+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

15 Окт 2022

СЕҲРЛИ БАРМОҚЛАР

истеъдод

Мамлакатимизда ёшларга, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимиз ҳам жуда кўп. Улардан бири қўрғонтепалик Одинабону Турғуновадир. 

Бирор спортчи юртдошимиз - халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарса ёҳуд ўзбек санъаткори томонидан миллий қўшиқларимиз  чет эл саҳналарида янграса, шубҳасиз, ҳар бир ватандошимиз қалби фахр-ифтихорга тўлади.

Одинабону Турғунова ҳам юртдошлари қалбига ана шундай ифтихор туйғусини бахш этаётган ўзбек қизларидан биридир. Чунки у ўзбек чолғучилик санъатини нафақат юртимизда, балки дунёнинг қатор мамлакатларида юксак маҳорат билан намойиш этиб келмоқда.

Одинабону 2003 йилда Қўрғонтепа туманида таваллуд топган. У қишлоғидаги умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, миллий куй-қўшиқларга муҳаббат руҳи билан вояга етди. У аввал мактабда, сўнгра тумандаги маданият ва санъат масканларида устозларидан халқ миллий  созларини чалиш сирларини пухта ўрганди. Айниқса, унда дутор чалишга, куй ижро этишга қизиқиш кучлик эди. Шуниинг учун ҳам у ўқишлари давомида дуторда мумтоз ва лирик куйларни чалишни мукаммал ўзлаштириб, йиллар давомида маҳоратини ошириб борди.

У хали мактаб ўқувчиси бўлган йилларидаёқ кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. Жумладан, у бир неча маротаба "Наврўз садолари" халқаро кўп овозли миллий чолғу ансамбль ва оркестрлар фестивалида  ансамбль жамоаси сафида иштирок этиб, I даражали диплом билан тақдирланди. Бундан ташқари, турли йиллар давомида республика миқёсидаги Фарруҳ Мирусмонов номидаги ёш созандалар 3- танловида III даражали диплом, "Ёшлар - келажак бунёдкори!" шиори остида ўтказилган "Ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестрлари" фестивалининг Ўзбек миллий чолғу оркестри йўналишида ғолиб бўлиб, I даражали диплом соҳибаси бўлган.

Айни кунда Одинабону Ўзбекистон давлат  консерваториясининг ҳалқ чолғулари йўналиши  2- босқичида таҳсил олмоқда. Олий даргоҳда устозларидан чолғучилик санъатининг сир-асрорларини пухта ўрганиб, билим ва маҳоратини янада ошириб бормоқда.

Мумтоз куйларни ижро этишга ошуфталик уни санъатнинг янада юксак чўққилари сари етакламоқда. Бугунги кунда истеъдодли Одинабону "Бозурғоний" ,"Дутор лазгиси", "Султон жамжама", "Сароҳборий кўҳистон","Нурафшон" сингари кўплаб халқ куйларини моҳирлик билан ижро этиб, нафақат мухлислар, балки мутахассислар эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Айни пайтда шу ва бошқа миллий куйларимиз ўзбек қизининг сеҳрли бармоқлари орқали нафақат юртимизда, балки хориж саҳналарида ҳам янграмоқда. Хусусан, унинг кўплаб нуфузли халқаро кўрик-танлов ҳамда фестивалларда иштирок этиб, ғолиб бўлаётганлиги алоҳида эътирофга сазовор. 

Одинабону Турғунова Россиянинг "Қуёшли нур" ("Солнечнўй свет") ижодий уюшмаси томонидан Москва шаҳрида ўтказилган "Вокалъ ва чолғучилик ижодиёти", "Карнавал", "Истеъдодлар паради" ("Парад талантов"), шунингдек, "Чегарасиз санъат" ("Искуство без границ") уюшмаси томонидан ўтказилган "Ёз овозлари" ("Звуки лето"), Сочи шаҳрида ўтказилган "Жануб чироқлари" (Южное сияние", Самара шаҳрида ўтказилган "Баҳор ғалабаси" ("Весеннўй триумф") сингари халқаро онлайн кўрик-танловларида ғолиб деб топилиб, I даражали диплом билан тақдирланди.

Одинабону нафақат санъатда, балки ўзи таҳсил олаётган олийгоҳда ҳам энг фаол,    илғор талабалардан биридир. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларида ишлашни пухта ўзлаштирган, инглиз тилини яхши билади. Истеъдодли Одинабонунинг ана шу фазилатлари унинг истиқболи янада порлоқ бўлишидан дарак бериб турибди.

Ёш санъаткорнинг сеҳрли бармоқлари ила таралаётган ўзбек мумтоз куйлари минглаб мухлисларнинг қалбларини тўлқинтиришига асло шубҳа йўқ.

 

Восит АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.