+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Вилоятимизда "Аёли эъзозланган юрт" шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирларда туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари мутасаддилари, хотин-қизлар фаоллари, лидер ва тадбиркор аёллар, "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари, отинойилар иштирок этдилар.

-      Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқеини янада оширишга қаратилган, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар  бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. - Қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, аёлларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун яратиб берилаётган имкониятларни кенг тарғиб этишдир.

Андижон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқеини янада ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ташаббуси билан опа-сингилларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, берилаётган имтиёзлар ҳақида гапирди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистоннинг янгиланган конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган модда ва нормалар ҳақида маълумотлар берилди.

Хонобод шаҳрида ўтказилган тадбир аёллар байрамига айланди. Тадбир давомида ёш бўлишига қарамай, қатор ютуқларни қўлга киритаётган иқтидорли қизлар, катта ҳаётий тажрибага эга нуроний онахонлар, намунали оила вакиллари, оқила аёллар, "Аёллар дафтари"га киритилиб кўмак олган ва ўз мақсади йўлида муваффақиятга эришган аёллар билан мулоқотлар ташкил этилди.

 "Аёли эъзозланган юрт" шиори остидаги бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Рамазон - нажот ва раҳмат ойи

Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ой ҳисобланади. Рамазон - мўмин бандаларга Яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшикларини очиб бергувчи нажот ва раҳмат ойидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", дейди. Бу ойда тутилган рўза ва қилинган эзгу амаллар билан Аллоҳнинг раҳматига доҳил бўлинади"... ўртасида эса банданинг гуноҳлари маҳфират этилади", дейилади. Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, Рамазоннинг ярмига етганда тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазоннинг охирида эса бу ойни рўза тутиб ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари, рўзани чиройли ҳолатда тутмоқликлари муҳимдир.

Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади?Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, Рамазон кириши билан ҳар бир мўмин энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак. Чунки уламолар "Аллоҳ учун рўза тутиб, ўзингизни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишликдан тийиласизлару сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ейсизларми? Яъни (инсонларни ғийбат қилиб, гуноҳ ишларни қиласизларми) деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди".

Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам, ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Зеро, Пайғамбаримиз Маҳаммад (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда ҳар бир мўмин фақирларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзмоқлари, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултум сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатмоқликлари лозим. Бу ҳақида пайғамбаримиз (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар.

Ушбу муборак ойда бандалар етимлар, хасталар, кексалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг қалбларини шод қилмоқлари лозимдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимнинг кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар. Яна бу муборак ойда ҳар бир инсон имкон борича атрофидагиларга, яқинларига ёрдам қўлини чўзмоқлиги ҳам улкан ажрдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасини қиёмат куни қийинчиликларини енгилатади", дея марҳамат қилганлар.

Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни юқорида айтиб ўтилган амалларга риоя қилишлигимизни, Рамазон ойини чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.

Абдуҳалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Оқгўр" жоме масжиди имоми.

"Соф ақида ва солиҳ амаллар"

Янги китоб

Мустақил тараққиёт, айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний илмларни ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Биргина вилоятимизнинг ўзида фаолият олиб бораётган  икки юзга яқин жоме масжидида жума,     ҳайит намозлари ўқилмоқда.

Юртимиз нашриётларда чоп этилаётган диний мавзудаги, қолаверса, инсонларни имон-эътиқодга, хайрли ва эзгу ишларга бошловчи китоблар юртдошларимизнинг диний билим ва тушунчаларини  бойитишга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳамюртимиз,  Жалақудуқ туманининг Шаҳрихончеки маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Ҳақназар Абдураҳмоновнинг шайх Абдулазиз Мансур билан ҳамкорликда тайёрлаган "Соф ақида ва солиҳ амаллар" деб номланган мўъжаз китоби ҳам ана шундай нашрлардан биридир.

Мазкур рисолада муқаддас ислом динимизнинг илоҳийтаълимоти,  аркон ва аҳкомлари, мўмин-мусулмонларга муносиб ахлоқ-одоблар содда, қисқа ва тушунарли тарзда баён этилган.

Ушбу рисола кенг китобхонлар оммасига албатта, манзур бўлади.

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 

Қуйида ушбу китобга киритилган "Ният ҳақида"ги баённи эътиборингизга ҳавола этамиз.

НИЯТ ҲАҚИДА

Ният деганда асосан, дилимизда бирор ишни қиламан, деб азму қарор қилишимиз тушунилади. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг Имом Бухорий  ривоят қилган муборак Ҳадиси шарифларидан бирида: "Барча амалларнинг эътиборга олиниши ниятга қараб белгиланур", - дея хабар берилган. Бинобарин, барча амаллар ва ибодатларни бажаришда дил билан ният қилиш шарт, яъни фарз. Бизнинг ҳанафий  мазҳабимизда дилда қилинган ният билан бирга, қайси бир ибодат амалини қилмоқчи бўлса, уни тилда ҳам айтишлик мустаҳабдир.

Маълумки, бизнинг юртимизга Ислом дини Бухоро орқали кириб келиб тарқала бошлаган. Шунинг учун намоз ниятини Ўзбекистоннинг барча минтақаларида тожик тилида айтиш одат тусига айланиб қолган. Масалан, бомдод намозининг фарзини имом ортида ўқисак ва ниятни тилда айтсак "Ният кардам бигузорам  ду ракъат фарзи намози бомдод, рўй овардам бақибла, қиблаи ман жиҳати Каъба, иқтидо кардам баимоми ҳозил истода, холисан лиллоҳи таоло Аллоҳу акбар" дейишга одатланганмиз. Аслида буни она тилимизда: "Ният қилдим бомдод намозининг икки ракъат фарзини ўқимоқликни, юзимни қиблага ўгирдим, қиблам - Каъба томони, ҳозир турган имомга иқтидо қилдим, холисан лиллоҳи таоло Аллоҳу акбар", деб айтсак  ҳам бўлаверади. Шошиб қолганда қисқартириб айтса ёки дилдаги ният билан кифояланиб, тилда айтмасдан ўқиса ҳам дуруст бўлаверади.

Ниятни араб тилида айтса нур устига нур. Лекин тили араб тилига яхши келмайдиган ёки мазмунини билмайдиганлар она тилларида айтгани яхши. Имомга иқтидо қилишга улгурмай қолишдан сақланиш учун фақат дилига қайси намозлигини келтириб қўйса кифоя. Бундай пайтда ҳатто неча ракъатлигини хаёлига келтириш ҳам шарт эмас.

Мўмин-мусулмонлар доимо яхши ният қилиб яшашлари керак. Бу хусусда: "Мўмин кишининг нияти амалидан яхши" деган ҳикматли сўз бор. Бу сўз Ҳадиси шарифдан олинган. Унинг шарҳида айтиладики инсон бирор яхши ва савобли ишни қилмоқчи бўлса, уни бекаму кўст, мукаммал бажараман деб ният қилади. Аммо бажарганда кўнгилдагидек мукаммал қила олмаслиги мумкин. 

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ҳақназар АБДУРАҲМОНОВ.

Муқаддас қадриятлар - ёшларга мерос

наврўз

Наврўз байрами қадимийлиги, эзгулик, меҳр-мурувватга бой анъаналарни тарғиб этиши билан барчамиз учун қадрлидир.

Бугун юртимизда Наврўз шукуҳи кезмоқда. Табиат яшилликка бурканмоқда, қуёшнинг тобора юксалиб, кунларнинг исиётгани дилларга ҳам илиқлик улашади. Баҳор гўзаллик фасли. Ҳамма жойда бўлгани каби мактабимизда ҳам баҳорнинг илк кунлариданоқ Наврўз кайфияти ҳукмрон. Дарс мавзуларини бошлашдан аввал Наврўз ҳақида ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказдик. Очиғи, ўқувчилар Марказий Осиё ва Шарқ халқларининг қадимий янги йил байрами ҳисобланган Наврўз ҳақида кўп нарсаларни билиб олишган. 

Наврўз Марказий Осиёда Ислом дини қабул қилинмасдан анча илгарироқ мавжуд бўлганлиги, бу ҳақда Абу Райҳон Берунийнинг "Китоб ат таҳвим" ("Тушунтириш") ва "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарларида маълумотлар берилган. Бундан ташқари, Маҳмуд Қошғарийнинг "Девону луғотит турк" асарида наврўзга бағишланган халқ қўшиқларидан намуналар учраши ҳақида ҳам ўқувчиларимиз тушунча олишган. 

Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча билан кундузнинг тенг келиши йил боши ҳисобланган. Бу эски қуёш йили ҳисобида фарвардин ойининг бошланишига (22 март)-кеча билан кундузнинг тенглашиши, куннинг узая бошлаши, табиатда жонланиш, баҳорнинг бошланиш даврига тўғри келади.

Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" китобида Наврўзнинг пайдо бўлишини бизгача етиб келмаган қадимий паҳлавий китоблардаги маълумотлар асосида Абулқосим Фирдавсий ўзининг "Шоҳнома" асарида ярим афсонавий шоҳ - Жамшид номи билан боғлайди. "Жамшид темир эритиб, қурол ясашни, ип йигириб, тўқиб, кийим тикишни, уйлар, саройлар қуришни ихтиро қилади. Кишиларнинг ўз қобилияти, ҳунарига қараб, гуруҳ, табақаларга ажратади. Бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Бу фарвардиннинг биринчи куни эди. Ҳамма жуда бахтиёр, ғам-андуҳни унутиб, шу куни барча Жамшидни табриклайди ва байрам янги йил боши бўлиб анъанага айланади".

Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" китобида ёзилишича, Наврўз байрами ўтказишнинг шоҳлар учун махсус тартиб-қоидаси бўлган. Уй-жойларни тозалаш, кўчат ва гуллар экиш, ота-она, яқин кишилар билан дийдорлашиш, марҳумлар қабрини зиёрат қилиш сингари одатлар халқ орасида одат тусига кирган.  Бошқа халқлар сингари ўзбек халқи ҳам бу кунни қадимдан янги йилнинг бошланиши сифатида байрам қилади. Наврўзда буғдой ёки арпа ундиришиб, унинг майсасидан сумалак - баҳорнинг шоҳ таоми тайёрланган. Ялпиз, исмалоқ ва бошқа доривор кўкатлардан чучвара, кўк сомсалар пиширилган. Наврўз - деҳқончилик ишларининг бошланиши, меҳнат байрами тусини олган.

Бугун мактабда сифатли таълим беришга, юксак салоҳиятли ёшлар тарбиясига  эътибор кучаймоқда. Шу ўринда ўқитувчиларга бўлган талаб ва масъулият ҳам ортмоқда, дарсларга ижодий ёндашиш талаб этилмоқда.  Мактабимизнинг ҳар бир  ўқитувчиси ана шу талаблардан келиб чиқиб, самарали ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар доирасида ўқувчиларнинг мустақил, ижодий фикрлаш, эркин мулоқот қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини бойитишга ҳаракат қилмоқда.

Наврўз байрами нафақат ўйин-кулгидан иборат, балки чор-атрофни, мактаб, маҳалла, гузар ва кўчаларни ободонлаштириш, гул ва дарахт кўчатлари экиш, яшил маконлар барпо этишдек хайрли ишларни ўзида мужассам этган қадим қадрият эканлиги ҳам ўқувчиларга тушунтирилмоқда. Ҳашарлар ўтказилмоқда. Ана шу қадрият ва анъаналарга амал қилган ҳолда ўқувчиларнинг она табиатга бўлган меҳрини, поклик ва гўзалликни асраб-авайлашга, меҳнат қилишга бўлган иштиёқини кучайтириш муҳимдир. Зеро, бундай қадриятлар, эзгу анъаналар ёшларимизга мерос бўлиб қолиши керак.

 

Шодияхон МАМАДАЛИЕВА,

Одинахон ЮЛДАШЕВА,

Хўжаобод туманидаги  12-умумтаълим мактаби ўқитувчилари.

ЛЎҒУМБЕКДА 8 ТОННА СУМАЛАК ТАЙЁРЛАНДИ

шодиёна

Избоскан туманидаги Лўғумбек боғи бир пайтлар нафақат республикамиз, балки бутун Марказий Осиёга ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, зилол сувларию, гўзал товуслари билан машҳур бўлган. Табиати ўша-ўша сўлим бўлса-да, йиллар силсиласида боғ анча кўркамлигини йўқотди,  таровати кетди. Бу ердан сайёҳларнинг қадами узилгач эса, мутлақо қаровсиз аҳволга келди.

Туманнинг бу йилги Наврўз байрамини Лўғумбек боғида нишонланиши  қишлоқ аҳли қалбига умид ва қувонч олиб келди. Улар ўша машҳур аския кечалари, турли ош мусобақаларию, халқ сайилларини жуда соғинишганди.

Қишлоқдаги Маданият уйи олдида бошланган байрам дастурини маҳалла раислари "Андижон полкаси" билан бошлаб бердилар. Избоскан туманида 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг 15 тасини аёллар бошқаради.

Наврўз шодиёналари доирасида Лўғумбек боғида Избоскан тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 8 тонна сумалак тайёрланди. Оғирлиги 3,2 тонналик ўчоққа 7,7 тонналик қозон ўрнатилди. Сумалакни тайёрлаш учун 5,5 тонна буғдой, 4,5 тонна ун, 2,5 минг литр пахта ёғи, 7 минг литр сув, 200 килограмм тош солинди.

Рекорд даражадаги сумалак тайёрлашда тумандаги "Юқори" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойсуда опа Ибрагимова ҳам фаол иштирок этди.

- Сумалак пиширишда тажрибали, 20 нафар фаол аёлларга туманимиз бош отинойиси бош-қош бўлди, - дейди Ойсуда опа биз билан суҳбатда. - Ёши улуғ онахонлар маслаҳати, кўмаги, кўпчилик дуоси билан сумалакни эсон-омон пишириб олдик. Таом айнан байрам куни тушга яқин тайёр бўлиб, аҳоли ва меҳмонларга иссиғида тортиқ этилди.

Эътиборлиси, Избосканнинг мегасумалагидан ким қанча истаса, шунча тановул қилди, уйларига олиб кетди. қолаверса, бу таом кам таъминланган, уйида бемор бўлиб ётган инсонларга, шифохоналарга тарқатилди.

Сумалак сайлида 25 минг нафардан зиёд киши иштирок этди, 7 та саҳна тикилиб, меҳмонлар учун хизмат қилди, 90 дан зиёд сўрилар безатилиб, турли ноз-неъматлар билан тўлдирилди. Палов тайёрлаш, миллий ўйинлар мусобақалари ўтказилди.

Наврўз тантаналарига  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Россия Федерацияларидан меҳмонлар ташриф буюришди. Вилоятимиз туманларидан, қолаверса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидан меҳмонлар келишди.

Концерт дастури давомида рақс тушиб чарчамаган Ойсуда опанинг кайфияти чоғ, руҳи кўтаринки эди. "Чарчамадингизми?" деб берган саволимизга "ўйинга тушсам чарчамайман, аксинча, қоним юришади, ўзимни  соғлом ва тетик ҳис этаман, кайфиятим кўтарилади", деб жавоб берди.

- Келин бўлиб тушганимга 35 йилдан ошди. Шаҳарда ўсганлигим учун мени "Бу қиз қишлоққа кўниколмайди", деб гапиришган. Аммо, ҳозир қизлик уйимга бориб, бир кун ётолмайман. қишлоғим мен учун жондай азиз, Ватан ичра - Ватан. Маҳаллам - жон томирим. Лўғумбекнинг бир бўлаги эканлигимдан фахрланаман. Инсон ҳаракатда бўлса ҳеч қачон мақсадига эришмай қўймайди. Мақсадларимга эришдим, бахтлиман, Оллоҳ яна қанча умр берса, шунча вақт қишлоғим, маҳалла-кўйим орасида бўламан! - дейди у.

Шу куни кечгача Лўғумбекда қолиб кетдик. Сумалак яладик, Ойсуда опага қўшилиб   рақсга тушдик, моҳир ошпазлар санъати-паловхонтўрадан баҳраманд бўлдик. Оқшом шаҳарга қайтдик. Бу - мен кўрган ва нишонлаган Наврўзларнинг энг зўри эди.

Муаззам СОБИРЖОН қизи

ИССИҚХОНА ДАРОМАДИДАН БОЙ БЎЛАЁТГАНЛАР

Томорқа - даромад манбаи

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки деҳқон хўжаликлари, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юртдошларимиз даромадини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда, айниқса, аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш борасида Олтинкўл туманида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда тумандаги 37 мингдан зиёд хонадонда 13,5 мингта иссиқхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 89 гектарни ташкил этади.

 Олтинкўлликлар томорқадан унумли фойдаланиш, халқимиз дастурхонини иссиқхонада пишиб етиладиган турли ноз-неъматлар билан тўлдириш, турли кўчатлар етиштириш орқали катта даромад олиб келади. Тумандаги миришкор  деҳқонлар томонидан иссиқхоначилик бўйича ўзига хос тажриба мактаби шаклланган.

Айниқса, Кўмакай, Айшахоним, Чўнтак, Гулбоғ-Иттифоқ, Уйғур, Қўштепа, Хондибоғи, Ўрта, Топтиқ сингари маҳаллаларда иссиқхоналар ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган.

Чўнтак маҳалласи Олтинкўлнинг энг обод маҳаллаларидан бири саналади. Маҳалладаги 650 га яқин аҳоли хонадонининг 400 дан ортиғи томорқасида 4 гектардан зиёд майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида тадбиркорлар томонидан бир неча гектар майдонда йирик иссиқхоналар ҳам бунёд этилган бўлиб, мазкур иссиқхоналарда кўплаб кишилар доимий ва мавсумий ишлар билан банд.

Иссиқхоналарнинг аксариятида қишнинг охири ва эрта баҳорда бодринг, помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон ва гул кўчатлари етиштирилиб сотилади. Кўчатлардан бўшаган майдонларга маҳсулот етиштириш учун яна кўчатлар экилиб, парваришланади. Икки ой ичида ана шу экилган кўчатлардан ҳосил олинади. Шу тариқа миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, карам, зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.  

- Айни кунда маҳалламиздаги ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олади, - дейди "Чўнтак" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Санобархон Ҳамидова. - Аҳоли томорқасидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаётган бўлса, помидор, болгар қалампири, қалампир, бақлажон, бодринг, карам кўчатлари вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига, фермер хўжаликларига экиш учун етказиб берилмоқда.

Маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.

- Хонадонимизнинг 4,5 сотих майдонида иккита иссиқхона мавжуд, - дейди Чўнтак маҳалласи М. Каримов кўчасида яшовчи Ўғилой Эргашева. - Иссиқхоналарга карам экиб, парваришлаяпмиз. Насиб этса, яқин кунлар ичида карам етилади. Янги, сархил ва сервитамин карамни халқимиз дастурхонига етказиб берамиз. 

Шукр, шу ишимиз, меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик. Меҳнатимизга яраша даромад топяпмиз.

Мазкур маҳаллада яшовчи Шуҳратой Мадазимова хонадонида ҳам 2,5 сотихдан иккита иссиқхона қурилган. Бирида 35-40 минг туп помидор кўчатлари етиштирилмоқда, иккинчисига эса помидор кўчати экилган.

-      Кўчат етиштириш майда, нозик ва машаққатли иш, - дейди  Ш. Мадазимова. - Айниқса, қишда иссиқхонадаги ҳароратни бир хилда ушлаб туриш, ҳар бир кўчатини алоҳида салафан пакетларга кўчириб ўтказиш осон эмас. Бу каби ишлар кишидан анча меҳнатни талаб этади.

Иссиқхонадаги кўчатларни келиним Гулҳаёхон билан доимий назорат қилиб, парваришлаймиз. Етилаётган помидор кўчатини сотиб, ўрнига бодринг экамиз. Шу тариқа иссиқхонадан йилига камида уч марта ҳосил оламиз.  

Умуман, Чўнтак маҳалласида яшовчи  ўз ишининг устаси бўлган юзлаб миришкор деҳқонларнинг ҳар бирини алоҳида эътироф этиш мумкин.

-      Маҳалламиз аҳолиси жуда кўп йиллардан буён кўчат, зиравор кўкатлар етиштириш билан шуғулланиб келади, - дейди меҳнат фахрийси Ғанижон ака Йўлдошев. - Андижон шаҳрига яқин ҳудудда яшаганлигимиз боис, шаҳар бозорларини йил давомида бодринг, помидор, карам ва кўкатлар билан таъминлаб келамиз. Бундан ташқари, маҳалламиз тадбиркорлари аҳолидан ушбу маҳсулотларни сотиб олиб, Қозоғизтон, Россия давлатларига экспорт қилади.

Давлатимизга, Президентимизга раҳмат. Бугун деҳқон, тадбиркор учун, уларнинг самарали иш олиб боришлари учун  зарур барча шароитлар яратиб берилган. Ҳаракат, меҳнат қилган одам меҳнатига яраша даромад топиб, турмушини чиройли қилмоқда, эл дастурхони тўкин, бозорлар арзон бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Бир сўз билан айтганда, нафақат Чўнтак маҳалласида, балки Олтинкўл туманининг кўплаб маҳаллаларида  томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш орқали бой бўлаётган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.  

Миллий либос - миллат кўрки

Марҳамат туманида "Кийиниш маданияти - маънавият кўзгуси" мавзусида миллий қадрият ва урф-одатлар тарғиботига бағишланган тадбири бўлиб ўтди.

Наврўз байрамига бағишланиб  туман марказидаги "Оналар ва болалар" боғида нуроний онахонлар, маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, отинойилар, ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда халқимизнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналари кенг тарғиб этилди.

Тадбирда тумандаги касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган қизлар томонидан миллий ва замонавий либослар кўргазмаси намойиш этилди.

-      Атлас, адрас, беқасам каби миллий матолардан тикилган замонавий либослар миллатимиз кўрки, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Ҳафизахон Мамаризаева. - Қолаверса, миллий либосларимиз халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг миллий қадрият ва анъаналарга бўлган ҳурматини янада оширади.

Маҳаллаларидан ташриф буюрган қўли гул, пазанда уй бекалари, келинлари томонидан тайёрланган сумалак, ўзига хос миллий ва баҳорий таомлар, ранг-баранг салатлардан барча баҳраманд бўлди.

Онахонлар томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарлар, ижодкор қизлар ижросидаги миллий қадрият ва урф-одатларимиз акс эттирган саҳна кўринишлари иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. 

Розия ТЎЙЧИБОЕВА, жамоатчи мухбир.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

Спортда ўзбек қизлари ҳеч кимдан кам эмас, - дейди белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова.

Спортимиз юлдузлари

Мамлакатимизда спортга, айниқса, хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу боис ҳам, қизлар орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи ортиб бормоқда.

Андижон давлат университети жисмоний маданият факультети 4- босқич талабаси,  халқаро тоифадаги спорт устаси Мафтунахон Маҳмудова ҳам ана шундай ёшлардан бири.

Мафтуна 2001 йилда Андижон вилояти, Олтинкўл туманида таваллуд топган. Оиладаги уч фарзанднинг тўнғичи. У болалигиданоқ спортга ўзгача меҳр қўйган. Чунки ота-онаси ҳам ўз вақтида спорт билан шуғулланишган. Дадаси Рустам Темиров ҳаваскор курашчи сифатида кўплаб мусобақаларда қатнашган. Онаси Лайлохон эса дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Қизларидаги спортга қизиқиш, ўзгача иштиёқни кўрган ота-онаси тўққиз ёшга тўлган Мафтунани олимпия захиралар мактаб-интернатига олиб келишган. Бу ерда у спортнинг белбоғли кураш тури билан шуғуллана бошлаган.

 Биринчи мураббийи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамолиддин Бозоров ёш Мафтунага белбоғли курашнинг сир-асрорларини пухта ўргатди. Мунтазам машғулотларда қатнашди, ўз устида тинимсиз ишлади. Бу ўз самарасини берди. У турли мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

-      Меҳнатсеварлиги,     тиришқоқлиги, ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги туфайли Мафтуна юксак чўққиларни забт этиб, оддий қишлоқ қизи нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди, - дейди Жамолиддин Бозоров. - 2015 йилда ўқувчи қизлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ўз ёши ва вазни тоифасида ғолиб чиқиб, 14 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шундан кейин унинг ютуқлари йилдан-йилга ортиб борди. У ҳар йили мамлакат чемпионатларида ғалабани ўзида сақлаб келди. Турли ёшдаги курашчилар ўртасида 16 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Мафтуна 2018 йилнинг декабрь ойида Россия  Федерациясида ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида Қозоғистон, Молдавия ҳамда  россиялик рақибаларидан устун келиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарди.

Мафтунанинг халқаро майдонлардаги ютуқлари ҳам салмоқлидир. У спортдаги  фаолияти давомида  Қирғизистон, Қозоғистон ва юртимизда бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионатларида ғолиб бўлиб, уч карра Марказий Осиё чемпионлигини эгаллади.

2019 йилда Қирғизистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза, 2021 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилиги мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Ўтган йили Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам ўз вазн тоифасида унга тенг келадиган рақиб топилмади. Финалда беларуслик рақибасини мағлуб этиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади.

Айни кунда Мафтуна университетда таҳсил олиш билан бирга, Олтинкўл тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий сифатида ҳам иш олиб бормоқда. Иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган бўлса-да, икки нафар шогирди белбоғли кураш бўйича вилоят чемпиони бўлишга эришди.

Белбоғли кураш бўйича юксак натижаларни забт этиб келаётган  спортчи қизнинг орзулари бир олам.

-      Бугун юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, - дейди жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова. - Бунинг учун юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Бундан буён ҳам юртбошимиз эътибори, ишончига муносиб бўлишга, халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Энг асосийси, ўзбек қизлари спортда ҳеч кимдан кам эмасликларини  дунёга кўрсатаман.

Фаол ва ташаббускор, мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам спортчи қиз келгусида албатта, ўз мақсадларига эришади, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшади.

Сожида САИДОВА

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

МЕНИ БАХТЛИ ЭТГАН ШУ ВАТАН!

Тупроқлари тиллога тенгим,

Кенг дунёда ягонам дедим,

Сарҳад билмас меҳрингни сездим,

Бағри бутун, бағри кенг маскан-

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Илк сўзимга доя остона,

Бошим силаб бўлган парвона,

Бутун халққа меҳрибон она,

Болалигим ўтган бу маскан-

Хотиралар маёғи - Ватан!

 

Тўтиёдир зарра тупроғинг,

Олис кетсам, озор фироғинг,

Тинчлигингга бўлай фидойинг,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Қучоғингда яйрайман чунон,

Эрким осмон, тозадир имон,

Эрка қизинг бўлай ҳар замон,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Мени бахтли этган шу Ватан!

Ҳулкарой АБДУРАҲМОНОВА

МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Жараён

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш  институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга

 Маҳалла ўз фаолиятида одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини ифодалайди. Барча ишлар ана шу муқаддас маскандан бошланади. Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган.

Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарган. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-ахлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва  бошқарув маскани ҳисобланади.  

Кейинги йилларда юртимизда маҳалла фаолиятининг ана шу ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтириш орқали маҳаллани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, нуфузи ва ваколатларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни деб белгиланган.

Андижон вилоятида айни пайтда 909 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб бормоқда. Маҳалла тизими ходимлари куни вилоятимизнинг барча маҳаллаларида юқори кўтаринкилик билан нишонланди.

Восит АҲМАТХОНОВ