+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Март 2023

ЛЎҒУМБЕКДА 8 ТОННА СУМАЛАК ТАЙЁРЛАНДИ

шодиёна

Избоскан туманидаги Лўғумбек боғи бир пайтлар нафақат республикамиз, балки бутун Марказий Осиёга ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, зилол сувларию, гўзал товуслари билан машҳур бўлган. Табиати ўша-ўша сўлим бўлса-да, йиллар силсиласида боғ анча кўркамлигини йўқотди,  таровати кетди. Бу ердан сайёҳларнинг қадами узилгач эса, мутлақо қаровсиз аҳволга келди.

Туманнинг бу йилги Наврўз байрамини Лўғумбек боғида нишонланиши  қишлоқ аҳли қалбига умид ва қувонч олиб келди. Улар ўша машҳур аския кечалари, турли ош мусобақаларию, халқ сайилларини жуда соғинишганди.

Қишлоқдаги Маданият уйи олдида бошланган байрам дастурини маҳалла раислари "Андижон полкаси" билан бошлаб бердилар. Избоскан туманида 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг 15 тасини аёллар бошқаради.

Наврўз шодиёналари доирасида Лўғумбек боғида Избоскан тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 8 тонна сумалак тайёрланди. Оғирлиги 3,2 тонналик ўчоққа 7,7 тонналик қозон ўрнатилди. Сумалакни тайёрлаш учун 5,5 тонна буғдой, 4,5 тонна ун, 2,5 минг литр пахта ёғи, 7 минг литр сув, 200 килограмм тош солинди.

Рекорд даражадаги сумалак тайёрлашда тумандаги "Юқори" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойсуда опа Ибрагимова ҳам фаол иштирок этди.

- Сумалак пиширишда тажрибали, 20 нафар фаол аёлларга туманимиз бош отинойиси бош-қош бўлди, - дейди Ойсуда опа биз билан суҳбатда. - Ёши улуғ онахонлар маслаҳати, кўмаги, кўпчилик дуоси билан сумалакни эсон-омон пишириб олдик. Таом айнан байрам куни тушга яқин тайёр бўлиб, аҳоли ва меҳмонларга иссиғида тортиқ этилди.

Эътиборлиси, Избосканнинг мегасумалагидан ким қанча истаса, шунча тановул қилди, уйларига олиб кетди. қолаверса, бу таом кам таъминланган, уйида бемор бўлиб ётган инсонларга, шифохоналарга тарқатилди.

Сумалак сайлида 25 минг нафардан зиёд киши иштирок этди, 7 та саҳна тикилиб, меҳмонлар учун хизмат қилди, 90 дан зиёд сўрилар безатилиб, турли ноз-неъматлар билан тўлдирилди. Палов тайёрлаш, миллий ўйинлар мусобақалари ўтказилди.

Наврўз тантаналарига  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Россия Федерацияларидан меҳмонлар ташриф буюришди. Вилоятимиз туманларидан, қолаверса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидан меҳмонлар келишди.

Концерт дастури давомида рақс тушиб чарчамаган Ойсуда опанинг кайфияти чоғ, руҳи кўтаринки эди. "Чарчамадингизми?" деб берган саволимизга "ўйинга тушсам чарчамайман, аксинча, қоним юришади, ўзимни  соғлом ва тетик ҳис этаман, кайфиятим кўтарилади", деб жавоб берди.

- Келин бўлиб тушганимга 35 йилдан ошди. Шаҳарда ўсганлигим учун мени "Бу қиз қишлоққа кўниколмайди", деб гапиришган. Аммо, ҳозир қизлик уйимга бориб, бир кун ётолмайман. қишлоғим мен учун жондай азиз, Ватан ичра - Ватан. Маҳаллам - жон томирим. Лўғумбекнинг бир бўлаги эканлигимдан фахрланаман. Инсон ҳаракатда бўлса ҳеч қачон мақсадига эришмай қўймайди. Мақсадларимга эришдим, бахтлиман, Оллоҳ яна қанча умр берса, шунча вақт қишлоғим, маҳалла-кўйим орасида бўламан! - дейди у.

Шу куни кечгача Лўғумбекда қолиб кетдик. Сумалак яладик, Ойсуда опага қўшилиб   рақсга тушдик, моҳир ошпазлар санъати-паловхонтўрадан баҳраманд бўлдик. Оқшом шаҳарга қайтдик. Бу - мен кўрган ва нишонлаган Наврўзларнинг энг зўри эди.

Муаззам СОБИРЖОН қизи