛ, СЕНИНГ БОРИНГ БАХТДИР...

Меҳру муҳаббати дунёларга тенг,

Сабри сарҳад билмас, кўнгли шунча кенг,

Бунча марҳаматли, бунча бағри кенг,

Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!

 

Олима, шифокор, муаллима сен,

Ердан зар ундириб шимарасан енг,

Ижод дунёсида хассосдирсан энг,

Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!

 

Бир қўлингда бешик, бир қўлда олам,

Дейсан: "Юртга қалқон бўлолгин, болам",

Излари гул-чаман, қошлари қалам,

Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!

 

Пойингга поёндоз ошиқлар ори,

Лек қалбингда пинҳон дилинг изҳори,

Фақат сенга бахшдир қадрнинг бори,

Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!

Акрамжон МАМАТОВ

ҒОЛИБЛАР МУНОСИБ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигидаги республика комиссияси ва унинг таркибидаги Ишчи гуруҳлар томонидан мамлакатимиз ҳудудларида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, тизимли ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур жараёнда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни самарали амалга оширишда намунали ва тизимли фаолият олиб бораётган масъул ва мутасаддилар  ўртасида "Энг намунали иш бeрувчи аёл", "Энг яхши маҳалла раиси", "Энг яхши ҳоким ёрдамчиси", "Энг яхши хотин-қизлар фаоли", "Энг яхши ёшлар етакчиси" ҳамда "Энг яхши сектор раҳбари" рeспублика танлови ўтказилмоқда.

- Мазкур танловларнинг Андижон вилояти туман ва шаҳар босқичлари шу йилнинг июль-август ойларида ўтказилди, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси Қодиржон Парпиев. - Танловларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 641 нафар хотин-қизлар фаоли, 94 нафар иш берувчи аёл, 540 нафар маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси, 574 нафар ёшлар етакчиси, 572 нафар ҳоким ёрдамчиси иштирок этди.

Танловларнинг туман, шаҳар босқичлари ғолиблари ўртасида ўтказилган    вилоят босқичи якуний натижаларига кўра, Қўрғонтепа тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Элёрбек Набижонов "Энг яхши сектор раҳбари" танловида, Пахтаобод туманидаги "Dono bolajon quvonchi" нодавлат таълим муассасаси раҳбари Зиёдахон Жумабоева "Энг намунали иш берувчи аёл" танловида,  Асака туманидаги "Камолот" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фируза Раҳматова "Энг яхши маҳалла раиси" танловида, Марҳамат туманидаги "Дурафшон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Азизжон Холмирзаев "Энг яхши ҳоким ёрдамчиси" танловида, Қўрғонтепа туманидаги "Хонкўча" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Маъмурахон Мирзаева "Энг яхши хотин-қизлар фаоли" танловида, Асака  туманидаги "Бахрин" маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Фарруҳбек Турсунов "Энг яхши ёшлар етакчиси" танлови ғолиби деб топилди. 

Танловлар ғолиб ва совриндорларини вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳамаджон Нишонов ва бошқалар муборакбод этиб, уларга диплом ва эсдалик совғаларини топширдилар.

 

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА,

жамоатчи мухбир.

 

Иш самарадорлигини оширишда рақамлаштириш муҳим жараён !

Фаолиятни рақамлаштириш - суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини, Мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этишнинг муҳим омилидир.

 

Мажбурийижро бюроси ташкил этилган пайтдан бошлаб, энг асосий эътибор соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилди.

Бунинг учун, “Mib Portal” ахборот дастурий таъминоти фаолиятга жорий этилиб,       35 та ташкилотларнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинди.

 

Дастур орқали ижро ҳужжатларини тўғридан тўғри суд ва боқа органлардан қабул қилиш, мол-мулкини қидириш, тақиқларни қўйиш ва ечиш, томонларга хабарномалар юбориш, пул маблағларини тақсимлаш, инкассо қўйиш, мол-мулкни аукционга чиқариш ва бахолашга юбориш каби ҳаракатлар фақат электрон тарзда амалга оширилмоқда.

 

Натижада, 2022 йилнинг ўтган даврида Бюро иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатларининг 90 фоиздан ортиғи суд ва бошқа ваколатли органлардан электрон қабул қилинди, тизим орқали сўровлар ва жавоблар онлайн тарзда амалга оширилиб, қоғозбозлик, маблағ ва ортиқча вақт сарфланиши олди олинди.

 

Ахборот-коммуникация технологиялари кенг тарзда жорий этилиб, Бюро фаолиятига ошкоралик беришга қаратилмоқда, “MIB.UZ” расмий сайти ёки Android мобиль алоқа воситасидаги иловаси орқали:

- ўзларига нисбатан қарздорлик ёки қўйилган чекловлар бор ёки йўқлигини;

- қарздор ва ундирувчиларга Бюро органларига бормасдан, иш юритувдаги ижро ишлари бўйича қандай қарорлар қабул қилиш;

- тўловга қобилиятсиз шахслар ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти яратилган;

- кўплаб эътирозга сабаб бўлаётган алимент ундируви соҳасини ҳам рақамлаштиришга эътибор қаратилди, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона “E-Aliment” электрон ахборот тизими ишга туширилди.

 

Бундан ташқари, ижро жараёнида коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва инсон аралашувини минималлаштириш мақсадида, жорий этилган “Smart ёрдамчи” электрон платформаси орқали қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш ва уларга тақиқ қўйиш тўлиқ автоматлаштирилган, қарздорлик бартараф этилганидан сўнг, тақиқларни автомат ечиш ва бу ҳақда хабардор қилиш тизими жорий этилди.